ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10164 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 13/11/2019 28/11/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
2020- 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-10164

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

2020- 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бино-иншоотлардан ва ер майдонларидан самарали фойдаланиш, туманда мавжуд боғ ва узум майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолининг, хусусан хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2019-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;

туманда мева ва сабзавот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, самарасиз, эскирган боғ ва токзорларни янгилаш, агрокластерлар ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;

аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан, ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш ишларини жадал ривожлантириш;

туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш.

3. Қуйидагилар:

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 2-иловага мувофиқ;

2020- 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини яхшилаш ва электр энергия, табиий газ, ичимлик сув ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш дастури 3-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, замонавий объектлар қуриш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар дастури 4-4.1-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ирригация ва мелиорация тизимларини яхшилаш борасида амалга ошириладиган ишлар дастури 5-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида кўп қаватли уй-жойлар қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш дастури 6-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида самарасиз эскирган боғ ва узумзорларни янгилаш ва интенсив боғлар ташкил этиш дастури 7-8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Олтинсой туманининг Хидиршо ва Обшир маҳалла фуқаролар йиғини марказига “Хазирбоғ” каналидан 250-300 л/сек сув чиқариш учун 2020 йил 1-чорагида сув чиқариш насос станцияси қурилишини давлат дастурига киритиш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки боғдорчилик ва узумчилик фермер хўжаликлари ҳамда кичик бизнес субъектларига қулай банк хизматлари кўрсатишга шароит яратиш мақсадида туманда ДАТБ Асака банки, ТИФ Миллий банки ва АТБ Микрокредит банк филиалларини ташкил этсин.

6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб борсин ва мувофиқлаштирсин;

барча параметрлар бўйича мониторинг олиб борилишини ташкил этсин ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор амалий чоралар кўрсин;

зарурат бўлганда, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга тегишли ўзгартиришлар киритсин.

7. Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун лойиҳа ташаббускорларига белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан, чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги мазкур 2020-2022 йиллар давомида Дастурга киритилган лойиҳаларни ҳар бир йил учун асосий кўрсаткичларини аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда, келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда инобатга олинишини таъминласин.

9. “Давергеодезкадастр” қўмитаси:

Дастурига киритилган лойиҳаларга истисно тариқасида тўғридан-тўғри (аукционсиз) ер майдони ажратишга рухсат берсин;

туман маркази бош режасида кўп қаватли уй жойлар, саноат зонаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги харитасидаги 331-контурдаги 2,9 гектар, 336- контурдаги 3,9 гектар, 331-контурдаги 2,9 гектар, 336- контурдаги 3,9 гектар, 345- контурдарги 3,5 гектар, 475-контурдаги 3,6 гектар ҳамда 262-контурдаги 3,0 гектар жами 16,9 гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги ер фонди балансидан чиқарсин.

10. Автомобиль йўллари қўмитаси туман марказидан ўтувчи ва асосий йўл ҳисобланадиган Мустақиллик кўчасини 4,2 км қисмини умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари туркумига киритсин.

11. Сув хўжалиги вазирлиги “Ҳазарбоғ-Оққапчиғай” каналининг “Ислом тараққиёт банки” маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинаётганлигини инобатга олиб, каналнинг туман марказидан ўтадиган қисмидаги мавжуд кўприкларни замонавий лойиҳалар асосида реконструкция қилишни ҳамда республика Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 5 қаватли 150 ўринли замонавий санатория қурилаётганлиги сабабли аҳоли ва транспорт воситаларини ўтиб қайтиши ҳамда инфратузилмани яхшилаш мақсадида “Ҳазарбоғ-Оққапчиғай каналлари тизимини қайта ишлаш” лойиҳасига кўприк қурилишини қўшимча равишда киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда аҳолини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминлаш бўйича муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, Дастур доирасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари асосида ишлаб чиқариш корхоналарининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига ўрнатилган тартиб ва ўз вақтида уланишини ҳамда уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, талаб этиладиган табиий газ ва электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

13. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда манзилли рўйхат параметрларининг сўзсиз бажарилишини ҳамда бу борада инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида
ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;

ҳар чорак якуни бўйича Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида
ва сифатли бажарилиши юзасидан лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлигини халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари йиғилишларида муҳокама қилсин ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борилишини таъминласин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири А.Ж.Раматов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов зиммасига юклансин.

 

ЎзбекистонРеспубликасининг Бош вазири                                                                                                                  А. Арипов

Умумий таклифлар

137