Поиск

Расширенный поиск

Название документа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДИПЛОМАТИК ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА

Тип документаЗакон
Орган, утверждающий документЗаконодательная палата Олий Мажлиса Республики Узбекистан
РазработчикМинистерство иностранных дел Республики Узбекистан
Дата размещения документа20.04.2017 16:06
Дата завершения обсуждения05.05.2017 05:13
Вид документаПроект НПА
Текущее состояние документаОбсуждение прекращено
Обоснования необходимости принятия проектаҚонун Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият Концепциясига мос тарзда давлатнинг ташқи сиёсати мақсадлари ва устувор вазифаларини амалиётга татбиқ этишга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизматини ташкиллаштириш ва унинг фаолият юритиши ҳуқуқий асосларини батафсил тартибга солади. Қонунда Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсати концептуал асосларидан келиб чиққан ҳолда дипломатик хизматнинг асосий вазифалари, жумладан, мамлакатнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий йўлини рўёбга чиқаришни таъминлаш, унинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, шунингдек чет элдаги фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш, дипломатик восита ва усуллар орқали Ўзбекистоннинг мустақиллигини, суверенитетини, хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ҳамда давлатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни самарали амалга ошириш учун қулай ташқи сиёсий шароитлар яратиб бериш, халқаро ташаббусларни илгари суриш ва халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга кўмаклашиш белгиланган. Ҳужжатда дипломатик хизмат органлари мақсадли вазифаларидан келиб чиқадиган, ташқи сиёсий воситаларни, шу жумладан, иқтисодий, транспорт ва экологик (сув) дипломатиясини кенг қамровли қўллаш орқали Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини илгари суришга йўналтирилган функциялари ифода этилган. Қўйилган вазифа ва функцияларни тобора самарали амалга ошириш мақсадида қонунда ходимларни конкурс асосида ишга олиш ва дипломатик хизмат кадрлар салоҳиятини залворли мустаҳкамлашга имкон берадиган тизим ўрнатилмоқда.
Планируемый срок вступления в силу21.06.2017
Номер письма о соглашении(не задано)
Номер и дата письма согласования Генеральной прокуратурой Республики Узбекистан(не задано)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДИПЛОМАТИК ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА

I. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати органлари фаолиятининг (бундан буён матнда дипломатик хизмат деб юритилади) ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

дипломатик хизмат – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси давлат органларидаги Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатини амалга ошириш, унинг халқаро муносабатлар соҳасидаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чет элда ҳимоя қилишга қаратилган касбий фаолияти.

дипломатик ходим – дипломатик хизмат органларида штат бўйича дипломатик мартабаларни беришни назарда тутувчи дипломатик лавозимни эгаллаб турган, дипломатик хизмат органларига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш мақсадида мансаб ваколатлари ва мажбуриятларини амалга оширувчи ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро давлатлараро ва ҳукуматлараро ташкилотларга (бундан буён матнда халқаро ташкилотлар деб юритилади) квота асосидаги лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахс, шу жумладан консуллик мансабдор шахси;

маъмурий-техник ходим – дипломатик хизмат органларида штат бўйича маъмурий-техник лавозимни эгаллаб турган шахс;

дипломатик хизмат ходимлари – дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар;

оила аъзолари – дипломатик хизмат ходимларининг хотини (эри), вояга етмаган фарзандлари, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган ота-онаси ва муомалага лаёқатсиз вояга етган фарзандлари;

чет элдаги муассасалар – Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги миссиялари ва ваколатхоналари;

узоқ муддатли хизмат сафари – чет элдаги муассасаларга ёки халқаро ташкилотлардаги квота асосидаги лавозимларга олти ойдан кам бўлмаган муддатга юбориладиган дипломатик хизмат ходимларининг хизмат фаолияти.

4-модда. Дипломатик хизмат органларининг тизими

Дипломатик хизмат органларининг ягона тизимини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, чет элдаги муассасалар, вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, унга қарашли ташкилотлар ва ўқув муассасалари ташкил қилади.

Дипломатик хизмат органларининг ягона тизимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита раҳбарлиги остида ўз фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошчилик қилади.

Дипломатик хизмат органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига амал қиладилар.

Дипломатик хизмат органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўзларининг номлари ёзилган муҳрга эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва чет элдаги муассасаларининг ташкилий тузилмаси ҳамда ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

5-модда. Дипломатик хизмат органларининг асосий вазифалари

Дипломатик хизмат органларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлини рўёбга чиқаришни таъминлаш ва унинг халқаро муносабатлар соҳасидаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича чоралар кўриш;

дипломатик воситалар ва усуллар билан Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги, суверенитети, хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ва чегаралари бузилмаслигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чет элда ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг бошқа субъектлари билан алоқаларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилиш;

минтақавий ва халқаро сиёсатнинг энг долзарб йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббусларини илгари суриш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро обрў-эътиборини ва унинг ишончли ва масъулиятли шерик сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш;

Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш, шунингдек жамият ва иқтисодиётни модернизация қилиш учун қулай ташқи сиёсий шарт-шароитларни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жаҳон бозорларида миллий маҳсулот ва хизматларни илгари суриш ҳамда мамлакатга туристлар оқимини оширишга кўмаклашиш;

икки томонлама ва кўп томонлама хусусият касб этувчи турли соҳалардаги халқаро ҳамкорликнинг изчиллик билан ривожланишига кўмаклашиш.

6-модда. Дипломатик хизмат органларининг асосий функциялари

Дипломатик хизмат органлари қуйидаги асосий функцияларни амалга оширадилар:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий стратегияси, унинг халқаро муносабатлар соҳасидаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича таклифлар ишлаб чиқадилар ва уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига киритадилар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва зарурият туғилганда Ўзбекистон Республикаси бошқа давлат органларининг халқаро сиёсат масалалари бўйича ахборот таъминотини амалга оширадилар;

минтақа ва жаҳондаги вазиятнинг доимий мониторинги, хатарлар ва таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга баҳо бериш, халқаро сиёсатҳамда жаҳон иқтисодиётижараёнлари ва тенденцияларни ўрганиш ва таҳлил қилишга қаратилган тизимли ахборот-таҳлил ишларини олиб борадилар, шунингдек улар асосида прогнозлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқадилар;

дипломатик ва бошқа халқаро-ҳуқуқий воситалар билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро муносабатлар соҳасидаги миллий манфаатларини, шунингдек унинг фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чет элда ҳимоя қилишни амалга оширадилар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва чет элда хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг бошқа субъектлари билан расмий, шу жумладан дипломатик ва консуллик алоқаларини амалга оширадилар;

давлат, ҳукумат раҳбарлари ва бошқа юқори маратабали мансабдор шахсларнинг ташрифлари, шунингдек бошқа халқаро тадбирларни протокол-ташкилий таъминоти бўйича чора кўрадилар;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар, конференциялар, йиғилишлар, форумларда иштирокини таъминлайдилар ҳамда глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамжамият тўлақонли аъзоси сифатидаги ролини кучайтиришга кўмаклашадилар;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг бошқа субъектлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий, илмий-таълим, маданий-гуманитар, парламентлараро ҳамда бошқа алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг бошқа субъектлари билан муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи сиёсий йўлини амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштирадилар;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан музокаралар ўтказилишини, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг тузилишини ва уларнинг бажарилиши мониторингини таъминлайдилар;

ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий йўлининг рўёбга чиқарилишини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқадилар;

хорижий дипломатик ваколатхоналар ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатишига кўмаклашадилар;

маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ва хорижий мамлакатлар билан товар айланмаси номенклатурасини кенгайтириш, миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни, шунингдек грантлар, имтиёзли кредит ва техник кўмак воситаларини Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга кўмаклашадилар;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга, хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳамда миллий товарлар ва хизматларни жаҳон бозорларида илгари суришга кўмаклашадилар;

етакчи хорижий таълим муассасалари, илмий марказлар ва юқори технологияли компаниялар билан қўшма тадқиқот ва таълим дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасига илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга кўмаклашадилар;

Ўзбекистон Республикасига қабул қилувчи давлатдан туристлар оқимини жалб қилиш, миллий туристик маҳсулотларни илгари суриш, шунингдек республикада туристик инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда етакчи хорижий туристик компанияларнинг иштирокини таъминлашга кўмаклашадилар;

Ўзбекистон Республикасининг транзит ва транспорт салоҳиятини ривожлантиришга, шунингдек жаҳон бозорларига чиқишни таъминловчи истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилишга кўмаклашадилар;

атроф муҳитни халқаро ҳимоя қилиш, шунингдек сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини таъминлашда иштирок этадилар;

дипломатик кадрларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда дипломатик хизмат органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкиллаштирадилар.

Дипломатик хизмат органлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширишлари мумкин.

Предложенные варианты

Ничего не найдено

Комментарии и ответы

2017-04-24 17:02:11

Файзиев Фарход Мириноевич

II. Дипломатик хизматга қабул қилиш, дипломатик лавозимга тайинлаш ва озод қилиш, дипломатик мартабаларни бериш

7-модда. Дипломатик хизматга қабул қилиш

Дипломатик хизматга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади, ушбу Қонун 8-моддасининг биринчи-ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Дипломатик хизматга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Олий маълумотли, давлат тили ва бошқа чет тилларини яхши биладиган, ҳамда ўзига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун тегишли иш, одоб-ахлоқ ва касбий сифатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси дипломатик ходим бўлиши мумкин.

Тегишли ўрта махсус, касбий ёки олий маълумотга, зарурий касб кўникмаларига эга бўлган, давлат тили ва қоида тариқасида чет тилларини биладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси маъмурий-техник ходим бўлиши мумкин.

Дипломатик хизмат органларига шахслар қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

ўрнатилган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса;

қасддан жиноят содир қилганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса;

хотини (эри) хорижий давлат фуқаролигига мансуб бўлса;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

Дипломатик хизмат органларига ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда меҳнат шартномаси тузиш орқали амалга оширилади.

8-модда. Дипломатик лавозимларга тайинлаш ва озод қилиш

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади.

Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ва бир йилда икки маротаба Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Сенатининг тегишли қўмитасига ахборот тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Қабул қилувчи давлат билан эришилган аҳдлашувга мувофиқ хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг бошлиғи сифатида қуйидагилар тайинланиши мумкин:

хорижий давлат раҳбари ҳузурида аккредитация қилинадиган фавқулодда ва мухтор элчи;

хорижий давлат раҳбари ҳузурида аккредитация қилинадиган фавқулодда ва мухтор вакил;

хорижий давлат ташқи ишлар вазири ҳузурида аккредитация қилинадиган ишончли вакил.

Хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг раҳбари вақтинча бўлмаганида унинг мажбуриятларини Ўзбекистон Республикаси ишлари бўйича вақтинчалик ишончли вакил тўлиқ ҳажмда бажаради.

Ўзбекистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор
элчилари, фавқулодда ва мухтор вакиллари, шу жумладан ўриндошлик асосида бир ёки бир нечта давлатлардаги, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тайинланадилар ва лавозимидан озод қилинадилар.

Ушбу лавозимларга номзодлар бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан маъқулланган хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси раҳбари номзодини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қабул қилувчи давлат Ташқи ишлар вазирлигига розилик (агреман) сўраб ёзма равишда тақдим қилади.

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси раҳбарини тайинлаш қабул қилувчи давлатнинг расмий розилиги олингандан сўнг амалга оширилади.

Қабул қилувчи давлатнинг жавоби олингунига қадар хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси раҳбари номзоди ҳақидаги маълумот маҳфий ҳисобланади.

Фавқулодда ва мухтор элчи ёки фавқулодда ва мухтор вакил қабул қилувчи давлатга жўнаб кетгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги унга қабул қилувчи давлатнинг раҳбарига топшириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири имзоси билан тасдиқланган ишонч ёрлиғини тайёрлайди.

Ўзбекистон Республикасининг ишончли вакилига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг қабул қилувчи давлат ташқи ишлар вазири номига ёзилган мактуби берилади.

Ўзбекистон Республикасининг алоҳида топшириқлар бўйича элчилари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадилар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг махсус топшириқларини бажарадилар.

Бошқа дипломатик ходимлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.

Дипломатик хизмат ходимлари лавозимлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги лавозимлари номенклатурасига киради.

9-модда. Дипломатик мартабаларни бериш тартиби

Дипломатик ходимларга улар эгаллаб турган лавозимлари, ишлаган даврлари ва касбий фаолиятларининг натижаларига қараб, қуйидаги дипломатик мартабалар берилади:

Фавқулодда ва мухтор элчи;

Биринчи даражали фавқулодда ва мухтор вакил;

Иккинчи даражали фавқулодда ва мухтор вакил;

Биринчи даражали маслаҳатчи;

Иккинчи даражали маслаҳатчи;

Биринчи даражали биринчи котиб;

Иккинчи даражали биринчи котиб;

Биринчи даражали иккинчи котиб;

Иккинчи даражали иккинчи котиб;

Учинчи котиб;

Атташе.

Фавқулодда ва мухтор элчи, биринчи ва иккинчи даражали фавқулодда ва мухтор вакил дипломатик мартабалари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Бошқа дипломатик мартабалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъатининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан берилади.

Дипломатик мартаба, қоида тариқасида, дипломатик ходим эгаллаб турган лавозимга мувофиқ бўлиши ёки ундан бир поғона юқори ёки паст бўлиши лозим. Дипломатик мартабанинг дипломатик ходим эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Бирламчи дипломатик мартаба (атташе) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, унга қарашли ташкилотлар ёки ҳудудий бўлинмаларида камида бир йил ишлаган дипломатик ходимга берилади.

Дипломатик ходимлар учун дипломатик мартабада бўлишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

атташе, учинчи котиб ҳамда биринчи ва иккинчи даражали иккинчи котиблар – 2 йилдан кам бўлмаган;

биринчи ва иккинчи даражали биринчи котиблар ҳамда биринчи ва иккинчи даражали маслаҳатчилар – 3 йилдан кам бўлмаган.

Кўрсатилган муддатларга қуйидагилар киради:

дипломатик хизмат органлари тизимида ишлаш;

халқаро ташкилотлардаги квота асосидаги лавозимларда ишлаш;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органларида ишлаш;

ушбу Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ қайта тайёрлаш ва малака ошириш муддатлари.

Ишдаги алоҳида ютуқлари ва хизматлари учун дипломатик ходимларга:

олдинги дипломатик мартабасида хизмат даврининг ўрнатилган муддати ўтишидан олдин;

кетма-кетликка амал қилмасдан, аммо дипломатик ходим эга бўлган дипломатик мартабадан икки поғонадан юқори бўлмаган дипломатик мартабалар берилиши мумкин.

Фавқулодда ва мухтор элчи, фавқулодда ва мухтор вакил мартабалари бир умрга берилади.

Бошқа дипломатик мартабаларга эга бўлган дипломатик ходимлар дипломатик хизмат органларидан пенсияга чиққанлари тақдирда уларнинг дипломатик мартабалари сақланиб қолади.

Дипломатик хизмат ходими такроран дипломатик хизмат тизимига ишга қабул қилинса, у дипломатик хизматдан бўшатилган пайтида эгаллаган дипломатик мартаба қайта тикланиши мумкин.

Дипломатик ходим Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий жавобгарликка олиб келадиган қилмиш содир қилганликда айбдор деб топилган тақдирда у дипломатик мартабадан маҳрум қилиниши мумкин.

Дипломатик ходим ўзига юклатилган мажбуриятларни мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун унинг дипломатик мартабаси пасайтирилиши мумкин.

Дипломатик мартабадан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш дипломатик мартаба берилган тартибда амалга оширилади.

III. Дипломатик хизматни ўташ

10-модда. Дипломатик хизмат органларида лавозим алмашинуви (ротация)

Дипломатик хизмат ходимларини хизмат зарурияти туфайли лавозим алмашинуви (ротация) уларнинг малакаси, касб тайёргарлиги, мутахассислиги ва тил кўникмаларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Ротация доирасида дипломатик хизмат ходимлари узоқ муддатли хизмат сафарларига юборилишлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, унга қарашли бўлган ташкилотлар ёҳуд ҳудудий бўлинмаларида ўз фаолиятларини олиб боришлари мумкин.

Дипломатик хизматга биринчи марта кирган шахслар узоқ муддатли хизмат сафарига фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, унга қарашли бўлган ташкилотлар ёҳуд ҳудудий бўлинмаларида уч йил ишлаганларидан кейин уларнинг малакаси, касбий тайёргарлиги, мутахассислиги ва тил кўникмаларини инобатга олган ҳолда юборилишлари мумкин.

Узоқ муддатли хизмат сафаридан қайтган дипломатик ходимни ротация қилишда, башарти у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган интизомий жазога тортилмаган бўлса, қоида тариқасида у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, унга қарашли бўлган ташкилотлар ёҳуд ҳудудий бўлинмаларида эгаллаган лавозимидан паст бўлмаган лавозимга тайинланади.

Дипломатик хизмат ходими тегишли бўш лавозим мавжуд бўлмаган тақдирда, унинг розилиги билан узоқ муддатли хизмат сафарига юборилгунига қадар эгаллаган лавозимидан пастроқ лавозимга тайинланиши мумкин.

Дипломатик хизмат ходимларининг узоқ муддатли хизмат сафарлари орасидаги муддат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, унга қарашли бўлган ташкилотлар ёҳуд ҳудудий бўлинмаларидаги икки йилдан кам бўлмаган хизматни ташкил қилиши шарт.

Дипломатик хизмат ходимининг чет эл муассасаларидаги узлуксиз узоқ муддатли хизмат сафарининг муддати уч йилдан кўп бўлиши мумкин эмас. Мазкур муддат хизмат зарурияти туфайли ва дипломатик хизмат ходимининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан бир йилдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Ушбу модда учинчи, олтинчи ва еттинчи қисмларининг талаблари чет элдаги муассасалар раҳбари сифатида дипломатик лавозимга тайинланган шахсларга нисбатан тадбиқ қилинмайди.

Ушбу модда талаблари, дипломатик хизмат органларига Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органларидан ишга жалб қилинадиган ходимларга нисбатан тадбиқ қилинмайди, ушбу модданинг еттинчи қисми талаблари бундан мустасно.

11-модда. Дипломатик хизмат ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик хизмат ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлайди.

Дипломатик хизмат ходимлари уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг ёҳуд хорижий давлатларнинг таълим, илмий ва бошқа муассасаларига юборилишлари мумкин.

Олти ойдан кўп бўлган муддатга қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилган дипломатик хизмат ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кадрлар заҳирасига ўтказиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишдан ажралган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилган муддат дипломатик хизмат ходимининг иш стажига киритилади.

Предложенные варианты

Ничего не найдено

Комментарии и ответы

2017-04-25 15:04:52

Шадиев Искандар Рустамович

2017-04-25 15:22:41

Шадиев Искандар Рустамович

IV. Дипломатик хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, рағбатлантирилиши ва жавобгарлиги

12-модда. Дипломатик хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Дипломатик хизмат ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида дипломатик хизмат органлари вазифалари ва функцияларини бажариш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига дипломатик хизмат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

хизмат мажбуриятларини бажариш учун зарур бўлган маълумот, ҳужжатлар ва материалларни ўрнатилган тартибда олиш;

чет элда бўлган вақтда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўрнатилган имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланиш.

Дипломатик хизмат ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Дипломатик хизмат ходимлари қуйидаги мажбуриятларга эга:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

ўзларига юклатилган хизмат мажбуриятларини виждонан бажариш ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси шарафини муносиб ҳимоя қилиш;

меҳнат интизоми ва дипломатик этикет қоидаларига риоя қилиш;

қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатлари, урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда дипломатик имтиёзлар ва иммунитетлардан ғаразли мақсадларда фойдаланмаслик;

давлат сирига оид бўлган маълумотларни ёҳуд қонун билан ҳимояланадиган бошқа сирни ошкор қилмаслик;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки чет элда жойлашган Ўзбекистон Республикаси мулки бутлигини таъминлаш;

ўз касб тайёргарлиги, малакасини ошириш ва чет тили билимларини такомиллаштириш.

Дипломатик хизмат ходимларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Дипломатик хизмат ходимлари қуйидагиларга ҳақли эмас:

дипломатик хизмат органларининг маблағлари ва мол-мулкидан, шунингдек хизмат ахборотларидан хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш;

хизмат мавқеидан сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари манфаатларида, шунингдек шахсий мақсадларда фойдаланиш;

дипломатик протокол ва этикет доирасида этика қоидаларига риоя қилган ҳолда олинадиган совғалардан ташқари хизмат мажбуриятларини бажариш ва лавозим мавқеи билан боғлиқ равишда бошқа шахслардан мукофотлар (совға, пул маблағлари ёки хизматлар) олиш;

13-модда. Дипломатик хизмат ходимларини рағбатлантириш

Хизмат мажбуриятларини намунали адо этганлиги, бажарилган вазифаларнинг юқори сифати, ташаббускорлик, ижодий фаоллик, давомий ва ҳалол хизмати, алоҳида муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарганлиги ҳамда ишдаги бошқа ютуқлари учун дипломатик хизмат ходимлари қуйидагича рағбатлантирилишлари мумкин:

ташаккурнома эълон қилиш;

лавозимини кўтариш;

муддатидан илгари ёки навбатдан ташқари дипломатик мартаба бериш;

бир йўла бериладиган пул мукофоти;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа рағбатлантириш шакллари билан.

Рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири буйруғи асосида унинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Муддатидан илгари ёки навбатдан ташқари дипломатик мартаба беришдан бошқа рағбатлантириш вазирлик ҳудудий бўлинмалари, унга қарашли ташкилотлар ва ўқув муассасалари раҳбарлари қарорлари билан амалга оширилиши мумкин.

Дипломатик хизмат ходимлари алоҳида хизматлари ва сермаҳсул фаолияти учун давлат мукофотларига тақдим этилишлари мумкин.

14-модда. Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва уларнинг раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва уларнинг раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий-техникавий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалда бажарилиши;

аниқ амалий аҳамияга эга бўлган ва ўзаро манфаатли давлатлараро келишувлар ва битимларга эришишга қаратилган олий, юқори ва бошқа даражалардаги ташрифлар, учрашув ва музокараларни ташкил қилиш;

қабул қилувчи давлат сиёсий қўллаб-қувватлашини таъминлаш, жумладан халқаро ташкилотлар доирасида халқаро кун тартибидаги долзарб муаммолар ва минтақавий хавфсизлик, шунингдек мамлакатни ички ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг ташаббуслари, қарашлари ва ёндашувлари юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлигини қабул қилувчи минтақа ва ундан ташқаридаги кундалик воқеалар, Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларига дахлдор жаҳон сиёсати ва иқтисодиётининг муҳим масалаларини прогнозли баҳолаган ҳолда долзарб ахборот-таҳлилий материаллар билан мунтазам таъминлаш;

икки томонлама маҳсулот айланмаси ҳажмининг янада ошиши ва номенклатураси кенгайишини таъминлашга, авваламбор, қабул қилувчи давлат бозорига маҳаллий компаниялар ва ташкилотларнинг маҳсулотлари ва хизматлари экспортига қаратилган тижорий битимларнинг бевосита чет элдаги муассаса иштирокида тузилиши;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг устувор тармоқларини ва инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантиришга қабул қилувчи давлат ташкилотларининг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари, грантлари, кредит ва техник кўмак воситалари, илғор технологиялари ва илмий ишланмаларини жалб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришиш;

қабул қилувчи давлатдан Ўзбекистон Республикасига туристлар оқимини ошириш, миллий туристик маҳсулотларни илгари суриш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси минтақалари туристик инфратузилмасини ривожлантиришга инвестициялар жалб қилишга доир қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хорижий компаниялар ва ташкилотлар билан битимлар тузиш;

Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, унинг иқтисодий, инвестициявий, маданий-тарихий ва туристик салоҳияти ҳақида холисона ва ҳаққоний ахборотни қабул қилувчи давлатнинг нуфузли босма ва электрон нашриётлари, шунингдек телерадиоэшиттириш оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатиш;

амалий аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш.

15-модда. Дипломатик хизмат ходимларининг жавобгарлиги

Дипломатик хизмат ходимлари хизмат мажбуриятларини бажармаганликлари ёки лозим даражада бажармаганликлари, хизмат ваколатлари доирасидан четга чиққанликлари, ушбу Қонун 12-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган чекловларни бузганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Чет элдаги муассаса раҳбари чет элдаги муассасага юклатилган вазифа ва функцияларнинг лозим даражада бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавобгардир.

Дипломатик хизмат ходимларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ўрнатилган интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимлари хизмат мажбуриятларини қўпол равишда бузганликлари, шунингдек дипломатик хизмат ходимининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро обрў-эътиборига путур етказувчи ҳатти-ҳаракат содир қилганликлари учун интизомий жазо қўлланилишидан ташқари муддатидан олдин Ўзбекистон Республикасига чақириб олинишлари мумкин.

16-модда. Дипломатик хизмат органларининг молиявий ва моддий-техник таъминоти

Дипломатик хизмат органларининг молиявий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларини ривожлантириш Республика жамғармаси маблағлари ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбаалар ҳисобидан амалга оширилади.

Дипломатик хизмат органларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири ёки улар ваколат берган шахслар билан биргаликда тасдиқланадиган йиллик харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

Дипломатик хизмат органлари транспорт, хизмат бинолари, алоқа воситалари ва бошқа зарурий мулк билан таъминланадилар.

Дипломатик хизмат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва чет элда кўчмас ва бошқа мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Чет эл муассасаларида молия-хўжалик фаолиятини юритиш тартиби қабул қилувчи давлат қонунчилигининг ўзига хос жиҳатлари ва шартларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

V. Дипломатик хизмат органларининг молиявий ва моддий-техник таъминоти, дипломатик хизмат ходимларининг кафолатлари ва ижтимоий таъминоти

17-модда. Дипломатик хизмат ходимларига кафолат ва компенсациялар

Дипломатик хизмат ходимлари ва уларнинг оила аъзолари моддий ҳамда ижтимоий таъминоти ўталаётган хизматнинг мураккаблиги, хизмат билан боғлиқ таваккалчилик, шунингдек хорижий давлатнинг алоҳида ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Узоқ муддатли хизмат сафарида бўлиш дипломатик хизмат ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳеч қандай зарар етишига олиб келмаслиги лозим.

Чет элдаги муассасаларда узоқ муддатли хизмат сафари давомида дипломатик хизмат ходимлари ўзи билан яшайдиган оила аъзоларининг сони, мансаби ва қабул қилувчи давлатнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларни инобатга олган ҳолда турар жой билан таъминланадилар.

Чет элдаги муассасага узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимлари ва улар билан бирга яшаётган оила аъзоларининг тиббий суғурта ёки тиббий хизмат кўрсатиш бўйича харажатлари қабул қилувчи давлатдаги тиббий суғурталаш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўланади.

Чет элдаги муассасаларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимларига ва улар билан бирга яшаётган оила аъзоларига қабул қилувчи давлатга бориш ва чет эл муассасасидаги узоқ муддатли хизмат сафари тугаши муносбати билан Ўзбекистон Республикасига қайтиш билан боғлиқ бориш-келиш транспорт харажатлари, шу жумладан бир оилага 500 килограммдан кўп бўлмаган багажни ташиш харажати тўланади.

Чет элдаги муассасаларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимларига ва уларнинг биргаликда яшаётган оила аъзоларига ҳар йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили ёҳуд оила аъзоси ёки яқин қариндошининг (отаси, онаси, фарзандлари, ака-укаси, опа-синглиси) ўлими билан боғлиқ бориш-келиш транспорт харажатлари тўланади.

Дипломатик хизмат ходимлари фарзандларининг чет эл муассасасидаги узоқ муддатли хизмат сафари давомида таълим олиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Дипломатик хизмат ходимларининг вояга етмаган фарзандларига узоқ муддатли хизмат сафари тугаганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларига тўсиқларсиз қабул қилинишлари кафолатланади.

Чет элдаги муассасалар, уларнинг ходимлари ва ходимлар оила аъзоларининг хавфсизлигига таҳдид қиладиган табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келиши ёки вужудга келиш хавфи бўлганда, шунингдек территористик ҳаракатлар содир этилганда ёки содир этилиш хавфи бўлганда, дипломатик хизмат ходимлари ва уларнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тегишли чоралар кўради.

Дипломатик хизмат ходими, унинг оила аъзоларига ёҳуд унинг мол-мулкига ўз хизмат мажбуриятларини ёки шу билан боғлиқ фаолиятни бажаришда етказилган зарар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Дипломатик хизмат ходими ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда ёҳуд ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда олган жароҳати натижасида хизматдан бўшатилгандан сўнг бир йил давомида вафот этган тақдирда унинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган компенсация тўланади.

Мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, фавқулодда вазият ёки қуролли можаролар, шунингдек ноқулай табиий-иқлим ва экологик шароитли давлатларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча кафолатлар тақдим этилиши мумкин.

Узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимининг хотинига (эрига), башарти хизмат сафарига юбориш ҳақида қарор қабул қилинган пайтда у давлат хизматида бўлган бўлса, у олдинги иш жойида узоқ муддатли хизмат сафарига юборилгунига қадар эгаллаб турганидан қуйи бўлмаган лавозимга ёки бошқа тенг ишга (лавозимга) қабул қилиш кафолатланади.

Узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходими хотинининг (эрининг) чет элда бўлган вақти унинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади, бироқ бу муддат 10 йилдан ошмаслиги лозим.

Чет элдаги муассасаларда бўш маъмурий-техник лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда дипломатик хизмат ходимларининг чет элда бўлган оила аъзоларига ушбу лавозимларга вақтинчалик ишга жойлашиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

18-модда. Мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, фавқулодда вазият ёки қуролли можаролар, шунингдек ноқулай табиий-иқлим ва экологик шароитли давлатларда ишлаётган дипломатик хизмат ходимлари учун қўшимча кафолатлар

Мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, фавқулодда вазият ёки қуролли можаролар, шунингдек ноқулай табиий-иқлим ва экологик шароитли давлатларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ойлик лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча тўлов тўланади.

Мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, фавқулодда вазият ёки қуролли тўқнашувлар шароитлари, шунингдек ноқулай табиий-иқлим ва экологик шароитли давлатларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимига 15 календарь кунидан иборат ҳақ тўланадиган қўшимча меҳнат таътили берилади.

Ҳақ тўланадиган қўшимча меҳнат таътили бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ушбу моддада кўрсатилган шароитларда узоқ муддатли хизмат сафарида бўлган дипломатик хизмат ходимларига пенсия тайинлаш учун иш стажи ҳисобланганда бир йиллик дипломатик стаж бир ярим йил умумий меҳнат стажига тенглаштирилган ҳолда ҳисобланади.

Мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, фавқулодда вазият ёки қуролли тўқнашувлар шароитлари, шунингдек ноқулай табиий-иқлим ва экологик шароитли давлатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

19-модда. Дипломатик хизмат ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаётган дипломатик хизмат ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет элдаги муассасаларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимлари меҳнат ҳақининг миқдори қабул қилувчи давлатдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва моддий-маиший шароитларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган дипломатик хизмат ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган сумма доирасида хорижий валютада олинган иш ҳақи ва бошқа суммалар солиққа тортилмайди.

Дипломатик хизмат ходимларига ишлаган даври, дипломатик мартабалари, шунингдек чет тиллари бўйича билимлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган миқдорларда лавозим маошларига қўшимча тўловлар, шунингдек ҳар икки йилда вакиллик экипировкаси қийматига пул компенсацияси тўланади.

Дипломатик хизмат ходимлари чет элдаги муассасаларга бир йилдан ортиқ муддатга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилганда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ўрнатилган миқдорда хорижий валютада бир йўла бериладиган ёрдам пули тўланади.

20-модда. Дипломатик хизмат ходими ва унинг хотинининг (эрининг) пенсия таъминоти

Дипломатик хизмат ходими ва унинг хотини (эри) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсия таъминотига ҳақли.

Фавқулодда ва мухтор элчи ёки фавқулодда ва мухтор вакил мартабаларида пенсияга чиққан дипломатик хизмат ходимлари бир йилда бир маротаба санатория-курорт даволанишига имтиёзли йўлланмалар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фаолият кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларида бепул тиббий-санитар ёрдам билан таъминланадилар.

21-модда. Дипломатик хизматнинг тугатилиши

Қуйидагилар дипломатик хизматнинг тугатилиши учун асос бўлади:

меҳнат шартномасининг бекор қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш ёки фуқароликдан чиқиш;

Ушбу Қонун билан ўрнатилган мажбуриятлар ва чекловларга риоя қилмаслик;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар.

22-модда. Дипломатик хизмат ходимлари куни

“--”---- куни Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати ходимлари куни деб белгилансин.

VI. Якуний қоидалар

23-модда. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

24-модда. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мне понравилось Мне не понравилось
Нравится: 1
Не нравится: 0

Общие комментарии и ответы

2017-04-24 14:57:23

Ubaydaullayev Ziyodulla Sagdullayevich

2017-04-24 15:03:07

Ubaydaullayev Ziyodulla Sagdullayevich

2017-04-24 15:16:26

Ubaydaullayev Ziyodulla Sagdullayevich

2017-04-24 15:17:37

Kushayev Farruh Ruzmetovich

2017-04-24 15:42:13

Ubaydaullayev Ziyodulla Sagdullayevich

2017-04-25 18:29:28

Tursunov Yoqubjon Ziyodillo o`g`li
Мне понравилось Мне не понравилось
Нравится: 0
Не нравится: 0
Проект Последняя редакция

Наименование мероприятияФорма реализацииСрок реализацииИсполнители
----