ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10443 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 22/11/2019 07/12/2019 0

Муҳокама якунланди

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш тўғрисида
ID-10443

Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида” 2019 йил 16 февралдаги ЎРҚ–521-сон Қонунига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Давлат ресурсларига уруғчилик ва бошқа хўжаликлардан харид қилинадиган уруғлик дон учун навларга устама ҳақ ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик учун экилган майдонларида апробация ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Уруғлик донни қабул қилиш, тайёрлаш, дорилаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ;

Уруғлик пахтани қабул қилиш, сақлаш, дастлабки ишлаш, уруғлик чигитни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг сифат кўрсаткичларига бўлган амалдаги талаблар, уларни назорат услублари ва тартибини қайта ўрганиб чиқиб, тегишли нормаларга ўзгартиришлар киритиш бўйича аниқ таклифлар киритиш;

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалиги корхоналаридан қабул қилинадиган уруғлик пахта ва ғалла миқдори, сифати, селекцион навлари ва репродукциялари бўйича маълумотларнинг ҳаққонийлигини ҳамда уруғчилик хўжаликлари ўртасида танлов ўтказилишини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали ҳисобга олиш ҳамда ҳисобини юритиш ишларини ташкил этиш вазифалари юклатилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д.Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси ишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                     А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
20___ йил “___” _________даги ____-сон қарорига
1-илова

 

Суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида
низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун уруғлик етиштирувчи хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Туманда уруғлик пахта ва ғалла етиштириш майдони, уруғлик учун экиладиган навлари ва кутиладиган уруғлик ҳажмлари Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ҳудудий бошқармалари таклифларига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган режага кўра белгиланади.

3. Уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танловларни ҳаққоний ва ошкоралик, шаффофлик ҳамда адолат тамойили мезонлари асосида ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туманларда ишчи гуруҳлар тузилади (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳи деб аталади).

4. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармалари ишчи гуруҳи таркибини тасдиқлаш, танловни эълон қилиш ва танлов ўтказиладиган жойни белгилаш бўйича қарор чиқаради.

5. Ишчи гуруҳи таркибига Марказнинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи (ишчи гуруҳ раҳбари), туман қишлоқ хўжалиги  (Қувасой шаҳар) бўлими бошлиғи Ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари, туман (Қувасой шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бошлиғи, тижорат банклари, туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлими бошлиғи, уруғчилик кластери раҳбари, ҳудудий “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг туман (Қувасой шаҳар) филиали раҳбари, туман (Қувасой шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи, туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими агрономи ҳамда Марказ ходими киритилади.

Бунда Марказ ходими ишчи гуруҳи котиби ҳисобланади.

6. Ишчи гуруҳи уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликларга рухсат бериш бўйича танлов ўтказади.

Пахта уруғларини етиштириш бўйича ҳар йилнинг 15 январидан 15 февралигача, ғалла уруғларини етиштириш бўйича ҳар йилнинг 15 июлидан 15 августигача ҳужжатлар қабул қилинади ва ишчи гуруҳ томонидан 10 иш куни давомида танлов ўтказилади.

7. Ишчи гуруҳ аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда йиғилиш ўтказишга ҳақли ҳисобланади.

8. Уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун танлов ушбу низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.

9. Ишчи гуруҳ раиси танлов ўтказиш тўғрисидаги қарорни расмий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёки ўзининг расмий веб сайтларида эълон қилади ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари бошқаруви (маъмурияти) биноларида фуқаролар танишиш имкони қулай бўлган жойларга осиб қўйилишини таъминлайди.

Эълонда танловни ўтказиш вақти ва жойи, тақдим қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, танлов ўтказиш тартиби кўрсатилади.

10. Танловда фермер хўжаликлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва уларнинг филиаллари, илмий тажриба станциялари, шунингдек, асосий фаолияти турлича бўлган, лекин ўзига бириктирилган майдонларда пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланувчи қишлоқ хўжалик субъектлари иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Танлов иштирокчилари тақдим қиладиган ҳужжатларни Ишчи гуруҳининг расмий веб сайтларига электрон тарзда топширишлари мумкин.

Электрон тақдим қилинган ҳужжатлардаги камчиликлар Ишчи гуруҳининг котиби томонидан 3 иш кунида талабгорнинг тегишли электрон манзилига юборилади.

11. Уруғчиликни ривожлантириш маркази тизимидаги Пахта ва ғалланинг янги, истиқболли навларини дастлабки кўпайтирувчи ва районлашган навларнинг бирламчи уруғчилиги билан шуғулланувчи элита уруғчилик  хўжаликлари танловда иштирок этмасдан, суперэлита ва элита уруғлик пахта ҳамда ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлади.

12. Танлов ўтказилиши тўғрисида эълон қилинган кундан бошлаб 30 кун давомида ҳужжатлар қабул қилинади.

13. Танловда иштирок этиш учун ҳужжатларни қабул қилиш танлов эълон қилинган куннинг ўттизинчи куни соат 18-00 да тўхтатилади. Агар ўттизинчи кун дам олиш кунига тўғри келса, дам олиш кунидан кейинги биринчи иш куни соат 18-00 да ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилади.

14. Танлов иштирокчиларининг ҳужжатларини ишчи гуруҳининг котиби қабул қилади.

Ҳужжатларни расмийлаштириш, тикилган ҳамда бетлар сони кўрсатилган махсус дафтарга қайд этиб борилади.

15. Ишчи гуруҳининг котиби талабгорларга танловда юқори балл олиши учун имкон берадиган барча ҳолатларни тушунтириб, лозим бўлганда унинг ҳужжатларидаги камчиликларни ишчи тартибда бартараф этиш чораларини кўради.

Ишчи гуруҳи котиби танловда иштирок этиш кунигача талабгорнинг баҳоланадиган имкониятларини асослантирувчи ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим қилинишини, уларнинг тўғри расмийлаштирилишини таъминлашга кўмаклашади.

16. Танлов якунлари бўйича баённома ишчи гуруҳининг қарори билан расмийлаштирилади. Мазкур баённома нусхалари Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ва Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармаларига тақдим этилади.

17. Уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг амал қилиш муддати 1 йил.

2-боб. Танловда иштирок этиш учун талабгорларни танлаш тартиби

18. Танловда иштирок этиш учун талабгорларни танлашда уларнинг имкониятлари мазкур низомнинг 2-иловада келтирилган 10 ва 15 баллик рейтинг шкаласига асосан баҳоланади.

19. Ишчи гуруҳи уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун берилган ҳужжатларни тақдим этган талабгорларнинг ҳужжатлари асосида уларнинг таклифларини ўрганиб чиқади. Бунда талабгор томонидан ўз зиммасига олинган мажбуриятларнинг тўлиқлиги ва ҳақиқатга яқинлиги ҳамда уларни бажариш имкониятлари ҳисобга олинади.

20. Биринчи босқичда танловда иштирок этувчиларнинг ҳужжатлари тўлиқлиги ва мазмун жиҳатидан текширилгандан сўнг, иккинчи босқичда талабгорларнинг имкониятлари ҳаққонийлиги ўрганиб чиқилиб, рейтинг баллари қўйилади ва якуний қарор қабул қилинади.

21. Танловда иштирок этувчиларни танлашнинг иккинчи босқичи қуйидаги кўрсаткичлар асосида баҳоланади ва ҳар бир кўрсаткич бўйича маълумотномаларнинг асли ишчи гуруҳига тақдим этилади:

а) хўжаликлар ер майдонининг тупроқ унумдорлиги – туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими маълумотномасига асосан 4 баллдан 10 баллгача;

б) хўжаликларнинг (сувли ерларидаги) сув таъминоти – туман ирригация бўлими маълумотномасига асосан 0 баллдан 10 баллгача (лалми ерлар бундан мустасно);

в) сўнгги 3 йил ичида пахта ва ғалла майдонлари касалликларга чалинмаганлиги ва зараркунандалар билан зарарланмаганлиги, шунингдек, бегона ўтлар тарқалмаганлиги ҳудудий “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятларининг туман (шаҳар) филиали маълумотномасига асосан 0 баллдан 10 баллгача;

г) хўжалик раҳбарининг мутахассислиги ва маълумоти тўғрисидаги ҳужжатга асосан 4 баллдан 10 баллгача;

д) хўжалик раҳбарининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш стажи – меҳнат дафтарчасига асосан 2 баллдан 10 баллгача;

е) талабгорнинг банк ҳисоб варағида мажбуриятлардан холи бўлган пул маблағлари мавжудлиги – банк томонидан берилган маълумотнома (банк раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан тасдиқланган) асосида 0 баллдан 10 баллгача;

ж) хўжаликнинг қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминланганлик даражаси (техника воситалари техник паспортлари) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими маълумотномасига асосан 0 баллдан 10 баллгача баҳоланади.

Бунда:

техника воситаларини баҳолашда техник паспортда техника воситасининг созлигини тасдиқловчи белги мавжуд бўлган техника воситалари инобатга олинади;

техника воситаларини баҳолашда улар учун қўйилган баллар йиғиндиси 10 баллдан ошмаслиги лозим;

з) талабгор томонидан сўнгги 3 йил ичида пахта ва ғалла сотиш бўйича тузилган контрактация шартномаларининг бажарилганлиги – шартнома тузган корхонаси томонидан берилган маълумотнома асосида 0 баллдан 10 баллгача баҳоланади;

и) хўжаликнинг сўнгги 3 йил ичидаги пахта ва ғалла ҳосилдорлиги – шартнома тузган корхона томонидан берилган маълумотнома асосида 0 баллдан 15 баллгача баҳоланади. Бунда ишчи гуруҳига маълумотноманинг асли тақдим этилади.

22. Сувли ва лалми ерлар бўйича тўпланган баллар алоҳида ҳисобланади.

23. Ишчи гуруҳига тегишли ташкилотлар томонидан берилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмай қолган тақдирда маълумотни сохталаштириб берган ташкилот ва тасдиқлаган раҳбарга, шунингдек, танлов ўтказувчи ишчи гуруҳи томонидан ҳаққоний ва ошкоралик, шаффофлик ҳамда адолат тамойили мезонлари бузилганлик ҳолатлари аниқланганда талабгор танловда қатнашиш хуқуқидан махрум этилади.

24. Йиғилишда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан:

талабгорнинг ҳар бир кўрсаткичи бўйича тегишли баллар мазкур низомнинг  2-иловада назарда тутилган кўрсаткичлар асосида таҳлил қилинади ва тўпланган баллар йиғиндиси қўшилади;

қўйилган рейтинг балларига асосан танлов ғолиблари аниқланади.

25. Энг кўп балл тўплаган талабгорлар танлов ғолиблари деб эълон қилиниб, уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома тақдим этилади.

26. Ишчи гуруҳи якуний йиғилишининг баённомаси мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклда икки нусхада тузилиб, Ишчи гуруҳи раҳбари, аъзолари ва котиби томонидан имзоланади.

27. Ишчи гуруҳининг якуний йиғилиши баёни ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишлича Марказга юборилади.

28. Ишчи гуруҳи раҳбари ҳамда аъзолари танловнинг ҳаққоний ва ошкоралик, шаффофлик ҳамда адолат тамойили мезонлари асосида ўтказилишига, талабгорларнинг имкониятини белгиловчи балларни тўғри ва ҳаққоний қўйилиши ҳамда танловни белгиланган муддатларда якунлашга жавобгардир.

3-боб. Суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун талабгорларни танлаш ва танлов ўтказиш ишлари бўйича ҳужжатларни юритиш

29. Уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун талабгорларни танлаш ва танлов ўтказиш бўйича ҳужжатлар ишчи гуруҳ котиби томонидан юритилади.

30. Ишчи гуруҳнинг талабгорларни танлаш ва танлов ўтказиш билан боғлиқ барча ҳужжатлар алоҳида йиғма жилдларда сақланади. Мазкур ҳужжатлар уруғчилик хўжаликларининг барчаси рўйхатдан ўтказилгандан сўнг 7 иш куни мобайнида Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармаларига сақлаш учун топширилади.

31. Ҳар бир йиғма жилдда қуйидаги ҳужжатлар тикилиши лозим:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёки вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ишчи гуруҳи таркибини тасдиқлаш, танловни эълон қилиш ва танлов ўтказиладиган жойни белгилаш бўйича қарори нусхаси;

б) ишчи гуруҳининг танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонлари нусхаси;

в) танловда иштирок этувчи талабгорларни рўйхатга олиш учун тикилган ҳамда бетлар сони кўрсатилган махсус дафтар;

г) танловга талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар;

д) ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси томонидан тўлдирилган танлов варақалари;

е) танлов якуни бўйича қўйилган баллар ҳисоб-китоби;

ж) танлов ўтказиш якунлари бўйича ишчи гуруҳининг баённомасидан нусха;

з) талабгорларни танлаш ва танлов ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар.

Йиғма жилдга рейтинг балларини бериш учун асос бўлган барча ҳужжатлар тикилиши шарт.

32. Ишчи гуруҳининг фаолиятига доир ҳужжатларнинг тўлиқ юритилиши, сақланиши ва белгиланган муддатларда Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармаларига сақлаш учун топширилишига ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари ва котиби шахсан жавобгардир.

4-боб. Танлов ғолибларининг вазифа ва функциялари

33. Уруғлик пахта ва ғалла етиштириш ҳуқуқига эга бўлган танлов ғолибларининг асосий вазифа ва функциялари қуйидагилардан иборат бўлади:

а) асосий вазифалар:

контрактация шартномасига асосан навлар бўйича зарур миқдордаги, стандарт талабларига мос келувчи нав уруғларининг авлодларини ҳисобга олган ҳолда етиштириш;

уруғлик етиштирувчи хўжаликларда фақат бир авлодга мансуб бўлган битта нав экилишини таъминлаш;

кўпайтирилаётган навнинг қимматли хўжалик, технологик хусусиятларини сақлаб қолиш;

юқори сифатли ва нав софлигига эга бўлган авлодли уруғларни етиштириш;

авлодли уруғликларни етиштириш тартиби ва қоидаларига амал қилиш;

нав муаллифлари ва нав оригинаторлари томонидан ишлаб чиқилган илмий асосланган тавсиялар асосида агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва меъёрларда сифатли ўтказилишини таъминлаш;

б) асосий функциялар:

уруғлик майдонлари юқори унумдор, механизмлар ёрдамида ишлов беришга қулай, сув билан яхши таъминланган, шўрланмаган ва текис далаларда жойлаштиради;

алмашлаб экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш режа-жадвалини тузади ва амалга оширади;

хўжаликда уруғчилик бўйича агроном ёки агрономнинг бўлишини таъминлайди (хўжалик раҳбарининг мутахассислиги ва маълумоти тўғрисидаги ҳужжатга асосан уруғчилик бўйича агроном ёки агроном бўлган ҳоллар бундан мустасно);

фойдаланишга рухсат этилган кимёвий препаратлар билан қайта ишланган (зарарсизлантирилган) уруғликни экади (махсус элита уруғчилик хўжаликлари бундан мустасно);

уруғлик экилган майдонларни бегона нав ўсимликларидан тозалашга;

касал келтирувчи бегона экинларни уруғлик майдонлари атрофига экилмасликни ҳамда бошқа навлар билан чатишишга йўл қўймасликни таъминлайди;

уруғлик пахта экилган майдонларда уруғлик пахта тўлиқ йиғиштириб олингандан сўнг ғўза дефолиацияси ўтказишни таъминлайди;

уруғлик пахта майдонларда ғўзанинг ҳар тупида ўрта толали навларда 3-8-ҳосил шоҳларининг 1-2 ўринлардан, ингичка толали  навларда 3-13-ҳосил шоҳларининг тўлиқ пишиб очилган кўсаклардан қўл билан терилиши ҳамда машиналар билан терилганда эса 60-65 % кўсаклар очилган уруғлик даладан терилишига масъулдир;

ғалла ўрим йиғими даврида уруғлик дон ўриш учун ажратилган комбайнларда ўрилиши ва уруғлик дон ташиш учун ажратилган автомашина билан ташилишини таъминлайди;

йиғиштириб олинган пахта ва ғалла уруғлигини ҳар бир экин тури ва авлодлари бўйича ишлаб чиқилган давлат стандартлари талабида уруғлик қабул қилувчи корхоналарга топширади.

34. Танлов ғолиблари мазкур низомда белгиланган талаблар ва агротехника қоидаларини мунтазам равишда бузган ҳолларда етиштирилган уруғлик пахта ва ғалла майдонлари апробация комиссияси томонидан яроқсизга чиқарилиб, ўрнатилган тартибда уруғлик етиштириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Хўжаликда битта ғўза навининг иккита авлоди экилган тақдирда устама тўланишидаги фарқларни инобатга олган ҳолда пастки авлодига расмийлаштирилади.

Уруғлик пахта майдонларида илмий асосланган тавсияларга амал қилган ҳолда кўчат қалинлигини таъминлаш лозим, шу жумладан, қўшқатор усулида уруғлик етиштиришга йўл қўйилмайди. Мазкур талаблар амал қилмаган ҳолларда хўжалик уруғлик етиштириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

5-боб. Якуний қоидалар

35. Мазкур Низом қоидаларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.

36. Ушбу низомда тартибга солинмаган масалалар ишчи гуруҳи томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.

Суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун уруғлик етиштирувчи хўжаликлар ўртасида
танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низомга
2-илова

Танловда иштирок этиш учун қатнашувчиларни танлашда даъвогарларнинг имкониятларини баҳолайдиган
РЕЙТИНГ БАЛЛАРИ

Т/р

Баҳоланадиган имкониятлар
(ҳолатлар)

Рейтинг
кўрсаткичлари

Рейтинг
баллар

Асослаш учун тақдим
этилган ҳужжат(лар)

1.

Тупроқ унумдорлиги

(бонитет балл)

60 балл

ва ундан юқори

10 балл

Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими маълумотномаси

50 баллдан

60 баллгача

8 балл

40 балдан

50 баллгача

4 балл

2.

Оқар сув таъминоти

яхши

10 балл

Туман ирригация бўлими маълумотномаси

ўртача

5 балл

ёмон

0 балл

3.

Сўнгги 3 йил ичида ғўза ва ғалла майдонлари касалликларга чалинмаганлиги ва зараркунандалар билан зарарланмаганлиги, шунингдек уларда бегона ўтлар тарқалмаганлиги

сўнгги 3 йилда кузатилмаган

10 балл

«Агрокимёҳимоя» ҳудудий акциядорлик жамиятларининг туман (шаҳар) филиали маълумотномаси

сўнгги 2 йилда кузатилмаган

5 балл

сўнгги 1 йил давомида кузатилмаган

0 балл

5.

Хўжалик раҳбарининг мутахассислиги ва маълумоти

Олий маълумотли аграном

10 балл

Маълумоти тўғрисидаги ҳужжат

Қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган бошқа олий маълумотли мутахассис

8 балл

Ўрта махсус агроном

6 балл

Ўрта махсус маълумотли мутахассис

4 балл

Махсус маълумоти бўлмаган

0 балл

6.

Хўжалик раҳбарининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш стажи

15 йил

ва ундан юқори

10 балл

Меҳнат дафтарчаси

10 йилдан

15 йилгача

8 балл

5 йилдан

10 йилгача

6 балл

3 йилдан

5 йилгача

4 балл

1 йилдан

3 йилгача

2 балл

7.

Хўжаликнинг мажбуриятлардан ҳоли бўлган банк ҳисобварағида мавжуд пул маблағлари

энг кам иш ҳақининг

1000 баробари

ва ундан юқори миқдорда

10 балл

Банк томонидан берилган маълумотнома

энг кам иш ҳақининг

800 баробаридан 1000 баробаригача миқдорда

8 балл

энг кам иш ҳақининг

500 баробаридан

800 баробаригача миқдорда

6 балл

энг кам иш ҳақининг

200 баробаридан 500 баробаригача миқдорда

4 балл

энг кам иш ҳақининг

100 баробаридан 200 баробаригача миқдорда

2 балл

энг кам иш ҳақининг

100 баробаридан кам бўлса

0 балл

8.

Даъвогарнинг техника воситалари билан таъминланганлиги

ҳайдов трактори

2 балл

Агросаноат мажмуи ва устидан назорат қилиш худудий инспекцияси туман бўлимининг маълумотномаси

чопиқ трактори (кулътиватор билан)

4 балл

чопиқ трактори (ОВХ-600) (2 та тиркама билан)

2 балл

ер текислагич — грейдер, чизел(мола, борона комплектда), пушта олгич

1 балл

чигит экиш сеялкаси

1 балл

9.

Сўнгги 3 йил ичида пахта ва ғалла хом ашёси етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларининг бажарилганлиги

сўнгги 3 йил

ичида бажарган

10 балл

Шартнома тузган Корхона томонидан берилган маълумотнома

сўнгги 2 йил

ичида бажарган

5 балл

сўнгги 1 йил

ичида бажарган

2 балл

10.

Сўнгги 3 йил ичидаги пахта ҳосилдорлиги уртача курсаткичи

40 центнер

ва ундан юқори

15 балл

Шартнома тузган Корхона томонидан берилган маълумотнома

35 центнердан

40 центнергача

10 балл

30 центнердан

35 центнергача

8 балл

25 центнердан

30 центнергача

6 балл

25 центнер

ва ундан кам

4 балл

11

Сўнгги 3 йил ичидаги ғалла ҳосилдорлиги уртача курсаткичи

60 центнер

ва ундан юқори

15 балл

Шартнома тузган Корхона томонидан берилган маълумотнома

50 центнердан

60 центнергача

10 балл

40 центнердан

50 центнергача

5 балл

Вазирлар Маҳкамасининг

20___ йил “___” _________даги ____-сон қарорига

2-илова

 

Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоида

1. Мазкур Низом уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш тартибини белгилайди.

2-боб. Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда республикада охирги 3 йилда уруғлик чигитнинг ҳақиқатдаги сарфидан ҳамда келгуси йил пахта хом ашёсини етиштиришнинг прогноз ҳажмларидан келиб чиқиб, етиштириладиган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва заҳира фондлари миқдорини аниқлайди ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмасдан Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

3. Уруғлик пахта хом ашёси экиладиган майдон миқдори пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ва ғўза навлари бўйича жойлаштириш тўғрисида тегишли қарорга мувофиқ белгиланади.

3-боб. Уруғлик пахта хом ашёсини етиштириш учун шартномалар тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби

4. Уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва заҳира фондини етиштирувчи хўжаликлар Суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун уруғлик етиштирувчи хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ танлов асосида аниқланади.

5. Танлов асосида аниқланган уруғлик пахта хом ашёси етиштирувчи хўжаликлар билан пахта тозалаш корхоналари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлари ҳамда уруғчилик кластерлари (кейинги ўринларда уруғлик чигит тайёрлаш корхоналари деб аталади) ўртасида амалдаги қонунчиликка асосан уруғлик пахта хом ашёси етиштириб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилади ва ушбу шартномада етиштириладиган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва заҳира фонди, уруғлик пахта хом ашёсининг селекцион нави, авлоди ва миқдори ҳамда пахта уруғчилигига оид бошқа шартнома шартлари кўрсатилади.

6. Элита уруғчилик хўжаликларида юқори репродуктив (оригинал, суперэлита ва элита) уруғликларни етиштириш нав оригинаторлари ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ўртасида тузиладиган шартномалар ишлаб чиқарувчиларининг таклифига кўра амалга оширилади.

7. Уруғлик пахта хом ашёсига амалдаги қонунчиликка асосан етиштирилган уруғлик пахтадан тайёрланган уруғлик чигит Ўзбекистон Давлат стандарти (O’zDSt663:2017“Уруғлик чигит. Техникавий шартлар”) талабларига мос бўлганда, пахта хом ашёси қийматига нисбатан супер элита учун 150 фоиз, элита учун 100 фоиз, I-авлод (R1) учун 75 фоиз, II-авлод (R2) учун 50 фоиз ва III-авлод (R3) учун 25 фоиз миқдорида устамалар ҳисобланади.

8. Устамалар харажати тайёрланган уруғлик чигит нархига киритилади.

9. Устамалар етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсининг миқдорига ҳисобланади ва қуйидаги тартибда икки босқичда ҳисоб-китоб амалга оширилади:

а) биринчи босқичда –топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёсини уруғлик чигит тайёрлаш корхонасига топширган вақтда;

б) иккинчи босқичда – топширилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган ва сифати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан сертификатланган уруғлик чигит учун бевосита уруғлик етиштирувчи хўжаликларга ва нав оригинаторлари бўлган илмий муассасаларга ҳамда уруғни тайёрлашда иштирок этган бошқа субъектларга ҳисобланган устаманинг қолган қисми – 100 фоиз деб ҳисобланиб, 10 фоизи уруғчиликни ташкил этишда иштирок этувчи уруғлик чигит тайёрлаш корхоналари ихтиёрида қолдирилади, 40 фоизи уруғлик пахта хом ашёсини етиштирувчи хўжаликларнинг ҳисобварағига ва қолган 50 фоизи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”нинг ҳисобварағига ўтказилади. Бунда биринчи босқичда ҳисобланган устамалар билан иккинчи босқичда ҳисобланган устамалар ўртасида тафовутлар келиб чиққанда, уруғчилик хўжаликларига биринчи босқичда тўланган устама маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Уруғчиликни ривожлантириш маркази ҳисобварағига ўтказилган устамалар қуйидагича тақсимланади:

“Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳамда элита уруғчилиги лабораторияларига – 20 фоиз;

нав оргинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектларга 30 фоиз.

Етиштирилган уруғлик пахта учун ҳисобланадиган устамаларнинг ҳисоби ва ҳисоботи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” томонидан келишилган ҳисобот шакллари асосида тайёрланади ва тасдиқланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалигини давлат томондан қўллаб-қувватлаш жамғармаси”га тақдим этади.

10. Ўтказиладиган маблағнинг нав оригинаторлари, институтлар, селекционер олимларга тегишли қисми тақсимотида уларнинг тайёрланган пахта уруғлигидаги улуши эътиборга олинади.

11. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер олимлар ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектларга устама маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган йиллик харажатлар сметасига (бизнес-режа) ҳамда тегишли ташкилотлар билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”нинг махсус ҳисобварағидан ўтказиб берилади.

12. Зарурий ҳолатларда уруғлик пахта хом ашёсининг заҳира фондидан тайёрланган уруғлик чигит экиш учун ишлатилиши мумкин. Бу ҳолатда устама ҳақ экилган уруғлик чигит миқдорига мос равишда аниқланган пахта хом ашёси ҳажмига ва бу уруғлик пахта хом ашёсини топширган уруғчилик хўжаликларига мутаносиб равишда ҳисобланади ва иккинчи босқичда ушбу низомнинг 8-бандига мувофиқ белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилади.

Бунда захира сифатида олинган уруғлик пахтанинг умумий хажми 100 фоиз деб ҳисобланиб, экиш учун сарфланган чигитга мос равишда аниқланган пахта хом ашёси ҳажми ушбу захира фонди учун уруғлик пахта топширган барча хўжаликларга мутаносиб тарзда тақсимланиши лозим.

Шунингдек, зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг рухсати билан қўшимча заҳира (брон) фондидан тайёрланган уруғлик чигит экиш учун ишлатилиши мумкин.

Бундай ҳолларда устама ҳақ экилган уруғлик чигит миқдорига мос равишда аниқланган пахта хом ашёси ҳажмига ва бу уруғлик пахта хом ашёсини топширган уруғчилик хўжаликларга мутаносиб равишда ҳисобланади ва III-авлод (R3) учун қўлланиладиган 25 фоиз миқдорида устамалар ҳисобланади ҳамда ушбу низомнинг 8-банди б-кичик бандига мувофиқ белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилади.

13. Уруғлик чигит тайёрлаш корхоналари қабул қилинган асосий фонддаги уруғлик пахта хом ашёсидан белгиланган миқдорда уруғлик чигитни дориланган асосий ва заҳира жамғармаси (рўйхат рақами, 80. 03.04.2014) тайёрланади ҳамда хўжаликларда экиш учун беришда қуйидаги тартибда ҳисоб-китоблар амалга оширилади:

асосий жамғармадаги уруғлик чигитнинг баҳоси умумий уруғлик чигит (асосий ва заҳирадаги уруғлик)ни тайёрлаш учун кетган барча харажатларни ҳисобга олиб аниқланади ва уруғчилик хўжаликларига ушбу баҳода сотилади;

заҳира жамғармасидаги уруғлик чигитнинг баҳоси асосий жамғармадаги уруғлик чигит уруғчилик хўжаликларига сотилган вақтдан кейинги даврдаги харажатларни ҳисобга олиб аниқланади ва зарурий ҳолатларда уруғчилик хўжаликларига шу баҳода сотилади.

4-боб. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа алоқадор субъектлар жавобгарлиги

14. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа алоқадор субъектлар:

Республиканинг турли тупроқ иқлим шароитларига мос ғўзанинг юқори ҳосилли, эртапишар, тола сифати рақобатбардош, жаҳон бозори талабларига тўлиқ жавоб берадиган касаллик ва зараркунандаларга, шўрга ва сувсизликка чидамли, технологик жиҳатдан мустаҳкам ва тола чиқими юқори, чигити мойдор, механизация ёрдамида экиш ва ҳосилни териб олишга мослашган ўрта ва ингичка толали ғўза навларини яратишга ва жорий этишга;

ғўза турли тупроқ иқлим шароитларида етиштиришга мос келадиган янги ва истиқболли навларининг бирламчи уруғларини етиштиришга ва кўпайтиришга;

яратилган ғўза навларининг жорий этиш майдони, бирламчи уруғларининг талаб даражасида етиштирилганлиги ва ушбу навларнинг иқтисодий самарадорлик натижасини таъминлашга масъулдирлар.

ғўзанинг мавжуд генетик ресурсларини ўрганиш, бойитиш, янгилаш, генетик келиб чиқиши бир хил ва узоқ ғўза турларини чатиштириш, ирсиятга турли услублар орқали таъсир этиш ҳамда ўзгарган шакллар олиш, генетик ресурслардан селекцияда кенг фойдаланиш йўли билан янги ғўза навларини яратиш ва ишлаб чиқаришга кенг жорий қилишга;

уруғлик чигит сифатларини ошириш услублари ҳамда ғўзанинг бирламчи уруғчилиги ва уруғшунослиги услубларини такомиллаштириш ҳамда янгиларини ишлаб чиқишга;

янги ғўза навларининг синовини турли минтақаларда жойлашган нав синаш шоҳобчаларида юқори агротехника шароитида олиб бориш, навларни ҳар томонлама объектив ва синчиклаб баҳолаш, ҳашарот ва зараркунандаларга чидамли истиқболли навларни ажратиб олишга;

кенг миқёсда ишлаб чиқаришда синаб кўриш, улардан энг юқори навдор ва ҳосилдор кўрсаткичга эга бўлганларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази томонидан юритиладиган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестри”га киритишга масъулдирлар.

15. Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази томонидан ишлаб чиқаришга тавсия қилинган ва жорий этилган янги ғўза навларининг агротехник тадбирлари тўғри бажарилганда кўзда тутилган самарага эришилишига ҳамда лабораториялар томонидан уруғликнинг стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи хулосаларнинг ҳаққонийлигига масъулдир.

5-боб. Томонларнинг жавобгарлиги ва назорат

16. Белгиланган миқдорда уруғлик пахта хом ашёсини етиштиришга ва уни қайта ишлаб сифатли уруғлик тайёрланишига низомнинг 8-банди “а” ва “б” кичик бандларида келтирилган барча манфаатдор идоралар ва корхоналар ҳамда масъул шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

17. Уруғлик чигит тайёрлаш корхоналарига топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисоб-китобларни тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилишини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси назорат қилади.

6-боб. Якуний қоида

18. Ушбу тартиб 2020 йил пахта ҳосилидан бошлаб татбиқ этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг

20___ йил “___” _________даги ____-сон қарорига

3-илова

 

Давлат ресурсларига уруғчилик ва бошқа хўжаликлардан харид қилинадиган уруғлик дон учун навларга устама ҳақ ажратиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат ресурсларига уруғчилик ва бошқа хўжаликлардан харид қилинадиган уруғлик дон учун навларга устама ҳақ ажратиш тартибини белгилайди.

2. Уруғлик дон етиштирувчи уруғчилик хўжаликлари ва бошқа хўжаликлардан давлат ресурсларига харид қилинадиган уруғлик дон учун амалдаги прейскурант харид нархларига нав устамалари белгиланади.

3. Етиштирилган бошоқли дон экинлари уруғларининг ҳажмини аниқлаш ва уларни харид қилиш, шунингдек, улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Уруғчилик ва бошқа хўжаликлардан давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон экинлари уруғларини дон корхоналарига, уруғчилик кластерларига кичик уруғчилик компанияларига ва бошқа уруғлик дон тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи субъектларга (кейинги  ўринларда уруғлик дон тайёрловчи корхоналар деб аталади) қабул қилиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Давлат ресурсларига уруғчилик ва бошқа хўжаликлардан харид қилинган уруғлик дон учун навларга устамалардан маблағ ажратиш

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан бошоқли дон экинлари уруғларининг давлат стандарти талабларига мос келиши ҳақида сертификат берилгандан сўнг, давлат ресурсларига уруғчилик ва бошқа хўжаликлардан харид қилинган уруғлик дон учун навларга ажратилган устамадан жамғарилган маблағларнинг 10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”нинг махсус ҳисоб варағига ўтказиб берилади.

Уруғлик дон учун навларга ҳисобланадиган устамаларнинг ҳисоби Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ва уруғлик дон тайёрловчи корхоналар ҳамда ғаллачилик кластерлари ўртасида тузилган шартномалар ва улар томонидан келишилган ҳисобот шакллари асосида тайёрланади ҳамда ҳисоб китоблар амалга оширилади.

Уруғчилик хўжаликларида юқори репродуктив (оригинал, суперэлита, элита ва кейинги авлодли) уруғликларни етиштириш нав оригинаторлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида тузиладиган шартномалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”нинг махсус ҳисоб варағига тушган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган йиллик харажатлар сметасига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”, унинг ҳудудий бошқармалари ва элита уруғчилиги лабораторияларини сақлаш, иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланади.

3-боб. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа алоқадор субъектлар жавобгарлиги

7. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа алоқадор субъектлар:

республиканинг турли тупроқ иқлим шароитларига мос ғалланинг юқори ҳосилли, эртапишар, жаҳон бозори талабларига тўлиқ жавоб берадиган касаллик ва зараркунандаларга, шўрга ва сувсизликка чидамли ғалла навларини яратишга ва жорий этишга;

ғалланинг турли тупроқ иқлим шароитига мос келадиган янги ва истиқболли навларининг бирламчи уруғларини етиштиришга ва кўпайтиришга;

яратилган ғалла навларининг жорий этиш майдони, бирламчи уруғларининг талаб даражасида етиштирилганлиги ва ушбу навларнинг иқтисодий самарадорлик натижасига;

нав оригинаторлари томонидан яратилган янги ғалла навларининг синовини турли минтақаларда жойлашган нав синаш шаҳобчаларида юқори агротехника шароитида олиб бориш, навларни ҳар томонлама объектив ва синчиклаб баҳолаш, ҳашарот ва зараркунандаларга чидамли истиқболли навларни ажратиб олишга;

кенг миқёсда ишлаб чиқаришда синаб кўриш, улардан энг юқори навдор ва ҳосилдор кўрсаткичга эга бўлганларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази томонидан юритиладиган  “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестри”га киритишга;

Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази томонидан ишлаб чиқаришга тавсия қилинган ва жорий этилган янги ғалла навларининг агротехник тадбирлари тўғри бажарилганда кўзда тутилган самарага эришилишига;

лабораториялар томонидан уруғликнинг стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи хулосаларнинг ҳаққонийлигини таъминлашга масъулдирлар.

4-боб. Томонларнинг жавобгарлиги ва назорат

8. Белгиланган миқдорда уруғлик ғалла етиштиришга ва уни қайта ишлаб сифатли уруғлик тайёрланишига барча манфаатдор идоралар ва корхоналар ҳамда масъул шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

9. Уруғлик дон тайёрловчи корхоналарига топширилган уруғлик ғалла учун ҳисоб-китобларни тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилишини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати Бош бошқармаси назорат қилади.

5-боб. Якуний қоидалар

10. Ушбу тартиб 2020 йил бошоқли дон ҳосилидан бошлаб татбиқ этилади.

11. Мазкур низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

20__ йил “___” _________даги ____-сон қарорига

4-илова

 

Қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик учун экилган майдонларида апробация ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

Мазкур Низом экинбоп уруғликлар етиштириш мақсадида экилган навли қишлоқ хўжалик экинларини апробация қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Апробация қишлоқ хўжалиги экинлари навининг генетик жиҳатидан тозалиги, касалликларга, зараркунандаларга чидамлилиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

2. Апробация Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи асосида пахта, ғалла, сабзавот, полиз ва картошка экилган уруғлик майдонларда ўтказилади.

3.  Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда пахта, ғалла, сабзавот, полиз ва картошка экилган уруғлик майдонларда апробация ўтказиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, “Уздавкарантин” инспекцияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Картошка етиштирувчилар уюшмаси, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг ҳудудий бўлимлари, тегишли тайёрлов ҳамда таъминот ташкилотлар ва селекционер олимлардан иборат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва туман апробация комиссиялари ташкил этилади.

4. Республика ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят апробация комиссиялари таркиби манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда имзоланган қўшма баённомага мувофиқ, туман апробация комиссияларининг таркиби Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

5. Апробация пахта, ғалла, сабзавот, полиз ва картошка уруғликларини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги субъектлар майдонларида оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғликларда ўтказилади.

Апробация уруғлик етиштирувчи илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг уруғлик майдонларида ҳам ўтказилади.

6. Апробация ҳар йили белгиланган режа асосида ўтказилади.

Мазкур режалар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан;

туманлар кесимида – Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий бошқармалари томонидан;

фермер хўжаликлари кесимида – туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий бошқармалари томонидан тасдиқланади.

2-боб. Уруғлик пахта майдонларида апробация ўтказиш тартиби

1-§. Уруғлик пахта майдонларида апробация ўтказишнинг умумий шартлари

7. Келгуси йил ғўза экиладиган майдонларни генетик соф, хўжалик сифат кўрсаткичлари энг юқори уруғликлар билан таъминлаш мақсадида, уруғлик учун экилган ғўза майдонларида хар йили август ойида апробация ўтказилади.

8. Уруғчилик ривожлантириш маркази апробация учун элита уруғчилик хўжаликлари маъсулияти чекланган жамияти, тендер танловидан ўтган фермер хўжаликлари ҳамда пахта тўқимачилик кластерларининг элита, биринчи, иккинчи ва учинчи авлодли серҳосил ғўза майдонлари танлаб олинади.

Давлат стандарти Ơz DSt 663:2017 талаблари бўйича уруғлик чигитнинг авлодлари бўйича нав тозалиги қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

элита – 100%;

биринчи авлоди – 99%;

иккинчи авлоди – 98%;

учинчи авлоди – 96%.

9. Уруғлик пахта тайёрлаш учун камҳосил, сувдан қолган, гаммоз, вертициллёз ҳамда фузариоз вилт ва бошқа касалликлар билан белгиланган меъёрлардан ортиқ даражада зарарланган, шунингдек нав тозалиги
Ơz DSt 642-2013 талабига жавоб бермаган, икки ёки ундан ортиқ селекцион нав эккан хўжаликларнинг майдонлари апробация даврида уруғлик тайёрлашга яроксиз деб топилиб, уруғлик тайёрлашдан чиқарилади.

10. Апробация натижаларига кўра, ғўза навининг софлиги, кутилаётган умумий пахта миқдори, шу жумладан уруғлик пахта ва ундан олинадиган уруғлик чигитнинг миқдори аниқланади. Шунингдек ғўзанинг касалликлар билан қай даражада зарарланганлигига қараб тегишли дала гуруҳларига ажратилади.

11. Районлаштирилган ва янги навларни бирламчи уруғлик материалларини етиштирувчи элита хўжаликларида тайёрланадиган уруғлик пахта махсус методика асосида хар бир оила бўйича алоҳида-алоҳида таҳлил қилинган ҳолда танлаб олинади.

12. Қуйидаги уруғлик учун экилган ғўза майдонларида апробация ўтказилади:

а) районлаштирилган ғўза навларининг элита, биринчи, иккинчи, ва учинчи авлодли схемали уруғлик чигит тайёрлаш режасини бажариш учун зарур бўлган миқдордаги майдонларда;

б) районлаштирилган ғўза навларининг тўртинчи ва кейинги авлодлари (репродукциялари) истисно тариқасида ғўза навларини жойлаштириш режасидаги майдонларни таъминлаш учун чигитнинг авлодларини керакли миқдорда тайёрлаб бериш имконияти бўлмай қолган ҳоллардагина, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тегишли кўрсатмасига асосан;

в) янги навларнинг элита, биринчи ва кейинги авлодлари экилган майдонлари истиқболли навларнинг чигитини кўпайтириш режасини таъминлаш ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш учун зарур бўлган миқдордаги майдонларда;

г) районлаштириш ва чигитини кўпайтириш режасидан чиқарилган навларни, фақат шу навни сақлаб қолишни таъминлаш учун зарур бўлган миқдордаги чигитини тайёрлаш учун етарли бўлган майдонларда.

2-§. Апробация ишларини ташкил этиш

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” билан ҳамкорликда апробация ўтказиш ишлари бошлангунга қадар қуйидаги тадбирларни ўтказишлари зарур:

а) пахтачиликни ривожлантириш бўйича давлат сиёсати, пахта толасига жахон ва ички бозордаги талаб ҳамда пахтачиликнинг истиқболдаги режасини ҳисобга олган ҳолда, ғўза навларини кейинги йилга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига киритиш ва уларни навлар бўйича жойлаштириш режасини ишлаб чиқиш;

б) навларни жойлаштиришни дастлабки режаси асосида ҳар қайси вилоят бўйича ғўза апробациясини ўтказиш режасини ишлаб чиқиш ва уни тасдиқлаш, бунда навлар ва авлодлар бўйича экилган майдонларни ҳамда апробацияни ўтказиш календар муддатларини кўрсатиш ва бу режани Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва барча вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳамда вилоятлар «Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий» бошқармаларига етказиш;

в) Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ғўза апробациясини ўтказиш учун маъсул ташкилотлар, раҳбар ва мутахассислар, ҳамда нав муаллифи- селекционер олимлар рўйхатини тасдиқлаб апробация ишларига жалб этишни таъминлайди.

14. Вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, вилоятлар “Уруғчиликни ривожлантириш маркази ҳудудий” бошқармалари билан биргаликда ғўза апробациясини ўтказиш режасини ишлаб чиқадилар. Бу режада ғўза навлари
ва авлодлари бўйича майдонлари алоҳида кўрсатилади.

Қишлоқ хўжалиги бошқармалари туман бўлимлари туман бўйича ғўза навларини апробациядан ўтказиш режасини фермер хўжаликлари кесимида ишлаб чиқиши ва тасдиқлаб, пахта қабул қилиш корхоналари, пахта тўқимачилик кластерлари ва уруғчилик фермерларига етказиб беришлари лозим;

15. Тегишли тайёрлов корхоналари апробация ўтказишда қатнашувчиларни транспорт воситалари билан таъминлайди.

3-§. Апробация ўтказувчи агрономлар хамда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассисларнинг вазифалари

16. Ҳар бир фермер хўжалиги бўйича:

а) экиш, қайта экиш ва хатосига экиш учун олган ҳамда фойдаланган уруғлик чигит миқдори тўғрисидаги ҳужжатларнинг мавжудлигини, шу ҳужжатлар бўйича экилган селекцион навни апробация режаси билан таққослаб мос келишини ўрганишлари лозим.

б) апробация режаси билан ўрганилган ҳужжатлар бўйича экиш ёки хатосига экиш учун фойдаланилган селекцион нав, авлод ёки навдорлик орасидаги фарқ аниқланган тақдирда, бу фарқлар тўғрисида дарҳол катта агроном-апробаторга хабар беришлари ва бундан кейинги қилинадиган ишлар тўғрисида ундан кўрсатмалар олишлари зарур;

в) уруғчилик фермер хўжалиги раҳбари билан биргаликда хўжаликнинг уруғлик майдонларини кўздан кечириб чиқиши, камҳосил, чанқатиб қўйилган, вилт, гоммоз ёки бошқа касалликлар билан кучли зарарланган майдонларни апробация режасидан чиқаришлари керак;

г) зарур ҳолларда, фермер хўжалиги раҳбарининг розилиги билан энг тажрибали ишчиларни апробация ўтказиш ишларига жалб қилишлари мумкин.

д) апробация қилинаётган навнинг элита, биринчи ва кейинги авлодлари экилган майдонларда нав тозалигини аниқлайди;

ж) уруғлик пахта тайёрланадиган ғўза майдонларини ажратади, уларни тегишли гуруҳларга ажратади, кутилаётган умумий пахта ҳосилини, шу жумладан уруғлик пахта миқдорини ва олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдорини аниқлайди;

з) апробация ўтказишда қатнашаётган хўжалик ишчи ва ходимларига ҳар бир уруғлик майдон учун тегишли маълумотлар ёзилган тахтачалар ўрнатилиши ҳақида кўрсатмалар беради;

е) апробация натижаларини дала дафтарига (1-шакл) қайд қилиб боради.
Ҳар бир даладан олинган маълумотлар асосида ҳудуд учун хар қайси нав, авлод
ва навдорлик ҳақида апробация далолатномасини (2-шакл) маълумотлар билан тўлдиради ҳамда туман бўйича умумлаштириш учун катта агроном апробаторга топширади;

и) уруғлик учун ажратилган майдонларда пахта терими бошланишидан
то пахта тайёрлаш мавсуми якунланишига қадар уруғлик пахтани алоҳида нав
ва авлодлар бўйича териш, жамғариш, ҳужжатлаштириш ва пахта тайёрлаш масканига топшириш ишларига раҳбарлик қилади;

ж) элита хўжаликларида (уруғликларни кўпайтириш кўчатзорларида) ғўзаларнинг навдорлиги дала кўриклари асосида белгиланган тартибда махсус қўлланма асосида оилалар бўйича алоҳида-алоҳида элита хўжалиги мудири томонидан аниқланади.

17. Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробациясини ўтказиш натижаларига кўра туман апробация комиссиялари томонидан манфаатдор ташкилотлар, фермер хўжаликлари рахбарларига
ва жисмоний шахсларга апробация далолатномаси берилади ва хўжаликларнинг пахта тозалаш корхонаси ҳамда пахта уруғчилик кластерларига топширган уруғлик пахтаси учун ҳақ тўлашга асос бўлади. Агар комиссия хулосаси бўйича элита хамда биринчи авлодли майдонлар нав тозалиги жиҳатидан давлат стандарти талабларига мувофиқ келмаса, қўшимча равишда бу майдонлар бегона нав аралашмалардан тозаланиши зарур.
Шундан кейин комиссия томонидан такрорий апробация ўтказилиб, якуний хулоса берилади.

18. Fўзa навининг навдорлигини аниқлаш учун ажратилган майдонларда ўсимликлар апробация ўтказилгунга қадар чеканка ва дефолияция қилинмайди.

19. Апробация ўтказувчи катта агрономлар ва апробацияда қатнашишга жалб этиладиган ўсимликларни ҳимоя қилиш coҳaсининг мутахассислари қўйидаги ишларни бажаришлари лозим:

а) тумандаги апробация ўтказувчи агрономлар ишига раҳбарлик қилиб туришлари;

б) ғўзанинг нав тозалиги тўғри аниқланганлиги, уруғлик майдонларини дала гуруҳлари бўйича ажратилганлиги камҳосил ва касалликлар билан зарарланган майдонларни яроқсиз қилинганлиги, ҳосилдорлик, уруғлик пахта ва кутилаётган уруғлик чигит миқдорининг тўғри аниқланганлигини текшириб чиқишлари;

в) ҳар қайси худуд бўйича дала журналида ёзувлар ва апробация далолатномаларининг тўғри расмийлаштирилганлигини текшириб кўришлари;

г) туман бўйича ўтказилган апробация маълумотларини ўз ичига олган далолатномани уч нусхада тузишлари ва унинг нусхаларини туман Қишлоқ хўжалиги бўлимига, Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий бошқармасига ҳамда пахта тозалаш корхоналарига топширишлари;

д) хўжаликларни уруғлик учун етиштирган пахта ҳосилини териб олиш, нави, авлоди, дала гурухлари бўйича алохида топширишга тайёр эканлигини, шунингдек уларнинг уруғлик пахтани жўнатиш учун тегишли юк хати (қизил йўлли шакл №ЗХ-1) билан тўла таъминланганликларини текшириб чиқишлари;

е) пахта тайёрлаш масканларининг уруғлик пахтани нави, авлоди, дала гуруҳлари ва бошқа кўрсаткичлари бўйича алоҳида қабул қилиб олиши, ғарамлаши ҳамда сақлашга етарли механизм (техникалар)ни мавжудлиги ва майдончаларни тайёр эканлигини текширишлари;

ж) уруғлик пахтани териб олиш, ташиш, жамғариш ҳамда ҳужжатлаштириш ишларида йўл қўйиладиган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўришлари керак;

з) агарда апробация жараёнида фермер хўжалигида битта ғўза навининг иккита авлоди экилган ҳолатлар учраса, экилган ҳар бир авлоднинг навдорлик кўрсаткичлари тегишли авлоди талабига жавоб берса ҳам устама маблағ тўланишинида фарқлар мавжудлигини инобатга олиб, пастки авлодига расмийлаштирилиши шарт.

20. Апробация бўйича агроном-инспекторлар “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ёки уларнинг худудий бошқармалари (туман бўлимлари) мутахассислари томонидан ғўзанинг навдорлигини аниқлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва унга боғлиқ бошқа масалалар юзасидан тегишли эслатма (инструктаж) олишлари ҳамда қуйидаги ишларни бажаришлари керак:

а) уруғлик етиштирувчи корхона ва фермер хўжаликларида ғўза ниҳолларининг навдорлиги ва касалликлар билан зарарланганлигини аниқлаш учун намуналарнинг тўғри олинганлиги, шунингдек апробация ўтказувчиларни йўриқномалар ҳамда апробация далолатномалари, дала дафтарлари ва тегишли формалар билан таъминлаши ҳамда ушбу ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилишини назорат қилиб бориш;

б) апробацияни ўтказиш вақтида содир бўладиган барча мунозарали масалаларни ҳал қилишлари;

в) ушбу қўлланма талаблари бўйича барча маълумотларни ўз ичига олган апробация далолатномасини туманлар бўйича умумлаштириш ҳамда вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий бошқармасига белгиланган муддатларда тақдим этиш чораларини кўриши лозим.

Уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган уруғлик экинзорларининг апробацияси ўсимликлар генетик (нав) жихатдан софлигининг, касаллик ва зараркунандалар билан зарарланишининг даражасига қараб дала гуруҳларига ажратилиши ва уруғликлар умумий ҳолатининг далада ўтказиладиган текшируви орқали амалга оширилади.

4-§. Ғўзанинг навдорлигини аниқлаш

21. Ғўзанинг навдорлиги апробация қилувчи агроном томонидан фермер хўжаликларида хар бир нав ва авлодлар бўйича контурлар кесимида аниқланади.

Апробация жараёнида навга хосликни аниқлашга тўсқинлик қилувчи ўсиш шароитларининг кучли таъсирини олдини олиш мақсадида уруғлик майдонларда чилпиш (чеканка) ишлари ўсимликнинг биологик ривожланишидан келиб чиқиб ўтказилади.

22. Навдорликни аниқлаш учун даланинг бир хил ривожланган жойидан
бир-биридан камида 20 м масофада жойлашган, ғўзалар ривожи бир хил бўлган икки қатор танлаб олинади. Ҳар қайси қатордан 100 тупдан яхши ривожланган
ғўза ўсимлиги кўриб чиқилади. Касалланган ҳамда айри шох (развилка) ғўзалар ҳисобга олинмайди.

23. Ҳисобга олинган ўсимликлар яхшилаб кўриб чиқилиб, апробация ўтказилаётган навнинг типик, нотипик ва ҳосилсиз ўсимликлар фоизи хар бир қатор бўйича алоҳида таҳлил қилинади. Икки қаторда олинган натижаларнинг ўртача арифметик қиймати аниқланаётган даланинг нав тозалигини белгилайди.

24. Ғўзаларнинг навдорлигини, аралашмалар таркибини ва кўсаксиз (мевасиз) ўсимликларни аниқлашда қўйидаги асосий морфологик белгиларга асосланиш керак:

а) ғўза баргининг катта-кичиклиги, шакли, ранги, юзасининг текислилиги ёки тўлқинсимонлиги;

б) бош поянинг шакли, ранги, туклилик даражаси;

в) ҳосил шохининг типи ва ўсимлик тупининг шакли;

г) гул тожи баргининг ранги;

д).кўсакларнинг катта-кичиклиги, шакли, юзасининг силлиқлиги, тумшуқчасининг шакли.

Ингичка толали ғўза навларида, юқорида кўрсатиб ўтилган белгилардан ташқари, гултожи баргининг ранги ва ундаги антоциан доғларининг бўлиши ҳам ҳисобга олинади.

25. Навдорликни аниқлашда ғўзанинг ўсиш шароити ва бу шароитнинг апробация қилинаётган навнинг морфологик белгиларига қандай таъсир кўрсатганлигини ҳисобга олиш зарур. Асосий морфологик белгилари билан навга берилган тавсифномадан кескин фарқ қиладиган ўсимликлар, шунингдек дурагай ва мевасиз ўсимликлар навга хос бўлмаган ўсимликлар қаторига киритилади.

26. Аниқланган навдорлик даражасининг тўғрилигини текшириб кўриш учун икки жойдан белгилаб олинган қатордаги ўсимликларнинг навдорлик фоизлари бир-бири билан солиштирилади.

27. Ҳар бир жўякдаги биринчи ўсимликка 1 рақами ёзилган, юзинчи ўсимликка эса 100 рақами ёзилган ёрлиқ осиб қуйилади. Морфологик белгилари нав тавсифномасига тўғри келмаган ўсимликлар тегишли санокдаги тартиб рақами ёзилган ёрлиқ билан белгиланади ва умумий намунадаги ўсимликка нисбатан фоиз ҳисобида уларнинг умумий улуши аниқланади.

28. Намуналардаги навдорликнинг тўғри аниқланганлигини иккита кузатув ўртасидаги фарқни ажратиш мумкин. Бунда ҳар бир намунанинг иккита кузатувдаги нав тозалиги орасида йўл қўйиладиган тафовутлар чеклови қуйидагича бўлиши зарур:

нав тозалиги 95-100 фоиз бўлганда 1 фоиз;

нав тозалиги 90 - 94 фоиз бўлганда 2 фоиз;

нав тозалиги 90 фоиздан паст бўлганда 4 фоиз.

29. Нав тозалигининг икки кузатувдаги тафовути белгиланган чекловлардан юқори бўлганда, учинчи жўяк танлаб олиниши ва таҳлил ўтказилиши керак.

Иккита ёки учта кузатувнинг ўртача арифметик қиймати мазкур даладаги нав тозалигини белгилайди.

30. Хар бир нав, авлодлар бўйича навдорлик кўрсаткичи яхлит сон ҳолатига келтирилади.

5-§. Ғўзанинг вилт, гоммоз ва бошқа касалликлар билан
зарарланганлик даражасини аниқлаш

31. Барча апробация қилинаётган майдонларда (кам ҳосил, чанқатиб кўйилган, навдорлиги стандарт талабидан пастлиги сабабли уруғлик тайёрлашга яроқсиз деб топилган майдонлардан ташқари) ғўзаларнинг вертицеллёз
ёки фузариоз вилт ва гоммоз билан зарарланганлик даражаси аниқланади.

32. Гоммоз билан зарарланиш ўсимликларнинг қайси органи (қисми) зарарланганлигидан қатъий назар умумий зарарланиш ҳисобида, ҳамда мева элементларининг (кўсак, гул-мева ёнлиги, кўсак банди) зарарланганлиги
эса алоҳида фоиз ҳисобида аниқланади.

33. Ғўзанинг вилт ва гоммоз билан зарарланиш даражаси қуйидаги усулда аниқланади:

а) элита ва биринчи авлодли уруғлик экилган майдонларда вилт ва гоммоз билан зарарланиш шахмат усулида намуналар олиш йўли билан. Бунинг учун бир гектардаги майдондан хар бирида 10 та ўсимликдан иборат 10 та намуна олинади.

б) иккинчи ва ундан кейинги авлодлар экилган майдонларнинг ҳар бир гектаридан 10 та ўсимликдан иборат битта намуна олинади.

34. Ғўзаларнинг вилт, гоммоз ва бошқа касалликлар билан зарарланиш даражаси намунадаги ҳамма ўсимликларда ўрганиш орқали аниқланади.

Мева элементларининг гоммоз билан зарарланиш даражаси хар қайси намунадаги охирги икки туп ўсимликдаги соғлом ва зарарланган мева элементларини (кўсаклар, мева-гул ёнлиги ва мева банди) санаб чиқиш йўли билан аниқланади.

Агар фермер хўжалигида ғўза бир-биридан алоҳида ажратилган бир неча контурда экилган бўлса, бундай ҳолда ҳар қайси контур учун касалланиш даражаси алоҳида-алоҳида аниқланади.

35. Ғўзаларнинг вертицеллёз, фузариоз вилт ва гоммоз касалликлар билан қай даражада зарарланганлигига қараб, апробация ўтказиладиган далалар икки гуруҳга бўлинади:

а) биринчи гуруҳга вертицеллёз вилт ва гоммоз билан 5 фоизгача зарарланган далалар киритилади. Ушбу гуруҳга фузариоз вилт ва ҳосил элементлари гоммоз билан касалланган далалар киритилмайди;

б) иккинчи гуруҳга ғўза вертицеллёз вилт билан 5 фоиздан 15 фоизгача, фузариоз вилт билан 3 фоизгача, гоммоз билан 5-10 фоизгача ва мева элементлари
1 фоизгача зарарланган далалар киритилади.

36. Апробация ўтказилган уруғлик майдонларда ғўзанинг вилт ва гоммоз касалликлари билан зарарланиши кўпаяётганлиги кузатилган ҳолларда апробация ўтказувчи агроном дарҳол апробация ўтказувчи катта агрономни, ғўза касалликлари ва зараркунандалари бўйича мутахассисни чақиради ҳамда улар билан биргаликда ғўзаларнинг қай даражада вилт билан зарарланганлиги қайта аниқланади. Комиссия бу майдонлар уруғлик пахта тайёрлаш учун яроқли ёки яроқсизлиги тўғрисидаги масалани шу жойнинг ўзида ҳал қилади. Комиссиянинг қарори далолатнома билан расмийлаштирилади.

37. Вилт кўпайиб кетганлиги тўғрисидаги хабарни қайта ўтказилган апробация тўғрисидаги далолатномани олгандан кейин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармалари ёки туман бўлимлардаги мутахассислари пахта тозалаш корхонаси билан биргаликда дарҳол мазкур хўжалик бўйича уруғлик пахта тайёрлаш топширишни қайта кўриб чиқади ва бу хақда туман Қишлоқ хўжалиги бўлими ва вилоятлар Қишлоқ хўжалиги бошкармалари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”га хабар етказади ва олинган кўрсатмага асосан ишларни мувофиқлаштиради.

6-§. Кутилаётган ҳосилдорликни прогноз (башорат) қилиш

38. Уруғлик майдонларида кутилаётган ҳосилдорлик апробация жараёнида намуналардан сўнгги икки ўсимликлардаги кўсаклар сонини ҳар бир майдон учун алоҳида алоҳида ўртача арифметик кўрсаткичи олиниб, уни иккига бўлиш билан бир ўсимликдаги кўсак сони аниқланади. Ҳар бир майдондаги бир ўсимликдан кутилаётган пахтанинг ушбу майдондаги кўчат сонига кўпайтирилиб бир гектардан кутилаётган ялпи ҳосилдорлик аниқланади.

39. Уруғлик майдонларида кўчат қалинлигини ғўза апробацияси билан бир йўла аниқланиши учун апробация намуналари олинганда элита ва биринчи авлодли майдонларда ҳар 10 та намунада иккита ва кийинги авлодли майдонларда ҳар намуна олинган жойдан биттадан, қатор ораси 60 см бўлган майдонда
16,6 метрдаги, қатор ораси 90 см бўлган майдонларда 11,1 метрдаги умумий кўчатни саналиб майдондаги ўртача кўчат қалинлигини саналган кўчатлар арифметик рақамини 1000 сонига кўпайтирилиб аниқланади: масалан, ўртача
80 туп х 1000=80000 туп.

Апробация жараёнида башорат қилинган ялпи ҳосилнинг 40-45 % и уруғлик пахтани ташкил этади.

Ялпи ҳосилнинг 40-45 % и уруғлик пахтани ташкил этади.

Мисол: Апробация натижасида саккиз гектарга экилган Ан-Баявут-2 навининг биринчи авлодли майдонидан олинган 80 дона намунадаги 2 та ўсимликдаги ўртача кўсаклар сони 22 донани ташкил этган, кўчат қалинлиги эса
80 минг тупни ташкил этган ҳолда бир тупдаги кўсак сони 22:2=11 дона, кўсакнинг ўртача вазни 4,0 гр бўлганда  бир тупдаги ҳосил миқдори 11,0х4,0=44,0 грамни ташкил этади.

Бир гектардаги ялпи ҳосилни топиш учун кўчат қалинлигини бир тупдан кутилаётган ҳосилга кўпайтирилади.

80.000х44г=3.520.000 г, ёки 3520 кг, ёки 35,2 ц.

Уруғлик пахта миқдорини аниқлаш учун ялпи кутилаётган ҳосилни 40-45% олинади.            35,2ц/га х 40:100=14,0 ц/га

35,2ц/га х 45:100=15,8 ц/га

Навдорликни аниқлаш билан бир пайтда зараркунандалар билан зарарланиш даражасини аниқлаш учун бир-биридан камида 20 м масофада жойлашган икки қатор танлаб олинади. Ҳар қайси қатордан 100 туп ўсимлик санаб чиқилади ва айришох ўсимликларнинг сони фоиз ҳисобида аниқланиб, башорат қилинган умумий ҳосилдорлик кўрсаткичидан айришох ўсимликлар миқдори айрилган ҳолда уруғлик пахта ҳосили башорат қилинади.

7-§. Апробация натижаларини расмийлаштириш

40. Туман Қишлоқ хўжалиги бўлимлари, тегишли тайёрлов корхоналари
ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармалари ёки туман бўлимларининг мутахассислари дала апробацияси тўғрисида тузилган далолатномалар асосида апробация натижалари ҳақида ҳисобот тузадилар ва апробация якунлангандан сўнг уч кундан кечиктирмай шу ҳисоботни вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва тегишли ташкилотларга топширадилар.

41. Вилоятлар Қишлоқ хўжалиги бошқармалари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси худудий бошқармалари мутахассислари “Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий” бошқармаси билан биргаликда:

а) дала апробацияси натижаларига кўра, уруғлик чигит тайёрлашнинг дастлабки режасига мувофиқ равишда пахта тозалаш корхоналари бўйича уруғлик пахта ва чигит тайёрлаш режасини ғўза навлари ва авлодлари бўйича тайёрлайди.

б) ғўза апробацияси натижалари тўғрисида белгиланган шаклда ҳисобот тайёрлайдилар ва бу ҳисоботни “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”га юборадилар.

42. “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” уруғлик пахта ва чигит тайёрлаш режасини аниқлайди ҳамда 1 сентябрдан кечиктирмай, бу режани ғўза навлари ҳамда авлодлари бўйича белгиланган тартибда вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармалари ва “Уруғчиликни ривожлантириш маркази худудий” бошқармаларига етказиб беради. Улар ана шу режа асосида ҳар бир туман Қишлоқ хўжалиги бўлимларига, уруғлик пахта тайёрлаш корхоналарига, пахта тайёрлаш пунктларига уруғлик пахта тайёрлаш режасини етказиб берадилар.

43. Худуд раҳбарлари апробация ўтказувчи агрономлар билан биргаликда уруғлик пахта тайёрлашнинг аниқланган режасини бажариш учун фермер хўжаликларига етказиб берадилар.

8-§. Уруғлик пахтани териб олиш ва пахта қабул қилиш масканларига топшириш тартиби

44. Элита ва авлодли уруғлик пахта асосан қўлда терилади.

а) уруғлик пахта қўлда 1 марта терилади, биринчи теримни ҳар бир туп ғўзада ўрта ҳисобда 8-10 та етилган кўсак тўлиқ пишиб очилганда бошлаш керак. Пишиб етилмаган ва тўлиқ очилмаган кўсаклардан уруғлик пахтани териш ман этилади.

б) уруғлик пахта навлари, авлодлари, навдорлиги ҳамда дала гуруҳлари бўйича вилт ва бошқа касалликлар билан зарарланмаган ғўзалардаги пишиб етилган, соғлом кўсаклардан тўлиқ очилган пахтаси алоҳида териб олинади ва пахта тайёрлаш масканларига уруғлик пахта сифатида топширилади.

в) уруғлик пахтани йиғиб-теришга киришишдан олдин вилт ва бошқа касалликлар билан зарарланган ўсимликлар ҳосили албатта алоҳида йиғиб-териб олиниши хамда пахта тайёрлаш масканига техник пахта сифатида топширилиши зарур;

г) уруғлик пахтани намлиги давлат андозаси талабидан ортиқ бўлса, уни офтобда қуритиш ва белгиланган миқдордаги намлик билан пахта тайёрлаш масканига топширилиши керак;

д) юқори сифатли уруғлик тайёрлаш учун уруғлик пахтани имкони борича эрта муддатларда, Қорақалпоғистон Республикаси Хоразм ва Самарқанд вилоятида 10 октябрдан кечиктирмай, қолган барча вилоятларда 1 октябргача йиғиб-териб олиниши ва пахта тайёрлаш масканига топширилиши зарур;

е) уруғлик пахтани териш ва тайёрлаш муддатлари ҳар қайси худуд
ва фермер хўжаликлари бўйича, туман Қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан белгиланади.

3-боб. Уруғлик ғалла майдонларида апробация ўтказиш

45. Дон экинлари сут ва мум пишиш фазасида апробациядан ўтказилади.

46. Илмий тадқиқот институтларининг тажриба хўжаликларидаги ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш марказининг элита уруғчилик хўжаликларидаги оригинал, суперэлита ва элита экин майдонларида апробация ўтказувчи комиссия таркибига, селекционер олим, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар Уруғчиликни ривожлантириш марказининг ходими, туман қишлоқ хўжалиги бўлими агрономи, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходими, уруғчилик кластерларининг мутахассиси ҳамда “Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси” туман бўлими вакили киритилади.

47. Апробация комиссияси томонидан уруғчилик субъектининг ҳар бир контуридан боғлам (намуна) олиниб, таҳлил ўтказилади ва таҳлил натижаларига кўра тегишли апробация далолатномаси тузилади. Ҳар бир уруғлик етиштирувчи хўжаликнинг уруғлик ғалла майдонидан диагоналига юрилиб хар бир нуқтадан
10 тадан кам бўлмаган поялар олиниб, умумий поялар сони 1500 донадан кам бўлмаган боғлам тайёрланади.

48. Кўпайтириш кўчатзори, суперэлита ва элита майдонлари апробация қилинаётганда, ғалла майдонларининг ҳар икки диоганалидан биттадан иккита боғлам олинади ва алоҳида таҳлил қилинади.