ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1003 Национальное агентство "Узбеккино" 23/10/2018 07/11/2018 8

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Кинематография тўғрисида
ID-1003

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади кинематография соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдан иборат.

2-модда.  Кинематография тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Кинематография тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазкур Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Мазкур Қонун телерадиоэшиттириш, шунингдек телевизион фильмларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасидаги муносабатларга нисбатан тадбиқ қилинмайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг кинематография тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

кинематография – санъат йўналиши бўлиб, у ўз ичига фильмни ишлаб чиқариш, тарқатиш, сақлаш, намойиш қилиш ва фойдаланишга қаратилган касбий, ижодий, ишлаб чиқариш, илмий, техникавий, таълим, ахборот ва тарбиявий жараёнларни қамраб олади;

кинематография тадбирлари – фуқаролар, айниқса ёшларнинг эстетик, маънавий, аҳлоқий ва ватанпарварлик тарбиясига, кино санъатини оммалаштириш, шунингдек кинематография соҳасидаги бошқа масалаларнинг ечимига қаратилган кинофестиваллар, семинарлар, киномаърузалар, кино кунлари ва кинематография соҳасидаги бошқа тадбирлар;

кинематография ташкилоти – асосий фаолият тури сифатида фильмни ишлаб чиқариш, прокат қилиш, оммавий намойиш қилиш ва сақлаш билан боғлиқ кинематография фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;

кинематография фаолияти – фильмни ишлаб чиқариш, оммавий намойиш этиш, тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ бўлган санъат ва маданият соҳасидаги фаолият йўналиши;

кинолойиҳа – фильм ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун асос бўладиган ҳужжатлар мажмуаси;

киносолнома – ҳужжатли сюжетлар, даврнинг ўзига хос (асосан ўтаётган) хусусиятлари, жой, вазият, шу жумладан келгусида фильм ишлаб чиқаришга мўлжалланган давомли тасвирга олишлар;

фильм – бадиий, хроникал-ҳужжатли, илмий-оммабоп, таълим, анимацион ёки бошқа ижодий ўй-фикр асосида яратилган, киноплёнка ёки бошқа моддий ташувчиларда мужассамланган ва мавзу жиҳатдан бир бутун боғланган тасвирлар (кадрлар) тўлиқ кетма-кетликда овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз ва махсус техник қурилма ёрдамида идрок қилишга мўлжалланган аудиовизуал асар;

фильмнинг прокати – фильмни ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситаларда вақтинчалик фойдаланиш учун бериш;

фильмни оммавий намойиш этиш – фильмни кинозаллар ёки бошқа махсус жиҳозланган хоналар (жойлар)да техник воситалар ёрдамида намойиш этиш;

фильмни тасвирга олиш гуруҳи – бевосита фильм ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ижодий, техник ва маъмурий ходимлар таркиби;

фильм ва киносолноманинг бошланғич материаллари – бошланғич киноплёнкалар, фильм негативи, контратипи, магнит фонограммалар, мусиқалар, шовқинлар оригинали, рақамли ташувчилардаги тасвирга олиш материалларининг асли ҳамда фильмни ишлаб чиқариш ва кўпайтириш учун зарур бўлган бошқа материаллар;

ҳамкорликда ишлаб чиқилган фильм – Ўзбекистон Республикаси ва (ёки) хорижий давлат ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг кинематография ташкилотлари томонидан кинематография фаолиятини амалга оширувчи хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган фильм

4-модда. Кинематография соҳасида ижодий фаолият эркинлиги

Кинематография соҳасида ижодий фаолият юритиш эркиндир ва ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

5-модда. Миллий фильм

Қуйидаги шартлар бир вақтда мавжуд бўлганда фильм миллий ҳисобланади:

фильмни ишлаб чиқариш, прокатга бериш ва оммавий намойиш этишдаги ҳаражалар сметаси бўйича умумий ишларнинг 60 фоизидан кам бўлмаган қисми Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган кинематография ташкилотлари томонидан амалга оширилса;

фильмни тасвирга олиш гуруҳи таркибининг 60 фоизидан кўпи Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳисобланса;

фильм Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тайёрланса, фильмда фойдаланилган хорижий тил бадиий ўй-фикрнинг ажралмас қисми ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно.

6-модда. Кинематографиянинг асосий принциплари

Кинематографиянинг асосий принциплари қуйидагилар:

кинематография соҳасида инсонийлик, ватанпарварлик, бағрикенглик ғояси, миллий-маданий ва маънавий қадриятларнинг устуворлиги;

фуқаролар, айниқса ёшларнинг эстетик, маънавий, аҳлоқий ва ватанпарварлик тарбиясига кўмаклашиш;

кинематография соҳасида ижодий фаолият эркинлиги, кинематография ташкилотларининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

миллий кинематографияни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш
ва рағбатлантириш;

миллий кинематография меросини асраб-авайлаш;

кинематография ташкилотларининг фильмни ишлаб чиқариш, прокатга бериш
ва оммавий намойиш этишдаги тенг ҳуқуқлилиги.

2-боб. Кинематография соҳасида давлат сиёсати ва давлат бошқаруви

7-модда. Кинематография соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Кинематография соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилар:

миллий кинематографияни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш
ва рағбатлантириш;

миллий кинематография меросининг энг яхши намуналарини қайта тиклаш шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлганларини қайтариш;

миллий кинематографиянинг технологик, ишлаб чиқариш, илмий, ахборот ва ўқув  базасини такомиллаштириш;

кинематография воситалари орқали инсонпарварлик, ватанпарварлик, бағрикенглик, умуминсоний, миллий-маданий ва маънавий қадриятларни тарқатиш;

кинематография ташкилотлари томонидан яратиладиган фильмларнинг техник сифати ва ғоявий-бадиий даражасини кўтаришга кўмаклашиш;

кинематография ташкилотлари, шу жумладан алоҳида шахсларнинг муаллифлик
ва турдош ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлаш;

кинематографияда касбий даражада бўлмаган ҳаваскорлар фаолиятига кўмаклашиш;

кинематография соҳасидаги хорижий ва халқаро кинематография ассоциациялари, фондлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

кинематография фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

кинематография соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишни таъминлайди;

миллий кинематографияни сақлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича давлат
ва мақсадли дастурларни тасдиқлайди;

фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома бериш, шунингдек фильмларнинг Давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди;

хорижий юридик ва жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кинематография фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартибини белгилайди;

давлат буюртмаси асосида фильмларни ишлаб чиқариш учун кинолойиҳалар танловини ўтказиш тартибини белгилайди;

кинозалларда намойиш қилинадиган фильмлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш Ягона ахборот тизими (кейинги ўринларда – Ягона ахборот тизими) тўғрисида Низомни ва унда бериладиган ахборотлар рўйхатини тасдиқлайди;

кинематография соҳасида мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш тартибини белгилайди;

кинематография соҳасида махсус ваколатли давлат органи фаолиятини мувофиқлаштиради ва йўналтиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Кинематография соҳасида махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари

“Ўзбеккино Миллий агентлиги (кейинги ўринларда – махсус ваколатли давлат органи) кинематография соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Махсус ваколатли давлат органи:

кинематография соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

миллий кинематография анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича давлат ва мақсадли дастурлар амалга оширилишини таъминлайди;

миллий кинематография меросининг энг яхши намуналарини қайта тиклаш шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлганларини қайтариш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Давлат фильмлар фонди тўғрисида Низом ва унда миллий фильмлар, ҳамкорликда ишлаб чиқилган фильмлар ва киносолномалар, шунингдек фильмлар ва киносолномаларнинг бошланғич материалларини сақлаш тартибини белгилайди;

кинематография соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

кинематография соҳасида тадбиркорлик ва рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

кинематография ташкилотларига кинолойиҳа, фильм ишлаб чиқариш, прокатга бериш ва оммавий намойиш қилишга, шу жумладан кинолойиҳани дастлабки кўриб чиқиш ва улар бўйича тавсиялар бериш орқали кўмаклашади;

фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома беради ва фильмлар Давлат реестрини юритади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида прокат қилиш ва оммавий намойиш этиш учун мўлжалланган миллий ва хорижий фильмларнинг мақбул нисбатини белгилаш
ва репертуарини шакллантириш масалаларини тартибга солади;   

хорижий юридик ва жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кинематография фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома беради;

давлат буюртмаси асосида фильмни ишлаб чиқариш учун кинолойиҳалар танловини ўтказади;

кинематография соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширади;

фильмларни ишлаб чиқариш ва прокат тизимини такомиллаштириш ва техник қайта жиҳозлаш, кинематография соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш чораларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинган фильмларни ноқонуний олиб кириш, улардан фойдаланиш, прокатга бериш ва оммавий намойиш этишни олдини олиш учун зарур чораларни амалга оширади;

кинематография фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик чораларини кўради.

Махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Кинематография фаолиятини амалга ошириш асослари ва уни ташкил қилиш

10-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кинематография фаолиятини   амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик ва жисмоний шахслар кинематография фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Хорижий юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда кинематография соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан бериладиган рухсатнома асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кинематография фаолиятини амалга оширади.

11-модда. Кинематография ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Кинематография ташкилотлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фильмлар ишлаб чиқариш учун маҳаллий ва хорижий юридик шахслар, шунингдек жисмоний шахслар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида  шартномалар  тузиш;

кинолойиҳаларни тайёрлаш;

ташкилот фаолиятини мустақил бошқариш, техник ва моддий базага эгалик қилиш;

махсус ваколатли давлат органига кинолойиҳаларни  киритиш, фильмни ишлаб чиқариш ва дастлабки кўриги юзасидан зарур тавсиялар олиш;

фильмдан фойдаланишда ўзининг исми (номи)ни кўрсатиш ёки буни талаб қилиши.

Кинематография ташкилотлари қонунчиликда ва ўзлари тузган шартномаларда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Кинематография ташкилотлари қуйидагиларга мажбур:

кинематография соҳасидаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган кинематография соҳасидаги техник тартибга солишга доир талабларга риоя қилиш;

шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил қилувчи маълумотларни фильмда унинг розилигисиз кўрсатишга йўл қўймаслик;

Кинематография ташкилотлари қуйидаги мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган фильмларни тайёрлашга йўл қўймасликка мажбур:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш, зўравонлик, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини, шунингдек порнография, гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш, шунингдек Ўзбекистон тўғрисида унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб  кўрсатиш  учун  фойдаланиш  мумкин  бўлган  нотўғри  ахборотларни   тарқатиш.

Кинематография ташкилотлари қонунчиликда ва ўзлари тузган шартномаларда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаришлари мумкин.

12-модда. Фильмни ишлаб чиқариш

Фильмни ишлаб чиқаришда қонунчиликда ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган кинематография соҳасидаги техник тартибга солишга доир талабларга риоя қилиниши шарт.

Тасвирга олиш гуруҳининг шахсий таркиби иштирокчилари фильмнинг чиқувчи маълумотларида (титрларида) кўрсатилади.

Кинематография ташкилоти мустақил равишда фильмни ишлаб чиқаришни молиялаш манбасини белгилаш, технологик база ва техник воситаларни танлашга ҳақли, фильмни ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириш ҳолатлари бундан мустасно.

13-модда. Давлат буюртмаси доирасида фильмлар ишлаб чиқариш

Давлат буюртмаси доирасида фильмлар ишлаб чиқариш кинолойиҳалар танловини ўтказиш ва унинг натижасида тузиладиган шартнома (кейинги ўринларда танлов натижасида тузиладиган шартнома) асосида амалга оширилади.

Давлат буюртмаси доирасида фильмлар йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини шакллантириш, шунингдек уни молиялаштиришда махсус ваколатли давлат органи давлат буюртмачиси сифатида иштирок этади.

Махсус ваколатли давлат органи давлат буюртмаси доирасида фильмларнинг йиллик ишлаб чиқаришнинг белгиланган ҳажмларини бажариш учун зарур бўлган кинолойиҳаларни шакллантиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштирилган фильмга нисбатан мутлақ ҳуқуқларнинг эгаси танлов натижасида тузиладиган шартномада белгиланади.

14-модда. Фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмнинг прокати ва оммавий намойиши кинематография ташкилотлари томонидан фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун олинган рухсатномалар асосида амалга оширилади.

Фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома фильм тўғрисида техник маълумотларни, фильм жанри ва уни ишлаб чиқарувчи ҳақида ахборотларни, шунингдек томошабинлар аудиториясининг ёш категорияси тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган ҳужжат ҳисобланади.

Фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома беришнинг асосий талаблари ва шартлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади;

кинематография соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатларда белгиланган кинематография соҳасидаги техник тартибга солишга доир талабларга риоя қилишнинг шартлиги;

фильмларнинг умум тан олинган касбий мезонларига ва кино санъатининг эстетик-бадиий талабларига мос бўлиши;

фильмларда Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш, зўравонлик, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини, шунингдек порнография, гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилишга йўл қўймаслик;

фильмларда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш, шунингдек Ўзбекистон тўғрисида унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш учун фойдаланиш мумкин бўлган нотўғри ахборотларни тарқатишга йўл қўймаслик;

фильмларда яширин кўринишлар ва бошқа техник усулларга, шунингдек инсон онгига таъсир кўрсатувчи ва (ёки) уларнинг руҳий соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотларни тарқатиш усулларига йўл қўймаслик;

фильмларда ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи саҳналарга йўл қўймаслик, шунингдек ёт ғоялар ҳамда иллатларни тарғиб қилувчи, сифати паст бўлган фильмлар намойишига йўл қўймаслик.

Фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома олмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмнинг прокати ва оммавий намойишига йўл қўйилмайди.

Фильмни оммавий намойиш қилиш фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун берилган рухсатномада кўрсатилган томошабинлар аудитория ёшига мос ҳолда амалга оширилиши шарт. Фильмни оммавий намойиш қилишда томошабинлар аудиторияси ёшига етмаган шахсларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.

Фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

15-модда. Кинематографияни молиялаштириш манбалари

Кинематографияни молиялаштириш манбалари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари;

банклар ва молия ташкилотлари томонидан бериладиган кредитлар;

хорижий инвестиция маблағлари;

ҳомийлик маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

4-боб. Кинематография фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ҳисобини юритиш, фильмлар ва киносолномаларнинг бошланғич материалларини сақлаш

16-модда. Ягона ахборот тизими

Ягона ахборот тизими фильмга нисбатан муаллифлик ва мутлақ ҳуқуқларни, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда махсус ваколатли давлат органини фильмлар прокати ва оммавий намойиши бўйича ички бозорнинг ҳолати тўғрисида тўғри ва тезкор ахборот билан таъминлашга мўлжалланган.

Фильмни кинозалларда оммавий намойиш қилишни амалга оширувчи кинематография ташкилоти ҳар бир сеанс ва сотилган чипталарга доир маълумотни Ягона ахборот тизимига киритиши шарт. Кўрсатилган маълумотлар фильм намойишида фойдаланилган қатъий ҳисоби юритиладиган бланк сифатида чиптада мавжуд бўлган маълумотларга тўлиқ мувофиқ бўлиши шарт.

Кинематография ташкилоти кинозалларга фильмни намойиш қилишда сотилган ҳар бир чиптага доир маълумотларни автоматик режимда Ягона ахорот тизимига жўнатишни таъминловчи асбоб-ускуналар, дастурий-аппаратура воситаларини олиш, ўрнатиш, улаш ва фойдаланишни мустақил равишда ва ўзининг ҳисобидан амалга оширади. Ягона ахборот тизими оператори функциясини давлат эҳтиёжларини таъминлаш учун товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш соҳасида қонунчиликда белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган шахс бажаради.

Ягона ахборот тизими тўғрисида Низом ва унда бериладиган ахборотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

17-модда. Фильмларнинг давлат реестри

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган, шунингдек Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган барча фильмлар фильмнинг прокати ва оммавий намойиши учун рухсатнома олингандан сўнг фильмларнинг Давлат реестрига киритилади, кинематография тадбирларида намойиш қилинган фильмлар бундан мустасно.

Фильмларнинг Давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Фильмларнинг Давлат реестрида мавжуд бўлган маълумотлар махсус ваколатли давлат органининг ахборот ресурсларида жойлаштирилади ҳамда жисмоний ва юридик шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, давлат органи учун очиқ ҳисобланади. Кўрсатилган маълумотлар муайян фильм ҳақида кўчирма тарзида текинга тақдим қилинади.

18-модда. Фильмлар ва киносолномаларнинг бошланғич материалларини сақлаш

Давлат миллий маданий мероснинг ажралмас қисми сифатида миллий фильмлар, киносолномалар, ҳамкорликда ишлаб чиқарилган фильмлар, шу жумладан миллий фильмлар ва киносолномаларнинг бошланғич материаллари сақланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.

Фильмлар ва киносолномалар ишлаб чиқарувчилар фильмларнинг ҳисоби юритилиши ва сақланишини, шунингдек шартнома асосида мақсадли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида миллий фильмлар, ҳамкорликда ишлаб чиқарилган фильмлар ва киносолномаларни, шунингдек фильмлар
ва киносолномаларнинг ҳамда уларнинг бошланғич материалларини икки нусхадан Ўзбекистон Республикаси Давлат фильмлар фондига тижорат мақсадида фойдаланиш ҳуқуқисиз топширади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат фильмлар фондида миллий фильмлар, ҳамкорликда ишлаб чиқарилган фильмлар ва киносолномалар, шунингдек фильмлар
ва киносолномаларнинг бошланғич материалларини сақлаш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

19-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат фильмлар фонди

Ўзбекистон Республикасининг Давлат фильмлар фонди ҳуқуқ эгаларига фильмлар ва киносолномаларнинг бошланғич материалларидан эркин ва текин фойдаланишлари учун имконият яратиб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат фильмлар фонди ўзига берилган
ва сақланаётган миллий фильмлар, киносолномалар ва ҳамкорликда ишлаб чиқарилган фильмлар, шу жумладан миллий фильмлар ва киносолномаларнинг бошланғич материаллари сақланиши, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя қилиниши, техник ҳолати ва уларнинг профилактикаси учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат фильмлар фонди ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат фильмлар фонди тўғрисидаги Низом махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

5-боб. Кинематографияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

20-модда. Кинематографияни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Фуқароларнинг кино санъатидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш, уларни эстетик, маънавий, аҳлоқий жиҳатдан тарбиялаш, таълим ва тарбия бериш мақсадида давлат кинематографияни қўллаб-қувватлашни амалга оширади.

Кинематографияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидагича амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кинематографияни, шу жумладан давлат буюртмаси доирасида миллий фильмлар
ва киносолномалар ишлаб чиқаришни молиялаштириш;

кинематография ташкилотларининг замонавий моддий-техника базасини шакллантиришни таъминлаш;

кинематография ташкилотларига моддий-техника ва ахборот ресурслари, шунингдек илмий-тадқиқот ва техник ишланмалардан фойдаланишлари учун шароит яратиш, янги базалар, марказлар ва кинематографиянинг бошқа объектларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш;

кинематография соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

кинематография тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашиш;

кинематография соҳасида халқаро ҳамкорликка кўмаклашиш.

Давлат буюртмаси доирасида фильмлар ишлаб чиқариш даврида кинематография касбидаги фуқаролар бандлигини ва уларнинг белгиланган умумфуқаролик ижтимоий имтиёзлардан тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган кинематография ходимларининг тармоқ касаба уюшмаларига юклатилади     

Кинематографияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

21-модда. Кинематографияни давлат томонидан молиялаштириш

Миллий фильмлар ва киносолномалар ишлаб чиқаришни давлат томонидан молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман ва (ёки) тўлиқ молиялаштириш орқали амалга оширилади.

Давлат буюртмаси доирасида фильмларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларини давлат томонидан молиялаш ҳаражатлар сметаси ҳамда танлов натижасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Давлатнинг молиялаштириш маблағларидан давлат контрактида кўрсатилган мақсадлардан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.

22-модда. Кинематография мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

Кинематография мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда муайян кинематография фаолияти бўйича уч йилда камида бир маротаба малакасини ошириши шарт.

Кинематография мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таъминлаш таълим муассасалари, махсус ваколатли давлат органи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

23-модда. Кинематография соҳасида жамоатчилик кенгашлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ўзаро муносабати

Махсус ваколатли давлат органи ҳузурида маданият ва санъат арбоблари, олимлар, мутахассислар ва бошқа манфаатдор шахслардан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари тузилиши мумкин. Жамоатчилик кенгашлари кинолойиҳалар,  шунингдек кинематографиянинг бошқа масалаларини кўриб чиқади ва улар юзасидан тавсиявий хулосалар тайёрлайди. Ваколатли давлат органи ҳузурида тузиладиган кинематография соҳасидаги жамоатчилик кенгашларининг ишлаш тартиби, ушбу жамоатчилик кенгашининг таркиби махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Давлат нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кинематография соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига мувофиқ олиб боради.

6-боб. Кинематография соҳасида халқаро фаолият

24-модда. Кинематография соҳасида халқаро ҳамкорлик

Кинематография соҳасида халқаро ҳамкорлик қонун ҳужжатларига
ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Кинематография соҳасида халқаро ҳамкорлик миллий ва жаҳон кино санъатининг энг яхши намуналарини, шунингдек кинематография соҳасида технологик ишланмаларни алмашиш, ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқариш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида миллий фильмлар прокати ва оммавий намойишини, кинематография тадбирларини ўтказиш, шу жумладан кинематография соҳасида халқаро ҳамкорликнинг бошқа шаклларини назарда тутади.

25-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг кинематография соҳасида фаолият юритиши

Хорижий юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси кинематографиясини ривожлантириш, шу жумладан унга инвестиция маблағларини киритиш орқали иштирок этиши мумкин.

Давлат Ўзбекистон Республикаси кинематографиясини ривожлантиришда иштирок этаётган ва унга инвестиция маблағлари киритган хорижий юридик
ва жисмоний шахсларга улар фаолиятини амалга оширишлари учун қулай шароитлар яратилишини кафолатлайди.

7-боб. Якуний қоидалар

26-модда. Низоларни ҳал қилиш

Кинематография соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бузилишига доир низолар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

27-модда. Кинематография тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Кинематография тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

28-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши тартиби

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Умумий таклифлар

736