ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
6117 Министерство энергетики Республики Узбекистан 10/08/2019 25/08/2019 2

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Газ таъминоти тўғрисида
ID-6117

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Газ таъминоти тўғрисида

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Мазкур Қонуннинг мақсади

Мазкур Қонуннинг мақсади газ таъминоти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонун:

газ ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, тақсимлаш, етказиб бериш ва газдан фойдаланиш;

газ таъминоти тизимларини ташкил этиш, уларни фаолият юритиши ва ривожланиши, шунингдек газ таъминоти тизими объектларини фойдаланишдан чиқариш, консервация қилиш ва (ёки) тугатиш;

газ таъминоти тизимларини фаолият юритиши ва газ истеъмоли режимлари устидан давлат назорати билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

3-модда. Газ таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Газ таъминоти тўғрисидаги қонунчилик мазкур Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан ташкил топади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси билан Ўзбекистон Республикасининг газ таъминоти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Мазкур Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

газ – ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган газ қазиб чиқарувчи, нефть қазиб чиқарувчи ёки газ-нефть қазиб чиқарувчи ташкилотлар томонидан қазиб чиқариладиган, газни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган, газ транспорти ташкилотлари томонидан транспорт қилинадиган табиий газ ва нефть (йўлдош) гази, шунингдек нефтни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланишга мўлжалланган ёқилғи гази;

газ ресурслари ҳажми – турли келиб тушиш манбалари, жумладан газни ер остида сақлаш иншоотларидан олинган ҳамда газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришни назарда тутадиган газ ишлаб чиқариш ҳажмларидан шаклланадиган газнинг умумий ҳажми;

газни тақсимлаш ҳажми – фойдаланишнинг турли йўналишлари бўйича газ сарфи, шу жумладан истеъмол учун газ етказиб бериш, газни ер остида сақлаш иншоотларига газ ҳайдаш, ишлаб чиқариш йўқотишлари ва технологик эҳтиёжлар учун сарфи ҳажмларидан шаклланадиган газнинг умумий ҳажми;

газ ресурслари ва тақсимоти баланси – газ келиб тушиш манбалари ва ундан фойдаланиш йўналишларини тавсифлайдиган, газни ишлаб чиқаришдан якуний охирги фойдаланиш давригача ҳаракатини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизими;

газ таъминоти – истеъмолчиларни газ билан таъминлаш бўйича фаолиятни, жумладан газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, сақлаш, тақсимлаш ва етказиб бериш бўйича фаолиятни ифодалайдиган энергия таъминоти шаклларидан бири;

газ таъминоти тизими – газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, сақлаш, тақсимлаш ва истеъмолчига етказиб бериш учун мўлжалланган технологик, ташкилий ва иқтисодий ўзаро боғлиқ ва марказлашган равишда бошқариладиган ишлаб чиқарувчи ва бошқа объектлардан ташкил топган мулкий ишлаб чиқариш комплекси;

газ таъминоти тизимининг фаолият юритиш режими – газ таъминоти тизимидан ишончли ва хавфсиз фойдаланиш ҳамда етказиб бериладиган газнинг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари бўйича талабларга риоя қилинишини таъминлайдиган узлуксиз технологик жараён;

магистрал газ транспорти тизими газ қазиб чиқарувчи, нефть қазиб чиқарувчи, газ-нефть қазиб чиқарувчи, газни қайта ишловчи ва нефтни қайта ишловчи ташкилотлардан газ тақсимлаш пунктлари ва истеъмолчиларгача газни сақлаш ва транспорт қилиш учун мўлжалланган қувур ўтказгичлар, компрессор ва газ тақсимлаш станциялари, газни ер остида сақлаш иншоотлари ва бошқа технологик объектлар мажмуаси;

газни қазиб чиқариш ташкилотигаз қазиб чиқарувчи, нефть қазиб чиқарувчи, газ-нефть қазиб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлайдиган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим шартларида ишлайдиган ташкилотлар;

газни қайта ишлаш ташкилоти – газни қабул қилиш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминловчи газни қайта ишлаш ташкилотлари;

газ чиқариб олиш ташкилоти – нефть ва (ёки) газ конденсатини қабул қилиш ва қайта ишлаш, шунингдек газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминлайдиган нефтни қайта ишлаш ташкилотлари;

газ транспорти ташкилоти – газни қабул қилиш, транспорт қилиш ва истеъмолчиларга газ етказиб беришни амалга оширадиган ташкилотлар;

газ таъминоти ташкилоти – газни қабул қилиш, истеъмолчиларга тақсимлаш ва етказиб беришни таъминловчи ташкилотлар;

газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган ва мулкий ҳуқуқ асосида газ таъминоти тизими объектларига эга ташкилотлар;

етказиб берувчи – газни эгаси ёки унинг томонидан ваколатланган газ етказиб беришни амалга оширувчи шахс;

истеъмолчи – етказиб берувчидан газни харид қилиб олувчи ва ундан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс. Истеъмолчилар қуйидаги тоифаларга бўлинади:

стратегик аҳамиятга эга ва ижтимоий муҳим истеъмолчилар тоифасига мансуб бўлмаган асосий газ истеъмолчилари;

узлуксиз фаолият юритадиган ишлаб чиқариш-технологик объектлари мавжуд бўлган, рўйхати ва газ етказиб бериш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган стратегик аҳамиятга эга истеъмолчилар;

узлуксиз равишда газ етказиб берилиши талаб қилинадиган ижтимоий соҳа муассасалари ва бюджет ташкилотларини ўз ичига оладиган, рўйхати ва газ етказиб бериш шартлари жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган ижтимоий муҳим истеъмолчилар;

газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари) иситиш, иссиқ сув таъминоти учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш мақсадида, турли ишлаб чиқаришларнинг технологик жараёнларида ёқилғи сифатида газдан фойдаланадиган қозонлар, ишлаб чиқариш печлари, технологик линиялар, утилизаторлар ва бошқа қурилмалар, шунингдек хом ашё сифатида газдан фойдаланадиган бошқа приборлар, аппаратлар, агрегатлар, технологик асбоб-ускуналар ва қурилмалар;

газ таъминоти тизими объектларининг муҳофаза зонаси – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган тартибда аниқланадиган, газ қувурлари трассаси бўйлаб ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектлари атрофида жойлашган алоҳида фойдаланиш шартларига эга ҳудуд;

авариявий режим – газ таъминоти тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини бузилишига ва (ёки) истеъмолчиларга газ етказиб беришни чеклашга олиб келиши мумкин бўлган газ таъминоти тизими объектларининг технологик ишлаш параметрларининг йўл қўйиб бўлмайдиган оғишлари.

5-модда. Газ таъминоти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари

Газ таъминоти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

газ конларини излаш, қидириш ва ўзлаштириш, газни ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, сақлаш ва етказиб бериш жараёнларини мувозанатли ва бир-бирига мутаносиб равишда ривожланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг энергетика хавфсизлигини таъминлаш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш;

газга белгиланган нархлар ва газ таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар тарифларига амал қилиш;

газ таъминоти соҳасидаги муносабатлар субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

газ таъминоти соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун газ таъминоти субъектларининг жавобгарлигини белгилаш;

газ таъминоти тизими объектларининг белгиланган саноат, ёнғин ва экология хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;

энергияни тежайдиган технологиялар ва ҳисобга олиш приборларини жорий этиш ҳамда газ истеъмолини тартибга солиш учун шарт-шароитлар яратиш.

6-модда. Газ таъминоти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Газ таъминоти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

иқтисодий эҳтиёжларни таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек саноат ва экология хавфсизлигини таъминлаш мақсадида газ таъминотини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

газнинг геологик заҳираларидан оқилона фойдаланишнинг давлат томонидан тартибга солиш;

юртимиз газининг дунё энергетика бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга кўмаклашиш;

ҳудудлар ва саноат объектларини газлаштириш бўйича тегишли дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;

газ ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, сақлаш ва етказиб бериш бўйича бошқарув ва ўзаро муносабатлар тизимига бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш;

газ таъминоти тизимини янада ривожлантириш мақсадида инвестициялар жалб қилинишига кўмаклашиш;

газга ва газ таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматларга рақобатбардош нархларни белгилаш йўли билан газга муқобил бўлган энергетика ресурслари нархи, сифати ва истеъмолчилик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг бозорини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.

2-боб. Газ таъминоти соҳасида давлат томонидан тартибга солиш

 

7-модда. Газ таъминоти соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга оширадиган органлар

Газ таъминоти соҳасида давлат томонидан тартибга солишни ўз ваколатлари доирасида қуйидагилар амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги;

газ таъминоти соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган махсус ваколатли орган;

газ таъминоти соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган давлат назорат органлари;

жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг газ таъминоти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

газ таъминоти тизимини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилишини ўрнатилган тартибда ташкил этади;

газ таъминоти соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўналишлари амалга оширилишини таъминлайди;

газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузган ҳолда газ ресурслари ва тақсимотининг прогноз ва ҳисобот ҳажмини шакллантиришни таъминлайди;

газ нархи ва газ таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар тарифини шакллантириш тартибини белгилайди;

газ таъминоти тизими объектларини қуриш, молиялаштириш, фойдаланишга топшириш масалаларини мувофиқлаштиради;

газ етказиб бериш ва ундан фойдаланиш, шунингдек газ таъминоти соҳасида хизматлар кўрсатиш қоидаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Газ таъминоти соҳасидаги махсус ваколатли орган

Газ таъминоти соҳасидаги махсус ваколатли орган:

газ таъминоти тизимининг фаолият юритиш режимига риоя қилинишини таъминлайди;

газ таъминоти тизимини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади;

газ ресурслари ва тақсимотининг прогноз, ҳисобот ҳажмларини шакллантириш ҳамда газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузишда қатнашади;

ҳудудлар бўйича истеъмолчиларга йиллик, чораклик ва ойлик газ етказиб бериш ҳажмларини тақсимлайди ва газнинг етказиш белгиланган ҳажмларини етказиб берувчиларга маълум қилади;

газ нархлари ва газ таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар тарифлари бўйича таклифлар киритади;

газ таъминоти тизимининг фаолият юритиш режимини белгилайди ва уни бошқаради;

газ таъминоти тизими объектларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда объектларни ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга оширади;

газ таъминоти тизими объектларидан фойдаланишни ташкил этиш бўйича техник ва технологик назоратни амалга оширади;

газ таъминоти соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

газ таъминоти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш-тириш, метрология ва сертификатлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

газ таъминоти тизими объектларидаги илмий-тадқиқот, созлаш, таъмирлаш, муҳандислик-лойиҳалаш ишларини мувофиқлаштиради;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

авариявий режимда магистрал газ қувурларининг технологик ишлаш режими бузилган тақдирда истеъмолчиларни газ билан таъминлаш жадвалларини ва уларни газ таъминоти тизимидан қисман ёки тўлиқ узиб қўйиш навбатини тасдиқлайди;

газ таъминоти тизимига газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)ни ўзбошимчалик билан улаш ҳолатларининг олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминлайди;

саноат, ёнғин ва экология хавфсизлик бўйича ишларни мувофиқлаштиради.

Газ таъминоти соҳасидаги махсус ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Газ таъминоти соҳасидаги давлат текшируви ва назорати органларининг ваколатлари

Газ таъминоти соҳасидаги давлат текшируви ва назорати органлари:

газни ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, тақсимлаш ва етказиб беришда хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилиши ҳамда ундан оқилона фойдаланиш устидан назоратни амалга оширадилар;

газдан фойдаланиш мониторинги ва объектларнинг техник аудитини амалга оширадилар;

газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, магистрал газ қувурларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича фаолиятни лицензиялашни амалга оширади;

газдан фойдаланиш, уни реализация қилиш, шунингдек газни ишлаб чиқариш, транспорт қилиш ва сақлаш объект (қурилма)ларини монтаж қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича зарур норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этадилар;

газ етказиб берувчилар ва истеъмолчиларнинг газдан белгиланган мақсадга номувофиқ фойдаланишларига йўл қўймаслик масалалари бўйича фаолиятини белгиланган тартибда назорат қиладилар;

юридик шахсларнинг газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)ни ўзбошимчалик билан улаш ҳолатларини аниқлайдилар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўрадилар;

газ ва уни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш масалалари бўйича давлат энергия тежаш дастурлари, лойиҳалари ва чора-тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этадилар ҳамда уларнинг амалга оширилиши устидан назоратни амалга оширадилар.

Газ таъминоти соҳасидаги давлат назорати органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.

11-модда. Газ таъминоти соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари

Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

газ таъминоти тизимини ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашадилар;

газ таъминоти тизими объектларини жойлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор қабул қиладилар;

авариявий режимда магистрал газ қувурларининг технологик иш режими бузилган тақдирда истеъмолчиларни газ билан таъминлаш жадвалларини ишлаб чиқишда ва уларни газ тармоқларидан қисман ёки тўлиқ узиб қўйиш навбатини белгилашда иштирок этадилар;

истеъмолчилар томонидан етказиб берилаётган газ учун ўз вақтида тўловнинг амалга оширилишида газ таъминоти ташкилотларига кўмаклашадилар;

авариялар ёки бахтсиз ҳодисалар сабабларини техник жиҳатдан текшириш комиссияси таркибида иштирок этадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.

Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига газ ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, тақсимлаш ва етказиб бериш фаолиятига аралашиш тақиқланади.

3-боб. Газ ишлаб чиқариш, транспорт қилиш, тақсимлаш, етказиб бериш ва газ истеъмоли

12-модда. Газ ишлаб чиқариш

Газ ишлаб чиқариш – газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.

13-модда. Газни қазиб чиқариш

Газни қазиб чиқариш берилган лицензиялар асосида ер қаъридан газ қазиб чиқарувчи, нефть қазиб чиқарувчи, газ ва нефтни қазиб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлайдиган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим шартларида ишлайдиган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Газ қазиб чиқарувчи ташкилотлар:

газни қазиб чиқариш, дастлабки тайёрлаш ва етказиб бериш шартномасига мувофиқ истеъмолчиларга газ етказиб беришни амалга оширадилар;

етказиб бериладиган газ сифатининг норматив ҳужжатларга мувофиқлиги устидан доимий назоратни таъминлайдилар;

газ ресурслари ва тақсимотининг прогноз ва ҳисобот ҳажмларини шакллантириш ҳамда газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузишда иштирок этадилар;

газ таъминоти тизими объектларидаги режали таъмирлаш ишлари сабабли газ етказиб беришнинг келгусида тўхтатилиши тўғрисида истеъмолчиларни огоҳлантирадилар ҳамда газ етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида хабардор қиладилар;

объектлардан қурилмаларнинг технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланадилар ва уларни таъмирлайдилар;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширадилар.

14-модда. Газни қайта ишлаш

Газни қайта ишлаш берилган лицензиялар асосида газни қабул қилиш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминлайдиган газни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газни қайта ишлаш ташкилотлари:

газни қабул қилиш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш шартномасига мувофиқ истеъмолчиларга газ етказиб беришни амалга оширадилар;

газ сифатининг норматив ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича доимий назоратни таъминлайдилар;

газ ресурслари ва тақсимотининг прогноз ва ҳисобот ҳажмларини шакллантириш ҳамда газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузишда иштирок этадилар;

истеъмолчиларни газ таъминоти тизими объектларидаги режали таъмирлаш ишлари сабабли газ етказиб беришнинг келгусида тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантирадилар ҳамда уларни газ етказиб берилишининг чекланиши тўғрисида хабардор қиладилар;

объектлардан қурилмаларнинг технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланадилар ва уларни таъмирлайдилар;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширадилар.

15-модда. Газ ишлаб чиқариш

Газ ишлаб чиқариш Ўзбекистон берилган лицензиялар асосида нефть ва (ёки) газ конденсатини қабул қилиш ва қайта ишлаш, шунингдек газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминлайдиган нефтни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газ ишлаб чиқариш ташкилотлари:

нефть ва (ёки) газ конденсатини қабул қилиш ва қайта ишлаш, шунингдек асосий маҳсулотлар қаторида газ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш шартномасига мувофиқ истеъмолчиларга газ етказиб беришни амалга оширадилар;

газ сифатининг норматив ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича доимий назоратни таъминлайдилар;

истеъмолчиларни газ таъминоти тизими объектларидаги режали таъмирлаш ишлари сабабли газ етказиб беришнинг келгусида тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантирадилар ҳамда уларни газ етказиб берилишининг чекланиши тўғрисида хабардор қиладилар;

объектлардан қурилмаларнинг технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланадилар ва уларни таъмирлайдилар; 

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширадилар.

16-модда. Газни транспорт қилиш

Газни транспорт қилиш берилган лицензиялар асосида газни қабул қилиш, газ етказиб берувчидан тақсимот ва истеъмол пунктларига транспорт қилиш бошқа давлатларнинг газ таъминоти тизимлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган газ транспорти ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газ транспорти ташкилотлари:

магистрал газ транспорти тизимининг ишлаши устидан бошқарувни амалга оширадилар;

газ ресурслари ва тақсимотининг прогноз ва ҳисобот ҳажмларини шакллантириш ҳамда газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузишда иштирок этадилар;

объектлардан қурилмаларнинг технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланадилар ва уларни таъмирлайдилар; 

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширадилар.

17-модда. Газни тақсимлаш

Газни тақсимлаш берилган лицензиялар асосида газни қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлайдиган газ таъминоти ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газ таъминоти ташкилотлари:

белгиланган тартибда истеъмолчилар томонидан маълум қилинган эҳтиёжлар асосида газнинг шартномавий истеъмол ҳажмини шакллантирадилар;

истеъмолчилар билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузадилар;

газ тақсимлашнинг прогноз ва ҳисобот ҳажмларини шакллантириш ҳамда газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузишда иштирок этадилар;

газ таъминоти тизими объектларидан қурилмалар технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланадилар ва уларни таъмирлайдилар;

истеъмолчилар томонидан ҳақиқий фойдаланилган газ учун тўловлар ҳисобини юритадилар;

истеъмолчиларни белгиланган тартибда газ билан таъминлаш тизими объектларида режали таъмирлаш ишлари ва авариявий режим сабабли газ етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида хабардор қиладилар;

авариявий режимда магистрал газ қувурларининг технологик ишлаш режими бузилган тақдирда истеъмолчиларни газ билан таъминлаш жадваллари ва уларни газ тармоқларидан қисман ёки тўлиқ узиб қўйиш навбатини ишлаб чиқадилар;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

истеъмолчиларга газ тақсимлаш тармоқларига уланиш учун белгиланган тартибда техник шартлар тақдим этадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширадилар.

18-модда. Истеъмолчиларга газ етказиб бериш

Газни етказиб бериш берилган лицензиялар асосида газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамда газ транспорти ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газни етказиб берувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

газ етказиб бериш шартномаси шартларида белгиланган газ истеъмоли режимига истеъмолчи томонидан риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

газ етказиб бериш шартномасида белгиланган муддатларда етказиб берилган газ учун тўловларни ўз вақтида олиш;

истеъмолчининг газни ҳисобга олиш приборлари ва газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)га тўсиқларсиз кириш;

газ етказиб бериш шартномаси шартларига мувофиқ етказиб берилган газ учун қарздорлиги мавжуд бўлганда истеъмолчига газ етказиб беришни чеклаш ёки тўхтатиш;

истеъмолчининг газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари) ишлашида газ таъминоти объектлари ишининг технологик параметрлари ўзгаришига олиб келган бузилишлар мавжуд бўлганда келтирилган зарарлар ўрнини белгиланган тартибда қоплаш.

Газ етказиб берувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Газ етказиб берувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

Истеъмолчилар томонидан белгиланган тартибда маълум қилинган эҳтиёжи асосида газ истеъмолининг шартномавий ҳажмини шакллантириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ етказиб бериладиган газнинг сифатини таъминлаш;

газ таъминоти объектларида газнинг технологик йўқотишларини қисқартириш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

объектлардан қурилмаларнинг технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланиш ва уларни таъмирлаш; 

газ етказиб бериш шартномалари шартларига мувофиқ истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлаш;

қонун ҳужжатлари ва газ етказиб бериш шартномаларига мувофиқ истеъмолчиларнинг газ таъминоти масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш;

истеъмолчиларга амалда етказиб берилган газ учун тўловларнинг ҳисобини олиб бориш;

истеъмолчиларни газ таъминоти тизими объектларидаги режали таъмирлаш ишлари ва авариявий режим сабабли газ етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида огоҳлантириш.

Газ етказиб берувчиларга қонун ҳужжатлари ва газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

19-модда. Газ истеъмоли

Газ истеъмоли юридик ва жисмоний шахсларнинг газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун амалга оширилади.

Газ истеъмолчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сифат кўрсаткичлари норматив ҳужжатлар билан белгиланган талабларга мувофиқ бўлган газни олиш;

газ етказиб бериш шартномасида назарда тутилган ҳажм ва муддатларда газ олиш;

газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш сабаблари тўғрисидаги маълумотни белгиланган тартибда олиш;

етказиб берувчиларга истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинадиган газ ҳажмининг ўзгарганлиги тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

газ таъминоти ташкилоти томонидан газни тўлиқ етказиб бериш ёки бермаслик, сифат кўрсаткичлари норматив ҳужжатлар билан белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган газни етказиб бериш орқали етказилган зарарлар ўрнини белгиланган тартибда қоплаш;

газ етказиб бериш шартномаларини бажаришда юзага келадиган низоларни ҳал қилиш учун судга мурожаат қилиш. 

Газ истеъмолчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Газ истеъмолчилари қуйидаги мажбуриятларга эга:

газ етказиб бериш шартномалари шартлари билан белгиланган газ истеъмоли режимига риоя қилиш;

етказиб берилаётган газ учун тўловни етказиб бериш шартномалари билан белгиланган муддатларда ўз вақтида амалга ошириш;

газ таъминоти ташкилоти вакилига газни ҳисобга олиш приборлари ва газдан фойдаланиш ускуна (қурилма)ларини текшириш учун рухсат бериш;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

газ истеъмолида саноат, ёнғин ва экология хавфсизлик талабларига риоя қилиш;

газ таъминоти тизимига объектлар ва (ёки) газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)ни ўзбошимчалик билан улаб олишга йўл қўймаслик;

ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, пломбаларнинг бузилишига йўл қўймаслик, уларнинг носозликлари тўғрисида газ таъминоти ташкилотларига хабар бериш.

Газ истеъмолчилари қонун ҳужжатларига ва газни етказиб бериш шартномаларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

4-боб. Газ таъминоти тизими хавфсизлигини таъминлаш

20-модда. Газ таъминоти тизими объектларини муҳофаза қилиш

Аҳоли ўртасида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, газ таъминоти тизими объектлари бутлигини таъминлаш ва шикастланишларнинг олдини олиш, шунингдек улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида объектлар атрофида муҳофаза зоналари белгиланади.

Газ таъминоти тизими объектларини муҳофаза зоналари чегаралари қурилиш нормалари ва қоидалари, магистрал газ қувурларини қўриқлаш қоидалари ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида белгиланади.

Муҳофаза зоналари белгиланган ер участкалари эгалари томонидан газ таъминоти тизими объектларигача белгиланган минимал масофалар доирасида газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот ёки у ваколатлаган фойдаланувчи ташкилот розилигисиз бинолар, иморатлар ва бошқа иншоотлар қурилиши тақиқланади.

Муҳофаза зоналари белгиланган ер участкаларининг эгалари:

газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот ёки у ваколатлаган фойдаланувчи ташкилот, шунингдек мазкур соҳада назоратни амалга оширувчи давлат органларига газ таъминоти тизими объектларига ҳеч қандай тўсқинчиликсиз кириш имкониятини таъминлаши;

газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот ёки у ваколатлаган фойдаланувчи ташкилот томонидан газ таъминоти тизими объектига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари ҳамда авариялар ва (ёки) ҳалокатларнинг олдини олиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилишига тўсқинчилик қилмаслиги лозим.

Газ таъминоти тизими объектларини муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

21-модда. Газ таъминоти тизими объектларининг саноат, ёнғин ва экология хавфсизлиги

Газ таъминоти тизими объектларининг саноат, ёнғин ва экология хавфсизлиги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот саноат, ёнғин ва экология хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни бажариши шарт:

газ таъминоти объектларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш босқичларида бўлиши мумкин бўлган авариялар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали бундай объектларнинг хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш;

газ таъминоти тизими фаолият режимининг белгиланган параметрларига риоя этиш учун назоратни амалга ошириш;

газ таъминоти объектларининг техник ҳолатини назорат килиш;

газ таъминоти тизими объектларида ёнғиннинг олдини олиш ишларини амалга ошириш, атроф муҳитни ҳимоя қилиш соҳасида ишлаб чиқариш назоратини олиб бориш;

авария хизматлари ҳамда юзага келадиган фавқулодда вазиятлар ва улар оқибатларини бартараф этишда фойдаланиладиган молиявий ва моддий ресурслар заҳирасини яратиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа талабларни бажариш.

Қурилиш нормалари ва газ таъминоти тизими объектларигача минимал масофалар қоидаларида белгиланганидан яқинроқ қурилган бинолар, иморатлар ва иншоотлар қоидабузарликларга йўл қўйган юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳисобидан бузилиши лозим.

Газ таъминоти тизими объектлари фаолиятига ваколати бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар аралашиши тақиқланади.

Газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилотга газ таъминоти тизими объектларини атайлаб тўсиб қўйиш ва шикастлаш, шунингдек газ таъминоти тизими объектларининг узлуксиз ва хавфсиз ишлашини бузувчи ноқонуний ҳаракатлар сабабли етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

22-модда. Газ таъминоти тизими объектларида авариялар, ёнғинлар ва ҳалокатларни чегаралаш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатишга тайёрлигини таъминлаш

Эҳтимолли авариялар, ёнғинлар ва ҳалокатларни чегаралаш ҳамда улар юзага келган тақдирда оқибатларини тугатишга газ таъминоти тизими объектининг тайёрлигини таъминлаш мақсадида газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот:

авария-қутқарув хизматини ташкил қилади ёки тегишли ихтисослашган хизматларни шартнома шартларида жалб этади;

эҳтимолли авариялар, ёнғинлар ва ҳалокатлар юзага келишини назорат қилиш ва огоҳлантириш муҳандислик тизимлари, хабар бериш, алоқа ва ҳимоя тизимларини яратади, шунингдек уларни тайёр ҳолатда сақлайди;

хавфли газ таъминоти тизими объекти ходимларининг эҳтимолли авариялар, ёнғинлар ва ҳалокатларнинг кенгайишига йўл қўймаслик, уларнинг оқибатларини бартараф этишга доир ҳаракатларга тайёргарлигини амалга оширади;

Газ таъминоти тизими объектида эҳтимолли авариялар, ёнғинлар ва ҳалокатларни чегаралаш, уларнинг оқибатларини тугатишга тайёрлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар рўйхати газ таъминоти тизими объектига эгалик қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилади ва саноат хавфсизлиги соҳасидаги тегишли ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

23-модда. Авариявий режимни бартараф этишда газ таъминоти тизими ишлашининг алоҳида шартлари

Авариявий режимни бартараф этишда газ таъминоти тизимида мавжуд барча қўшимча қувватлар жалб этилади, шунингдек зарур ҳолларда газ истеъмоли бўйича чекловлар жорий қилинади.

Авариявий режим юзага келганда газ истеъмолини чеклаш тартиби, шунингдек газ истеъмолини чеклашлар жорий қилинадиган истеъмолчилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан белгиланади.

5-боб. Газ етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар асослари

24-модда. Газ етказиб беришнинг ҳуқуқий асослари

Газ етказиб бериш етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги шартномалар асосида амалга оширилади.

Томонлар учун мажбурий бўлган газ етказиб бериш шартномаси шартлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, мазкур Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Газ етказиб бериш шартномаси истеъмолчида газ тармоғига уланиш учун ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда берилган рухсат этувчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ва мавжуд газдан фойдаланиш ускунаси (қурилмаси) лойиҳа ҳужжатларига мос келган тақдирда тузилади.

25-модда. Етказиб бериладиган газга нисбатан талаблар

Газни ҳисобга олмасдан етказиб беришга йўл қўйилмайди.

Етказиб берувчи томонидан истеъмолчига узатиладиган газ миқдори:

юридик шахслар учун – газни ҳисоб олиш приборлари бўйича, уларда ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаган тақдирда, қоидага кўра газ етказиб берувчи газ тармоқларининг бўлиниш чегараларида ўрнатилган назорат-ўлчов приборлари билан аниқланади;

жисмоний шахслар учун – газни ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда газ сарфи меъёрлари бўйича аниқланади.

Қурилиши якунланган, реконструкция қилинган ва мукаммал таъмирланган газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилмаган турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилиш, шунингдек юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаган ҳолда газ истеъмоли учун рухсат бериш тақиқланади.

Газни ҳисобга олиш приборлари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Етказиб бериладиган газ сифати тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши ва етказиб берувчи томонидан газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ таъминланиши лозим.

Зарур даражадаги сифатга эга бўлмаган газни етказиб берганлик учун етказиб берувчи қонун ҳужжатлари ва газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ жавоб беради.

26-модда. Етказиб бериладиган газ учун ҳисоб-китоблар

Истеъмолчи етказиб берилган газ учун тузилган етказиб бериш шартномаси асосида тўловни амалга ошириши шарт.

Етказиб бериладиган газ учун ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Етказиб берувчи ва истеъмолчи газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ газ етказиб бериш ҳажми ва истеъмол қилинган газ учун тўловлар суммасини мунтазам равишда солиштириб борадилар.

Етказиб берувчи шартнома шартлари ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда газ етказиб беришни камайтиришга ёки тўхтатишга ҳақли.

Газ етказиб берувчи газ етказиб бериш шартномаси бўйича газ етказиб бермаслик ёки етарлича етказиб бермаслик сабабли истеъмолчига етказилган аниқ зарар ва бой берилган фойданинг ўрнини қоплайди.

Газ етказиб беришнинг алоҳида шартлари бўлган стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчилар томонидан етказиб бериш шартномаларининг етказиб берилган газ учун ҳақ тўлаш шартларига риоя қилинмаган тақдирда, юқори турувчи бошқарув органи истеъмолчилар томонидан шартнома шартлари бажарилишини таъминловчи чораларни кўради.

27-модда. Истеъмолчиларга газ етказиб беришни тўхтатиб туриш

Етказиб берувчи қуйидаги ҳолларда белгиланган тартибда истеъмолчиларга газ етказиб беришни тўхтатиб туради:

газ етказиб бериш шартномаси шартларида белгиланган газ истеъмоли режими бузилганда;

газ таъминоти тизимига газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)ни ўзбошимчалик билан улаб олганда;

газни ҳисобга олиш приборлари бузилганлиги аниқланганда ёки уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида ташқаридан таъсир кўрсатилганлиги аниқланганда;

шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда етказиб берилган газ учун тўловлар амалга оширилмаганда.

Етказиб берувчи газ етказиб бериш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам истеъмолчига газ етказиб беришни тўхтатиб туришга ҳақли.

Етказиб берувчи лойиҳалаш ҳужжатларида назарда тутилмаган ва газ таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланган тармоқ ва (ёки) газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)ни зудлик билан тармоқдан узади.

Етказиб берувчи истеъмолчи томонидан мазкур модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилган, газ етказиб бериш шартномаси шартлари бажарилган, шунингдек газ етказиб беришни тиклаш билан боғлиқ харажатлар ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали етказилган зарарлар қоплангандан сўнг газ етказиб беришни қайта тиклайди.

28-модда. Газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки газдан фойдаланиш қоидаларини бузишга доир бошқа ҳолатларнинг содир этилиши натижасида газ таъминоти ташкилотига етказилган зарар миқдори ва уни қоплаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

6-боб. Якуний қоидалар

29-модда. Низоларни ҳал этиш

Газ таъминоти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

30-модда. Газ таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун жавобгарлик

Газ таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

31-модда. Ушбу Қонунни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини мазкур Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқарув органларининг мазкур Қонунга зид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари улар томонидан қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминласин.

32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                                      Ш. Мирзиёев

Общие предложения

261