ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
8893 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 09/10/2019 24/10/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Тошкент шаҳрида Шинхан университетини ташкил этиш тўғрисида
ID-8893

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 

қарори

 

Тошкент шаҳрида Шинхан университетини ташкил этиш тўғрисида

 

Мамлакатимизда олий таълимни ривожлантириш, таълим фаолиятига илғор жаҳон таълим стандартларини жорий этиш, олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ёшларнинг, айниқса, мамлакат минтақаларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикасининг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда Шинхан университети (Корея Республикаси)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:

Тошкент шаҳридаги Шинхан университети (кейинги ўринларда - Университет) олий таълим муассасаси - юридик шахс (маъсулияти чекланган шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилот) шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, тасарруфидаги мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда Шинхан университети (Корея Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари
ва дастурлари бўйича амалга оширилади;

Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

абитуриентлар қабули ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Университет битирувчиларига Шинхан университети дипломини беради. Мазкур диплом Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тўғридан-тўғри тан олинади;

Университет ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади;

Университетда таълим олиш инглиз, ўзбек, ва рус тилларида кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида ҳамда Университет битирувчиларининг потенциал иш берувчилари - юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун аввало мамлакат ҳудудлари томонидан ажратиладиган хайрия эҳсонлар ҳисобига амалга оширилади;

3. Университет фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб:

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кийим дизайни, мода дизайни, халқаро туризм менежменти, ҳамширалик иши, шунингдек талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш;

юқори малакали мутахассисларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг малакавий амалиётини етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;

меҳнат бозорининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, кийим ва мода дизайни, халқаро туризм соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш;

таълим ва илмий-техникавий соҳаларда етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларига жавоб берадиган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, Университет 3.0 тизими асосида фаолиятини ташкил этиш.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Университет:

ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан Университетни реконструкция қилади, таъмирлайди ва жиҳозлайди;

Университетни ривожлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этади;

ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўқув корпуслари, ўқув-лаборатория базаси, талабалар турар жойлари ва Университетнинг бошқа иншоотларини мебель, инвентарь, ўқув ва илмий жиҳозлар, оргтехника, компьютерлар билан жиҳозлайди, шунингдек, Университетни ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлайди;

Университетнинг кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга, шу жумладан Кюнгин университетининг (Корея Республикаси) ахборот ресурс базасидан фойдаланиш имконини яратган ҳолда кўмаклашади;

Университетда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилади.

5. Университет фаолиятини молиялаштириш ва уни сақлаш:

Университет маблағлари ва талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

в) Университет Университет билан келишган ҳолда:

Ўзбекистон Республикаси манфаатдор ташкилотларининг мутахассисларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йили ва кейинги йиллар учун талабаларни қабул қилиш квоталари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларини белгилайди;

Шинхан университети (Корея Республикаси) ва бошқа етакчи хорижий ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларига ўқиш ва стажировка ўташга юбориш учун энг истиқболли талабаларни танлов асосида саралаб олишни ташкил этади;

Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантлари учун халқаро тажриба алмашинувини ташкиллаштиради;

г) Университет ректори Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади
ва лавозимидан озод қилинади.

7. Университетга:

кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда янги истиқболли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;

тузиладиган шартномалар асосида Университетга ўқитувчилик қилиш ва илмий иш олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессорлар ва ўқитувчиларнинг яшаши ҳамда транспорт харажатларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлашга рухсат берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Университетни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратиш чораларини кўрсин.

9. Университет билан биргаликда бир ой муддатда таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва келишилишини, шунингдек, Университетни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

10. 2022 йил 1 апрелга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан, шунингдек, хорижий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди қисми бўйича ягона ижтимоий тўловдан;

Университет Ўзбекистон Республикасида Университет фаолиятидан олган даромадлари бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан;

Университетни қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун Университет, Университет ва пудрат ташкилотлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозлар, шу жумладан ўқув
ва илмий-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, оргтехника, ўқитишнинг техник воситалари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), шунингдек, меҳнат лицензияси учун ундириладиган тўловдан озод этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг виза талабномаларига биноан, мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

13. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Университет буюртмаларига биноан малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган) мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А.Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Мажидов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

             Ш. Мирзиёев

 

 

Общие предложения

490