ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
9974 Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций Республики Узбекистан 06/12/2019 03/12/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси иштирокчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун ажратмалар миқдори, шунингдек, мазкур тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағларни жамлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-9974

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 19 августдаги 688-сон қарорига мувофиқ ва Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси иштирокчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун ажратмалар миқдори, шунингдек мазкур тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағларни жамлаш ва тақсимлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 19 августдаги 688-сон қарорига мувофиқ;

а) Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган тушум қуйидаги тартибда тақсимланиши:

50 фоизи – республика ва маҳаллий бюджет, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида тақсимланган ҳолда Ўзбекистон томонга;

50 фоизи – тузилган шартномага мувофиқ инвестиция харажатлари тўлиқ қоплангунига қадар бош пудратчи ташкилот ҳисоб рақамига;

б) инвесторнинг инвестиция харажатлари тўлиқ қопланганидан сўнг Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун бош пудратчи ташкилот ҳисоб рақамига тушаётган жарималар суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилиши белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси иштирокчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун ажратмалар миқдори, шунингдек мазкур тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағларни жамлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигини хабардор этган ҳолда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Тошкент шаҳридаги “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими компонентларини ишлатиш ва улардан фойдаланиш натижасида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобидан келадиган тушумлар, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлар учун тўланадиган жарималар турларини белгилаш ҳамда тўлдириб бориш;

Тошкент шаҳридаги “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушадиган маблағларнинг тақсимотини ўзгартириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Молия вазири, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига жамланаётган ва тақсимланаётган пул маблағлари ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага асосан ўзгартиришлар киритилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ойлик муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
“____” _________даги ____-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

 

Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси иштирокчилари билан ўзаро
ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун ажратмалар миқдори, шунингдек мазкур тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағларни жамлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ
 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда – инвестиция лойиҳаси) иштирокчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун ажратмалар миқдори, шунингдек мазкур тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағларни жамлаш
ва тақсимлаш тартибини белгилайди.

2. Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими (кейинги ўринларда – Тизим) ёрдамида келиб тушган маблағлар қуйидагилар орқали жамланади:

Тизим компонентларини ишлатиш ва улардан фойдаланиш ҳисобига йиғиладиган пул маблағлари;

Тизим компонентлари ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун тўланадиган ва қўшма корхонанинг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилган жарималар.

3. Тизим компонентларини ишлатиш ва улардан фойдаланиш натижасида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобидан келадиган тушумлар, шу жумладан ҳуқуқбузарликлар учун тўланадиган жарималар турлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда босқичма-босқич тўлдириб борилади.

 

2-боб. Инвестиция лойиҳаси иштирокчилари - вазирликлар
ва идораларнинг ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этишда ажратмалар миқдорини тақсимлаш тартиби ва уларнинг ҳисобга олиниши

 

4. Қўшма корхона Тизим ёрдамида келиб тушган тушумларнинг статистик, бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритиши, талаб қилинадиган ҳисоботни тузиши ва уни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиши шарт.

Тизим ёрдамида келиб тушган тушумларнинг статистик, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби қўшма корхонанинг асосий фаолияти бўйича алоҳида юритилади.

5. Тизим ёрдамида келиб тушган тушум қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи – ушбу Низом иловасида келтирилган Тизим ёрдамида келиб тушган тушумларни вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимлаш Жадвали асосида келгусида тегишли вазирлик ва идораларнинг бюджетлари ўртасида тақсимланган ҳолда Ўзбекистон томонга;

50 фоизи – тузилган шартномага мувофиқ инвестиция харажатлари тўлиқ қоплангунига қадар инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида бош пудратчи ташкилот этиб белгиланган қўшма корхона ҳисобига.

Инвесторнинг инвестиция харажатлари тўлиқ қоплаганидан сўнг Тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун бош пудратчи ташкилотнинг ушбу Низомда назарда тутилган жарималар суммасининг улуши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.

6. Тушумларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ушбу Низом иловасига мувофиқ қатъий амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат Солиқ хизмати органларига, ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган тартибда ва муддатларда, кўрсатилган моддаларга мувофиқ ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

8. Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Молия вазирликлари билан келишилган ҳолда пул маблағларини иловада кўрсатилган йўналишлар бўйича тақсимлаш миқдорларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.

 

3-боб. Якуний қоидалар

 

9. Мазкур Низомга риоя қилиш масъулияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига юклатилади.

10. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимини яратиш бўйича инвестиция лойиҳаси иштирокчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун ажратмалар миқдори, шунингдек мазкур тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағларни жамлаш
ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА

 

Тошкент шаҳридаги “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими ёрдамида келиб тушган тушумларни вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимлаш

МИҚДОРЛАРИ

 

Вазирлик
ва идораларнинг номлари

Тушум турлари, шу жумладан

ҳуқуқбузарликлар учун жарималар (фоизда)

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималардан

Ташкил қилинган пулли транспорт воситаси тўхтаб туриш жойларидан

Давлат ва маҳаллий бюджети

10

20

Ички ишлар вазирлиги

20

10

Aхборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси

20

20

 

*Изоҳ: Тизим ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушган маблағлар ва Тизим компонентларидан фойдаланган транспорт воситаси тўхтаб туриш жойларидан тушадиган маблағлар барча солиқлар ажратилганидан кейин ҳисоблаб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
____” _________даги ____-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2010 й., 14-15-сон) билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтирилаётган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмалар миқдорларининг 241-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

241.

“Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази”

 

“Хавфсиз шаҳар” комплекси орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд қилиш техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималар

10

”.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 декабрдаги 356-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 12-сон, 87-модда) билан тасдиқланган Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 5-банди “б” кичик бандида йигирма биринчи ва йигирма иккинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига қарашли жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ҳамда жорий қилиш, шу жумладан “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш бўйича лойиҳалар ва уни янада ривожлантириш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда зарурат бўлганда Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази фаолияти.”.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 апрелдаги 102-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 4-сон, 38-модда) билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг ҳолатини ўрганиш тартиби тўғрисидаги низом 8-бандининг учинчи хатбошидаги “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази” сўзлари “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази” сўзлари билан алмаштирилсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг “ICTWEEK Uzbekistan” Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 5 июлдаги 466-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 27-сон, 622-модда) иловасининг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

лавозими бўйича — “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази директори”.

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 майдаги 318-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 йил, 5-сон, 98-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тўғрисидаги низом 11-бандининг еттинчи хатбошисидаги “Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази” сўзлари “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази” сўзлари билан алмаштирилсин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 17 октябрдаги 838-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2017 йил 20 ноябрдаги 925-сон қарори иловаси 4-бандининг “б”-кичик банди, 5-банднинг “б” кичик банди олтинчи-саккизинчи хатбошилари ҳамда 8-банднинг “б” кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Общие предложения

285