ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
8906 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 09/10/2019 24/10/2019 10

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
ID-8906

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ
ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

 

Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш маҳсулот рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини оширишда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Мазкур йўналиш аҳоли саломатлигини яхшилаш, атроф муҳит ифлосланишини камайтириш, ер деградацияси олдини олишда муҳим ўрин эгаллайди.

Бугунги кунда 170 дан ортиқ, шу жумладан 84 та ривожланган давлатда органик қишлоқ хўжалиги шакллантирилган, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг қонунчилиги такомиллаштирилган ва ички бозорда кенг қўлланилмоқда.

Республикада органик қишлоқ хўжалигини ташкил этишдаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, такомиллаштириш ва соҳада иқтисодий ислоҳотларни янада кенгайтиришга йўналтирилган 10 дан ортиқ қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда 10 га яқин органик усуллардан фойдаланилмоқда, қайта ишлаш саноатида органик технологияларга асосланган ҳолда 20 дан ортиқ турдаги гўшт, сут ва консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Шу билан бирга,. органик қишлоқ хўжалигини ташкил этиш ва унинг ривожланиши ҳамда экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ҳолат республикада озиқ-овқат хавфсизлигини тўлиқ таъминлашга қуйидаги муаммолар тўсқинлик қилмоқда:

биринчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида кимёвий пестицидлар қўлланилишини кескин камайтириш, ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош сифатли органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш талаб даражада ташкил этилмаган;

иккинчидан, органик қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳамда назорат қилиш субъектлари ўртасидаги муносабатларини  тартибга солувчи қонун ҳужжати қабул қилинмаган, стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилмаган;

учинчидан, қишлоқ хўжалиги субъектларида инновацион техника ва технологиялар асосида органик маҳсулот етиштириш талаблари бўйича етарли маълумот, тажриба ва кўникма мавжуд эмас;

тўртинчидан, ресурстежамкор техника ва технологияларни жорий этишни тарғиб этадиган, унинг самарадорлигини ифодаловчи тажриба майдончалари мавжуд эмас.

Шунингдек, соҳада лойиҳаларни молиялаштириш, хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот алмашинуви ва кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларида сезиларли оқсоқликлар мавжуд.

Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида органик маҳсулотлар етиштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш учун қулай имкониятлар яратиш, мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК нинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида давлат-хусусий шериклик асосида Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган агрокластер (кейинги ўринларда – Органик агрокластер) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Органик агрокластернинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини органик усулда етиштиришни ташкил этиш;

органик сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқишда илм-фан ютуқлари ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш;

органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш (етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш)да ер майдонлари сув ресурсларида оқилона фойдаланишда автоматлаштирилган ва интеллектуал технологияларни кенг қўллаш;

органик маҳсулотлар учун самарали технологияларни қўллаш бўйича меъёрий ва услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва оммалаштириш;

органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва илғор техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш йўналишида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

қишлок хўжалигининг ресурстежамкор хорижий техника ва технологияларни келтириш, дала тажрибалари ва лаборатория синовлари ўтказиш ҳамда унинг ижобий натижаларини кенг жорий этишга тавсия этиш;

анаънавий, ноанаънавий экин турларини ва уларни қайта ишланган маҳсулотларини ўрганиш, уларни етиштиришни ва қайта ишлашни йўлга қўйиш.

3. “Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган агрокластер” корхонасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қишлоқ хўжалиги вазирига амалга оширилаётган ишлар кўлами ва ҳажмини инобатга олган ҳолда Органик агрокластернинг ташкилий тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ваколати берилсин.

4. Органик маҳсулотлар етиштириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш масалаларини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

бир ой муддатда Органик агрокластернинг Низомини тасдиқлашни таъминласин ҳамда унинг фаолиятини йўлга қўйсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда Органик қишлоқ хўжалигини ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш субъектлари муносабатларини тартибга солишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин;

Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда органик маҳсулот етиштириш ва ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида “Ограник қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулот етиштириш” бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини ташкил этсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фанлар академияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда органик қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган  фундаментал, амалий ҳамда инновацион илмий-техник тадқиқотларни амалга ошириш бўйича лойиҳалар мавзуларини шакллантириб, доимий равишда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этиб борсин.

8. Органик агрокластер фаолиятини ташкил этиш учун қуриладиган бирламчи бино ва иншоатлар, ташқи муҳандислик инфратузилмасини қуриш хамда фаолиятини бошлаш учун зарур техника, технологик ускуна ва жиҳозлар учун маблағлар давлат-хусусий шериклик талаблари асосида молиялаштирилсин.

9. Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, жиҳоз ва материаллар 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод этилсин.

10. Органик агрокластер молиявий-хўжалик фаолиятининг молиявий манбалари бўлиб:

органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш  ва сотишдан тушадиган маблағлар;

деҳқончилик хўжаликлари ва ташкилотларга консалтинг хизмат, шу жумладан қисқа ўқув курслари ташкил этишдан тушадиган маблағлар;

органик агрокластер қошида ташкил этиладиган доимий фаолият кўрсатувчи кўргазма ва ярмаркаларда иштирокчилар тўловлари ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

11. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда республикада органик маҳсулотлар етиштириш ва ишлаб чиқаришга хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари маблағлари, шу жумладан грантларини жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин ва амалга оширсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги ва ваколатли вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда:

икки ой муддатда органик маҳсулотлар етиштириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг Концепциясини ишлаб чиқсин ва унда қонунчиликни такомиллаштириш. ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда Органик агрокластерни янги инновацион ишланмалар ва услубий қўлланмалар билан таъминлаб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратсин;

бир ой муддатда мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот Агентлиги, Миллий Телерадиокомпания Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда мазкур қарорнинг мақсади ва белгиланган вазифалар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кенг қамровли ташвиқот ишларини ташкил этсин.

14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси А.Д. Вахабов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
           Президенти                                                                                                 Ш.Мирзиёев

Общие предложения

423