ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
5795 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 07/08/2019 20/08/2019 0

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Узумчилик ва виночилик тўғрисида
ID-5795

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади узум ва узум экиш материаллари, узум ва виночилик маҳсулотларини кўпайтириш учун материалларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Узумчилик ва виночилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Узумчилик ва виночилик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро шартномасида, Ўзбекистон Республикасининг узумчилик ва виночилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, ҳалқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

узумчилик – ўсимликшуносликнинг узуметиштириш билан шуғулланувчи соҳаси;

узум маҳсулотлари – хўраки, саноатбоп ва кишмиш йўналишидаги узум навлари маҳсулотлари;

виночилик – озиқ-овқат саноатининг вино ва виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолият тури;

виночилик маҳсулотлари – янги узилган узум мевалари ва уларни суслосини спиртли ачитиш, кейинчалик унга ректификатланган узум, мева ва озиқ-овқат хом-ашёсидан олинган этил спирти, вино ва мева дистилляти, шунингдек таркибида шакар, хушбўй ҳид ва таъм берувчи моддаларни қўшиб, маълум вақт сақлаб етилтириш (етилтирилмаган) натижасида тайёрланган алкогол маҳсулоти.

4-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Мазкур Қонун, узумчилик ва виночилик соҳасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, реализация, экспорт ва импорт қилишни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан тадбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши қуйидаги муносабатларга татбиқ этилмайди:

Узумдан тайёрланмаган этил спирти ва кучли алкогол ичимликларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш;

аҳоли томонидан ўзларининг томорқа хўжаликларида узум ва виночилик маҳсулотларини оилавий (шахсий) истеъмол учун ишлаб чиқариш.

2-боб. Узумчилик ва виночиликнинг давлат томонидан тартибга солиниши

5-модда. Давлат сиёсатининг узумчилик ва виночилик соҳасидаги асосий йўналишлари

Давлат сиёсатининг узумчилик ва виночилик соҳасидаги асосий йўналишлари бўлиб,қуйидагилар ҳисобланади:

Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш бўйича республика, минтақавий ва маҳаллий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

узумчилик ва виночиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат бошқаруви ва жойлардаги бошқариш органларининг узумчилик ва виночилик бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

узумчилик маҳсулотларининг фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш;

узумчилик ва виночилик соҳасида самарали мониторинг ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш;

узумчилик ва виночилик соҳасида ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

6-модда. Узумчилик ва виночилик соҳасидаги орган ва ташкилотлар тизими

Узумчилик ва виночилик соҳасидаги орган ва ташкилотлар тизими ўз ичига қуйидагиларни олади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

ваколатли орган;

махсус ваколатли органлар;

маҳаллий давлат хокимияти органлари;

узумчилик ва виночилик субъектлари;

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган бошқа орган ва ташкилотлар, шунингдек, фуқаролар узумчилик ва виночилик соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадилар.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг узумчилик ва виночилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Узумчилик ва виночилик соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

узумчилик ва виночилик соҳасини ривожланиш бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

узумчилик ва виночилик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

узумчилик ва виночилик соҳасидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради.

8-модда. Узумчилик ва виночилик соҳасидаги ваколатли органнинг ваколатлари

Узумчилик ва виночилик соҳасидаги ваколатли орган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги (бундан кейин – ваколатли орган деб юритилади) ҳисобланади.

Ваколатли орган қуйидаги ишларни амалга оширади:

Узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, узумчилик ва виночиликнинг жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун йиғилган узум ҳосили декларацияси ва мавсумдаги (жорий) ҳосилнинг узумидан виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш тўғрисидаги декларация шаклини яратиш;

токзорлар, асосан саноатбоп навларининг плантацияларини кенгайтириш ва виночиликни ривожлантириш, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш ва виночилик корхоналарини комплекс модернизация қилишда ёрдам кўрсатиш;

узум экиш материалини ишлаб чиқариш бўйича кўчатхоналар (питомниклар) ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек қонунчилик билан белгиланган тартибда уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш;

рақобатбардош виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун узум ва вино ишлаб чиқарувчиларни тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш, ташқи бозорлар конъюнктурасини чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказиш орқали экспорт салоҳиятни ошириш, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини, шу жумладан хорижий мамлакатларда оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш;

юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш.

узумчилик ва виночилик соҳасида хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва саноатнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

узум плантациялари реестрини юритиш тартибини белгилайди;

ваколатли орган тўғрисидаги Низомда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

9-модда. Махсус ваколатли органлар

Узумчилик ва виночилик масалаларини кўриб чиқишда иштирок этувчи махсус ваколатли органлар – ЎзбекистонРеспубликаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (кейинги ўринларда махсус ваколатли органлар деб аталади).

Махсус ваколатли органлар қуйидаги масалаларни белгилайдилар:

виночилик маҳсулотларининг гигиеник сертификатини бериш,техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларни келишиш–Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

ток экиш материали ва маҳсулотларининг фитосанитария сертификатини бериш - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси;

виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш, табиий ва қайнар виноларни ишлаб чиқариш бундан мустасно –Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси;

мувофиқлик сертификатини бериш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишни амалга ошириш – Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги;

узум кўчатлари ва қаламчаларининг апробацияси ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномалари ва экиш учун тавсия этилган узум навлари рўйхати (каталог)ни бериш – академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий- тадқиқот институти;

узумнинг янги ва иқлимлаштирилган (интродукция қилинган) навларини давлат реестрига киритиш - Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги экинларининг навларини синаш бўйича Давлат комиссияси.

Махсус ваколатли органларнинг ваколатлари ушбу органлар тўғрисидаги Низом билан белгиланади.

10-моддаМаҳаллий давлат хокимияти органларининг узумчилик ва виночилик соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

Узумчилик ва виночилик соҳасидаги давлат дастурлари, минтақавий дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

узумчилик ва виночилик соҳасидаги маҳаллий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

узум етиштириш учун ер участкаларининг ажратилишини амалга оширади;

ваколатли органнинг тақдимотига кўра, мавжуд ҳудудларни узум етиштириш зоналари деб эълон қилади ва уларнинг рўйхатдан ўтказилишини (инвентаризация) амалга оширади;

узумчилик ва виночилик бўйича тадбирларини ўтказишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради.

11-модда. Узумчилик ва виночилик субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Узумчилик ва виночилик субектларига, ўрнатилган тартибда узумчилик ва виночилик маҳсулотини етиштириш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар киради.

Узумчилик ва виночилик субъектлари фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ўхшаш ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ташқари, узумчилик ва виночилик субъектлари қуйидагиларга ҳақли:

узум етиштириш ва виночиликни амалга ошириш учун маблағлардан белгиланган тартибда фойдаланиш, олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш;

давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ва бевосита судга шикоят бериш;

вино маҳсулотларини маркалаш шартларига риоя қилиш;

узумчилик ва виночиликни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги талабларга риоя қилиш;

узум ва виночилик маҳсулотларининг ҳисобини олиб бориш;

махсус ваколатли органлар ва маҳаллий давлат хокимияти органларини ваколатли шахсининг талабига кўра ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш.

3-боб. Узумчилик

12-модда. Узумчилик йўналишлари

Узумчилик-узум етиштириш билан шуғулланувчи мева-сабзавотчилик соҳаси.

Ўзбекистон Республикасида узумчилик узум навларининг учта: хўраки, саноатбоп ва кишмишбоп йўналишлари бўйича ривожланган.

Узум навининг хўраки йўналиши – истеъмол қилиш учун янги, музлатилган ва консерваланган кўринишларда, шунингдек қуритилган узум (майиз) ишлаб чиқариш учун етиштириладиган узум нави.

Узум навининг саноатбоп йўналиши – узум шарбати, алкоголсиз ичимликлар, компотлар, маринадлар, концентратлар, вино, коньяклар, виночиликнинг иккиламчи маҳсулотлари, шунингдек қуритилган узум (майиз) ишлаб чиқариш учун мўлжалланган узум нави.

Узум навининг кишмишбоп йўналиши – қуритилган узум (майиз) ишлаб чиқариш учун мўлжалланган узум нави.

13-модда. Узумчилик ареали (майдони)

Узумчилик ареали (ҳудуди) - узум етиштиришнинг географик ҳудуди бўлиб, маълум экологик, тупроқ - иқлим шароитлари, экин экиш усуллари, узумдан фойдаланиш йўналишлари ва виночилик усуллари билан тавсифланади.

Узумчилик ареалини (майдонини) яратиш учун ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Узумнинг техник навларини етиштириш учун майдони 100 гектардан кам бўлмаган плантациялар, шунингдек вино-коняк маҳсулотини сақлаш ва маълум вақт мобайнида сақлаш (тутиб туриш) (выдержка) учун эман дарахтидан ясалган бочкаларга эга бўлган юридик шахслар, табиий вино, вино хом ашёси (материаллари) ва коньяк спиртини ишлаб чиқариш ҳамда виночилик маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини амалга оширишлари мумкин.

14-модда. Узумнинг пайванд материаллари ва узум новдасини экиш материаллари, уларнинг сертификатлаш

Узум новдасининг пайванд материаллари–пайвандаг ва пайвандлаш узум новдалари, пайвандлаш ва пайвандаги илдизлар, уруғлар, ўсимлик тўқималари ва уларнинг қисмлари, ҳужайралар.

Узум новдасининг экиш материаллари-  пайвандаг  кўчатлари, илдиз экинларининг кўчатлари, эмланган кўчатлар.

Узумнинг пайванд материаллари тоифалари қуйидагилардир:

асосий материаллар, сертификатланган материаллар ва стандарт материаллар.

Узумнинг экиш материали тоифалари узумзорни барпо этиш учун ишлатиладиган пайвандланган куртакдан олинган пайвандуст кўчатидир.

Узумнинг ток навдасининг пайвандлаш ва экиш материаллари сертификация ва апробациядан ўтказилиши керак. 

Узумнинг ток навдаси пайвандлаш ва экиш материаллари сертификатлаш ва синовдан ўтказиш давлат томонидан баҳоланади, уларнинг аъло навлиги, ҳаётийлиги ва фитосанитария ҳолати ушбу қонуннинг тўққизинчи моддаси иккинчи қисмида белгиланган махсус ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Ушбу қонуннинг тўққизинчи моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган махсус ваколатли органлар томонидан пайвандлаш материаллари ва узум экиш материалини сертификациядан ва апробациядан ўтказиш натижаларига кўра, мувофиқлик сертификати ва бир йил муддатга апробация далолатномаси берилади.

Узумнинг техник новининг экиш материалларини мувофиқлик сертификатисиз ва апробация далолатномасиз ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

15-модда. Пайвандлаш материаллари ва узум экиш материалларини ишлаб чиқариш

Ток кўчатларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материал фақат сертификатланган оналик таянч пайвандли ва пайвандустдан олиниши керак.

Токнинг пайванд материаллари ва экиш материалларини ишлаб чиқариш устидан давлат назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ток кўчатларини ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида асосий пайвандтаг ва пайвандуст оналикларини назорат қилиш орқали ваколатли орган ва махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

16-модда. Узумзорлар реестри

Ваколатли орган токзорлар реестрини юритади.

Узумзорлар реестри-узумчилик ва виночилик субъектларига тегишли узумзорнинг ер участкалари тўғрисидаги, ўсимликлар сони ва ҳолати, нав таркиби, айланиши тўғрисидаги, узумчиликни амалга ошириш учун қабул қилингантартиб ҳақидаги  маълумотларни ўз ичига олган, узумчилик ва унинг кўчат материалларини ишлаб чиқариш бўйича қишлоқ хўжалиги фаолиятини  ахборот билан таъминлаш мақсадида шакллантириладиган узум экинларини ҳисобга олиш тизими.

Ток экиш реестри маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида олиб борилади.

Узумзорлар реестрига қуйидагилар киради:

Ташкилотнинг номи ва юридик манзили;

ички хўжалик ҳисобидаги участка рақами;

ер участкасининг кадастр рақами, узум майдонлари ҳисобидаги умумий узумзор майдони;

узум навлари ва узумзорларни экиш йили.

Узум экинларининг реестри қоғоз ва электрон шаклда олиб борилади.

17-моддаУзум навларининг синови ва апробацияси

Узум навлари ушбу қонуннинг тўққизинчи моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган махсус ваколатли орган томонидан участкалар бўйича синов ва апробациядан ўтказилади.

Синов ва апробация натижалари бўйича узум навлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида (кейинги ўринларда давлат реестри деб юритилади) экишга рухсат берилган ўсимлик навларининг давлат реестрига киритилади.

Давлат реестрига киритилмаган узум навларини етиштириш тақиқланади.

4-боб. Виночилик

18-модда. Вино маҳсулотларини таснифлаш

Ўзбекистон Республикасида виночилик маҳсулотлари ишлабчиқариш, қўлланиладиган технологияга қараб, қуйидагиларга таснифланади:

Вино (шароб) маҳсулотлари - қуйидагилар  натижасида ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлар:

озиқ-овқат хом ашёси, вино, узум ва мева спирти, вино, узум ва мева дистилляти, шунингдек, таркибида шакар, табиий ва озиқ-овқат ароматизаторлари, карбонат ангидрид бўлган моддалар, ректификатланган этил спирти қўшилган ва қўшилмаган ҳолда янги узум меваларининг ва уларнинг суслосининг тўлиқ ва нотўлиқ бижғиши натижасида ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлар;

янги узум, мевалар ва уларнинг суслосининг тўлиқ спиртли бижғиши натижасида, олинган маҳсулотни уни маълум вақт сақлаш ёки сақламаслик шарти билан дистилляциялаш (ҳайдаш) натижасида олинган алкогол маҳсулотлар;

табиий вино-эндоген табиатли этил  спиртини ўз ичига олган, узумнинг, мезга ва суслосининг тўлиқ ва қисман бижғиши натижасида олинган алкогол маҳсулотлар;

махсус вино–винонинг ўзига ҳос аниқ органолептик хусусиятлар берувчи технологик усулларидан фойдаланган ҳолда узум, мезгадан, суслодан олинган шунингдек, узумдан ишланган таркибида  шакари бўлган, табиий ва озиқ-овқат хом ашёсидан ишлаб чиқарилган ректификатланган этил спирти ва дистиллят қўшилган ҳолда олинган  вино;

узум суслоси – янги терилган узумни майдалаганда ўз оқими билан ажралиб чиққан ва механик таъсирни қўллаш натижасида олинган суюқ маҳсулотдир;

Қуюқлаштирилган узум суслоси – узум суслосини қисман сувсизлантириш натижасида олинадиган карамелланмаган узум суслоси;

вино-узум дистилляти-вино материалларини фракция ва тўғридан-тўғри ҳайдаш натижасида олинган, шунингдек бижғитилган узум чиқиндиси, ачитқи ва қуюқа қолдиқларидан ҳосил бўлган маҳсулот;

бренди - камида олти ой давомида эман дарахтидан тайёрланган сиғимларда сақланган вино дистиллятларидан тайёрланган кучли спиртли ичимликдир;

газланган вино-шиша ва герметик резервуарларда табиий виноларни келиб чиқиши экзоген табиатли углерод диоксиди билан тўйинтириш натижасида олинган вино;

қайнар вино -зич ёпилган сиғимларда узум суслосининг тўлиқ ёки қисман спиртли бижғиши ёки бижғиган узум суслосининг ва/ёки ишлов берилган табиий виноматериалларини иккиламчи бижғиши (шампанлаштириш) натижасида  ҳарорат плюс 20°С бўлганида шиша идишдаги босим 300 kPa дан кам бўлмаган ҳолда эндоген келиб чиқишга эга углерод диоксиди билан тўйинтирилган виночилик маҳсулоти;

узумдан ишланган кучли ичимлик - рухсат этилган аралаш компонентлар қўшилиши натижасида узумдан ишланган ректификацияланган этил спиртидан, вино дистиллятидан ва этил спиртдан олинган маҳсулот;

спиртли узум суслоси (мистел) - озиқ-овқат хом ашёсидан олинган этил спирти ва ректификатланган узум спиртини қўшиб, янги узум суслосидан тайёрланган маҳсулот;

сулфитли узум суслоси–бижғишни олдини олиш учун  олтингугурт диоксиди қўшилган эзилган янги узум ва узум суслосидан олинган маҳсулот.

19-модда. Виночилик маҳсулотининг сифатига, хавфсизлигига ва ишлаб чиқарилишига қуйиладиган  талаблар

Виночилик маҳсулотлари сифати хавфсизлиги ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида кўзда тутилган виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш талабларига жавоб бериши керак.

Импортер розилиги билан, фақат экспорт учун мўлжалланган вино маҳсулотлари учун қуйиладиган  талаб импорт қилувчи мамлакатда амалдаги талабларига мувофиқ етказиб бериш шартномалари белгиланган бўлиши мумкин.

Вино ишлаб чиқариш (табиий винолардан ташқари) махсус ваколатли орган томонидан берилган тегишли лицензияга эга юридик шахс томонидан амалга оширилади.

Виночилик маҳсулотлари ваколатли ва махсус ваколатли органларнинг таклифига биноан аккредитацияланган лабораторияларда тестдан (синовдан) ўтказилади.

Виночилик маҳсулотлари маҳсулотни сертификатлаш соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан амалга ошириладиган қоидалар ва тартиб-қоидаларга мувофиқ сертификатлаштирилиши керак.

Виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хомашё озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифати Қонунчилиги талабларига жавоб бериши керак.

20-модда. Вино маҳсулотлари учун номларини белгилаш

Виночилик маҳсулотлари аниқланмаган шаклдаги умумий ва ҳаммага маълум тушунчалардан иборат ном остида сотилади.

Виночилик маҳсулотлари товар белгиси остида сотилиши мумкин, шунингдек, қонун билан белгиланган тартибда расман рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Виноларга касбни ҳақорат қилувчи, шаъни, қадр-қимматини, профессионал обрўсини камситадиган, миллий ҳис-туйғуларни ҳақорат қилувчи номларини бериш тақиқланади.

21-модда. Вино маҳсулотларини маркалаш

Сотиш учун мўлжалланган виночилик маҳсулотлари истеъмол идишларида, ёрлиқланган бўлиши шарт.

Виночилик маҳсулотларини маркалаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги талабларга жавоб бериши керак.

Экспорт учун мўлжалланган виночилик маҳсулотларини маркалаш ушбу қонун талабларига ва етказиб бериш шартномасининг шартларига мувофиқ амалга оширилади.

22-модда. Виночилик маҳсулотларини сотишга қуйиладиган талаблар

Маҳаллий ишлаб чиқарилган қайнар ва табиий винони сотиш барча савдо корхоналари, меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, шунингдек, спиртли ичимликларни сотиш ҳуқуқи, овқатланиш хизматларини амалга оширувчи ташкилотлар томониданрухсатномасиз амалга оширилади.

Табиий ва қайнарвино ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини чакана савдода сотишлари мумкин.

Виночилик маҳсулотларини улгуржи савдоси юридик шахслар томонидан ушбу қонуннинг тўққизинчи моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган махсус ваколатли орган томонидан берилган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Виночилик маҳсулотлари, истеъмол идишида ва қуйма билан амалга оширилиши мумкин бўлган табиий ва қайнар винодан ташқари, истеъмол идишда сотилади.

23-модда. Вино маҳсулотларини сохталаштириш

Ўзбекистон Республикасида сохта виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади.

Виночилик маҳсулотларини сохталаштириш узумчилик ва виночилик субъектларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги талабларни бузган ҳолда, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича қасддан қилинган ҳаракатлардир.

Винони сохталаштирувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

24-модда. Узум ва виночилик маҳсулотларини ҳисобга олиш

Маҳсулотнинг ҳақиқийлигини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида узум ва виночилик маҳсулотларининг назорати ишлаб чиқаришнинг  барча босқичларида - қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш-бухгалтерия ҳужжатларини тўлдириш ҳамда узум ва виночилик декларацияларини тақдим этиш орқали таъминланиши керак.

Узумчилик ва виночилик субъектлари, маҳсулотлар ва етказиб берувчиларнинг декларацияларида ва ҳисоб журналларида узум ҳисобини юритади.

Декларация ва бухгалтерия журналини юритиш мазмуни, шакли ва тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

Узум ва виночилик маҳсулотларини ҳисобга олиш декларацияси ва журнали ваколатли орган томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги орқали бепул тарқатилади.

5-бобУзумчилик ва виночиликни давлат томонидан

қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилиши

25-модда. Узумчилик ва виночиликни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишининг асосий шакллари

Узумчилик ва виночиликни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилиши қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

Ривожланиш давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

имтиёзли кредитлаш;

субсидиялар бериш;

солиқ ва божхона преференцияларини белгилаш;

узум навларининг таркибини яхшилаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ҳалқаро ва сифат стандартлари талабларга мувофиқлигини таъминлаш ишларини молиялаштириш.

26-модда. Узумчилик ва виночиликни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишининг асосий йўналишлари

Давлат қуйидаги асосий йўналишларда узумчилик ва виночиликни қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради:

Узумчилик ва виночиликнинг кооператив ва кластер шаклини қўллаб-қувватлаш;

инновацион технологияларни жорий этиш ва илмий-тадқиқот, илмий-техникавий фаолиятни амалга ошириш;

ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш;

ишлаб чиқаришнинг асосий воситаларини модернизация қилиш, техник-технологик янгилашни таъминлаш;

узум экиш материалларини ишлаб чиқариш учун питомниклар базасини ривожлантириш;

Вино истеъмол қилиш маданиятини ошириш бўйича ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган вино маҳсулотларининг  ички ва ташқи бозорда тарқалишига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш (фестиваллар, кўргазмалар ва танловлар).

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган чора-тадбирларнинг асосий йўналишлари бўйича давлат узумчилик ва виночиликни қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради:

узум навларининг техник навлари ишлаб чиқарувчиларини қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун қатор оралиқлардан фойдаланишдан қатъий назар 2025 йилнинг 1 январига қадар ер солиғини тўлашдан озод этиш;

2025 йил 1 январгача бўлган муддатга олиб кирилаётган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари учун ва Ўзбекистон Республикасида етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмайдиган, импорт қилинадиган ва виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган маҳсулотлар (тасдиқланган рўйхатга мувофиқ)ни божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод қилиш;

барча тоифадаги хўжаликларда товар узумини ишлаб чиқариш учун узум экинларини ташкил этиш учун бир мулкдор учун 0,5 гектардан ортиқ майдонда имтиёзли кредитлар ажратиш ва мева олгунга қадар беш йил ичида дастлабки кредит миқдорининг эллик фоизи миқдорида ёпилишига шароит яратиш;

виночилик соҳасидаги ускуналар қийматининг ва унга тегишли компонентлар нархини эллик фоизига қадар молиялаштириш;

илмий тадқиқот ишларни, узумчилик ва виночилик соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолияти давлат бюджети ҳисобидан ва маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ва узум ва виночилик маҳсулотлари истеъмолчилари билан тузилган шартномалар асосида молиялаштириш.

Узумчилик ва виночиликни ривожлантиришни рағбатлантириш чораларини мувофиқлаштириш ваколатли орган томонидан таъминланади.

6-боб. Селекция, узумчилик ва виночилик соҳасидаги илмий тадқиқот ишлар, кадрлар тайёрлаш

27-модда. Узумчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар

Узумчилик соҳасида селекция тадбирларини ўтказишда комплекс илмий тадқиқотлар амалга оширилади, янги навларни олиш учун алоҳида узум навларини ва уларнинг шаклларини бир-бири билан ва бошқа узум ўсимликлари билан пайвандлаш орқали янги узум навларини яратиш.

Клонли селекция жараёнида илмий тадқиқотлар кенг тарқалган узум навларини тубдан яхшилашга қаратиш.

Узумчиликда клонли селекцияси узум ўсимликларидан узум новдаларини танлаб олинади, ундан кейин визуал кузатиш ва фитосанитария танлови, индикаторларнинг миқдорий ва сифатли ҳисоботи асосида  амалга оширилади.

Клонли селекция учун танланган узум новдалари яхши ва сифатли ҳосил бериши, узум бошлари кўп бўлиши, шакартўплаш хусусияти юқори бўлиши ва вирусли, микоплазма ва бактериал касалликларга эга бўлмаслиги керак.

Узум навларининг янги клонларини етиштиришда ёши камида 30 йил бўлган узум новдаларини танлаш орқали амалга оширилади.

 

28-модда. Виночилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар

Виночилик соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион ривожлантириш учун илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилади, инновацион техника ва технологияларни жорий этади, шунингдек виночилик асосларини технологик такомиллаштиришни амалга оширади.

Илмий тадқиқотлар натижаларини умумлаштириш илмий муассасалар томонидан амалга оширилади ва ваколатли органга тақдим этилади.

29-модда. Узумчилик ва виночилик соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

 

Узумчилик ва виночилик соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Тошкент Давлат Аграр Университети, Тошкент кимё-технология институти томонидан амалга оширилади.

Узумчилик ва виночилик соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Илм-фан ва техника, ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий ютуқларидан фойдаланиш, самарали интерактив таълим усулларини қўллаш орқали виночилик корхоналари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш;

виночилик иқтисодиётнинг устувор йўналиши бўлган хорижий мамлакатларнинг виночилик корхоналари тажрибаси билан танишиш, шу жумладан, уларга маҳаллий мутахассисларни тажрибасини оширишни ташкил этиш, виночилик соҳасини ривожлантириш учун малакали хорижий экспертларни жалб қилиш;

виночилик соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, виночилик соҳаси ходимлари учун инновацион ёндашувлар асосида қўшма ўқув машғулотлари ва курсларни ўтказишни ташкил этиш.

30-модда. Илмий-тадқиқот ишлари интеграцияси

Илмий - тадқиқот ишлари узумчилик ва виночилик соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари, узумчилик ва виночилик маҳсулотларининг маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги интеграцияга боғлиқ.

7-боб. Якуний қоидалар

31-модда. Низоларни ҳал қилиш

Узумчилик ва виночилик соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

32-модда. Узумчилик ва виночилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Узумчилик ва виночилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

33-модда. Ушбу Қонуннинг ижроси, етказилиши, мазмун-моҳиятини тушунтиришни таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ва аҳоли ўртасида мазмун-моҳиятини тушунтирилишини таъминласин.

34-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ушбу қонунга мувофиқ ҳукумат қарорларини бериш;

давлат бошқаруви органлари томонидан уларга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилишини ва ушбу Қонунда белгиланган ва бошқа меъёрий ҳужжатларда такрорланган ҳолатлар бекор қилинишини таъминласин.

35-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

                                                                              Ўзбекистон Республикаси

                                                                                                Президенти                                              Ш. Мирзиёев

Общие предложения

149