ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
965 Агентство по управлению государственными активами Республики Узбекистан 17/10/2018 01/11/2018 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Наманган вилоятида хусусий тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва замонавий тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-965

Наманган вилоятида соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш, аҳолига, биринчи навбатда, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш, самарасиз фаолият юритаётган давлат тиббиёт муассасалари негизида хорижий инвесторлар иштирокида замонавий диагностика марказини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш мақсадида давлат активларини сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ–3297-сон қарорига мувофиқ Наманган вилояти, Наманган шаҳри, “Сиҳатгоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини, Чаманзор даҳаси, 2д-уй манзилида жойлашган “Вилоят тиббий диагностика маркази” давлат унитар корхонасининг бино ва иншоотлари (кейинги ўринларда объект деб аталади) фаолият турини 10 йил мобайнида сақлаш шарти билан хусусийлаштирилиши белгиланган бўлсада, мазкур объект оммавий савдоларда сотилмагани;

Наманган вилояти ҳокимлиги ва “Gold – dream” Ўзбекистон – Корея қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда “Gold – dream” МЧЖ деб аталади) ўртасида Наманган шаҳрида умумий қиймати 30,0 млн. АҚШ доллари бўлган тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси ҳисобига замонавий тиббиёт диагностика марказини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигининг объектни “Gold – dream” МЧЖга замонавий хусусий тиббиёт марказини ташкил этиш учун инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” харид қийматида сотиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. “Gold – dream” МЧЖга объект доирасида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жараёнида қуйидаги инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар юклатилсин:

а) бир йил давомида ўз маблағлари ҳамда жалб этиладиган хорижий ҳамкорларнинг маблағлари ҳисобига 30,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали объектни реконструкция қилиш, замонавий асбоб-ускуналар сотиб олиш ҳамда жиҳозлаш;

б) объект негизида замонавий 4 та жарроҳлик амалиёти бўлими, 20 та жонлантириш ва 200 та стационар даволаниш ўринлари, шунингдек, бактериологик ва гистологик таҳлил лабораториялари хизматини ташкил этиш;

в) объект ишга туширилган санадан бошлаб, 3 йил давомида республика бўйича камида 5 000 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда барча турдаги гуруҳ ногиронларига беғараз тиббий хизмат кўрсатиш,

шу жумладан камида 200 та жарроҳлик амалиётларини бажариш;

г) камида 150 та янги иш ўринлари ташкил этиш ва 15 йил давомида фаолият турини сақлаб қолиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

ўн кун муддатда мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган шартлар асосида объект бўйича олди-сотди шартномаси тузилишини;

“Gold – dream” МЧЖ томонидан шартнома асосида инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилишини таъминлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Gold – dream” МЧЖ билан биргаликда икки ҳафта муддатда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ҳамда барча турдаги гуруҳ ногиронларига беғараз тиббий хизмат кўрсатиш ва жарроҳлик амалиётларини бажариш мажбуриятини белгилаб берувчи вақтинчалик тартиб ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов

Общие предложения

977