ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10027 Хокимият Навоийской области 11/11/2019 26/11/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Республика бўйсунувидаги Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида
ID-10027

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон Фармонига мувофиқ, Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 2020-2022 йилларда бажарилиши белгилаб олинган асосий тадбирларни амалга ошириш ҳамда шаҳарни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Республика бўйсунувидаги Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур деб аталади) тасдиқлансин:

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини комплекс ривожлантириш, саноат маҳсулотлари, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари, хусусан аёллар учун иш ўринларини яратиш, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлардан, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тадбирлари 2-иловага мувофиқ;

муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантиришга ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар 3-иловага мувофиқ;

мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини моддий-техник таъминотини юқори даражага кўтариш, ушбу соҳаларда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда қамрови даражасини кескин ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга асос яратувчи халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маърифат соҳалари бўйича комплекс тадбирлар 4-иловага мувофиқ;

ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш, шаҳар аҳолисига муносиб яшаш шароитини яратиш бўйича комплекс тадбирлар 5-иловага мувофиқ.

2. Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби (кейинги ўринларда – Республика ишчи гуруҳи деб аталади) 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ишчи гуруҳи (Р.Жалилов):

тегишли давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларга амалга оширилишини таҳлил қилиб борсин ва мувофиқлаштирсин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда ўрганиб борсин ва уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чора-тадбирларни кўрсин;

зарурият бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

3. Зарафшон шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар этиб қуйидагилар белгилансин:

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, булварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;

архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал ҳизмат кўрсатишни жорий этиш; 

муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва канализация тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги массивларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;

ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

автомобиль транспортида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда ташувчилар томонидан замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш учун имтиёзли банк кредити маблағларини ажратиш;

экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш, бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарларда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;

ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, жиҳозларини янгилаш, мутахассисларни малакасини ва хизмат маданиятини ошириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини кескин ошириб, бу соҳада хусусий сектор улуши кўпайтириш;

замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;

хотин-қизларни турли касбларга ўргатиш ҳамда қизларни ҳаёт мактабига тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш;

аҳолининг маънавияти ва маданиятини янада юксалтириш билан боғлиқ тизимли тадбирларни амалга ошириш, хусусан қаровсиз қолган ва зарур даражада фойдаланилмай турган маданият ва санъат саройларини янгидан таъмирлаб, соҳа учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш; 

ўсиб келаётган ёшларни спортга кенг жалб этиш учун давлат умумтаълим мактабларининг спорт майдонлари ҳамда спорт залларида дарсдан ташқари вақтларда давлат шерикчилик асосида ташаббускорлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда аҳолининг кенг қатламини, айниқса ёшларни спортга жалб этиш;

шаҳар ичидан оқиб ўтувчи сув бўйи ҳудудларини ободонлаштириш, аҳоли кўнгил очар масканларини, сайилгоҳларни барпо этиш;

кўп қаватли уйлар орасида сунъий қопламали футбол, баскетбол майдонлари ва майдончалари, болалар майдончалари барпо этиш ҳамда дам олиш, ҳордиқ чиқариш ўриндиқларини ўрнатиш;

аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун замонавий парклар барпо этиб, уларда замонавий кўнгилочар хизмат кўрсатиш турлари ташкил этиш;

аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ҳамда кейинги йилларда ишсизлик даражасини пасайтириш мақсадида, тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини жадал ривожлантириш;

саноат тармоқларини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини кескин ошириш, маҳаллий хом ашёдан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали шаҳар иқтисодиётига валюта тушумини кўпайтириш борасида самарали ишларни ташкил этиш;

мавжуд кичик саноат зоналари иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, янги ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш йўли билан саноат зоналарини ташкил этиш;

солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетга даромадлар тушумини кескин ошириш.

4. Навоий вилояти ҳокимлиги, Зарафшон шаҳар ҳокимлиги тегишли давлат ва хўжалик бошқарув органлари, тижорат банклари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда Дастурдаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда тармоқ жадваллари ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

6. Навоий вилояти ҳокимлиги, Зарафшон шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги Дастурга киритилган лойиҳалар ижросини таъминлашда лойиҳа ташаббускорларига ер танлаш ва ажратишни белгиланган тартибда, бош режага асосан амалга оширсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги Зарафшон шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш, айниқса кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллалардаги майдонларда манзарали-ҳавони тозаловчи, кислород берувчи дарахтларни ўтқазиш, майсазорлар ва гулзорларни ташкил этиб, аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқиб, тасдиқланган схема асосида шаҳарни суғориш тизимини барпо этиш учун 2020-2022 йилларда инвестиция дастури доирасида зарур маблағларни ажратилишини таъминласин.

Навоий вилояти ҳокимлиги Зарафшон  шаҳри суғориш тизимини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Инвестиция дастурига киритган ҳолда молиялаштириш ҳамда ижрога қаратилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ҳар йилги Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда, молиялаштириш ҳажмлари ва манбааларини аниқлаштирган ҳолда, ушбу қарорга мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳаларни белгиланган тартибда киритиб борсинлар.

9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги буюртмачи ва лойиҳачи ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказсин ва қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат ўрнатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” аппарат-дастурий комплексини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин.

12. Навоий вилояти ҳокимлиги ва Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ҳар чорак якуни билан Дастурдаги тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлиги юзасидан вилоят ва шаҳар фаоллари йиғилишларида муҳокама қилсинлар ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсинлар.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров, Вазирлар Маҳкамасининг Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими мудири Р.Жалилов, Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов ва Зарафшон шаҳар ҳокими А.Раджабов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

А. Арипов

Умумий таклифлар

174