ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
9788 Министерство по чрезвычайным ситуациям Республики Узбекистан 04/11/2019 23/11/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-9788

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5647 Фармони, 2019 йил 10 апрелдаги “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4276-сон қарорига мувофиқ кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, кема ва кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг Автомобиль транспорти ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисми, Термиз дарё порти масъулияти чекланган жамияти ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Академияси томонидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Термиз дарё порти масъулияти чекланган жамияти икки ой муддатда:

кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув режа ва дастурларни тасдиқласин;

кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар бланклари “Давлат белгиси” ДИЧБ томонидан тайёрланишини таъминласин;

Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши таъминлансин.

4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири А.Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Т. Худайбергенов ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони Р. Мирзаев зиммаларига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири                                                                            А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «____»______ даги ____-сон қарорига

ИЛОВА

 

Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш

ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш билан шуғулланувчи барча (янги очилаётган) давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар (кейинги ўринларда ўқув ташкилотлари деб аталади) учун ягона ва риоя этилиши мажбурий ҳисобланади.

2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

лоция – хавфсиз сузиш шартлари нуқтаи назаридан қирғоқ ва сув ости рельефи навигацион хусусиятларини батафсил баёнини қамраб олган сув объектларини ўрганувчи кемачилик соҳаси;

кема – жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ички сув йўлларида кемачилик мақсадида фойдаланиладиган, асосий двигателининг қуввати 55 кВтдан ортиқ бўлган ўзиюрар сузиш воситалари;

кичик ҳажмли кема – асосий двигателлар қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, моторларнинг қуввати ва сонидан қатъий назар осма моторли кемалар, елканли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзиюрмас кемалар (эшкакли қайиқлар ва сув велосипедлари (катамаранлар)), ҳаво босими билан тўлдириладиган ёки шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар;

катер – хоналарига эга бўлган, турғун двигатель (двигателлар) ёки осма мотор (моторлар) билан жиҳозланган кичик ҳажмли кема;

гидроцикл – сув юзасида сирпаниш йўли билан ҳаракатланишга мўлжалланган ички ёнув (кўчмас) двигателига эга бўлган алоҳида тезюрар сув транспорти воситаси;

елканли кема – шамол кучининг елканларга таъсири натижасида ҳаракатга келувчи кема;

кема ҳайдовчиси – кема ёки кичик ҳажмли кемани бошқарувчи шахс;

кемани бошқариш – ички сув йўлларида сузишни амалга оширувчи кемаларни бошқариш билан боғлиқ бўлган фаолият;

кема ҳайдовчиси гувоҳномаси – кема ёки кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;

кемачилик инспекцияси – Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг дарё транспортида сузиш хавфсизлигини назорат қилувчи давлат органи;

кичик ҳажмли кемалар инспекцияси – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишни назорат қилувчи давлат органи;

ўқув режа – блоклар ва ўқув фанларининг номларини, уларни ўзлаштириш учун ажратилган соатлар ҳажмини ҳамда тингловчиларнинг билимларини назорат қилиш шаклларини белгилаб берувчи  асосий меъёрий ҳужжат;

ўқув дастур – ўқув фанининг таълим мазмунини, унинг тингловчилар томонидан ўзлаштирилишини мақсадга мувофиқ усулларини ташкил этишни назарда тутадиган, ахборот манбаи бўлган, ўқув фанининг асосий мазмуни ва методик тузилишини аниқлаб берувчи асосий ҳужжат.

 3. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тартиби ушбу Низомнинг 1 – иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш тартиби  

4. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан мақсад, уларнинг назарий ва амалий билимлари даражасини янгилаш ҳамда кўникмаларини ошириб боришдан иборат.

5. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг Автомобиль транспорти ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисми (кейинги ўринларда Чегара қўшинлари деб аталади), “Термиз дарё порти” масъулияти чекланган жамиятида, кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш эса Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Академияси қошидаги Фуқаро муҳофазаси институти томонидан амалга оширилади.

Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишни истаган шахслар махсус ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ таълим оладилар.

6. Барча кемалар ўз тури, вазифаси ва бошқариш хусусиятларига кўра I, II, III – гуруҳ кемаларига, кичик ҳажмли кемалар эса катер, гидроцикл, моторли қайиқ ва елканли (моторли) кемалар гуруҳига бўлинади.

Кемалар гуруҳи қуйидагича белгиланади:

I гуруҳ – 55 кВтдан 400 кВтгача;

II гуруҳ – 400 кВтдан 800 кВтгача;

III гуруҳ – 800 кВтдан 1600 кВтгача.

Кичик ҳажмли кемалар гуруҳи қуйидагича белгиланади:

катер;

гидроцикл;

моторли қайиқ;

елканли (моторли) кема.

 

7. Ўқув ташкилотлари I – гуруҳ кемаларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳайдовчиларга II, III – гуруҳ кемаларни бошқариш ҳуқуқини бериш учун ёки бир турдаги кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳайдовчиларга бошқа турдаги кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича қайта тайёрлаш Транспорт вазирлиги Ўзбекистон кемачилик регистри ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси (кейинги ўринларда КҲКИ деб аталади) билан келишилган ҳолда, ўқув ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил қилинади.

8. Тегишли гуруҳдаги кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат таълим муассасалари ва ушбу таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган лицензияга эга бўлган нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Ушбу лицензияга эга бўлган нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ҳудудий Транспорт бошқармалари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаларида ҳисобдан ўтишлари лозим.   

9. Кема ҳайдовчилари ҳар 5 йилда бир марта ўқув ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида қайта тайёргарликдан ўтишлари ва малака оширишлари лозим.

3-боб. Ўқув ташкилотларига кема ҳайдовчиларини қабул қилиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби

10. Ўқув ташкилотларига I, II ва III – гуруҳ кема ҳайдовчилигига 18 ёшга тўлган, йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган кема ҳайдовчилигига 21 ёшга тўлган шахслар қабул қилинади ва белгиланган тартибда ўқув ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида олиб борилади.

11. I – гуруҳга кирувчи кемаларни бошқариш ҳуқуқини бериш учун шахсларни тайёрлаш, II, III – гуруҳга кирувчи кемаларни ёки бошқа турдаги кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқини бериш учун кема ҳайдовчиларини қайта тайёрлаш учун номзодларни ўқув ташкилотига қабул қилиш қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

жисмоний шахснинг ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган намунага мувофиқ аризаси ёки буюртмачи – ташкилот йўлланмаси (улар томонидан ўқишга юборилган шахслар учун);

соғлиғи ва тегишли турдаги кемаларни бошқаришга лаёқатли тўғрисидаги тиббий маълумотнома;

3 х 4 см. ҳажмдаги 3 дона фотосурат фуқаро кийимида, (Чегара қўшинлари хизматчиларидан ташқари);

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;

паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;

ўқиш учун тўлов топшириқномаси нусхаси ёки квитанцияси.

12. Кема ҳайдовчисини бир гуруҳдан бошқа гуруҳга қайта тайёрлаш учун мазкур Низомнинг 11 – бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда аввал берилган кема ҳайдовчиси гувоҳномаси нусхаси ҳам тақдим этилади.

13. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув ташкилотларига қабул қилиш, бир гуруҳдан бошқа гуруҳга ўтказиш, гуруҳ рўйхатидан чиқариш ва ўқишни тугатганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўқув ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

14. Ўқув жараёни бўйича тузилган шартномалар асосида қуйидаги миқдорда тўловлар амалга оширилади:

кема ҳайдовчиларини тайёрлаш учун – қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварида;

ўзининг фаолияти тури бўйича, кема ҳайдовчиси гувоҳномасига эга бўлиши шарт бўлган давлат муассасалари ходимларини I, II, III гуруҳ кема ҳайдовчиларини тайёрлаш учун – мазкур ташкилотлар маблағлари ҳисобидан, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараварида;

кема ҳайдовчиларини бир гуруҳдан бошқа гуруҳ кемаси ёки бир турдаги кичик ҳажмли кема ҳайдовчисини бошқа турдаги кичик ҳажмли кемани бошқариш бўйича қайта тайёрлаш учун – ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараварида;

кема ҳайдовчилари малакасини ошириш учун – ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараварида.

Ўқиш учун тўловлар тегишли ўқув ташкилотининг махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Мазкур банднинг қоидалари Чегара қўшинлари томонидан тайёрланаётган ҳарбий хизматчилари таркибидаги кема бошқарувчиларини тайёрлашга тадбиқ этилмайди.

15. Ўқув ташкилотларида сифатли ўқув жараёнини таъминлаш учун қуйидагиларга эга бўлишлари лозим:

замонавий ўқув – техника воситалари ва кўргазмали ўқув қуроллар билан жиҳозланган ўқув хоналар (синфлар);

амалий машғулотларни ўтказиш учун ўқув сузиш воситалари;

кемаларни амалда бошқаришни ўргатиш учун сув ҳавзасида жойлашган ўқув базалари.

16. Ўтказилган барча машғулотлар ўқув ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган, рақамланиб муҳрланган ўқув машғулотларини қайд этиш журналида ёритиб борилади. Ушбу Низомнинг 3 – иловасига мувофиқ сув ҳавзаларида ўтказиладиган машғулотлар кемаларни бошқарувини қайд этиш китобига тегишли ёзувлар киритилади.

17. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўз ичига назарий ва амалий машғулотларни олади.

18. Назарий машғулотлар сув транспорти соҳаси бўйича олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга бўлган, кемачилик ёки кичик ҳажмли кемалар инспекцияси ҳамда Чегара қўшинлари кема командири ва дарё флотилиясида уч йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган шахслар томонидан ўтказилади.

19. Амалий машғулотлар сузишнинг маҳаллий шароит хусусиятларидан келиб чиқиб, лоцияни пухта эгаллаган, (кема капитанлари ва командирлари) кемачилик соҳасида уч йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган ва яхши тайёргарликдан ўтган кема ҳайдовчилари томонидан амалга оширилади.

20. Кемачилик асослари, сузиш қоидалари ва хавфсизлиги бўйича  ўқитувчилар кема ёки кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлишлари лозим.

21. Ўқув ташкилотларида кема бошқарувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун қабул қилиш ўқув ташкилоти  раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади.

4-боб. Кема ҳайдовчиларини ўқитиш тартиби

22. Ўқитишнинг асосий мақсади кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда уларнинг малака ва билим даражасини оширишни таъминлаш ҳамда кемаларни хавфсиз бошқариш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштириш (такомиллаштириш) ҳисобланади.

23. Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқув ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида олиб борилади.

24. I, II ва III гуруҳли кемалар ёки кичик ҳажмли кемалар («Гидроцикл», «Катер», «Моторли қайиқ» ва «Елканли қайиқ») ҳайдовчиларини ўқитиш жараёни алоҳида белгиланган ўқув дастурлар асосида олиб борилади.

25. Ўқув дастурларга мувофиқ ўқиш давомийлиги қуйидагича белгиланади:

I, II ва III гуруҳли кемалар бўйича; 

кема ҳайдовчиларини тайёрлаш – 108 соат;

кема ҳайдовчиларини қайта тайёрлаш – 36 соат;

кема ҳайдовчиларини малакасини ошириш – 24 соат.

Кичик ҳажмли кемалар бўйича; 

кема ҳайдовчиларини тайёрлаш – 72 соат;

кема ҳайдовчиларини қайта тайёрлаш – 48 соат;

кема ҳайдовчиларининг малакасини ошириш –  36 соат.

26. Ўқув ташкилотлари сифатли ўқув жараённи таъминлаш учун қуйидаги вазифаларни бажаришлари лозим:

тегишли фан дастурларини ва ўқув режаларини, шунингдек кема ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

ўқув хоналарини ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ўқув фанларига оид материаллар ва ўқув дастурларни мос равишда ёритадиган, ўқув фанларини самарали ўзлаштиришга, кема ҳайдовчиларининг мустақил таълим олишига кўмаклашувчи видео материаллар, матнлар тўплами ҳамда билимларини назоратдан ўтказиш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган тест саволларини ўз ичига олган ўқув фанларнинг асосий мазмунини бойитадиган материаллар билан таъминлаш;

амалий машғулотларни ўтказиш учун техник яроқли ўқув кемаси билан таъминлаш;

кемаларни амалда бошқаришни ўргатиш учун сув ҳавзасида жойлашган ўқув базаларини ташкил этиш.

27. Ўқув ташкилотларида кема ҳайдовчиларини ўқитиш ўқувчиларнинг йиғилишига қараб ўтказилади. Ҳар бир гуруҳда ўқувчилар сони 10 кишидан кам ва 25 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

28. Назарий машғулотлар жиҳозланган хоналар (синфлар) лаборатория ва устахоналарда ўтказилади. Назарий машғулотларни ўтказиш жараёнида ўқув режа ва дастурларга мувофиқ методик ўқув қўлланма, ўқув-техник жиҳозлар ва кўргазмали ўқув қуролларидан фойдаланилади.

29. Ўқув режа ва дастурларда назарда тутилган барча назарий машғулот турлари тасдиқланган дарс жадвали асосида, кемаларни амалда бошқариш эса – кемаларни бошқаришга ўргатиш навбат жадвали асосида ўтказилади.

Амалий машғулотларни ўтиш даврида бир ўриндиқли кемалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

30. Амалий ўқув машғулотларнинг дастлабки босқичи ёпиқ сув ҳавзаларида, кемалар ва бошқа сузиш воситалари бўлмаган ҳамда чўмилиш таъқиқланган ҳудудларда олиб борилади, якуний босқичи эса кемалар қатнайдиган ҳақиқий шароитда ўтказилади.  

31. Амалий машғулотлар ўтказиладиган сув ҳавзаси ҳудуди қирғоқ ва сузувчи навигация белгилари билан жиҳозланган бўлиши, кемаларнинг қирғоққа (причалга) хавфсиз келиши, одамларни чиқариш ва тушириш учун мўлжалланган махсус мосламаларга (причал қирғоқ йўли қисми) эга бўлиши шарт.

32. Ўқув якуни бўйича ўқувчиларнинг билимлари синовдан ўтказилади ва кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисида ушбу Низомнинг 4 – иловасида келтирилган намунага мувофиқ гувоҳнома берилади. Мазкур гувоҳнома кемаларни бошқариш хуқуқини бермайди.

33. Ўқув гуруҳларининг ҳужжатлари, кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошлаб ўн йил давомида ўқув ташкилотида сақланади. Кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома йўқотилган тақдирда, ўқув ташкилоти томонидан кема ҳайдовчисининг аризаси ва шахсий варақасига асосан унинг дубликати берилади.

5-боб.  Ўқув ташкилотлари ва ўқувчиларнинг мажбурияти ва ҳуқуқлари

34. Ўқув ташкилотнинг мажбуриятлари:

ўқув режа ва дастурларда назарда тутилган таълим беришни сифатли ташкил этиш;

машғулотларни санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган, зарур жиҳозлар билан таъминланган хоналарда ўтказиш;

ўқувчиларни ўқув-услубий қўлланма (материаллар) ва адабиётлар билан таъминлаш;

амалий машғулотларни ўтказишдан аввал йўриқнома (инструктаж) ўтказиш;

амалий машғулотларни ўтказишда техник соз бўлган кемадан фойдаланиш;

билимларни синовдан ўтказиш ва кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш. 

35. Ўқув ташкилотининг ҳуқуқлари:

назарий ва амалий машғулотлар жадвалларини белгилаш;

ўқув курси учун тўловни амалга оширилишини ўз вақтида талаб этиш;

олдиндан ўқувчиларни огоҳлантирган ҳолда машғулотларни ўтказиш санаси ва вақтини ўзгартириш.

36. Ўқувчиларнинг мажбуриятлари:

ўқиш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш;

ўқиш жадвалига мувофиқ машғулотларда ўз вақтида қатнашиш;

ўқишда бўлмагани сабаби тўғрисида узрли сабабларни тасдиқловчи хужжат билан ўқув ташкилоти раҳбариятини хабардор қилиш;

ўқув ташкилотининг мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;

кема бошқариш бўйича амалий машғулотларда тасдиқланган дастур ва навбат (график) жадвалига мувофиқ қатнашиш;

ўқув ташкилотининг мулкига етказилган зарарни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қоплаш.

37. Ўқувчиларнинг ҳуқуқлари:

ўқув ташкилоти томонидан таълим олиш мақсадида тақдим этилган ўқув-услубий қўлланмалар (материаллар), адабиёт ва жиҳозлар ҳамда кемалардан фойдаланиш;

ўқув ташкилотининг таълим бериш соҳаси бўйича керакли маълумотларни олиш;

кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олиш;

кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун малака имтиҳонларини топшириш.

6-боб. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи

гувоҳномаларни бериш тартиби

38. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни олиш учун (ҳарбий хизматчилардан ташқари) фуқаролар доимий ёки вақтинчалик турар жойларидаги Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Хоразм, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари Транспорт бошқармаларида, кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси қошидаги Фуқаро муҳофазаси институтида ёки ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқрмаларида имтиҳонлар топширадилар.

39. Кемаларни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар маъмурий жазо ижро этилганидан кейин ва кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни олиш учун назарий ва амалий имтиҳон топширишидан олдин малака оширишлари шарт.

40. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун кема ҳайдовчилигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

тегишли гуруҳ ва турдаги кема ҳайдовчиларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ўқув дастури бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги ягона намунадаги гувоҳнома;

соғлиғи ва кемаларни бошқаришга лаёқатлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома (кемани бошқаришга лаёқатлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотноманинг рақами, берилган санаси, тиббий муассаса номи);

кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун тўловлар тўланганлиги ҳақидаги банк муассасасининг тўлов қоғози;

фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат.

41. Кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилгандан сўнг, кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун имтихонларга кирувчи номзодлар ушбу Низомнинг 5 – иловасида келтирилган намунага мувофиқ кема ҳайдовчисининг шахсий варақасидаги тегишли устунлари ва аризани тўлдириб ўз имзоси билан тасдиқлайди.

42. Кема ҳайдовчисининг шахсий варақаси, икки дона сурат ва кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ўқув ташкилотининг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармаларида ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси қошидаги Фуқаро муҳофазаси институти ёки ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган аттестация комиссияга тақдим этилади.

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари таркибидаги кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш курсини тугатган шахсларнинг ҳужжатлари Чегара қўшинларида ташкил этилган аттестация комиссиясига тақдим этилади.

43. Аттестация комиссияси таркиби 5 кишидан кам бўлмаган масъул ишчи ходимлардан ҳамда касаба уюшмалари ташкилоти вакилларидан тузилиб, комиссия раиси, котиб ва комиссия аъзоларидан иборат бўлади. 

Имтиҳон олиш комиссияси таркибига:

ҳудудий бошқарма бошлиғи (комиссия раиси);

тегишли ҳудудий бошқарма кемачилик инспекцияси инспектори, кичик ҳажмли кемалар инспекцияси мансабдор шахслари, ўқув ташкилотларининг (имтиҳон топшираётган ўқув гуруҳи ўқитувчиси, шунингдек, ўқув ташкилотидан бир нафардан ортиқ ўқитувчи жалб этилмаслиги керак), кемачилик билан шуғулланувчи идораларнинг вакиллари киритилади.

Чегара қўшинларининг Аттестация комиссияси таркиби Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири буйруғи билан шакллантирилади.

44. Аттестация комиссиясининг вазифаси қуйидагилар ҳисобланади:

Аттестация комиссияси ишини ташкил этиш;

Аттестация комиссияси аъзоларининг вазифаларини тақсимлаш:

Аттестация комиссияси фаолияти бўйича фуқароларни қабул қилиш;

кўриб чиқиш учун келиб тушаётган аризалардан келиб чиқиб, Аттестация комиссияси йиғилишини ўтказиш даврийлигини белгилаш;

Аттестация комиссияси йиғилишида аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этганда қарор қабул қилишга ҳақли.

45. Аттестация комиссиясига раис раҳбарлик қилади ва қуйидагилар унинг вазифаси ҳисобланади:

Аттестация комиссияси ишини ташкил этиш;

Аттестация комиссияси фаолияти бўйича фуқароларни қабул қилиш;

кўриб чиқиш учун келиб тушаётган аризалардан келиб чиқиб, Аттестация комиссияси йиғилишини ўтказиш даврийлигини белгилаш;

Аттестация комиссияси аъзоларининг ишини назорат қилиш.

46. Аттестация комиссияси котиби:

Аттестация комиссиясида кўриб чиқиладиган кундалик масалалар бўйича йиғилиш кун тартибини шакллантиради ва белгилайди;   

Аттестация комиссия аъзоларини ўтказиладиган йиғилиш тўғрисида (ўтказиш санаси, вақти ва жойи) огоҳлантиради;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилишини назорат қилади;

талаб даражасида тўлдирилмаган ариза ва ҳужжатларни қайтарилишини таъминлайди;

Аттестация комиссиясининг йиғилиш баённомаларини тайёрлаш ва расмийлаштириш ҳамда улардан кўчирмалар беришни амалга оширади;

Аттестация комиссияси томонидан кўриб чиқиш жараёнидаги ҳужжатлар ва аризаларни сақланишини таъминлайди;

келиб тушаётган ариза ва ҳужжатларнинг электрон маълумотлар базасини юритишни таъминлайди;

ўқувчиларни имтиҳон ўтказиш куни ва жойи тўғрисида хабардор қилади.

47. Кема ҳайдовчиларининг назарий ва амалий билимларини аттестациядан ўтказиш, кемани бошқариш бўйича амалий кўникмалари ва тест синовлари орқали амалга оширилади.

Тест синовлари “Кема назарияси ва асослари”, “Кемаларни бошқариш”, “Кема ва кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш қоидалари”, “Кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларининг жавобгарлиги” ва Ўзбекистон Республикаси ички кема йўлларида сузиш қоидалари бўйича ўтказилади.

48. Тест синовлари бўйича топшириқлар 15 та саволдан иборат бўлиши лозим. Тест саволлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Чегара қўшинлари томонидан шакллантирилади.

Тест синовларини топшириш учун 30 дақиқадан ортиқ бўлмаган вақт ажратилади.

Тест синовлари пайтида кўпи билан иккита хатога йўл қўйган шахслар имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳисобланади.

49. Тест синовлари натижалари ушбу Низомнинг 6 – иловасида келтирилган намунага мувофиқ Аттестация комиссияси йиғилиши баённомасида “топширди” ва “топширмади” ёзувлари билан расмийлаштирилади. Баённома комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ва Аттестация комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

50. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган ўқувчиларга амалий кўникмаларни топширишга рухсат этилади.

Тест синовидан ўта олмаган ўқувчилар учун такрорий имтиҳонлар олдинги имтиҳонлардан сўнг камида етти кун ўтгандан кейин ўтказилади.

Назарий имтиҳонларда олинган ижобий баҳо икки ой давомида ҳақиқий деб ҳисобланади.

51. Кемани бошқариш бўйича ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини имтиҳондан ўтказиш махсус жихозланган сув ҳавзаларида олиб борилади.

Кемани бошқариш бўйича амалий кўникма билимларини имтиҳондан ўтказиш, кемачилик инспекцияси, Чегара қўшинлари мансабдор шахслари ва кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини КҲКИ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

52. Кема ёки кичик ҳажмли кемаларни бошқариш бўйича номзодлар амалий имтиҳонларни топшира олмаса, у яна қайта назарий имтиҳонларга юборилади.

53. Назарий ва амалий имтиҳонлар натижалари кема ҳайдовчисининг шахсий варақасига киритилади ҳамда имтиҳон олиш комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома имтиҳонда қатнашган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

54. Назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга ушбу Низомнинг 7 – иловасида келтирилган намунадаги шаклларга мувофиқ аттестация комиссияси баённомаси асосида кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади.

Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани қайд этиш китобига серияси ва тартиб рақамининг ўсиши бўйича киритилади. Кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномада рухсат этилган кема гуруҳи, тури, сузиш ҳудуди, амал қилиш муддати ва берилган санаси кўрсатилади.

55. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилган кундан бошлаб ўн йил муддатга амал қилади.

56. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ҳисоб рақамига, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари фондига белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўловлар амалга оширилгандан сўнг аттестация комиссияси котиби томонидан берилади.

57. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома фақат унинг эгасига берилади. Ушбу шахс паспортини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатган ҳолда ушбу Низомнинг 8 – иловасида келтирилган намунага мувофиқ гувоҳномаларни қайд этиш журналига имзо қўяди.

Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ваколатнома (ишончнома) билан берилмайди.

Гувоҳномаларни қайд этиш журнали доимий сақланадиган ҳужжат ҳисобланади, у рақамланган, шнурланган, масъул шахс имзоси ва муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.

7-боб. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни алмаштириш ва йўқолгани ўрнига янгисини бериш тартиби

58. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси эгасининг белгиланган тартибдаги аризаси, унинг олдинги мазкур гувоҳномаси, кема ҳайдовчисининг шахсий варақаси ёки кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани ҳудудий Транспорт бошқармалари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари тасдиқномаси, белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома ҳамда кема эгасининг фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади.

59. Кема ёки кичик ҳажмли кемаларни охирги ўн икки ой давомида бошқарган шахсларнинг кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.

 60. Йўқолган гувоҳноманинг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан ҳамда кемани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалари маълумотлар базасидан текширилганидан сўнг берилади ва “Дубликат” белгиси қўйилади.

Ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно.

Дубликат бериш учун қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 0.5 бараварида тўлов амалга оширилади.

Гувоҳноманинг дубликати берилганлиги ҳақидаги маълумот гувоҳномаларни қайд этиш журналига киритилади.

 

61. Кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси ўрнига гувоҳноманинг дубликати берилганидан кейин, йўқолган кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси топилган тақдирда, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва ҳудудий Транспорт бошқармалари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаларига топширилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

8-боб. Аризаларни бериш ва кўриб чиқиш тартиби

62. Номзодларнинг тест синовлари натижалари бўйича аризаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиг ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг худудий бошқармалари буйруқлари билан Апелляция комиссияси ташкил этилади.

63. Аттестация комиссияси қароридан норози бўлган ёки тест синовларидан ўта олмаган шахслар, аттестация комиссияси йиғилиши баённомаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида Аттестация комиссиясининг тегишли қароридан шикоят қилишга ҳақли.

64. Ариза берилган кун апелляция комиссиясига тушган кун ҳисобланади.

Аризада, аризачининг мурожаат қилган санаси кўрстилиб, Аттестация комиссияси йиғилиши баённомасидан нусха илова қилиши лозим.

65. Апелляция комиссияси котиби келиб тушган аризани кирувчи хатлар журналига қайд этади. Апелляция комиссияси котиби комиссия йиғилишигача 15 кундан кечиктирмай аризачига аризасини кўриб чиқиладиган кун тўғрисида хабар беради.

66. Апелляция комиссиясига келиб тушган аризалар қонунчиликда белгиланган муддатлардан кечиктирилмаган ҳолда кўриб чиқилиши шарт.

Ариза билан мурожжат қилган шахс аризани кўриб чиқилишида Апелляция комиссияси йиғилишида иштирок этишга ҳақли.

67. Котиб Апелляция комиссияси йиғилишида барча келиб тушган мурожаатларни, шу жумладан лозим даражада жавоб берилмаган ёки белгиланган муддатлари бузилган ҳолда берилган аризалар тўғрисида маълумот беради.

Агар ариза лозим даражада берилмаган бўлса ва (ёки) уни бериш муддати бузилган бўлса Апелляция комиссияси аризани кўриб чиқишни рад этиб, мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда такроран тақдим этилиши тўғрисида қарор қабул қилади.

68. Апелляция комиссияси, аризачининг мурожаатини кўриб чиқиб қуйидаги қарорларни қабул қилишга ҳақли:

Аттестация комиссияси қарорини ўзгаришсиз, аризани эса қаноатлантирмасдан қолдириш;

Аттестация комиссияси қарорини бекор қилиш ва аризачига тест синовларини қайта топширишга рухсат бериш;

Аттестация комиссияси қарорини бекор қилиш ва комиссия берган якуний балларни ўзгартириш.

69. Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

70. Апелляция комиссияси томонидан мазкур Низомнинг 68-банди, 3-хатбошисида назарда тутилган қарор қабул қилинганда, Аттестация комиссияси ариза берувчини биринчи навбатда ўтказиладиган имтиҳонда иштирок этишига рухсат бериши шарт.

71. Апелляция комиссияси котиби Апелляция комиссияси йиғилишининг баённомасини тузишда қуйидаги маълумотларни киритади:

 йиғилиш ўтказилган сана, вақти ва жойи;

Апелляция комиссияси аъзолари ва йиғилишда иштирок этган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

ариза берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш манзили, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотлар;

кўриб чиқилаётган шикоятнинг мазмуни;

Апелляция комиссияси қабул қилган қарор.

Баённома Апелляция комиссияси раиси ва котиби томонидан имзоланади.

72. Ариза берувчининг шикояти бўйича Апелляция комиссияси йиғилишининг баённомасидан кўчирма, комиссия йиғилишидан кейин 5 иш куни давомида комиссия котиби томонидан ариза муаллифига ва нусхаси Аттестация комиссиясига юборилади.

9-боб.  Ушбу низом талаблари бузилганлиги учун жавобгарлик

73. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

 

 

 

 

Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи

гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

 

 

Ўқув ташкилот раҳбарига

____________________________

(ким томонидан)

____________________________

(Ф.И.О.)

 

 

Кема ёки  кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш
 бўйича ўқув курсига қабул қилиш юзаидан

(ўқув йўналиши бўйича ёзилади)

Ариза

 

Сиздан мени кема бошқарувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув курсига қабул қилишингизни сўрайман.

 

Ариза берувчининг маълумотлари:

 

1.  _____________________________________________________________________________________________________________________________________________

(Фамилияси, Исми ва Отасини исми)

2.  ______________________________________________________________________________________________________________________________________________

(турар жойи бўйича манзили ва телефон рақами)

3. Шахсини тасдиқловчи хужжатлар тўғрисида маълумот (паспорт ёки унинг ўрнини босувчи хужжат серияси, рақами, берилган санаси, ким томондан берилган)  

(бошқа ҳужжатлар, кўрсатилсин)

______________________________________________________________________________________________________________________________________________

4. Туғилган йили санаси _____________________________________________

 

5. Туғилган жойи ___________________________________________________

 

Илова: 1.  Соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;

             2.  3 х 4 см ҳажмдаги 3 дона фотосурат.   

 

20__йил “___” ______                                    ________________________________

                                                                               (Ариза берувчининг имзоси)

 

Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш ҳамда кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи

увоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги низомга

4-ИЛОВА

 

Кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисида

ГУВОҲНОМА

 

Кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисида гувоҳнома жилди

 

Кема ҳайдовчиси курсини тугатганлиги тўғрисида гувоҳноманинг ички томони