ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4847 Министерство занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан 18/07/2019 02/08/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида (повторно)
ID-4847

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда иш берувчиларнинг зарурий таълим йўналиши мутахассисликларига бўлган талабларини ҳисобга олган ҳолда, иш берувчи, олий таълим муассасаси ва бакалавриат (магистратура) босқичларида тўлов-контракт асосида кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шаклида таълим олувчи талабалар ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солиш жараёнидаги иштирокини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Иш берувчи корхоналар томонидан талабалар контракт тўловларининг амалга оширилишида айрим тоифадаги (чин етимлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар ҳамда иқтидорли) фуқароларга имтиёзлар берилиши тавсия этилсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ______ зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил «___» ______ даги

____-сон қарорига

ИЛОВА

 

Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

Ушбу Низом “олий таълим муассаси битирувчиси-олий таълим муассасаси-иш берувчи” рационал тизими ўзаро алоқаларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни
ва олий таълим соҳасидаги бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида  талабаларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун контрактларни (кейинги ўринларда-контракт деб аталади) иш берувчилар томонидан тўлаш тартибини белгилайди.

Низом ўзининг зарурий таълим йўналиши ва даражадаги кадрларга бўлган талабларини таъминлаш жараёнида иш берувчиларнинг иштироки тартиби ва иштирок этиш шарт-шароитларини, иш берувчи, олий таълим муассасаси ва бакалавриат ҳамда магистратура бўлимларида тўлов-контракт асосида кундузги, кечки ва сиртқи таълим олувчи талабалар ўртасидаги шартномавий муносабатларни мукаммаллаштириш орқали белгилайди.

  1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар ва уларнинг таърифларидан фойдаланилади:

иш берувчи – у ёки бу соҳада фаолият олиб бориш учун лицензияга эга ва тегишли давлат рўйхатидан ўтган, жумладан уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар.

талаба (абитуриент, битирувчи) – белгиланган тартибда тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассассига кирган (кираётган, уни битирган) Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

олий таълим муассаси (кейинги ўринларда – ОТМ) – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий таълимнинг таълим дастурларини амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган ва ўз Устави ҳамда Олий таълим тўғрисидаги низом (2003 йил 22 февралда 1222-сон билан рўйхатга олинган) асосида фаолият олиб борадиган юридик шахс;

ОТМда ўқиш учун контракт (кейинги ўринларда – контракт) – Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2012 йил 28 декабрдаги 508-сон буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 26 февралда 2431-сон билан рўйхатга олинган Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ОТМнинг ваколатли шахси ва талаба ўртасида тузилган ОТМда ўқиш учун шартнома.

  1. Иш берувчилар томонидан контрактлар иш берувчининг шахсий маблағлари ҳисобидан иш берувчи ва талаба (абитуриент) ўртасида тузилган ОМТда ўқиш нархини тўлаш шартномаси (кейинги ўринларда – шартнома) №1-иловада берилган намунавий шаклга асосан амалга оширилади.
  2. Зарурият туғилган ҳолатларда, иш берувчи, ОТМ ва  талаба ўртасида иш берувчининг буюртмасига биноан тегишли таълим йўналиши бўйича ОТМда мутахассис тайёрлашни назарда тутувчи, №2-иловада берилган намунавий шаклга асосан уч томонлама шартнома тузилиши мумкин.
  3. Шартнома мажбурий тартибда қуйидагиларни ўзида акс эттириши лозим:

иш берувчи томонидан талабанинг ўқиши учун тўлов шартлари;

ОТМни тугатгандан кейин талабани иш билан таъминлаш шартлари ва муддатлари;

иш берувчида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ шартлари;

ОТМни тугатгандан кейин талаба ишга жойлашишдан бош тортганда, иш берувчи томонидан талабанинг ўқиши учун контракт нархини тўлашга сарфлаган маблағларини қайтариш шартлари ва муддатлари;

иш берувчининг ва шартнома асосида таълим олаётган талабанинг, талаба  бошқа ўқишга ўтказилгандаги ёки талабалар сафидан чиқарилгандаги ҳуқуқлари;

  1. Қуйидагилар шартноманинг муҳим шартлари ҳисобланади:

а) иш берувчининг мажбуриятлари:

ўқиш даврида талабанинг ОТМда ўқиши учун контракт нархини тўлаш;

ОТМни муваффақиятли битирган талабани таълим дастурини ўзлаштириш натижасида олган малакасига мувофиқ меҳнат шартномаси тузиш орқали ишга жойлаштириш.

б) талабанинг мажбуриятлари:

ўқишнинг муайян шакли ва касбий таълим йўналиши бўйича таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштириш;

шартномада белгиланган муддатга, бироқ камида уч йилга ишга жойлашган ҳолда олган малакасига мувофиқ иш берувчининг манфаатлари йўлида меҳнат фаолиятини амалга ошириш;

меҳнат шартномаси талабларига талаба томонидан амал қилинмаганда, иш берувчи томонидан ўқиш учун контракт нархини тўлашга сарфлаган маблағларни қайтариш. 

Шартномада томонларнинг бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

  1. Иш берувчининг талабига кўра томонлар шартномани ижро этиш учун учинчи томон сифатида кафилни қўшимча равишда жалб қилиши мумкин.
  2. Шартнома абитуриент ОТМга жойлаштирилишидан олдин ҳам, бироқ кириш имтиҳонлари (тест синовлари) топшириладиган кундан узоғи билан бир ой олдин, талаба ОТМда тегишли таълим дастурини ўзлаштираётгандаги исталган даврда ҳам (одатда ўқув семестри бошланишидан аввал) тузилиши мумкин.
  3. Шартнома тузишда иш берувчи қуйидаги принципларга амал қилиши керак:

тегишли малакага эга мутахассисларга эҳтиёжнинг мавжудлиги;

меҳнат бозорида тегишли малакага эга, банд бўлмаган фуқаролар томонидан ишга жойлашиш борасида таклифлар бўлмаслиги;

талаба таълим оладиган бутун давр мобайнида контракт тўлаш учун етарлича маблағ бўлиши;

шартнома тузишда ташкилотнинг амалдаги ходимларига устуворлик берилиши.  

  1. Ташкилотлар ўқиш учун контрактларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўлашига йўл қўйилмайди.

 

2-боб. Шарнома тузишнинг умумий шартлари,

унинг амал қилиши ва тугаши

 

  1. Шартнома ёзма шаклда тузилади.
  2. Шартнома одатда кириш имтиҳонларини (тест синовларини) муваффақиятли топширган ва ОТМга тўлов-контракт асосида талаба сифатида қабул қилинган шахс билан тузилади.

Айрим ҳолларда ташкилот ходимлари билан шартнома ушбу Низомнинг 6-бандига мувофиқ ОТМга кириш имтиҳони (тест синовлари) топширилишидан олдин тузилиши мумкин, бунда шартнома ходим ОТМга тўлов-контракт асосида жойлаштирилган кундан бошлаб кучга киради.

Агар кириш имтиҳони (тест синовлари) топширилишидан олдин шартнома тузилган ташкилот ходими ушбу Низомнинг 10 ва 11-бандларида белгиланган хусусиятларга мувофиқ ОТМга ўқишнинг тўлов-контракт шаклига қабул қилинмаган бўлса, шартнома тугатилиб, иш берувчи ва ходим шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод этилади.

  1. Вояга етмаган фуқаро ўзининг қонуний вакилининг (ота-онаси, уни асраб олган шахс, васийнинг) ёзма шаклда расмийлаштирилган розилиги билан шартнома тузади. Ушбу битим шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.
  2. Шартнома у бўйича иш берувчи ва талаба томонидан мажбуриятлар бажариладиган бутун муддатга, шу жумладан ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган бакалавриат даражасида (3-4 йил) ва магистратура (1-2)да ўқиш даврига ва ўқиш тугагандан кейинги мажбурий ишга жойлаштириладиган даврга тузилади ва шу даврларда амал қилади.
  3. Шартномада талаба ОТМда таълим дастурини ўзлаштиришининг қуйидаги мажбурий хусусиятлари белгилаб қўйилади:

ОТМда тегишли таълим дастури бўйича тайёрлов йўналиши (йўналишлари), касби (касблари) ва мутахассислиги (мутахассисликлари) номи;

таълим дастурини амалга ошириш шакли (кундузги, сиртқи, кечки);

таълим дастури даражаси (бакалавриат ёки магистратура);  

талаба таълим дастурини ўзлаштириши лозим бўлган ОТМ номи.

Кириш имтиҳони (тест синовлари) топширилишидан олдин тузилган шартномада таълим дастурининг юқорида қайд этилган хусусиятларга мувофиқ ўқишга қабул қилинган муддат кўрсатилади.

  1. Шартномада талаба ОТМни битирганидан кейин уни ишга жойлаштириш бўйича иш берувчининг мажбуриятлари меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг қуйидаги шартларини белгилаган ҳолда камида уч йил муддатга меҳнат шартномасини тузиш орқали бажарилади:

талаба таълим дастурини якунлаганидан кейин иш берувчининг ташкилотига ишга жойлаштирилади, бунда меҳнат фаолияти амалга ошириладиган жой (шаҳар, туман) кўрсатилади;

бажариладиган меҳнат функцияси (лавозим мажбуриятлари) таълим дастурига мувофиқ олинган малакага мос келади;

иш ҳақи ҳажми ва шартлари;

ўқишни битиргандан кейинги давр, бу давр тугагунга қадар битирувчи ишга киришиши керак;

бошқа мажбуриятлар. 

  1. Агар олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт таълим дастури ўзлаштириладиган охирги бир йилгагина тузилган бўлса, ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган меҳнат шартномаси муддати икки йилгача камайтирилиши мумкин.

3-боб. Шартномани ўзгартириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш

 

  1.  Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш фақатгина томонларнинг ўзаро келишуви асосида, шартнома шартларига ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларга амалга оширилиши мумкин.

Шартнома томонлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низолар ва келишмовчиликлар музокаралар орқали ҳал этилади, музокаралар орқали ҳал қилинмаган ҳолатда, суд тартибида ечилади.

  1. Шартномага киритиладиган ўзгаришлар ёзма шаклдаги қўшимча келишув орқали тузилади ва ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.
  2. Шартнома таълим олувчининг ташаббуси билан ўзгартирилаётганда унга шартнома тузилгандан кейин қуйидаги ҳолатлар юз берса, ўзгартишлар киритилади:

таълим олувчи белгиланган тартибда ОТМда ўқишни давом эттириш ёки шартномада белгиланган даврда меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган I ёки II гуруҳ ногирони деб топилган бўлса;

таълим олувчи ногирон деб топилган боласига, ота-онасига, эрига (хотинига) қараётган ва бундай ҳолат туфайли ўз ташаббуси билан ОТМдан чиқариб юборилган бўлса.

Бундай ҳолатлар пайдо бўлганда таълим олувчи бир ой муддатда ОТМдан чиқариб юборилганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатни ва маълумотномани илова қилиб, иш берувчини шартномага ўзгартишлар киритиш истаги ҳақида хабардор қилади.

Иш берувчи шартномага ўзгартишлар киритилишига розилик бермаса ва шартномани таълим олувчи томонидан бажариш имкони бўлмаса, у ушбу Низомнинг 4 ва 10-бандларида назарда тутилган мажбуриятлар юзага келмаса ва бажарилмаса ҳам тугатилади.

  1. Ўқишдан кейин меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича мажбуриятларни бажариш шартнома тузилгандан кейин (таълим олувчи иш берувчи олдидаги мажбуриятларни бажараётган даврда) қуйидаги ҳолатлар юз берганда тўхтатиб турилади:

ОТМда оладиган касб (мутахассислик) бўйича ишни бажариш учун тиббий хулоса билан тасдиқланган тиббий қарши кўрсатмалар аниқланганда;

ҳомиладорлик ва туғиш, уч ёшгача болага қараш;

таълим олувчи қонунчиликга асосан I ёки II гуруҳ ногирони деб топилганда ва бу ишни бажариш учун тўсиқ бўлганда;

ногирон деб топилган ва ўзгаларнинг қаровига муҳтож бўлган боласига, ота-онасига, эрига (хотинига) қараш (агар меҳнат шартномасида келишилган иш жойи қаровга муҳтож шахснинг олдига транспортда бориш имконини бермайдиган жойда жойлашган бўлса);

ҳарбий хизматга чақириқ.

Юқорида қайд этилган ҳолатлардан исталган бири юз берганда таълим олувчи иш берувчини бундай ҳолатлар юз берган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда бундай асос ҳақида хабардор қилади.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юз берганда шартнома муддатлари, шу жумладан унинг амал қилиш муддати иш берувчи ва таълим олувчи ўртасидаги келишув бўйича ўзгартирилиши мумкин.

  1. Иш берувчи ва таълим олувчи қуйидаги ҳолларда шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришдан озод этилади:

иш берувчи белгиланган тартибда тугатилган бўлса ёки таълим дастури натижасида олинган, шартномада кўрсатилган малакага мос келадиган фаолият турини амалга оширишни тугатган бўлса;

таълим олувчи ўқиган ОТМ тугатилган бўлса ёки унинг давлат аккредитацияси бекор қилинган (тўхтатиб турилган) бўлса.

  1. Агар таълим олувчи ОТМдаги талабалар сафидан чиқарилган ёки бошқа ўқишга ўтказилган, ёки ОТМни битиргач, шартномада белгиланган меҳнат фаолиятини амалга оширишга киришмаган бўлса ёхуд шартноманинг бошқа муҳим шартмаларини бузган бўлса, шартнома таълим олувчининг айби билан тугатилади. Бунда иш берувчи шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод этилади, таълим олувчи эса шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги учун моддий жавоб беради ва ушбу Низом V бобининг қоидаларига мувофиқ контракт тўлаш учун иш берувчи сарфлаган харажатларнинг тўлиқ суммасини қоплаб беради.
  2. Иш берувчи таълим олувчини ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган асосий хусусиятлар билан белгиланган иш жойига (мутахассисликка, касбга) жойлаштиришдан бош тортса, шартнома тугатилади, таълим олувчи уни бажариш, шу жумладан иш берувчи контрактни тўлаш учун сарфлаган харажатлари суммасини қайтариш бўйича мажбуриятлардан озод этилади.
  3. Шартномани қуйидагича тугатиш мумкин:

иш берувчи ва талаба (абитуриент, битирувчи) ўртасида ёзма битим бўйича;

шартнома томонлари хоҳиш-истагига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юз берганда, шу жумладан ОТМ Ўзбекистон Республикасида давлат аккредитациясини йўқотганда;

иш берувчи ёки талаба томонидан ўз мажбуриятлари ушбу Низомнинг 19-бандига мувофиқ шартнома амал қилишини давом эттиришга имкон бермайдиган тарзда бузилганда;

иш берувчи тугатилганда.

 

4-боб. Иш берувчи томонидан ўқиш учун контракт тўлаш

 

  1. Иш берувчи талаба ўқиши учун тўловни у билан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2012 йил 508-сон буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 26 февралда 2431-сон билан рўйхатга олинган Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга (кейинги ўринларда – Контракт тузиш тўғрисидаги низом) мувофиқ ОТМда ўқиш учун шартнома тузгандан кейин амалга оширади.
  2. Тўлов таълим олишнинг тўлов-контракт шаклига қабул қилинган талаба томонидан тақдим этилган тўлов тақдимномаси бўйича шартнома асосида зарур суммани ОТМнинг ҳисобварағига қуйидаги муддатларда ўтказиш орқали тўланади:

ОТМнинг биринчи курсига қабул қилинган талабалар учун тўлаш учун белгиланган сумманинг камида 50 фоизи – 15 сентябргача, иккинчи ва учинчи курс талабалари учун – 1 октябргача;

тўлаш учун белгиланган сумманинг қолдиғи – 1 мартгача.

 

5-боб. Иш берувчилар ва олий таълим муассасалари ҳамкорлиги

 

  1. Иш берувчи уч иш куни ичида ОТМга талаба билан тузилган шартнома ҳақида хабар юборади, унда тўловчининг реквизитлари кўрсатилади.
  2. ОТМ ҳар йили ҳар ўқув йили тамом бўлгандан кейин иш берувчига талаба ўқув йилини тугатганлиги ва кейинги курсга ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома юборади, талаба Контракт тузиш тўғрисидаги низомнинг 27 ва 28-бандларида кўрсатилган сабаблар бўйича талабалар сафидан чиқариб ташланса ёки таълимнинг бошқа йўналишига ўтказилса, ўн календарь кундан ошмаган муддатда контракт тугатилганлиги ёки таълим йўналиши ўзгартирилганлиги ҳақида хабар беради.
  3. ОТМни хабардор қилиш меҳнат шартномасини тугатиш ва ушбу Низомнинг VI бобида назарда тутилган жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос ҳисобланади.

 

 

 

6-боб. Таълим олувчи томонидан шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда иш берувчи томонидан ўқиш учун контрактга сарфланган харажатлар ўрнини қоплаш

 

  1. Таълим олувчи шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, иш берувчига ўқиш учун контракт тўлашга сарфланган харажатлар ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаб бериши шарт.
  2.  Иш берувчининг харажатлари миқдори  тегишли харажатлар амалга оширилган кундаги индексикацияни ҳисобга олган ҳолдаги санадан ҳисобланилади.

Иш берувчининг харажатлари индексикацияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

  1. Иш берувчи таълим олувчининг айби билан шартнома бекор қилингандан кейин бир ой муддатда таълим олувчига харажатлар ўрнини қоплаш зарурлиги тўғрисида талаб қилинаётган сумма кўрсатилган, харажатлар миқдори ҳисоб-китоби илова қилинган ёзма шаклдаги хабарни юборади.
  2. Таълим олувчи хабар олгандан кейин кўпи билан бир ой ичида иш берувчининг ўқиш учун контракт тўлаш билан боғлиқ харажатлари ўрнини шартнома томонларининг реквизитларида кўрсатилган иш берувчининг ҳисобварағига маблағ ўтказиш орқали қоплаб беради.
  3. Таълим олувчи иш берувчининг ўқиш учун контракт тўлаш бўйича харажатлари ўрнини қоплашдан бош тортса, иш берувчи харажатлар мажбуран ундириб олиниши учун суд органларига тегишли даъво аризаси юборади.   
  4. Талабанинг ўз хоҳишига кўра ёки бошқа ўқув юртига ўтказилиши муносабати билан талабалар сафидан чиқарилганда ОТМ Контракт тузиш қоидаларининг 28-бандида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ иш берувчининг сўрови асосида иш берувчининг ҳисобварағига тўловнинг сарфланмаган қисмини қайтаради, тўловнинг қолган сарфланмаган қисми эса таълим олувчи томонидан қопланади.  

    

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган хорижий олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқишини тўлаш тартибига татбиқ этилмайди.
  2. Ушбу Низомга риоя қилиш учун жавобгарлик талабаларнинг олий таълим муассасаларида ўқиш контрактларини тўлайдиган ташкилотларнинг раҳбарларига юкланади.

 

 

 

Низомга

1-ИЛОВА

 

Талаба, олий таълим муассасаси ва корхона (иш берувчи) ўртасида олий касбий

таълимга эга бўлган мутахассисларни шартнома асосида мақсадли тайёрлаш бўйича

Намунавий шартнома

 

            ___________                                                                   “____” __________ 201__ й.

 

            Таълим муассаси ______________________________ ректор (директор) номидан _____________________________________, таълим муассасининг амалдаги уставига асосан, бир томондан, ________________________ (корхона номи) номидан (кейинги ўринларда “Корхона” деб юритилади)  ___________ асосида фаолият юритувчи _________ иккинчи томондан, ва Талаба _____________, _____________ йилда туғилган, _______________________________________ манзилда яшовчи, паспорт маълумотлари: ______________________________________ ИИБ томонидан берилган (кейинги ўринларда “Талаба” ёки “Ходим” деб юритилади)  учинчи томондан  мазкур шартномани қўйидаги мазмунда туздилар:

Таълим муассаси ____________ мутахассисларни шартнома асосида мақсадли тайёрлаш бўйича мажбурият олади, ________________________ (корхона номи) Талаба таълим олаётган олий таълим муассасасига шахсий маблағлари ҳисобидан тўлов-контракт пулини тўлаш ва Талаба _____________________________ институти/университетда __________________ бўйича таълим дастурини ўзлаштириш (коди, касб номи, ўқитиш (мутахассислик) йўналиши, таълим даражаси), ушбу ўқув дастури бўйича якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтиш ва  ________________________ (корхона номи) билан меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини олади.

 

  1. Томонларнинг мажбуриятлари

 

1.1.      Таълим муассасаси:

Шартнома мазмунига биноан таълим муассаси қуйидаги мажбуриятларни олади:

 давлат таълим стандартига мувофиқ талабага танланган мутахассислик ёки йўналиш бўйича асосий таълим дастурини ўзлаштириш учун таълим дастурининг ____________________ (кундузги, сиртқи, кечки) шаклида, ____________________ (бакалавриат ёки магистратура) даражасида таълим олиши учун шароитлар яратиш;

 давлат таълим стандартидан ташқари (иш берувчининг розилиги билан унинг молиявий манбалари ҳисобига) қуйидаги қўшимча фанларни ўрганиш учун шароитлар яратиш (фанлар номи)________________________________________________________________________;

 контракт асосида мутахассис тайёрлаш доирасида таълим олаётган талабага ўқиш учун контракт суммаси тўлангандан кейин стипендия тўлаш;

 якуний давлат аттестацияси ўтказилиб, ўқиш тугагандан кейин талабага олий таълим даражасини тугатганлиги тўғрисида диплом бериш;

талабага кутубхонанинг ўқув залларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

талабага шартнома муддати давомида олий ўқув юртларида тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш;

талабанинг сессиялар якуни бўйича натижалари ҳақида корхонани йилда икки марта хабардор қилиш;

ҳар йили, ўқув йили тугагандан кейин корхонага талаба томонидан ўқув йилининг тугатганлиги ва кейинги босқичга ўтганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиш. Агар талаба талабалар сафидан чиқарилса ёки таълимнинг бошқа йўналишига ўтказилса, 10 календарь куни мобайнида корхонага шартнома тўҳтатилганлиги ёки таълим йўналишининг ўзгарганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиш;

 

     1.2. Корхона:

 корхонада ўқув-илмий, дипломолди амалиёт ва диплом иши лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини таъминлаш;

 жорий ўқув йили учун белгиланган ўқитишнинг тўлиқ қийматини ўз вақтида тўлаш;

 таълим олишнинг тўлов-контракт шаклига қабул қилинган талаба томонидан тақдим этилган тўлов тақдимномаси бўйича шартнома асосида зарур суммани ОТМнинг ҳисобварағига қуйидаги муддатларда ўтказиш орқали тўлаш:

ОТМнинг биринчи курсига қабул қилинган талабалар учун тўлаш учун белгиланган сумманинг камида 50 фоизи – 15 сентябргача, иккинчи ва учинчи курс талабалари учун – 1 октябргача, тўлаш учун белгиланган сумманинг қолдиғи – 1 мартгача.

 энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ёки тарифлар ўзгарганда, ўқишнинг қолган муддати учун бир ой муддат ичида таълим муассасасига ҳақ тўлаш ва контрактга тегишли ўзгартиришлар киритиш;

 таълим йуналиши (мутахассислиги)ни ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқиш, диплом олди амалиётини ўташ ва шу даврда талабага шароит яратиш;

 олий таълим муассасасини тугатгач талабани ҳақ тўланадиган штат лавозимига ишга қабул қилиш, иш жойи билан таъминлаш, ишлашга шароит яратиш ва унинг ўзига хос хусусиятлари билан таништириш мажбуриятини олади.

 

1.3. Талаба:

 

 таълим йўналишининг тегишли малака талабларида назарда тутилган, шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ мустақил касб-ҳунар фаолиятини бажариш учун зарур бўлган барча билимларни эгаллаш мажбуриятини олади;

 олий таълим муассасининг ички тартиб, кириб-чиқиш назорати қоидалари ва Низомига, кутубхона ва ўқув заллари фондларидан фойдаланиш, шунингдек, талабалар ётоқхонасида яшаш (ётоқхонада яшаш учун шартнома тузилганда) қоидаларига амал қилиш;

 таълим муассасасини битирганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олгандан
кейин ___ ойдан кеч бўлмаган муддатда Корхона билан меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини олади;

 “Иш берувчи корхона билан корхона ҳисобидан олий таълим муассасалари талабасига тўлов-контракт пулларини тўлаш ва олий таълим муассасини битиргандан кейин иш берувчи корхона билан меҳнат шартномасини тузиш мажбурияти бўйича тузилган шартнома”да кўрсатилган шартларни бажариш мажбуриятини олади.

 

II. Шартномани ўзгартириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш:

 

2.1. Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш фақатгина томонларнинг ўзаро келишуви асосида, шартнома шартларига ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларга амалга оширилиши мумкин.

Шартномага киритиладиган ўзгаришлар ёзма шаклдаги қўшимча келишув орқали тузилади ва ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.

 

 

 

 

III. Бошқа шартлар

 

3.1. Шартнома имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради ва талаба ўқув юртини тугатгунга қадар амал қилади.

3.2 Томонлар ўртасида пайдо бўладиган бошқа низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари асосида ҳал этилади.

3.3. Ушбу шартнома 3 (уч) нусхада имзоланиб, ҳар бир тарафга бир нусхадан берилади. Учала нусха ҳам бир хил юридик кучга эга.

 

 

Томонларнинг юридик манзиллари:

 

Таълим муассасаси

Корхона

Талаба

 

 

 

 

 

Низомга

2-ИЛОВА

 

 

 ________________________ (корхона номи)

ҳисобидан олий таълим муассасалари талабасига тўлов-контракт пулларини тўлаш

ва олий таълим муассасини битиргандан кейин  ________________________ (корхона

номи) билан меҳнат шартномасини тузиш мажбурияти бўйича

икки томонлама

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА

 

            ___________                                                                   “____” __________ 201__ й.

 

            ________________________ (корхона номи) номидан (кейинги ўринларда “Корхона” деб юритилади)  ___________ асосида фаолият юритувчи _________ бир томондан, ва Талаба _____________, _____________ йилда туғилган, _______________________________________ манзилда яшовчи, паспорт маълумотлари: ______________________________________ ИИБ томонидан берилган (кейинги ўринларда “Талаба” ёки “Ходим” деб юритилади)  иккинчи томондан  мазкур шартномани қўйидаги мазмунда туздилар:

________________________ (корхона номи) Талаба таълим олаётган олий таълим муассасасига (кейинги ўринларда- ОТМ) шахсий маблағлари ҳисобидан тўлов-контракт пулини тўлаш ва Талаба _____________________________ институти/университетда __________________ бўйича таълим дастурини ўзлаштириш (коди, касб номи, ўқитиш (мутахассислик) йўналиши, таълим даражаси), ушбу ўқув дастури бўйича якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтиш ва  ________________________ (корхона номи) билан меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини олади.

 

I. Томонларнинг мажбуриятлари

1.1. Корхона:

 жорий ўқув йили учун белгиланган ўқитишнинг тўлиқ қийматини ўз вақтида тўлаш;

 таълим олишнинг тўлов-контракт шаклига қабул қилинган талаба томонидан тақдим этилган тўлов тақдимномаси бўйича шартнома асосида зарур суммани ОТМнинг ҳисобварағига қуйидаги муддатларда ўтказиш орқали тўлаш:

ОТМнинг биринчи курсига қабул қилинган талабалар учун тўлаш учун белгиланган сумманинг камида 50 фоизи – 15 сентябргача, иккинчи ва учинчи курс талабалари учун – 1 октябргача, тўлаш учун белгиланган сумманинг қолдиғи – 1 мартгача.

 энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ёки тарифлар ўзгарганда, ўқишнинг қолган муддати учун бир ой муддат ичида таълим муассасасига ҳақ тўлаш ва контрактга тегишли ўзгартиришлар киритиш;

 таълим йуналиши (мутахассислиги)ни ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқиш, диплом олди амалиётини ўташ ва шу даврда талабага шароит яратиш;

 олий таълим муассасасини тугатгач ҳақ тўланадиган штат лавозимига ишга қабул қилиш, иш жойи билан таъминлаш, ишлашга шароит яратиш ва унинг ўзига хос хусусиятлари билан таништириш мажбуриятини олади.

1.2. Талаба:

таълим йўналишининг тегишли малака талабларида назарда тутилган, шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ мустақил касб-ҳунар фаолиятини бажариш учун зарур бўлган барча билимларни эгаллаш мажбуриятини олади;

таълим муассасасини битирганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олгандан кейин ___ ойдан кеч бўлмаган муддатда Корхона билан меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини олади;

ушбу шартномани бажариш учун муҳим ҳисобланган фамилияси, исми, шарифи (агар бўлса), паспорт маьлумотлари ва бошқа маълумотларни ўзгарганлиги ҳакида, бундай ўзгаришлар бўлган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида Корхонани хабардор этиш мажбуриятини олади.

олий таълим муассасасини тугатгач, корхона ёки жамият тизимида тўланган ҳар бир ўқув йили учун  _________ йилдан ишлаб бериш мажбуриятини олади;

олий таълим муассасасини тугатгач, корхона ёки корхона тизимида ишлаб беришни рад этса ёки ушбу шартномада кўрсатилган сабабларга кўра ишлаб бера олмаса, унинг ўқиши учун жамият томонидан ўқиш учун контракт тўлашга сарфланган харажатлар ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаб бериш мажбуриятини олади.

Иш берувчининг харажатлари миқдори  тегишли харажатлар амалга оширилган кундаги индексикацияни ҳисобга олган ҳолдаги санадан ҳисобланилади. Иш берувчининг харажатлари индексикацияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасини қўллаган ҳолда амалга оширилади ва бир ой муддатда таълим олувчига харажатлар ўрнини қоплаш зарурлиги тўғрисида талаб қилинаётган сумма кўрсатилган, харажатлар миқдори ҳисоб-китоби илова қилинган ёзма шаклдаги хабарни юборади.

Таълим олувчи хабар олгандан кейин кўпи билан бир ой ичида иш берувчининг ўқиш учун контракт тўлаш билан боғлиқ харажатлари ўрнини шартнома томонларининг реквизитларида кўрсатилган иш берувчининг ҳисобварағига маблағ ўтказиш орқали қоплаб бериш мажбуриятини олади;

томонларнинг келишувига кўра бошқа шартларни бажариш мажбуриятини олади.

 

II. Шартномани ўзгартириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш:

 

2.1. Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш фақатгина томонларнинг ўзаро келишуви асосида, шартнома шартларига ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларга амалга оширилиши мумкин.

Шартномага киритиладиган ўзгаришлар ёзма шаклдаги қўшимча келишув орқали тузилади ва ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Шартнома таълим олувчининг ташаббуси билан ўзгартирилаётганда унга шартнома тузилгандан кейин қуйидаги ҳолатлар юз берса, ўзгартишлар киритилади:

таълим олувчи белгиланган тартибда ОТМда ўқишни давом эттириш ёки шартномада белгиланган даврда меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган I ёки II гуруҳ ногирони деб топилган бўлса;

таълим олувчи ногирон деб топилган боласига, ота-онасига, эрига (хотинига) қараётган ва бундай ҳолат туфайли ўз ташаббуси билан ОТМдан чиқариб юборилган бўлса.

Бундай ҳолатлар пайдо бўлганда таълим олувчи бир ой муддатда ОТМдан чиқариб юборилганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатни ва маълумотномани илова қилиб, иш берувчини шартномага ўзгартишлар киритиш истаги ҳақида хабардор қилади.

2.2. Иш берувчи ва таълим олувчи қуйидаги ҳолларда шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришдан озод этилади:

иш берувчи белгиланган тартибда тугатилган бўлса ёки таълим дастури натижасида олинган, шартномада кўрсатилган малакага мос келадиган фаолият турини амалга оширишни тугатган бўлса;

таълим олувчи ўқиган ОТМ тугатилган бўлса ёки унинг давлат аккредитацияси бекор қилинган (тўхтатиб турилган) бўлса.

2.3. Ўқишдан кейин меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича мажбуриятларни бажариш шартнома тузилгандан кейин (таълим олувчи иш берувчи олдидаги мажбуриятларни бажараётган даврда) қуйидаги ҳолатлар юз берганда тўхтатиб турилади:

ОТМда оладиган касб (мутахассислик) бўйича ишни бажариш учун тиббий хулоса билан тасдиқланган тиббий қарши кўрсатмалар аниқланганда;

ҳомиладорлик ва туғиш, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътил олганда;

таълим олувчи I ёки II гуруҳ ногирони деб топилганда ва бу ишни бажариш учун тўсиқ бўлганда;

ногирон деб топилган ва ўзгаларнинг қаровига муҳтож бўлган боласига, ота-онасига, эрига (хотинига) қараш (агар меҳнат шартномасида келишилган иш жойи қаровга муҳтож шахснинг олдига транспортда бориш имконини бермайдиган жойда жойлашган бўлса);

ҳарбий хизматга чақирилганда.

Юқорида қайд этилган ҳолатлардан исталган бири юз берганда таълим олувчи иш берувчини бундай ҳолатлар юз берган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда бундай асос ҳақида хабардор қилади.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юз берганда шартнома муддатлари, шу жумладан унинг амал қилиш муддати иш берувчи ва таълим олувчи ўртасидаги келишув бўйича ўзгартирилиши мумкин.

2.4. Агар таълим олувчи ОТМдаги талабалар сафидан чиқарилган ёки таълимнинг бошқа йўналишига ўтказилса, ёки ОТМни битиргач, шартномада белгиланган меҳнат фаолиятини амалга оширишга киришмаган бўлса ёхуд шартноманинг бошқа муҳим шартмаларини бузган бўлса, шартнома таълим олувчининг айби билан тугатилади. Бунда иш берувчи шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлиги учун жавобгарликдан озод этилади, таълим олувчи эса шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги учун моддий жавоб беради ва контракт тўлаш учун иш берувчи сарфлаган харажатларнинг тўлиқ суммасини қоплаб беради.

2.5. Иш берувчи таълим олувчини асосий хусусиятлар билан белгиланган иш жойига (мутахассисликка, касбга) жойлаштиришдан бош тортса, шартнома тугатилади, таълим олувчи уни бажариш, шу жумладан иш берувчи контрактни тўлаш учун сарфлаган харажатлари суммасини қайтариш бўйича мажбуриятлардан озод этилади.

2.6. Ушбу шартномани қуйидагича тугатиш мумкин:

иш берувчи ва талаба (абитуриент, битирувчи) ўртасида ёзма битим бўйича;

шартнома томонлари ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юз берганда, шу жумладан ОТМ Ўзбекистон Республикасида давлат аккредитациясини йўқотганда;

иш берувчи ёки талаба томонидан ўз мажбуриятлари шартнома амал қилишини давом эттиришга имкон бермайдиган тарзда бузилганда;

иш берувчи тугатилганда;

таълим олувчи вафот этган тақдирда.

 

2.7. Мехнат шартномаси муддатидан олдин  қуйидаги асосларда бекор қилинганда, Корхона томонидан сарфланган ҳаражатларни Талаба томонидан қоплаб берилиши  мажбуриятининг кучда қолиши:

 Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши;

 меҳнат шартномаси Корхона ташаббуси билан бекор қилинганда (етарлича малакага эга бўлмаганлиги ёки соғлиги туфайли ходимнинг бажараётган ишига номувофиқлиги, ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузиши, ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларининг бир марталик қўпол бузилиши, ишонч йўқолиши, савдо сирларини ошкор қилиш ва бошқалар).

узоқ вақтга ҳарбий хизматга чақирилганда, жиноят учун жазога ҳукм қилинганда, бошқа олий ўқув юртларига қўшимча таълим олиш учун қабул қилинганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда.

 

III. Бошқа шартлар

 

3.1. Шартномада кўрсатилган маблағларни ўз вақтида тўлай олмаса, Талаба (Ходим)  Корхонага ҳар бир кечиктирилган кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима тўлайди.

3.7 Томонлар ўртасида пайдо бўладиган бошқа низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари асосида ҳал этилади.

3.8. Ушбу шартнома 2 (икки) нусхада имзоланиб, ҳар бир тарафга бир нусхадан берилади. Икки нусха ҳам бир хил юридик кучга эга.

 

 

Томонларнинг юридик манзиллари:

 

Корхона

Талаба

 

 

 

 

 

Общие предложения

363