ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
6636 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 20/08/2019 04/09/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ховос шаҳарчасининг урбанизация жараёнларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тасдиқлаш тўғрисида
ID-6636

Урбанизация жараёнларини устувор йўналишларини аниқлаш ва давлат томонидан тартибга солиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июль куни Сирдарё вилояти Ховос туманига ташрифи ва фаоллар билан ўтказилган учрашувлари натижаларига доир 26-сонли Мажлис баёнининг топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида:

1. Ховос шаҳарчасида 2030 йилгача урбанизация жараёнларини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий йўналишлари (кейинчалик – йўналишлар)  иловага мувофиқ тасдиқлансин: 

- Ховос шаҳрининг ижтимоий, демографик холати;

- Инфратузулма сохаси;

- Уй-жой қурилиш соҳаси;

- Ишлаб чиқариш ва ишчи кучларини жойлаштириш;

- Ховос шаҳарчасини тўғри режалаштириш;

- Шаҳарчанинг экологик самарадорлигини таъминлаш.

2. Ўзбекистон Республикаси  Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги урбанизация агентлиги:

Ушбу “Йўналишлар”даги мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқиб, 2020-2023 йилларда Йўналишларни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси”ни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

3. Ўзбекистон Республикаси  Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига:

“Йўналишлар”ни амалга ошириш якунларини чуқур таҳлил қилган ҳолда “Йўл хариталари”ни босқичма-босқич ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин;

“Йўналишлар”ни амалга оширишда тўлиқ ва доимий мониторинг олиб бориш ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар квартал якуни бўйича ахборот киритиб борсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига “Йўналишлар”ларни амалга ошириришда маъсул вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, мониторинг давомида аниқланган камчиликларни ўз вақтида  бартараф этсин.

5. Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар  ва республика даражасидаги бошқа шаҳарлар, вилоят ҳокимликлари,  вазирлик ва идораларга “Йўналишлар”да кўрсатилган вазифаларни тегишлилигидан келиб чиқиб ўз вақтида ва сифатли амалга оширсин.

6. Мазкур қарорда кўзда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбалари сифатида қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги урбанизацияни ривожлантириш Фонди маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Мазкур қарорни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж. Раматовга ва Иқтисодиёт ва саноат вазири Б. А. Хўжаевга юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                     А. Арипов


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига
Илова

ХОВОС ШАҲАРЧАСИДА 2030 ЙИЛГАЧА УРБАНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги Сирдарё вилояти Ховос туманига амалга оширган ташриф давомида берилган топшириқ (26 сонли Баёнининг 3 банди) ижросини таъминлаш мақсадида Урбанизация агентлиги томонидан Ховос шаҳарчасида 2030 йилгача урбанизация жараёнларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ишлаб чиқилди.

Жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда Ховос шаҳарча аҳолисини турмуш шароитини яхшилаш ушбу хужжатнинг асосий мақсади.

Бу жараёнда шаҳарчани «ўсиш полюслари»ни аниқлаш, таълим ва меҳнат бозорини шакллантириш, ахолини жойлаштириш тизимини такомлаштириш ва ички ва ташқи миграцияни тартибга солиш ва хоказолар юқорида кўрсатилган мақсадга эришиш механизмлари.

Ривожланиш дастури доирасида Ховос тумани маркази, Ховос шаҳарчаси ижтимоий-иқтисодий, демографик холатлари, унинг ҳудудини истиқболли режалаштириш, шаҳарсозлик, жамоат марказлари тизимини шакллантириш, экологик хавфсизлик холатини юксалтириш, замонавий мухандислик-транспорт инфратузулмасини ривожлантириш шаҳарчани кейинчалик ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Ховос шаҳарчасининг асосий “ўсиш полюси” бу логистика, яъни:

– республика ва халқаро ахамиятга эга темир йўл транпорти йўлаги устида жойлашганлиги.

Мисол учун: Ховос шаҳри темир йўл транспорти йўлаги орқали  2019 йилнинг иккинчи чораги натижаларига кўра Ховос темир йўл бекатида умумий ҳисобда  367 дона юк ташиш вагони орқали 12 447 тонна юк юкланган, туширилган юклар 225 вагон, сараланган вагонлар сони 230 405 дона ва ҳар ҳил йўналишларда юборилган вагонлар сони 193 950 донани ташкил этади. Йиллик ўртача товар айланмаси 12 млн тонна юк атрофида.

– Ховос шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи республика ва халқаро ахамиятга эга бўлган А-376 ва М-34 автойўлларининг кенгайиши, Ховос шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи транспорт оқимининг кенгайишига ва шаҳарни республика эътиборига молик муҳим транспорт логистика марказларидан бирига айланишига асос бўлади.

Бундан ташқари, Ховос шаҳарчаси атроф худуди кўп асирлик тарихга эга, Ўзбекистоннининг қадимий ахоли яшаш пунктларидан биридир. Буюк ипак йўлининг қадимий карвон йўналишидаги қулай географик жойлашув нуқтаси, шунингдек, “Биби Хадича”, “Юсуф бобо”, “Шер бобо”, “Саду-Саййид” мақбаралари, ва “Хавас тепалиги” Ховос туманининг ривожланишига қўшимча туртки бўлиб хизмат қилиши мумкин.

I. Ховос туманининг ҳозирги ҳолати ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликлар.

Ховос тумани 1966 йилда ташкил топган бўлиб, ҳудуди 619,55 км² ёки 61 955 гектарни ташкил қилади. Маъмурий маркази – Ховос шаҳарчаси.

Туманда 26 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд.

Уй хўжаликлар сони 14 916 та. Оилалар сони 21 398 та. Жами якка тартибдаги уйлар сони 12 224 та, кўп қаватли уйлар сони 229 та, уй-жой билан таъминланганлиги жон бошига 12 м2  ташкил этади.

Аҳоли сони 01.01.2019 йил ҳолатига 93 200 нафарни ташкил қилиб, 2018 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 1 200 нафарга ўсган. Шулардан 46 609 нафарини аёллар ва қолган 46 411 нафарини эркак жинсидагилар ташкил қилади.

Ахоли зичлиги – 150,54 киши/км2.

Аҳолининг ўсиш суръати 1,7%, 2018 йилда доимий яшаш учун кетганлар 1 060 кишини, келганлар 894 кишини, шундан миграция салдоси салбий бўлиб – 166 кишига ахоли сони камайган.

Аҳолининг миллатлар бўйича таркиби:

ўзбеклар - 69 503 (75,5 %);

тожиклар - 13 481 (14,7 %);

руслар - 3 526 (3,8 %);

қирғизлар - 1 524 (1,7 %);

қозоқлар - 613 (0,7 %);

татарлар - 412 (0,04 %) ва бошқа миллат вакиллари 4 141 нафарини (4,4 %) ташкил қилади.

Ховос туманида меҳнат ресурслари сони 54 309 киши. Шундан иқтисодий фаол аҳоли сони 43 396 киши, банд аҳоли сони 39 195 киши.

Ишсизлик даражаси 9,7%. Расмий секторда ишловчилар 14 158 киши. Норасмий секторда ишловчилар 25 037 киши, шу жумладан, четга чиқиб кетганлар 9 360 киши.

Туман, вилоятнинг Сардоба, Боёвут, Мирзаобод туманлари ҳамда Янгиер, Ширин шаҳарлари ва Жиззах вилояти шунингдек Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Худудаги (01.07.2019 й холатига) 3-7 ёшли болалар сони 7 396 та. Туманда жаъми 31 мактабгача таълим муассасалари (МТМ) мавжуд бўлиб, шундан:

қуввати 2 285 ўринли, давлат МТМлари 15 тани ташкил этади, тарбияланувчилар сони 2739 та;

қуввати  375 ўринли, давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юратаётган МТМлар сони 1 та, қуввати  100 ўринли, тарбияланувчилар сони 120 та;

оилавий МТМлар сони 15 та, тарбияланувчилар сони 375 та.

Умумий МТМлардаги қамров даражаси 43,7 %.

Умум таълим ўрта мактаблари – 29 та бўлиб, жами 15 804 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқдалар. Шулардан 1 навбатда 9 491 та, 2 навбатда 6 313 та ўқувчилар таҳсил олмоқда. Шунингдек, туманда 2 та болалар спорт мактаби, 2 та болалар мусиқа мактаби фаолият юритади. Мактаб ўринларига бўлган эхтиёж – 40%.

Туманда 2 та шифохона, 7 та марказий ва қишлоқ оилавий поликлиникалар ҳамда (ҚВП) қишлоқ врачлик пунктлари мавжуд. Шифохоналардаги беъморлар учун ётоқлар сони  163 та. Шулардан 155 таси бюджет ҳисобига, 8 таси пуллик. Ҳар 10 минг кишига ётоқлар сони 17,8 тага тўғри келади.

Туманда аҳолининг 80,5 % табиий газ билан, 50 % марказлашган ичимлик суви билан, 100 % электр энергияси билан таъминланган. Туманда марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд эмас. Оқова сув тармоғининг узунлиги 18,8 км, таъминланганлик даражаси 6,9 %.

Туманда 01.01.2019 йил ҳолатига жами 8 719 та нафақахўрлар мавжуд бўлиб, шундан 5 990 нафари ёшга доир, 1 610 нафари ногиронлик, 718 нафари боқувчисини йўқотганлик учун ва 334 нафари ижтимоий нафақа олувчиларга тўғри келади.

Туман бўйича 1 460 та корхона, ташкилот, муассаса ва хўжаликлар рўйхатга олиниб, улардан 914 таси (62,6 %) қишлоқ хўжалиги, 92 таси (6,3 %) қурилиш, 68 таси (4,6 %) саноат, 265 таси (18,2 %) ташиш ва сақлаш ҳамда бошқа турдаги хизматлар турларига тўғри келади.

Ховос туманининг умумий ер майдони 61 955 гектардан иборат бўлиб,  шулардан, экин ерлар 33 833 гектар, кўп йиллик дарахтзорлар 1 783 гектар, бўз ерлар 2 852 гектар, пичанзорлар 1 283 гектар, томорқа ерлари, боғдорчилик ва сабзавот уюшма ерлари 2 144 гектар, мелиоратив қурилиш холатидаги ерлар 610 гектар, ўрмонзорлар 440 гектар ва бошқа тоифадаги ерлар 19 010 гектарни ташкил этади.

Туманда 906 та фермер хўжаликлари фаолият юритади, шундан:

– пахта ва ғаллачилик йўналишида 482 та;

– боғдорчилик йўналишида 295 та;

– узумчилик йўналишида 9 та;

– сабзавотчилик ва полизчилик йўналишида 9 та;

– чорвачилик йўналишида 66 та;

– паррандачилик йўналишида 7 та;

– балиқчилик йўналишида 5 та;

– бошқа йўналишларда 33 та.

II. Ховос шаҳарчасининг ҳозирги ҳолати, мавжуд муаммо ва камчиликлари хамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар

1) Ховос шаҳрининг ижтимоий, демографик холати:

Ховос шаҳарчаси туманинг маъмурий маркази сифатида 2004 йилнинг 11 февралида ташкил топган ва ҳудуди 8,44 км2 ёки 844,20 гектарни ташкил қилади. Шаҳарча Янгиер шаҳри ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Аҳоли сони 01.01.2019 йил ҳолатига 28 026 кишини ташкил этиб, 2018 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 224 нафарга ёки 0,8 % ошган. Шулардан 14 017 нафари эркак ва 14 009 нафари аёлларни ташкил этади.

Аҳоли зичлиги – 3318 киши/км2. 2018 йилда доимий яшаш учун кетган аҳоли сони 188 киши, доимий яшаш учун келган аҳоли сони 122 кишини ташкил этиб, салбий миграция салдоси 66 кишини ташкил қилмоқда.

Шаҳарчада 6 та давлат (МТМ) мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб қуввати 1 100 ўринли, тарбияланувчилар сони 1 279 та. Худудаги 3-7 ёшли болалар сони 1 825 та. Қамров даражаси 60 % (01.07.2019 й.).

Умум таълим ўрта мактаблар сони 4 та, улардаги ўринлар сони 2 494, ўқувчилар сони 3 219 нафар. Шунингдек, шаҳарчада 1 та болалар спорт мактаби, 1 та болалар мусиқа мактаби фаолият юритади.

Шахарчада 1 та тез тиббий ёрдам (ТТЁ) марказлари мавжуд.

Ижтимоий тармоқдаги мавжуд муаммолар

а) Карвонсарой МФЙда 3-7 ёшгача болалар сони 314 та бўлишига қарамай, бу ҳудудда биронта МТМ мавжуд эмас;

б) Шаҳарчада мактаб ўринларига бўлган талаб юқори 40%;

в) Ховос шаҳарчасининг доимий ахолиси 28 минг киши бўлишига қарамай, ҳудудда шифохона мавжуд эмас.

Юқоридаги кўрсаткичлардан келиб чиққан холда қуйдагилар амалга оширилади:

а) Карвонсарой МФЙ ҳудудида ахоли эхтиёжини тўлиқлигича қамровчи, 150 ўринли 2 та МТМ ташкил этиш;

б) Шаҳарча ҳудудида мактаб ўринларига бўлган талабни борича қоплаш учун мавжуд мактаб муассасаларини қайта таъмирлаш ва уларнинг қувватини ошириш, қўшимча равишда янги мактаб биносини қуриш;

в) Ховос шаҳарчасини демографик холатидан келиб чиққан холда, шаҳарча ҳудудида кўп тармоқли янги шифохона биносини қуриш.

2) Инфратузулма сохаси ҳолати ва мавжуд муаммолар:

– аҳоли 100 % табиий газ билан, 100 % электр энергия билан таъминланган;

– аҳоли марказлашган ичимлик суви билан 100 % таъминланиш имкони бўлиб, бироқ сув таъминоти тизими эскирганлиги учун, амалиётда аксарият 2 қаватли кўп хонадонли уйларда сув тармоқлари якка тартибда хар бир хонадонга ўтказилмаганлиги, натижада ушбу уйларда истиқомат қилувчи аҳоли, умумий фойдаланишдаги ер участкаларида график асосида кунига 4 соатдан икки маҳал сув етказиб берувчи тармоқдан фойдаланиб келинмоқда;

– оқова тармоғининг узунлиги 18,8 км, таъминланганлик даражаси 23 %, мавжуд оқова тармоқларини ҳамда оқова насос станциялари йиллар давомида тизимли равишда тозалаш, таъмирлаш ва профилактика ишлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги нитажасида, тизимда носозликлар мавжуд;

– кўп қаватли уй-жойларни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлашга мўлжалланган қозонхоналар иш фаолиятини тўхтатган, бунинг натижасида туманидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқаролари турли хил иситиш мосламаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда;

– шахарчада жами йўллар узунлиги 50 км (умумий фойдаланувдаги йўллар 8 км, ички йўллар 42 км), шундан 33 км (80 %) га яқин ички йўллар таъмирталаб;

– шаҳарчада жами 6 км (4 км таъмир талаб) ирригация тизими мавжуд, бундан ташқари 1 км ёпиқ типдаги коллекторлар, 3 км очиқ типдаги коллекторлар ҳамда 22 та (14 таси таъмир талаб) скважина ва насос станциялари мавжуд. Шаҳарчадаги ариқ ва дренаж тизимларининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, насос станцияларининг носозлигини натижасида ёғингарчилик мавсумида сув тошиш ва сизот сувларини кўтарилиши билан боғлиқ бўлган муаммолар юзага келмоқда;

Шу билан бирга, маълумотларни тўлиғича мавжуд эмаслиги ва аҳоли пунктлари кесимида олиб борилмаслиги муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт ҳолатини таҳлил қилиш ва режалаштиришда муаммолар мавжуд.

Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида қуйдагилар амалга оширилади:

– Жаҳон Банки ва бюджети маблағлари ҳисобидан 2011-2017 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни якуний ниҳоясига етказиш;

– оқова тармоқларини сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ишларини тизимли ташкил этилиши бўйича доимий назорат ўрнатиш ҳамда оқова тармоқлари етиб бормаган худудларга оқова тармоғини тортиш чораларини кўриш;

– шаҳарчада иссиқлик таъминоти муаммосини бартараф этиш мақсадида, истеъмолчиларга етказиб берувчи қувурлари таъмирталаб бўлиб, ишдан чиққанлигини инобатга олган ҳолда кўп қаватли уйларга муқобил энергия тежамкор замонавий қозонхоналар ўрнатилишини амалга ошириш;

– барча таъмирталаб йўлларини таъмирлаш бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида молиялаштириш манбаларини топиш;

– каналлар, ирригация тизимлари (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва насос станциялар)ни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ишларини тизимли ташкил этилиши бўйича доимий назорат ўрнатиш;

– туман аҳолиси ҳаёт фаолияти учун қулай муҳит яратиш мақсадида, қишлоқ аҳоли пунктларини туман маркази ҳам туманга чегарадош туман шаҳарлари билан боғловчи жамоат транспортини йўлга қўйиш чораларини қўриш;

– автомобиль йўллари фойдаланувчиларига юқори даражада қулайлик яратиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, йўл устига чизиқлар тортиш йўловчилар ўтиш жойларини, автомобиль йўллари кесишадиган ва туташадиган жойларни, автомобилларнинг қисқа муддат тўхтаб туриш, тўхташ жойларини ва жамоат транспортлари учун мўлжалланган бекатларни қуришда замонавий ишланмаларни ҳамда нур қайтарувчи материалларни қўллаш асосида йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш;

– турар ва нотурар жой объектларини жойлаштиришда муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан таъминланганлик ҳисобга олиш;

– муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмалари ҳолати ва улардаги муаммолари бўйича тизимли, объектив ва очиқ маълумотлар базасини яратиш.

3) Уй-жой қурилиш соҳасида мавжуд холат ва муаммолар:

Шаҳарчада 7 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уй хўжаликлари сони 4 380 та. Оилалар сони 6 898 та. Жами якка тартибдаги уйлар сони 3 645 та, кўп қаватли уйлар сони 78 та.

Урбанизация жараёнларини фаоллиги кўп жихатдан шаҳарларда уй-жой қурилиши кўлами ва суръати билан боғлиқ. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, жон бошига ўртача 16 м², қоида тариқасида белгилаб берилган бўлсада, Ховос шаҳарчасида аҳоли жон бошига уй-жой майдони 12 м² ташкил этаётганлиги меъёрий кўрсаткичдан сезиларли даражада орқада қолмоқда. Сўнги йилларда уй-жойлар қурилиши кўлами сезиларли даражада ўсганига қарамай, ахолини уй-жойга бўлган эхтиёжини қаноатлантириш пастлигича қолмоқда.

Уй хўжаликлари оилалар сонига нисбатан 36,5 фоизга камлиги оқибатида, шаҳарчадаги аксарият хонадонда ўртача 2 ва ундан ортиқ оила жипслашиб яшашига мажбур бўлмоқда.

Шаҳарчадаги Омад, Тарраққиёт ва Шохбекат кўчалари бўйлаб жойлашган, XIX-аср оҳири ва XX аср бошида қурилган бинолар эскириб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Қурилиш учун етарлича шарт-шароитлар ўрганилмагани, қурилишлар устидан техник ва муаллифлик назорати етарли йўлга қўйилмагани, ишлар ҳажмлари сифатсиз бажарилаётгани, уй-жой фондига техник хизмат кўрсатиш талабларига риоя қилмаслик, илғор инновацион тажриба суст жорий этилиши бугунги кунда соҳа мутасаддилари томонидан ўз ечимини топиши керак.

Уй-жой қурилишига таъсир қилувчи турли хил ноъмалум омиллар, буюртмачи ва қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қоидаларига, шунингдек шаҳарсозлик талабларини эътиборсиз қолдириш билан амалга оширилмоқда. Пудратчи ташкилотларда савияли мутахассислар билан таъминланиши суст.

Уй-жой қурилишида лойиҳалаштириш ва илмий-тадқиқот институтларида юқори малакали мутахассисларнинг етишмаслиги сабабли, уй-жой комплексларини лойихалаштириш сифати пастлигича қолмоқда.
Архитектура ва қурилиш ишларининг замонавий ва инновацион усулларини, энергия тежайдиган технологияларни уй-жой амалиётида жорий этиш учун лойихалаш ташкилотлари, лойиха-смета хужжатларини ишлаб чиқарувчилар ва лойихаларни амалга оширадиган қурилиш ташкилотлари ўртасида ўзаро боғлиқлик хозиргача тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Ўрганилган холатдан келиб чиқиб, уй-жой қурилиш соҳаси бўйича қуйдагилар амалга оширилади:
а) Аввало Омад, Тарраққиёт ва Шохбекат кўчалари бўйлаб жойлашган, XIX-аср оҳири ва XX аср бошига доир эскириб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган айрим биноларни (иловага асосан) тарихий шаклини сақлаб қолган холда қайта таъмирлаш ва замон билан хамнафас бўлган очиқ осмон остидаги тарихий музей мақонга айлантирган холда уни миллий ва халқаро туризм йўлагининг бир бўлагига айлантириш;
б) уй-жойларни ипотека шаклида сотиб олиш, хамда кам даромадли оилалар учун, уларни иш билан таъминлаб ипотека расмийлаштиришгача муниципал уйларда вақтинча жойлаштириш;
в) Ховос шаҳарчасида янги уй-жой туркумларини қуриш ва келажакда ривожлантириш бир мажмуа (микрорайон) кўринишида амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, дастлабки хисобғкитобларга кўра ушбу уй-жойларга мухандислик-коммуникацияларини қўриш харажати 2-2,5 баробар камайтиришга олиб келади.

г) Ҳудудларни хатловдан ўтказиш, суғорилмайдиган бўш турган ер участкаларини аниқлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида уй-жой қуришга яроқли бўлган ер участкаларини ажратиб олиш.

д) Ховос туманида тарқоқ – бир нечта якка тартибдаги уй-жойлардан иборат бўлган, тизимсиз равишда ахоли томонидан қурилган ва ташкил топган қўрғонлардаги ахолини яшаш шароити қулай бўлган уй-жойларга кўчириш чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунда, кўрсатилган категориядаги ахолини хамда туманда, шу жумладан Ховос шахарчасидаги ишсизларни иш билан таъминлаш мақсадида – тарқоқ қурилган қўрғонларда ва улар атрофидаги бўш турган ерларда боғдорчиликни, сабзавотчиликни ва бошқа экиндорчиликни ривожлантириш чоралар амалга оширилади;

е) туманда ва Ховос шахарчасида ахоли жон бошига 2030 йилгача уй-жой билан таъминланганликни, ахоли сони ошиш суръатини хисобга олган холда, 19 м² етқазилади;

ж) ахолига янги уй-жойларда хар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг уй-жойларга бўлган талаб ва эхтиёжларини қондириш мақсадида, худуднинг мавжуд мухандислик тармоқларини янгилаш, ва уларни янги қурилиши режалаштирилган мавзелар билан боғланади;

з) қурилган уй-жойларни сотиб олишда, уларни тан нархи ва сотиш нархларини шакллантиришни шаффоф тизими яратилади;
и) янги қурилаётган уй-жой мавзеларида ахоли учун қулай шарт-шароит яратилади (мактаб, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа объектлар).

4) Ишлаб чиқариш ва ишчи кучларини жойлаштириш.

Ховос шаҳарчасида меҳнат ресурслари сони 11 749 киши бўлиб, шундан иқтисодий фаол аҳоли сони 9 386 киши, банд аҳоли сони 8 487 киши, шундан расмий сектордагилар сони 3 065 киши, норасмий сектордагилар сони 5 422 киши (шу жумладан, ишлаш учун република ташқарисига чиққанлари сони 2 028 киши).

Шаҳарча бўйича жами 157 та юридик шахслар, шу жумладан, уларнинг 22 таси (14 %) савдо, 16 таси (10,2 %) саноат, 9 таси (5,7 %) ташиш ва сақлаш, 11 таси (5,1 %) қишлоқ хўжалиги, 8 таси (5,1 %) қурилиш, 6 таси (3,8 %) соғлиқни сақлаш, 4 таси (2,5 %) яшаш ва овқатланиш, ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва 62 таси (39,5%) бошқа соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Шаҳарчада ишсизлик даражаси 9,6 % ташқил қилиб, ишга мухтожлар сони 899 ташқил қилади (01.07.2019 йил ҳолатига).

Ушбу муоммани тадбиркорлик ташаббусларни ривожлантириш хамда Ховос шахарчасини “ўсиш полюси”ни эътиборга олган холда ечиш таклиф қилинади.

Туман заҳирасидаги 2 657 га ва 4 190 га бўш ер ресурсларини тўлиқ қувватда ишлатиш чораларини кўриш натижасида:

– туманнинг жанубий қисмида қовун етиштириш ва чорвани ривожлантириш, хамда уларни қайта ишлаш;

– туманнинг шимолий қисмида боғдорчиликни, сабзавотчиликни ва бошқаларни ривожлантириш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш.

Амалга ошириш механизми

Бўш турган ер ресурсларини захирадан чиқариш ва танлов асосида фермер ва дехкон хўжаликларига, хамда фуқароларга узоқ муддатли ижарага бериш.

Тош ва шағал ишлаб чиқарилишини инобатга олган холда ушбу маҳсулотлардан газобетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.

Чорвачилик кластерларини ташкил этиш (чорва молларини етиштириш, гўштни қайта ишлаш, сутни қайта ишлаш, озуқа базасини яратиш).

Бунинг учун шаҳарсозлик меъёрларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш майдонлар учун бўш турган объект ёки ер участкасини ажратиш ва бу ҳақида бир ойлик муддатга маҳаллий ОАВда эълон бериш ва аҳолини ҳабардор қилиш чораларини кўриш.

Чорвачилик кластерини ташкил этишга қизиқиш билдирган тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи банклар, ҳамда туман Савдо-саноат палатаси бўлими билан ҳамкорликда молиявий ресурсларни, шу жумладан мавжуд халқаро молиявий институтлар кредит линияларини, жалб қилишда кўмаклашиш.

Тумандаги бўш турган 14 та яроқли бўш турган биноларни инвестицион мажбурият ва танлов орқали тадбиркорларга бериш.

Ховос тумани қишлоқлари аҳолисини янги саноат йўналишларида  ўқитиш ва қайта тайёрлашга қаратилган қатор институционал ва ташкилий чора-тадбирларни белгилашни назарда тутувчи, ишчи кучининг қишлоқлардан шаҳарчага ҳаракатланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш.

Жахон тажрибаларидан фойдаланган холда Тошкет-Самарқанд йўналишидаги, Ховос шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи М-34 йўли бўйида мева ва сабзавотлар сақлаш, уларни ички ва ташқи бозорга экспорти даражасини ошириш сақсадида ва шу ўринда қўшимча иш ўринлари яратиш учун мева ва сабзавотларни сақлашга мўлжалланган музхоналар, омборлар қуриш.

5) Ховос шаҳарчасини режалаштиришда мавжуд муаммо

Ховос шаҳарчаси бош режаси 2011 йилда “Узшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК ишлаб чиқилиб тасдиқланган. Лекин шу бош режанинг бугунги кун (замон) талабига тўғри келмагани туфайли шаҳарча ҳудудида қурилиш объектларни шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда жойлашишига сабаб бўлган. Мисол, шаҳарчанинг ички кўчалари, пиёдалар ўтиш йўлакчалари шаҳарча ичида аҳолини эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда.

Мавжуд муаммо ечими бўйича қуйдагилар амалга оширилади:

Шундан келиб чиқиб Ховос шаҳарчасининг хар томонлама пухта ўйланган ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган бош режасини қайта кўриб, ишлаб чиқишни тезлаштириш, бунда барча мутассадди вазирлик ва идоралар, шу жумладан лойиҳалаштириш илмий тадқиқот институтлари билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш асосий вазифа сифатида белгиланиши керак.

Қўшни давлатлар (Қирғизистон – Дордой, Қозоғистон – Шимкент ва Хоргос) тажрибасидан фойдаланган холда Ховос шаҳарчасининг Тожикистон Республикаси билан туташ бўлган ҳудуди яқинида йирик, улгуржи ва чакана савдога мўлжалланган, икки давлат ўртасидаги чегаралараро хамкорлик ва халқлар дўстлигини янада кучайтирувчи савдо ва саноат мажмуасини шакллантириш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, Янгиер ва Ховос шахарлари ўртасидаги масофа табора камаийб кетаётгани, улар ўртасидаги ер майдонларида қурилаётган объектлар сони кескин ошиши 2030 йилгача ушбу иккита шахар – битта шахарлар мажмуасига айланиши кутилмоқда. Шу боис, Ховос шахарчасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ушбу факторни хисобга олган холда амалга оширилади. Жумладан, Янгиер ва Ховос шахарларининг ижтимоий-иқтисодий кескин ривожланишига Янгиер кимё заводини қуриш ва Янгиер яқинидаги темир йўлнинг тез юрар қатнови хам таъсир қилади.

6) Шаҳарчанинг экологик самарадорлигини таъминлашда мавжуд муаммолар

Чиқинди йиғиш полигониниг Ховос шаҳарчасидан унча узоқ бўлмаган (3 км) худудда жойлашгани, чиқиндиларни ташиш бўйича “Тоза ҳудуд” ДУКнинг чиқинди ташиш махсус машиналари камлиги (туманда 4 дона) ва шаҳарча бўйлаб чиқинди йиғиш шахобчалари сони етишмовчилиги (7 та) Ховос шаҳарчаси экологиясини бузилишига асосий сабаблардан бири хисобланади.

Шаҳарча экологик самарадорлигини таъминлашда қуйдагилар амалга оширилади:

Экологияни яхшилашда яшил майдонларнинг ҳимоя қилиш ва кўпайтириш муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу яшил майдонларнинг комплекс ёндашувни жумладан, қонунчилик базасини такомиллаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини оптималлаштириш, чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш, чиқиндиларни камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва экологик жиҳатдан самарали ривожланишга инвестицияларни кўпайтириш ишлари амалга оширилади.

Жумладан:

– шаҳарчани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

– мавжуд яшил майдонларни сақлаш ва янги барпо этиш;

– “Тоза ҳудуд” ДУК фаолиятини тўлиқ ва самарали йўлга қўйиш (бунда, чиқинди йиғиш шаҳобчаларини барпо этиш, моддий техник-базасини ривожлантириш, чиқинди сақлаш ва утилизация қилиш полигонини тартибга келтириш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш);

– саноат корхоналарининг фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда олиб бориш ва унинг устидан назоратни ўрнатиш;

– саноат корхоналарининг фаолиятида инновацион, илғор, экологик тоза технологиялар материаллардан фойдаланиш ва энергиятежамкор асбоб-ускуналардан фойдаланиш;

– марказлаштирилган сув таъминотини ва канализация тизимини такомиллаштириш;

– аҳолининг экологик салоҳиятини ошириш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг ва самарали ташкил этиш зарур.

III. Ховос шаҳарчасини урбанизация жараёнларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларининг амалга ошириш босқичлари

Ривожланиш стратегияси доирасида Ховос шаҳарчаси ахолисининг ижтимоий ва иқтисодий хамда демографик ривожланиши билан боғлиқ режанинг босқичлари.

Биринчи босқич (2019-2021 йиллар):

Урбанизацияни барқарор ривожланишини таъминлаш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

халқаро тавсиялар ва стандартлар, шунингдек, аҳолини рўйҳатга олиш асосида шаҳардаги ички мятник миграциясини ҳисобга олган ҳолда статистик ҳисоб ва ҳисоботни такомиллаштириш;

турли манфаатдор томонлар томонидан шакллантириладиган ва улардан фойдаланиш учун тақдим этиладиган, шаҳарсозлик бошқарувини осонлаштириш учун ягона ахборот тизимни шакллантириш;

Ховос шаҳри ҳудудида аҳолини шаҳарсозлик талабларидан келиб чиқиб тўғри жойлаштириш схемалари ва йўлдош шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича дастурни тайёрлаш;

шаҳарчанинг ободлиги ва жозибадорлигини ошириш учун инфратузилмани, хизматлари ва жамоат жойларини ривожлантиришни ҳисобга олган янги уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш;

кичик ва ўрта шаҳарларнинг комплекс ривожлантириш режаларини тайёрлаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш учун хоррижий экспертлар гуруҳини жалб этиш;

Иккинчи босқич (2022-2025 йиллар):

йўл-транспорт, муҳандслик, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш;

уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик сиёсатинии мувофиқлаштириш, шаҳарларда ишлаб чиқарувчи кучларни оқилона тақсимлаш учун зарур шарт шароитларни яратиш бўйича чоар-тадбирларни амалга ошириш;

реал ер бозорини шакллантириш ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ҳусусий мулкка ўтқазиш бўйича ишларни олиб бориш;

инвестицияларни жалб қилиш, қўшимча тадқиқотлар ўтказиш;

шаҳарсозлик бўйича комплекс дастурларни, шу жумладан шаҳар бошқарувида комплекс ёндашувларни амалга ошириш.

Учинчи босқичда (2026-2030 йиллар):

2030 йилгача юқори мақсадларга эришиш учун Ховос шаҳрида мақсадли давлат ривожланиш дастурларини амалга ошириш;

Иқтисодий ўсишни таъминлашда “Ақлли шаҳар” лойиҳаси доирасида инновацион ютуқларни фаол амалга оширишда шаҳар ҳиссасини ўстириш;

шаҳар бошқарувидан шаҳар агломерацияларини бошқариш тизимига ўтиш, шаҳарни ихтисослашувини кучайтириш.

IV. Ховос шаҳарчасини ривожлантириш дастурини амалга оширишдан кутиладиган натижалар

Ховос шаҳарчасини ривожлантиришнинг энг мухим манбаи сифатида шаҳарча ахолисининг эркин харакати учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш, бунда:

мавжуд инфратузулма объектларини қайта таъмирлаш ва янгиларини жорий қилиш механизмини такомиллаштириш;

мехнат унумдорлиги иқтисодий рақобатбардошликни ошириш ва ахоли фаровонлигини яхшилашда кичик бизнес ва якка тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;

махаллий урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва уни самарали бошқариш механизмини шакллантириш;

келажакда Ховос шаҳарчасида ташқи ва ички миграция оқимларини оптималлаштириш ва ишга мухтож ахоли қатламини қисқартириш, самарадор иш ўринларини яратиш;

янги уй-жой қурилишида шаҳар талабларига тўлиқ риоя қилиш, бунда ахоли хавфсизлиги ва қулайлигини биринчи ўринга қўйиш, киши бошига ўртача 19 м² уй-жой билан таъминлаш;

шаҳар марказида кенг кўламли ободонлаштириш ишларини жорий қилиш, сайлгох, оромгох ва ўйингохлар сонини кўпайтириш, вело ва эко йўлакчалар тизимини кенг жорий қилиш;

ахоли сони тобора ўсиб бораётган шаҳарча ҳудудини қўшни ахоли яшаш пунктлари (агломерацялар) хисобига кенгайтириш ва шаҳарча инфратузулмасини оптималлаштириш.

Ховос шаҳарчасида чекланган ер ресурсларидан унумли фойдаланиш йўлида, шаҳарчада қуриладиган объектларни махаллий эхтиёждан келиб чиқган хода реъжали шакллантириш.

Общие предложения

205