ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
8923 Министерство культуры Республики Узбекистан 09/10/2019 24/10/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида
ID-8923

Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми ҳисобланган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, ўзининг бой қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва ижодий анъаналарини ўрганиб кенг тарғиб қилиш, миллий санъатимиз ва маданиятимизнинг қадимий меросини сақлаб қолиш, ёш авлод қалбида миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш,  шунингдек,  бахшичилик йўналиши бўйича ёшларнинг ижодий салоҳияти, уларнинг интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рўёбга чиқариш мақсадида  Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020/2021 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 23-сон болалар мусиқа ва санъат мактабини бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга (кейинги ўринларда мактаб-интернати деб аталади) айлантириш ҳамда мактаб-интернат учун қўшимча бино ва иншоотларни, шу жумладан, 150 ўринли ётоқхона ва ошхона, 200 ўринли қўшимча  ўқув биносини қуриш бўйича таклифи маъқуллансин.   

2. Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

бахшичилик санъати бўйича ўқувчиларга чуқурлаштирилган таълим беришни таъминлаш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ўқувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, шу жумладан, ўқувчиларнинг ўз устида мустақил ишлаши ва қўшимча билим олиши учун имкониятлар яратиш;

ҳар томонлама камол топган шахсни тарбиялаш, унда эстетик қадриятларни ва ватанпарварликни шакллантириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

а) 2020 йил 1 июнга қадар  қадар:

мактаб-интернатни жиҳозлаш учун мебель, компьютер техникаси, ўқув-лаборатория, асбоб-ускуналари ва спорт анжомларининг техник параметрларини ишлаб чиқсин;

мактаб-интернатнинг устави тасдиқланиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

б) 2020 йил 1 сентябрга қадар мактаб-интернатнинг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳар томонлама тўлиқ ишлаш ҳамда малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ишларини амалга оширсин;

мактаб-интернатга 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилишни ташкил этсин;

мактаб-интернатни дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда мактаб-интернатга қўшимча бино-иншоотлари қурилиши учун ер участкаларини ажратилишини таъминласин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда:

бир ой муддатда мактаб-интернатга бино-иншоотлари қурилиши учун ер участкаларини ажратилишини таъминласин;

2020 йил 1 сентябрга қадар мактаб-интернат биноларини фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.

6. Мактаб-интернат учун бино ва иншоотларни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа маблағлар – молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

7. Белгилаб қўйилсинки, мактаб-интернат Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги Давлат ихтисослаштирилган мактаб ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;

2020/2021 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5, 6 ва 7-синфларига ҳамда  2021/2022 ўқув йилида 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар танлов асосида қабул қилинадилар.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.  

9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Републикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

                Бош вазири                                                                                           А.Арипов

Общие предложения

179