ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10558 Центр “Маънавият ва маърифат” 27/11/2019 12/12/2019 11

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА МИЛЛИЙ ҒОЯНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ
ID-10558

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА

МИЛЛИЙ ҒОЯНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

КОНЦЕПЦИЯСИ

 

 Муқаддима

Жаҳон геосиёсий майдонидаги ўзгаришлар, глобаллашув жараёнларининг қучайиши ҳамда замонавий ахборот технологияларининг жадал ривожланиши ер юзидаги давлатлар тарихида кескин бурилиш ясади. Инсоният мутлақо ўзгача муҳит, янгича талаб ва илгарилари кузатилмаган хавф-хатар ҳамда таҳдидлар қучайган бир шароитда яшашига тўғри қелмоқда.

Дунё миқиёсида шиддат билан қечаётган бундай жараёнлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига, жумладан, маънавий-маърифий соҳаларга ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда.

Шунингдеқ, сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақа ва давлатларида содир бўлаётган аянчли воқеалар таҳлили оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, жумладан, интернет тизими, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар кўп ҳолларда айрим бузғунчи кучлар қўлида турли сохта, зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай ва тезкор воситасига айланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Бу каби таҳдидлар миллий ва умуминсоний қадриятлар емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатлар илдиз отишига, одамзотнинг ўз тарихий, диний, миллий-маънавий илдизларидан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда ва жаҳондаги кўплаб давлатларда умумий тенденцияга айланиб бормоқда.

Бундай мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Зеро, ўзгариб бораётган дунё манзараси ва унинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, вужудга қелаётган сиёсий воқелик ва ўзгаришларни миллий ва умуминсоний манфаатлар асосида таҳлил этиш, мавжуд таҳдид ва хавф-хатарлар келиб чиқиш сабабларини идрок этган ҳолда уларга қарши курашда бутун жамиятни сафарбар этиш мамлакат келажаги ва барқарор тараққиётининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Жамиятни сафарбар этувчи куч сифатида эса бу жараёнда азалдан халқнинг маънавий-руҳий таянчи бўлган миллий ғоя муҳим ўрин тутган.

I.Миллий ғоя ҳақида умумий тушунча

Миллий ғоя барча замонларда ҳам долзарб аҳамият касб этадиган, миллати, тили ва динидан қатъий назар, жамият аъзоларининг эзгу орзу-интилишлари, туб манфаатларини ўзида акс эттирадиган ва шу йўлда бирлаштирадиган, сафарбар этадиган, муттасил ривожланиб борадиган энг муҳим тушунча ва тамойиллар тизимидир.

Миллий ғоя соғлом фикрлайдиган ҳар бир шахс ва фуқарода миллий ғурур-ифтихор, ор-номусни уйғотадиган, ўзликни англатадиган, халқнинг мақсади ва орзу умидлари рўёбга чиқишига куч-қудрат берадиган, миллатни ҳаракатга келтирадиган қудратли омилдир.

Миллий ғояни Ватан туйғусидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам муайян бир мамлакатда яшаётган халқнинг тақдири ва келажаги шу давлат ва жамият ривожига боғлиқ эканини чуқур англатиш, бу туйғуни уларда амалий ҳаракатга, ҳаёт тарзига айлантириш миллий ғоянинг энг муҳим хусусиятидир.

Жаҳон тарихида халқларнинг юксалиши уларнинг маънавий, ғоявий бирлашувидан бошланган. Улар айнан миллий ғоя асосида мураккаб синовлардан муваффақиятли ўтган. Миллий ғоя уларни Ватанга бўлган садоқати, маънавияти ва маданиятини юксалтириб, буюк мақсадлар сари сафарбар этган.

Ривожланган демократик мамлакатларда миллий ғоя тараққиётга ундовчи қуч сифатида халқларнинг азалий миллий қадрият ва хусусиятларига боғлаб сингдирилган. Унинг қудратли мафқуравий таъсири мамлакат аҳолисини умумий мақсадлар йўлида бирлаштирган.

Шу боис ҳам, Ўзбеқистон тараққиётининг бугунги янги босқичида кўп миллатли халқимизнинг ягона миллий ғояси дунё ижобий тажрибасининг нафақат маънавий-маърифий, тарбиявий-ахлоқий жиҳатларини, балки ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги, жумладан шахснинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва инсон капиталини ривожлантириш билан боғлиқ муҳим ютуқларини ҳам ўзида мужассам этади.

Миллий ғоя Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, илмий ва фалсафий манбаларидан озиқланади ҳамда бугунги кунда шиддат билан ривожланаётган дунёга мос равишда ўсиб, такомиллашиб боради.

Халқнинг буюк мутафаккир ва алломалари, давлат ва жамоат арбоблари, атоқли ижодқор ва зиёлиларининг қарашлари, бой маънавий-маърифий мероси миллий ғоянинг ана шундай негизларини ташкил этади.

Ўз навбатида миллий ғоя халқнинг дунёқараши, тарихий ўзлиги ва миллий тарбиясининг маънавий манбаи сифатида ёш авлод онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб боради.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий истиқлол ғоясининг ишлаб чиқилиши Ўзбекистонда мустақилликни асраш, мамлакат хавфсизлигини сақлаш, мафкуравий таҳдидларга қарши курашда халқни бирлаштиришга хизмат қилди.

Юрт тинчлиги, Ватан равнақи, Халқ фаровонлиги каби тамойиллар мураккаб ўтиш даврида мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлиқ муҳитини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий асосларини яратишда миллий ғоя бунёдкор манба бўлиб ҳизмат қилди. Шу тариқа халқимиз миллий тикланиш давридаги вазифаларни амалга оширишга эришди.

II.Ўзбеқистон тараққиётининг янги босқичи

Бугун халқимиз, Ватанимиз интилаётган миллий тараққиётнинг янги босқичига хос асосий хусусиятлар, мақсад ва вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси ва бошқа муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳужжатларда аниқ белгилаб берилди. Уларда жаҳондаги, Марказий Осиё минтақасидаги вазият, ривожланиш тенденциялари, истиқболдаги тараққиёт йўллари чуқур таҳлил этилган.

Ўзбекистонда айни шу асосда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада либераллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани ҳақидаги Конституциявий тамойил асосида халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Мамлакатни инновацион ривожлантириш, одамларда фаол фуқаролиқ позицияси ва ташаббускорликни кучайтириш, мустақил дунёқараш ва фикрлаш кўникмасини шакллантириш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш, хуқуқий-демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш бўйича муҳим вазифалар амалга оширилди.

Жамият ҳаётининг барча бўғинларида халқ билан мулоқотнинг турли шакл ва воситалари, жумладан, Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхоналар, Бош вазир қабулхонаси, масъул ва мутасадди раҳбарларнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги ҳисоботлари, сайёр қабуллар, ижтимоий муаммоларни, одамларнинг яшаш шароитларини бевосита жойларга чиқиб ўрганиш каби усуллар кенг қўлланаётгани миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш орқали миллий ғоя тамойилларини такомиллаштиришга, пировард натижада аҳоли манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, бозор муносабатларига тўлиқ ўтиш, хусусий мулк, хусусий тадбиркорлик эркинлигига янада кенг йўл очиш, барча соҳаларда давлат-хусусий шериклик муносабатларини фаол қўллашга алоҳида эътибор берилмоқда. Ер ости ва ер усти бойликларидан, инсон ресурсларидан тўла фойдаланиш учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичида фуқаролар қалби ва онгидаги янги сифат ўзгаришлари ҳаёт даражасининг юқсалиши билан уйғун ҳолда кечмоқда.

Ўзбекистон фуқароларининг хуқуқ ва манфаатларини улар дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, давлат томонидан ишончли ҳимоя қилиш реалликка айланиб бораётгани, бу борада барча зарур механизмлар ишга солинаётгани жамият аъзоларининг ўз халқи ва Ватанидан фахрланиш туйғусини, давлатнинг адолат ва қонуний ҳуқуқлар кафолати сифатидаги салоҳиятига бўлган ишончини оширмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси асосида кечаётган шиддатли ислоҳотлар халқнинг келажакка ишончини мустаҳкамлаш, уни бунёдкорлик ишларига сафарбар қилиш, жамиятда учраётган иллатлар, хусусан, лоқайдлик, боқимандалик ва коррупция каби ҳолатларга қарши фаол курашишга даъват этмоқда.

“Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”. “Инсон манфаатлари хамма нарсадан улуғ”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. “Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, “Адолат–қонун устуворлигида”, “Маънавият бўлмаган жойда хеч қачон адолат бўлмайди!”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш–одамийликнинг энг олий мезонидир” сингари тамойиллар ҳаётга жорий қилинмоқда. Бу эса миллий ғоянинг халқ иродаси сифатидаги мақомини оширишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган, жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгида эртанги кунга мустаҳқам ишонч уйғотмоқда.

III.Ўзбекистоннинг миллий ғояси

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида миллий ғояни ривожлантириш кун тартибидаги долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнларининг салбий оқибатлари, янги мафкуравий хавф ва таҳдидлар кўламининг кенгайиб бораётгани мазқур масаланинг аҳамиятини янада оширмоқда. Бу жараёнда қуйидагиларга алоҳида аҳамият бериш талаб этилмоқда:

биринчидан, мамлакатимизни бугунги тез тараққий этиб бораётган дунёга мос равишда ривожлантириш, жамият аъзоларини миллий юксалиш йўлида янада бирлаштириш ва сафарбар этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш;

иккинчидан, мамлакат тинчлиги, халқнинг асрлар давомида шаклланган маънавий қадриятларига асосланган ҳаёт тарзини барбод қилишга йўналтирилган ғоявий-мафкуравий тахдидларга қарши курашда синовдан ўтган миллий ва жаҳон тажрибасининг самарали усулларидан кенг фойдаланиш;

учинчидан, дунёда юз бераётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнлар, турли ахборот хуружлари мазмун-моҳиятини англаш, халқаро терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик ва одам савдоси, наркобизнес, “оммавий маданият” каби турли хавф ва таҳдидларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш ва уларни умуммиллий ҳаракат даражасига олиб чиқиш;

тўртинчидан, дунёвийлик ва динийликнинг соғлом мувозанатини таъминлаш, инсоф, виждон, диёнат каби ахлоқий қадриятларга таяниб яшаш ва фаолият юритишни фуқароларнинг дунёқараши ва хатти-ҳаракатига сингдириш;

бешинчидан, Ўзбекистон кўп миллатли бағрикенг диёр эканини инобатга олган ҳолда, “Миллий ғоя–бизнинг ғоя” деган тушунчани барча миллат ва элат вакиллари ўртасида кенг тарғиб этиш;

олтинчидан, ватанпарварлик туйғусини қучайтириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш;

еттинчидан, инсон капиталини ривожлантириш, таълим ва тарбияни миллий ғоя қадриятлари даражасига кўтариш, таълим олишга бўлган интилишни рағбатлантиришнинг самарали механизмларини жорий этиш.

IV.Бош ғоя

Миллий ғоя инсон, халқ ва жамият ҳаётига чуқур кириб борадиган таъсирчан омил сифатида жамиятнинг бош мақсадини ифода этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида миллий тикланишдан–миллий юксалиш сари деган улуғ мақсад бош ғоя сифатида майдонга чиқмоқда.

Миллий юксалиш ғоясининг асосий вазифалари:

  • Ўзбекистонни 2030 йилгача дунёдаги 50 та ривожланган демократик давлатлар қаторига киришига эришиш;

- ҳаёт сифатининг юқори даражасини таъминлашга қодир иқтисодий механизмларни жорий этиш орқали одамларнинг ҳаёт даражасини тубдан оширишга эришиш;

  • халқ манфаатлари ва адолат тамойиллари устунлигини таъминлашда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғояга қатъий амал қилиш;

-жамиятда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликнинг ғоявий асосларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг тили, дини, миллий урф-одат ва қадриятларини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

  • хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, оналик ва болаликни, оилани, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш;

  • буюк алломалар, азиз-авлиёлар бебаҳо меросини, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, енгилмас саркардалар, замондошларимиз жасоратини ёшларга етказиш, уларнинг қалбида ватанга садоқат, миллий ғypyp ва ифтихор туйғуларини қучайтириш;

- халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган, миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас бойлиги бўлган ўзбек тилини ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш;

  • янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, юқори малакали, ҳалол ва садоқатли кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратиш;

  • таълим-тарбия жараёнларини тараққиётнинг бош омили даражасига қўтариш, узлуксиз таълим-тарбия тизимини миллий ғояга мувофиқ такомиллаштириб бориш, тарбиянинг таълим стандартларини яратиш;

  • таълим тизимининг барча бўғинларида юксак салоҳиятли, янгича ва мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга қодир ёшларни тарбиялаш, бу борада инновацион ёндашувни кенг жорий этиш;

  • хорижда яшаб таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошлар билан мунтазам алоқа ўрнатиш, уларнинг ўз билим ва тажрибаси, ақл- заковатини Ўзбекистон равнақи йулида ишлатиши учун зарур шарт- шароитлар яратиш;

- Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори ва нуфузини ошириш.

V.Миллий юксалиш ғоясининг асосий тушунчалари

Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари деган улуғ мақсад давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини комплекс ривожлантиришни назарда тутади. Миллий ғоянинг асосий тушунча ва тамойиллари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бош ғоясидан келиб чиқади ва уни тўлдириб, бойитиб боради ҳамда халқимиз қалби ва онгига янада чуқур сингдиришга хизмат қилади.

  1. Ягона Ватан туйғуси

Инсон қаерда яшамасин, ягона Ватан туйғуси уни ўз муқаддас замини билан боғлаб туради. Маънавий баркамол инсон доимо юртининг бугунги ва эртанги тараққиёти ҳақида ўйлайди, унинг олдидаги фарзандлик бурчини адо этишга интилади.

Шу боис ҳам Ўзбекистонликларнинг билим ва тажрибаси, ақл-заковати, истеъдодини Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, уларнинг орзу умидлари рўёби саналган миллий ғояни амалга ошириш йўлидаги интилишларни умуммиллий ҳаракатга айлантириш долзарб вазифа саналади.

Бу жараёнда Ватан равнақининг муҳим манбаи бўлган миллатлараро тотувлик ва динлараро багрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш асосида мамлакатдаги 130 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш муҳим ўрин тутади.

  1. Адолат - қонун устуворлигида

Барча соҳада адолат ва қонун устувор бўлсагина жамиятда том маънодаги эркинлик ҳамда демократия, юксак маънавият, соғлом турмуш тарзи қарор топади. Шу боис, улуғ аждодларимиз адолатли давлат ва жамият қуришни орзу қилиб, унинг ҳуқуқий ва илмий-фалсафий асосларига доир таълимотлар яратган.

Жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояга қатъий амал қилиб, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мулоқотлар орқали оддий фуқароларда давлатга, унинг идораларига бўлган ишонч мустаҳкамланади, улар ўзларининг давлат ва жамият бошқарувида иштирок этаётганини, хуқуқий-демократик давлатда яшаётганлигини чуқур ҳис этиб, улкан бунёдкор кучга айланади.

  1. Халқ розилиги

Инсон қадр-қимматини кўтариш, унинг ўз ҳаёти ва тақдирининг ҳақиқий эгаси деб  ҳис этиши, моддий ва маънавий жиҳатдан тўкис яшаши учун барча зарур шароитларни яратиш, халқнинг розилигига эришиш миллий ғоянинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Юртимизда қабул қилинаётган қўплаб ижтимоий дастурлардан кўзда тутилган мақсад ҳам шунда.

Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар тараққиёти, бир сўз билан айтганда, миллий юксалиш даражаси аввало халқимизнинг ўз бунёдкорлик салоҳияти, орзу-умидларини руёбга чиқариш учун яратиб бериладиган шарт-шароит ва имкониятларга боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган халқчил ва инсонпарвар сиёсат бу борада олдимизда турган yлyғвop вазифаларни амалга оширишда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

  1. Жаҳолатга қарши маърифат

Жаҳолат нафақат диний шақлда, балки дунёвий, даҳрийлиқ кўринишида ҳам намоён бўлади. Миллий ғоя бундай жаҳолат кўринишларига қарши маърифат асосида кураш олиб боради, маънавият ва маърифат масаласини Ўзбекистонлик барча соғлом фикрли, масъулиятли кишиларнинг виждон ишига айланишига даъват этади.

Бунда аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга баҳдам бериш мақсадида қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюция асос бўлиб хизмат қилади.

Таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омили ҳисобланади. Шу боис инсон маънавий олами, халқимиз маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бу борада миллий ғоя юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросига, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятига, жаҳон илм-фани ютуқлари ва умумбашарий тараққиёт тажрибаларига асосланади.

 

5. Инновацион тараққиёт

Ўзбекистон – улкан табиий заҳиралар, иқтисодий ва инсоний салоҳиятга бой мамлакат. Шунинг учун миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари боришда иқтисодиётни, бутун мамлакатни инновацион асосда ривожлантириш муҳим роль уйнайди.

Бугунги кунда дунёда инновацион ғоясиз, илм-фан ютуқларисиз бирор-бир соҳа ривожини тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги – бу халқнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятидир.

Ўрта асрлар оралиғида юртимиз худудидан етишиб чиққан улуғ аллома ва мутафаккирлар жаҳон илм-фанига, бутун инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган.

Хусусан, IX-XII ва XIV-XV асрларда икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ Уйғониш даври –Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.

Шу боис ҳам, инновацион тараққиёт билан халқимизнинг анъанавий миллий турмуш тарзи ўртасида ўзига хос уйғунликни таъминлаш орқали Ўзбекистонга хос миллий тараққиёт моделини яратиш устувор вазифа ҳисобланади.

Миллий юксалиш ғояси халқимизнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариб, Ўзбекистоннинг янги тарихида учинчи ренессанс даврининг бошланишига хизмат қилади.

 

VI.Миллий юксалиш ғоясининг асосий тамойиллари

Миллий юқсалиш ғоясининг асосий тамойиллари унинг илмий жиҳатдан асослангани ва мунтазамлиги, очиқлик ва бағрикенглик, тарихийлик ва замонавийлик, универсаллик ва мослашувчанлик қаби хусусиятларга эга эқанлиги билан ифодаланади ва қуйидагиларда ўз аксини топади:

  • миллати, тили ва динидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг барча фуқаролари манфаатлари ва орзу-интилишларини акс эттириш;

  • миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш;

  • қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият даражасига кўтариш;

  • ошкоралик ва фикрлар хилма-хиллигига риоя этиш;

  • шахс, жамият ва давлат манфаатлари ҳамда масъулияти уйғунлигига эришиш;

  • фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган иқтисодий омиллар самарадорлигини ошириш;

  • миллий юксалиш ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш.

Умумий таклифлар

1162