ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
5992 Государственный комитет Республики Узбекистан по земельным ресурсам, геодезии, картографии и государственному кадастру 09/08/2019 26/08/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат геодезия назорати инспекциясининг фаолиятига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
ID-5992

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат геодезия назорати инспекциясининг фаолиятига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сон “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат геодезия назорати инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) фаолиятига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар фойдаланилади:

буюртмачилар – геодезия ва картография ишларининг (кейинги ўринларда ишлар деб аталади) буюртмачилари ҳисобланган юридик шахслар;

ижрочилар – ишларнинг ижрочилари ҳисобланган юридик шахслар;

маҳсулотлар – геодезия ва картография материаллари ва маълумотлари;

маҳсулот эгалари – маҳсулотларни  ўзида сақловчи ва (ёки) уларни сотувчи юридик шахслар;

тадбиркорлик субъектлари – буюртмачилар, ижрочилар ва маҳсулот эгалари бўлган юридик шахслар.

2-боб. Геодезия ва картография соҳасига оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизими

3. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни ташкил қилишда хавфни таҳлил этиш тизими Инспекцияда мавжуд ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар, шунингдек веб саҳифалари ҳамда ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотлар асосида масофадан туриб, тадбиркорлик субъектининг фаолиятига аралашмасдан геодезия ва картография ишларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида таҳлил қилишга асосланади.

4. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни ташкил қилишда хавфни таҳлил этиш тизимида қуйидаги ҳолатлар бўйича маълумотлар таҳлил қилинади:

а) геодезия ва картография соҳасида лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бузганлик, жумладан лицензиясиз фаолият, лицензия талабларига амал қилмаслик, геодезия ва картография ишларини Инспекцияда рўйхатдан ўтказмасдан амалга ошириш;

б) геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишда давлат сирларини сақлаш бўйича қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши;

в) географик объектларнинг номларидан картографик материалларда нотўғри фойдаланиш, давлат ва маъмурий чегараларни картографик материалларда нотўғри кўрсатиш;

г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 3 декабрдаги 977-сон қарори билан тасдиқланган Геодезия ва картография ишларини рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорни бериш тартиби ҳақида низомнинг 23 – бандига мувофиқ Давлат картография-геодезия фондига топшириш лозим бўлган материаллар ва маълумотларни белгиланган муддатда Инспекцияга тақдим этилмаганлиги;

д) рўйхатдан ўтказиш учун ижрочилар томонидан Инспекцияга тақдим этилган техник лойиҳаларнинг сифатсиз ва (ёки) технологик жиҳатдан камчиликлар билан тузилиши ҳамда аввал бажарилган ишлар натижаларидан лойиҳа қилинаётган ишларда тўлиқ файдаланмаслик;

е) фойдаланилган геодезия пунктларининг ҳолати тўғрисида маълумотларни Инспекцияга тақдим этмаслик, геодезия пунктларини йўқ қилиш, уларга шикаст етказиш.

5. Инспекция томонидан мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича тадбиркорлик субъектлари масофадан туриб, геодезия ва картография ишларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида ўрганилади ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши хавфи таҳлил этиб борилади.

6. Аниқланган ҳолатлар юзасидан, уларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, текшириш ўтказишни келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига (кейинги ўринларда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил деб аталади) ташаббус билан мурожаат қилинади.

7. Геодезия ва картография соҳасидаги ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи уч тоифага бўлинади ва бу тоифалар қуйидагича аниқланади:

 

т/р

Тадбиркорлик субъектларнинг тоифалари

Хавфни таҳлил этиш тизими бўйича аниқланган ҳолатлар

1

Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари

Мазкур Низомнинг 4-бандида келтирилган ҳолатлар икки ва ундан кўп мавжуд бўлиши

2

Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари

Мазкур Низомнинг 4-бандида келтирилган ҳолатлардан биттаси бўйича мавжудлиги

3

Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари

Мазкур Низомнинг 4-бандида келтирилган ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги

3-боб. Геодезия ва картография соҳасидаги ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш

 

8. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъекти бу ҳақда хабардор қилинади ва содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликни олдини олиш чораларини кўриш сўралади. Амалга оширилган тадбирлар бўйича Инспекцияга хабар бериш муддатлари белгиланади.

9. Содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликни олди олинганлиги тўғрисидаги тадбиркорлик субъектининг ёзма хабарномаси ўрганиб чиқилади, агар унда ҳар томонлама асосланган маълумотлар келтирилмаган бўлса, тадбиркорлик субъектида текшириш ўтказишни келишиш учун Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат килинади.

 

4-боб. Геодезия ва картография соҳасидаги ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш

 

10. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъекти бу ҳақда хабардор қилинади ва содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш сўралади. Амалга оширилган тадбирлар бўйича Инспекцияга хабар бериш муддатлари белгиланади.

11. Содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик бартараф этилганлиги тўғрисидаги тадбиркорлик субъектининг ёзма хабарномаси ўрганиб чиқилади, агар унда асосланган маълумотлар келтирилмаган бўлса, тадбиркорлик субъектида текшириш ўтказишни келишиш учун Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилинади.

5-боб. Геодезия ва картография соҳасидаги ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш

 

12. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолияти масофадан туриб камерал назорат қилинади.

13. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказишни келишиш учун Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат килинади.

14. Ўтказилган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга, Савдо – саноат палатасига ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

6-боб. Якуний қоидалар

 

15. Испекция масъул ходимлари мазкур Низом талабларига риоя этишлари, текшириш муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек ошкор этилмаган ахборотини учинчи шахсларга ошкор этмаслиги, ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказмаслиги шарт.

Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик натижасида тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар бевосита айбдорлардан ундирилади.

16. Инспекция ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларида ташкил этиладиган текширишлар мазкур Низом талаблари асосида ўтказилади ва Инспекциянинг масъул ходими (ходимлари) томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

17. Мазкур Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

18. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил
ва Ўзбекистон Республикаси Савдо – саноат палатаси билан келишилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил

 

2019 йил “____” ___________

 

 

 

 

 

 

 

 

Д. Касимов

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Савдо-саноат

палатаси раиси

 

2019 йил “____” ___________

 

 

 

 

А. Икрамов

Общие предложения

135