ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
9442 Высшая аттестационная комиссия при Кабинете Министров Республики Узбекистан 24/10/2019 08/11/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Хорижий давлатларда илмий даража ва унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисидаги низомлар
ID-9442

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

хорижий давлатда илмий даража  олганлик тўғрисидаги ҳужжат — муайян хорижий давлатнинг миллий қонунчилиги асосида илмий даража олганликни тасдиқловчи расмий ҳужжат;

хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш — хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжат эгасига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг навбатдаги босқичларида ўқишни давом эттириш, касбий фаолият юритиш ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш учун рухсат бериш мақсадида ваколатли давлат органи томонидан хорижий давлатда олинган илмий даражани расман тасдиқлаш.

3. Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим (кейинги ўринларда ОТМ деб юритилади) ва илмий-тадқиқот (кейинги ўринларда ИТМ деб юритилади) муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (кейинги ўринларда талабгор деб юритилади) мурожаатларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда ОАК деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

5. Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг олти баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ундирилган йиғим қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда ДХА деб юритилади) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб юритилади) бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига;

60 фоизи — ОАКнинг ҳисоб рақамига;

20 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда йиғим давлат хизматини кўрсатганлик учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

6. Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри (диссертацияни илмий экспертизадан ўтказмасдан) тан олиш Ўзбекистон Республикаси ОТМ/ИТМ кенгаши тавсиясига мувофиқ ОАК томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари ва шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар;

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтинги бўйича энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига кирган олий таълим муассасалари томонидан берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар;

вазирликлар ва идораларнинг йўлланмалари билан хорижий давлатлар томонидан ажратилган квота (грант)лар ҳисобидан хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар.

7. Хорижий давлатлар аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январигача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш талаб этилмайди.

2-боб. Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун қабул қилиш

8. Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ОТМ/ИТМ ва талабгор томонидан бевосита ДХА ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилинади.

ДХАга мурожаат қилинганда ОТМ/ИТМ ёки талабгор номидан ДХА ходими, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса талабгорнинг ўзи мустақил равишда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳақидаги сўровномани (кейинги ўринларда сўровнома деб юритилади) тўлдиради.

9. Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ОТМ/ИТМ раҳбари имзолаган йўлланма хат ёки талабгорнинг аризаси. Хатда (аризада) талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, иш жойи ва лавозими (ишлаётган бўлса), шунингдек, қачон ва қайси давлатда илмий даража дипломини олганлиги, илмий даражанинг расмий номи, хорижда олинган ҳужжатнинг берилган куни, серияси ва рақами, диссертация мавзуси (ва мавжуд бўлса, қайси ихтисослик) бўйича ҳимоя қилганлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади;

б) илмий даража дипломи (нусхаси олиниб, асли қайтарилади). Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси;

в) талабгор тўғрисида объектив-маълумотнома (талабгор паспортининг нусхаси илова қилинади);

г) диссертация ва мавжуд бўлса, унинг автореферати (электрон версиялари);

д) Низомнинг 6-банди бўйича асословчи ҳужжатлар (ОТМ/ИТМ илмий котиби томонидан тасдиқланган ва муҳрланган ҳолда).

Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин барча қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ОТМ/ИТМ ёки талабгорга қайтарилади.

Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

10. Тегишли маълумотлар киритилгандан сўнг ОТМ/ИТМ илмий котиби ёки талабгорнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон рақамли имзо билан тасдиқлашнинг имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг рухсат берилган бошқа воситалари билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

11. Нотўғри маълумотлар ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этилганлиги аниқланган ҳар қандай босқичда хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш жараёни тўхтатилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.

12. Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг қалбакилигини аниқлаш зарурати туғилганда ОАК ҳужжатни берган ОТМ/ИТМ, миллий ва хорижий ташкилотларга сўровнома юбориш ёхуд интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда жойлаштирилган маълумотлар ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа воситалар асосида ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Қалбаки ҳужжатлар аниқланганда ОАК томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилади.

13. Қуйидаги ҳолатларда давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилиши мумкин:

сўровноманинг электрон рақамли имзо ёки имзони идентификация қилишнинг бошқа воситалари билан тасдиқланмаганида;

сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганида;

нотўғри маълумот ёки қалбаки ҳужжат тақдим этилганида;

хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш бўйича давлат хизмати кўрсатганлик учун белгиланган йиғим тўланмаганида.

Давлат хизматлари кўрсатишни мазкур бандда кўрсатилган асослардан бошқа ҳолатлар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

14. ОТМ/ИТМ ёки талабгор давлат хизматини кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортишга ҳақли.

ОТМ/ИТМ ёки талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.

Талабгорга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (талабгорнинг вафот этиши, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолиши ва талабгорга боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар туфайли давлат хизматидан фойдаланиш зарурати мавжуд эмаслиги) сабабли давлат хизматидан фойдаланилмаган тақдирда, тўланган йиғим талабгорга ёки унинг қонуний вакилига, қонуний вакили бўлмаган ҳолларда ҳуқуқий ворисига қайтарилади.

15. ОАКга маълумотлар қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

ДХА орқали мурожаат қилинганда сўровнома қабул қилинган вақтдан бошлаб ўн дақиқа ичида;

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда дарҳол юборилади.

16. Тўлиқ тақдим этилмаган ҳужжатлар ОАК томонидан кўриб чиқилмайди ҳамда ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида сўровнома, унга илова қилинган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича ДХА ёки ЯИДХП орқали камчиликлари кўрсатилган ҳолда ОТМ/ИТМ ёки талабгорга қайтариб юборилади.

3-боб. Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш

17. Тақдим этилган ҳужжатлар 2 ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Илмий экспертизадан ўтказиш қўшимча ўрганиб чиқишни талаб қиладиган ҳолларда, ОАК Раёсатининг қарори билан аттестация ишини кўриб чиқиш муддати 2 ойгача узайтирилиши мумкин.

Аттестация ишини кўриб чиқиш муддатини ҳисоблашда аттестация ишини кўриб чиқишнинг узайтирилган муддати ва июль-август ойлари ҳисобга олинмайди.

18. Ҳужжатлар ушбу низомнинг 6-бандида кўзда тутилган (диссертацияни илмий экспертизадан ўтказмасдан) ҳолларда тақдим этилган бўлса, мазкур масала ОАК эксперт кенгашининг хулосаси асосида ОАК Раёсатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади ва хорижий давлатда олинган илмий даража тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

19. Ҳужжатлар ушбу низомнинг 6-бандида кўзда тутилмаган ҳолларда тақдим этилган бўлса, хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақида ижобий хулоса бериш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг ўша давлат миллий қонунчилигига мувофиқлиги;

диссертация мазмунининг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишлилиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражани ва фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертацияларга қўйилган талабларга мувофиқлиги;

диссертация мавзуси Ўзбекистон Республикаси ОТМ/ИТМ кенгаши қарори билан тасдиқланган ва диссертация шу ерда тайёрланган бўлса, иш бажарилган ОТМ/ИТМ мурожаати асосида диссертацияни қайси хорижий давлатда ҳимоя қилинишининг ОАКда рўйхатдан ўтказилган бўлиши.

201. ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши диссертациянинг мазмун-моҳиятини  илмий экспертизадан ўтказиш учун экспертлар тайинлайди. Экспертларнинг хулосалари ОАК эксперт кенгашида муҳокама қилиниб, хулоса қабул қилинади. ОАК эксперт кенгашининг хулосаси ОАК Раёсатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади ва хорижий давлатда олинган илмий даража тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

21. ОАК эксперт кенгаши томонидан диссертациянинг илмий экспертизасига салбий хулоса берилган ҳолларда ОАК Раёсатининг аттестация ишига рад жавоби бериш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинади. Бу ҳақдаги маълумот ОАК масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, бир иш куни ичида тегишлилигига кўра ДХА ёки ЯИДХПга, улар томонидан ўз навбатида ОТМ/ИТМ ёки талабгорга юборилади.

22. Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш бўйича ОАК Раёсатининг қарори асосида Низомнинг 2 ёки 3-иловаларига мувофиқ шаклдаги гувоҳнома 3 иш куни ичида расмийлаштирилади ҳамда ОАК масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, тегишлилигига кўра ДХА ёки ЯИДХП орқали ОТМ/ИТМ ёки талабгорга юборилади.

Гувоҳнома қабул қилинган пайтдан бошлаб бир соат ичида ДХА томонидан ОТМ/ИТМ ёки талабгорга бу ҳақида хабарнома юборилади.

Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжат гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

23. Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома Ўзбекистон Республикасидаги олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг навбатдаги босқичларида ўқишни давом эттириш, касбий фаолият юритиш ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

24. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва ОАК ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтинги бўйича энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига кирган олий таълим муассасалари тўғрисидаги маълумотларни тайёрлаб қўйиш чораларини кўрадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларнинг олий ўқув юртидан кейинги таълим институти тўғрисидаги маълумотларни олишда ОАКга кўмаклашади.

25. Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома эгасининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда унинг аризасига биноан гувоҳнома қайта расмийлаштирилади.

Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатлар ариза олинган кундан бошлаб ОАК томонидан ўн беш иш куни мобайнида амалга оширилади.

26. Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома ўрнига, улар эгасининг аризасига кўра дубликат берилади.

27. Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳноманинг қайта расмийлаштирилганлиги ёки дубликат берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

28. Талабгорлар хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ёки уни рад этиш ҳақидаги қарор ва ОАК ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Хорижий давлатда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш натижалари юзасидан шикоят ва аризалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

29. Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳақидаги гувоҳномалар ҳисоби ОАКнинг тегишли ахборот тизимлари комплекси реестрида юритилади.

Гувоҳномалар реестрида талабгор тўғрисидаги асосий маълумотлар, хусусан, талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, илмий даража олган давлат ва таълим муассасасининг номи,  ихтисослиги, гувоҳнома серияси ва рақами, гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами ҳамда фуқаролик паспортининг серияси, рақами ва талабгорнинг шахсий иденфикация рақами (ЖШ ШИР)  кўрсатилади.

30. Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари тан олинган талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар ОАК веб-сайти ва “ОАК Бюллетени” журналида эълон қилиб борилади.

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1. Мазкур Низом хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжат — муайян хорижий давлатнинг миллий қонунчилиги асосида илмий унвон олганликни тасдиқловчи расмий ҳужжат;

хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш — хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжат эгасига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида касбий фаолият юритиш ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш учун рухсат бериш мақсадида ваколатли давлат органи томонидан хорижий давлатда олинган илмий унвонни расман тасдиқлаш.

3. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим (кейинги ўринларда ОТМ деб юритилади) ва илмий-тадқиқот (кейинги ўринларда ИТМ деб юритилади) муассасалари кенгашларининг мурожаатларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

5. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида йиғим ундирилади.

Ундирилган йиғим қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда ДХА деб юритилади) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб юритилади) бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига;

60 фоизи — ОАКнинг ҳисоб рақамига;

20 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда йиғим давлат хизматини кўрсатганлик учун белгиланган йиғимнинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

6. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри (экспертизасиз) тан олиш Ўзбекистон Республикаси ОТМ/ИТМ кенгаши тавсиясига мувофиқ ОАК томонидан амалга оширилади.

7. Хорижий давлатлар аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январигача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган илмий унвонлар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш талаб этилмайди.

2-боб. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун қабул қилиш

8. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ОТМ/ИТМ кенгаши томонидан бевосита ДХА ёки ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилинади.

ДХАга мурожаат қилинганда ОТМ/ИТМ номидан давлат хизматлари маркази ходими, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда ОТМ/ИТМ илмий котиби хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатини тан олиш ҳақидаги сўровномани (кейинги ўринларда сўровнома деб юритилади) тўлдиради.

9. Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ОТМ/ИТМ раҳбари имзолаган йўлланма хат. Хатда талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, иш жойи ва лавозими, шунингдек, қачон ва қайси давлатда илмий унвон аттестатини олганлиги, илмий унвоннинг расмий номи, хорижда олинган ҳужжатнинг берилган куни, серияси ва рақами ҳамда ОТМ/ИТМ кенгаши мажлиси ўтган сана ва рақами ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади;

б) илмий унвон аттестати (нусхаси олиниб, асли қайтарилади). Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси;

в) талабгор тўғрисида объектив-маълумотнома (талабгор паспортининг нусхаси илова қилинади);

г) ОТМ/ИТМ кенгаши мажлиси баённомаси (мазкур муассаса илмий котиби томонидан тасдиқланган ва муҳрланган ҳолда).

Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин барча қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ОТМ/ИТМ илмий котибига қайтарилади.

Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

10. Тегишли маълумотлар киритилгандан сўнг ОТМ/ИТМ илмий котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг рухсат берилган бошқа воситалари билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

11. Ҳужжатларни тақдим этган ОТМ/ИТМ маълумотларнинг тўғрилиги ва қалбаки ҳужжат (ҳужжатлар) тақдим этилмаганлигига масъулдирлар. Қалбаки ҳужжатлар аниқланганда, ОТМ/ИТМ томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилади.

12. Қуйидаги ҳолатларда давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилиши мумкин:

сўровноманинг электрон рақамли имзо ёки имзони идентификация қилишнинг бошқа воситалари билан тасдиқланмаганида;

сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганида;

хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш бўйича давлат хизмати кўрсатганлик учун белгиланган йиғим тўланмаганида.

Давлат хизматлари кўрсатишни мазкур бандда кўрсатилган асослардан бошқа ҳолатлар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

13. ОТМ/ИТМ давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортишга ҳақли.

ОТМ/ИТМ давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.

Талабгорга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (талабгорнинг вафот этиши, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолиши ва талабгорга боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар туфайли давлат хизматидан фойдаланиш зарурати мавжуд эмаслиги) сабабли давлат хизматидан фойдаланилмаган тақдирда, тўланган йиғим талабгорга ёки унинг қонуний вакилига, қонуний вакили бўлмаган ҳолларда ҳуқуқий ворисига қайтарилади.

14. ОАКга маълумотлар қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

ДХА орқали мурожаат қилинганда сўровнома қабул қилинган вақтдан бошлаб ўн дақиқа ичида;

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда дарҳол юборилади.

15. Тўлиқ тақдим этилмаган ҳужжатлар ОАК томонидан кўриб чиқилмайди ҳамда ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб бир иш кунида сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича ДХА ёки ЯИДХП орқали камчиликлари кўрсатилган ҳолда ОТМ/ИТМга қайтариб юборилади.

3-боб. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш

16. Илмий унвонлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар 2 ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Аттестация ишини қўшимча ўрганиб чиқишни талаб қиладиган ҳолларда, ОАК Раёсатининг қарори билан аттестация ишини кўриб чиқиш муддати 2 ойгача узайтирилиши мумкин.

Аттестация ишини кўриб чиқиш муддатини ҳисоблашда аттестация ишини кўриб чиқишнинг узайтирилган муддати ва июль-август ойлари ҳисобга олинмайди.

17. Ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин ОАК эксперт кенгашининг хулосаси асосида ОАК Раёсатининг навбатдаги мажлисида аттестация иши кўриб чиқилади ва хорижий давлатда олинган илмий унвон тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

18. Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатини тан олиш бўйича ОАК Раёсатининг қарори асосида ушбу низомнинг 2-3 ёки 4-иловаларига мувофиқ шаклдаги гувоҳнома расмийлаштирилади ҳамда ОАК масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, бир иш куни ичида тегишлилигига кўра ДХА ёки ЯИДХП орқали гувоҳнома қабул қилинган пайтдан бошлаб бир соат ичида ОТМ/ИТМга юборилади.

Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжат гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

19. Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома Ўзбекистон Республикасидаги касбий фаолият юритиш ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

20. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида илмий унвонлар берилгани тўғрисидаги маълумотларни олишда ОАКга кўмаклашади.

21. Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома эгасининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда унинг аризасига биноан гувоҳнома қайта расмийлаштирилади.

Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатлар ариза олинган кундан бошлаб ОАК томонидан ўн беш иш куни мобайнида амалга оширилади.

22. Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома ўрнига, улар эгасининг аризасига кўра дубликат берилади.

23. Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳноманинг қайта расмийлаштирилганлиги ёки дубликат берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

24. Талабгор хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ёки уни рад этиш ҳақидаги қарор ва ОАК ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш натижалари юзасидан шикоят ва аризалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

25. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳақидаги гувоҳномалар ҳисоби ОАКнинг тегишли ахборот тизимлари комплекси реестрида юритилади.

Гувоҳномалар реестрида талабгор тўғрисидаги асосий маълумотлар, хусусан, талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, илмий даража олган давлат ва таълим муассасасининг номи, ихтисослиги, гувоҳнома серияси ва рақами, гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами ҳамда фуқаролик паспортининг серияси, рақами ва талабгорнинг шахсий иденфикация рақами (ЖШ ШИР)  кўрсатилади.

26. Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари тан олинган талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар ОАК веб-сайти ва “ОАК Бюллетени” журналида эълон қилиб борилади.

Общие предложения

370