ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
6984 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 27/08/2019 11/09/2019 5

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-6984

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг

қарори

 

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 октябрдаги 811-сон “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Давлат солиқ қўмитаси раиси                                Б.А. Мусаев

 

Тошкент ш.,

2019 йил “___”__________   ________-сон

Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил  “___” ___________даги

______-сон қарорига

илова

 

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни
амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни
моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, товарларни яширин ишлаб чиқариш, контрабанда ва контрафакт товарларни ташиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар (объектлар), тушумларни камайтириб кўрсатиш ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилиб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини (бундан буён матнда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар деб юритилади) аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат солиқ хизмати органларига юбориладиган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган (маълумот тақдим этган) шахсларни моддий рағбатлантириш мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш – солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш, шунингдек, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этмаслик ёки унга атайин нотўғри маълумотларни киритиш;

хуфиёна иқтисодий фаолият – жисмоний ва юридик шахсларнинг ноқонуний равишда, давлат ва жамиятнинг амалдаги қонун ва қоидаларини четлаб ўтиб, давлат назоратидан ташқарида фойда олишга қаратилган иқтисодий фаолияти;

жисмоний ва юридик шахслар – солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган ёки маълумот тақдим этган шахслар.

5. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг маълумотлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Низом талабларига асосан кўриб чиқилади.

6. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади.

2-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган
жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш асослари

7. Қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган жисмоний ва юридик шахслар рағбатлантирилади:

яширин ишлаб чиқариш цехлари;

республикамизга контрабанда йўллари билан олиб келинган товарлар, шунингдек, контрафакт ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган товарларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ёки сотиш фаолияти билан шуғулланаётган шахслар (объектлар);

солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган солиқларни тўлашдан бўйин товлаш “схема”лари;

этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ёки муомалага киритиш.

8. Мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган ва ҳуқуқбузарлик ҳолати солиқ назорати тадбирида тўлиқ исботини топган тақдирда, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади.

3-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни 
қайд этиш ва кўриб чиқиш

9. Давлат солиқ қўмитасининг my2.soliq.uz cайтида (бундан буён матнда сайт деб юритилади) жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар реестри шакллантирилади.

10. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар cайтдаги “Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида хабардормисиз?” рукни орқали юборилади.

11. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан юбориладиган маълумотларда қуйидагилар кўрсатилади:

жисмоний шахснинг фамилияси, исми, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР), яшаш манзили, телефон рақами, рағбатлантириш бўйича маблағни тушириш учун банк пластик карточкаси рақами ва тижорат банки номи, ҳуқуқбузарлик тавсифи, содир этиш аниқ манзили;

юридик шахс номи, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР), юридик манзили, телефон рақами, рағбатлантириш бўйича маблағни тушириш учун банк ҳисоб рақами ва тижорат банки номи, ҳуқуқбузарлик тавсифи, содир этиш аниқ манзили кўрсатилади.

Маълумотларга зарур ҳолларда қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фото ва видео тасвирлар илова қилиниши мумкин.

12. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида сайтга киритилган маълумотларга махсус код берилади (уяли телефонига SMS хабар юборилади) ҳамда давлат солиқ хизмати органлари томонидан мурожаатчининг шахси сир сақланиши таъминланади.

13. Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахслари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқиш жараёнида қўшимча ўрганиш ва (ёки) қўшимча маълумотларни олиш зарур деб ҳисобланган тақдирда, маълумот юборган жисмоний ва юридик шахслардан қўшимча ахборотларни ва ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли.

14. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим этилган маълумотлар масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат солиқ хизмати органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Бунда, қўшимча ўрганиш ва (ёки) қўшимча маълумотларни сўраб олиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишиш лозим бўлган ҳолларда, маълумотлар келиб тушган санадан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

15. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган маълумотларда ноаниқ ва (ёки) ёлғон ахборотлар киритилганлиги аниқланган тақдирда, бундай маълумотлар кўриб чиқилмайди.

Бунда, жисмоний ва юридик шахслар томонидан олдиндан била туриб, қасддан ёлғон ва нотўғри ахборотлар киритилганлик ҳолатлари аниқланганда, давлат солиқ хизмати органлари бундай жисмоний ва юридик шахсларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш ҳақида суд органларига мурожаат қилади.

16. Жисмоний ва юридик шахслар ўзлари тақдим этган маълумотларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги ахборотни cайтнинг “Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида хабардормисиз?” рукнидаги “Натижаларни билинг” бўлимида тегишли кодни киритиш орқали оладилар.

4-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган
жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби

17. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш ҳуқуқбузарликка йўл қўйган солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтган жойи бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси томонидан қарор қабул қилиш асосида амалга оширилади.

Бунда, юқори турувчи ёки бошқа давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган солиқ назорати тадбирлари материаллари билан бирга, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумот ҳам солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган жой бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига юборилади.

18. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳар бир тасдиқланган хабар учун, назорат тадбирлари натижаси бўйича бюджетга тушган бир ойлик солиқ ва мажбурий тўловлар, шунингдек, ундирилган молиявий жарималар ёки ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган товар-моддий бойликларини сотишдан бюджетга тушумларнинг 5 фоизи, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда пул маблағлари билан рағбатлантирилади.

19. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағларини тўлаш қоидабузарликни содир этган солиқ тўловчи томонидан бир ойлик тўланган солиқ ва мажбурий тўловлар, шунингдек, ундирилган молиявий жарималар ёки ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган товар-моддий бойликларни сотишдан бюджетга тушумлар амалга оширилган санадан бошлаб, ўн кундан кечиктирмасдан амалга оширилади.

Ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳолатлар ҳақида икки ва ундан ортиқ шахс давлат солиқ хизмати органларига маълумот берган тақдирда, бу ҳақда биринчи бўлиб хабар берган шахс рағбатлантирилади.

20. Солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддасида белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш муддатини кечиктириш, шунингдек, молиявий жарима суммаларини олти ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолларда, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағларини тўлаб бериш, солиқ тўловчи томонидан тўловлар амалга оширилгандан кейин амалга оширилади.

21. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағлари тўлаш харажатлари Давлат солиқ қўмитасининг “Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

22. Мазкур Низом талаблари асосида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича бюджетга ўтказилган пул маблағлари ҳисобидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тўланган пул маблағлари (жумладан, суд органларининг инстанцияларида солиқ тўловчилар фойдасига ҳал этилган қарорлари бўйича) қайтариб олинмайди.

23. Рағбатлантирилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисоби тўловни амалга оширган давлат солиқ хизмати органи томонидан юритилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

24. Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

26. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.

 

Молия вазири                                                                     Ж.А. Қўчқоров

2019 йил “___” __________

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий

фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган

шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга

илова

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган

(маълумот тақдим этган) шахсларни моддий рағбатлантириш

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбир номи

 

Бажариш муддати

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Жисмоний ва юридик шахслар

 

Давлат солиқ қўмитасининг my2.soliq.uz cайтида рўйхатдан ўтиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни cайтга жойлаштириш

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда (ихтиёрий равишда)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Давлат солиқ хизмати органлари

 

Тақдим этилган маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш

 

Маълумотлар келиб тушган санадан бошлаб ўн беш кун давомида, текшириш учун ваколатли органдан рухсат олиш зарур бўлган ҳолларда бир ой муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Давлат солиқ хизмати органлари

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборотни ҳуқуқбузарликка йўл қўйган солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтган жойи бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига юбориш

 

Солиқ назорати тадбирлари материаллари билан бирга

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағларини тўлаб бериш

 

Солиқ тўловлари амалга оширилган кундан бошлаб ўн кун муддатда

 

 

 

Общие предложения

1237