ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
8746 Министерство финансов Республики Узбекистан 05/10/2019 20/10/2019 2

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Давлат молиявий назорати тўғрисида
ID-8746

ЛОЙИҲА

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚОНУНИ

 

 

ДАВЛАТ МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТИ ТЎҒРИСИДА

 

Қонунчилик палатаси томонидан _________ қабул қилинган

Сенат томонидан _________ маъқулланган

 

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонун мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида давлат молиявий назорати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Давлат молиявий назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Давлат молиявий назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат молиявий назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат молиявий назорати – бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш мақсадида молиявий назорат объектларининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда таққослаш;

давлат молиявий назорат объектлари – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, бюджет маблағларини тақсимловчилари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, низом жамғармасида (низом капиталида) давлат улуши 100 фоиз бўлган ташкилотлар, давлат мақсадли жамғармалари, белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар
ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;

тақдимнома (кўрсатма) – давлат молиявий назорати натижаларига кўра давлат молиявий назорати органлари томонидан тузиладиган, аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни, шунингдек уларни келтириб чиқарувчи сабаб
ва шароитларни бартараф этиш, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш тўғрисидаги ҳужжат.

4-модда. Давлат молиявий назорати мақсади

Давлат молиявий назорати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг давлат молиявий назорати объектлари томонидан қонун бузилиши ҳолларини аниқлаш, бартараф этиш ва унга йўл қўймаслик, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

5-модда. Давлат молиявий назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари

Давлат молиявий назоратининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик ва шаффофликдан иборатдир.

6-модда. Қонунийлик принципи

Давлат молиявий назорати органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Қонун талабларини аниқ бажаришдан ва уларга риоя этишдан ҳар қандай тарзда чекиниш, бунинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликнинг бузилишидир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

7-модда. Мустақиллик принципи

Давлат молиявий назорати органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.

Давлат молиявий назорати органлари фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади.

8-модда. Холислик принципи

Давлат молиявий назорати органлари ўз фаолиятини ишларнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш орқали, давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинадиган қарорларга субъектив фикрларнинг таъсир қилишига, ғаразлик ёки мойилликка йўл қўймаган ҳолда амалга ошириши шарт.

9-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Давлат молиявий назорати органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат молиясини бошқаришни яхшилаш ва коррупцияга қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширади.

Давлат молиявий назорати органларининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисобот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.

10-модда. Давлат молиявий назорати органларининг бўйсунуви
ва ҳисобдорлиги

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси (кейинги ўринларда Ҳисоб палатаси деб юритилади) ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади, Президентга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдордир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда Молия вазирлиги деб юритилади) ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.

11-модда. Давлат молиявий назорати стандартлари

Давлат молиявий назорати стандартлари давлат молиявий назорати фаолиятининг умумий талаблари, хусусиятлари, қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини белгилайди.

Давлат молиявий назорати стандартлари Ҳисоб палатаси томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

12-модда. Қонун бузилишлари классификатори

Қонун бузилишлари классификатори давлат молиявий назорат объектларида аниқланадиган қонун ҳужжатларининг бузилиши турларини гуруҳлашдан иборат бўлиб, унда уларга мос келадиган қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик турлари акс эттирилган бўлади.

Давлат молиявий назорати органлари томонидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини таснифлашда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида қонун бузилишлари классификаторини қўлланилади.

Қонун бузилишлари классификатори Ҳисоб палатаси томонидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда тасдиқланади.

13-модда. Давлат молиявий назорати бўйича ягона маълумотлар базаси

Давлат молиявий назорати бўйича ягона маълумотлар базаси ўз ичига давлат молиявий назорати органлари йиллик режаларини, давлат молиявий назорати объектлари бўйича маълумотларни ва қонун бузилишлари классификаторига мувофиқ тузилган давлат молиявий назорати натижаларини олади.

Давлат молиявий назорати органлари давлат молиявий назорати натижаларини давлат молиявий назорати натижалари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг бир ой ичида давлат молиявий назорати бўйича ягона маълумотлар базасига киритишга мажбур. Давлат сирлари билан боғлиқ маълумотлар давлат молиявий назорати бўйича ягона маълумотлар базасига киритилмайди.

Давлат молиявий назорати бўйича ягона маълумотлар базасининг шакллантирилиши устидан назорат Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилади.

2-боб. Давлат молиявий назорати тизими

14-модда. Давлат молиявий назорати органлари

Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар давлат молиявий назорат органлари ҳисобланади.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари қисми бўйича давлат молиявий назорати берилган ваколатлар доирасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Ҳисоб палатаси:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси шакллантирилишини ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига уларнинг мувофиқлигини тизимли таҳлил қилишни;

қабул қилинаётган давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини;

бюджет тизими бюджетларига ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишни;

бюджет тизими бюджетларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аниқлаш ва сафарбар қилишни;

бюджет тизими бюджетларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлигини ва қонунийлигини аудитдан ўтказишни, барча даражаларда уларни қисқартириш бўйича захираларни аниқлашни;

бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлатдан қарз олиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлигини ва асослилигини баҳолашни;

солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқишни, бюджетга оид режалаштиришнинг замонавий усулларини тизимли қоидабузарликларнинг сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани умумлаштириш ва ўрганиш орқали жорий этишни;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбат мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадга оид ваколатлари ва харажатларга доир мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолашни, уларнинг молиявий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлаши юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни;

Ўзбекистон Республикаси пул-кредит ва валюта сиёсатининг, Ўзбекистон Республикаси активлари ва мажбуриятлари ҳолатининг, олтин-валюта захираларини бошқаришнинг, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларнинг ташқи аудитини амалга оширади;

Молия вазирлигининг бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни;

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади.

16-модда.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари ўз ваколатлари доирасида:

қуйи турувчи молия органлари томонидан бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросининг таъминланиши устидан;

ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланиши ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан смета-штат интизомига риоя этилишининг таъминланиши устидан;

акциз солиғи тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши устидан;

акциз тўланадиган айрим турдаги товарларнинг акциз маркалари билан тўлиқ тамғаланиши ва олинган акциз маркалари сонининг ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмига мувофиқлиги устидан;

бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тузишнинг, шунингдек қуйи турувчи ҳудудий молия органлари томонидан бюджет ҳисоботини тузишнинг тўғрилиги устидан давлат молиявий назоратини амалга оширади.

17-модда.  Ғазначилик бўлинмалари томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Ғазначилик бўлинмалари давлат молиявий назоратини:

бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни етказиб берувчилар (ишларни бажарувчилар, хизматлар кўрсатувчилар) билан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобига тузилган шартномаларини харажатлар сметаларида кўрсатилган суммалар доирасида ҳамда белгиланган мақсадларга мувофиқ тузилганлиги устидан назорат қилиш асосида мажбурий рўйхатдан ўтказиш;

харажатлар сметаларида ва рўйхатдан ўтказилган шартномаларда назарда тутилган суммалар доирасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар номидан ҳамда уларнинг топшириғи бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларнинг ҳисобварақларига тўловларни бевосита амалга ошириш орқали тўлов интизомига риоя этилишини таъминлаш йўли билан амалга оширади.

18-модда.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари:

бюджет ва смета-штат интизомига риоя қилиниши;

бюджет тизими бюджетларининг харажатлари ижроси;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга оширишнинг навбатлилиги, муддатларига риоя этилиши ва тўлиқлиги;

ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун марказлаштирилган манбалардан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши;

пенсиялар ва нафақалар тўғри тайинланиши, ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши;

бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлардан (қарзлардан) мақсадли фойдаланилиши;

инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши;

давлат харидлари бўйича тендер (танлов) савдоларининг тўғри ўтказилиши устидан давлат молиявий назоратини амалга оширади.

19-модда.  Давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назорати

Давлат солиқ хизмати органлари давлат молиявий назоратини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

20-модда. Давлат молиявий назорати органларининг ҳамкорлиги ҳамда ахборот алмашиши

Давлат молиявий назорати органлари йиллик назорат тадбирлари режаларини ўзаро келишади.

Давлат молиявий назорати органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда ахборот, шу жумладан электрон шаклдаги ахборот алмашишни амалга оширади.

Давлат молиявий назорати органлари томонидан амалга оширилган давлат молиявий назорати тадбирлари натижалари ўзаро тан олинади.

21-модда. Давлат молиявий назорат органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлиги

Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахслари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан фақатгина алоҳида муҳим ишлар бўйича қўзғатилган жиноий ишлар тўғрисидаги қарорлари бўйича тафтишлар ва текширишларга мутахассис сифатида жалб этилиши мумкин.

Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахслари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назорат объектларида давлат молиявий назоратини амалга ошириш учун тафтиш (текшириш)ни тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим асосида мутахассис сифатида жалб қилинади.

Давлат молиявий назорат органлари молиявий назорат объекти мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари, шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг аломатлари бўлган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда назорат материалларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади.

Молиявий назорат объекти мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир материаллар судларга ёки тегишли ваколатли давлат органларига топширилади.

22-модда. Давлат молиявий назорат органлари томонидан эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш

Давлат молиявий назорат органлари давлат бошқаруви ва бошқа ташкилотлар эксперт ва мутахассисларини махсус профессионал билимлар талаб қилувчи масалаларни кўриб чиқиш учун жалб қилиши мумкин.

Ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларга мувофиқ давлат молиявий назорати органлари томонидан тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорликда давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилиши мумкин.

Давлат молиявий назорати органи томонидан амалга оширилаётган давлат молиявий назоратига бошқа давлат молиявий назорати органи мансабдор шахсларини давлат молиявий назоратини ўтказиш учун мутахассис сифатида жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

3-боб. Давлат молиявий назоратини ташкил этиш

23-модда. Давлат молиявий назорати турлари

Давлат молиявий назорати дастлабки назорат, жорий назорат ва якуний назорат кўринишида амалга оширилади.

Дастлабки назорат давлат молиявий назорат органлари томонидан молиявий операциялар бажарилгунига қадар бюджет тизими бюджетлари ва ўрнатилган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар бюджети лойиҳаларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, шунингдек ҳаражатлар сметасини ҳамда бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар билан товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берувчилар ўртасида тузилган  шартномаларни рўйхатга олиш жараёнида амалга оширилади.

Жорий назорат ғазначилик бўлинмалари ва молия органлари томонидан бюджет тизими бюджетлари ва ўрнатилган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш бўйича молиявий операцияларни бажарилиши жараёнида амалга оширилади.

Якуний назорат Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорат департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари ва молия органлари томонидан бюджет тизими бюджетлари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар маблағлари билан хўжалик ва молиявий операцияларни бажарилиши натижалари бўйича амалга оширилади. Бунда низом жамғармасида (капиталида) давлат улуши 100 фоиз бўлган ташкилотларда якуний назорат Ҳисоб палатаси ва давлат солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

24-модда. Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати усуллари

Давлат молиявий назоратининг усуллари қуйидагилардир:

ҳужжатларни текшириш ҳажмига қараб:

ёппасига назорат — текширилаётган давр учун барча бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни назорат қилиш;

танлов асосидаги назорат — муайян давр учун бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларнинг айрим қисмларини назорат қилиш;

назоратнинг мақсадга йўналтирилганлиги ва предметига қараб:

комплекс назорат — молиявий назорат объектининг муайян давр учун молиявий-хўжалик фаолиятининг барча йўналишларини назорат қилиш;

мавзули назорат — молиявий назорат объектининг муайян давр учун айрим масалалар бўйича фаолиятини назорат қилиш;

муқобил назорат — операциялар ягоналиги билан ўзаро боғлиқ бўлган ва турли молиявий назорат объектларида турган ҳужжатларни солиштиришни ўз ичига олган текшириш, бундан тадбиркорлик субъектлари мустасно.

назоратни ўтказиш жойига қараб:

масофавий - ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини қўллаш йўли билан давлат молиявий назорати органи жойлашган жой бўйича ўтказиладиган назорат;

жойига чиққан ҳолда – давлат молиявий назорат объекти жойлашган жой бўйича ўтказиладиган назорат.

25-модда. Масофавий назорат

Масофавий назорат – ахборот тизимлари ва маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда, маълум давр мобайнида давлат молиявий назорати объекти томонидан амалга оширилган хўжалик ва молиявий операцияларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир.

Масофавий назоратнинг мақсади бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш ҳамда уларни юзага келишига йўл қўймаслик ҳисобланади.

Масофавий назорат давлат молиявий назорат объекти ҳузурига бормасдан давлат молиявий назорати органи жойлашган ерда амалга оширилади.

Масофавий назоратни амалга ошириш давомида бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда давлат молиявий назорати органи жойга чиқиш орқали тафтиш, текшириш, ёки ўрганиш шаклларида назоратни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилади.

26-модда. Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати шакллари

Давлат молиявий назорати дастлабки ҳамда якуний назорат тарзида тафтиш, текшириш (шу жумладан бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилишларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибида текшириш) ва ўрганиш шаклида амалга оширади.

Тафтиш муайян даврда давлат молиявий назорат объекти томонидан бажарилган хўжалик ва молиявий операцияларнинг қонунийлиги ва асослилигини, уларни бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида тўғри акс эттирилганлигини хужжатли ва ҳақиқатда текшириш бўйича мажбурий назорат ҳаракатлари тизимидан иборат.

Текшириш муайян даврда давлат молиявий назорат объекти молия-хўжалик фаолиятининг алоҳида жиҳатлари ва йўналишларини ахборот технологиялари
ва маълумотлар базасидан фойдаланилган ҳолда ўрганиш бўйича назорат ҳаракати ҳисобланади.

Назорат тартибидаги текшириш аввалги давлат молиявий назорати натижалари бўйича аниқланган қонун бузилишларни ва камчиликларни давлат молиявий назорат объектлари томонидан бартараф этилиши устидан назорат қилишни англатади.

Ўрганиш давлат молиявий назорат объекти фаолиятининг алоҳида масалалари бўйича ҳолатини таҳлил қилиш ва боҳолашни англатади.

27-модда. Давлат молиявий назоратини ўтказиш асоси

Давлат молиявий назорати асоси бўлиб давлат молиявий назорати органи қарори ҳисобланади. Қарорда:

давлат молиявий назорати объекти;

давлат молиявий назоратини ўтказишнинг мақсади, муддатлари ва даврийлиги;

давлат молиявий назоратини ўтказиш ҳуқуқига эга мансабдор шахслар таркиби;

давлат молиявий назоратини ўтказиш дастури кўрсатилади.

Давлат молиявий назорати асоси бўлиб қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва (ёки) давлат молиявий назорати объектлари фаолиятида ўтказилган масофавий назорат натижалари ҳисобланади.

Алоҳида ҳолатларда режадан ташқари якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратни ўтказилишига йўл қўйилади:

Ҳисоб палатаси томонидан – Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари, Олий Мажлис палаталари сўровлари, шунингдек қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган ҳолларда Ҳисоб палатаси раисининг қарорлари асосида;

Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан - Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, шунингдек қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган ҳолларда молия органлари раҳбарлари буйруқлари асосида.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратни амалга оширувчи мансабдор шахс давлат молиявий назорати органи қарори нусхаси ва хизмат гувоҳномасига эга бўлиши лозим.

28-модда. Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини ўтказишнинг муддатлари ва даврийлиги

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати давлат молиявий назорати объектларида худди шу масалалар бўйича давлат молиявий назорати органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган назоратнинг йиллик дастурларга мувофиқ икки йилда кўпи билан бир марта ўтказилади.

Назоратнинг йиллик дастури у тасдиқлангандан сўнг 10 календарь кун давомида давлат молиявий назорати органининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга ошириш муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги лозим. Зарур ҳолларда якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга ошириш муддати давлат молиявий назоратини тайинлаган тегишли давлат молиявий назорат органи ва идоранинг раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан узайтирилиши мумкин.

Давлат молиявий назоратини ўтказишнинг бошланиши бўлиб давлат молиявий назорати объекти мансабдор шахси томонидан давлат молиявий назорати ўтказиш учун асос бўлиб ҳисобланувчи ҳужжатларга имзо қўйдириш учун тақдим этилган вақт ҳисобланади. Давлат молиявий назорати ўтказишнинг якуни бўлиб давлат молиявий назорати объекти мансабдор шахсига давлат молиявий назорати натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжат тақдим этилган кун ҳисобланади.

29-модда. Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатлар

Давлат молиявий назоратининг натижалари давлат молиявий назорати органи мансабдор шахси томонидан қуйидагича расмийлаштирилади:

далолатнома – текшириш ва тафтиш натижалари бўйича тузиладиган ҳужжат;

жамланма далолатнома – давлат молиявий назорати натижаларини умумлаштирувчи ҳужжат;

маълумотнома – назорат тартибидаги текшириш ва ўрганиш натижалари бўйича тузиладиган ҳужжат;

хулоса – Ҳисоб палатаси томонидан тузиладиган ҳужжат.

30-модда. Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати натижаларини расмийлаштириш

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатлар қуйидагилар кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади:

расмийлаштирилаётган ҳужжатнинг тури;

текшириш ўтказилган жой, ҳужжат тузилган сана;

давлат молиявий назоратини ўтказиш учун асос;

давлат молиявий назоратининг тури ва уни ўтказиш даври;

давлат молиявий назоратини ўтказган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

молиявий назорат объектининг тўлиқ номи, давлат молиявий назорати билан қамраб олинган давр учун масъул мансабдор шахсларнинг лавозими, фамилияси, исми ва отасининг исми ва албатта эгаллаб турган лавозимларида ишлаган даври;

молиявий назорат объектининг жойлашган манзили (почта манзили), ғазначилик (банк) реквизитлари;

олдинги тафтиш, текшириш ва ўрганиш натижалари юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат молиявий назорати билан қамраб олинган давр ҳамда уни ўтказиш учун молиявий назорат объекти томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги умумий маълумотлар;

тафтиш, текшириш ва ўрганиш жараёнида аниқланган қонун бузилганлиги фактлари, қонун бузилишлари таснифига мувофиқ нормалари бузилган қонун ҳужжатларини кўрсатган ҳолда.

Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатга давлат молиявий назоратини ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари, давлат молиявий назорати доирасида ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги баённомалар, инвентаризация далолатномалари, жалб этилган экспертлар ва мутахассисларнинг хулосалари, назоратни ўтказиш жараёнида давлат молиявий назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг сўровига кўра олинган материаллар, шунингдек назорат доирасида бажарилган ҳаракатларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар қўшиб қўйилиши лозим.

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатга қонун ҳужжатлари билан, ҳужжатлар билан ёки молиявий назорат объекти фаолиятининг давлат молиявий назорати жараёнида амалга оширилган тартиб-таомиллар натижалари билан тасдиқланмаган турли хил хулосаларни, тахминларни ва фактларни, тергов материалларидан маълумотларни ва молиявий назорат объекти мансабдор шахслари тергов органларига берган кўрсатувларга ҳаволаларни киритишга йўл қўйилмайди.

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатда давлат молиявий назорат объектининг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаслиги, шунингдек уларнинг қилмишлари, ниятлари ва мақсадлари тавсифланмаслиги лозим.

Давлат молиявий назоратининг натижаларига доир ҳужжатлар давлат молиявий назоратини ўтказган мансабдор шахслар, шунингдек давлат молиявий назорат объектининг мансабдор ва масъул шахслари томонидан имзоланади.

Давлат молиявий назорати мансабдор шахси томонидан давлат молиявий назорати натижалари бўйича расмийлаштирилган хужжатни олишдан бўйин товлаш ҳоллари юзага келганда давлат молиявий назорати органи мансабдор шахси бу тўғрисида ҳужжатга тегишли қайдни киритади ва бу вақтдан бошлаб текшириш якунланган ҳисобланади. Бундай ҳолларда давлат молиявий назорати натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатнинг бир нусхаси почта орқали давлат молиявий назорати объектига юборилади.

Давлат молиявий назорат объектининг мансабдор ва масъул шахслари давлат молиявий назорати натижаларига рози бўлмаган тақдирда, ҳужжатни ўз эътирозлари билан имзолайди ҳамда уч кунлик муддат ичида эътирозларини давлат молиявий назорат органига ҳамда идора раҳбариятига ёзма шаклда тақдим этади.

Давлат молиявий назорат объекти томонидан эътирозлар ўн кунлик муддатда ёзма шаклда тақдим этилмаган тақдирда, давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжат давлат молиявий назорат объекти томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади ҳамда давлат молиявий назорат органи томонидан уни амалга ошириш чоралари кўрилади.

Давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлиги давлат молиявий назорат органларининг мансабдор шахслари томонидан таъминланади.

31-модда. Давлат молиявий назорати натижалари бўйича эътирозларни кўриб чиқиш

Давлат молиявий назорати органи томонидан давлат молиявий назорати объекти мансабдор ва масъул шахслари томонидан давлат молиявий назорати натижаларига рози бўлмаслик натижасида имзоланган эътирозлар акс этган ҳужжат давлат молиявий назорати органларининг юқори органи мавжуд бўлмаган ҳолларда ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Давлат молиявий назорати объекти эътирозлари қабул қилинган тақдирда, давлат молиявий назорати органи давлат молиявий назорати объекти билан ҳамкорликда давлат молиявий назорати натижалари бўйича ҳужжатни қайта расмийлаштириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилади.

Давлат молиявий назорати объекти мансабдор ва масъул шахслари эътирозлари қабул қилинмаган ҳолатларда, давлат молиявий назорати органи тақдимнома (кўрсатма) расмийлаштириш чора-тадбирларини қабул қилади.

Давлат молиявий назорати органининг тақдимномасига (кўрсатма) рози бўлмаган тақдирда давлат молиявий назорати объекти мансабдор ва масъул шахслари белгиланган тартибда судга мурожаат қилишлари мумкин.

Давлат молиявий назорат объекти судга мурожаат этган тақдирда, ўзининг судга мурожаат этганлигини тасдиқловчи ҳужжатини ўн кунлик муддатда давлат молиявий назорат органига тақдим этиши шарт. Суд томонидан молиявий назорат объектининг мурожаати хусусида қарор қабул қилингунига қадар давлат молиявий назорат органи давлат молиявий назорати натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатнинг низоли бандларга тегишли қисми бўйича амалга оширилишини тўхтатиб туради.

32-модда. Давлат молиявий назорати органларининг таъсир этиш чоралари

Давлат молиявий назорати органларининг таъсир этиш чоралари қуйидагилар ҳисобланади:

давлат молиявий назорат объектларининг барча мансабдор шахслари томонидан ижро этиш мажбур бўлган кўрсатма ва тақдимномаларни киритиш;

давлатнинг иқтисодий манфаатларига етказилган моддий зарар суммаларини ундириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг харажатлар сметаларида назарда тутилган ортиқча ва қонунга хилоф равишда бюджетдан ажратилган маблағларни камайтириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет тизими бюджетидан ҳаражатларини (тўловларини) молиялаштирилишини чеклаш ва тўхтатиб туриш;

якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назорати натижасида давлат молиявий назорат объекти мансабдор шахслари ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш.

33-модда. Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахслари якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини ўтказишда:

қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, назорат объектларининг ҳудудлари ва биноларига монеликсиз кириш, уларнинг ҳужжатлари ҳамда материалларидан фойдаланиш, ҳар қандай ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни кўздан кечириш;

қалбакилаштириш, сохталаштириш, талон-торож қилиш ҳоллари аниқланган тақдирда ҳамда мазкур ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш учун зарур ҳужжатлар ва материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларни ҳисобга олган ҳолда олиб қўйиш, ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш далолатномаларини ва олиб қўйилган ҳужжатларнинг рўйхатини тузиш ҳамда зарурат бўлганда кассани, касса хоналарини ва хизмат хоналарини, омборларни ҳамда архивларни муҳрлаш;

давлат органлари мансабдор шахсларига сўровлар жўнатиш;

назорат объектларининг мансабдор шахсларидан назоратни ўтказиш чоғида аниқланган қоидабузарликлар фактлари юзасидан ёзма тушунтиришлар, шунингдек ҳужжатларнинг зарур бўлган тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаларини талаб қилиш ва олиш;

назорат объектларининг молия-хўжалик фаолиятига тааллуқли барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган ҳужжатлар билан танишиш;

назорат натижаларини қайд этиш учун техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиш;

электрон маълумотлар базаларига оид техник ҳужжатлар билан танишиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун реал вақт режимида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан банкларнинг маълумотлар базасидан фойдаланади;

Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан давлат маблағларининг банк ҳисобварақларидаги ҳамда ягона ғазна ҳисобварағидаги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни сўраб олади;

Давлат молиявий назоратини ўтказиш учун ўз ваколати доирасида  зарур билим ва тажрибага эга бўлган давлат органлари ва уларнинг вакиллари, нодавлат аудитор хизматлари ва алоҳида мутахассисларни жалб қилиш;

назорат натижалари бўйича далолатномалар (жамланма далолатномалар), маълумотномалар ва хулосаларни расмийлаштириш, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш.

давлат молиявий назорати объектларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномалар киритиш;

Давлат молиявий назорати объектлари мансабдор шахсларидан ёзма тушунтиришлар олиш;

Давлат молиявий назорат органлари мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахслари якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини ўтказишда:

текширилаётган давлат молиявий назорат объектларига давлат молиявий назоратини ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда текширишларни рўйхатга олиш китобларига ёзувлар киритиш;

давлат молиявий назорат объекти фаолият юритиши учун тўсқинлик қилмаслик;

давлат сирлари ва қонун билан ҳимояланадиган бошқа сирларни сақланишини таъминлаш;

давлат молиявий назорати натижаларини ушбу Қонуннинг 30-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар билан расмийлаштириш ва бир нусхасини давлат молиявий назоратининг якунланиш кунида давлат молиявий назорати объектида қолдириш;

давлат молиявий назорати органи раҳбарига юзага келган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ёзма шаклда хабар бериш;

қонун бузилиши асослари аниқланган ҳолатларда қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини кўриш мажбуриятига эгадирлар.

34-модда. Давлат молиявий назорат объекти мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Давлат молиявий назорат объектининг мансабдор шахслари:

давлат молиявий назорати амалга оширилишининг мақсади, бошланиш санаси ва давомийлигини билишга;

давлат молиявий назорат органларининг текширувчи мансабдор шахсларидан ушбу орган раҳбарининг қарорини ва якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи бир марталик гувоҳномани, шунингдек шахсий гувоҳномани талаб қилишга;

давлат молиявий назоратини ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларни давлат молиявий назоратига қўймасликка;

давлат молиявий назорат органларининг текширувчи мансабдор шахсларидан давлат молиявий назорати натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома, хулоса)ни давлат молиявий назорати якунланган куни олишга;

давлат молиявий назорати натижалари юзасидан шикоят қилишга ҳақлидир.

Давлат молиявий назорат объектининг мансабдор шахслари:

давлат молиявий назорат органининг мансабдор шахсларига давлат молиявий назоратини ўтказиши учун зарур шароитлар яратиши;

давлат молиявий назорат органи мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши, шунингдек уларнинг қонуний фаолиятига монелик қилмаслиги;

давлат молиявий назоратини ўтказиш вақтида давлат молиявий назорат органининг мансабдор шахсларига ушбу назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши ҳамда уларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлиги учун шахсан жавобгар бўлиши;

давлат молиявий назорати якунлари бўйича аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиши.

35-модда.  Якуний назорат тарзидаги давлат молиявий назоратини ўтказишдаги чекловлар

Давлат молиявий назоратини:

молиявий назорат объекти мансабдор шахсининг яқин қариндоши, эрининг (хотинининг) қариндоши бўлган;

молиявий назорат объектида шахсий мулкий манфаатлари бўлган;

текширув билан қамраб олинган даврда давлат молиявий назорат объектида ишлаган давлат молиявий назорат органларининг мансабдор шахслари томонидан ўтказиш тақиқланади.

Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахслари:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳамда ўзга ташкилотларда бошқа лавозимларни эгаллашга;

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмас.

4-боб. Якуний қоидалар

36-модда. Давлат молиявий назорати органларини мансабдор шахсларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатлари

Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари давлат ҳимоясида бўлади.

Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари ўз мажбуриятларини бажариш чоғида бевосита ёки тўғридан-тўғри раҳбарга бўйсунади.

Бевосита қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким Давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашиш, шунингдек давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахсларини давлат молиявий назорати органлари зиммасига қонун билан юклатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

37-модда. Давлат молиявий назорати соҳасида халқаро ҳамкорлик

Давлат молиявий назорати органларининг чет давлатларнинг давлат молиявий назорат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатхоналари билан ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

38-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат молиявий назорати соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

39-модда. Давлат молиявий назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Давлат молиявий назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

40-модда. Ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

41-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

42-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

 

Ш. Мирзиёев

Общие предложения

626