ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
6051 Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций Республики Узбекистан 09/08/2019 24/08/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив портал фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-6051

Чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва электрон мулоқотни таъминлаш,
уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, шунингдек тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилишда самарали тизимни яратиш ва жорий этиш мақсадида Вазирлар
Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва
назорат қилиш учун самарали тизим жорий этилишини назарда тутувчи “business.gov.uz” ягона интерактив портал (кейинги ўринларда – Ягона
интерактив портал) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилганлиги, 2019 йил 1 июндан синов
тарзида ва жорий йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб тўлиқ ишга туширилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси қошида ташкил этилган “Call-марказ” га +998 71 211-00-00 қўнғироқ рақами ва ягона 1100 қисқа рақам
ажратилганлиги;

“Call-марказ” Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси қошидаги “Chamber Business Solutions” унитар корхонаси томонидан юритилиши маълумот
учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ягона интерактив порталнинг ишлаш тартиби тўғрисида
Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва
мувофиқлаштириш котибияти, Савдо-саноат палатаси, Давлат хизматлари агентлиги, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар
ушбу низомга мувофиқ Ягона интерактив порталда доимий ишлашнинг ташкил қилинишини таъминласинлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 3 ой муддатда Ягона интерактив порталнинг видео ва
аудио мурожаатлар юборилишини кўзда тутувчи мобил иловасининг ишлаб чиқилишини таъминласин.

Ягона интерактив порталнинг мобил иловасини ишлаб чиқиш харажатлари Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси
ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.

4. Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти Ягона интерактив портал ва
мобил илова иш фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли сервер қурилмалари ва тармоқ ускуналарини харид қилишни ташкил
этсинлар.

Сервер қурилмалари ва тармоқ ускуналарини ҳарид қилиш учун молиялаштириш манбаи этиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира
жамғармаси белгилансин.

5. Ягона интерактив портал ва мобил иловаларни доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш, такомиллаштириш ишлари ҳамда “Call-марказ” хизмати
фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан,

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ягона интерактив портал ва мобил иловаларни доимий равишда техник қўллаб-қуватлаш, такомиллаштириш ишлари ҳамда “Call-марказ” хизмати фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар учун 2020 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида зарур бюджет маблағларини назарда тутсин.

7. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари
фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив портали фаолиятини
мувофиқлаштирувчи органи;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив портал
мурожаатларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи масъул давлат орган;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив порталнинг эгаси, доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш, узлуксиз
фаолият олиб боришини ва такомиллаштиришни таъминловчи ишчи орган ҳисобланади.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д. Қўчқаров, Ўзбекистон Республикаси Адлия
вазири Р. Давлетов ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “__”______даги ___ - сон
қарорига илова

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар
мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив
порталнинг ишлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда - Қонун деб
аталади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив портал (кейинги ўринларда – Ягона портал) орқали тадбиркорлик субъектларининг, шунингдек хорижий инвесторларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан
ишлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомнинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

давлат органларининг, ташкилотларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Қонунга мувофиқ ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза — ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

таклиф — давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;

шикоят — бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;

аноним мурожаат — жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи,
унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек, уни
идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат;

мурожаатнинг дубликати — айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;

такрорий мурожаат — аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек,
агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб
чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;

электрон мурожаат — белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг
расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаат, реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда берилган оғзаки
мурожаатлар бундан мустасно;

оммавий қабул — давлат органи раҳбарининг ёки бу борада ваколат берилган мансабдор шахснинг жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан оммавий учрашувларида мурожаатларни қабул қилишга доир ҳаракати;

видео-конференц-алоқа — узоқда жойлашган бир нечта абонентларнинг реал вақт режимида аудио ва видеоахборот алмашиш имконияти билан
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив ҳамкорлик қилиши;

сайёр қабул — давлат органлари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг тасдиқланган жадвал асосида жойларга чиққан ҳолда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиши билан боғлиқ ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи.

4. Мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда ёхуд видео тасвир кўринишида ариза, таклиф ва шикоят шаклида берилиши мумкин.

Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

Ягона портал “Call-марказ”ининг “+998 71 211-00-00” қўнғироқ рақами ёки “1100” ягона қисқа рақамига келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида
мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

5. Ягона портал:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Интернет тармоғидаги расмий давлат ахборот ресурси;

давлат ва хўжалик органлари билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар ўртасидаги электрон-ахборот алоқаси инфратузилмасининг тизим ташкил
этувчи элементи ҳисобланади.

2-боб. Тадбиркорларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари кафолатлари

6. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб
мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади.

Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга
мажбур қилиниши мумкин эмас.

Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини,
шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.

Қонунга мувофиқ, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига,
ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

7. Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда
қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган
ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.

8. Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт, ушбу Низомнинг
5-бобида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

9. Мурожаатларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд
қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг, агар бу тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний
манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига
йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектининг илтимосига кўра унинг фаолиятига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

10. Тадбиркорлик субъектини, унинг вакилини ва оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя
қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини
билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

3-боб. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби

11. Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига
бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Тадбиркорлик субъектлари мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни “Call-маркази”
орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли.

12. Тадбиркорлик субъектининг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган манзили (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ
кўрсатилган бўлиши керак.

Тадбиркорлик субъектининг мурожаатида фаолиятида дуч келаётган муаммо ва таклифлар моҳияти аниқ ҳамда тушунарли баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факс рақамлари кўрсатилиши мумкин.

Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

13. Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар
илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳолатлар бундан мустасно.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга
илова қилиниши керак.

14. Мурожаатларни бериш муддатлари, одатда белгиланмайди.

15. Тадбиркорлик субъектлари ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма
ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун
мобайнида мурожаат давлат органининг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза давлат органлари, ташкилотлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан
чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

4-боб. Тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкиллаштириш, кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари

16. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг Ягона портали фаолиятини ташкил этиш
тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага биноан амалга оширилади.

17. Тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини
назорат қилиш Ягона порталда марказлашган ҳолда юритилади ҳамда тегишлилиги бўйича Туманлар ва шаҳарлардаги Қабулхоналар томонидан ҳисоби олиб
борилади.

18. Мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомнинг2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан рўйхатга олинади.

Мурожаатлар ёзма ёки электрон тарзда рўйхатга олиниши мумкин.

Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган юридик шахснинг номи, унинг жойлашган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган давлат органи, ташкилоти таркибий бўлинмасининг номи сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.

Қайд этиш штампида тегишли туман ва шаҳарлар Қабулхоналарининг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.

Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

19. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган иш кунининг ўзида кўриб чиқишга қабул қилинади ва уни ҳокимлик ҳамда Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, давлат солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида қабул ташкил қилган ҳолда мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқиб, уни ҳал қилади.

Мурожаатни жойида ҳал қилиш ваколат доирасига кирмаган тақдирда уларни ваколатли органларга қабулдан сўнг 2 кун муддатда юборади.

Ваколатли органларнинг биринчи раҳбарлари Қабулхона топшириғини кўриб чиқадилар ҳамда натижалари ва қабул қилинган қарорлар тўғрисида Қабулхонага 7 кун муддат ичида ёзма равишда ахборот берадилар.

Агар, мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида ҳал қилиш имконияти бўлмаганида, мурожаат юқори турувчи Қабулхонага Ягона портал орқали юборилади.

Туман ва шаҳарлардаги Қабулхоналар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Қабулхоналарга амалга оширилган ишлар
тўғрисида ҳисобот ва тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётганлиги аниқланган тизимли камчиликлар хусусида ахборотни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Ягона портал орқали киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Қабулхоналар Тадбиркорлик субъектини ва чет эллик инвесторни Ўзбекистон Республикаси
Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органларнинг вакиллари иштирокида қабул қилишни ташкил этган ҳолда мурожаатни кўриб чиқади ва тегишли қисми бўйича ваколатлари доирасида масалани ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатади.

Мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида ҳал қилиш имконияти бўлмаганда уларни Ягона портал орқали Вазирлар Маҳкамаси Котибиятига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Котибияти Ягона портал орқали келиб тушган мурожаатни Республика даражасида ҳал этиш мақсадида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органларнинг вакиллари иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилади.

Мурожаатни жойида ҳал қилиш имконияти бўлмаган тақдирда уларни ваколатли органларга қабулдан сўнг 2 кун муддатда юборади.

Ваколатли органларнинг биринчи раҳбарлари Қабулхона топшириғини кўриб чиқиб, натижаси ва қабул қилинган қарори тўғрисида Қабулхонага

7 кун муддатда ёзма равишда ахборот берадилар.

Котибиятда ҳал этилмаган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига қарор қабул қилиш учун 3 кун муддатда таклифлар киритилади.

Агар, мурожаатларда кўрсатилган масалаларни тартибга солувчи нормалар мавжуд бўлмаса, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига киритилади.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ягона портал орқали келиб
тушаётган мурожаатларнинг амалда ҳал этилишини ўрганиш ва мониторингини мунтазам равишда олиб бориб, унинг натижалари бўйича таҳлилий ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига киритиб боради.

20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан самарали ўзаро ҳамкорлик, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ва камчиликларни ҳал этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, тадбиркорлик
фаолияти эркинлиги кафолатлари таъминланиши бўйича чоралар кўриб боради.

21. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари томонидан тадбиркорларнинг қабул
қилинишини ташкил этишда ёрдам бериш, ҳудудлар ва бошқарув органлари кесимида тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни
аниқлаш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

22. Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонунининг 12 - 14 моддаларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

23. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган тадбиркорлар мурожаатларининг
ваколатли органлар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, уларнинг мурожаатлари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар сифати ва Вазирлар
Маҳкамасига айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади.

24. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан самарали ўзаро
ҳамкорлик қилиниши, тадбиркорлар муаммоларининг холисона

ва адолатли ҳал этилиши, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида тегишли Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига,
шу жумладан, «business.gov.uz» ягона интерактив порталидан фойдаланган ҳолда хабар беради.

5-боб. Мурожаатларни кўрмай қолдириш ва кўриб чиқишни тугатиш

25. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

Аноним мурожаатлар;

Тадбиркорлик субъектларининг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

6-боб. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари

26. Мурожаатлар туман ва шаҳарлардаги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Қабулхоналар томонидан кўриб чиқилаётганда тадбиркорлик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш;

важларни шахсан баён этиш ва тушунтиришлар бериш;

мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш;

қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилиш;

адвокат ёрдамидан фойдаланиш;

мурожаатни кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисида илтимос қилиш;

ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш;

мурожаатни қабул қилишни ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга
шикоят қилиш.

Тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7-боб. Якунловчи қоидалар

27. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини
узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид
қарор қабул қилиш, юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини
таъминламаганлик, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, юридик шахсни мурожаат қилганлиги
муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари
тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

28. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда
жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб
чиқиш бўйича ягона интерактив порталнинг ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-илова

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг Ягона портали
фаолиятини ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларининг
мурожаатлари билан ишлаш
СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар
мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив порталнинг
ишлаш тартиби тўғрисидага низомга 2-илова

 

 

 

 

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ
МУРОЖААТЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ КАРТОЧКАСИ

Тартиб рақами: Савол:
Мурожаат қилувчи:
Манзили:
Мурожаат келиб тушган сана: Мурожаат қилувчилар сони:
Мурожаатнинг шакли: Варақлар сони:

Қабул шакли:

Дубликат/такрорий

Мурожаатнинг тури: Олдинги мурожаатнинг санаси ва рақами:
Назорат тури:
Мурожаатнинг қисқача мазмуни:
Резолюцияни (топшириқни) имзолаган раҳбар:

Раҳбарнинг резолюцияси (топшириғи):

Бажариш муддати:

Таркибий бўлинма:

Ижрочи:

(Орқа томони)

Мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳолати

Юборилган сана

Қаерга юборилган

Жавоб хатининг рақами ва санаси

Муддати узайтирилган:

Ким томонидан:(имзо)

Жавоб хати келган сана:
Кўриб чиқиш натижаларининг қисқача мазмуни:

Назоратдан олинди

(ким томонидан):

Сана:

Бажарувчининг имзоси:

Бажарилган сана:

Мурожаатни кўриб чиқиш муддати бузилганлиги ҳақидаги белги:

Общие предложения

368