ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
9719 Академия наук Республики Узбекистан 01/11/2019 16/11/2019 9

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси кимё-биология фанлари йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг молиялаштирилишини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9719

Мамлакатимизда академик илм-фанни янада ривожлантириш, Фанлар академиясининг кимё-биология фанлари йўналиши таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий салоҳияти ва фаолиятини танқидий таҳлил натижаларини инобатга олган ҳолда илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш, тадқиқот олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг кимё-биология фанлари комплекси таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари тузилмаси 1–11 иловаларга мувофиқ тасдиқлансин;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига заруратга кўра илмий-тадқиқот муассасалари тузилмасига тасдиқланган ходимларнинг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Қуйидагилар:

ўсимлик ва ҳайвон организмари асосида берилган хоссага, юқори самарадорликка эга бўлган биологик фаол моддаларни яратиш (ажратиб олиш, синтез қилиш, модификациялаш);

уларнинг тузилишини ўрганиш, функционал фаоллигини скрининг қилиш; структура-функция боғлиқликни аниқлаш ва модель системаларда
(in vitro, in vivo) молекуляр даражада таъсир этиш механизмларини тадқиқ қилиш, муҳим биомолекуляр тизимларни таъсир этиш механизми
ва тузилишларини ўрганиш бўйича фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш;

доривор бирикмаларни йўналтирилган етказиб берилиши ва уларнинг таъсир кўрсатиш нишонларини топиш учун векторларни конструкциялаш;

янги дори препаратларини яратиш, клиниколди ва клиник тадқиқотларнинг барча босқичларини ўтказиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ишлаб чиқариш учун рухсатнома олиш;

дори препаратлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларининг биоҳавфсизлигини баҳолаш бўйича сертификатланган усулларни ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалик экинларининг ривожланиш жараёнига биотик
ва абиотик омилларнинг таъсири остида иммунитет индукциясининг молекуляр механизмларини ўрганиш ҳамда кўпайиш, ўсиш
ва ривожланишни мақсадли бошқариш учун самарали таъсирга эга бўлган бирикмаларни яратиш;

ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экологик ҳавфсиз ҳимоя қилиш воситалари ҳамда ўсиш стимуляторларини яратиш;

илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш ва тижоратлаштириш – Фанлар академиясининг О.С. Содиқов номли Биоорганик кимё институтининг;

экспортга йўналтирилган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган юқори самарали, ресурсларни тежайдиган, юқори технологияларни яратиш ва ривожлантириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш;

маҳаллий хом-ашёлардан катализаторлар ва демульгаторлар ишлаб чиқариш бўйича самарали технологияларни ишлаб чиқиш;

ёқилғи ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини иккиламчи қайта ишлашни ташкил қилган ҳолда углеводородларни қайта ишлашнинг самарали
ва ресурс тежайдиган технологияларини яратиш;

дон ва сабзавот экинлари учун самарали ўғитлар, дефолиантлар, стимуляторлар, шунингдек олдиндан белгиланган хусусиятларга эга бўлган комплекс таъсирли уруғларни яратиш ва ишлаб чиқариш;

Оролбўйи минтақаси тупроқлари ва қумларини кимёвий ва биологик мустаҳкамлашнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

рангли ва нодир металларни сорбцион ажратиб олиш бўйича юқори самарали теxнологияларни яратиш;

махаллий xом ашё асосида иссиқлик ва товушдан сақловчи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш теxнологиясини яратиш;

асбест-цемент маҳсулотлари ва цемент ишлаб чиқариш учун ресурсларни тежайдиган, экологик тоза теxнологияларни ишлаб чиқиш;

тадқиқот натижалари ва инновацион ишланмаларни  тижоратлаштиришФанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтининг;

тегишли иқтисодиёт секторларига илмий натижаларни тадбиқ этиш бўйича инновацион ёндашув  ва таклифлар ҳамда янги илмий йўналишларни ишлаб чиқиш;

ўсимликлар генетикаси, физиологияси, биокимёси, молекуляр биологияси, селекцияси, уруғчилик ва уруғшунослигининг устувор йўналишларида тадқиқотлар олиб бориш, генетиканинг анъанавий
ва замонавий услублари асосида нав яратишнинг янги услубларини яратиш;

Gossypium L. туркуми коллекциясининг биохилма-хиллигини ўрганиш ва бойитиш;

мосланувчанлик жараёни ирсийланишининг генетик қонуниятларини, мосланувчанликнинг эпигенетик ва морфофизиологик хусусиятларини ўрганиш, қишлоқ хўжалик экинларининг биотик ва абиотик омилларига чидамлилигини ошириш йўлларини аниқлаш;

қишлоқ хўжалик экинлари, доривор ва фитомелиоратив ўсимликлар ишлаб чиқаришнинг биотехнологик услубларини яратиш ва амалиётга тадбиқ этиш;

қишлоқ хўжалик экинларининг оригинал ва F1 дурагай уруғлари олишнинг янги самарали услубларини ишлаб чиқиш;

тупроқ унумдорлигини ва қишлоқ хўжалик экинларининг маҳсулдорлигини ошириш учун микроблар асосида янги био – ва нано материаллар яратиш;

қишлоқ хўжалик экинлари касалликларини фитопатологик
ва молекуляр диагностика қилиш, олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш;

илмий тадқиқотлар натижалари ва инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш ва тижоратлаштириш – Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг;

бактериология, микология, вирусология, молекуляр биология, ген муҳандислиги ва замонавий биотехнология соҳаларида микробиология
ва биотехнологиянинг устувор йўналишлари бўйича фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларни бажариш;

микробиология ва биотехнология соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш;

микробиология ва биотехнологиянинг турли жабҳаларида қўлланиладиган микроорганизмлар тўплами фондини шакллантириш
ва юритиш;

микроорганизмлар штаммларини улардан фойдаланувчиларнинг талабига биноан, патент олиш мақсадида микроорганизм штаммларини сақлашни таъминлаш;

саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалигида ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун микроорганизмларнинг ноёб махаллий штаммларини танлаб олиш ва улар асосида экологик тоза чиқиндиларсиз ва кам чиқиндили биотехнологияларни ишлаб чиқиш;

янги авлод биопрепаратларини ишлаб чиқиш учун юқори фаолликка эга бўлган микроорганизмларни танлаб олиш ва ген муҳандислиги усуллари билан яратиш;

ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини тезлаштириш, фитопатогенлардан ҳимоя қилиш, ҳосилдорликни ошириш учун янги, хавфсиз, импорт ўрнини босадиган экологик тоза микроб препаратларини ишлаб чиқиш ва агросаноат мажмуасига киритиш;

юқори биологик фаолликка эга бўлган бифидобактериялар ва сут ачитувчи бактериялар штаммларини ажратиш ва танлаб олиш хамда халқ хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик учун юқори самарадор оқсил билан бойитилган пробиотик микроб препаратлари ва биосинтез маҳсулотларини ишлаб чиқариш биотехнологияларини яратиш ва амалиётда қўллаш

маҳаллий ресурслар базасида биоёқилғи ишлаб чиқаришнинг ишончли, экологик тоза технологияларини яратиш;

атроф-муҳит намуналарини биоремедиация қилиш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

симбиоз ҳолда яшовчи ризосфера микроорганизмлари билан ўсимликларнинг ўзаро таъсирини ўрганиш;

қишлоқ хўжалиги, саноат ва маиший чиқиндиларни чуқур ва самарали қайта ишлаш, биогаз ва юқори сифатли ўғитлар учун оқава сувлар ва лойдан фойдаланиш технологияларини жорий этиш;

тадқиқот натижалари ва инновацион ишланмаларни ишлаб чиқариш
ва тижоратлаштириш – Фанлар академиясининг Микробиология институтининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин.

3. Қуйидагилар илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятининг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

2020 йил 1 январидан ИТМ бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг танловлар натижаларига асосан Давлат илмий-техника дастурларини бажариш учун ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Қуйидагилар:

2025  йил 1 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ИТМ илмий ҳодимлари сони
12-22 иловаларга мувофиқ босқичма-босқич камайтирилиб борилиши;

2020 йил 1 январидан ИТМ ларда амалга оширилаётган фундаментал
ва амалий лойиҳалар амалга оширилиши тўхтатилиб бўшайдиган бюджет маблағлари ИТМ ларни сақлаш бўйича харажатларни қоплашга йўналтирилиши белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси унинг кимё-биология фанлар комплекси таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини такомиллаштиришнинг мақсадли дастури, 2020-2024 йиллардаги илмий-тадқиқот ишлари дастури ҳамда мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар) ни бир ой муддатда Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 23-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                                    А. Арипов