ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
7626 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 09/09/2019 24/09/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошида тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида
ID-7626

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошида фаол ишбилармонлар орасидан обрў-эътиборга эга тадбиркорлардан иборат жамоатчилик кенгашларини тузиш, республикада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси Қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари (кейинги ўринларда Бош вазир қабулхоналари деб юритилади) қошида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини (кейинги ўринларда Тадбиркорлар кенгашлари деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошидаги тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

тадбиркорлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

тадбиркорлар кенгаши Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари раҳбарлари томонидан ташкил этилади;

тадбиркорлар кенгаши ўз фаолиятини Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари раҳбари томонидан тасдиқланадиган Низом ҳамда Тадбиркорлар кенгаши иш регламенти асосида амалга оширади;

тадбиркорлар кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар, ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари қабул қилинади.

4. Қуйидагилар Тадбиркорлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тақдим этиш;

ҳудудларда мавжуд имкониятлар ва талаблардан келиб чиқиб, тадбиркорлик йўналишларини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларни тадбиркорларга етказиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимли алоқаларни йўлга қўйиш.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари икки ҳафта муддатда:

Бош вазирнинг қабулхоналари, Савдо-саноат палатасининг Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда жойлардаги тадбиркорлар иштирокида йиғилишлар ўтказилишини ҳамда фаол ишбилармонлар ва обрў-эътиборга эга тадбиркорлардан Тадбиркорлар кенгаши аъзолари ва раисини сайлаб олинишини;

мазкур йиғилишлар қарорлари билан қуйидагиларни назарда тутувчи Тадбиркорлар кенгаши иш регламенти тасдиқлашини таъминласин.

6. Тадбиркорлар кенгаши иш регламентида қуйидаги масалалар назарда тутилсин:

тадбиркорлар кенгашлари томонидан тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган кундалик ва тизимли муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларнинг вазифаларини белгилаш масалалари;

тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг унинг фаолиятида иштирок этиши тартиби;

тадбиркорлар кенгаши йиғилишларини ўтказилиш муддатлари ва тартиби;

тадбиркорлар кенгаши доимий ишчи органининг иш тартиби;

тадбиркорлар кенгаши комиссияси фаолияти ва тузилиши тартиби, шунингдек, раис ваколатлари ва уни сайлаш тартиби;

тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг ваколатларини тўхтатиш ва тугатиш тартиби;

тадбиркорлар кенгаши қарорларининг тузилиши ва уларни қабул қилиш тартиби;

тадбиркорлар кенгашида тадбирларга тайёргарлик кўриш ва тадбирларни ўтказиш тартиби;

тадбиркорлар кенгаши мажлиси иш режа асосида доимий чақирилиши масалалари;

тадбиркорлар кенгаши фаолияти тартибига доир бошқа масалалар.

7. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ушбу тадбиркорлар кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Ғ.М.Зияев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                         А. Арипов


Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «______» «__»-сонли Қарорига
ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари (кейинги ўринларда Бош вазир қабулхоналари деб юритилади) қошида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва Тадбиркорларнинг бошқа вакилларидан ташкил этилган Тадбиркорлар кенгашларининг (кейинги ўринларда Тадбиркорлар кенгаши деб юритилади) асосий вазифалари, иш регламенти ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Тадбиркорлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

3. Тадбиркорлар кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошида ташкил этилади ва унинг фаолияти мазкур давлат органининг барча ҳудудий бўлинмалари ҳамда тасарруфидаги ташкилотларига татбиқ этилади.

4. Тадбиркорлар кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари Бош вазирнинг қабулхоналари, Савдо-саноат палатасининг Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда жойлардаги тадбиркорлар иштирокида йиғилишлар ўтказилади ҳамда ушбу йиғилиш қарори билан ташкил этилади.

Йиғилишда фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва Тадбиркорлар нинг бошқа вакилларидан Тадбиркорлар кенгаши аъзолари ва раисини сайлаб олинади.

5. Тадбиркорлар кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.

6. Тадбиркорлар кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда ушбу Низом билан тасдиқланган Тадбиркорлар кенгаши иш регламентига мувофиқ амалга оширади.

7. Тадбиркорлар кенгаши тўғрисидаги низом ва унга киритиладиган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар давлат органи раҳбарининг қарори билан тасдиқланади.

2-боб Тадбиркорлар кенгашининг асосий вазифалари

8.  Қуйидагилар Тадбиркорлар кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тақдим этиш;

ҳудудларда мавжуд имкониятлар ва талаблардан келиб чиқиб, тадбиркорлик йўналишларини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларни тадбиркорларга етказиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига, тадбиркорлар кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимли алоқаларни йўлга қўйиш.

9.  Тадбиркорлар кенгаши иш регламентида қуйидаги масалалар назарда тутилади:

Тадбиркорлар кенгашлари томонидан тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган кундалик ва тизимли муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларнинг вазифаларини белгилаш масалалари;

Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг унинг фаолиятида иштирок этиши тартиби;

Тадбиркорлар кенгаши йиғилишларини ўтказилиш муддатлари ва тартиби;

Тадбиркорлар кенгаши доимий ишчи органининг иш тартиби;

Тадбиркорлар кенгаши комиссияси фаолияти ва тузилиши тартиби, шунингдек, раис ваколатлари ва уни сайлаш тартиби;

Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг ваколатларини тўхтатиш ва тугатиш тартиби;

Тадбиркорлар кенгаши қарорларининг тузилиши ва уларни қабул қилиш тартиби;

Тадбиркорлар кенгашида тадбирларга тайёргарлик кўриш ва тадбирларни ўтказиш тартиби;

Тадбиркорлар кенгаши мажлиси иш режа асосида доимий чақирилиши масалалари;

Тадбиркорлар кенгаши фаолияти тартибига доир бошқа масалалар.

3-боб. Тадбиркорлар кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби

10.  Тадбиркорлар кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.

11. Тадбиркорлар кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар, ва Тадбиркорлар фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар қабул қилинади.

Бунда, кенгаш аъзоси сифатида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги вакили фаол қатнашади.

Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг сони чекланмаган.

12.  Тадбиркорлар кенгашининг таркиби давлат органи раҳбарининг қарори билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.

13.  Қуйидаги ҳолатларда Тадбиркорлар кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан Тадбиркорлар кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

14.  Тадбиркорлар кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартишлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

15.  Тадбиркорлар кенгашининг раиси:

тадбиркорлар кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

тадбиркорлар кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

тадбиркорлар кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

тадбиркорлар кенгашининг иш режасини, мажлиси баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

тадбиркорлар кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилади;

тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;

давлат органининг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган тадбиркорлар кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни давлат органи раҳбари билан келишади;

тадбиркорлар кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан давлат органи раҳбари билан ҳамкорлик қилади;

тадбиркорлар кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

16.  Тадбиркорлар кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.

17.  Тадбиркорлар кенгаши раисининг ўринбосари:

раис йўқлигида Тадбиркорлар  кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

тадбиркорлар кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Тадбиркорлар кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

тадбиркорлар кенгашининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

18.  Тадбиркорлар кенгашининг котиби:

тадбиркорлар кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

тадбиркорлар кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, давлат органи ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ тадбиркорлар кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

тадбиркорлар кенгаши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини тадбиркорлар  кенгашининг раиси билан келишади;

тадбиркорлар кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни тадбиркорлар кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

тадбиркорлар кенгаши қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини тадбиркорлар кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

тадбиркорлар кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг тадбиркорлар кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;

Тадбиркорлар кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

19.  Тадбиркорлар кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Тадбиркорлар кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Тадбиркорлар кенгашининг аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун давлат органи томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

Тадбиркорлар кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Тадбиркорлар кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда чет эллик инвесторларнинг йўлига тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

Тадбиркорлар кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Тадбиркорлар кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Тадбиркорлар кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

20.  Тадбиркорлар кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Тадбиркорлар кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

Тадбиркорлар кенгашининг раиси Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

21.  Тадбиркорлар кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Тадбиркорлар кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.

22.  Тадбиркорлар кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

23.  Тадбиркорлар кенгашининг мажлиси, агар унда Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Тадбиркорлар  кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

24.  Тадбиркорлар кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган Тадбиркорлар кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

25.  Тадбиркорлар кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри Тадбиркорлар  кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.

26.  Тадбиркорлар кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Тадбиркорлар кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда давлат органига, Тадбиркорлар кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.

27.  Тадбиркорлар кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор Тадбиркорлар кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Давлат органи Тадбиркорлар кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Тадбиркорлар кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

28.  Тадбиркорлар кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида Тадбиркорлар  кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, Тадбиркорлар кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

29.  Тадбиркорлар кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

30.  Тадбиркорлар кенгашининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги давлат органининг раҳбари томонидан назорат қилинади.

31.  Тадбиркорлар кенгашининг ва давлат органи раҳбарининг Тадбиркорлар кенгаши фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Общие предложения

241