ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10066 Министерство юстиции Республики Узбекистан 11/11/2019 26/11/2019 9

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Низоларни судгача ҳал этишнинг самарали механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-10066

Мамлакатда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг янги механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойларда эса Халқ қабулхоналари ташкил этилди, ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизими мавжуд эмаслигини, ҳакамлик судлари ҳамда медиация ҳанузгача фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўлган низоларни ҳал этувчи муқобил институтларга айлана олмаётганлигини кўрсатмоқда. Жумладан:

биринчидан, давлат органлари фаолиятида мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатлари сақланиб қолаётганлиги судларда иш ҳажмининг сунъий равишда ортиб кетишига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, давлат органлари тизимида низоларни судгача ҳал қилиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқадиган, соҳага оид қонунлар қўллашнинг низоли масалалари бўйича хулосалар берадиган ҳамда қонунларда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўрадиган коллегиал орган мавжуд эмас;

учинчидан, медиация механизмларини қўллаш, низоларни медиаторлар ва ҳакамлик судлари орқали ҳал этиш афзалликлари ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлик даражаси пастлигича қолмоқда;

тўртинчидан, ҳакамлик судьяси лавозимига номзодлар тайёрлаш
ва уларнинг малакасини оширишнинг самарасиз тизими, олий таълим муассасаларида медиация бўйича ўқув курсларининг мавжуд эмаслиги уларда зарур амалий кўникмалар шаклланишига йўл қўймаяпти;

бешинчидан, тадбиркорлик субъектлари томонидан низоларни ҳал этадиган ҳакамлик судларини ташкил этиш имконияти мавжудлиги, ҳакамлик судининг қарорини ижро этиш бўйича ижро варақасини олишнинг мураккаб жараёни ушбу судлар томонидан объектив қарорлар қабул қилинишига, шунингдек уларнинг тезкор ижро этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда;

олтинчидан, оилани мустаҳкамлаш, низоли ҳолатлар
ва ажрашишларнинг олдини олиш соҳасида медиация ниститутининг имкониятларидан етарли фойдаланилмаяпти.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек иқтисодий судлар
ва фуқаролик ишлар бўйича судларда иш ҳажмини камайтиришда медиация институти ва ҳакамлик судларининг ролини тубдан ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб эксперимент тартибида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Андижон, Бухоро ва Тошкент вилоят ҳокимликларида низоларни судгача ҳал қилиш апелляция кенгашларини (кейинги ўринларда Апелляция кенгаши деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қонун ҳужжатларини қўллашда низоли масалалар юзасидан хулосалар чиқариш;

қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлашда жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўриш;

низоларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.

3. Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) натижасида
ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари вертикал бўйлаб давлат органининг барча бўғинларида кўриб чиқилгандан сўнг Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартиби ўрнатилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 майига қадар муддатда эксперимент доирасида ўрнатилган тартибнинг ижобий якунлари бўйича уни кейинчалик давлат органларида жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасидаги барча ҳакамлик судьяларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

6. Маълумот учун қабул қилинсинки, қуйидагилар Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

ҳакамлик судьялари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг касбий тайёргарлиги ва малака оширишини ташкил этиш;

доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судьялари томонидан ишларнинг кўрилиши ҳамда ҳакамлик судларининг даврий ҳисобдорлигини мониторинг қилиш;

ҳакамлик судьяларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳакамлик судьялари томонидан кўрилган ишлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ҳакамлик суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш;

ҳакамлик суд ишлари юритишни оммалаштириш, хорижий давлатлар ҳакамлик судлари билан маълумотлар алмашиш, халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш, ушбу соҳада ривожланган халқаро тажрибани ўрганиш ва уларни Ўзбекистонда тадбиқ этиш борасида кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда ҳакамлик суд ишларини юритиш бўйича бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик ва маълумот алмашинувини йўлга қўйиш;

ҳакамлик судлари фаолияти ва ҳакамлик суд ишларини юритишдаги долзарб масалалар бўйича семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш.

7. Белгилансинки, 2020 йил 1 апрелдан:

ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий маълумотга эга бўлган, низоларни холис ҳал қилиниши таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик келишуви тарафларидан мустақил бўлган ҳамда ҳакамлик судьясининг мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси бўлиб сайланиши (тайинланиши) мумкин;

доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик иш стажига эга бўлган олий юридик маълумотли ходимлари белгиланган стажировкани ўташдан озод қилинган ҳолда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун малака имтиҳонида талабгор сифатида иштирок этишга ҳақли;

ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахснинг илтимосига асосан бевосита ҳакамлик суди томонидан ҳам берилади;

ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза билан ваколатли судга мурожаат қилинганда белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланади;

ҳакамлик суди мажлислари тарафларнинг илтимосига кўра видеоконференция режимида ўтказилиши мумкин.

8. 2020 йил 1 июлдан низоларни медиация орқали ҳал этиш чораларини кўрган тарафларга қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:

судларда иш юритиш жараёнида тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, тўланган давлат божи:

биринчи инстанция судида 100 фоиз миқдорда;

апелляция инстанцияси судида 75 фоиз миқдорда;

кассация инстанцияси судида 50 фоиз миқдорда тегишли тарафга қайтарилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда профессионал медиаторликни касб сифатида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторига киритсин.

10. Белгилансинки, профессионал медиаторларнинг даромадларига жисмоний шахсларнинг даромадларига белгиланган ставка бўйича солиқ солинади.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси аъзоларининг оилавий низоларни ҳал этишда медиация тартиб-таомилини қўллаш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан мунтазам семинар-тренинглар ташкил этиб борсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши:

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Судьялар олий мактабида доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судьяларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш курсларини (шартнома асосида) ташкил этсин;

2020 йил 1 мартга қадар низоларни судгача ҳал қилиш ва ишларни ҳакамлик судларида юритиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, замонавий таълим технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқув режалари ва дастурларини қайта кўриб чиқсин;

фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судьялар ҳамда захирага киритилган судьялик лавозимига номзодларни ўқитишда ўқув режа ва дастурларида медиация бўйича ўқув курси киритилишини назарда тутсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда профессионал медиаторлар, ҳакамлик судьяларини ҳамда уларнинг тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга масъул бўлган ходимларни низоларни судгача ҳал этиш институтлари ривожланган хорижий давлатларга стажировкага босқичма-босқич юбориш бўйича беш йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда низоларни ҳал этишда ҳакамлик судлари ва медиация институтининг афзалликларига бағишланган ижтимоий роликлар, телевидениеда туркум кўрсатувлар, плакатлар ва баннерлар, фильмларни тайёрлаш чораларини кўрсин;

2020 йилнинг апрель-май ойларида Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро конференция ташкил қилиниши ва ўтказилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда фуқаролик муносабатларидан келиб чиқадиган иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларига тааллуқли бўлган айрим низоларни кўриб чиқишни ҳакамлик судларининг ваколатига ўтказиш юзасидан таклиф киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда:

медиация жараёнини ўтказиш ва медиацияни қўллаш бўйича намунавий битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Умумий таклифлар

1137