ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
6609 Министерство занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан 20/08/2019 04/09/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказини Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти этиб қайта ташкил қилиш тўғрисида
ID-6609

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказини  Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти этиб қайта ташкил қилиш тўғрисида

 

Меҳнат бозори, бандлик, меҳнат миграцияси ва меҳнатни муҳофаза қилиш, демографик масалалар ва меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида илмий-амалий ишлар, тадқиқотлар, лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш ҳамда илмий-тадқиқотлар натижалари юзасидан эришилган ютуқларни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлигининг Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда - Институт деб аталади) этиб қайта ташкил қилинсин.

2. Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодий ривожланишнинг устуворликларини ҳисобга олган ҳолда, меҳнат бозори, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозларини ўрганиш ва шу асосида аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан илмий таклифлар ишлаб чиқиш;

ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини маъқул кўраётган касб-ҳунарлари ва меҳнат соҳасидаги қизиқишларини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш;

республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг меҳнат ресурслари сони ҳамда таркибини ўрганиш ва уни такомиллаштиришга доир илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

бандлик, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари юзасидан махсус социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш;

халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан меҳнат муҳофазаси ва бандлик соҳаларида самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш;

юқори малакали илмий ходимлар, шу жумладан, иқтисодиёт, техника, тиббиёт соҳалари бўйича фалсафа (PhD) ва фан докторлари (DSc) илмий даражасига эга бўлган ёш ходимларни ишга жалб қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишида маҳаллий ҳамда хорижий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, соҳага ихтисослашган хорижий ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлиги Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институтининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

2019-2023 йилларда Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институтининг илмий салоҳиятини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.  

4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига, зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган сони доирасида институтнинг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Белгилансинки:

а) Институт:

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;

 Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган илмий лойиҳалар танловлари натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

вазирликлар, идоралар ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун улар томонидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари;

иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини дастлабки баҳолаш юзасидан тўланадиган маблағлар;

шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик (беғараз) хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

   б) Институтнинг даромадлари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.

           в) Институт ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот беради.

          Институт директори Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Институт директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.

Институт директори ўринбосарлари институт директорининг  тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

г) Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти шартномалар ва мажбуриятлар бўйича тугатилаётган Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

6. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тадқиқотларга миллий экспертлар сифатида контракт асосида давлат бошқарув органлари, идоралар, банклар, тадқиқот марказлари ходимларини, олимлар ва олий ўқув юртлари ўқитувчиларини, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этиш;

қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун бошқа илмий-тадқиқот ташкилотлари, фондлар, университетлар билан, жумладан, халқаро ва хорижий муассасалар билан шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, бандлик, миграция ва меҳнатни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳ ва маърузалар чоп этиш;

Институтга юклатилган вазифалар доирасида марказий иқтисодий органлар, вазирликлар, идоралар, банклар ва бошқа ташкилотлардан зарур бўлган барча норматив, статистик ва таҳлилий ахборотларни сўраш ҳамда бепул олиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти ҳузурида “Меҳнат иқтисодиёти” мутахассислиги бўйича фалсафа (PhD) ва фан докторлари (DSc) илмий даражаларини бериш юзасидан ихтисослаштирилган Кенгаш ташкил этсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буюртмасига асосан ҳар йили институт томонидан амалга ошириладиган илмий-амалий лойиҳалар учун мақсадли  грантлар ажратилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

бир ой муддатда қонунчиликда белгиланган тартибда институтнинг уставини тасдиқласин ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказига тегишли бўлган Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси 37-уй манзилидаги бино ва иншоотларни жойлашган ҳудуди билан биргаликда институтга берилишини таъминласин;

         икки ой муддатда институтни юқори малакали илмий ходимлар билан  таъминлаш учун барча зарурий чораларни кўрсин;

 Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига институтнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, шахсий ҳимоя воситаларини синовдан ўтказиш ва сертификатлаш ҳамда бандлик ва демографик кўрсаткичлар истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот лабораториялари учун замонавий асбоб-ускуналарни импорт бўйича харид қилишга зарур маблағлар ажратсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2020 йил учун параметрларини шакллантиришда институтнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда институт лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш юзасидан лойиҳанинг ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.

Белгилаб қўйилсинки, институт биноларини реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимияти  “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси,  бош пудратчи ташкилот эса белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича аниқланади.  

 Биноларни реконструкция қилиш - Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан марказлаштирилган капитал қўйилмалар доирасида, Илмий марказ лабораторияларини жиҳозлар, ускуналар ва мебеллар билан таъминлаш - Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

  11. Институт:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис материаллари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳамда йўриқнома тарзидаги ҳужжатлари юборилиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа вазирликлар ва идораларнинг статистик ахборот бюллетенлари юборилиши шарт бўлган реестрга киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                            А.Арипов