ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
5179 Центр “Маънавият ва маърифат” 25/07/2019 24/08/2019 4

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
“Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси”ни тасдиқлаш тўғрисида
ID-5179

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

“Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси”ни
тасдиқлаш тўғрисида

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги ПҚ–4307-сон қарорига мувофиқ ёшларни мустақил ҳаётга кафолатли тайёрлаш, тарбиянинг ҳомиладорлик давридан бошланиб, 18 ёшигача давом этадиган, тадрижийлик ва узлуксизлигига асосланган методикани ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ёшларни шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантиришга йўналтириш, дунёқараши кенг, фаол фуқаролар этиб тарбиялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

         1. Қуйидагилар:

         Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) 1-иловага;

         Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш бўйича
чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

         2. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

        Тарбия жараёнида узлуксизлик, узвийлик тамойилларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ҳомиладорлик даври, гўдаклар, болалар ва ўқувчи ёшларни маънавий тарбиялашнинг асосий йўналишларини белгилаб бериш;

          маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш;

         аҳоли, айниқса ёшларнинг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, шахсий бахтли ҳаёт учун энг зарур таянч компетенциялар билан қуроллантириш;

          тарбияланувчиларнинг ёши, жинси, психологик, миллий ва шахсий хусусиятларини инобатга олиш;

      ёшларда ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби муҳим фазилатларни гўдакликдан бошлаб босқичма-босқич шакллантириш;

      ҳомиладорлик давридан бошлаб 18 ёшгача давом этадиган узлуксиз маънавий тарбияни амалга оширишда ота-она, тарбиячи, ўқитувчи ва бошқа масъулларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиш механизмини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш;

          бола тарбиясида миллий ва замонавий педагогиканинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш шаклларини белгилаб бериш;

        аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, узлуксиз маънавий тарбияни жаҳон тажрибасида синовдан ўтган самарали педагогик технологиялари, усуллари ва амалга ошириш шакллари билан мунтазам таништириб бориш;

       оммавий ахборот воситалари, шу жумладан глобал интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли ахборотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар, ёшларни залолатга бошловчи бузғунчи ғояларга қарши соғлом дунёқарашни шакллантириш;

      узлуксиз маънавий тарбияни ташкил этишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва хусусий секторнинг ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш.

       3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Концепция асосида Узлуксиз маънавий тарбияни амалга ошириш бўйича ҳудудий Дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

         4. Дастурни бажарилиши учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини ташкил этсинлар ҳамда йилнинг ҳар чораги биринчи ойининг бешинчи санасигача бўлган муддатда Республика Маънавият ва маърифат марказига уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этсин.

          5. Республика Маънавият ва маърифат маркази:

     Ўзбекистон Республикасида Узлуксиз маънавий тарбияни амалга ошириш бўйича Дастурни бажариш юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда унинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилишини таъминласин;

      Дастурнинг бажарилиши юзасидан йилнинг ҳар чораги биринчи ойининг ўнинчи санасигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоботларни тақдим этсин;

     манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

       6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                                                                                                      А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” _______даги

___ -сон қарорига
 

1-илова

Узлуксиз маънавий тарбия

КОНЦЕПЦИЯСИ

Муқаддима

    ХХI аср инсоният тарихига глобаллашув асри бўлиб кирди. Азалий миллий қадриятларни қадрсизлантирувчи “оммавий маданият”, информацион хуружлар, ахлоқсизлик фалсафаси, экстремизм, нигилизм, ўз демократия моделларини жорий этиш, “дунё фуқаролиги”ни (космополитизм), миссионерлик, прозелитизмни мадҳ этувчи сайтлар, турли шоулар, кўнгилочар кўрсатувлар ва мусиқий каналлар ташкил этилмоқда.

     Ҳар бир ота-она ўз боласини бахтли бўлиши учун астойдил, ҳар куни тарбиялаш зарурлигини яхши билади. Бироқ, фарзандларини ўз вақтида, илк ёшлардан, босқичма-босқич, узлуксиз тарбиялашга эътибор беришмайди.

     Тарбия деганда аксарият оилаларда бола билан гаплашиб қўйиш, насиҳат, танбеҳ бериш, таълим муассасаларида эса чиройли сўзлаш, ёқимли фазилатларни мадҳ этиш, байрамларда, тадбирларда Ватан ҳақида шеърлар ўқиш, қўшиқ айтиш, рақсга тушиш тушунилмоқда. Тарбия натижаси деганда ота-оналар болаларнинг соғломлиги ва хушмуомалалиги тушунилса, таълим муассасаларида ўтказилган тадбирлар кўрсатилмоқда. Эскича ёндошувда таълим – натижали, ўлчов мезонлари мавжуд, тарбия эса – натижаси кўринмайдиган, ўлчов мезонларини аниқлаш мумкин бўлмаган тушунча сифатида тан олинди. Оила билан таълим муассасаси орасида тарбия масаласида сансалорлик юзага келди.

       Энг муҳими, узоқ йиллар давомида “узлуксиз таълим”га мутаносиб “узлуксиз тарбия” йўлга қўйилмади. Тарбия болалар таълимдан бўш вақтида амалга ошириладиган қўшимча юкламага – иккинчи даражали ишга айланди. Бунинг оқибатида тарбия узуқ-юлуқ жараён бўлиб келди. Жамиятнинг педагогик маданияти пасайиб, мактабгача таълим, мактаб педагоглари,
ота-оналарнинг тарбияга оид педагогик-психологик билимлари замон талабларига жавоб бермаяпти. Аслида мактабнинг муаммоси бўлган давомат – ижтимоий муаммога айланиб, ички ишлар ходимлари, маҳалла фаолларининг ишига айланди.

      Ана шундай хатолардан энг кўп тарқалгани – оғзаки тарбия давом этмоқда. Ота-оналар, мактабгача тарбия муассасалари тарбиячилари, мактаб ўқитувчилари болаларга Ватанга садоқат, масъулият, тадбиркорлик ва бошқа фазилатлар ҳақида гапириб, шеърлар ўқиб, ҳикоялар қилиб бериш билан чекланилмоқда. Натижада фазилатлар болаларнинг одатларига айланмаяпти. Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амалга айланмаяпти. Бунинг оқибатида ёшларнинг Ватанга садоқат, масъулият, тадбиркорлик, меҳр-оқибат ҳақида сўзлари билан ёшига мос амаллари орасида зиддият намоён бўлаяпти. Бу эса ҳар йили мустақил ҳаётга кириб келаётган юз минглаб 18 ёшли ўғил-қизларнинг ҳаёт учун зарур ижтимоий компетенцияларсиз, мустақил ҳаётга тайёрланмай кириб келишларига сабаб бўлмоқда.

      Тарбияда йўл қўйилган хатолар бирданига кўринмайди. Нотўғри тарбиянинг асоратлари орадан кўп йиллар ўтгач, жамиятда инсон омили туфайли юзага келадиган ижтимоий муаммоларда кўринади. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг пешқадам ёшлари давлат, ота-оналарининг мақсадли, узлуксиз тарбиялари туфайли турли соҳаларда, жаҳон миқёсида мислсиз ютуқларни қўлга киритишмоқда. Айни вақтда ОАВда жамиятда кўп учраётган ноодатий жиноят шакллари, аёллар ва ёшлар орасидаги жиноятчилик, оилавий ажримлар, коррупция, эгоцентризм, меҳр-оқибатнинг камайиши, “оммавий маданият”га кўр-кўрона тақлид, лоқайдлик, боқимандалик, экстремизм, терроризм, бегоналашув, фирибгарлик, ўзибўларчилик, масъулиятсизлик, қадриятлар инқирози, зўравонлик, хўжакўрсинчилик, ёлғончилик, фирибгарлик, ахлоқий бузуқлик, эл-юрт тақдирига бефарқлик каби иллатлар кенг муҳокама қилинмоқда.

     Бу ижтимоий муаммолар ёшларга аниқ фазилатлар туркумини ўргатмаслик, тарбияга оғзаки, эскича ёндошувнинг оқибатлари сифатида намоён бўлмоқда.

      Тарбиядаги камчиликлар таълим сифатига ҳам зарар кўрсатмоқда. Жумладан, ўсмир ўзини ўзи ўқитишга сафарбар қилиш фазилатига эга эмаслиги, бунга ўргатилмаганлиги пуллик таълим - репетиторлик институтини пайдо қилди.

     Мамлакатимизда юксалиш даври бошланди. Янги давр шиддати таълим-тарбияга ўзининг аниқ, қатъий талабларини қўймоқда. Таълим соҳасида педагогларнинг моддий-маънавий шароитини тубдан яхшилаш, таълим сифатини оширишнинг хорижий технологиялари жорий қилинмоқда. Тарбия таълим билан уйғун, аммо ўзига хос шарт-шароитни, узлуксизликни талаб қилувчи соҳа. Таълим – билимдон ёшларни, тарбия – иродаси кучли, ватанга содиқ, тадбиркор, меҳр-оқибатли ёшларни етиштириб беради. Бу эса Ўзбекистонда ёшлар тарбиясини янгиланган миллий ғоя негизида, миллий-замонавий, илмий-технологик асосда ислоҳ қилишни тақозо қилмоқда. Тарбия соҳасида эски – умумий, мавҳум, натижасиз ёндошувдан воз кечиб, аниқ, бугунги талабларга чидамли, таянч компетенциялар, фазилатлар асосида шаклланишни талаб этмоқда. Таянч компетенциялар деганда ўқувчиларнинг ўзлаштирган билим, кўникма ва малакаларини реал ҳаётда учрайдиган амалий вазифаларни бажаришда қўллаш имконияти тушунилади.

     Бунга тарбияга янгича, тизимли ёндашув, таянч фазилатларни кафолатли лойиҳалаштириш ва ўргатишда оила, мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик имкониятларини тўлиқ ишлатиш ва улар орасида илмий-методик ҳамкорликни янги даражага кўтариш орқали эришиш мумкин.

Биринчи бўлим. Умумий қоидалар

        Тарбия – гўдак ва болаларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини, компетенцияларини шакллантирувчи, мақсадга йўналтирилган узлуксиз жараён. Узлуксиз маънавий тарбия (бундан буён УМТ) компетенциялари таркиби “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Миллий ғояни ривожлантириш концепцияси”(ижтимоий буюртма) билан белгиланган фазилатлар Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварликдан келиб чиқиб белгиланади.

        УМТнинг мақсади – ҳар томонлама ривожланган, мустақил ҳаётда авваламбор ўзини, сўнгра атрофидагиларни ҳурмат қиладиган, фойдали бўлиш учун керакли компетенцияларга эга авлодни кафолатли тайёрлашдир.

    Фазилатли янги авлод бу – юксалиш даври талабларига, мустақил ҳаётда муваффақиятга эришишга, бахтли бўлишга ҳар томонлама тайёрланган, ўз касбининг профессионали, меҳнатсевар, ўзини ривожлантирувчи, ўзига талабчан, ўрганувчи, такомиллашишга эҳтиёж сезувчи, рақобатни англайдиган ва рақобатбардош шахс бўлишга интиладиган 18 ёшли йигит ва қизлардир. Бироқ узлуксиз таълим тизими бунга илмий-методик тайёр эмас.

       Амалиётда мактаб ёшидаги болалар асосан ўқиш фаолияти билан банд қилинмоқда. Натижада улар битта – ўқувчи ролини бажариш билан чекланиб қолишмоқда. Чунки ўқувчиларнинг ўқишда бошқа жамоатчилик ва бошқа фаолият турларига қўшилишига шароит яратилмаган. Бу ўқувчиларни ўқишдан бошқа фаолият турларида муносабатларга киришишга нўноқ (тажрибасиз) қилиб қўймоқда.

       УМТ концепцияси компетенциявий, фаолиятга асосланган ёндошув ва витаген педагогик ёндошувлар уйғунлигига асосланади. Зеро мактаб битирувчилари 18 йил давомида ўзига хос ижтимоий ролларни бажариб, мос ҳаётий тажриба тўплайдилар. Мазкур ҳаётий тажриба шу пайтгача тарбиявий мақсадларда фойдаланилмаган. Мактаб битирувчисининг ҳаётий тажрибаси бу - шахснинг вазият тақозо қилганида ўша заҳоти намоён қилишга тайёр турувчи маънавий витаген сармоясидир. Шундай қилиб, Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварликни тақозо қилувчи фаолият турларида юқоридаги компетенцияларни қўллашнинг ҳаётий тажрибаси мактаб битирувчиларининг сармоясига айланади

Иккинчи бўлим. Хорижий давлатларнинг тарбиявий доктриналарида шахс фазилатлари масаласи

     Миллий педагогикамиз асосчиларидан бири Абдурауф Фитрат “Агар саодат, иззат, осойишталик, роҳат, шараф, номус ва эътибор керак бўлса, тезроқ авлод тарбияси усулларини билиб олиб, болаларимизни шу усул ва қоидалар асосида тарбиялашимиз лозим” деган эди . Бу фикр тарихий сабабларга кўра амалга ошмади. Бироқ, бугун жаҳоннинг илғор тажрибалари ушбу фикрнинг универсал моҳиятини тасдиқламоқда.

     “Бола ҳуқуқлари тўғрисида” Конвенция асосий қоидаларининг қисқача норасмий баёнида “Таълим боланинг шахси, истеъдоди, ақлий ва жисмоний қобилиятлари энг тўла ҳажмда ривожланишига йўналтирилган бўлиши керак. Таълим болани эркин жамиятда катталар қатори фаол яшашга тайёрлаши, ўз ота-онасига, маданий ўзига хослигига, тил ва қадриятларига, ўзгаларнинг маданий анъаналари ва қадриятларига ҳурмат руҳида тарбияламоғи шарт”лиги белгилаб қўйилган.

      Европа Иттифоқининг таълим тизимини янгилаш, ижтимоий буюртмага яқинлаштиришга қаратилган тавсияларида таълим муассасалари битирувчиларининг мустақил ҳаётга, конструктив амалий фаолиятга тайёрлик сифатини баҳолашга компетентли ёндашувни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Россия Федерациясида компетентлиликка йўналтирилган таълимга ўтиш 2001 йилдан амалга оширилди.

      Ижтимоий компетенциялар бу – ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётда дуч келадиган ёшига мос вазифалари билан шу вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган малакаларининг тенглигидир (В.Слот, Х.Спаниярд).

    Жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари тарихи мақсадли, узлуксиз маънавий тарбия тараққиётнинг инсоний капитали бўлиб хизмат қилишини кўрсатмоқда. Яъни тарбиявий қадриятлардаги умумийлик халқ маънавиятини ҳаракатлантирувчи кучга айлантириб, ягона мақсад йўлида хизмат қилишга тайёрлайди.

       Фуқароларда замон талабларига мос фазилатларни қарор топтиришда АҚШда фуқаро тарбиясида шахс нимагаки эришса, қандай мақомни эгалласа, бунга фақат ўз ақли ва истеъдоди билангина етишади, кимгадир ва нимагадир орқа қилиш эмас, балки ўз кучига таяниш, “америка орзуси”га ишонч каби фазилатлар етакчилик қилганини кўрамиз.

     Японияда фуқарони тарбиялаш – “ахлоқий тарбия” тизими “характерни шакллантиришга йўналтирилган таълим”, “давлат учун мақбул ахлоқий сифатларни тарбиялашга қаратилган фаолият”, “фуқаролик ахлоқи асосларини тарбиялаш” тизими вазифасини ўтайди.

      Мактабларда гуруҳий бирдамликни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. Муҳими, боладан умумий ишда ўз ролини аниқ билиш ва шунга яраша масъулиятни ҳис қилиш талаб этилади. Бундай тарбия кўрган фуқаро жамоа муаммоларини ўзининг шахсий муаммолари сифатида қабул қилади.

     “Идеал японнинг фазилатлари” деб номланган ҳужжатда япон ёшларида 16 фазилат 4 та гуруҳга бўлиб тарбияланади. Булар: 1) шахсий сифатлар: эркинлик, ўзига хосликни ривожлантириш, мустақил бўлиш, ўз ҳоҳишларини идора қила олиш, пиетет туйғусига эгалик; 2) оила бошлиғига хос сифатлар: ўз уйини меҳр-муҳаббат, ҳаловат ва тарбия масканига айлантира олиш; 3) ижтимоий сифатлар: ўз ишига садоқат, жамият фаровонлигига ҳисса қўшиш, ижодкорлик, миллий (ижтимоий) қадриятларни ҳурмат қилиш; 4) фуқаролик сифатлари: Ватанга содиқ бўлиш, давлат рамзларини қадрлаш, ижтимоий фаоллик, энг яхши миллий фазилатлар соҳиби бўлишни ўргатади.

        Хитойда Конфуцийлик ахлоқининг беш асосий устуни этиб яхшилик, тўғрилик, поклик, донолик ва ишончлилик каби фазилатлар белгилаб олинади ва амал қилинади. Ёшлар тарбияси “Она Ватанга хизмат қилиш ва содиқ бўлиш” ғояси асосида ташкил этилди. Ёшлар шахсий ва миллий манфаатларни уйғун тутишга ўргатиб борилди.

     АҚШда миллий ғоя вазифасини “америка орзуси” (аmerican dream) бажармоқда. У америка давлатининг олий қадриятлари йиғиндиси, миллатнинг маънавий онаси деб тушунилади. “Америка орзуси”нинг асосий тушунчаларини шахс эркинлиги, эркин тадбиркорлик, демократия, муваффақиятга эришишга қаратилган меҳнат ташкил қилади.

     Жанубий Кореяда миллий ғоя асосида ёшлар онгига урф-одатлар, ахлоқий идеаллар орқали сингдириб борилди. Ёшларни ҳаётга тайёрлашда оила, мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ўртача корейс оиласида умумий бюджетнинг 56 фоизи инсон капитали учун сарфланмоқда. УМТ концепцияси ўзида дунё педагогик тажрибаси ва ютуқларидан самарали фойдаланади.

Учинчи бўлим. Узлуксиз маънавий тарбия хусусиятлари

     Тарбияга анъанавий ёндошувда собиқ шўро педагогикаси таъсири сезилиб келди. Яъни тарбия мақсадлари умумий характерга эга бўлиб, улар тарбиячи, ўқитувчи, синф раҳбарининг субъектив қарашларидан келиб чиқиб белгиланган, натижага эмас, жараёнга қаратилди. Мактаб бугунги кунда таълим маскани бўлиб, ўқувчиларга ижтимоий тажриба ва ижтимоий компетенцияларни ўргатиш механизмига эга эмас. Яъни алгебра, физика қоидалари, тилларни билишига қарамасдан ёлғон гапириш, манфаат учун ёмонлик қилиш, меҳнатсиз ютуққа эришишдан тортинмайдиган битирувчиларни тақдим этмоқда. Экспертлар билан ўтказилган суҳбатлар болаларнинг мактабда олган кўникмалари ҳаётда ишлатмаётганликларини кўрсатмоқда. Улар кундалик ҳаётда мураккаб ҳаётий вазиятларга дуч келганларида ўз шахсий ҳаёт тажрибаларига ёки тенгдошлари тажрибасидан келиб чиқиб беқарор ечимлар топишга мажбур бўлмоқдалар.

     УМТ технологиясида асосий урғу билим, тушунчаларни шакллантириш (таълимни такрорлаш) эмас, балки тарбиявий билим, тушунчалар бериш, улар асосида ижтимоий малакаларни шакллантириш ва компетенцияларга, одатларга айлантириш кафолатланади. Шу боис УМТ инновацион талаблардан бирига айланди.

     Назарий билимлар ижтимоий малакаларга айлантирилмаса, хулқда адекват намоён бўлмайди. Бу эса фазилатларнинг билим даражасида қолиб кетишига сабаб бўлади. Идентив тарбиявий мақсад тарбиянинг реал натижасини сўзда эмас, хулқда акс этишини кўзда тутади. Шу боис, ота-она, мураббий, ўқитувчи-тарбиячилардан ҳар бир машғулот, дарс, тадбир лойиҳасини тузганда идентив тарбия мақсадларини белгилаб, уларга мувофиқ амалий фаолиятни йўлга қўйишни тақозо этади. Ҳар бир тарбиявий тадбир, метод болаларда, ўқувчиларда ижтимоий малакаларни машқ қилдириш жараёнининг муҳим ҳалқаси, ҳужайраси, бўлагидир.

    Мазкур Концепция олдингисидан фарқли ўлароқ, фуқароларда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга қодир Инсон капиталини таъминлашга йўналтирилди. Бу шу пайтгача умумий бўлиб келган тарбияга аниқ мақсад беради. Аниқ мақсад ёшларда аниқ, таянч компетенциялар, фазилатларни тарбиялашни кўзда тутади.

   УМТ Концепцияси шу пайтгача жамиятда шаклланган қарашларни ўзгартиришни кўзда тутади. Жумладан, ижтимоий онгда «бола тарбиясининг меваси кейин, мактабни битириб, катта бўлганида кўринади», деган қараш бор. Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Чунки ҳаётда бола неча ёшда бўлса, шу ёшга мос имплицит хулқ кутилади. Кутиш оқланса, мақтов, оқланмаса, танқид айтилади.

    Демак, йигит-қизларнинг маънавияти, хулқи бирданига яхши ё ёмон бўлиб қолмайди. Ҳар бир ёшдаги боланинг хулқида фазилат ёки иллатнинг ўша ёшдаги даражаси намоён бўлади. Ҳар куни бола билиб-билмай ота-онаси ёки ўқитувчини ё хурсанд қилади, ё ранжитади. Шундай бўлмаганида катталар болаларга «хушмуомала бола», «қилиғингни тўғрила», «меҳрибон қизалоқ», «безори бола», «ишёқмас бола», «қўрқмас бола», деган баҳоларни беришмас эди. Бу эса боланинг тарбияланганлик даражаси кейин эмас, on line муносабатларида, хулқида ҳар куни намоён бўлишини исботлайди.

     Буни яна қуйидагиларда кўриш мумкин. Ижтимоий роллар назариясига кўра ижтимоий роль бу – одамнинг статуси билан белгиланиб, жамият томонидан кутиладиган, (маъқулланадиган) хулқ намунасидир. Шу нуқтаи назардан болалар ҳаётда ҳар куни турли ижтимоий ролларни бажаришади. Автобусда мактабга келаётганда – йўловчи, уйда – ўғил ё қиз. Ака ёки ука. Маркетда нон олишга борганида – харидор. Ошхонада – хўранда. Қариндошларникида – меҳмон. Меҳмон келганида – мезбон. Мактабда – ўқувчи ролларини бажараишди. Ана шу ролларини қай даражада бажариши унинг ижтимоий компетенцияларига боғлиқ. Бу эса ана шу компетенцияларнинг қандай ўргатилганига боғлиқдир.

      Демак, мактаб болаларга фақат ўқиш-ёзиш, санаш, фан асосларини ўқитиб қолмасдан, уларга ёшига мос хулқ компетенция-нормаларини ўргатиб бориши керак. Бу нормалар объектив асосга - болаларнинг ёшига мос ва динамик - оддийдан мураккабга йўналтирилган бўлиши керак. Масалан, 3-синф ўқувчисининг ватанпарварлиги. 8 синф ўқувчисининг масъулиятлилиги. 11 синф ўқувчисининг меҳрибонлиги ва ҳ.к. ана шунда бу фазилат-компетенциялар болага қўшилиб балоғатга етади. Болалар фазилатидан – катталар фазилатига айланади.

    УМТ ҳар бир тарбиявий машғулот, иш дастурида кўзда тутилган, лойиҳалаштирилган натижани кафолатлашга қаратилган педагогик операциялар, воситалар, методлар занжири сифатида намоён бўлади. Шу сабабли ушбу тизим асосини воситалар эмас, балки тарбияланувчиларнинг ёшидан келиб чиқиб режалаштирилган у ёки бу фазилат, ижтимоий малака, компетенцияни шакллантиришда кафолатланган натижага эришишнинг педагогик алгоритмлари амалга оширилади.

    Мазкур технология ҳар бир таълим тарбиявий чора тадбирнинг аниқ натижани кафолатлай олишига эътиборни қаратилишини ҳамда мақсадга мувофиқ узлуксиз, изчил амалга оширилишини назорат қилиш ва самарадорлигини аниқ қайд қилиб боришни талаб этади.

       Тизим самарадорлигини таъминлаш учун жавобгарлик ҳар бир таълим муассасаси раҳбари зиммасига юклатилади.

       Тизим амалиёти натижалари изчил равишда оилада, ота-оналар йиғилишларида, илмий, педагогик кенгашларда муҳокама қилиб борилади.

      УМТ – тарбияланувчи (ҳомила ҳолатидан 18 ёшгача бўлган гўдак, ўсмир ва ўспиринларни ёшига мос таянч фазилат-компетенцияларга эга шахс этиб тарбиялашга қаратилган, ўзаро узвий ва узлуксиз 4 босқичдан иборат педагогик-психологик фаолият технологиясидир.

      Мазкур тизим оила, таълим муассасасининг турига мослаб, дифференциал ва циклли асосларда амалга оширилади. Тизим самарадорлигини таъминлаш учун жавобгарлик ҳар бир ота-она, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим муассасасининг раҳбари зиммасига юклатилади.

       Мазкур Концепция аҳоли, ёшларни Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, шахсий бахтли ҳаёт учун энг зарур, таянч компетенциялар билан кафолатли қуроллантиришни кўзда тутади. Бу кафолат таянч компетенциялар сонининг аниқ, чекланганлиги, “ёшига мос компетенция” тамойили жорий қилиниши, илмий-методик таъминланиши асосида таъминланади. Қолган компетенцияларни тарбиялаш анъанавий тарзда давом эттирилади.

    Мустақил ҳаётга кириб бораётган 18 ёшли ҳар бир ўзбекистонлик йигит-қизда махсус тарбияланиши шарт бўлган 10 та таянч компетенциялар “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Миллий ғояни ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилди. Булар: Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик бўлиб, улар УМТ мазмуни учун таянч асос қилиб олинди. Бошқа фазилатлар ушбу таянч фазилатларга қўшимча тарзида анъанавий равишда тарбиялаб борилаверади.

Тўртинчи бўлим. УМТнинг методологик асоси

       “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси” (бундан кейин - Концепция) инсонпарварлик, аксиологик, праксиологик, тизимли,  ифференциал, компетентли, маданият ва фаолиятга асосланган ёндошувларга асосланади. Шунингдек, тарбия жараёнида тизимлилик, узлуксизлик, узвийлик тамойилларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикасида гўдаклар, болалар, ўқувчи ёшларни маънавий тарбиялашнинг асосий йўналишлари-ни белгилаб беради.

Бешинчи бўлим. УМТни ташкил қилиш тамойиллари

- тарбиявий мақсадларнинг “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Миллий ғояни ривожлантириш концепцияси” (ижтимоий буюртма) билан белгиланиши;

- илмийлик (ҳар бир тарбиявий жараён элементларининг пухта асосланганлиги, самарадорликнинг тажриба асосида баҳоланиши);

- технологик шарт-шароитнинг таъминланганлиги (кўзда тутилган натижани кафолатли лойиҳалаш ва амалга ошириш);

- узвийлик, узлуксизлик (ўзлаштирилган билим, кўникма, малакалар негизида янги билим, кўникма, малакаларни шакллантириб бориш, уларнинг навбатдаги босқичга асос бўла олишига эришиш);

- якка тартибда ёндашув (ҳар бир тарбияланувчининг шахси билан яқиндан танишиш, унинг характери, эҳтиёжлари, ҳаётий тажрибаси, шахсий сифатларини ўрганиш ва уларга таяниб иш кўриш);

- модернизация (тарбиявий тадбирларнинг бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш, замон билан ҳамнафас бўлиш);

- интенсификация (тарбиявий жараёнда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш);

- тарбиявий жараёнда тарбияланувчиларнинг ижобий фазилатларга таяниш (мавжуд ижобий фазилатлар негизида янги сифатларни тарбиялаш, салбий сифатларни бартараф этиб бориш);

- тарбиявий жараённинг динамик хусусиятга эгалиги (шакллантириладиган фазилат тўғрисидаги тасаввурга эга бўлиш – тушунчани ҳосил қилиш – билимга эга бўлиш – кўникманинг шаклланишига эришиш – малакани ҳосил қилиш – одатнинг шаклланишига эришиш – муайян маънавий-ахлоқий фазилатнинг мавжуд даражаси);

- тарбияланувчиларнинг ёш, психологик, миллий ва шахсий хусусиятларини инобатга олиш;

- таълим ва тарбия бирлиги;

- ягона педагогик ёндашув (тарбия жараёнига масъул субъектлар томонидан тарбиявий мақсаднинг бир хил тушунилиши);

- педагогик ҳамкорлик (тарбия жараёни субъектлари – оила, таълим муассасалари, жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни қарор топтириш ва уни мустаҳкамлаш).

Олтинчи бўлим. УМТ концепциясининг мақсади

       Ўзбекистон Республикасида маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини, бола тарбиясида миллий ва замонавий педагогиканинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш шаклларини, тарбиянинг ҳомиладорлик давридан бошланиб, 18 ёшигача давом этадиган, тадрижийлик ва узлуксизлик тамойилларига асосланган методика ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш; ёшларни мустақил ҳаётга кафолатли тайёрлаш, ёшларни шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантиришга йўналтириш, рақобатбардош, зарур ҳолларда мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар қилиб вояга етказиш, дунёқараши кенг, мустақил фикрга эга, азалий миллий ва диний қадриятларимизга содиқ, фаол фуқароларга хос фазилатларга эга бўлишлари учун илмий-методик, ташкилий, информацион шароитларни яратишдир.

    18 ёшда шахснинг мустақил ҳаётга тайёрланиш, касб танлаш, фуқаролик масъулиятининг шаклланиши, қадриятлари, дунёқараши ва ижтимоий-ролларининг асосларини мақсадли, узлуксиз, институционал тарбия даври тугайди. Ўспирин балоғатга етади. Болалик давридан чиқиб, катталар ҳаётини бошлайди. Бу – ўз-ўзини тарбиялаш даврини бошлаб беради. Бунда шахс ўз тажрибаси, ОАВ, маънавий-маърифий ишлар таъсирида мустақил қарорлар қабул қилишга киришади. Узлуксиз тарбия тизими ўсмирларни ўз-ўзини тарбиялашга ўргатиб, ҳаётга тайёрлайди.

Еттинчи бўлим. УМТ принциплари

Тарбиявий ишларнинг кутилган натижаларни бериши учун муайян принципларга амал қилиш лозим. Жумладан:

- ҳар бир тарбиявий тадбирни уюштиришдан кўзланган аниқ мақсадни белгилаш;

- эришиладиган натижани башоратлаш;

- тадбирнинг мақсади, вазифалари ҳамда натижаларини назарий жиҳатдан асослаш;

- ҳар бир тадбир лойиҳасини яратиш;

- фан, техника, технология ва тажрибанинг энг янги, илғор ютуқларини натижани кафолатлашга сафарбар қилиш;

- тарбиявий ишларни интенсив асосга, яъни, максимал илмий аниқлик, кам ресурс сарфлаб самарали натижага эришиш асосига қуриш;

- тарбиявий (кинетик) жараённи бошқарилувчи жараёнга айлантириш;

- мақбуллик, илмий-амалий йўналишга ўтиш (масалан, тарбияланувчиларда “ватанпарварлик” тўғрисидаги тушунчани шакллантиришдан уларда ватанпарварлик компетенциясини тарбиялаш);

- тарбия жараёнини профессионаллаштириш (ота-оналар, таълим муассасалари ўқитувчи ва ходимларида касбий маҳорат, технологик ёндашув, педагогик таҳлил, лойиҳалаш, тадқиқотчилик маданиятини шакллантириш);

- тарбиявий жараёнда тарбияланувчилар ва тарбиячилар ўртасида ижодий ҳамкорликни қарор топтиришга эришиш;

- тарбияланувчиларнинг фаолликларини ошириш;

- ҳар бир тадбир якунида унинг самарадорлигини баҳолаб бориш, бу мақсадда тадбир иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, уларни умумлаштириш асосида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни аниқлаб бориш;

- тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсаднинг натижаланганли-гини таҳлил этиб бориш, эксперт баҳолаш.

Саккизинчи бўлим. УМТ босқичлари

1–босқич. Ҳомиладор аёллар билан олиб бориладиган ижтимоий, маънавий, маърифий, тарбиявий консальтинг ишларини тизимли ташкил қилиш. Ота-онани бола тарбиясига тайёрлаш.

2-босқич. Бола туғилганидан 3 ёшгача бўлган даври учун амалий ишлар методикасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ қилиш.

3-босқич. 3-7 ёш болалар билан мактабгача таълим муассасаси ва оилада олиб бориладиган тарбиявий ҳамкорликни йўлга қўйиш.

4-босқич. 8-10 ёшли даврда бошланғич таълим ўқувчилари билан олиб бориладиган тарбиявий ишларни амалга ошириш.

5-босқич. 11-18 ёшли юқори синф ўқувчилари билан олиб бориладиган тарбиявий ишлар.

Оилада узлуксиз маънавий тарбия

Гўдакликда ота-онанинг меҳр-муҳаббати, ғамхўрлиги ва жонкуярлиги сабабли ташқи дунёга ишонч туйғуси пайдо бўлади. Агар борлиққа ишончсизлик ҳисси туғилса, вояга етганида маҳдудлик, умидсизлик вужудга келади. Нутқ вужудга келади. Нутқ асосида катталарнинг оддий топшириқларни бажаради, ҳаракатларини тўхтатади. Қадр-қиммат, уят, масъулият, дахлдорлик, тартиб-интизом, ҳурмат шубҳа, мустақиллик каби сифатлар шаклланади. Бу тартиб ва интизом, масъулият, жавобгарлик, ҳурмат туйғулари таркиб топишига замин ҳозирлайди. Атрофдаги воқеликка эмоционал муносабат ва ҳис-туйғулар пайдо бўлади.

Фаолиятнинг етакчи турлари – мулоқат, ўйинлар.

УМТ хусусиятлари: мулоқат, ўйин турлари жараёнида предметлар, хатти-ҳаракатлар билан таништириш; мулоқат, кузатиш ва тақлид орқали катталарнинг маънавий-ахлоқий тажрибасига эътибор қаратиш; ўзининг ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш, баҳо беришга ўргатиш; илк мотивларни пайдо қилиш; ўз-ўзига хизмат қилишнинг илк кўникмаларини ўзлаштириш; кундалик турмушда хавфсизлик ҳақидаги тушунчаларни ўргатиш;

Мактабгача таълим муассасаcида УМТ (3-7 ёш)

Ёш хусусиятлари: ўз туйғуларини бошқариш кўникмаларининг ривожланиши; ўз хулқини ахлоқий бошқариш малакаларининг юзага келиши; шахсий фазилатлар куртакларининг пайдо бўлиши ва намоён бўлиши; ижтимоий мотивлар ва ўз халқининг миллий анъаналарига қизиқишнинг пайдо бўлиши, ўзини намоён қилишга интилиш; муваффақиятга эришиш эҳтиёжининг туғилиши; ўзига ўзи баҳо бериш, теварак-атрофга ижодий муносабат, қандайдир ягилик қилиш орқали ўзини англашнинг пайдо бўлиши; нутқнинг ва унинг асосида маънавият асосларининг ривожланиши.

 

Фаолиятнинг етакчи турлари – мулоқат, ўйинлар.

УМТ хусусиятлари: асосий фаолият турлари жараёнида ўзини ўзи англашга ўргатиш; мулоқат, кузатиш ва тақлид орқали катталарнинг маънавий-ахлоқий тажрибасини ўзлаштириш; ўзининг ва бошқаларнинг хулқига баҳо беришга ўргатиш; фаолият ва сюжетли-ролли ўйинлар орқали янги мотивларни пайдо қилиш ва мустаҳкамлаш; ўз-ўзига хизмат қилишнинг асосий маиший кўникма ва малакаларини ўзлаштириш; кундалик турмушда хавфсизлик ҳақидаги тушунчаларни ўргатиш; катталар, уларнинг меҳнати, касблар, турли касб эгаларига хос шахсий фазилатлар тўғрисида билиш; ўйин, ўзаро муносабатлар, оиладаги муносабатлар, яқин кишиларга ғамхўрлик қилиш эҳтиёжининг пайдо бўлиши орқали характернинг шакллана бориши; миллий тарбия, миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий анъаналар, маросимларда иштирок этиш; оилавий ва ижтимоий тарбия уйғунлигини амалга ошириш.

Бошланғич таълимда узлуксиз маънавий тарбия

Шахснинг ривожланиш хусусиятлари: муваффақиятга эришишга интилиш мотивини шахснинг устувор хусусияти сифатида мустаҳкамланиши; боланинг ўз хулқ ва фаолиятини онгли назорат қилишини кучайтириш; ўз-ўзини баҳолашга ва қўяётган талабларининг даражасини баҳолаш; ўз қобилиятларини билишга ўргатиш; меҳнатсеварликка ўргатиш; катталар ва тенгдошлари билан муносабатларда қондириладиган ижтимоий мотивларнинг пайдо бўлиши; билимларнинг кенгайиши, чуқурлашуви, кўникма ва малакаларнинг такомиллашуви. Ўз халқининг ва бошқа халқларнинг анъаналари, қадриятларига қизиқишнинг намоён бўлиши.

Фаолиятнинг етакчи турлари: ўқув, ўйин, меҳнат, ҳордиқ чиқаришдан иборат.

УМТ жараёнининг хусусиятлари: етакчи фаолият турлари жараёнида шахсий фазилатларни шакллантириш; хавфсиз ҳаёт маданияти тўғрисида тушунчаларни кенгайтириш; касблар тўғрисида тасаввурларни кенгайтириш, касбга ва меҳнатга қизиқтириш; меҳнатга виждонан муносабатни, меҳнатнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ролини тушунтириш; муваффақиятга эришиш мотивларини мустаҳкамлаш; ўз-ўзини баҳолашга ўргатиш; катталар томонидан рағбатлантириладиган фаолият турларида ўзини кўрсатишга интилишни рағбатлантириш; тенгдошлари билан муносабатлар таъсирининг ошиши; иллий қадриятларни ўрганиш жараёнида миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлашуви; қизиқишлари бўйича ҳамфикр уюшмаларга жалб қилиниши.

Юқори синф ўқувчилари

Ривожланиш хусусиятлари: ўзини бола эмас, катта қилиб кўрсатишга интилиш асосида юзага келувчи ички позициянинг пайдо бўлиши; иродавий сифатларнинг юзага чиқиши; ишчанлик ва ташкилотчилик қобилиятларининг ривожланиши; билиш ва ижодий фаоллигининг ошиши; ўқиш, билим олишга нисбатан янги мотивларнинг пайдо бўлиши; фаолият ва мулоқат мазмунини белгиловчи шахсий қадриятлар тизимининг шаклланиши; шахслараро муносабатларда табақалаштириш ва танлашнинг пайдо бўлиши; ахлоқий, фуқаровий маданият, ўзига, одамларга, жамиятга муносабатнинг маънавий асосларининг шаклланиши; Ўзбекистон халқининг миллий қадриятларига, анъаналарига ҳурматнинг намоён бўлиши; касбий йўналишнинг намоён бўлиши. Ўз-ўзини англаш, ўз-ўзини намоён қилиш ва ўзини кўрсатиш ўсмир ривожланишининг асосий мотивларига айланади.

Фаолиятнинг етакчи турлари: ўқув, меҳнат, жамоатчилик ишлари, ҳордиқ чиқариш ҳисобланади.

УМТ жараёнининг хусусиятлари: ёшлар иттифоқи тадбирлари, ўқувчилар ўз-ўзини бошқариш органларида иштирокини рағбатлантириш; ахлоқий ва иродавий сифатларнинг юзага чиқиши; қизиқиш, тўгаракларда бўлажак касбига қизиқишнинг мустаҳкамланиши; ўз-ўзини тарбиялаш ва иродани шакллантириш; муаммоларни ўзи, мустақил ҳал қилишга интилиш; хавфсиз ҳаёт маданияти тўғрисидаги тасаввурларнинг ривожланиши; маънавий-ахлоқий тушунча, кўникма ва малакалар ўқув ва дарсдан ташқари фаолият жараёнида, мактаб, синф жамоаси ҳаётидаги иштироки давомида шакллантирилади. Олдинда турган мустақил ҳаётга маънавий тайёргарлик, меҳнат, касб турлари билан яқинроқ танишиш; мустақил ҳаёт ва касбий режаларнинг тузилиши. Касбий қизиқишларнинг ошиши, касб танлишга тайёрлик. Тарбияда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигига эришиш. Ўқувчиларнинг ҳаётий мақсад, режалар тузишларига, қадриятларининг шаклланишига ёрдам бериш. Катталар ва тенгдошлари билан мулоқатларини ташкил қилиш орқали маънавий-ахлоқий қадриятларининг тўғри белгиланишига кўмаклашиш. Тўгаракларга жалб қилиш. Китобхонликни рағбатлантириш. “Оммавий маданият”, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ўсмир шахсига таъсирини ҳисобга олиш. Маънавий ривожланиш хусусиятлари: дунёқараш, ахлоқий, ижтимоий, сиёсий, диний, маданий ва бошқа эътиқод турларининг шаклланиши; ҳаётий режаларнинг жиддийлашуви ва амалга оширишнинг бошланиши; маънавий-ахлоқий принципларнинг қатъийлашуви; касбий ва шахсий ойдинлашув; позитив ижтимоий мўлжалларнинг етилиши; инсоннинг ички ҳаётига эътиборнинг ошиши; ўспирин қиз ва йигитлар орасида эмоционал муносабатларнинг танлаб амалга оширила бошланиши; миллий маданият ва қадриятларга ҳурматнинг намоён бўлиши.

Тарбия жараёнининг хусусиятлари: шахснинг ўзини ўзи такомиллаштириши, ахлоқий ўзини ўзи такомиллаштириши, дунёқарашининг шаклланиши (ижтимоий тажриба), бошланғич касбий тайёргарлик ва касб танлаши учун педагогик шарт-шароитлар яратиш. Ҳаёт хавфсизлиги маданиятини кўтариш; ўқувчилар ўзини ўзи бошқарувини ривожлантириш, ижтимоий фаоллик ҳамда ўз хулқи ва ўқиши олдидаги масъулиятини ошириш; миллий қадриятларни ўрганиш жараёнида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг энг яхши намуналаридан уйғун фойдаланиш; миллий маданиятнинг ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш жараёнига жалб қилиш. Ўз ижодий салоҳияти ва касбий қизиқишларини намоён қилиш учун турли тўгаракларга жалб қилиш. Ўсмирлар маънавиятига ОАВ, интернет, ижтимоий тармоқлар ва “оммавий маданият” таъсирини ҳисобга олиш.

Тўққизинчи бўлим. УМТ самарадорлигини аниқлаш

         УМТ самарадорлиги ота-она, мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, ўқитувчи, синф раҳбари фаолиятини педагогик кузатиш, оила, таълим муассасалари фаолиятини педагогик ўрганиш; социометрия, суҳбат, анкета, ижтимоий сўров, интервью; ташҳис; “Тарбияланганликни ўрганишнинг педагогик-психологик дастури”, “Боланинг ижтимоий-психологик портрети”, “Педагогик тавсифнома”, “Социологик-психологик хизмат кўрсатиш”, “Маънавий-маърифий ишларни моделлаштириш”, “Тарбияланганлик даражаларини баҳолашнинг математик-статистик методикаси”; педагогик матбуот, ижтимоий тармоқлардаги педагогик трендларни ўрганиш; моделлаштириш; фазилат-компетенцияларнинг тарбияланувчилар ёшига мос ривожини мониторинг қилиш; эксперт баҳолаш ва бошқалар.

      Шахсда маънавий-ахлоқий фазилатнинг шаклланганлик даражасини белгилашда мезонлар ўзига хос аҳамиятга эга. Бироқ, муайян маънавий-ахлоқий фазилат, сифатнинг шаклланганлигини ўрганиш жараёнида акс этаётган ҳолатга аниқ кўрсаткичлар ёрдамида яхлит баҳо бериш талаб этилади. Бинобарин, тарбияланувчиларнинг барчасида ҳам маълум фазилат, компетенция бирдек шаклланмайди. Шу боис “фазилатнинг ёшга мослиги” тамойилидан келиб чиқиб, муайян фазилатнинг шаклланганлик даражаси Юқори даража - фазилат ёшига мос ривожланган, хулқида тез-тез намоён бўлиб туради. Ўрта даража - фазилатнинг ривожи ёшидан ортда қолган, хулқида баъзида намоён бўлади. Қуйи даража - фазилат шаклланмаган, хулқида намоён бўлмайди” тарзида баҳоланади:

        Ташҳислаш натижаларини қайд этишда рақамли индекслар, шкалалар, турли шартли белгилардан фойдаланилади. Бунда ҳар бир бола, мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари, бошланғич синф ўқувчилари, юқори синф ўқувчилари, республиканинг жами 18 ёшли ўсмирлари ва бошқа кесимларда баҳоланади. Айни вақтда бу статистик маълумотлар йил, чорак, ҳудудлар кесимида ҳам тайёрланади. УМТ самарадорлигини баҳолашда шахснинг алоҳида фазилатлари билан биргаликда ундаги таянч компетенциялар комплекси ҳам баҳоланади. Бу чоралар шу пайтгача давом этиб келган тарбиядаги мавҳумликка чек қўяди. Ўзбекистонда ёшлар тарбиясида аниқлик, натижадорлик даврини бошлаб беради.

Ўнинчи бўлим. Концепцияни амалга ошириш механизми

Вазирлик ва идоралар, муассасалар, давлат ҳамда нодавлат корхона ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари УМТ концепциясини амалга ошириш тизимини ташкил этади.

УМТ концепциясини амалга ошириш тизимининг асосий функцияларига қуйидагилар киради:

– УМТ концепциясини амалга ошириш бўйича давлат сиёсатини шакллантиради ва уни амалга оширади;

– УМТ концепциясини амалга оширувчи оила, МТМ ва мактаблар фаолиятини мувофиқлаштиради, ҳомиладан бошлаб 3 ёшгача, 3-7 ва 8-18 ёшгача бўлган даврнинг ҳар бир йилида гўдак, бола ва ўсмирларда шакллантириладиган фазилатлар мазмуни, даражалари ва методлари, шарт-шароитларини ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилади;

– УМТ концепциясини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишларни тизимли таҳлил қилади ва чора тадбирларни ишлаб чиқади;

Концепцияни амалга ошириш механизми қуйидаги асосий чора-тадбирларни назарда тутади:

УМТ бўйича таълим-тарбия, тарғибот ва ташвиқот ишларини мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар талаблари даражасига кўтариш;

Аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, узлуксиз маънавий тарбияни ҳар бир фуқаронинг вазифасига айлантириш;

УМТни жаҳон тажрибасида синовдан ўтган самарали педагогик технологиялар билан мунтазам таъминлаб бориш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан глобал интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялар, ғаразли ахборотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар, ёшларни залолатга бошловчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган маънавий-маърифий ва ғоявий-тарбиявий ишлар натижадорлигини ошириш;

УМТ мазмунини реал ҳаёт, ёшларнинг маънавий қизиқишлари ва фаолият соҳалари билан боғлаш, таълим ва тарбиянинг илғор педагогик технологияларини жорий қилиш, тарбиявий режалар ва дастурларда такрорларни бартараф этиш ва узлуксиз маънавий тарбияга тизимли ёндашувни таъминлаш;

УМТ йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш бўйича давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва хусусий секторнинг мунтазам ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

Ота-оналар, жамоатчиликнинг мамлакатимизда амалга оширилаёт-ган “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича”, “Маърифат ва диний бағрикенглик” дастурлари ҳамда “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус” билим ва тасаввурларини бойитиш.

УМТга хизмат қилувчи хулқ-атвор қоидалари, челленжлар, қўшиқлар ва маданий-маърифий анимациялар, буклетларни яратиш.

Ҳар бир маҳаллада мавжуд “Ота-оналар университети”да тренинглар ўтказиш орқали ота-оналарни ўз фарзандларида ёшига мос юксак турмуш сифати ва хулқ маданияти компетенцияларини тарбиялашга ўргатиш;

УМТнинг бориши, учраётган муаммоларни бартараф этиш, такомиллаштириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг етакчи олимларини таклиф этган ҳолда республика ва халқаро конференциялар, форум ва семинарлар ўтказиш;

Мамлакатда УМТнинг мунтазам илмий-педагогик мониторингини олиб бориш ва бунда IT технологияларида самарали фойдаланиш.

“Узлуксиз маънавий тарбия” рукнида ота-оналар, педагоглар, болалар, ёшлар учун турли расмлар билан безатилган ёрқин, ранг-баранг қўлланмалар, мультимедиа маҳсулотлар каби дидактик материаллар туркумини яратиш.

УМТ Концепцияси доирасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва уларни мувофиқлаштириш;

Узлуксиз маънавий тарбия амалиётида тўпланган ижобий тажрибаларни оммалаштириш мақсадида илмий асосланган маълумотлар асосида “Узлуксиз маънавий тарбия” рукнида “Ёш ота-она китоби”, “Бахтли бола маънавияти” ва “Фазилатли авлод” методик қўлланмаларини ва улар асосида мультимедиали тақдимотлар сериясини яратиш.

Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида халқимизнинг бой миллий маънавий тарбия меросини республикамиз ва хорижда кенг тарғиб қилиш учун илмий-ижодий студия ташкил этиш, болалар, ўсмирлар, ёшлар ва катталарга мўлжалланган ҳужжатли, ўқув ва бадиий фильмлар яратиш.

Тизимнинг жорий натижалари ҳар чорак якуни билан муҳокама қилиб борилади. Ҳар олти ойда Республика Маънавият ва маърифат маркази ва таълим вазирликларининг ҳамкорлигида, ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилиб борилади.

Мазкур тизим мазмунига мамлакатимиз ёшлари маънавияти учун муҳим янгиликлардан, таълим муассасаларининг ҳудудий, миллий, ихтисослик ҳусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ижодий ёндашиш ҳамда ўзгартиришлар киритиш мумкин.

Ўн биринчи бўлим. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

Оила ва таълим муассасалари ҳамкорлигига асосланган, ёшларимизни туғилганидан бошлаб 18 ёшгача бўлган муддатда мустақил ҳаётга мукаммал тайёрлаш, бунинг учун энг зарур ижтимоий компетенциялар билан қуроллантиришнинг илмий-амалий педагогик тизими яратилади.

Оилаларда, таълим муассасаларида ёшларнинг маънавий ривожланиши учун зарур бўлган инновацион ижтимоий-педагогик соғлом ва барқарор муҳит яратилади.

18 ёшли йигит-қизлар мустақил ҳаётга “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Миллий ғояни ривожлантириш концепцияси”(ижтимоий буюртма) билан белгиланган фазилатлар: Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби таянч компетенциялар билан кириб борадилар.

Ёшларда мустақил ҳаётда бир умр сақланиб қолувчи, ҳаётнинг турли вазиятларида, соҳаларида тўғри қарорлар қабул қилишларига хизмат қилувчи, маънан барқарор хулқ асосида яшашларига хизмат қилувчи илмий асосланган тарбиявий механизм яратилади.

Ёш авлодда тарбияланган таянч фазилатлар таъсирида жамиятда жиноятчилик, оилавий ажримлар, коррупция, эгоцентризм, меҳр-оқибатнинг камайиши, “оммавий маданият”га кўр-кўрона тақлид, лоқайдлик, экстремизм, терроризм, бегоналашув, фирибгарлик, ўзибўларчилик, масъулиятсизлик, фарзанд тарбиясида масъулиятсизлик, оилавий қадриятлар инқирози, хўжакўрсинчилик, ёлғончилик, ахлоқий бузуқлик, коррупция, эл-юрт тақдирига бефарқлик каби иллатлар кескин камаяди.

Оила, таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, ота-оналарда бой миллий тарбия меросимиз тўғрисида билим ва тасаввурлар шаклланади, миллий тарбия қадриятларини ўрганиш, сақлаш, тарғиб қилиш, ўргатиш орқали миллий фазилатларимизнинг авлоддан авлодларга безавол ўтиб бориши таъминланади.

Миллий ғоя руҳида тарбияланган, ўзида Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик фазилатларини мужассам қилган Ўзбекистон ёшларининг янги авлодлари шаклланади.

Ўн иккинчи бўлим. Якунловчи қоидалар

Мазкур Концепция оила, узлуксиз таълим муассасаларида олиб борилаётган тарбиявий ишларни миллий-замонавий асосда модернизация қилиш, ҳар бир бола, ўқувчининг ёшига мос маънавий балоғатини таъминлаш ва 18 ёшида ўз бахтли ҳаётини ўз ақли, фазилатлари билан таъминлашга қодир, Ватани – Ўзбекистоннинг юксалишига хизмат қилувчи ватанга содиқ шахсларни тайёрлаш учун методологик асос бўлиб хизмат қилади.

УМТнинг муваффақияти ҳар бир ота-она ва педагогнинг тарбиячи сифатидаги қонуний, маънавий, миллий, виждоний бурчини, масъулиятини англаш даражасига ва бунинг назоратига боғлиқ. Тарбиявий масъулият – бу ҳар бир ота-она, оила, маҳалла, мактабгача таълим муассасаси, мактаб раҳбарининг ватан, халқ олдидаги тарбиячилик бурчларини англаши, аждодлар олдидаги маънавий қарздорлик ҳиссидир. Бу уларнинг УМТ мазмун моҳияти, мақсади, методларини билишларида, миллий тарбия меросини асраб-авайлашларида, ўз фарзандларини яхши тарбиялаш билан Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторига киришига ҳисса қўшишларида намоён бўлади.

 

Илова

 

Болалар ва ўсмирларга ёшига мос компетенцияларни ўргатишнинг психологик асослари

 

3 ёшгача шаклланадиган фазилатларнинг психологик хусусиятлари:

  • Ишонч, ишончсизлик, умидсизлик каби сифатлар гўдаклик, яъни
    40 кунликдан 1 ёшгача даврда шаклланади. Гўдакликда ташқи дунёга онгсиз “ишонч” туйғуси вужудга келади. Бунинг бош сабаби ота-онанинг меҳр-муҳаббати, ғамхўрлиги ва жонкуярлигидир. Агар гўдакда ишончнинг негизи пайдо бўлмай, борлиққа ишончсизлик ҳисси туғилса, вояга етган одамларда маҳдудлик, умидсизлик вужудга келади (Э.Эриксон)[1].

  • Тери-туйиш сезгисининг ривожланиши. болада 5 ойлигидан жисмларни ушлаш ҳаракати бошланади: унда предметни пайпаслаш учун қўлини узатиш ва узатилган қўлларини кўздан кечириш ёки текшириш вужудга келади. Бунда ушлаб олиш содир бўлмаса-да, ушлашга интилиш бўлади; ваҳоланки, гўдакнинг қўл бармоқлари нарсани ушлаб туриш имконига эга бўлмайди (Д.Б.Эльконин, В.С.Мухина).

  • Нутқнинг вужудга келиши. 1) номи айтилган предметга жавоб тариқасида бурилиб қараш (7–8 ойликда); 2) турмуш тажрибасида эгалланган ҳаракатларни катталар эслатиши биланоқ бажаришга интилиш (7–8 ойликда); 3) катталарнинг нутқ орқали кўрсатмаси бўйича оддий топшириқларни бажариш (9–10 ойликда); 4) нутқ орқали кўрсатма бўйича зарур предметнн танлаб олиш (10–11 ойликда); 5) “Мумкин эмас” деган тақиқловчи сўз таъсирида ҳаракатини тўхтатиш (12 ойликда) ва ҳоказо (Ф.И.Фрадкина).

  • Қадр-қиммат, уят, масъулият, дахлдорлик, тартиб-интизом, ҳурмат шубҳа, мустақиллик каби сифатлар илк болалик, яъни 1 ёшдан бошлаб шаклланади. Илк болаликда ярим мустақиллик ва шахсий қадр-қиммат туйғуси шаклланади ёки, аксинча, уларнинг тескариси - уят ва шубҳа ҳисси ҳосил бўлади. Болада мустақилликнинг ўсиши унга ўз танасини бошқариш учун кенг имконият яратиб, бўлғуси шахс тартиб ва интизом, масъулият, жавобгарлик, ҳурмат туйғулари таркиб топишига замин ҳозирлайди (Э.Эриксон).

  • Болаларда мотивацион тасаввурларнинг шаклланиш даври
    1 ёшдан 3 ёшгача даврни қамраб олади (Л.И.Божович).

  • Боланинг сенсомотор (ҳиссий­ҳаракат) интеллекти 2 ёшгача даврда устуворлик қилади. (Ж.Пиаже).

  • Эмоция ва ҳис-туйғуларнинг пайдо бўлиш даври 6ойликдан
    1 ёшгача даврини ўз ичига олади (А.Валлон).

 

3-7 ёшда шаклланадиган фазилатларнинг психологик хусусиятлари:

  • Ташаббус, айбдорлик, адолат каби сифатлар 5-7 ёшда яққол шакллана бошланади. Болаларда ўйин фаолияти асосида ташаббус туйғуси, қандайдир ишларни амалга ошириш, бажариш майли таркиб топади. Мабодо боладаги хоҳиш-истакни рўёбга чиқариш йўли тўсиб қўйилса, бунинг учун у ўзини айбдор деб ҳисоблайди. Мазкур даврда давра, яъни гуруҳ ўйинларга, тенгқурлари билан мулоқотга киришиш муҳим аҳамият касб этади: бола турли роллар бажариб кўришига, унинг хаёлоти ўсишига имкон яратади. Худди шу даврда болада адолат туйғуси, уни тушуниш майли туғила бошлайди (Э.Эриксон).

  • Болаларда интелектнинг операциялардан (фикрий ҳаракатлардан) илгариги тафаккур даври 3 ёшдан 7 ёшгача даврда ривожланади (Ж.Пиаже).

  • Болаларда “Мен”ни англаш даври 3 ёшдан 7 ёшгача даврда содир бўлади (Л.И.Божович).

  • 6 ёшга хос хусусиятлар: нутқ ҳам жуда тез ривожланади, катталар ишончини қозонишга ҳаракат, жавобгарлик ҳиссини сезиш, топшириқни ўз вақтида ва кўнгилдагидек бажаришга иштиёқли бўлиш, атрофдаги нарса ва ҳодисаларга қизиқувчанлик билан идрок қилиши ортиб, табиат ва турмуш воқеаларини кузатиши ривожланади, майда-чуйда нарсаларгача синчковлик билан кузатиш хусусиятлари устуворлик қилади.

7-18 ёшда шаклланадиган фазилатларнинг психологик хусусиятлари:

  • Кичик мактаб ёшига (6-10 ёш) келиб болада шахснинг бир қатор фазилатлари ва хусусиятлари яққол кўзга ташланади; Жумладан,

  • қатъийлик;

  • нисбий мустақиллик;

  • ўз олдига мақсад қўя олиш;

  • хулқ-атворни ижтимоий жамоатчилик нуқтаи-назардан баҳолашга интилиш;

  • ваъдага садоқат;

  • катталарни ҳурмат қилиш;

  • бурч ва жавобгарлик;

  • ўз ҳис-туйғуси ва ички кечинмаларини бошқариш уқувига эгалик;

  • ўз-ўзига, ўз қилмишлари, ножўя хатти-ҳаракатлари, ўринсиз луқма ташлаганлиги, ихтиёрсиз ўшшайганлиги учун баҳоли қудрат ўз муносабатини билдириши ҳислари кабилар.

  • Кўзлаган мақсадига эришиш учун интилиш, уддабуронлик ва тиришқоқлик каби сифатлар мактаб даврида шакллана бошланади. мактаб ёши боладаги асосий ўзгаришлар: кўзлаган мақсадига эришиш учун интилиш, уддабуронлик ва тиришқоқлик билан ажралиб туради. Унинг энг муҳим қадрияти омилкорлик ва маҳсулдорликдан иборатдир. Бу ёш даврининг салбий жиҳатлари (иллатлари) ҳам бўлиб, улар ижобий хислатлари етарли бўлмаслиги, онг ҳаётнинг барча қирраларини қамраб ололмаслиги, муаммоларни ҳал қилишда ақл-заковат даражасининг пастлиги, билимларни ўзлаштиришдаги қолоқлик ва ҳоказолардир. Худди шу даврда шахснинг меҳнатга муносабати шаклланади (Э.Эриксон).

  • Шахсий “мен”ни кашф қилиш, рефлексиянинг (ўзини ўзи ва ўзгаларни англаш) ўсиши, ўзининг индивидуаллигини англаш ва шахсий хусусиятларини эътироф қилиш, ҳаётий эзгу режаларнинг пайдо бўлиши, ўз шахсий турмушини онгли холда қуришга интилиш, тенгқурларидан “ажралиш” инқирози ва танҳолик каби сифатлар ўсмирлик даврида (14-17 ёш) ривожланади (Э.Шпрангер).

  • Интелектнинг яққол хатти­ҳаракат даври, расмий саъй­ҳаракатлар даври 7-12 ёшгача даврда ривожланади (Ж.Пиаже).

  • Жисмоний жиҳатдан мукаммалликка интилишнинг мавжудлиги; фаолият хулқ ва муомала жараёнларида типологик хусусиятларга эришилганлиги; ақлий, ахлоқий, характерологик хусусиятлари шаклланганлиги; турли шаклдаги ва тузилишдаги (тенгқурлари, катта ёшдагилар, расмий ва норасмий, (реал) гуруҳларда ўзини ўзи англашнинг намоён қилиши; ижтимоий ҳаётда ва фаолиятда ўзини ўзи тасдиқлашга имкони борлиги; ижтимоий турмушнинг ҳар бир жабҳасида фаоллик кўрсатиши; ўқув фанларида дифференциал муносабатнинг қарор топиши; муайян эътиқод, дунёқараш, шахсий муносабатнинг мавжудлиги; ташқи таъсирларга берилувчанлиги, хулқ­атворга қатъиятлик етишмаслиги; фантазия ва ўзига бино қўйишнинг устуворлиги каби сифатлар ўсмирлик дарида яққол ривожланади ва намоён бўлади.

11-15 ёшнинг ўзига хос хусусиятлари: Бу ёшдаги болаларда болаликдан катталик ҳолатига кўчиш жараёни содир бўлади. Ўсмирда психик жараёнлар кескин ўзгариши билан ақлий фаолиятида ҳам бурилишлар сезилади. Шунинг учун шахслараро муносабатда ўқувчи билан ўқитувчининг мулоқотида, катталар билан ўсмирларнинг муомаласида қатъий ўзгаришлар вужудга келади. Бу ўзгаришлар жараёнида қийинчиликлар туғилади. Булар аввало таълим жараёнида рўй беради: янги ахборот, маълумотларни баён қилиш шакли, услуби ва усуллари ўсмирни қониқтирмай қўяди. Ўқитувчининг янги мавзуни батафсил тушунтириши, дарслар маъруза шаклида олиб борилиши ўқувчиларни зериктиради, уларда ўқишга лоқайдлик туғилади. Илгари ўқув материалини маъносига тушунмай ёдлаб олишга одатланган ўсмир энди зарур ўринларни мантиқий хотира ва тафаккурга суянган ҳолда ўзлаштиришга ҳаракат қилади, ўзлаштирилган билимларни талаб қилинганда ўқувчи билан ўқитувчи ўртасида англашилмовчилик пайдо бўлади, таҳсил олувчи унга қаршилик кўрсата бошлайди. Одобли, дилкаш ўсмир кутилмаганда қайсар, интизомсиз, қўпол, серзарда бўлиб қолади. Катталарнинг йўл-йўриқларига, талабларига мулойимлик билан жавоб қайтариб юрган ўсмир уларга танқидий муносабатда бўлади. Унинг фикрича, катталарнинг талаблари, кўрсатмалари мантиқан ихчам, далилларга асосланган, етарли объектив ва субъектив омилларга эга бўлиши керак. Ўсмирда шахсий нуқтаи назарнинг вужудга келиши сабабли у катталарнинг, ўқитувчининг қайғуриши, койишига қарамай, ўзининг фикрини ўтқазишга ҳаракат қилади. Унинг ўз қадр-қиммати ҳақидаги тасаввури, нарса ва ҳодисаларга муносабати оқилоналикдан узоқлаша бошлайди, у айрим маълумотларни тушунтириб беришни ёқтирмайдиган бўлиб қолади. Серзардалик кундалик хатти-ҳаракатнинг ажралмас қисмига айланади. Ўсмир хулқидаги бундай ўзгаришлар тажрибасиз ўқитувчи ёки ота-онани қаттиқ ташвишга солади, асабийлаштиради ва уларнинг ўқувчига муносабатини ўзгартиради. Натижада, келишмовчиликлар, англашилмовчиликлар, низолар келиб чиқади. Ўсмирлик ёши дунёқараш, эътиқод, нуқтаи назар, позиция, ўзлигини англаш, баҳолаш ва ҳоказолар шаклланадиган давр ҳисобланади. Кичик мактаб ёшидаги бола катталарнинг кўрсатмалари ёки ўзининг тасодифий, ихтиёрсиз орзу-истаклари билан ҳаракат килса, ўсмир ўз фаолиятини муайян принцип, эътиқод ва шахсий нуқтаи назари асосида ташкил қила бошлайди. Ўсмир шахсининг таркиб топишида ахлоқ ўзига хос, онг алоҳида аҳамият касб этади. Бунда ўқувчиларнинг ахлоқий тушунчаларни ўзлаштириши ва улар­ни турмушга татбиқ этиши муҳим роль ўйнайди.

 

 

 

 


[1] Э.Ғозиев. Онтогенез психологияси. Т.: 2010.-Б.30

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” _________даги

____- сон қарорига

2-илова

Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар

Бажариш муддати

Ижро учун маъсуллар

  1.  

Узлуксиз маънавий тарбияни ташкил этиш мақсадида
“Ёш ота-она китоби”, “Бахтли бола маънавияти”, “Фазилатли авлод” қўлланмаларини тайёрлаш ва тарқатиш.

2019 йил

сентябрь

Республика Маънавият ва маърифат маркази, ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашлари

  1.  

Таълим муассасалари ўқитувчилари, тарбиячилари
ва тарбиячи ёрдамчилари учун узлуксиз маънавий тарбия тизимини амалга оширишга қаратилган махсус ўқувлар ташкил этиш

2019 йил

сентябрдан доимий

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги

  1.  

Ҳар бир маҳаллада 18 ёшгача фарзанди бўлган ота-оналар ва уларнинг фарзандларига услубий ёрдам берувчи Оила университетларини ташкил этиш

2020 йил январь

Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

Ҳар бир ёш учун компетенция талаблари-ижтимоий малакалар нормалари ва ахлоқий сифатларни шакллантириш бўйича методика ишлаб чиқиш

2019 йил

декабрь

Мактабгача таълим вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

“Болаларни тўғри овқатлантириш бўйича йўриқнома” ишлаб чиқиш ва оилаларда ушбу йўриқнома асосида фарзандларини овқатлантириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш

2020 йил
март

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

Ҳомиладорликни қайд этиш ва рўйхатга олишнинг ягона электрон базасини шакллантириш, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини тиббий-психологик кўрикдан ўтказиш ва шу асосда ҳомиладор аёл ҳақида батафсил маълумотнома тайёрлаш

доимий

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

  1.  

Ҳомиладор аёлнинг эҳтиёжларини ўрганиш, маиший муаммоларини ҳал этишига ёрдамлашиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фаол кўмак гуруҳлари” ташкил этиш

2020 йил январь

Ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашлари,
Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси

  1.  

Ҳомиладор аёлларда соғлом ҳомиладорликни ташкил қилиш бўйича тавсиялардан иборат “Соғлом авлод учун” номли брошюра, туркум буклетлар тайёрлаш ва тарқатиш

2019 йил

сентябрдан доимий

ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

  1.  

Ҳомиладор аёллар ўқиши тавсия қилинадиган бадиий
ва электрон адабиётлар рўйхатини шакллантириш

2020 йил январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси

  1.  

“Ёш оналар” клубини ташкил қилиш

2020 йил январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Республика Маҳаллалар кенгаши,
Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

З ёшгача болаларда бадиий-эстетик дид шакллантириш ва интеллектни ривожлантиришга мўлжалланган алла, эртак, мақоллар ва топишмоқларнинг аудио шаклини яратиш, мультфильмлар тўпламини тайёрлаш

2020 йил
март

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги,
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Мактабгача таълим вазирлиги,
Ёзувчилар уюшмаси

  1.  

3 ёшгача бўлган болаларнинг руҳий-психологик ривожланишини мунтазам назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш

2020 йил январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

3 ёшгача бўлган болаларда китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш бўйича алоҳида қўлланма ишлаб чиқиш
ва оилаларга тарқатиш

2020 йил
март

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси

  1.  

Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида болалар ўйинчоқларининг ғоясини таҳлил ва тадқиқ қиладиган ишчи гуруҳи тузиш

2019 йил сентябрь

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар
ва ташкилотлар

  1.  

Болаларга халқимизнинг урф-одатлари, қадриятларини англатувчи “Ўзинг бўя” туркумида альбомлар яратиш.

2020 йил январь

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги

  1.  

“Одобли бола” тизимли ўйинлар орқали тарбияни ташкил қиладиган вариатив дастур ишлаб чиқиш

2020 йил
март

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги

  1.  

Боғчаларда болаларни алла садоси билан ухлатишни ташкил қилиш

2019 йил сентябрь

Ҳудудий маънавият ва маърифат кенгашлари, Мактабгача таълим вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

“Экологик тарбия” вариатив дастурини ишлаб чиқиш

2020 йил
март

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги

  1.  

Барча мактабгача таълим муассасаларида “Она Ватан” бурчаклари ташкил этиш бўйича тавсия ишлаб чиқиш

2019 йил сентябрь

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги

 

  1.  

Мактабгача таълим муассасаларида ҳар ойда камида икки марта жойлардаги мусиқа мактабларининг ўқувчилари иштирокида мусиқа соатлари ташкил қилиш

2019 йил сентябрь

Мактабгача таълим вазирлиги,
Маданият вазирлиги

  1.  

Умумий ўрта таълим мактабларида “Мен севган адабий қаҳрамон”, “Мен севган шеър”, “Мен севган адиб” мавзуларида викторина (бир йилда икки марта) ҳамда “Онажоним табиат”, “Буюк алломаларимизни улуғлаймиз” мавзуларида баёнлар (ҳудудий) танловларини ўтказиш.

2019 йил сентябрь

Халқ таълими вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази,
Ёзувчилар уюшмаси

  1.  

Умумий ўрта таълим мактабларида буюк маърифатпарвар сиймолар меросини тарғиб этишга қаратилган “Ўн икки ойга – ўн икки аллома” ойликларини ўтказиш.

2019 йил сентябрь

Халқ таълими вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази

  1.  

Ўқувчи-қизлар учун махсус “Зумрадхонлар” клуби фаолиятини ривожлантириш

2019 йил сентябрь

Халқ таълими вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази,
Хотин-қизлар қўмитаси,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи

  1.  

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Тил – миллат кўзгуси” мавзусида республика иншолар танловини ташкил этиш

2019 йил октябрь

Халқ таълими вазирлиги,
Республика Маънавият ва маърифат маркази,
Ўзбек тили ва адабиёти университети

  1.  

Ўзбекистон Республикасида маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази

 

Общие предложения

493