ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10211 Министерство юстиции Республики Узбекистан 15/11/2019 30/11/2019 14

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Кўчма савдони амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида
ID-10211

Лойиҳа

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

ҚАРОРИ

 

 

 

Кўчма савдони амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октабрдаги ПФ–5564-сон «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октабрдаги ПФ–5564-сон «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан кўчма савдо учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2020 йил 1 февралдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

кўчма савдо тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо обектларини электрон тарзда «K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда – «K – SAVDO» ААТ) рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади;

кўчма савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида «K – SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотилади.

3.  Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2020 йил 1 февралдан бошлаб амалга татбиқ этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси кўчма савдони амалга ошириш тартиби устидан назоратни амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 20 январга қадар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида кўчма савдо объектларини жойлаштириш схемаларини тузиш ва уларни «K – SAVDO» ААТга жойлаштиришни таъминласин.

6. «K – SAVDO» ААТга уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Янги технологиялар илмий-ахборот маркази» ДУК 2020 йил 1 январга қадар қуйидагиларга имкон берувчи «K – SAVDO» ААТни ишга туширсин:

кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун буюртманома бериш;

аҳоли пунктининг интерактив харитасида кўчма савдо жойларини танлашга ва жойлашиш схемаларига киритилган кўчма савдо жойларининг электрон аукционларини амалга ошириш;

рўйхатга олиш учун тўловларни амалга ошириш, шунингдек пул маблағларини қайтариш;

тадбиркорлик субъектларига реал вақт режимида кўчма савдо объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код (матрица-штрихли код) қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат юбориш;

ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган органларга кўчма савдо объектлари тўғрисида маълумот юбориш;

кўчма савдо жойлашиш схемасида мавжуд бўш турган ва банд бўлган кўчма савдо жойлари тўғрисида маълумот олиш;

Кўчма савдо объектлари реестрини юритиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси «K – SAVDO» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлашни молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тадбиркорлик субектларига «K – SAVDO» ААТда мустақил равишда рўйхатдан ўтиш имкониятини бериш учун давлат хизматлари марказларини Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган компютерлар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистан Республикаси

Бош вазири                                                                                                       А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил «___» ___________даги
____-сон қарорига

1-илова

 

 

 

Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдони амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

байрам ва байрамолди кунларида савдо хизмати кўрсатиш юзасидан юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида кўчма савдони амалга оширишга;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида кўргазма ва ярмарка савдоси ўтказишга;

бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида сотиладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг чакана савдосига;

амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларга.

3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига «K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда – «K – SAVDO» ААТ) кўчма савдо объектларини ушбу Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъектлари эга.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

кўчма савдо — кўчма савдо объектларидан фойдаланган ҳолда турғун савдо шохобчаларидан ташқарида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш;

кўчма савдо объектлари — вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва мавсумий ёки мақсадли хусусиятга эга бўлган кўчма савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, ва бошқалар);

кўчма савдо жойи – кўчма савдо объектининг «K – SAVDO» ААТда рўйхатдан ўтишда кўрсатилган ҳудудий жойлашган жойи;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви – реализация қилинадиган товарларнинг товар гуруҳларидан бирига мансублиги билан ифодаланган хилма-хиллиги;

кўчма савдо субъектлари – кўчма савдони амалга ошириш учун «K – SAVDO» ААТда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар;

ваколатли орган –Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;

иштирокчи – электрон аукционда иштирок этиш учун буюртма берган тадбиркорлик субъекти;

жойлашиш схемаси – кўчма савдо объектларининг олдиндан тасдиқланган жойлашуви.

II боб. Кўчма савдони амалга ошириш учун талаб ва шартлар

5. Кўчма савдони амалга оширишнинг мажбурий талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

чакана савдо соҳасида қонун ҳужжатларига, санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилиш;

назорат-касса машиналари ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминалининг ёки маълумотлар алмашиш платформалари – виртуал кассаларнинг мавжудлиги. Ушбу талаб савдо автоматларига нисбатан татбиқ этилмайди;

кўчма савдо объектлари яқинида маиший чиқиндиларни йиғиш учун чиқинди қутиларини ўрнатиш;

товарларни кўчма савдо объектлари орқали ва рўйхатдан ўтилган жойда сотиш.

6. Савдо объектининг ихтисослашув турлари:

нон ва нон маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари;

гўшт ва гўшт маҳсулотлари;

сут ва сут маҳсулотлари;

тез тайёрланадиган овқатлар (тайёр озиқ-овқат);

сабзавотлар-мевалар;

музқаймоқ, алкоголсиз яхна ичимликлар;

озиқ-овқат маҳсулотлари;

нашриёт маҳсулотлари;

гуллар;

халқ бадиий ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари;

ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, кийим-кечак, пойабзал ва енгил саноат буюмлари;

ноозиқ-овқат маҳсулотлари.

7. Қуйидаги турдаги товарларнинг кўчма савдоси тақиқланади:

техник жиҳатдан мураккаб маиший маҳсулотлар (маиший металл кесиш ва ёғочни қайта ишлаш станоклари, маиший электротехника ва асбоб-ускуналар, маиший радиоэлектрон ускуналар, маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси, фото ва кино ускуналари, телефон аппаратлари ва факс машиналари, электрли мусиқа асбоблари, электрон ўйинчоқлар, маиший газ ускуналари ва қурилмалари);

совутиш ускуналарисиз тез бузиладиган товарлар;

болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ( қуруқ сут, кукунсимон бўтқа ёрмаси, озуқавий аралашмалар, мева ва сабзавот консервалари ва пюреси);

ҳайвонлар;

акциз солинадиган товарлар, шу жумладан спиртли ичимликлар;

ҳашаротлар ва зараркунандаларни заҳарлашда қўлланиладиган кимёвий моддалар ва заҳарлар;

диний мазмундаги материаллар.

8. Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

маъмурий бинолар, маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар фасади олдида;

муҳандислик коммуникациялари хавфсизлик зоналарида;

жамоат транспорти бекатларида тротуарнинг иккала томондан 15 метр масофадан яқинроқда (савдо автоматлари ташқари);

чорраҳаларга 15 метрдан яқинроқда;

ахлат қутилари ва ахлат йиғиш пунктлари яқинида;

сунъий иншоотларда (тўхташ бостирмалари, ерости ўтиш жойлари, кўприклар, тунеллар, транспорт боғламалари ва йўл ўтказгичлар);

темир йўлни кесиб ўтиш жойларидан олдин 50 метр яқинроқда.

9. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо жойини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга бериш тақиқланади.

10. Кўчма савдо объекти истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш вақтида витриналар ва пештахта (пештахталар) билан, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник регламентларнинг мажбурий талабларига жавоб берадиган зарур савдо, совутиш ва бошқа технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.

11. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси «Евро-4»дан паст экологик тоифада бўлмаган талабларга жавоб бериши, белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтиши, шунингдек техник жиҳатдан соз ва тегишли санитария ҳолатида сақланиши керак.

12. Харидорларга хизмат кўрсатиладиган витриналар ва пештахтага харидорларнинг эркин келишини таъминламаган ҳолда кўчма савдо объектини жойлаштиришга рухсат берилмайди. Кўчма савдони амалга оширишда харидорларга хизмат кўрсатиш пиёдалар йўлакчаси тарафдан ёки қатнов қисми ҳисобланмайдиган бошқа қаттиқ қопламали майдонча томонидан амалга оширилиши лозим.

13. Кўчма савдо субъектлари:

кўчма савдо объектида кўчма савдо субъекти тўғрисидаги маълумотларни, кўчма савдо объектининг иш бошлаш ва тугаш вақти, реестрга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотларни (QR-код қўйилган электрон ҳужжатнинг нусхаси шаклида), телефон рақами ва корхона манзили ҳақидаги маълумотларни жойлаштириши;

ваколатли органга реестрдаги кўчма савдо объекти тўғрисидаги маълумотларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тегишли ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб 10 кун ичида тегишли ўзгартиришлар киртилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ёки электрон рақамли имзо билан имзоланган электрон ҳужжат кўринишида ариза юбориш йўли билан тақдим этиши лозим.

14. Сотиш учун таклиф этилаётган товарлар ассортименти, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати сотувчи томонидан мустақил равишда кўчма савдо объектининг ихтисослашувига мувофиқ белгиланади.

15. Кўчма савдо субъектлари рўйхатдан ўтишда кўрсатган иш режимига мувофиқ кўчма савдони амалга оширадилар.

16. Транспорт воситаси орқали кўчма савдо қилиш Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ транспорт воситаси тўхтаб туриши тақиқланмаган жойларда амалга оширилиши мумкин.

Кўчма савдо объектининг иш вақтидан ташқари тўхтаб туриши фақат жиҳозланган авто-тураргоҳда (гаражда) рухсат этилади. Ҳовли ва турар-жой ҳудудларида кўчма савдо объектининг тўхтаб туришига йўл қўйилмайди.

III боб. Кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказиш тартиби

1-§. Кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказишнинг умумий қоидалари

17. «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш тадбиркорлик субъекти томонидан кўчма савдо жойини бириктирган ҳолда электрон бланкани тўлдириш йўли билан амалга оширилади.

18. Кўчма савдо жойлашиш схемаси доирасида амалга оширилади.

Кўчма савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида «K – SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотилади.

19. «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги миқдорларда йиғим ундирилади:

Тошкент шаҳрида кўчма савдони амалга оширишда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари;

Нукус шаҳрида, вилоят маъмурий марказлари ва вилоят бўйсинувидаги шаҳарларда кўчма савдони амалга оширишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи;

туман ва туман бўйсинувидаги шаҳарларнинг маъмурий марказларида кўчма савдони амалга оширишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи.

Бошқа аҳоли пунктларида кўчма савдони амалга ошириш учун «K – SAVDO» ААТда рўйхатдан ўтишда тўлов ундирилмайди.

2-§. Жойлашиш схемасини тузиш

20. Ваколатли органнинг туман (шаҳар) инспексиялари ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ жойлар сони кўрсатилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдо объектларининг жойлашувини ўз ичига олган жойлашиш схемаларини тузади.

21. Ваколатли органнинг ҳудудий бўлинмалари кўчма савдо объектларининг жойлаштириш схемаларини тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспексияси, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Қурилиш вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан келишадилар.

22. Кўчма савдо объектларининг келишилган жойлашиш схемалари ваколатли орган томонидан «K – SAVDO» ААТда келишилганидан кейин 10 кун ичида жойлаштирилади.

Жойлашиш схемалари ҳар уч йилда бир марта қайта кўриб чиқилади.

23. Тадбиркорлик субъектлари «K – SAVDO» ААТ орқали кейинчалик реализация қилиш учун жойлашиш схемаларига кўчма савдо қилинадиган аниқ жойни киритиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

24. Танланган кўчма савдо жойи 3 календар куни ичида ваколатли орган томонидан ушбу Низом талабларига мувофиқлиги жиҳатдан кўриб чиқилади.

25. Кўриб чиқиш якунлари бўйича ваколатли орган таклиф этилган кўчма савдо жойини «K – SAVDO» ААТга жойлаштиради ёки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда жойлаштиришни рад этади.

3-§. Электрон аукцион орқали кўчма савдо жойларини сотиш

26. Жойлашиш схемалари доирасида кўчма савдо жойларини сотиш «K – SAVDO» ААТда электрон аукцион орқали амалга оширилади ва аукцион натижаларига кўра энг юқори нархни таклиф қилган иштирокчи кўчма савдо объектини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.

27. Аукцион нархларни ошириш принципи бўйича ўтказилади.

Бошланғич нарх ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган йиғим миқдорига тенг.

28. Аукционда ҳар қандай юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор иштирок этиши мумкин.

29. Аукцион аукционда иштирок этиш учун биринчи буюртманома топширилган пайтдан бошланади. Аукцион ўтказиш муддати 3 календар кунини ташкил этади.

30. Аукционда қатнашиш учун иштирокчи «K – SAVDO» ААТда тегишли электрон бланкни тўлдиради ва закалат суммасини тўлайди.

Электрон бланкда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 6 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили;

кўчма савдо субъекти, унинг ходимлари, амалга ошираётган фаолияти, шунингдек уни амалга ошириш жараёнида фойдаланадиган асбоб-ускуналари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигининг тасдиғи.

31. Электрон бланкни тўлдиргач, иштирокчи «K – SAVDO» ААТга киритган маълумотларнинг тўғрилигини электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида тасдиқлайди.

32. «K – SAVDO» ААТда аукцион иштирокчисини рўйхатдан ўтказганлик учун ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган йиғим миқдорида закалат ундирилади.

33. Аукцион якунлангач, «K – SAVDO» ААТда аукцион ғолибининг номи ва охирги нарх миқдори автоматик тарзда кўрсатилади.

34. Агар аукцион тугагунига қадар буюртма фақат битта иштирокчи томонидан берилган бўлса, ушбу иштирокчи ғолиб деб топилади.

35. Аукцион ғолиби, аукцион тугаган кундан бошлаб икки иш кунидан кечиктирмасдан, кўчма савдо жойининг тўлиқ нархини тўлаши лозим.

Бунда дастлабки киритилган закалат суммаси кўчма савдо жойи қийматига қўшиб ҳисобланади.

36. Кўчма савдо жойининг тўлиқ қиймати белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ғолибнинг закалат миқдори қайтарилмайди.

37. Кўчма савдо жойининг қиймати тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

38. Кўчма савдо жойининг қиймати тўланганлиги тасдиқлангангач, ғолибга автоматик тарзда «K – SAVDO» ААТ орқали кўчма савдо объектининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборилади.

39. Аукцион тугаллангандан сўнг закалат суммаси аукцион иштирокчиларига уч иш куни мобайнида қайтарилади, аукцион ғолиби бундан мустасно.

40. Рўйхатдан ўтган кўчма савдо жойи жойлашиш схемасида унинг кўчма савдо объектини жойлаштириш даврида бандлигини кўрсатувчи махсус белги билан белгиланади.

4-§. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тартиби

41. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси «K – SAVDO» ААТда жойлашиш схемасидан ташқарида савдолар ўтказмасдан рўйхатга олинади.

42. «K – SAVDO» ААТда транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлик субъекти тегишли электрон бланкни тўлдиради ва ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган миқдорда йиғим тўлайди.

Электрон бланкда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

транспорт воситасининг давлат рўйхатдан ўтказиш рақами белгиси;

савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 6 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили;

кўчма савдо субъекти, унинг ходимлари, амалга ошираётган фаолияти, шунингдек уни амалга ошириш жараёнида фойдаланадиган асбоб-ускуналари ва транспорт воситаси қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигининг тасдиғи.

43. Рўйхатдан ўтиш учун ундириладиган йиғимнинг тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

44. Электрон бланк тўлдирилгач, «K – SAVDO» ААТ тадбиркорлик субъекти томонидан киритилган маълумотларни онлайн тарзда қайта ишлайди ва кўчма савдо объектининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборади.

45. Рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи электрон ҳужжат тадбиркорлик субъектининг электрон почта манзилига ҳам юборилади.

46. Тадбиркорлик субъектида кўчма савдони амалга ошириш учун бир нечта транспорт воситалари мавжуд бўлса, рўйхатга олиш ҳар бир транспорт воситаси бўйича алоҳида амалга оширилади.

5-§. Кўчма савдо субъектлари ҳисобини юритиш тартиби

47. Ваколатли орган электрон шаклда юритиладиган Кўчма савдо объектлари реестрида (кейинги ўринларда – реестр) кўчма савдо объектларининг ҳисобини юритади.

48. Реестрга ҳар бир рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо объекти бўйича қуйидаги маълумотлар киритилади:

рўйхатга олиш санаси ва унинг рақами;

юридик шахснинг тўлиқ номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасининг давлат рўйхатдан ўтказиш рақами белгиси тўғрисидаги маълумотлар (транспорт воситаси орқали кўчма савдо амалга оширилганда);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври;

кўчма савдо объекти жойлашган жой.

49. Ушбу Низомнинг 48-бандида кўрсатилган маълумотлар реестрга ваколатли органнинг келиб тушган маълумотларни ҳисобга олиш учун масъул бўлган ходими томонидан киритилади.

50. Кўчма савдо объектлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспексияси;

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмаларга юборилади.

6-§. Кўчма савдони амалга ошириш даврининг тугатилиши ва кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатларини узайтириш

51. Кўчма савдони амалга ошириш жойини ўзгартириш кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган умумий тартибда амалга оширилиши мумкин.

52. Ваколатли орган кўчма савдо объектини реестрдан қуйидаги ҳолларда чиқариб ташлашга ҳақли:

ушбу кўчма савдо объекти бўйича тақдим этилган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда;

юридик шахс тугатилганда, жисмоний шахс томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолиятининг тугатганда;

кўчма савдо субъекти томонидан мазкур кўчма савдо объектидан фойдаланган ҳолда кўчма савдони амалга оширишни тўхтатганлиги тўғрисида хабарнома киритилганда.

53. Реестрдан чиқариш кўчма савдо субъектининг кўчма савдо объекти жойлаштирилган жойда кўчма савдони амалга ошириш ҳуқуқини йўқотишига олиб келади. Реестрдан чиқариш қайта рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмайди.

54. Рўйхатдан ўтишда кўрсатилган кўчма савдо объектини жойлаштириш даври тугагач, тадбиркорлик субъекти кўчма савдо жойини бўшатиши лозим.

55. Тегишли савдо жойида кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини икки мартадан ортиқ узайтиришга йўл қўйилмайди. Бунда кўчма савдо субъекти кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати тугагунга қадар «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини узайтириш тўғрисидаги электрон бланкни тўлдириши лозим.

Электрон бланкни тўлдирилгандан сўнг ҳамда ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган миқдордаги ҳақ тўлангандан кейин, «K – SAVDO» ААТ кўчма савдо субъектининг электрон почта манзилига кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати узайтирилганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборади.

IV боб. Якунловчи қоидалар

56. «K – SAVDO» ААТда жойлаштирилган маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.

57. Кўчма савдо объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш истеъмолчи ёки суб-истеъмолчи сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

58. Аукцион савдолари ўтказилишидан олинган йиғимлар ва пул маблағлари суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи ваколатли органнинг махсус ҳисоб рақамига;

80 фоизи тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

59. Ушбу Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «___» ___________даги

_____-сон қарорига 2-илова

 

 

«K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар

рўйхати

 

1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспексияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

2. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «___» ___________даги

_____-сон қарорига 2-илова

 

 

Ўз кучини йўқотган деб топилган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари

РЎЙХАТИ

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 июлдаги «Кўчма савдога рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 233-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 7-сон, 64-м.).

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил
1 февралдаги ПҚ–2750-сон қарори)»ги 252-сон қарорига
1-илованинг
21-банди.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПҚ-3430-сон қарори)»ги 40-сон қарорига илованинг 19-банди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «___» ___________даги

_____-сон қарорига 2-илова

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда:

а) 2-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «нақд пулга» сўзларидан сўнг «ёки банк пластик карталари орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;

б) 19 ва 31-бандларнинг иккинчи хатбошиларидаги «турғун савдо шохобчаларидан ташқарида» сўзларидан сўнг «шунингдек савдо автоматларидан фойдаланган ҳолда» сўзлари билан тўлдирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида:

а) 3-бандда:

иккинчи хатбошидаги «нақд пулга» сўзларидан сўнг «ёки банк пластик карталари орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;

бешинчи хатбошидаги «ларёклар» сўзларидан сўнг «савдо автоматлари» сўзлари билан тўлдирилсин;

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«савдо автомати – нақд пул ёки бошқа тўлов воситаларини қабул қилгандан сўнг, сотувчининг иштирокисиз товарлар бериш орқали хизмат кўрсатувчи савдо ускунаси (vending machine). Савдо автомати турғун ёки кўчма савдо объекти шаклида бўлиши мумкин»;

тўққизинчи–ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи–ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 21-банднинг иккинчи хатбошидаги «кўчма савдо объектларида» сўзларидан сўнг «(савдо автоматларидан ташқари)» сўзлари билан тўлдирилсин;

в) қуйидаги мазмундаги XVII2 боб билан тўлдирилсин:

 «XVII2. Савдо автоматидан фойдаланган ҳолда чакана савдо қилишнинг хусусиятлари

18710. Савдо автоматлари, қоида тариқасида, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда (таълим муассасалари, шифохоналар, маъмурий бинолар, савдо комплекслари, вокзаллар, аэропортлар, пиёдалар йўли, майдонлар, боғлар
ва бошқ.) жойлаштирилади.

Савдо автоматини жамоат тартибини сақлашга, йўловчилар ва транспорт воситалари ҳаракатига халақит бериши мумкин бўлган жойларда ўрнатишга йўл қўйилмайди.

18711. Савдо автомати муайян жисмоний ёки юридик шахсга тегишли ҳудудига ўрнатилганда, савдо автомати фаолияти учун зарур бўлган электр энергияси харажатларини қоплаш ва бошқа масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда тузиладиган шартномада белгилаб қўйилади.

Электр энергиясидан фойдаланишда савдо автомати  эгаси истеъмолчи ёки субистеъмолчи сифатида қатнашиши мумкин.

18712. Савдо автоматларини жойлаштириш учун рухсатнома олиш талаб қилинмайди.

18713. Савдо автомати орқали алкогол ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, сотиш учун алохида лицензия ёки рухсатнома талаб килинадиган товарлар сотиш тақиқланади.

18714. Савдо автоматлари орқали савдо қилиш нақд пул ёки бошқа тўлов воситалари  орқали амалга оширилади.

18715. Савдо автоматида ундан фойдаланиш тартиби ҳамда савдо автоматига техник хизмат кўрсатувчи шахслар билан боғланиш ҳақидаги маълумотлар давлат тилида ва тушунарли шаклда жойлаштирилган бўлиши лозим.

Савдо автоматида ушбу маълумотларнинг бошқа тилларга таржимаси ҳам жойлаштирилиши мумкин.

18716. Савдо автомати ёруғ, тоза, шунингдек, дренаж, қувурлар ва бошқа зарар етказувчи воситалардан  ҳоли бўлган жойга жойлаштирилади.

Савдо автоматидаги ҳарорат унда сақланадиган маҳсулотларнинг турига қараб белгиланади.

18717. Озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо автомати чанг, ҳашаротлар, кемирувчилар ва бошқа зарарловчи манбалардан ҳимояланган бўлиши, ҳар куни тозаланиши ҳамда унинг техник ва санитария-гигиена қоидаларига мувофиқлиги назорат қилиб борилиши лозим.

18718. Cавдо автомати орқали сотиладиган барча озиқ-овқат маҳсулотлари қонун ҳужжатларига, ўрнатилган стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилган, қайта ишланган ва қадоқланган, шунингдек уларнинг санитар-гигиеник талабларга мувофиқ ва сифати бузилмаган ҳолда сақланиши ҳамда товарларни ёнма-ён сақлаш тартибига риоя қилиниши таъминланган бўлиши лозим.

Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари (масалан, крахмал ёки крем-тўлдирилган қандолат маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, балиқ, парранда маҳсулотлари ва улардан тайёрланган бошқа маҳсулотлар) савдо автоматлари орқали сотилишида уларни ишлаб чиқарувчи томонидан қадоқланган идишлари (қопламалари) бузилмаган бўлиши керак.

18719. Газланган ичимликлар тарқатадиган ва сув таъминотига уланган барча савдо автоматларида контейнер клапанлари ёки бошқа қурилмалар, шу жумладан сув билан алоқа қилувчи юзалар токсик моддалар ишлаб чиқаришга қаршилик қиладиган материаллардан иборат бўлиши керак.

18720. Савдо автомати эгаси унинг ёнида чиқинди ташлаш учун мўлжалланган идиш бўлишини таъминлаши шарт”.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарори билан тасдиқланган Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифалари рўйхатининг 2-банди қуйидаги мазмундаги «г» банд билан тўлдирилсин:

«г) савдо автоматидан фойдаланган ҳолда чакана савдони амалга оширадиган».

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхатининг 19-банди чиқариб ташлансин (Ўзбекистон Республикаси қарорлари тўплами, 2013 й., 8-сон, 55-м.).

Умумий таклифлар

295