ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
960 Министерство народного образования Республики Узбекистан 17/10/2018 01/11/2018 3

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни
янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-960

Ўзбекистон Республикасида мажбурий 11 йиллик умумий ўрта таълимга ўтилиши муносабати билан ўқувчиларнинг сифатли таълим ва тарбия олишга бўлган қизиқишларини ошириш ва улар орасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлар бўйича ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;

кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.

3. Қуйидагилар:

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин
ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин
ва кумуш медалларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уларни ҳисобдан чиқариш мувофиқлаштирилишини;

умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медаллар ўқувчиларга холислик ва одиллик тамойилларига амал қилган ҳолда топширилишини таъминласин.

5. “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буюртмасига асосан ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларни тайёрласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларни тайёрлаш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳар ўқув йилининг якунида таълим муассасалари битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар холисона ва ҳаққоний берилишини ўрганиб, зарур чоралар кўрилишини таъминласин.

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

1-илова

 

 

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейларнинг 11-синф битирувчиларини (кейинги ўринларда Битирувчилар деб аталади) аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш белгиланган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган давлат ва нодавлат таълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб аталади) томонидан иловадаги схема асосида амалга оширилади.

 

2-боб. Битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш

 

3. Олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган,
10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлар бўйича ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.

4. Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган,
10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали
хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.

5. Битирувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан мукофотлашга тавсия этиш ҳар бир таълим муассасасида ташкил этиладиган Битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга тавсия этиш бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши деб аталади) томонидан амалга оширилади.

6. Жамоатчилик кенгаши:

Жамоатчилик кенгаши раиси – таълим муассасаси Васийлик кенгашининг раиси;

Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари – таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари;

Жамоатчилик кенгаши аъзолари – таълим муассасаси ота-оналаридан
1 нафар вакил, таълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш органининг 1 нафар вакили,                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                           таълим муассасасининг малакали
1 нафар ўқитувчиси, Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг 1 нафар фаол аъзоси;

Жамоатчилик кенгаши котиби –таълим муассасасининг ёшлар етакчиси аъзо бўлган етти кишидан иборат таркибда тузилади. 

6. Жамоатчилик кенгаши таркиби ҳар ўқув йилининг 30 сентябрига қадар таълим муассасаси Васийлик кенгашининг йиғилишида тасдиқланади
ва кейинги йилнинг 30 августига қадар фаолият кўрсатади.

7. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг вазифалари ҳисобланади:

олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб бўлган аъло баҳоларга ўқиётган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган ўқувчилар рўйхатини шакллантириш;

битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганиш;

умумий ўрта таълим муассасаси педагогик кенгашига олтин ва кумуш медаль билан тақдирланадиган битирувчиларни тавсия этиш.

8. Жамоатчилик кенгаши ҳар ўқув йилининг 28 май кунига қадар Битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш бўйича баённомани расмийлаштиради ҳамда таълим муассасасининг Педагогик кенгашига тақдим этади.

9. Таълим муассасасининг Педагогик кенгаши Жамоатчилик кенгаши томонидан тавсия этилган Битирувчиларнинг олтин ёки кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб эканлигини холисона ва ҳақоний муҳокама қилади.

Ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган талабларга мос келмайдиган битирувчилар олтин ёки кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб эмас
деб топилади.

Таълим муассасаси педагогик кенгашининг Битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб эмас деб топиш тўғрисидаги қарори педагогик кенгаш мажлиси баённомасида асосланиши шарт.

9. Педагогик кенгаш тегишли ўқув йилининг 1 июнига қадар олтин ёки кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб деб топилган битирувчиларни тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Педагогик кенгаш мажлиси баённомасининг нусхаси 1 кун муддатда таълим муассасасининг эълонлар тахтасида эълон қилинади, Жамоатчилик кенгашига
ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тақдим этилади.

10. Педагогик кенгаш қарори асосида икки кун муддатда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи чиқарилади.

11. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг буйруғи битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш учун асос ҳисобланади.

12. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг буйруғи нусхаси
ҳар йили 4 июнга қадар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси
ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларига юборилади.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг буйруқлари асосида олтин ва кумуш медаль билан тақдирланадиган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ва ҳар йили 5 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳар йили 10 июнга қадар ўзининг веб-сайтида олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар ва уларга берилган шаҳодатномалар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради.

14. Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, Ёшлар иттифоқи аъзолари, битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳар йили 15 июнга қадар таълим муассасасида тантанали равишда топширилади.

15. Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топширилганлиги тўғрисидаги шаҳодатномаларни ҳисобга олиш ва битирувчиларга топширишни қайд этиш дафтарига қайд этилади.

Олтин ва кумуш медаллар битирувчиларга шаҳодатномаларни ҳисобга олиш ва битирувчиларга топширишни қайд этиш дафтарига имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

3-боб. Апелляция комиссияси

 

16. Битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш билан боғлиқ мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқиш учун тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимида халқ таълими бўлими мудирининг буйруғига мувофиқ беш кишидан иборат апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгаши аъзоси, туман (шаҳар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш вакили киритилади. Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари апелляция комиссиясининг раиси ҳисобланади.

17. Апелляция комиссиясига ариза ва шикоятлар таълим муассасаси педагогик кенгаши қарори эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида тақдим этилиши лозим.

18. Апелляция комиссияси ариза ва шикоятларни улар берилган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмаган муддатда мурожаат қилган шахс иштирокида ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган талаблар асосида кўриб чиқади.

19. Апелляция комиссиясига туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг буйруғи билан педагогик кенгаш қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Ўрганиш жараёнида қонун бузилишлари, ҳужжатларни сохталаштириш ёки бошқа ноқонуний ҳолатлар аниқланса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий хабар берилади.

20. Апелляция комиссияси қарори устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

 

4-боб. Буюртманомаларни шакллантириш ҳамда олтин ва кумуш
медалларни тайёрлаш

 

21. Таълим муассасалари 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномага эга бўлган, 10-11-синфларда тегишли аъло баҳоларга ўқиган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллиги билан ажралиб турган
11-синф ўқувчилари тўғрисидаги маълумотларни тегишли ўқув йилининг
15 ноябрига қадар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тақдим этадилар.

22. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тегишли ўқув йилининг
25 ноябрига қадар маълумотларни таълим муассасалари ва ўқувчилар бўйича умумлаштириб тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси
Халқ таълими вазирлигига, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси
ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига тақдим этадилар.

23. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида олтин ва кумуш медаллар бўйича буюртма тайёрлайди ҳамда тегишли ўқув йилининг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этади.

24. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги буюртмаларни умумлаштириб, 15 декабргача “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасига буюртма беради.

25. “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси буюртма асосида олтин ва кумуш медалларни тайёрлайди ҳамда тегишли ўқув йилининг 1 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ишончнома асосида топширади.

26. Олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Ўқув таълим-таъминот” давлат унитар корхонаси томонидан тегишли ўқув йилининг 1 июнига қадар топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига етказилади.

Олтин ва кумуш медаллар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан тегишли ўқув йилининг 5 июнига қадар топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари орқали тегишли ўқув йилининг 8 июнига қадар топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида таълим муассасаларига етказилади.

Таълим муассасасида олтин ва кумуш медаллар ҳамда шаҳодатномалар таълим муассасаси директорининг сейфида сақланади. Медаллар
ва шаҳодатномаларни ўқувчиларга топширгунга қадар сақлаш учун жавобгарлик таълим муассасаси раҳбарига юкланади.

27. Олтин ва кумуш медаллар ҳамда шаҳодатномалар турли сабабларга кўра ортиб қолган тақдирда тегишли ўқув йилининг 15 июнига қадар топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида таълим муассасаси директори томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудир ўринбосарига, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудир ўринбосари томонидан тегишли ўқув йилининг 18 июнига қадар топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси
ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг масъул ходимига топширилади.

28. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан тегишли ўқув йилининг 20 июнига қадар ўқувчиларга тарқатилган ҳамда ортиб қолган олтин ва кумуш медаллар ҳамда шаҳодатномалар тўғрисида ёзма ахборот берилади.

29. Ортиб қолган олтин ва кумуш медаллар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари масъул ходимларида махсус далолатнома асосида захира сифатида сақланади.

 

 

 

 

5-боб. Олтин ва кумуш медалларни берилишини назорат қилиш

 

30. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси олтин ва кумуш медаль берилишини назорат қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.

31. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳар ўқув йилининг 1-30 июнь кунлари таълим муассасалари битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар холисона ва ҳаққоний берилишини ўрганиб, зарур чоралар кўрилишини таъминлайди.

32. Назорат қилиш жараёнида олтин ва кумуш медаль бериш тартиби бузилганлиги ҳолатлари аниқланганда 3 иш куни давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўз буйруғи билан педагогик кенгаш қарорини бекор қилади ёки унга ўзгартириш киритади.

33. Ўрганиш жараёнида қонун бузилишлари, ҳужжатларни сохталаштириш ёки бошқа ноқонуний ҳолатлар аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи 3 иш куни давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий хабар беради.

34. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қабул қилинган қарорлар
устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

 

6-боб. Якунловчи қоидалар

 

35. Олтин ва кумуш медаллар кўкракнинг ўнг томонига тақилади.

36. Олтин ва кумуш медаллар битирувчиларга такроран берилмайди.

37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

 

2-илова

 

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг

ТАВСИФИ

 

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг диаметри 35 миллиметрли доира шаклида бўлиб, металл қотишмасидан тайёрланган, доира бўртма шаклда. Олтин медаль олтинсимон рангли, кумуш медаль кумуш рангда.

Олтин ва кумуш медалларнинг ўрта қисмида доиранинг марказида, кўтарилаётган қуёш нурлари фонида бўртма китоб тасвирланган, унинг умумий баландлиги 20 миллиметр, эни 28 миллиметр, пастки чап томондан ўнг томонга қараб устки қисмига қадар ниҳол тасвирланган. Юқоридаги белгилар диаметри
30 миллиметр бўлган доира шаклидаги бўртма гардиш билан ўралган. Медалларнинг чап пастки қисмидан бошлаб айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан “O‘qishdagi muvaffaqiyatlari va namunali xulqi uchun” деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.

Медалларнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг логотипи тасвирланган, тасвирлар ва ёзувлар қабариқ.

Медаллар илгакчалар ва халқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағичнинг бўйи – 15 миллиметр, эни – 25 миллиметр. Қадағичда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.

Қадағичнинг орқа томонига медалларни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартиби

СХЕМАСИ

Общие предложения

1371