ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
95 Министерство народного образования Республики Узбекистан 02/08/2018 17/08/2018 9

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
ID-95

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги  қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

1-боб. Умумий қоидалар

1. Иш режа умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламасидан (тарификация бўйича ажратилган дарс соатларидан) иборат.

2. Педагог ходимлар учун дарс соатларининг тарификацияси умумий йиллик иш юкламасида белгиланган 1548 соат (йиллик 43 ҳафта, ҳафталик 36 соат, кунлик 6 соат) ҳисобидан амалга оширилади.

3. Умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари учун бир ставка миқдоридаги иш юкламаси қуйидагича белгиланади:

1-4-синфларда ҳафтасига 18 соат;

5-11-синфларида ҳафтасига 20 соат.

2-боб. Умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг иш юкламаларини ҳисоблаб чиқариш

4. Иш режани шакллантириш учун умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламаси ҳисоблаб чиқарилади.

Умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламаси қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:

1-4-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини 1 коэффициентга кўпайтириш орқали, яъни:

18*1=18+18=36*4,3(ҳафта)=154,8*43 (ҳафта)=1548 соат;

5-11-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини 0,8 коэффициентга кўпайтириш орқали, яъни:

20*0,8=16+20=36*4,3(ҳафта)=154,8*43 (ҳафта)=1548 соат.

5. Умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимининг йиллик иш юкламаси (бир ставка ҳисобида) бир ҳафтада 36 соат, бир ойда 154,8 соат, бир йилда 1548 соат миқдорида қуйидаги қисмлардан иборат ҳолда амалга оширилади:

ўқув-тарбия жараёни;

ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён.

6. Ўқув-тарбия жараёни учун ажратиладиган соатлар миқдори қуйидагича аниқланади:

1-4-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини бир йил мобайнида дарс машғулотлари олиб бориладиган ҳафталар сонига кўпайтириш орқали, яъни 18*34=612 cоат;

5-11-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси ҳафталик ҳажмини бир йил мобайнида дарс машғулотлари олиб бориладиган ҳафталар сонига кўпайтириш орқали, яъни 20*34=680 соат.

7. Ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён учун ажратиладиган соатлар миқдори қуйидагича аниқланади:

1-4-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси йиллик ҳажмидан ўқув-тарбия жараёни учун ажратиладиган соатларни айириш орқали, яъни 1548-612=936 cоат;

5-11-синфлар учун белгиланган бир ставка миқдоридаги иш юкламаси йиллик ҳажмидан ўқув-тарбия жараёни учун ажратиладиган соатларни айириш орқали, яъни 1548-680=868 соат.

3-боб. Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш

8. Иш режа икки қисмдан иборат тадбирлар мажмуасидан иборат тарзда шакллантирилади:

ўқув-тарбия жараёнига оид;

ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнга оид.

9. Ўқув-тарбия жараёнига оид йиллик иш режа умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган дарс жадвалига кўра педагог ходимларга тарификация бўйича ажратилган дарс соатлари асосида шакллантирилади.

10. Ўқув-тарбия жараёнига оид йиллик иш режа асосида педагог ходим томонидан ўқув йили бошланишидан олдин тақвим-мавзуий режа тузилади. Дарс машғулотлари тақвим-мавзуий режага асосан олиб борилади.

11. Ўқув-тарбия жараёнига оид йиллик иш режанинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан умумий ўрта таълим муассасаси директори ва унинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари назоратни амалга оширади.

12. Ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнга оид йиллик иш режа педагог ходим томонидан муассаса раҳбарияти билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиладиган умумий ўрта таълим муассасасида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билимларини мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ дарс машғулотларидан ташқари тадбирлар асосида шакллантирилади.

13. Ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнга оид йиллик иш режада ҳар бир педагог ходимнинг лавозим мажбуриятлари ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган вазифалар билан бир қаторда ўқувчиларни баркамол ва маънавий етук инсон этиб тарбиялаш мақсадида уларнинг қобилият              ва истеъдодларини ривожлантиришни назарда тутган ҳолда, фанларни ўзлаштиришда қийналаётган ва иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида машғулотлар олиб бориши ҳамда педагог ходимнинг ўз устида мустақил ишлаши назарда тутилади.

14. Ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнга оид йиллик иш режада белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан педагог ходимлардан ҳисобот талаб қилинмайди ҳамда тадбирларни амалга оширишнинг вақт бўйича ҳисоби юритилмайди. Мазкур иш режани муваффақиятли амалга оширган педагог ходимлар умумий ўрта таълим муассасаси томонидан ўрнатилган тартибда рағбатлантирилади.

15. Педагог ходимлар томонидан ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти      ва ташкилий-педагогик жараёнга оид йиллик иш режада белгиланган тадбирлар учун ажратилган соатларнинг ҳисоботи юритилмайди.

Умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларидан ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён учун ажратилган соатларга оид фаолияти юзасидан ҳисобот талаб қилинмайди.

16. Умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари томонидан иш режани бажаришга оид қуйидаги ҳужжатлар юритилади:

синф журнали;

йиллик тақвим-мавзуий режа;

кундалик дарс ишланмалари (конспект) дафтари;

дарс кузатиш дафтари;

иқтидорли ва паст ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш дафтари;

тарбиявий ишлар режаси (синф раҳбарлиги юклатилган тақдирда).

Ҳужжатларнинг электрон шаклда юритилишига ҳам йўл қўйилади.

4-боб. Якуний қоидалар

17. Ўриндошлик ва соатбай асосида дарс бераётган, ишда вақтинча бўлмаган ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзининг асосий иши билан биргаликда қўшимча равишда бажараётган педагог ходимларга ўқув-тарбия жараёни билан биргаликда унга мос коэффициентдаги ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён учун ажратилган соатларга ҳам ҳақ тўланади.

18. Мазкур йўриқнома талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Общие предложения

1246