ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
994 Министерство народного образования Республики Узбекистан 19/10/2018 03/11/2018 43

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-994

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон қарорига мувофиқ,  умумий ўрта таълимга қўйилаётган замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш   мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

1.Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори  ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклансин.

Умумий ўрта таълим тўғрисида
НИЗОМ.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни (кейинги ўринларда - умумтаълим муассасаси)  ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади. Нодавлат таълим муассасалари бундан бундан мустасно.

 

2. Умумий ўрта таълимнинг муддати 11 йил бўлиб, узлуксиз таълим тизимининг мажбурий мустақил тури ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонунига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

 

3. Умумтаълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.

 

4. Умумтаълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумтаълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.

 

5. Умумтаълим муассасасининг устави белгиланган тартибда тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Умумтаълим муассасаларининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

6. Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.

 

7. Умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

 

8. Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.

Ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради.

 Ўқувчиларига махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим беради.

 

9. Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;

ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш;

меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўқувчилар учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим бериш.

 

10. Умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий, ўқув-услубий, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни яратиб беради.

 

3-БОБ. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 

11. Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I - IV синфлар), таянч ўрта таълим (V-IX синфлар) ҳамда умумий ўрта  (X-XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

 

12. Бошланғич таълим умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиш учун зарур бўлган саводхонлик, билим ва кўникма асосларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантиришга қаратилади.

 

13. Таянч ўрта таълим  билимларнинг зарурий ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, таълим дастури мазмунига мос қобилият ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради.

Таянч ўрта таълим ўқувчиларга йўналишни ихтиёрий танлаш асосида таълимни академик лицейларда давом эттириш ҳуқуқини беради.

Умумий ўрта таълим умумтаълим дастурларини ўзлаштириш асосида ўқувчиларда ижтимоий ҳаёт учун зарур билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш, компетенцияларни шакллантириш, касб-ҳунар кўникмаларининг ўзлаштирилишини таъминлаш, махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касбларни ўргатиш орқали уларнинг касб-ҳунар олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга йўналтиради ҳамда таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради.

Умумий ўрта таълим – умумтаълим муассасаси битирувчиларига йўналишни ихтиёрий танлаш асосида таълимни касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида давом эттириш ҳуқуқини беради.

 

14. Умумий ўрта таълим мазмуни ўқув режаси давлат ва мактаб компонентлардан иборат бўлади.

Давлат компонентлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти билан белгиланади. 

Мактаб компонентлари ўқувчининг эҳтиёжлари ва қобилиятларидан, мактабнинг моддий-техник ва кадрлар билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб белгиланади.

 

15. Умумтаълим муассасаларининг қуйидаги турлари ташкил этилиши мумкин:

бошланғич мактаб (ўқитиш муддати 4 йил: I - IV синфлар);

умумтаълим мактаби (ўқитиш муддати 11 йил: I - XI синфлар);

айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати 7 йил:
V - XI синфлар);

айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати
5 йил: VII - XI синфлар);

футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати
5 йил: V - IX синфлар);

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат) (ўқитиш муддати 10 йил:
I - X синфлар);

санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 11 йил: I - XI синфлар);

алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати заруриятга кўра);

ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари (ўқитиш муддати заруриятга кўра);

ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб- интернатлари (ўқитиш муддати заруриятга кўра).

 

16. Умумтаълим муассасаларида иқтидорли болаларни излаш, танлаб олиш ва уларни айрим фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида (синфларида) ўқитиш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилади.

 

17. Айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), санъат ва маданият, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш тартиби ва улар фаолиятининг алоҳида хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

18. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган, алоҳида шароитларда ёхуд узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг таълим олишлари қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда (мактаб-интернатда);

санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда;

инклюзив (уйғунлашган) шароитда яшаш жойларидаги умумий ўрта таълим мактабларида;

уйда якка тартибда;

даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда.

 

19. Олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг умумий ўрта таълим олишларини ташкил этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади.

Умумтаълим муассасаларининг филиалларида ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади.

Бошқа умумтаълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг таклифларига кўра, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорлари асосида ўқувчиларининг сони 180 нафаргача бўлган ўрта таълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.

 

20. Заруриятга кўра, умумтаълим муассасаларида ўқувчиларнинг яшаши ва овқатланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитлар яратилади.

 

22. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда - ота-оналар) эҳтиёжидан келиб чиқиб, болаларнинг таълим-тарбиясига кўмаклашиш мақсадида умумтаълим муассасаларида куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.

Куни узайтирилган гуруҳларнинг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

 

23. Янги ўқув йилида умумтаълим муассасасида ташкил этиладиган синфлар сони муассасанинг харажатлар сметасида назарда тутилган кўрсаткичларга тўғри келмаган ҳолларда, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг розилиги билан қўшимча синфлар ташкил этилади.

 

4-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ МАЗМУНИ

 

24. Ўқув йили умумтаълим муассасаларида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

 

25. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги - 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);

ўқув ҳафтасининг давомийлиги - 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I-IV синфлар учун 5 кун);

дарс машғулотининг давомийлиги — 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 — 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги — 15 — 30 дақиқа).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

 

26. Умумтаълим муассасаларида ёзги таътил кунлари кундузги оромгоҳлар ва майдончалар ташкил этилиши мумкин.

 

27. Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I - IV синфлар;

ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;

ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

 

28. Малакали ўқитувчилар етарли бўлган қуйидаги ҳолларда синфдаги ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилади:

ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумтаълим муассасаларининг I - XI синфларида "Чет тили" фани, айрим фанларга  ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ихтисослашган фанлар, V - XI синфларда "Информатика ва ахборот технологиялари", таълим тили ўзбек тили бўлмаган умумтаълим муассасаларининг II - XI синфларида "Ўзбек тили" фани ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларининг II - XI синфларида "Рус тили" фани;

ўқувчилардан қатъий назар VIII-XI синфларда “Жисмоний тарбия”, V-IX синфларда “Технология”, X-XI синфларда “Чақирувга қадар бошланғич  тайёргарлик” фанлари (ўғил ва қиз болалар). 

 

29. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

30. Умумтаълим муассасаларида ўқув-тарбиявий ишлар умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ва умумий ўрта таълим дастури асосида амалга оширилади.

 

31. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат таълим стандартлари асосида янги ўқув йили учун ўқув режа ва унга тушунтириш хати ишлаб чиқилади ҳамда ҳар йили 1 августга қадар умумтаълим муассасаларига етказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига юборилади.

 

32. Ўқувчиларнинг сифатли билим олишини ва уларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига мос ҳолда ўқитиш натижаларини назорат қилишни таъминлаш мақсадида умумтаълим муассасаларида қуйидаги назорат турлари олиб борилади:

жорий назорат - ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини мунтазам равишда назорат қилиш учун сўровлар, назорат ишлари ёки тестлар кўринишида ўтказилади;

оралиқ назорат - чорак якунида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун ўқув дастурининг бир қисми тугаганда амалга оширилади ва у ёзма назорат иши ёки тестлар кўринишида олиб борилади;

босқичли назорат - ўқув йили тугаганда оғзаки, ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари кўринишида амалга оширилиб, унга асосан ўқувчининг якуний баҳоси, рейтинги аниқланади ва ўқувчини кейинги синфга ўтказишга қарор қилинади;

якуний назорат – таянч ўрта таълим ва умумий ўрта таълим тугаганидан сўнг якуний давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.

"Чет тили" фанидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси халқаро баҳолаш тизими асосида аниқланиши мумкин.

Умумтаълим муассасаси ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланади.

 

33. Умумтаълим муассасаларининг V –VIII ва X синф ўқувчилари тегишли фанлардан босқичли назоратларни муваффақиятли топширганларидан сўнг кейинги синфга ўтказилади.

 

34. Тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси ва умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори билан ўқувчилар якуний давлат аттестацияси ва босқичли назоратдан озод этилиши мумкин.

Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўқувчиларнинг халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ҳамда бошқа кўрик-танловлардаги иштироки якуний давлат аттестацияси ва босқичли назорат муддатларига тўғри келиб қолган тақдирда, улар тегишли якуний давлат аттестацияси ва босқичли назоратлардан озод этилади.

Уларнинг билимларини якуний баҳолаш ва рейтингини аниқлаш йиллик баҳолар асосида амалга оширилади.

 

35. Умумтаълим муассасасининг IX синфни тугатган ўқувчиларга давлат намунасидаги таянч ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, VIII - IX синфлардаги ўқиши даврида фақат аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга эса аъло даражали шаҳодатнома берилади.

Умумтаълим муассасасининг XI синфни тугатган битирувчиларга давлат  намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, X - XI синфлардаги ўқиши даврида фақат аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга эса аъло даражали шаҳодатнома берилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, 10-11-синфлардаги барча фанлардан йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига кумуш медаль берилади.

Умумтаълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартибини тасдиқлаш ва уни бериш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатноманинг ҳамда олтин ва кумуш медалларнинг давлат намунасини тасдиқлаш ва уни бериш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

 

36. Давлат таълим стандартлари доирасида умумтаълим дастурларини мустақил ўзлаштирган ўқувчиларга экстернат тартибида якуний давлат аттестациясини топшириш ҳуқуқи берилади. Якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади.

Экстернат тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Общие предложения

5145