ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
7645 Хокимият Зарбдарского района 10/09/2019 25/09/2019 0

Обсуждение завершено

Решение хокима
Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-7645

     

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4407-сонли қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6-моддасига асосан

 

ҚАРОР  ҚИЛАМАН:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги ПҚ-4407-сонли, вилоят хокимининг 2019 йил 28 августдаги 314-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

а) Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар 1-иловага мувофиқ;

Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани барқарор ишлашга тайёрлаш;

Ёқилғи-энергетика тармоғининг барқарор фаолият кўрсатиши;

Кўп квартирали турар жой фондини барқарор ишлашга, аҳоли ва истеъмолчиларни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлашга тайёрлаш;

Ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш;

б) 0,07 км ичимлик сув қувури ва 41,57 км электр тармоқларини, шунингдек, 13 дона трансформатор подстанцияларини капитал таъмирлашни ўз ичига оладиган асосий муҳандислик коммуникациялари ва технолигик асбоб-ускуналарини  2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ва капитал таъмирлаш параметрлари 2-иловага мувофиқ;

в) 1 дона қозон, 0,2 км ичимлик сув қувури, 424 км электр тармоқлари, шунингдек, 193 дона трансформатор подстациясини жорий таъмирлашни ўз ичига оладиган асосий муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарини  2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ва жорий таъмирлаш параметрлари 3-иловага мувофиқ;

г) 6 та мактаб, 2 та болалар боғчаси, 1 та мусиқа ва санъат мактабини жорий таъмирлашни ўз ичига оладиган ижтимоий соҳа объектларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда капитал ва жорий таъмирлаш параметрлари  4-иловага мувофиқ;

д) Кўп қаватли уйлар ховлисидан 8 та болалар майдончаларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда кўп квартирали турар жой фондини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш параметрлари 5-иловага мувофиқ;

е) Иқтисодиёт тармоқлари учун 1,8 минг. тонна ҳажмида, шу жумладан аҳоли учун 1 минг тонна, бюджет соҳаси ташкилотлари учун 0,87 минг тонна кўмир маҳсулотлари ғамлашни ўз ичига оладиган 2019-2020 йиллар куз-қиш даврига кўмир маҳсулотлари ғамлаш параметрлари 6-иловага мувофиқ;

ж) Аҳолига 453,8 тонна ҳажмида суюлтирилган газ етказиб беришни ўз ичига оладиган 2019-2020 йиллар куз-қиш даврига суюлтирилган газ етказиб бериш параметрлари 7-иловага мувофиқ;

з) Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича ўз ичига оладиган 2019-2020 йиллар куз-қиш даврига туман комиссияси (кейинги ўринларда – туман комиссияси) таркиби 8-иловага мувофиқ;

3. Туман комиссияси раиси ўринбосарлари ва комиссия аъзолари:

а) Бир ой муддатда туман иқтисодиёти тармоқларини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича бажарилган ишлар натижаларини таҳлил қилиш асосида коммунал соҳа ташкилотлари, қозонхоналар, кўп квартирали уйлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш борасида жойлардаги ишларнинг ҳолати танқидий ўрганиб чиқилишини;

б) Ўрганиш натижалари бўйича:

 Туман бўйича корхона ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда ушбу қарор билан тасдиқланган комплекс тадбирларни амалга оширишнинг батафсил тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши, шунингдек, туман иқтисодиёти ва ижтимоий соҳани 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашга ва таъминлаш параметрлари ўз вақтида бажарилишини таъминласин.

4. Туман комиссияси раиси ўринбосарлари:

 Туманда ижтимоий соҳа объектларини, кўп квартирали уйларни бўлажак куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни, маҳаллий автомобиль йўллари, кўчалар ва умумий фойдаланиладиган жойлар, маҳаллий қозонхоналар, иссиқлик, сув қувури ва канализация тармоқларининг маҳаллалар ҳудудларининг санитария ҳолати талабларига мувофиқ тартибга келтирилишини, шунингдек, кўмир маҳсулотлари ғамланишини жойларга чиқиб, шахсан ўз назоратига олсин;

Назорат натижалари бўйича объектларни куз-қиш даврига тайёрлаш учун маъсул бўлган барча тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тегишли туман корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.

5. Туман электр таъминоти корхонаси (М.Эргашев), туман газ таъминоти ҳудудий филиали (Б.Алиқулов) куз-қиш даврида ёқилғи-энергетика ресурслари, электр энергияси етказиб бериш, трансформатор подстанцияларини таъмирлаш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш учун жойларга чиқиб, аҳоли билан шахсан учрашувлар ўтказсин.

6. Туман электр таъминоти корхонаси (М.Эргашев), туман газ таъминоти ҳудудий филиали (Б.Алиқулов), туман “Кўмир омбори” (Б.Бийтанов) асосий ёқилғи-энергетика ресурслари ва кўмир маҳсулотларини барча тоифадаги истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб берилиши бўйича тадбирлар сўзсиз бажарилиши учун шахсан масъул эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

7. Туман ҳокимининг ўринбосари (Р.Анқаев) жойларга чиқиб ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, уларнинг санитария ва ободонлаштириш талабларига мувофиқлигини таъминлаш ишларини ташкил этсин.

8. Туман ҳокимининг ўринбосари (Д.Самиев), Иқтисодиёт ва саноат бўлими (А.Мамиров)лар 2019 йил 4 сентябргача:

2018-2019 қиш-баҳор даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлашда йўл қўйилган камчиликларни танқидий таҳлил қилиш асосида аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, туман бўйича  2019-2020 қиш-баҳор даври учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий турларини ғамлашнинг реал ҳажмларини белгиласин, бунда нархларнинг кескин кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида картошка, пиёз, сабзи, карам, гуруч ва дуккакли экинлар маҳсулотларини ғамлашга алоҳида эътибор қаратсин;

Ғамланиши керак бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини сақлашнинг зарур шароитларини таъминлаш ҳамда ғамлашнинг тўлиқлиги ва маҳсулотларни зарур тарзда сақланиши учун маъсул шахсларни белгилаш бўйича белгиланган тартибда аниқ таклифларни киритсин.

9. Туман  Молия бўлими (Қ.Нурматов) туман комиссиясининг ҳулосасига кўра  зарурат мавжуд бўлган ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани куз-қиш даврига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўз вақтида молиялаштириш учун қўшимча захираларни топиш чораларини кўрсин.

10. Туман ҳокимининг ўринбосари (А.Эржигитов) туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тизимли ахборот берилишини таъминласин. Ушбу қарор бажарилишининг бориши ҳар чоракда туман комиссияси йиғилишларида танқидий кўриб чиқилсин.

11. Туман хокимлиги Ташкилий назарот бўлими бошлиғи Ф.Хамзаев, “Зарбдор” газетаси мухаррири (Ғ.Хамзаев):

Мазкур қарор ҳокимликнинг расмий веб-сайтига ҳамда маҳаллий матбуотда чоп этилсин ва унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

12. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2018 йил 13 августдаги 1796-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосарлари А.Эржигитов, Д.Самиев, Р.Анқаевлар зиммасига юклансин.

14. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Туман ҳокими                                                    О.Ашурматов

Общие предложения

104