ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
5222 Министерство народного образования Республики Узбекистан 26/07/2019 10/08/2019 30

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-5222

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги ПҚ–4306-сон қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади :

1. Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “____” ____________даги

_____ -сон қарорига
илова

 

 

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларини (кейинги ўринларда фан олимпиадалари деб аталади) ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ҳамда фан олимпиадалари ғолибларини тақдирлаш, сертификат бериш ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2. Фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш жараёни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади)  томонидан мувофиқлаштириб борилади.

3. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

а) иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

б) умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро, шу жумладан нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш, уларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш;

в) юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда олимпиадалар учун доимий янги назорат материалларини ишлаб чиқиш;

г) халқаро олимпиадалар иштирокчиларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан олимлар, профессор-ўқитувчилар, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрлаш, инглиз тили ва рус тили фанларидан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида махсус курслар ташкил этиш;

д) фан олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчиларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.

4. Департамент фан олимпиадалари учун тайёрланадиган топшириқлар (тест, ёзма ва амалий ишлар ҳамда лаборатория машғулоти)ни давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мазмунан мос келишини таъминлайди.

Топшириқлар иқтидорли ўқувчилар учун мўлжалланган бўлиб, иштирокчиларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида халқаро фан олимпиада материалларидан фойдаланишлари мумкин.  

5. Фан олимпиадалари қуйидаги турларга бўлинади:

а)  умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича асосий олимпиадалар (кейинги ўринларда миллий фан олимпиадаси деб аталади);

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этиладиган умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари  ўртасида қўшимча республика олимпиадалари (кейинги ўринларда маҳаллий фан олимпиадаси деб аталади);      

в) умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасидан халқаро фан олимпиадаларига саралаш (кейинги ўринларда халқаро фан олимпиадалари деб аталади);   

г) умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида онлайн фан олимпиадалари (кейинги ўринларда онлайн олимпиада деб аталади).

6. Қуйидагилар фан олимпиадалари иштирокчилари ҳисобланади:

а) миллий фан олимпиадада умумий ўрта таълим муассасаларининг 9 11-синф, академик лицейнинг 1-ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 1 3 босқич ўқувчилари;

б) маҳаллий фан олимпиадада ўтган ўқув йилида ўтказилган миллий олимпиаданинг III босқичида ғолиб бўлган (1 3-ўрин) умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-босқич ўқувчилари;

в) халқаро фан олимпиадада ўтган ўқув йилида ўтказилган миллий олимпиаданинг III босқичида 1-5-ўринларни эгаллаган  умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-10-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-2 (3)-босқич ўқувчилари;

г) онлайн фан олимпиадасида умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-ва 2(3)-босқич ўқувчилари.

7. Департамент фан олимпиадаларига тайёргарлик кўриш ҳамда ягона илмий-услубий ёндашув асосида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказишни таъминлайди.

 

8. Фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичи натижалари  Департаментнинг расмий веб-саҳифасида эълон қилинади.

 9. Фан олимпиадаларни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонларини Халқ таълими вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқади.

10. Фан олимпиадаларнинг ҳар бир босқичини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари масъулларидан иборат ташкилий қўмита тузилади. 

11. Фан олимпиадаларини ўтказиш бўйича бутун тадбирлар комплексини бажариш учун Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Департамент, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидиги академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмаларни ташкил этадилар.

 

2-боб. Умумтаълим фанлари бўйича миллий олимпиадаларини

ўтказиш босқичлари  

        

12. Умумтаълим фанлари бўйича миллий олимпиадалар мазкур низомнинг 1-иловасида назарда тутилган фанлардан қуйидаги тўрт босқичда ўтказилади:

а) биринчи босқич - умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида;

б) иккинчи босқич - туман, шунингдек ҳудудий туманларга бўлинмаган шаҳар миқёсида;

в) учинчи босқич - вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳри миқёсида;

г) тўртинчи босқич - республика миқёсида.

 

13. Миллий фан олимпиадасининг биринчи босқичи тегишли ўқув йилининг ноябрь ойида умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Биринчи босқичда иштирокчилар сони чегараланмайди.

Биринчи босқичини ўтказиш учун умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида камида 5 нафардан иборат ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита таркибига умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, уларнинг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари, малакали фан ўқитувчилари, ота-оналар қўмитаси ва Кузатув кенгаши вакиллари киритилади.

Биринчи босқич учун топшириқлар умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг фан методик кенгаши (фан кафедралари) томонидан тайёрланиб, ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.

Биринчи босқични ўтказиш масъулияти умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг директорлари зиммасига юкланади.

Биринчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиблар (1 3-ўрин)  аниқланади ва ташкилий қўмита қарори билан иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

 

14. Миллий фан олимпиадасининг иккинчи босқичи тегишли ўқув йилининг январь ойида ўтказилади ва унда биринчи босқичда 1 3 ўринларни эгаллаган ғолиб ўқувчилар ҳамда айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари, мактаб интернатлари (кейинги ўринларда ихтисослашган умумтаълим муассасалари деб аталади), академик лицейларда II, III-ўринларни эгаллаган ўқувчилар  фанлари бўйича қатнашадилар.

Ихтисослашган умумтаълим муассасалари (йўналиши бўйича) ва академик лицейларда I-ўринни эгаллаган ўқувчилар тўғридан-тўғри олимпиаданинг III босқичида қатнашадилар.

Иккинчи босқичини ўтказиш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, Касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармаларида камида 7 нафардан иборат ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита таркибига туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, Касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари, методистлари, ота-оналар қўмитаси ва Кузатув кенгаши вакиллари киритилади.

Иккинчи босқич учун топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Департамент томонидан тайёрланиб, махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга етказилади.

Иккинчи босқични ўтказиш масъулияти туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ҳамда Касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

Иккинчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиблар (1 3 ўрин) аниқланади ва ташкилий қўмита қарори билан учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

15. Миллий фан олимпиадасининг учинчи босқичи тегишли ўқув йилининг март ойида ўтказилади ва унда иккинчи босқичда 1 3 ўринларни эгаллаган ғолиб ўқувчилар ҳамда ихтисослашган умумтаълим муассасалари (йўналиши бўйича) ва академик лицейларнинг биринчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар қатнашадилар.

Учинчи босқичда аввалги ўқув йилида вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаган умумий ўрта таълим мактабларининг 9-10-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-босқич ўқувчилари ҳам тўғридан-тўғри иштирок этади.

Учинчи босқичини ўтказиш учун Қорақлапоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоят халқ таълими бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий халқ таълими бошқармалари деб аталади) ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларидан камида 9 нафардан иборат ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита таркибига худудий халқ таълими бошқармалари ва Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари, методистлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари, педагог кадрларни қайта таёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари ва маҳаллий оммавий аҳборот воситалари вакиллари  киритилади.

Учинчи босқич учун топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Департамент томонидан тайёрланиб, махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга етказилади.

Учинчи босқични ўтказиш масъулияти ҳудудий халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

Учинчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-10-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-2-(3) босқич ўқувчилари орасидан 3 нафар (1 3 ўрин) ғолиблар аниқланади.   

16. Миллий фан олимпиадасининг тўртинчи босқичи тегишли ўқув йилининг май ойида ўтказилади ва унда учинчи босқичда умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг
2 (3)-босқич 1
3 ўринларни эгаллаган ғолиб ўқувчилари қатнашадилар.

Тўртинчи босқичини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда камида 11 нафардан иборат ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита таркибига Департамент, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг масъул ходимлари, Республика таълим маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ҳамда республика оммавий ахборот воситалари вакиллари  киритилади.

Тўртинчи босқич учун ёзма топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Департамент томонидан, тест топшириқлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан кўп вариантлилик асосида тайёрланади.

17. Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари орасида она тили ва адабиёт, математика фанларидан олимпиада Брайль усулидаги ёзув асосида ўтказилади.

Топшириқлар Республика ташкилий қўмитаси тасдиқлаган эксперт гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилади.

Тўртинчи босқични ўтказиш масъулияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасига юкланади.

Тўртинчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиблар (1 3 ўрин) аниқланади.

 

3-боб. Умумтаълим фанлари бўйича маҳаллий олимпиадасини
 ўтказиш тартиби

18. Маҳаллий олимпиадалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда қуйидаги умумтаълим фанларидан ўтказилади:

биология;

кимё;

математика;

физика;

информатика ва ахборот технологиялари.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифлари асосида бошқа қўшимча фанлардан ҳам олимпиадалар ўтказилиши мумкин.

19. Маҳаллий олимпиадалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда ўқув йилининг октябрь-ноябрь ойларида ўтказилади.

Маҳаллий олимпиадалар ўтказиладиган ҳудудлар ўқув йили бошлангунига қадар Департамент томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

20. Маҳаллий олимпиада бир босқичда ўтказилиб, унда ўтган ўқув йилида ўтказилган миллий олимпиаданинг III босқичида ғолиб бўлган (1 3 ўрин) умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-10-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-босқич ўқувчилари қатнашади.

21. Маҳаллий олимпиадани ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида 7 нафардан иборат ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Департамент,  ҳудудий халқ таълими бошқармалари, Касб-ҳунар таълими маркази ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари  киритилади.

22. Маҳаллий олимпиада учун топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Департамент томонидан кўп вариантлилик асосида тайёрланади ва махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга етказилади.

23. Маҳаллий олимпиадаларда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиблар (1 3 ўрин) аниқланади.

 

4-боб. Халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи ўқувчиларни
 
саралаш тартиби

 

24. Халқаро олимпиадаларга саралаш қуйидаги фанлардан уч босқичда ўтказилади:

а) биология;

б) кимё;

в) математика;

г) физика;

д) информатика ва ахборот технологиялари.

25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловасида назарда тутилмаган ҳар қандай халқаро ва минтақавий олимпиадага Ўзбекистон терма жамоасини чиқиши Департамент томонидан мувофиқлаштириб борилади.

26. Биринчи босқич - ҳудудий саралаш босқичи бўлиб, унда ўтган ўқув йилида ўтказилган миллий олимпиаданинг вилоят (учинчи) босқичида баллар кетма-кетлигида 1-5-ўринларни эгаллаган умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-2 (3)-босқич ўқувчилари қатнашади.

Ғолиблар фақат фанлар кесимида аниқланади (10-11-синфлар учун умумий натижалар эълон қилинади) ҳамда 1 3 ўринларни эгаллаган ўқувчилар иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Биринчи босқични ўтказиш жойи ва муддати Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади. 

27. Иккинчи босқич-республика саралаш босқичи бўлиб, унда ҳудудий саралаш босқичида 1-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ва маҳаллий олимпиадада 1-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар  қатнашади.

Иккинчи босқич натижаларига кўра ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида дастлабки 15 нафар ўқувчилар танлаб олиниб, улар учун тажрибали мутахасислар томонидан ўн кунлик тайёрлов ўқув машғулотлари ташкил этилади. 

28. Учинчи босқич – Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш босқичи бўлиб, унда ўқув машғулотларида қатнашган ўқувчилар тўлиқ жалб этилади.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида халқаро олимпиадаларда белгиланган квоталар асосида танлаб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Департамент томонидан тавсия этилган номзодлардан ташкил этилган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўқувчиларнинг ёзма ишларини баҳолайди.

Ғолибларни аниқлашда ўқувчиларнинг назарий ва амалий билимларини масалалар ечишга татбиқ этиш қобилиятлари, топшириқларнинг оригинал ва аниқ ечимларини топишлари, ёзма жавобларни тўлиқ баён этиши ҳамда илмий хулосалар чиқариши эътиборга олинади. 

29. Иккинчи ва учинчи босқични ўтказиш жойи ва муддати Департамент томонидан белгиланади.

30. Халқаро олимпиада саралаш босқичлари учун топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Департамент томонидан кўп вариантлилик асосида тайёрланади ва махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга етказилади.

 

5-боб. Онлайн олимпиадаларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

31. Умумтаълим фанлари бўйича онлайн олимпиада умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1- ва 2(3)-босқич ўқувчилари ўртасида мазкур низомнинг 2-иловасида назарда тутилган фанлардан қуйидаги уч босқичда ўтказилади:

а) биринчи босқич-ўқув йилининг октябрь ойида;

б) иккинчи босқич-ўқув йилининг декабрь ойида;

в) учинчи босқич-ўқув йилининг февраль ойида;

Онлайн олимпиадада иштирок этиш учун умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ноябрь ойида ихтиёрий равишда бутунжаҳон Интернет тармоғидаги расмий веб-саҳифадан рўйхатдан ўтадилар.

32. Онлайн олимпиаданинг барча босқичини ўтказиш учун Халқ таълими вазирлигида камида 5 кишидан иборат ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита таркибига Департамент, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази вакиллари киритилади.

33. Онлайн олимпиаданинг барча босқичлари учун топшириқлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан Департамент билан биргаликда юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрланади.

34. Онлайн олимпиадаларнинг техник таъминоти ва тайёрланган топшириқларни сайтга жойлаштириш Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилади.

35. Ташкилий қўмитанинг вазифаларига:

онлайн олимпиадаларнинг барча босқичларини низом талаблари асосида  ўтказиш;

онлайн олимпиадалар ўтказилишини методик таъминлаш;

онлайн олимпиадаларнинг ташкил этилиши ва ўтказилишини оммавий ахборот воситаларида ёритадиган материалларни тайёрлаш;

ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантиради.

36. Онлайн олимпиаданинг биринчи босқичи тегишли ўқув йилининг декабрь ойида рўйхатдан ўтган иштирокчи ўқувчилар ўртасида онлайн тест шаклида ўтказилади.

Биринчи босқичда синфлар кесимида ҳар бир фан йўналишида тўпланган баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичга эга 2000 нафардан ошмаган ўқувчилар саралаб олинади.

Биринчи босқични ўтказиш масъулияти умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг директорлари зиммасига юкланади.

Биринчи босқичда иштирок этган 4-5-синф ўқувчилари орасидан  тўпланган баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичга эга 1000 нафардан ошмаган ўқувчилар иқтидорли ўқувчилар захирасига қабул қилинади ҳамда улар кейинги босқичларда иштирок этмайдилар.

37. Онлайн олимпиаданинг иккинчи босқичи тегишли ўқув йилининг январь ойида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан марказлашган ҳолда ташкил этилади.

Биринчи босқичда синфлар кесимида ҳар бир фан йўналишида тўпланган баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичга эга 2000 нафардан ошмаган иштирокчилар олимпиаданинг иккинчи босқичида иштирок этадилар.

Иккинчи босқични ўтказиш масъулияти туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ҳамда Касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

Иккинчи босқич иштирокчилари ахборот тизимида берилган топшириқларга тўғри жавобларни онлайн киритиш орқали баҳоланади.

38. Онлайн олимпиаданинг учинчи босқичи тегишли ўқув йилининг февраль ойида ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан марказлашган ҳолда ташкил этилади.

Учинчи босқичда олимпиаданинг иккинчи босқичида синфлар кесимида ҳар бир фан йўналишида тўпланган баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичга эга 500 нафардан ошмаган иштирокчилар олимпиаданинг учинчи босқичида қатнашадилар.

Учинчи босқични ўтказиш масъулияти ҳудудий халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ҳамда Касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

Учинчи босқич иштирокчилари ахборот тизимида берилган топшириқларга тўғри жавобларни онлайн киритиш орқали баҳоланадилар.

39. Учинчи босқичда синфлар кесимида ҳар бир фан йўналишида тўпланган баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичга эга 100 нафар иштирокчилар саралаб олинади ва иқтидорли ўқувчилар захирасига киритилади.

40. Иқтидорли ўқувчилар захирасига киритилган ўқувчи ёшлар синфлар кесимида тегишинча миллий олимпиадаларнинг вилоят босқичида тўғридан-тўғри иштирок этадилар.

 

6-боб. Ҳакамлар ҳайъати

 

41. Фан олимпиадаларининг барча босқичларида ҳар бир фан бўйича камида 5 нафардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби тузилади ва ташкилий қўмиталар томонидан тасдиқланади.

42. Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) фан олимпиадалари иштирокчилари томонидан бажарилган ишларни тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида текширади ва баҳолайди;

б) фанлар бўйича ғолибларни аниқлайди;

в) фан олимпиадалари якунлари юзасидан қарор матнларини тайёрлайди ва расмийлаштиради;

г) фан олимпиадалари натижаларини олимпиада қатнашчилари ва жамоа раҳбарлари иштирокида эълон қилади (онлайн олимпиада бундан мустасно);

д) ўтказилган олимпиада натижалари ҳақида ташкилий қўмитага батафсил ҳисобот беради ва зарур ҳужжатларни тақдим этади.

43. ҳакамлар ҳайъати таркибига тавсия қилинган аъзолар олимпиаданинг фақат битта (туман (шаҳар), вилоят ёки республика) босқичида иштирок этадилар.

44. Ҳар бир фан бўйича тузилган ҳакамлар ҳайъати аъзолари оддий кўпчилик очиқ бериш йўли билан ҳаъйт раисини сайлайдилар.

45. Ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари узлуксиз равишда икки йилдан ортиқ олимпиада ҳакамлари таркибига киритилмайди.

 

7-боб. Аудитория раҳбари ва назоратчилар

 

46. Фан олимпиадасининг барча босқичларида олимпиада жараёнини шаффоф ўтказилиши ва адолат тамойилларига амал қилинишини таъминлаш мақсадида ташкилий қўмита томонидан қуръа ташлаш (олимпиада ўтказилишидан олдин) йўли билан олимпиада ўтказиладиган хоналарга аудитория раҳбари ва назоратчилари тайинланади. Аудитория раҳбари ва назоратчилари таркибига олимпиада ўтказилаётган фанлардан ўқитувчилар жалб этилмайди.

47. Аудитория раҳбарлари қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) тегишли фан бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоларини олимпиада ҳужжатлари билан таништиради;

б) фан олимпиадаси жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилмаган ўқувчиларни далолатнома тузиб, ҳакамлар ҳайъатига топширади;

в) тест, ёзма (амалий) иш ва лаборатория ишларини шифрлаб текшириш учун ҳакамлар ҳайъатига топширади;

г) ҳакамлар томонидан текширилган ишларни шифр бўйича рўйхатини тузади ва ғолибларни аниқлаш учун ҳайъатга тақдим этади.

 

8-боб. Апелляция комиссияси

 

48. Ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган биттадан фан мутахассисларидан иборат апелляция комиссияси тузилади.

49. Ташкилий қўмитанинг раиси бевосита апелляция комиссияси раиси ҳисобланади.

50. Апелляция комиссияси томонидан олимпиада қатнашчиларининг шикоятлари ва аризалари олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Онлайн олимпиаданинг барча босқичларида апелляция ўтказилмайди.

51. Фан олимпиадалари қатнашчиларининг аризалари апелляция комиссияси раиси, иштирокчи ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокида апелляция комиссияси аъзоси томонидан кўриб чиқилади.

52. Апелляцияга фан олимпиадалари қатнашчиларининг фақатгина ўзлари томонидан бажарилган ишлари бўйича аризалари кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

53. Фан олимпиадалари жараёнида аппеляцияда  ўрнатилган тартиб-қоидаларга ва муомала маданиятига риоя қилмаган ўқувчилар ҳакамлар ҳайъати қарори билан жарима баллари қўлланилади. Бу ҳақда тузилган далолатнома ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

54. Апелляция комиссияси зарурият бўлганда, ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

 

9-боб. Олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш ва рағбатлантириш

 

55. Фан олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловасида назарда тутилган халқаро олимпиадалар ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади;

б) миллий олимпиаданинг учинчи босқичида 1-5-ўринларни эгаллаган  9-синф ғолибларига 3-иловага, учинчи босқичида 1-5-ўринларни эгаллаган  10-синф ғолибларига 4-иловага мувофиқ сертификат берилади. Тўртинчи босқичда 1-3-ўринларни эгаллаган умумтаълим мактабларининг 11-синф, академик лицейларнинг 2-босқич (КХК 3-босқич) ўқувчиларига 5-иловага мувофиқ намунадаги ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади;

в) халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун  — 500, ўқитувчисига — 450 баравари;

2-ўрин (кумуш медаль) учун — 300, ўқитувчисига — 250 баравари;

3-ўрин (бронза медаль) учун — 200, ўқитувчисига — 150 баравари;

г) миллий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун — 50, ўқувчисига  40 баравари;

2-ўрин учун — 35, ўқувчисига 25 баравари;

3-ўрин учун — 30, ўқувчисига 15 баравари;

д) халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади;

е) таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:

халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;

миллий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади;

ж) олий таълим муассасаларига қабул қилинган олимпиада ғолибларига «устоз-шогирд» тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларнинг бириктирилиши;

з) олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

56. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги
ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловасида назарда тутилмаган халқаро ва минтақавий фан олимпиадалари мақоми миллий олимпиадаларнинг республика босқичига тенглаштирилади ва
ғолиблар ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчилари миллий олимпиада ғолиблари учун белгиланган рағбат ва имтиёзлардан фойдаланилади. 

 

10-боб. Якуний қоидалар

 

57. Белгилаб қўйилсинки:

а) миллий олимпиадаларни ташкил қилиш ҳамда халқаро олимпиадалар учун иштирокчиларни саралаш ва тайёрлаш харажатлари:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

б) ўқувчи ёшларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан суткалик, яшаш ва транспорт харажатлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

в) миллий ва халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига тўланадиган устама ҳақлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

58. Фан олимпиадаларнинг вилоят ва республика босқичи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги веб-сайти орқали ёритиб борилади.

59. Олимпиадалар  ўтказиладиган жойга иштирокчиларни олиб келиш ва олиб кетиш, уларнинг яшаш ва йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ташкилий чора-тадбирлар масъулияти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари зиммасига юклатилади.

60. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги
ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловасида назарда тутилмаган халқаро ва минтақавий фан олимпиадалари мақоми миллий олимпиадаларнинг республика босқичига тенглаштирилади ва улар рўйхати Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.
 

61.  Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «___» __________

____-сон қарорига ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш
ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги  226-сонли қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

РЎЙХАТИ

 

1) қарорнинг 4-иловасидаги 3-, 11-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ва 1-бандидаги “академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларини” сўзлари чиқариб ташлансин.

2) қарорнинг 5-иловасидаги 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ва 1-бандидаги “умумтаълим фанлари бўйича академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг расмий халқаро ва республика олимпиадалари” сўзлари, 7-бандидаги “олимпиада фанлари” сўзлари чиқариб ташлансин.

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисидаги низомга                                                                                                                                                                                                                         1-ИЛОВА                                                                                                                                                                                                                                                                                                             
Синфлар кесимида асосий олимпиада ўтказиладиган фанлар
РЎЙХАТИ
Т/Р Фанлар  Синфлар 
9 10 11
1 Она тили ва адабиёт  * * *
2 Ўзбек тили ва адабиёти (таълим рус тилида) * * *
3 Рус тили ва адабиёти (таълим ўзбек, қорақалпоқ ва бош тилларда) * * *
4 Рус тили ва адабиёти (таълим рус тилида) * * *
5 Қорақалпоқ тили ва адабиёт  * * *
6 Инглиз тили  * * *
7 Немис тили  * * *
8 Француз тили * * *
9 Математика  * * *
10 Физика  * * *
11 Кимё * * *
12 Биология * * *
13 Тарих * * *
14 Информатика  * * *
15 Тожик тили  * * *
16 Қозоқ тили  * * *
17 Давлат ҳуқуқ асослари  *    
18 Иқтисодий билим асослари  *    
19 География  *    
20 Чизмачилик *    
Махсус мактаб-интернат ўқувчилари учун фан олимпиадаси ўтказиладиган фанлар рўйхати
1. Ота тили ва адабиёти  * * *
2. Математика  * * *

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисидаги низомга 

2-ИЛОВА

 

Синфлар кесимида  онлайн олимпиадалар ўтказиладиган фанлар

РЎЙХАТИ

 

Ўқув фанлари

Синфлар

4

5

6

7

8

9

10

11

Умумтаълим фанлари рўйхати

1.

Математика

+

+

+

+

+

+

+

+

2.

Информатика ва ахборот технологиялари

 

 

 

 

+

+

+

+

3.

Физика (ва астрономия)

 

 

 

+

+

+

+

+

4.

Кимё

 

 

 

 

+

+

+

+

5.

Биология

 

 

 

+

+

+

+

+

 

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисидаги низомга 

3-ИЛОВА

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома

ТАВСИФИ

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома 210×297 мм ўлчамли (А4 дегани), вертикал жойлашган, рангли (1-ўринга олтин сариқ ранг, 2-ўринга кумуш ранг, 3-ўринга бронза ранг) кўринишга эга.

Унинг юза томонида юқори қисмида ўртада герб, гербнинг чап томонида «O‘zbekiston Respublikasi Xalq ta`limi vazirligi», «O‘zbekiston Respublikasi Oliy va o`rta maxsus ta`lim vazirligi» ундан қуйи қисмига «MILLIY FAN OLIMPIADASI III BOSQICH G`OLIBIGA BERILGAN»,ундан қуйида  «SERTIFIKAT» сўзлари ёзилади. Ундан қуйида  «№__________» ёзилади. “№” белгисидан сўнг 7 та хонали рақам киритилади. Ундан қуйида фан олимпиадаси ғолибининг исми шарифи, ундан қуйида эса ғолиб тақдирланаётган фан номи, ғолиб таҳсил олаётган таълим муассасаси ва олимпиадада олган ўрни киритилади (намуна иловада келтирилган.

Ундан қуйида  масъул раҳбар лавозими, фамилияси, исми, шарифи ва  имзоси учун жой киритилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3 Илова

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI XALQ TA’LIMI VAZIRLIGI

GERB

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY VA O`RTA MAXSUS TA’LIM VAZIRLIGI

MILLIY FAN OLIMPIADASI III BOSQICH G`OLIBIGA BERILGAN

SERTIFIKAT

______yil «______»_______________ kuni _____________________________________________

                                                                                                                 (tug`ilgan joyi)

________________________________________________________________________________da

tug`ilgan _________________________________________________________________________

(ismi sharifi)

___________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________ bo`yicha

(fan)

20__yil 9-sinf o`quvchilari o`rtasida o`tkazilgan III bosqich (hududiy) milliy fan

 

 

 

olimpiadasida _____________________________________________________

(viloyat, shahar, tuman)

______________________________________________________________________________dagi

____________________________________________________________________dan qatnashib

(ta’lim muassasasi)

__________________________________________________________________o`rinni egalladi.

 

3,5x4,5

Sur`at

uchun joy

                                              

 

 

 

                                    M.O’

Hududiy xalq ta’limi boshqarmasi boshlig`i

 

_____________________________________

 

 

Hududiy kasbiy ta’limni rivojlantirish va muvofiqlashtirish boshqarmasi boshligi  

 

______________________________________

 

 

Qayd qilish raqami _______                  Berilgan vaqti 20__ yil “___” ______________.

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисидаги низомга 

4-ИЛОВА

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома

ТАВСИФИ

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома 210×297 мм ўлчамли (А4 дегани), вертикал жойлашган, рангли (1-ўринга олтин сариқ ранг, 2-ўринга кумуш ранг, 3-ўринга бронза ранг) кўринишга эга.

Унинг юза томонида юқори қисмида ўртада герб, гербнинг чап томонида «O‘zbekiston Respublikasi Xalq ta`limi vazirligi», «O‘zbekiston Respublikasi Oliy va o`rta maxsus ta`lim vazirligi» ундан қуйи қисмига «MILLIY FAN OLIMPIADASI III BOSQICH G`OLIBIGA BERILGAN»,ундан қуйида  «SERTIFIKAT» сўзлари ёзилади. Ундан қуйида  «№__________» ёзилади. “№” белгисидан сўнг 7 та хонали рақам киритилади. Ундан қуйида фан олимпиадаси ғолибининг исми шарифи, ундан қуйида эса ғолиб тақдирланаётган фан номи, ғолиб таҳсил олаётган таълим муассасаси ва олимпиадада олган ўрни киритилади (намуна иловада келтирилган.

Ундан қуйида  масъул раҳбар лавозими, фамилияси, исми, шарифи ва  имзоси учун жой киритилади.

Гувоҳноманинг умумий ҳошияси рангли кўринишга эга бўлади.

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI XALQ TA’LIMI VAZIRLIGI

GERB

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY VA O`RTA MAXSUS TA’LIM VAZIRLIGI

MILLIY FAN OLIMPIADASI III BOSQICH G`OLIBIGA BERILGAN

SERTIFIKAT

______yil «______»_______________ kuni _____________________________________________

                                                                                                                 (tug`ilgan joyi)

________________________________________________________________________________da

tug`ilgan _________________________________________________________________________

(ismi sharifi)

___________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________ bo`yicha

(fan)

20__yil umimiy orta talim maktablarining 10-sinf oquvchilari, Akademik litsey va kasb hunar kollejlarining 1-kurs oquvchilari ortasida otkazilgan

III bosqich (hududiy) milliy fan olimpiadasida

 

 

 

________________________________________________________________

(viloyat, shahar, tuman)

______________________________________________________________________________dagi

____________________________________________________________________dan qatnashib

(ta’lim muassasasi)

__________________________________________________________________o`rinni egalladi.

 

3,5x4,5

Sur`at

uchun joy

                                              

 

 

 

                                    M.O’

Hududiy xalq ta’limi boshqarmasi boshlig`i

 

_____________________________________

 

 

Hududiy kasbiy ta’limni rivojlantirish va muvofiqlashtirish boshqarmasi boshligi  

 

______________________________________

 

 

Qayd qilish raqami _______                  Berilgan vaqti 20__ yil “___” ______________.

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисидаги низомга 

5-ИЛОВА

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома

ТАВСИФИ

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома 210×297 мм ўлчамли (А4 дегани), вертикал жойлашган, рангли (1-ўринга олтин сариқ ранг, 2-ўринга кумуш ранг, 3-ўринга бронза ранг) кўринишга эга.

Унинг юза томонида юқори қисмида ўртада герб, гербнинг чап томонида «O‘zbekiston Respublikasi Xalq ta`limi vazirligi», «O‘zbekiston Respublikasi Oliy va o`rta maxsus ta`lim vazirligi» ундан қуйи қисмига «RESPUBLIKA MILLIY FAN OLIMPIADASI G’OLIBIGA BERILGAN»,ундан қуйида  «SERTIFIKAT» сўзлари ёзилади. Ундан қуйида  «№__________» ёзилади. “№” белгисидан сўнг 7 та хонали рақам киритилади. Ундан қуйида фан олимпиадаси ғолибининг туғилган санаси, жойи, исми шарифи, ундан қуйида эса ғолиб тақдирланаётган фан номи ва олимпиадада олган ўрни ва олимпиада босқичи ҳамда қайси таълим муассасасидан келиб қатнашгани киритилади (намуна иловада келтирилган). Ундан қуйида  масъул раҳбарлар лавозими, фамилияси, исми, шарифи ва  имзоси учун жой киритилади. Унинг чап томонида ғолибнинг 3,5х4,5 форматдаги расми киритилади. Ундан қуйида сертификатни қайд қилиш рақами, берилган вақти ундан қуйида сертификатнинг амал қилиш муддат киритилади.

            Ундан қуйида «Ushbu sertifikat mazkur vaqtgacha ixtisoslik fani bo’yicha belgilangan tartibda davlat oliy ta’lim muassasalariga kirish imtihonlarida maksimal ball olish huquqini beradi» деб ёзилади.

Гувоҳноманинг умумий ҳошияси рангли кўринишга эга бўлади.

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI XALQ TA`LIMI VAZIRLIGI

GERB

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY VA O’RTA MAXSUS TA’LIM VAZIRLIGI

MILLIY FAN OLIMPIADASI IV BOSQICH G’OLIBIGA BERILGAN

SERTIFIKAT

______yil «______»____________ kuni __________________________________________

                                                                                                                 (tug’ilgan joyi)

_________________________________________________________________________da

tug’ilgan___________________________________________________________________

(ismi sharifi)

___________________________________________________________________________________

___________________________________________________________________ bo’yicha

(fan)

20__yil umimiy orta talim maktablarining 11-sinf oquvchilari, Akademik litsey va kasb hunar kollejlarining 2-(3-) kurs oquvchilari ortasida otkazilgan IV bosqich (respublika) milliy fan olimpiadasida ___________________________

 

 

 

_____________________________________________________________ dagi

(viloyat, shahar, tuman)

____________________________________________________________________dan qatnashib

(ta’lim muassasasi)

__________________________________________________________________o’rinni egalladi.

 

3,5x4,5

Sur’at

uchun joy

                                                              

 

 

 

                              

                                M.O’

Xalq ta’limi vazirligi

 

_____________________________________

 

 

Oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi  

 

______________________________________

 

 

Qayd qilish raqami _____           Berilgan vaqti 20__ yil “__”  _____________

 

Amal qilish muddati 20__ yil “_________________ gacha.

Ushbu sertifikat mazkur vaqtgacha ixtisoslik fani bo’yicha belgilangan tartibda davlat oliy ta’lim muassasalariga kirish imtihonlarida maksimal ball olish huquqini beradi.

 

Общие предложения

713