Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
7158 Государственная служба безопасности Президента Республики Узбекистан 01/09/2019 14/09/2019 5

Обсуждение завершено

Закон Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
ID-7158

                                         1-боб. Умумий қоидалар


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.
 

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари қўриқланувчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда қўриқланадиган объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш.
 

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. 
 

4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлиги – қўриқланувчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа ҳаёт учун муҳим сиёсий (ижтимоий) фаолияти билан боғлиқ ўз мансаб ваколатларини бажаришидаги манфаатларига хавф туғдирувчи тажовузлардан, табиий, техноген ва бошқа турдаги жараён ва ҳодисалардан ҳимояланганлик ҳолати;
объект ички тартиби – қўриқланадиган объектнинг нормал фаолиятини ва ундаги шахсларнинг хавфсизлигини, хужжатлар ва моддий бойликларнинг ҳимояланганлигини таъминлаш борасидаги комплекс тадбирлар;
қўриқланадиган объектларни ҳимоя қилиш  – объектни қўриқлаш ва мудофаа қилиш бўйича тадбирлар мажмуи;
қўриқланадиган объект зонаси – қонунчиликка мувофиқ фойдаланилишида алоҳида шартлар ўрнатилган чегараланган ҳудуд (сувликдаги ҳудуд); 
назорат-ўтиш тартиби – қўриқланадиган объектда ва қўриқлаш тадбирлари ўтказиладиган жойларда рухсатсиз жисмоний шахсларнинг ва транспорт воситаларининг кириши (чиқиши)ни, тақиқланган модда ва нарсаларни ичкарига (ичкаридан) ташишни ҳамда моддий қимматликларни олиб кириш (олиб чиқиш)ни бартараф этишга қаратилган комлекс чора-тадбирлар;
қўриқланувчи шахсларнинг харакатланиш йўналишлари – қўриқланувчи шахсларнинг хавфсиз ва тўсқинликсиз ўтиши (харакатланиши) учун фойдаланиладиган автомобиль ва темир йўллари, самовий, сув  ҳудудининг қисмлари ҳамда пиёда йўналишлари;
қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш – қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигига таҳдидларни башорат қилиш, олдини олиш, аниқлаш ва барҳам беришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, қўриқлаш, режим, тезкор-қидирув, техник, ахборот ва бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш;
қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектлари – қўриқланувчи шахсларнинг доимий, вақтинчалик бўлиш ва мунтазам равишда ташриф буюрадиган жойлари;
қўриқлаш тадбири – Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати томонидан мустақил равишда ёки бошқа давлат органлари ёки ўзга ташкилотларнинг куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ва мувофиқлаштирилган харакатлар мажмуи;
махсус трасса – қўриқланувчи шахсларнинг автомобиль транспортида доимий ёки мунтазам равишда фойдаланадиган ва тезкор, режим ва бошқа тадбирлар билан таъминланган харакатланиш йўналиши.
 

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ва ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича фаолият олиб боради: 
қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини ҳамда қўриқланадиган объектларни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
қўриқланувчи шахсларга қаратилган тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича контрразведка фаолиятини амалга ошириш; 
юритишига берилган ишлар бўйича терговга қадар текширувни ўтказиш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда президент алоқаси хавфсизлигини таъминлаш устидан назорат қилиш;
қўриқланувчи шахслар манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш; 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг жанговарлик ва сафарбарлик шайлиги ҳолатини такомиллаштириш ҳамда сақлаб туриш, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва ҳарбий ҳолат жорий қилинганда куч ва воситаларни ҳаракатларга тайёрлаш.
 

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий принциплари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, ягоналик, мустақиллик, конспирация, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси устуворлигидан иборатдир. 
 

7-модда. Қонунийлик принципи
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт. 
Қонунларнинг талабларини аниқ бажариш ва уларга риоя этишдан ҳар қандай четга чиқиш уларнинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликни бузишдир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади. 
 

8-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш принципи
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари фуқаронинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган, унинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларни, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас. 
 

9-модда. Ягоналик принципи 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раиси раҳбарлик қиладиган ягона марказлаштирилган тизимни ташкил этади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раиси ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади. 
 

10-модда. Мустақиллик принципи
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан қатъи назар, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади. 
 

11-модда. Конспирация принципи
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини конспирация принципи асосида, яъни ўз фаолиятининг, тезкор-хизмат ахборотини олиш, расмийлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг алоҳида тартибини, шунингдек тезкор-хизмат ҳужжатлари билан ишлаш қоидаларини белгилаган ҳолда амалга оширади.
 

12-модда. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси устуворлиги принципи 
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, уларга имкон яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир фаолиятидаги устуворликлардир. 
 

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан хамкорлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколати доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил қилади ва қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.
Қўриқланувчи шахсларнинг, уларнинг бўлиш объектлари ва харакатланиш йўналишлари хавфсизлигини таъминлаш учун жалб қилинган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг куч ва воситалари мазкур даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тезкор бўйсинувида  бўлади.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига унга қўйилган вазифаларни ҳал этишда ёрдам беришга мажбур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг қўриқланувчи шахсларнинг ва объектларнинг хавфсизлигини таъминлашда ўз ваколатлари доирасида иштирок этаётган бошқа давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан хамкорлик қилиш тартиби идоралараро норматив-ҳуқуқий хужжатлар билан белгиланади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг хорижий давлатлар махсус хизматлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан хамкорлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва ўзаро келишувларга асосан ўрнатилади.
 

14-модда. Фан ютуқларидан, замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланиш
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятида фан ютуқлари, замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қўриқланувчи шахсларнинг ҳамда объектларнинг хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш, барҳам беришда, жиноят содир қилиш ҳолатларини хужжатлаштиришда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда, содир этилган ҳодисаларнинг ҳолатини ўрганишда техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш, криптография воситаларидан ҳамда бошқа махсус воситалардан фойдаланиши мумкин.
 

2-боб. Қўриқлаш объектлари


15-модда. Қўриқланувчи шахслар
Қўриқланувчи шахслар тоифасига қуйидагилар киради:
1) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг оила аъзолари;
2) Ўзбекистон Республикаси собиқ Президенти ва у ҳаёт бўлган даврда унинг оила аъзолари;
3) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган, қўриқланувчи шахс мақомига эга давлат ва ҳукумат, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг бошқа сиёсий ва жамоат арбоблари;
4) қонунчиликка мувофиқ қўриқланиши белгиланган бошқа шахслар.
 

16-модда. Қўриқланадиган объектлар 
Қўриқланадиган объектлар тоифасига қуйидагилар киради:
1) қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектлари;
2) қўриқланувчи шахсларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари ҳамда уларнинг доимий туриш жойи;
3) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тезкор бошқарувига берилган бинолар, қурилмалар, иншоотлар (шу жумладан алоҳида хоналар), ер майдонлари ва сув хавзаси объектлари;
4) қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қонунчиликка мувофиқ қўриқланиши белгиланган бошқа объектлар.
 

3-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати 


17-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тизими
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тизими Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг марказий девони, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бўйича бўлимлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа органлардан иборат.
 

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий мақоми 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қўриқланувчи шахслар ва объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлиги масалалари бўйича жалб қилинган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи, хамкорликни ва тезкор бошқарувни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. 
 

19-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг мансабдор шахсларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарларига эга.
 

20-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг бўйсуниши ва ҳисобдорлиги 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Президентини ўз фаолиятининг асосий йўналишлари хамда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлиги юзасидан мунтазам равишда хабардор қилади.
 

4-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари

21-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда қуйидагиларга мажбур:
1) қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигига таҳдидларни башорат қилиш, аниқлаш ва олдини олиш;
2) қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
3) қўриқланувчи шахсларга транспорт хизматини кўрсатишда, овқатланиш ва санитар эпидемиологик муваффақиятнинг хавфсизлигини таъминлашда ҳамда қўриқланувчи шахсларнинг доимий тиббий кузатув остида бўлишида ўрнатилган тартибга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
4) президент алоқаси махсус тармоғини ташкил қилиш ва унинг ишлаб туришини, ахборотнинг криптографик химоясини таъминлаш, президент алоқаси махсус тармоғидан фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий хужжатлар талабларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан бажарилишини назорат қилиш; 
5) қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва қўриқланадиган объектларни ҳамда президент алоқаси махсус тармоғини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сирларининг сақланишини таъминлашни назорат қилиш;
6) ўз ваколати доирасида терроризмга қарши курашда иштирок этиш;
7) қўриқланадиган объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
8) қўриқланувчи шахсларнинг автомобиль, темир йўл, авиация, сувдаги ва бошқа турдаги транспортда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш;
9) қўриқланувчи шахсларга хизмат қилиш учун жалб қилинган автомобиль транспорт воситаларини фахрий мотоцикл эскорти билан таъминлаш;
10) қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектларида ва ҳаракатланиш йўналишларида жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, олдини олиш ва барҳам бериш;
11) ўз ваколати доирасида қўриқланувчи шахсларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;
12) Ўзбекистон Республикаси Президентини ва бошқа қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлик масалалари бўйича хабардор қилиш;
13) тезкор-қидирув, ташкилий-режим, тезкор-техник, мухандис-техник, сапер-кинологик, профилактик ва бошқа комплекс чора-тадбирларни ўтказиш йўли билан қўриқлаш тадбирларини режалаштириш, ташкил қилиш ва тезкор кузатишга олиш;
14) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг махсус хизматлари билан самарали хамкорликни ташкил қилиш;
15) қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг барқарор фаолиятини таъминлаш учун ахборот-коммуникация тизимларини ишлаб чиқиш, яратиш, эксплуатация қилиш ва ривожлантириш;
16) шахсий хавфсизликни таъминлаш;
17) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларини касбий ўқитишни ўрнатилган тартибда ташкил қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин. 
 

22-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари
 Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
1)   қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар бўлган объектларни қўриқлаш ва мудофаа қилиш бўйича жанговар навбатчиликни ташкил қилиш ва олиб бориш, қўриқлаш тадбирларини ташкил қилиш 
ва ўтказиш тартибини белгилаш ҳамда қўриқлаш тадбирларига, шу жумладан бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан жалб қилинган куч ва воситаларнинг таркибини белгилаш;
2)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал қилишга мулкчилик шаклидан қатъи назар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ишчи-ходимларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни уларнинг розилигига кўра жалб қилиш ва улар устидан тезкор бошқарувни амалга ошириш;
3)    қўриқланадиган объектларда ва қўриқлаш тадбирлари ўтказиладиган жойларда назорат-ўтиш тартибини ўрнатиш, қўриқланадиган объектларга ўтиш (кириш)да ва қўриқланадиган объектлардан ўтиш (чиқиш)да шахсини тасдиқловчи хужжатларни ҳамда транспорт воситаси ва ташилаётган юкларларнинг хужжатларини текшириш, фуқароларни ва улардаги нарса-буюмларни шахсий кўрикдан ўтказиш, транспорт воситаларини ва улардаги нарсалар ва юкларни, шу жумладан муҳандис-техник, сапер-кинологик воситаларни қўллаган ҳолда кўздан кечириш; 
4)    қўриқланадиган объектларга ва қўриқлаш тадбирлари ўтказиладиган жойларга олиб ўтиладиган (кириладиган) ҳамда олиб чиқиладиган нарсалар (юклар)нинг рўйхатини белгилаш;
5)    қўриқланувчи шахслар билан алоқага кирувчи ва улар бўладиган объектларга хизмат кўрсатишга жалб қилинган жисмоний шахсларни текшириш, анкета ва бошқа зарур хларни сўраб олиш, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир этувчи маълумотлар олинган тақдирда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимларини ишдан четлаттириш ҳақида тақдимномалар киритиш; 
6)    қўриқланувчи шахслар хавфсизлигини таъминлаш ёки уларга транспорт хизматини кўрсатиш мақсадида фойдаланиладиган ҳаво кемалари ва бошқа транспорт воситаларнинг қўриқланишини таъминлаш;  
7)    қўриқланувчи шахсларга хизмат кўрсатиш учун ажратилган транспорт воситаларининг тайёргарлигини текшириш, шу жумладан уларни эксплуатация қилиш тартиби ва қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш;
8)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва қўриқланадиган объектларни ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларга риоя этилишини жисмоний ва юридик шахслардан талаб қилиш; 
9)    қўриқланувчи шахсларнинг ва қўриқланадиган объектларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш ҳақида мулкчилик шаклидан қатъи назар давлат органлари ва бошқа ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
10)    қўриқланувчи шахсларнинг ва қўриқланадиган объектларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки уларнинг фаолиятини таъминлашга тўсқинлик қилувчи сабаб ва шароитлар бартараф этилгунга қадар бажарилаётган ишларни, хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга оширишни, қонунчиликда бошқа ҳолат кўрсатилмаган бўлса, тўхтатиб туриш;
11)    қўриқланадиган объект зоналаридан алоҳида шароитларда фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш. Қўриқланадиган объект зоналарининг чегараларини белгилаш ва ушбу зоналар учун шаҳарсозлик регламентларини келишиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган тартибда амалга оширилади;
12)    қўриқланувчи шахслар харакатланадиган йўналишларда, ҳудуднинг алоҳида жойларида ва объектларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг харакатланишини заруриятдан келиб чиқиб вақтинчалик чеклаш ёки тақиқлаш, ҳамда транспорт воситаларини шатакка олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
13)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дипломатик, консуллик ва бошқа хорижий давлат ваколатхоналари ва халқаро ташкилотларидан ташқари, жисмоний (уларнинг розилиги билан) ва юридик шахсларнинг турар жойларидан, хизмат хоналаридан, алоқа воситаларидан ва бошқа мол-мулкидан кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда, уларга етказилган зарарни қоплаш йўли билан фойдаланиш;
14)    дипломатик, консуллик ва бошқа хорижий давлат ваколатхоналари ва халқаро ташкилотларидан ташқари, ташкилот ва фуқароларга тегишли транспорт воситаларидан ҳодиса содир бўлган жойга етиб бориш, тез тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига олиб бориш, жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва уларни ички ишлар органларига олиб бориш учун мажбурий тарзда фойдаланиш ҳамда ушбу ҳолатни тасдиқловчи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати харбий хизматчиси эканлигини билдирувчи тегишли хужжатни тақдим қилиш. Ташкилот ва фуқароларга тегишли транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш оқибатида етказилган харажатлар ёки зиён, шу жумладан транспорт воситаси эгасига етказилган моддий зарарнинг қопланиши қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади;
15)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида идоравий тегишлилиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасидаги аэропортлардан, аэродромлардан, учиш-қўниш йўлаклари ва майдонларидан, вокзаллардан, дарё портларидан ҳамда телекоммуникация тизимларидан бепул фойдаланиш;
16)    кечиктирилиши қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигига реал таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларда жиноятларга барҳам беришда, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни таъқиб қилишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли турар жой ва хонадонларга, ер участкалари ва ҳудудларга тўсқинликсиз кириш ва бу ҳақда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли прокурорни хабардор қилиш;
17)    қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектларида, харакатланиш йўналишларида, уларнинг атрофида ҳамда қўриқлаш тадбирлари ўтказилаётган жойларда муҳандис-техник, сапер-кинологик ва лаборатория-инструментал диагностикани амалга ошириш, портловчи моддаларга ва қўпорувчилик-террорчилик (шу жумладан биологик) воситаларига ёки ахборотни рухсатсиз олиш қурилмаларига тегишли эканлиги ҳақида шубҳалар мавжуд бўлган моддий объектларни (нарсаларни) эвакуация ва йўқ қилиш;
18)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигига тахдидларни аниқлаш, олдини олиш ва барҳам бериш мақсадида қонунчиликка мувофиқ тезкор-қидирув ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, ошкора 
ва конфиденциал асосда фуқароларнинг ёрдамидан фойдаланиш;
19)    Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кўнгилли тарзда штатдан ташқари тезкор ходим сифатида жалб қилиш;
20)    юритишига берилган ишлар бўйича терговга қадар текширувни ўтказиш;
21)    жиноят-процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқбузарлик содир этаётган ёки содир этган, ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаш; 
22)    ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга таъсир кўрсатувчи ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш; 
23)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган зарур комплекс тезкор-техник тадбирларни амалга ошириш; 
24)    қўриқланувчи  шахсларнинг бўлиш объектлари, харакатланиш йўналишлари ва уларга яқин самовий худудларда учиш аппаратларидан фойдаланиш фаолиятини тўлиқ ёки қисман тақиқлаш, доимий ёки вақтинчалик чекловларни жорий қилиш;
25)    қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига тааллуқли холатлар ва ҳодисаларни хужжатлаштириш, фотосуратга олиш, овоз ёзиш, кино ва видеотасвирга туширишни амалга ошириш;
26)    қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан доимий равишда ва бепул зарур ахборот ва хужжатларни сўраб олиш, уларнинг ахборот тизимлари, маълумотлар тўплами, ахборот-маълумот ҳисоблари, архивлари, ахборот-қидирув ва ахборотни қайта ишлашнинг автоматлаштирилган тизимларига кириш учун рухсатга эга бўлиш;
27)    ўрнатилган тартибда ахборотнинг криптографик ҳимоясини амалга ошириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш;
28)    тегишли рухсат берувчи хужжатлар бўлган тақдирда юклар (багаж)ни кўздан кечирмасдан ташиш;
29)    Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати эгалигида ёки фойдаланишида бўлган алоқа линиялари ва президент алоқаси махсус тармоғининг хавфсизлиги ва ишлаб туришини таъминлаш бўйича ишларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотларига тўсқинликсиз кириш ва зарур техник хужжатларни олиш; 
30)    давлат хокимияти органлари алоқасига радиотўсқинликлар келтириб чиқарадиган хар қандай радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишга қонунчиликда белгиланган тартибда чекловлар киритиш; 
31)    зарурият туфайли президент алоқаси махсус тармоғини ва идоравий ахборот-коммуникация тизимларини вақтинча ташкил этишда ўз фойдаланишига алоқа каналларини бепул олиш;
32)    қўриқланувчи  шахсларнинг ва объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан умумий объектларда идоравий ахборот-коммуникация тизимларига тегишли қурилмаларни, алоқа каналлари, узатмалари ва воситаларини имтиёзли тартибда ўрнатиш; 
33)   ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига юбориш; 
34)    хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, махсус хизматлари ва ташкилотлари билан тезкор ахборот, махсус техник ва бошқа воситалар билан алмашиш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ўқиши ва малакасини оширишни ташкил қилиш бўйича хамкорликни амалга ошириш;
35)    қўриқланувчи  шахсларнинг чет элда бўлган даврида ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг қўриқланувчи  шахслари Ўзбекистонга ташриф буюрганида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чет эл махсус хизматлари вакиллари билан фаолиятни мувофиқлаштириш. Хавфсизликни таъминлаш шартлари ва тартибини, алоқа каналларини тақдим этишни келишиб олиш;
36)    хорижий давлатларларнинг қўриқланувчи  шахслари Ўзбекистонга ташриф буюрганида уларни хавфсизлигини таъминлаш учун жалб қилинган чет эл махсус хизматларига ўқотар қурол ва ўқ-дориларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириши ва олиб чиқиши учун рухсатномаларни расмийлаштириш ва бериш;
37)    ўз ҳарбий хизматчиларига ўқотар қурол ва махсус воситаларни сақлаш ва олиб юришга ҳамда хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида уларни давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудига олиб киришга рухсат бериш;
38)    Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ҳақиқий ҳарбий хизматга олиш учун номзодларни давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мустақил танлаб олиш; 
39)    ўз ҳарбий хизматчиларини касбий ўқитиш мақсадида ўрнатилган тартибда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг имкониятларидан фойдаланиш; 
40)    ўз фаолиятини ахборот-тахлилий таъминлашни амалга ошириш, ўрнатилган тартибда илмий ва бошқа ташкилотларни, мутахассисларни, шу жумладан шартнома асосида жалб қилиш; 
41)    қўриқланувчи  шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сирларини ташкил қилувчи архив ва бошқа маълумотларни сақлашнинг, расмийлаштиришнинг, фойдаланишнинг ва беришнинг алоҳида тартибини ўрнатиш;
42)    қўриқланувчи  шахсларнинг ва объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий хужжатларни ўрнатилган тартибда мустақил равишда ёки бошқа давлат органлари билан биргаликда қабул қилиш.
43)    Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 

5-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда қуролни қўллаш


23-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда қуролни қўллаш шартлари 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ўқотар, совуқ қурол ва махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг қуролланишида мавжуд совуқ ва ўқотар қурол, махсус воситаларнинг рўйхати мазкур орган раҳбари томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол юзага келган вазият, шахслар харакатининг хавфлилик даражаси ва хусусияти, улар томонидан кўрсатилаётган қаршилик кучи ва хусусиятидан келиб чиқиб ҳамда мутаносиблик принципига мувофиқ, уларни қўллашнинг реал заруриятидан четга чиқмаган ҳолда қўлланиши ва қўйилган мақсадга эришилиши билан тўхтатилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланишидан аввал, уларни қўллаш назарда тутилган шахсларни бу ҳақда огоҳлантириши лозим, яъни улар ўзларини Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари эканликларини, ўзларининг амалга ошириши мўлжалланган ҳаракатлари ҳақида маълум қилишлари ва уларга қонуний талабларни бажариши учун имконият ва вақт беришлари лозим, бироқ қуйидаги ҳолатларни истисно этган ҳолда:
жисмоний куч, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланишини кечиктириш қўриқланувчи шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларининг ва қўриқлаш тадбирига жалб қилинган давлат органлари вакиллари ҳамда бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун бевосита хавф туғдирса ёхуд қўриқланадиган объектлар ва транспорт воситалари хавфсизлигига реал таҳдид юзага келса; 
бундай огоҳлантиришнинг имконияти бўлмаса.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси жисмоний куч, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги ҳақидаги ҳар бир ҳолат ҳақида ўзининг бевосита бошлиғига хабар бериши лозим.
Агарда жисмоний куч, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилиши оқибатида шахсга тан жароҳати етказилган бўлса, ҳарбий хизматчи мумкин қадар қисқа муддат ичида унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши лозим.
Жисмоний куч, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилиши оқибатида шахс ярадор ёки ҳалок бўлган ҳолат ҳақида  Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг раҳбари Бош прокурорни хабардор қилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари мазкур Қонунда ва бошқа қонунчилик хужжатларида белгиланган ҳолатларда жисмоний куч, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги оқибатида етказилган маънавий, моддий ва жисмоний зарар учун қуйидаги ҳолларда жавобгарликка тортилмайдилар:
1) у томонидан зарурий мудофаанинг ёки жиноят содир этган шахсни ушлаш учун зарур чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса; 
2) у ўрнатилган тартибда берилган ўзи учун мажбурий бўлган буйруқ ёки бошқа фармойишни бажариши муносабати билан харакат қилган бўлса;
3) у охирги зарурият ёки асосли касбий таваккалчилик шароитида харакат қилган бўлса.
Бошқа ҳолатларда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик юзага келади.
Қўриқланувчи шахсларнинг, улар бўладиган объектларни ва харакатланиш йўналишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўриқлаш тадбирларига жалб қилинган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам мазкур Қонунда белгиланган тартиб ва ҳолларда жисмоний куч, махсус воситалар ва қурол қўллаш ҳуқуқига эгадирлар.
 

24-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатилиши
Агар зўрлик ишлатилмайдиган усуллар Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, улар жиноятларга ва бошқа ҳуқуқбузарликларга барҳам беришда, жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни олиб бориш ва ушлаб туришда, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишига барҳам беришда жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ушбу Қонунда махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.
 

25-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан махсус воситаларнинг қўлланилиши 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг қуролланишида мавжуд махсус воситаларни қуйидаги ҳолатларда қўллаш ҳуқуқига эга: 
1) қўриқланувчи  шахсларга, қўриқланадиган объектларга ва транспорт воситаларига бўлган хужумни ёки шундай хужум хавфини олдини олиш учун ёхуд уларни тутқинликдан озод қилишда;
2) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, давлат органларининг бошқа вакилларига ва фуқароларга бўлган хужумни ёки шундай хужум хавфини қайтаришда ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига нисбатан бўлган бўйсунмаслик ва қаршиликни олдини олишда;
3) ҳуқуқбузарларни ва қуролли қаршилик кўрсатиши мумкинлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига юклатилган хизмат мажбуриятларини бажаришига бошқача тарзда қаршилик кўрсатиши ҳақида етарли асослар бўлган шахсларни ушлашда ва уларни ички ишлар органларига олиб келишда;
4) қўриқланувчи  шахсларнинг фаолиятига тўсқинлик қилувчи ёки қўриқланадиган объектларга кириш хавфини келтириб чиқарувчи оммавий тартибсизликлар ва гуруҳ бўлиб содир этилган харакатларни барҳам беришда; 
5) қўриқланувчи шахслар ёки қўриқланадиган объектлар хавфсизлигига таҳдид солувчи транспорт воситаларини тўхтатиш зарурияти юзага келганда;
6) ўзида қонунга хилоф тарзда ўқотар ёки совуқ қурол, ўқ-дорилар, портловчи, кучли таъсир этувчи кимёвий ва заҳарли моддалар мавжуд бўлган шахсларни қуролсизлантириш зарурияти юзага келганда;
7) тажовузкор ҳайвонларни зарарсизлантиришда.
Махсус воситаларни қўллаш тақиқланади:
1) тез ўт олувчи, заҳарли, портловчи моддалар ёки махсус воситаларнинг таркибий қисмлари билан таъсирга киришганда одамларнинг хаёти ва соғлиғи учун катта хавф туғдирувчи моддалар ишлаб чиқариладиган, сақланадиган бино ва хоналарда ҳамда ушбу моддалар ташиладиган транспорт воситалари яқинида;
2) ҳомиладор аёлларга, ногиронлик белгилари яққол кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчисига маълум бўлган вояга етмаганларга, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги,  террорчилик актини содир этганлиги, одамларнинг ҳаётига таҳдид солувчи қуролли ёки гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати махсус восита сифатида хизмат итларидан фойдаланиши мумкин.
Қўлланилиши мумкин бўлган махсус воситаларнинг тури ва қўллаш жадаллиги Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари томонидан юзага келган вазиятдан, тажовузнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг шахсидан келиб чиқиб мустақил аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари зарурий мудофаа ёки охирги зарурият ҳолатларида, агар махсус воситаларни қўллаш имконияти бўлмаса ёки қўллаш мақсадга мувофиқ деб топилмаса, қўл остида бўлган ҳар қандай воситалардан (шу жумладан транспорт воситаларидан) фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ушбу Қонунда совуқ ва ўқотар қуролни қўллашга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга. 
 

26-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан совуқ ва ўқотар қуролнинг қўлланилиши
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари қуйидаги ҳолатларда охирги чора тариқасида совуқ 
ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга: 
1) қўриқланувчи  шахсларнинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган ва содир этилиши оқибатида баданга шикаст етказилиши ва (ёки) ўлим юзага келиши ёҳуд келтириб чиқариши билан боғлиқ ҳужумдан ёки шундай ҳужум таҳдидидан ҳимоя қилишда; 
2) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ва қўриқлаш тадбирига жалб қилинган бошқа давлат органлари вакилларининг ҳаёти ва соғлиғига хавфли бўлган ҳужумни ёҳуд шундай ҳужум таҳдидини қайтаришда ҳамда уларга тегишли қурол, транспорт ва алоқа воситалари, бошқа товар-моддий бойликларни ёки хужжатларни қўлга киритишга қаратилган ҳаракатларни барҳам беришда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчисининг қонуний фармойишлари ёки талабларига ашаддий бўйсунмаслик ва уларни ҳақоратлаш ҳолатлари ҳужум деб эътироф этилмайди;  
3) қўриқланадиган объектларга ва транспорт воситаларига ҳужумни ёки ҳужум хавфини қайтаришда ёҳуд уларни тутқинликдан озод қилишда;
4) гаровга олинганларни озод қилишда, террорчилик ва бошқа жиноий тажовузларни барҳам беришда;
5) қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ёки уни содир этганидан кейин дарҳол яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, шунингдек қўлга тушмаслик учун ушбу шахс қурол ёки кўринишидан ҳақиқий қуролга ўхшаган ва ташқи белгилари бўйича фарқ қилмайдиган нарсаларни, портловчи моддаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ва қўриқлаш тадбирига жалб қилинган бошқа давлат органлари вакилларининг ҳамда бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи бошқа нарсаларни қўлласа (қўллаш билан таҳдид қилса), агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса; 
6) ўзидаги қуролни, портловчи моддаларни ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ва қўриқлаш тадбирига жалб қилинган бошқа давлат органлари вакилларининг ҳамда бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи нарсаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда; 
7) фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавфли бўлган ҳужумдан ҳимоя қилишда, агар бошқа усуллар ва воситалар билан ҳимоя қилишнинг имконияти бўлмаса;
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси томонидан ҳуқуққа мувофиқ тақиқланган ҳаракатларни шахснинг содир этиши, яъни ҳарбий хизматчи белгилаган масофадан унга яқин келишга уриниши, кийимидан ёки қўл юкидан ниманидир олиши ёки унинг бошқа ҳаракатлари ҳарбий хизматчи томонидан ўзига ёки бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи тажовуз деб тан олинса, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси совуқ ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ва жанговар ҳолатга келтириш, мазкур Қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, қуролни қўллаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари қуйидаги ҳолатларда ҳам қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:
1) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ва қўриқлаш тадбирларига жалб қилинган бошқа давлат органлари вакилларининг қонуний талабларини инкор этиб, ўзининг ҳаракатлари билан қўриқланувчи  шахсларнинг, улар бўладиган объектларнинг ва транспорт воситаларининг хавфсизлигига, бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солган ҳайдовчининг бошқарувидаги транспорт воситасини унга зарар етказиш йўли билан тўхтатиш зарурияти юзага келганда;
2) қўриқланувчи  шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳайвонни зарарсизлантиришда;
3) қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш зарурати туғилганда, шунингдек юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар ишорасини беришда ёки ёрдам чақиришда.
Ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади:
1) қўриқланувчи шахслар томонга қарата;
2) бир қанча фуқаролар тўпланганда, агар ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса; 
3) тез ўт олувчи, заҳарли, портловчи моддалар ишлаб чиқариладиган, сақланадиган бино ва хоналарда ҳамда ушбу моддалар ташиладиган транспорт воситалари яқинида;
4) ҳомиладор аёлларга, ногиронлик белгилари яққол кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки ҳарбий хизматчига маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан қуролли қаршилик кўрсатиш, террорчилик ҳаракатини содир этиш, одамларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган қуролли ёки гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни қайтариш ҳоллари мустасно.
 

6-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ва ишчилари


27-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматини кадрлар билан тўлдириш 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ихтиёрий равишда касбий лойиқлиги бўйича текширувдан муваффақиятли ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг заҳирасида ёки резервида турган фуқаролар ҳамда ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича муайян касбий тайёргарликка эга бўлмаган аёл жинсига мансуб шахслар қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан ҳарбий хизматчиларни (ишчиларни) танлаб олиш ва ўтказиш устивор ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига киришда олдинги иш жойидан бўшаб, уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ҳақиқий ҳарбий хизматга қабул қилинса ҳамда ушбу муддат давомида бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан меҳнат муносабатларини ўрнатмаган бўлса, ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлиш муддати узлуксиз ҳисобланади. 
Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг қарорига кўра, тор йўналишдаги ёки юқори малакали мутахассислар ҳақиқий ҳарбий хизматга алоҳида талабларни ҳисобга олмаган ҳолда қабул қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг оддий аскар ва сержантлар таркиби лавозимларига ўрта, ўрта-махсус ёки олий маълумотга эга шахслар тайинланади.
Офицерлар таркиби лавозимларига олий ўқув юртларини тамомлаган шахслар тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг қарорига кўра, ўрта-махсус маълумотга эга оддий аскар ва сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар юқори касбий кўрсаткичларга эришган бўлса, истисно тариқасида офицерлар таркиби лавозимларига тайинланишига рухсат берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати кадрлар таркибига қабул қилинган ҳарбий хизматчилар ўрнатилган тартибда ҳарбий хисобдан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг раҳбари томонидан белгиланган тартибдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг махсус ҳисобига қўйилади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига хақиқий ҳарбий хизматга ёки ишга қабул қилинаётган шахслар дастлабки танловдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташга ёки ишлашга лойиқлигини, у томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташга ёки ишлашга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқлаш бўйича, шу жумладан руҳий-жисмоний текширув ўтказиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг раҳбари томонидан белгиланган тартибдаги текширувдан ўтказилади. 
Қонунчиликда белгиланган асосларга мувофиқ ҳамда қуйидаги ҳолларда шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига хақиқий ҳарбий хизматга ёки ишга қабул қилинмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ва ишчилари ҳақиқий ҳарбий хизматдан ёки ишдан бўшатилиши мумкин:
1) текширув жараёнидан ўтишдан ёки давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланишга ижозатни расмийлаштиришдан, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказмайдиган техник 
ва бошқа воситалардан фойдаланиб амалга ошириладиган сўровдан, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар истеъмол қилганлик ҳолатини текширишдан бош тортса;
2) агар улар судланган бўлсалар, судланганлик ҳолати олиб ташланган ёки бекор қилинган бўлса, уларга нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган ёҳуд жиноят иши жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги, ярашув муносабати, амнистия актига асосан тугатилган бўлса ёҳуд улар жиноий жазо ёки жиноий жавобгарликдан озод этилган бўлсалар;
3) Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий хужжатлари ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг норматив-ҳуқуқий хужжатларига мувофиқ тақдим этилиши лозим бўлган хужжатларни ёки маълумотларни тақдим этмаса ёҳуд қалбаки хужжатларни ёки ёлғон маълумотларни тақдим этса;
4) агар улар сиёсий партиялар ёки сиёсий мақсадларни кўзловчи ва (ёки) уларнинг фаолиятида иштирок этувчи бошқа жамоат бирлашмалари аъзолари бўлса; 
5) агар улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса; 
6) шифокорнинг кўрсатмаси бўлмаган ҳолда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ёҳуд хавфлилиги аён бўлган янги психофаол моддаларни истеъмол қилса;
7) ўрнатилган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки чекланган муомалага лаёқатли деб топилган бўлса;
8) ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосасига мувофиқ ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташга ва мансаб ваколатларини бажаришга тўсқинлик қилувчи касаллик аниқланса;
9) бошқа давлат органларидан салбий асосларга кўра бўшатилган бўлса;
10) агар фуқаро дастлабки танловдан ўта олмаса ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчисига қўйилган талабларга мос келмаса.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳақиқий ҳарбий хизматга ёки ишга қабул қилиш рад этилганлик сабабини тушунтирмаслик ҳуқуқига эга.
Ҳарбий хизматчиларни ва ишчиларни ҳисобини юритиш, ҳарбий хизматчиларни ҳаракатдаги заҳирага олиш ва уларнинг ҳаракатдаги заҳирада хизмат ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан белгиланади.
 

28-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида хизматни ўташ тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари бажараётган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ўзларининг шахсий, касбий ва руҳий сифатлари, маълумоти ва соғлиғининг ҳолати бўйича уларга юклатилган мажбуриятларни бажариш талабларига мос келиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг Аҳлоқ кодексига риоя қилишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига қўйиладиган махсус талаблар унинг раҳбари томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ўзларга юклатилган мажбуриятларни бажариши учун зарур маълумот даражаси, меҳнат стажи, касбий билимлари ва кўникмаларига қўйилган малака талаблари ва Аҳлоқ кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг раҳбари томонидан тасдиқланади.
Ваколат доирасидаги вазифаларини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда ҳаракатдаги заҳирада ҳарбий хизматда қолдирилган ҳолда бошқа давлат органларига ва ўзга ташкилотларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат сафарига юборилиши мумкин. Хизмат сафарининг муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг раҳбари томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг конуний талаблари фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан бажарилиши шарт.
 

29-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчисининг хизмат гувоҳномаси ва жетони 
Хизмат гувоҳномаси ҳарбий хизматчини Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига тааллуқлилигини, унинг шахсини, лавозимини ва ҳарбий унвонини тасдиқловчи хужжат ҳисобланади.
Хизмат гувоҳномаси ва жетон намуналари ҳамда уларни тақдим қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан белгиланади. 
Хизмат гувоҳномаси ўқотар қуролни сақлаш, олиб юриш ҳамда ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик билан белгиланган ваколатлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчисининг жетони, хизмат гувоҳномаси тақдим қилинганда ҳақиқий ҳисобланади ва унинг айнанлигини билдирувчи қўшимча восита ҳисобланади.  
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиси қўриқланувчи  шахсларни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, алоҳида ҳолларда ўзининг шахсий жетонини кўрсатиб қўриқлаш тадбирига давлат идоралари ва ўзга ташкилотларнинг қўшимча куч ва воситаларини жалб қилиш ҳуқуқига эга ва 24 соат ичида уларнинг раҳбарларини ўрнатилган тартибда ёзма равишда хабардор қилади.
 

30-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар  
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ҳақиқий ҳарбий хизматга қабул қилинадиган шахслар ўзларига ушбу Қонунда белгиланган чекловларни қабул қилишади ва бу ҳолат ёзма равишда қайд қилинади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларига тақиқланади:
1) Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, вилоят, шаҳар ва туман халқ депутатлари кенгаши депутати, партия ва касаба уюшмалари аъзоси бўлиш, сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш бўйича чиқишлар қилиш;     
2) педагогик, тиббиёт, илмий ва бошқа ижодий фаолиятдан ташқари, пул тўланадиган ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тижорат ташкилотларининг раҳбарияти ёки кузатув кенгаши таркибига кириш, қонунчиликка асосан лавозим мажбуриятларига киритилган ҳолатлар бундан истисно;
3) хизматдан ташқари мақсадларда моддий-техникавий, хизматига тегишли бўлган молиявий ва маълумотлар таъминотидан бошқа давлат мулки ва хизмат маълумотларидан фойдаланиш;  
4) давлат хокимият органларининг нормал фаолиятига ва хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш ёки ушбу ҳаракатларда қатнашиш;
5) ўз мансаб ваколатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, шу жумладан мансабдор ва бошқа шахслар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда;    
6) оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет ахборот телекоммуникация тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан ўз хизмат фаолияти тўғрисидаги фотосуратлар, овозли ва видеоёзувларни жойлаштириш;
7) қўриқланувчи  шахслар билан хизмат заруриятисиз муомала қилиш. 
Ҳарбий хизматчига касбий фаолиятидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг норматив-ҳуқуқий хужжатларида белгиланган бошқа чекловлар ҳам қўлланилиши мумкин. 
 

31-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига ҳарбий унвон бериш
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига ҳарбий унвон бериш Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Оддий аскар ва сержантлар таркибини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув муассасаларида махсус тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтиш талаб қилинмайдиган сержантлар таркибидаги лавозимларда хизмат қилиб келаётган оддий аскар таркибидаги ҳарбий хизматчилар (котибиятда иш юритиш, моддий-хўжалик, молиявий, техникавий, транспорт, спорт, тиббий таъминот, кадрлар, ахборот-маълумот фаолияти), бириктирилган жойларда ўзларига юклатилган хизмат мажбуриятларини муваффақиятли бажарганликлари учун, бўлинма раҳбарларининг илтимосномасига кўра “кичик сержант” ҳарбий унвони берилади. 
Бошланғич “лейтенант” офицерлик ҳарбий унвони берилади:
1) офицерлик лавозимига тайинланган, 3 ой муддат давомида хизмат мажбуриятларини муваффақиятли бажарган фуқаролик олий маълумотига эга бўлган оддий ва сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга;      
2) ҳақиқий ҳарбий хизматга офицерлик лавозимига тайинланганидан кейин, 6 ой муддат давомида хизмат мажбуриятларини муваффақиятли бажарган фуқаролик олий маълумотига эга бўлган шахсларга;      
3) истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг қарорига кўра офицерлик лавозимига тайинлангандан кейин, 12 ой муддат давомида хизмат мажбуриятларини муваффақиятли бажарган ўрта-махсус маълумотга эга бўлган оддий аскар ва сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга. 
Заҳирадан ёки бошқа давлат органларидан ўтган, махсус унвонга эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ҳарбий хизматчи лавозимига қабул қилинганда, қайта шаҳодатлаш тартибида қонунчиликда бегиланган ҳолда тенг даражадаги ҳарбий унвон берилади. Қайта шаҳодатлаш ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан белгиланади.
Олдинги махсус унвонда бўлганлик муддати, навбатдаги ҳарбий унвонни олиш учун хизмат ўташ муддатига ҳисобга олинади. 
 

32-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг касбий тайёргарлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикасининг ҳамда ҳалқаро шартномаларга асосан хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида амалга оширилади.
Ҳарбий хизматчиларнинг юқори даражадаги касбий тайёргарлигини таъминлаш ва ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида режага асосан жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотлари ташкил этилади ва ҳар йили уларнинг касбига лойиқлиги текширилади.
Жанговар ва махсус тайёргарликни ташкил этиш ҳамда касбга лойиқлигини текшириш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан ўрнатилади.
Ҳарбий хизматчилар жисмоний куч, махсус воситалар ва ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ шароитларда ҳаракатланиш учун яроқлилик бўйича махсус тайёргарликдан, даврий текширувдан ўтишлари лозим.
 

33-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг кафолатлари 
Давлат ҳарбий хизматчиларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, уларни турар жой ва ер участкалари билан таъминлаш, узоқ муддатга бериладиган имтиёзли ипотека ва автоулов учун кредит ажратиш, соғлиғига ва мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш, давлат пенсия таъминоти, ҳарбий хизматчиларга, белгиланган пенсионерларга ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий томондан ёрдам бериш ва ижтимоий ҳимоянинг бошқа турлари билан таъминлашни кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари ва ишчилари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мажбурий суғурта қилинади.
Ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлишининг белгиланган ёш чегарасига етган, юқори касбий тайёргарликка, эгаллаган лавозими бўйича иш тажрибасига эга ва саломатлигига кўра ҳарбий хизматни давом эттиришга яроқли Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари билан ўн йилга янги контракт тузиш йўли билан  Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан ҳақиқий ҳарбий хизмат муддати бир неча бор чўздирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ҳақиқий ҳарбий хизматга резервдан ёки заҳирадан ихтиёрий равишда қабул қилинган ҳарбий хизматчилар ҳамда қабул қилингунга қадар ҳарбий хизматга мажбур бўлмаган аёллар календарь ҳисобида ўн йилдан кам бўлмаган муддатда ҳарбий хизматни ўтаган бўлса ва офицерлик унвонида ҳарбий хизматдан бўшатилса:
ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига олий таълим муассасаларининг кундузги ўқув шаклида ўқиган муддатининг бир ойи хизмат муддатининг бир ойига тенглаштирилган ҳолда қўшилади;
ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича ҳақиқий ҳарбий хизматга қабул қилингунга қадар ушбу ихтисослик бўйича тегишли лавозимларда ишлаган иш стажининг бир ойи хизмат муддатининг бир ойига тенглаштирилган ҳолда қўшилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган (ўлган) ҳарбий хизматчининг хизмат қилган муддатидан қатъий назар, оила аъзолари унга берилган хизмат турар жой хонадонини имтиёзли (бепул) равишда хусусийлаштириш ҳуқуқига эга. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари қонунчиликда ҳарбий хизматчилар учун белгиланган бошқа ижтимоий кафолатлар ва имтиёзлардан ҳам фойдаланадилар.
 

34-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳокимият вакиллари ҳисобланади ва давлат ҳимоясидадир.
Ҳарбий хизматчиларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, уларга қаршилик кўрсатиш, зўрлик ёки таҳдид қилиш, хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мулкига тажовуз қилиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан етказилган мулкий зарарнинг ўрни давлат томонидан тўлиқ қопланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари хизмат сафарига жўнатилишида бўш жой бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, барча турдаги транспорт воситаларига йўл чипталарини навбатсиз сотиб олиш ва меҳмонхоналарга навбатдан ташқари жойлашиш ҳуқуқига эга. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини уларнинг хизмат мажбуриятларига кирмайдиган вазифаларни бажаришга жалб қилиш тақиқланади. Бевосита ва тўғридан-тўғри бошлиқларидан ташқари, ҳеч ким уларнинг хизмат фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси ўзига нисбатан қабул қилинаётган қарор ва ҳаракат (ҳаракатсизлик) юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг юқори турувчи мансабдор шахсига белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
 

35-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари хизматни ўташ вақтида дахлсизликка эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг вакилисиз ёки суднинг қарорисиз уни шахсий кўрикдан ўтказишга, ундаги нарсаларни, унинг фойдаланишидаги транспорт воситасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди, бунда унинг жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин кўлга тушган ҳолатлари мустасно.
 

36-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг формали ҳарбий кийим-боши 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган намунадаги формали ҳарбий кийим-бош, оёқ кийим ва бошқа буюмли мулк билан таъминланадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг формали ҳарбий кийим-бош намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини формали ҳарбий кийим-бош ва бошқа буюмли мулк билан таъминлаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматидан бўшатилган шахслар, агар ҳақиқий ҳарбий хизматда календарь ҳисобида йигирма йил ва ундан ортиқ хизмат қилган бўлсалар, уларда формали ҳарбий кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқи сақлаб қолинади, ҳарбий хизматдан салбий асосларга кўра бўшатилган ҳарбий хизматчилар бундан мустасно.
 

37-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ишчилари 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ишчиларининг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва эркинликлари, меҳнат қилишга қулай шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат кафолати меҳнат қонунчилиги асосида амалга оширилади.  
 

7-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг молиявий, моддий-техникавий ва бошқа таъминоти


38-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг молиявий таъминоти
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ғазна ижроси фаолиятини татбиқ этмаган ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида бюджетдан ташқари жамғармалар тузилиши мумкин, уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади. 
 

39-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг моддий-техника таъминоти
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда қонунчиликка мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидан, ташкилотлардан, жамоат бирлашмаларидан, фуқаролардан фойдаланиш учун транспорт воситалари ва бошқа мулкларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу мулклардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларини ёки бўлинмаларини жойлаштиришга қаратилган объектларнинг қурилиши, реконструкцияси ва ажратилиши Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий хужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тезкор бошқаруви остида бўлган бинолар, иншоотлар, қурилмалар ва бошқа мол-мулклар, ушбу бинолар, иншоотлар, қурилмалар яқинидаги сув ҳавзалари объектлари, Давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган мол-мулклар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ажратилган ер участкалари давлат мулки ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қонунчиликда белгиланган тартибда шакллантириладиган хизмат уй-жойлари фондига эга бўлиши мумкин.
 

40-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг таъминотида бўладиган воситалар
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати таъминотида бўладиган воситаларни, шу жумладан махсус техник ва бошқа воситаларни истисно тариқасида тендер савдоларини ўтказмасдан ҳамда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳам сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ахборот-коммуникация тизимларини ва ахборотнинг ҳимоя воситаларини, шу жумладан криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқади, яратади ҳамда улардан фойдаланади, уларнинг хавфсизлигини таъминлайди, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашда бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг шу каби тизимларидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланади.
 

41-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилиш
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларнинг, шу жумладан криптографик воситаларни қўллаган ҳолда техник ҳимояси таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига ҳарбий хизматга (ишга) қабул қилинаётган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишига ижозат бериладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш тартиб-таомилидан ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳужжатлари ва материаллари идоравий архивда сақланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тарихий ва илмий аҳамиятга эга бўлган архив материаллари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махфийликдан чиқарилиб давлат архивларига топширилиши мумкин.
 

8-боб. Якунловчи қоидалар


42-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг рамзлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати байроққа, эмблемага ва бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг рамзлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
 

43-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг жавобгарлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиши, хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан қўриқланувчи  шахслар ва бошқа фуқаролар ҳақида ўзларига маълум бўлган ахборот (шахсий маълумотлар)ни тарқатиши, ўзининг ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига зарар етказиши, ҳамда ушбу Қонуннинг 29-моддасида ўрнатилган чекловларни бузиши, қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқаради.
 

44-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуққа хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш
Фуқаролар ва мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар ушбу ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) уларнинг ҳуқуқларини поймол қилган ёки уларга маънавий зарар ёҳуд моддий зиён етказган деб ҳисобласалар, қонунда белгиланган тартибда ушбу органнинг мансабдор шахсларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ёки судга шикоят бериш ҳуқуқига эга.
 

45-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятида қонунларга риоя этилиши устидан назорат
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг терговга қадар текширув фаолиятида қонунларнинг аниқ ҳамда бир хилда ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади. 
Маълумотлар тегишли прокурорга қонунчиликда белгиланган асослар ва тартибда тақдим этилади. Прокурорлар терговга қадар текширув фаолияти тўғрисида ўзига тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларда кўрсатилган маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
 

46-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 

47-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқарув органлари ушбу Қонунга зид келган ўз норматив-ҳуқуқий хужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин. 
 

48-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг 
             Президенти                                                                          Ш. Мирзиёев
 

Общие предложения: 0

3241