ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
7407 Агентство по развитию рынка капитала Республики Узбекистан 06/09/2019 21/09/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-7407

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини
жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ буюраман:
    1. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
    2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини
жорий этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

    Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартибини белгилайди. 
     
Мазкур Низомнинг амал қилиши Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилишига доир ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомда (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 23 апрелда 1131-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) назарда тутилган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

1-боб. Умумий қоидалар

    1. Капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизими Агентлик томонидан давлат бошқарув органлари ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари (кейинги ўринларда капитал бозори субъектлари деб аталади) фаолиятида капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил қилиш ва унинг капитал бозорини ривожланишига таъсирини баҳолаш орқали амалга оширилади.

    2. Агентлик капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этишни Агентлик тизимдаги мавжуд ички ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4127-сон қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 августдаги 650-сон “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорига асосан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ташқи маълумотларга, веб саҳифалари ва ижтимоий тармоқлардан олинган ахборотларга асосан қуйидаги йўналишларда амалга оширади:
    а) Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 июлдаги 308-сон “Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2003 йил 16 июлдаги 314-сон “Лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ва 2002 йил 15 ноябрдаги 396-сон “Пул-буюм лотереялари ўтказишни ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари ҳамда капитал бозорини тартибга солишга оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат бошқарув органлари ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан бузилганлигини;
   б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда – Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш бўйича вакил) ёки унинг девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари билан келишмаган ҳолда текширув ўтказилиши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат-текширувларда, ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини;
  г) капитал бозори субъектлари томонидан капитал бозорини тартибга солишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан Агентлик томонидан чиқарилган бажарилиши мажбурий бўлган хулосалар ва кўрсатмаларнинг;
   д) қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказилишининг тўғрилигини;
   е) қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошираётган инвесторлар, шунингдек, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши таъминганлигини;
   ё) хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорига муомалага қўйилиши қоидалари ҳамда квоталарига риоя этилганлигини;
   ж) мамлакат капитал бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар билан инвесторлар ва жамоатчилик кенг хабардор қилинганлигини;
   з) жисмоний ва юридик шахслар томонидан айнан бир капитал бозори субъектлари фаолиятидан норозилиги ҳақидаги мурожаатларни ва бошқа йўналишларни таҳлил қилади.

   3. Агентлик мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган йўналишларга асосан капитал бозори субъектлари фаолиятини тўлиқ таҳлил қилади ҳамда якуний натижаларни уларнинг капитал бозорини ривожланишига таъсиридан келиб чиқиб капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолайди.

    4. Капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолаш натижаларига кўра капитал бозори соҳасига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси қуйидаги уч тоифага бўлинади:
    а) капитал бозори соҳасига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси юқори бўлган ҳолатлар;
    б) капитал бозори соҳасига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси ўртача бўлган ҳолатлар;
    в) капитал бозори соҳасига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси паст бўлган ҳолатлар.

    5. Агентлик томонидан капитал бозори субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли капитал бозори субъектлари томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи хавфни таҳлил этиш ва баҳолаш натижалари асосида амалга оширилади.

2-боб. Капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи
даражасинининг таснифи

    6. Капитал бозори субъектлари томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси юқори бўлган ҳолатларга қуйидагилар киради:
    фонд биржалари фаолиятини ва қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни, ҳамда лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиясиз амалга ошириш, бунда қонун хужжатларида кўрсатилган ҳолатлар мустасно;
    капитал бозорини тартибга солишга оид қонун ҳужжатларини ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган хулосалар ва кўрсатмаларига риоя қилмаслик;
    лицензиат ходимларининг бирортасида, Лицензиялаш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган тегишли малака гувохномаси мавжуд бўлмаган тақдирда лицензиядан фойдаланиш;
    Агентлик томонидан тасдиқланмаган лотереялар ўтказиш шартлари асосида лотерея ўйинларини ўтказиш;
    қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш, манипуляция қилиш ва (ёки) инсайдер ахборотдан фойдаланиш; 
    
мамлакат капитал бозорининг ҳолати, шу жумладан қимматли қоғозлар, қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларга доир нархлар ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари тўғрисидаги қасддан бузиб кўрсатилган ахборот тарқатиш (тақдим этиш), шу жумладан рекламада шундай ахборот тақдим этиш орқали инвесторлар ёки қимматли қоғозлар эгаларини қимматли қоғозлар сотиб олишга ёки сотишга ундаш;
    биржа ва биржадан ташқари савдоларда қонунга зид равишда битимлар тузиш;
    акциядорлик жамиятлари фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар, шу жумладан, бухгалтерия ҳисоботларини қалбакилаштириш;
    дивиденд, акция ва бошқа қимматли қоғозларни ноқонуний ўзлаштириш;
    жисмоний ва юридик шахслар томонидан айнан бир капитал бозори субъекти фаолиятидан норозилиги ҳақидаги мурожаат келиб тушиши.

    7. Капитал бозори субъектлари томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси ўртача бўлган ҳолатларга қуйидагилар киради:
    қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ахборотни инвесторнинг талабига кўра тақдим этмаганлик ёки нотўғри ахборот тақдим этиш;
    қимматли қоғозлар эмиссиясининг белгиланган тартибини бузиш;
    қимматли қоғозларнинг инсофсиз рекламасини амалга оширганлик, қимматли қоғозларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан чиқарилишининг рекламаси, шунингдек муомаласи қонун билан тақиқланган қимматли қоғозларнинг рекламасини амалга ошириш;
    қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан инвесторлар билан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган инвесторлар ҳуқуқларини ҳамда эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари жавобгарлигини чекловчи шартномалар тузиш;
    инвесторлар ёки қимматли қоғозларнинг эгалари билан тузилган шартномалар шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек инвестор ёки қимматли қоғозларнинг эгаси билан тузилган шартномада келишилганидан фарқ қиладиган шартлар асосида битим тузиш;
    нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда лотереялар ташкил этиш учун лицензия олиш фактини белгилаш;
    ўйинларни фақат ютуқли билетларни тасодифий танлаб олиш жараёнига инсон омилининг бирон-бир таъсири мавжудлиги фактини белгилаш;
    ўйиннинг тарқатилмаган билетларини йўқ қилиш лицензияловчи орган, жамоатчилик ва ўйин ташкилотчиси вакилларидан иборат бўлган махсус комиссиясиз амалга ошириш.

    8. Ушбу Низомга мувофиқ капитал бозори субъектлари томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси юқори ва ўртача бўлган ҳолатларга кирмайдиган ҳолатлар капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси паст бўлган ҳолатлар сифатида тавсифланади.

3-боб. Капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи бўлган капитал бозори субъектлари билан ишлаш

    9. Агентлик томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўртача бўлган капитал бозори субъектлари рўйхати ҳудудлар кесимида шакллантирилади.

    10. Капитал бозори субъектлари томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси юқори ва ўртача деб топилган капитал бозори субъектлари фаолияти юзасидан текшириш Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш бўйича вакилни ёки унинг девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимларини хабардор қилган ҳолда ўтказилиши мумкин.

    11. Агентлик томонидан капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси паст бўлган капитал бозори субъектларига нисбатан доимий назорат ўтказилмайди.

3-боб. Якуний қоидалар

    12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

    13. Капитал бозорига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли.

    14. Ушбу Низом Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Общие предложения

184