ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4818 Министерство финансов Республики Узбекистан 17/07/2019 01/08/2019 128

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Давлат харидлари тўғрисида (Янги таҳрири)
ID-4818

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

 

Давлат харидлари тўғрисида

(Янги таҳрири)

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва амал қилиши

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни, шунингдек давлат буюртмачиларининг хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидларига;

Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари ҳамда Ўзбекистон Республикасига тақдим этиладиган чет эл кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилади.

2-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳаси

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, битим қоидалари қўлланилади.

Давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаш орқали хусусий секторга ўтказиладиган давлат органларининг вазифа ва функцияларини бажаришда аутсорсинг, краудсорсинг механизмларидан мазкур Қонун талабларига зид бўлмаган ҳолда фойдаланилиши мумкин.

4-модда. Бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларида назарда тутилган хорижий инвестиция лойиҳаларни рўёбга чиқаришда инвесторларга, пудрат ташкилотлари ва лойиҳа ташкилотлари ўртасида консорциум ташкил этиш ҳамда консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарликни юклаш орқали «fast-track» усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.

5-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат харидлари – давлат буюртмачиларининг товарлар, ишлар ва хизматларга асосланган эҳтиёжларини таъминлаш жараёни;

давлат харидларининг субъектлари – давлат буюртмачиси, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси, давлат харидларининг ижрочиси, харид комиссияси, электрон давлат харидлари тизими оператори ва эксперт;

давлат эҳтиёжлари учун товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб бериш учун давлат шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) – давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат буюртмачиси ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

махсус ахборот портали – давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан юритиладиган давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда кўрилишини, шунингдек ўтказилган электрон давлат харидлари тўғрисидаги электрон давлат харидлари тизими операторлари томонидан киритиладиган (юбориладиган) ахборотларни жамловчи веб-сайт (махсус электрон платформа);

электрон давлат харидлари тизими оператори – давлат харидларининг субъектларига давлат харидлари электрон тизимларида харид тартиб-таомилларини ўтказиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатадиган махсус ваколатли юридик шахс;

давлат харидларининг стратегик субъектлари – рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар;

харид қилиш тартиб-таомили — давлат хариди бўйича хатти-ҳаракатлар мажмуи;

эксперт — хулоса бериш учун махсус билимларга эга бўлган жисмоний ва юридик шахс;

электрон давлат харидлари – электрон давлат харидларини тизимлар орқали ахборот-коммуникация технологиялари воситасидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган шакллари;

электрон давлат харидлари тизими – электрон давлат харидлари жараёнида давлат харидлари субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган ташкилий, ахборот ва техник қарорларининг дастурий мажмуи;

эълон – давлат буюртмачиси томонидан давлат харидларини амалга ошириш усули, талаблари, шартлари, таклифларни тақдим этиш муддатлари ва тартиби кўрсатилган электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириладиган бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги ахборот.

6-модда. Давлат харидларининг асосий принциплари

Давлат харидларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат харидлари субъектларининг касбий маҳорати ва масъулиятлик;

асосланганлик;

молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

рақобат ва холислик;

мутаносиблик;

давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги;

коррупцияга йўл қўймаслик.

Давлат харидларининг асосий принциплари давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.

7-модда. Давлат харидларида касбий маҳорат ва масъулиятлик принципи

Давлат буюртмачиси, электрон давлат харидлари тизими оператори, ихтисослашган ташкилот, хўжалик жамияти ва стратегик ахамиятга эга корхона жавобгар шахсларининг касбий маҳорати ва масъулияти тегишли бўлинмалар ходимларига нисбатан соҳа бўйича маълумоти ёки давлат харидлари соҳасида мутахассислик сертификати бўлиши, малакасини мунтазам равишда ошириши ҳамда босқичма-босқич амалий тажрибага эга бўлиб бориши ва касбий фаолияти тўғрисида талабларни белгилаш йўли билан таъминланади.

Буюртмачилар ва иштирокчилар харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахсни белгилаши шарт.

Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда ушбу шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим.

8-модда. Асосланганлик принципи

Давлат харидлари давлат буюртмачисининг ўз олдида турган вазифаларни ҳал этишни таъминлайдиган ҳақиқий талаблари ва эҳтиёжларини самарали қаноатлантириш учун давлат харидларини ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги, товарни (ишни, хизматни) танлашнинг, унинг истеъмол хусусиятларининг (тавсифининг), сифат кўрсаткичлари ва қийматининг асосланганлиги ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.

9-модда. Молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги принципи

Давлат харидлари:

давлат буюртмачисининг давлат харидларини ўтказиш харажатларини ва товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қийматини ҳисобга олиш;

давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан товарларни (ишларни, хизматларни) олишдан кўрилган наф, уларнинг сифати ва қиймати ўртасидаги мақбул нисбатни (фойдаланиш даври харажатларини ҳисобга олган ҳолда) таъминлаш;

давлат харидларини мақбул муддатларда ўтказиш имконини берадиган оқилона ва тежамкор усулда амалга оширилиши керак.

10-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлиги:

тегишли давлат органларига, давлат харидлари субъектларига ва жамоатчиликка давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ, ўз вақтида, эркин ва бепул фойдаланиш имкониятини таъминлаган ҳолда уни электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бунданмустасно;

харид қилиш тартиб-таомилларига доир ҳужжатларни ва ҳисоботларни тузиш ҳамда бут сақлашни таъминлаш орқали амалга оширилади.

11-модда. Рақобат ва холислик принципи 

Давлат харидларидаги рақобат харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари, давлат харидлари электрон тизимлари операторлари ва ихтисослашган ташкилотлар ўртасида рақобатлашув, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишда ҳамда холис ва асосли мезонлар асосида энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишда беғаразлик ва шаффофлик механизмларидан фойдаланиш ҳисобидан қўллаб-қувватланади.

Давлат харидларининг холислиги харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишдаги ва энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишдаги беғаразликни назарда тутади.

Давлат харидларининг холислиги:

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларига тенг имкониятларни таъминлашга;

давлат харидлари субъектлари ўртасида рақобатни ва уларга нисбатан беғаразликни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишга;

давлат харидлари жараёнида шикоятлар, низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқишнинг ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришнинг очиқ, ошкора ва рақобат механизмларига асосланади.

12-модда. Мутаносиблик принципи

Давлат харидларида мутаносиблик:

давлат харидларини амалга ошириш усулининг товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавф-хатарига, қийматига, хусусиятига ва мураккаблигига;

талабларнинг харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари малакасига оид маълумотларга, таклифларни баҳолаш мезонлари ва усулларининг товарларга (ишларга, хизматларга);

давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги уларнинг ўз вазифаларига мослиги билан таъминланади.

13-модда. Давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги принципи

Давлат харидлари мақсадлар, принциплар ва ёндашувларнинг ягоналигига, давлат харидлари жараёни барча босқичларининг яхлитлиги ва ўзаро алоқадорлигига ҳамда давлат харидлари барча субъектларининг ҳамкорлигига асосланади.

Давлат харидларининг ягоналиги ва яхлитлиги:

давлат харидларини тартибга солувчи ягона ва яхлит норматив-ҳуқуқий база ҳамда уни бир хилда қўллаш;

давлат харидларининг давлат харидлари тўғрисидаги барча ахборотни тўплаш, унга ишлов бериш ва уни таҳлил қилишни ҳамда барча манфаатдор шахсларга ундан фойдаланишни таъминлайдиган ягона, яхлит ва комплекс ахборот тизими мавжудлиги;

давлат харидларини амалга ошириш механизмлари, тартиб-таомиллари ва усулларини бирхиллаштириш;

давлат харидларига оид ҳужжатларни бирхиллаштириш;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификаторини жорий этиш;

давлат харидларини режалаштириш ва амалга оширишни, давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) тузиш ва ижро этишни, мониторингни ва назоратни амалга оширишни, низолар ҳамда келишмовчиликлар устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқишни, давлат харидлари субъектларининг касбий маҳорати даражасини ва масъулиятини оширишни ташкил этиш имконини берадиган ягона инфратузилманинг мавжудлиги билан таъминланади.

14-модда. Коррупцияга йўл қўймаслик принципи

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга доир талаблар давлат харидлари соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги керак. Бунда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлади.

2-боб. Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан
тартибга солиш

15-модда. Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари

Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари:

давлатнинг стратегик мақсадлари ва вазифаларига эришиш;

ривожлантириш давлат дастурларини ижро этиш;

давлатнинг ижтимоий вазифаларини бажариш;

давлат хизматлари кўрсатиш;

давлат буюртмачиларининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини таъминлаш учун давлат харидлари субъектларига қулай муҳитни шакллантиришдан, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга ва қонун ҳужжатларининг бошқача бузилишларига қарши курашишдан иборат.

Давлат харидларини амалга оширишда ижтимоий-иқтисодий сиёсат устуворликлари, шу жумладан юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришлар яратилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, қулай экологик вазият сақланиши ҳисобга олинади.

16-модда. Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган

Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига асосан белгиланади.

Ваколатли орган давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади.

Ваколатли орган:

давлат харидлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича чоралар кўради;

махсус ахборот порталини, электрон давлат харидлари тизими операторларини ва уларнинг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти қоидаларини белгилайди;

таклифни баҳолаш ва таққослаш усулларини ҳамда мезонларини, шунингдек харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди;

иқтисодий жиҳатдан энг фойдали таклифни баҳолаш усулини қўллаш тартибини (баҳолашнинг нархга асосланмаган мезонларини) белгилайди;

давлат харидлари бўйича ахборотни жойлаштириш, ошкор қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини ҳамда ҳажмларини, шунингдек товарга (ишга, хизматга) ҳамда давлат харидларини амалга ошириш усулига қараб эълон қилишга доир қўшимча талабларни белгилайди;

харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонларнинг, харид қилиш ҳужжатларининг намунавий нусхаларини тасдиқлайди;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартибини белгилайди;

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди;

давлат харидлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бажарилиши устидан мониторинг ва назоратни таъминлайди.

Ваколатли орган, зарур ҳолларда давлат харидлари соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганда ёки эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолатларда уларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда олдини олиш бўйича давлат буюртмачиларига тегишли кўрсатмалар беришга, шунингдек давлат органларидан амалга оширилган давлат харидлари бўйича назорат ва мониторинг натижаларини олишга хақлидир.

Ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

17-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур Қонунга мувофиқ:

давлат харидлари соҳасида бюджет тизими бюджетлари маблағларидан оқилона фойдаланиш, харид қилиш тартиб-таомиллари турларини такомиллаштириш ва уларнинг қўлланилишини кенгайтириш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини назарда тутувчи таклифлар тайёрланишини мувофиқлаштиради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг давлат харидлари соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради ҳамда уларга йўналиш беради, уларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Давлат харидларининг субъектлари

18-модда. Давлат буюртмачилари

Ушбу Қонун мақсадлари учун давлат буюртмачилари деганда қуйидагилар тушунилади:

1) бюджет буюртмачилари:

давлат органлари;

бюджет ташкилотлари;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар;

давлат мақсадли жамғармалари;

2) корпоратив буюртмачилар:

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;

устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар;

табиий монополиялар субъектлари ва конунчиликка мувофиқ маҳсулотининг нархини ваколатли давлат органлари билан келишиши шарт бўлган бошқа корхона ва ташкилотлар;

стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар.

Давлат буюртмачиси:

мустақил равишда ёки ихтисослашган ташкилотни жалб этган ҳолда товарнинг (ишнинг, хизматнинг) бошланғич нархини белгилаш, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

иккинчи босқич якунлари бўйича тендер тарзида харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишда ғолиб билан нархни пасайтириш тўғрисида музокараларга киришиш ҳуқуқига эга.

давлат харидларини амалга оширишда ўз расмий веб-сайтига ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига эълон жойлаштириш;

харид қилиш тартиб-таомилларининг барча иштирокчиларига татбиқ этиладиган таклифларни тақдим этиш муддатларини узайтириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари таклифларининг амал қилиш муддатини муайян даврга узайтириш тўғрисидаги таклиф билан уларга мурожаат қилиш;

иккинчи босқич якунлари бўйича тендер тарзида харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишда ғолиб билан нархни пасайтириш тўғрисида музокараларга киришиш ҳуқуқига эга.

Давлат буюртмачиси қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат буюртмачиси:

давлат харидларини режалаштириши;

ушбу Қонунга мувофиқ харид қилиш тартиб-таомили турини танлаш тўғрисида қарор қабул қилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат харидларини амалга ошириши;

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириши;

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг товарлар (ишлар, хизматлар) ва давлат харидларининг тартиб-таомиллари билан боғлиқ сўровлари бўйича уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ тушунтиришлар бериши;

харид қилиш тартиб-таомилларининг ғолиб деб топилган иштирокчилари билан шартномалар тузиши, шунингдек уларнинг ижро этилишини таъминлаши;

бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тасдиқланган тақдирдагина электрон давлат харидлари тизимида ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт.

Давлат буюртмачисининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

19-модда. Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини ижро этиш учун талабгорлар сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) бўлиши мумкин.

Иштирокчи:

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда фойдаланиш;

муайян давлат харидлари тартиб-таомиллари, уларни ўтказиш талаблари ва шартлари бўйича сўровлар бериш ва тушунтиришлар олиш;

харид комиссияси томонидан таклифлар очилаётганда белгиланган тартибда иштирок этиш;

харид қилиш тартиб-таомиллари бузилган тақдирда давлат харидлари натижалари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

давлат харидлари тартиб-таомилларида кўрсатилган ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ таклифларга ўзгартиришлар киритиш ёки уларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Иштирокчи:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

давлат харидлари тўғрисидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган таклифлар ва ҳужжатларни тақдим этиши ҳамда тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгар бўлиши;

ғолиб деб топилган тақдирда давлат буюртмачиси билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда шартнома тузиши шарт.

Иштирокчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

20-модда. Давлат харидлари ижрочиси

Давлат харидлари ижрочиси (бундан буён матнда ижрочи деб юритилади) – у билан шартнома тузилган, шу жумладан харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатлашув турлари якуни бўйича ғолиб деб топилиб шартнома имзоланган иштирокчи.

Ижрочи:

давлат буюртмачиси билан тузилган шартномани ижро этиш жараёнида тушунтиришлар олиш учун унга мурожаат қилиш;

етказиб берилган товар (иш, хизмат) учун ҳақ олиш;

шартнома шартларига мувофиқ ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Ижрочи:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

шартномани унинг шартларига мувофиқ ижро этиши;

шартномани ижро этиш жараёнида давлат буюртмачисига ёки ваколатли давлат органига унинг сўрови бўйича тушунтиришлар ва ахборот бериши шарт.

Ижрочи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

21-модда. Харид комиссияси

Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомиллари ғолибини танлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган коллегиал органдир.

Харид комиссияси ишининг асосий мақсади иштирокчиларнинг таклифларини буюртмага мувофиқлик даражаси бўйича холис баҳолашдан ва тартибга солишдан ҳамда давлат харидлари рақобатлашув усуллари орқали амалга оширилганда ғолибни (ғолибларни) танлашдан иборат.

Харид комиссияси давлат буюртмачиси ҳузурида доимий фаолият кўрсатадиган, давлат буюртмачисининг тегишли қарорлари билан шакллантириладиган ва тарқатиб юбориладиган органдир.

Харид комиссияси тоқ сонли аъзолардан иборат бўлади, унинг аъзолари таркиби ва сони харид қилиш тартиб-таомилининг турига боғлиқ бўлади ҳамда олинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

Харид комиссияси аъзолари холис бўлиши ва харид қилиш тартиб-таомили ғолибини танлашдан шахсан манфаатдор бўлмаслиги керак.

Харид комиссиясининг ишига раис раҳбарлик қилади, у харид комиссияси мажлисларини чақиради ва олиб боради, овозга қўйишни ва харид комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни эълон қилади, шунингдек харид комиссияси мажлисларининг баённомаларини имзолайди. Харид комиссияси раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосари бажаради.

Харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.

Харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Харид комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.

Харид комиссиясининг мажлислари юзма-юз ўтказилади. Юзма-юз мажлислар конференциялар (видеоконференциялар ва ҳоказо) шаклида ўтказилиши мумкин.

Қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваригача бўлган миқдордаги давлат харидлари ўтказилганда харид комиссияси таркиби давлат буюртмачиси томонидан шакллантирилади.

Қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ миқдордаги давлат харидлари ўтказилганда харид комиссияси таркиби қуйидагилардан иборат бўлади:

давлат буюртмачисининг вакиллари;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;

зарур ҳолларда, Қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, хизмат кўрсатувчи тижорат банки ва мустақил эксперт ташкилотлар, давлат буюртмачисининг юқори ташкилотлари, вазирликлари, идоралари вакиллари;

тендер савдолари хорижий товар етказиб берувчиларни жалб этган ҳолда ташкил қилинган тақдирда, транспорт-экспедиторлик компаниялари вакиллари.

Харид комиссияси таркибини тўғри шакллантириш юзасидан давлат буюртмачиси жавоб беради.

Ваколатли орган харид комиссиясининг мажлисига ўз вакилини кузатувчи сифатида иштирок этиш учун юборишга ҳақлидир.

Қарор харид комиссияси аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Харид комиссиялари аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, харид комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.

Агар харид комиссиясига мазкур комиссия аъзосининг аффилланганлиги мавжудлиги тегишли масала юзасидан қарор қабул қилингунига қадар маълум бўлиб қолган бўлса, унинг ўзи эса ўзини ўзи рад этмаган бўлса, бундай аъзонинг мазкур масала бўйича овоз беришига йўл қўйилмайди.

Агар харид комиссиясига тегишли масала бўйича овоз берган мазкур комиссия аъзосининг аффилланганлиги мавжудлиги қарор қабул қилинганидан кейин маълум бўлиб қолган бўлса, бундай аъзонинг овози мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташланади.

Харид комиссияси қуйидаги вазифаларни бажаради:

харид қилиш ҳужжатларини келишади;

таклифлар қабул қилиш муддатларини белгилайди;

таклифларни очиш тартиб-таомилларини белгилайди;

таклифларни баҳолаш мезонларини белгилайди;

таклиф киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини белгилайди;

харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиларининг таклифларини очишни амалга оширади;

малака танловини ўтказади, агар тендер ҳужжатлари шартларида бу назарда тутилган бўлса;

зарур бўлганда баҳолаш гуруҳини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

харид қилиш тартиб-таомилларини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади;

харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатлашув турлари ғолибини ва захира ғолибини белгилайди ёки савдони амалга ошмаган деб топади;

Харид комиссияси ижрочини аниқлаш тартиб-таомиллари давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, ўзи қабул қилаётган қарорларнинг асослилиги ва беғаразлиги учун жавобгар бўлади.

Харид комиссияси давлат харидларининг бошқа субъектлари томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар учун жавобгар бўлмайди.

Харид комиссияси томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинадиган қарорлар давлат буюртмачиси ва иштирокчилар учун мажбурийдир.

Харид қилиш тартиб-таомиллари:

хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси давлат буюртмачисининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади;

лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси вазифаларини белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.

22-модда. Электрон давлат харидлари тизими оператори

Электрон давлат харидлари тизими оператори:

электрон давлат харидлари тизимининг узлуксиз ишлашини, унга жойлаштирилган ахборотнинг бут сақланишини ва бир бутунлигини, ўз электрон ресурсининг тегишли давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари ва ахборот тизимлари ҳамда махсус ахборот портали билан белгиланган тартибда уйғун ишлашини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг электрон шаклда сақланишини, шу жумладан электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар сақланишини таъминлаш учун жавобгар бўлади;

ўз электрон ресурсини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларига жойлаштиради;

ваколатли орган, давлат харидлари жараёнида иштирок этаётган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Электрон давлат харидлари тизими оператори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

Электрон давлат харидлари тизими оператори:

иштирокчи, ижрочи сифатида давлат харидларида иштирок этишга, уларнинг аффилланган шахси бўлишга;

давлат харидларини амалга ошириш ва нарх белгилаш жараёнига аралашишга, контрагентларни танлашда ва шартномалар тузишда давлат харидлари субъектларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклашга, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

ўтказиб бериладиган, олинадиган ва сақланадиган электрон ҳужжатлар ҳамда электрон хабарларнинг ишончлилигини, шунингдек, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилишга ёки текширишга;

давлат харидлари субъектлари томонидан жойлаштириладиган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартиришга ҳақли эмас.

Электрон давлат харидлари тизими оператори давлат харидлари субъектларининг ушбу операторга бериладиган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларининг, шу жумладан бўлажак давлат харидлари тўғрисида электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириладиган ахборотнинг мазмун-моҳияти билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар бўлмайди.

4-боб. Давлат харидлари жараёнига доир умумий талаблар

23-модда. Давлат харидлари жараёни

Давлат харидлари жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

давлат харидларини режалаштириш;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;

шартномани тузиш ва бажариш;

давлат харидлари мониторинги.

24-модда. Давлат харидларини режалаштириш

Давлат харидларини режалаштириш давлат буюртмачиси томонидан амалга оширилади ва харидларни тизимлаштиришдан, давлат харидларини режалаштириш ҳамда бюджет ва инвестиция жараёнларидаги режалаштириш ўртасида ўзаро алоқани таъминлашдан иборат бўлади.

Давлат харидларини қонун ҳужжатларида назарда тутилган, молия йилига ёки бир молия йилидан ортиқ муддатга режалаштириш буюртмачи томонидан асосланган ҳолда тегишли ваколатли давлат органибилан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

25-модда. Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари

Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:

давлат харидлари электрон бозори;

бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион;

энг яхши таклифларни танлаш;

тендер;

ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари;

қонун хужжатларида белгиланган бошқа харид турлари.

Давлат харидлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

26-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот ошкоралиги

Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот жумласига қуйидагилар киради:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари;

давлат харидларининг режа-жадваллари;

давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар;

ҳужжатларнинг намунали шакллари;

харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун зарур бўлган намунавий шартномалар;

давлат харидларининг якунлари тўғрисидаги ахборот;

давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестри;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри;

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари;

давлат харидлари бўйича статистик ахборот.

Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот электрон давлат харидлари тизимлари орқали махсус ахборот порталида эълон қилинади.

Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ, холис ва ишончли бўлиши керак.

Ахборот воситачиси электрон давлат харидлари тизими оператори ҳисобланади.

27-модда. Баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига тааллуқли қоидалар

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига тааллуқли иштирокчилар таклифларини баҳолаш мезонлари:

нарх;

етказиб бериш базиси;

етказиб бериш муддатлари;

тавсифномалар ва сифат кўрсаткичлари;

тўлов ва кафолатлар шартлари;

муайян даврда фойдаланиш, эксплуатация қилиш ва таъмирлаш харажатларини назарда тутади.

Давлат буюртмачиси томонидан белгиланадиган давлат хариди шартларида иштирокчилар таклифларини баҳолашнинг барча мезонлари, барча мезонларининг нисбий қиймати, баҳолаш тартиб-таомиллари доирасида баҳолаш мезонларини қўллаш тартиби бўлиши керак.

Иштирокчилар таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлашда давлат буюртмачиси фақат харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган иштирокчилар таклифларини баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларидан фойдаланади ҳамда бу мезонлар ва тартиб-таомилларни ушбу ҳужжатларда баён этилган тартибда қўллайди.

28-модда. Давлат харидлари қийматини баҳолашга тааллуқли қоидалар

Давлат харидлари қийматининг бозор нархларига мувофиқлигини баҳолаш учун давлат буюртмачиси очиқ ахборот манбаларидаги маълумотлардан фойдаланади.

29-модда. Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари тавсифига ва шартнома шартларига тааллуқли қоидалар

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тавсифи холис, функционал ва умумий хусусиятга эга бўлади. Тавсифда давлат буюртмачиси томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидининг тегишли техник, сифат, зарур ҳолларда эксплуатация қилиниш хусусиятлари кўрсатилади.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари тавсифи таснифларни, режаларни, чизмаларни, эскизларни, талабларни ҳамда синовлар ва синов усуллари, қадоқлаш, тамғалаш ҳақидаги ёки мувофиқлик сертификати, шунингдек шартли белгилар ва атамалар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олиши мумкин.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тавсифига аниқ товар белгисига ёки номига, патентга, конструкцияга ёки моделга, у мансуб бўлган муайян манбага ёки ишлаб чиқарувчига доир талаблар ёки ҳаволалар киритилмаслиги керак, бундан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно ва бунда давлат хариди тавсифига “ёки эквиваленти” сўзлари киритилиши керак, товарлар ўзаро бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тавсифида қуйидагилар бўлиши керак:

товарларнинг сони;

бажарилиши (кўрсатилиши) керак бўлган ишлар (хизматлар);

товарлар етказиб берилиши лозим бўлган ёхуд ишлар бажарилиши ёки хизматлар кўрсатилиши керак бўлган жой;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишнинг мақбул ёки талаб этилган муддатлари, агар улар мавжуд бўлса.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидига доир ҳужжатларда харид қилинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат буюртмачиси томонидан белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш имконини берадиган кўрсаткичлар бўлиши керак. Бунда шундай кўрсаткичларнинг энг кўп ва (ёки) энг кам қийматлари, шунингдек ўзгартирилиши мумкин бўлмаган кўрсаткичларнинг қийматлари кўрсатилади.

Зарур бўлган ҳолларда давлат буюртмачиси товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) кафолат муддатига ва (ёки) уларнинг сифатига бериладиган кафолат ҳажмига, товарга кафолат хизмати кўрсатишга, товардан фойдаланиш харажатларига, товарни монтаж қилиш ва созлашнинг мажбурийлигига, товардан фойдаланувчи ва унга хизмат кўрсатувчи шахсларни ўқитишга доир талабларни белгилайди.

Машиналар ва асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ижрочи аниқланган тақдирда давлат буюртмачиси давлат харидига доир ҳужжатларда товарнинг кафолат муддатига ва (ёки) унинг сифатига бериладиган кафолат ҳажмига, товарга кафолат хизмати кўрсатишга, товарга кафолат муддати мобайнида хизмат кўрсатиш харажатларига, шунингдек товарни монтаж қилиш ва созлашга, агар бу товарнинг техник ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, талаблар белгилайди. Янги машиналар ва асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ижрочи аниқланган тақдирда давлат буюртмачиси давлат хариди тўғрисидаги ҳужжатларда ушбу товарни ишлаб чиқарувчининг ва (ёки) етказиб берувчининг кафолатини тақдим этишга ҳамда бундай кафолатнинг амал қилиш муддатига нисбатан қўшимча равишда талаблар белгилайди. Бундай кафолатни бериш ушбу товар билан бирга амалга оширилади.

Агар товарларнинг давлат хариди тавсифида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, етказиб берилаётган товар янги бўлиши керак.

Товарни ишлаб чиқарувчига, иштирокчига доир талабларни, шу жумладан иштирокчининг малакасига қўйилган талабни товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тўғрисидаги ҳужжатларга (шу жумладан товарнинг, ишнинг ёки хизматнинг сифатига, техник хусусиятларига доир талаблар, товарнинг функционал хусусиятларига (истеъмол қилиш хусусиятларига) доир талаблар шаклида) киритишга йўл қўйилмайди.

30-модда. Давлат харидларининг тили

Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот давлат тилида эълон қилинади ва тарқатилади. Зарур ҳолларда давлат харидлари тўғрисидаги ахборот бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши ва тарқатилиши мумкин.

31-модда. Иштирокчиларга қўйиладиган талаблар

Иштирокчилар қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:

шартномани бажариш учун зарур техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.

32-модда. Иштирокчиларга қўшимча талаблар қўйиладиган давлат хариди

Давлат буюртмачиси зарур бўлганда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ўзига хос хоссаларидан ёки хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда иштирокчиларга қўшимча талаблар белгилашга ҳақли.

Иштирокчиларга қўйиладиган қўшимча талаблар ушбу Қонунда белгиланган принципларга зид бўлмаслиги керак.

Иштирокчиларга қўйиладиган қўшимча талаблар давлат хариди тўғрисидаги ахборотда у эълон қилинган пайтда кўрсатилган бўлиши керак.

Иштирокчиларга қўшимча талаблар қўйиладиган давлат харидида иштирок этиш учун иштирокчилар дастлабки малака тартиб-таомилидан ўтади.

Иштирокчиларни дастлабки малакадан ўтказиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

33-модда. Биргаликдаги давлат харидлари

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) биргаликдаги давлат харидларини шакллантириш икки ва ундан ортиқ давлат буюртмачисининг давлат харидлари бўйича режаларига кўра амалга оширилади.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) биргаликдаги давлат харидларини шакллантириш бир давлат дастурида ёки лойиҳалар портфелида иштирок этаётган давлат буюртмачиларида амалга оширилиши керак, агар электрон харидларни ташкил қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса.

34-модда. Таклифларни таъминлаш

Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг гаров, кафолат, закалат тарзида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усулда таъминланиши зарурлиги тўғрисида талаб белгилашга ҳақли.

Харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг таъминланиши зарурлиги тарзидаги талаб барча иштирокчиларга тааллуқли бўлади ва давлат харидларининг шартларида кўрсатилади.

Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг таъминланиши зарурлиги тарзида талаб белгилаган тақдирда, таклифлар юборилгунига қадар иштирокчи давлат буюртмачисига таъминотнинг мақбуллигини тасдиқлаш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Давлат буюртмачиси бундай сўровга дарҳол жавоб беради.

Давлат буюртмачиси таклифни таъминлаш суммаси тўланишини талаб этмайди ва таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни дарҳол қайтаради ёки қуйидаги воқеалардан бири юз берганидан кейин унинг қайтарилишини таъминлайди:

таклифни таъминлашнинг амал қилиш муддати тугаши;

давлат харидлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ва ушбу шартноманинг бажарилиши таъминланиши, агар бундай таъминлаш давлат хариди шартларида талаб этилган бўлса.

давлат харидларининг бекор қилиниши;

таклифларни юборишнинг охирги муддати тугагунига қадар таклифнинг чақириб олиниши, агар давлат хариди шартларида бундай қайтариб олишга йўл қўйилмаслиги айтиб ўтилмаган бўлса.

35-модда. Музокаралар олиб боришни тақиқлаш

Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда давлат буюртмачисининг электрон давлат харидлари тизими опертори билан ва электрон давлат харидлари тизими операторининг иштирокчи билан музокаралар олиб боришига йўл қўйилмайди.

36-модда. Иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари

Харид қилиш комиссияси ёки электрон давлат харидлари тизими оператори қуйидаги ҳолларда иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатади, агар:

иштирокчи давлат харидлари жараёнида давлат буюртмачиси томонидан бирор-бир хатти-ҳаракатнинг бажарилишига, қарор қабул қилинишига ёки бирор-бир харид қилиш тартиб-таомилининг қўлланилишига таъсир ўтказиш мақсадида давлат буюртмачисининг ёки бошқа давлат органининг исталган ҳозирги ёки собиқ мансабдор шахсига ёки ходимига ҳар қандай шаклдаги ҳақни, ишга ёллаш тўғрисидаги таклифни ёхуд исталган бошқа қимматбаҳо ашёни ёки хизматни бевосита ёхуд билвосита таклиф қилса, берса ёки беришга розилик билдирса;

иштирокчи рақобатлашувда адолатсиз устунликка эга бўлса ёки қонун ҳужжатларини бузган ҳолда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарса.

Харид комиссиясининг ёки электрон давлат харидлари тизими операторининг иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги қарори ва бунинг сабаблари харид қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ҳисоботга киритилади ҳамда улар ҳақида тегишли иштирокчига дарҳол хабар берилади.

37-модда. Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти ҳамда акцепт учун асослар

Давлат буюртмачиси ўтказилган харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида бир иш куни ичида қарор қабул қилади.

Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

давлат харидлари бекор қилинмаган бўлса;

харид қилиш тартиб-таомили бузилмаган бўлса.

38-модда. Давлат харидини бекор қилиш

Давлат буюртмачиси ғолиб бўлган таклиф акцептига қадар исталган вақтда давлат харидини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Давлат хариди бекор қилинган тақдирда давлат буюртмачиси бундай қарор қабул қилингандан сўнг уч иш куни мобайнида электрон давлат харидлари тизимида ушбу қарорнинг асослантирилган сабабларини эълон қилади.

Давлат буюртмачиси давлат хариди бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмайди, бундан давлат хариди давлат буюртмачисининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бекор қилинган ҳоллар мустасно.

39-модда. Махфийлик

Давлат буюртмачисининг ёки электрон давлат харидлари тизими операторининг ходими ўзининг ижрочилар ёки исталган шахс билан муносабатларида, агар ахборотни ошкор этмаслик давлат хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса ёки бундай ахборотнинг ошкор этилиши қонунга зид бўлса, қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга тўсқинлик қилса, давлат харидлари субъектларининг қонуний манфаатларига зарар етказса ёхуд инсофли рақобатга тўсқинлик қилса, ваколатли орган бу ахборотни ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, ҳеч бир ахборотни фош этмайди. Ваколатли орган бундай ахборотни ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ушбу қарор шартларига риоя этилади.

Иштирокчи харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиб, таклифда ўзи кўрсатган барча маълумотларнинг, таклифларини қабул қилиш муддати тугаганидан кейин эълон қилинишига розилик билдиради.

40-модда. Одоб-ахлоқ қоидалари

Давлат буюртмачилари ва электрон давлат харидлари тизими оператори давлат харидларини амалга ошириш бўйича Одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилиши шарт, унда қуйидагилар назарда тутилади:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чора-тадбирлари;

касбий тайёргарликни амалга ошириш тартиб-таомиллари ва унга доир талаблар.

Давлат буюртмачилари, электрон давлат харидлари тизими оператори ходимларининг, харид комиссияси аъзоларининг одоб-ахлоқи қоидаларида касбга доир ва хизматдан ташқари фаолиятда одоб-ахлоқнинг ягона принциплари ва қоидалари, касбий тайёргарликка доир ягона талаблар белгиланади.

Давлат буюртмачисининг ва электрон давлат харидлари тизими операторининг масъул шахслари, харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчилар ҳамда ижрочилардан моддий ва номоддий бойликларни олиш тақиқланади.

Одоб-ахлоқ қоидалари давлат буюртмачиларининг ёки уларнинг юқори турувчи органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

41-модда. Манфаатлар тўқнашуви

Давлат буюртмачисининг, электрон давлат харидлари тизими операторининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари ҳамда экспертлар харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлиши мумкин бўлган исталган шахсий нафни бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар:

шахсий манфаатдор эмаслигини, шунингдек ўз оила аъзоларининг манфаатдор эмаслигини кафолатлаши керак, акс ҳолда шахсий манфаатдорлик ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида зиддият юзага келади ёки келиши мумкин;

манфаатларнинг исталган потенциал, тахмин қилинаётган ёки мавжуд тўқнашуви ҳақидаги ахборотнинг ошкор этилишини кафолатлаши керак.

Мавжуд ёки тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар топган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар бу ҳақда бевосита раҳбарга хабар қилиб, бир вақтнинг ўзида ваколатли органни хабардор этиши шарт. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар унинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

42-модда. Давлат харидлари жараёнидаги чекловлар

Давлат харидлари жараёнида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

иштирокчилар камситилиши, маълум бир иштирокчиларга бошқа иштирокчилар манфаатига зид равишда имтиёзлар ёки преференциялар тақдим қилиш;

манфаатлар тўқнашувига;

давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланмаган усулларини қонунга хилоф равишда танлашга, давлат харидлари субъектларига таъсир ўтказишга, давлат харидларида иштирокчиларнинг иштирок этиши тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга, уларнинг сонини асоссиз равишда чеклашга ёки уларнинг малакасига қўйилган талабларни оширишга, рақобатга йўл қўймасликнинг, уни чеклашнинг ёки бартараф этишнинг бошқа шаклларига, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

нархларни ёки иштирокчиларни саралаш натижаларини бузиб кўрсатиш мақсадида иштирокчиларнинг олдиндан тил бириктиришига;

ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш ёки тарқатишга, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни асоссиз равишда чеклашга;

давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга;

иштирокчиларнинг сунъий тарзда пасайтирилган нархлар бўйича таклифлар беришига, кейинчалик шартномани имзолашни ёки уни тегишли тарзда ижро этишни рад этишига;

давлат хариди таркибига технологик ва функционал жиҳатдан ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлмаган товарларни (ишларни, хизматларни) киритишга;

фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупциянинг намоён бўлишига;

молиялаштириш манбалари ва ҳажмлари мавжудлиги тўғрисида тасдиқларга эга бўлмаган ёки ажратилган маблағлар ҳажмидан ортиқ миқдордаги давлат харидларини амалга оширишга;

аффилланган шахсларнинг давлат харидларда қатнашишига.

43-модда. Давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестри

Электрон давлат харидлари оператори электрон давлат харидлари тизимидан фойдаланиш воситасида давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрини (бундан буён матнда шартномалар реестри деб юритилади) юритади.

Шартномалар реестрига қуйидаги ҳужжатлар ва ахборот киритилади:

давлат буюртмачисининг номи;

молиялаштириш манбаси;

ижрочини аниқлаш усули;

харид қилиш тартиб-таомилининг натижалари сарҳисоб қилинадиган сана ва шартнома тузиш асосларини тасдиқловчи ҳужжатнинг реквизитлари;

шартнома тузилган сана;

товар (иш, хизмат), шартнома баҳоси ва уни ижро этиш муддати, товар (иш, хизмат) бирлигининг нархи, у келиб чиққан мамлакатнинг номи ҳамда ижро этилган шартномага доир товарни ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги ахборот;

ижрочи солиқ тўловчининг номи, фирма номи (агар мавжуд бўлса), жойлашган ери (юридик шахс учун — почта манзили), фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса), яшаш жойи (жисмоний шахс учун), идентификация рақами ёки чет эллик шахс учун тегишли чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижрочи солиқ тўловчининг ўхшаш идентификация рақами, бундан тарихий, бадиий ёки бошқа маданий аҳамиятга эга бўлган ва давлатнинг музей, ахборот-кутубхона, архив фондларини, кино фондларини, фотосуратлар фондларини ва шунга ўхшаш фондларни тўлдириш учун мўлжалланган маданий қимматликларни, шу жумладан музей ашёларини ва музей коллекцияларини, шунингдек ноёб ва қимматбаҳо нашрларни, қўлёзмаларни, архив ҳужжатларини (шу жумладан уларнинг кўчирма нусхаларини) етказиб берадиган жисмоний шахс тўғрисидаги ахборот мустасно;

шартномани ўзгартириш тўғрисидаги ахборот, шартноманинг ўзгартирилган шартлари кўрсатилган ҳолда;

шартномани ижро этиш тўғрисидаги ахборот, шу жумладан шартнома учун ҳақ тўлаш, шартномада назарда тутилган мажбуриятларни тегишли тарзда бажармаганлик муносабати билан молиявий санкциялар (жарималар, пенялар) ҳисобланиши тўғрисидаги ахборот;

шартномани бекор қилиш тўғрисидаги ахборот, бекор қилиш сабаблари ва асослари кўрсатилган ҳолда.

Шартномалар реестридаги ахборот тўлов ундирилмаган ҳолда танишиб чиқиш учун очиқ бўлиши керак.

Шартномалар реестрини юритиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

Қайси шартномалар тўғрисидаги ахборот шартномалар реестрига киритилмаган бўлса, ўша шартномалар учун ҳақ тўланмайди.

44-модда. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри ваколатли орган томонидан шакллантириладиган рўйхатдан иборат бўлиб, унга қуйидаги маълумотлар киритилади:

харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартларда давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган харид қилиш тартиб-таомиллари ғолиблари тўғрисидаги;

мажбуриятларни бажармаганликда ёхуд тегишли тарзда бажармаганликда белгиланган тартибда айбдор деб топилган ижрочилар ҳақидаги, бундан мажбуриятлар бартараф этиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаган ёки тегишли тарзда бажарилмаган ҳоллар мустасно;

суднинг қарорига кўра фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ижрочилар тўғрисидаги.

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган ижрочи икки йил давомида давлат харидларида иштирок этиши мумкин эмас, бу муддат тугаганидан сўнг ижрочи Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестридан чикарилган  ҳисобланади.

Ижрочилар Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

5-боб. Давлат харидлари электрон бозори

45-модда. Давлат харидлари электрон бозори тушунчаси

Давлат харидлари электрон бозори (бундан буён матнда электрон бозор деб юритилади) махсус талаблар татбиқ этилмайдиган истеъмол товарларининг ва бошқа товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари рақобатлашув усули орқали амалга ошириш учун мўлжалланган ҳамда электрон тарзда савдолашишни назарда тутувчи электрон давлат харидлари тизимидаги махсус майдончадир.

Электрон бозорда қуйидаги давлат харидлари амалга оширилиши мумкин:

бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан йигирма беш минг бараваригача (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача) миқдордаги товарлар;

бир давлат буюртмачиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан бир юз бараваригача (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача) миқдордаги ишлар, хизматлар.

46-модда. Электрон бозорнинг ишлаш ва ундан фойдаланиш тартиби

Электрон бозор иштирокчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Иштирокчининг электрон бозорда қўйилган таклифи давлат буюртмачиларига юборилган оммавий офертадир.

Иштирокчи электрон бозорда жойлаштирилган ўз таклифида қуйидагиларни кўрсатади:

таклиф этилаётган товарнинг номи;

сотиш нархи;

товарнинг энг кўп ва энг кам тўпи;

товарнинг русуми ва техник параметрлари (техник паспорт ёки бошқа ҳужжат асосида);

товарнинг фотосурати;

товар етказиб бериладиган (иш бажариладиган, хизмат кўрсатиладиган) ҳудуд;

товарни ишлаб чиқарувчи ва товар келиб чиққан мамлакат тўғрисидаги ахборот;

кафолат шартлари ва муддати тўғрисидаги ахборот;

товар ишлаб чиқарилган йил;

товарнинг яроқлилик муддати;

ишни бажариш, хизматни кўрсатиш муддати;

товар (иш, хизмат) мажбурий сертификациялаш талаб этилган ҳолларда мувофиқлик ва гигиена сертификати тўғрисидаги ахборот;

зарур бўлганда, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат мавжудлиги тўғрисидаги ахборот.

Давлат буюртмачиси электрон бозорда иштирокчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни (ишни, хизматни) танлайди ва товар (иш, хизмат) танлангач, нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.

Электрон давлат харидлари тизими автоматик режимда, нархлар сўрови механизмини амалга оширган ҳолда танлаб олинган офертани таклиф қилган иштирокчига, шунингдек электрон бозорда ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган барча иштирокчиларга харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар юборилишини таъминлайди.

Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф электрон давлат харидлари тизими томонидан юборилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида ўз таклифларини беришга ҳақли.

Иштирокчиларнинг манзилига юборилаётган нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф давлат буюртмачиси томонидан танланган иштирокчининг офертасига ҳаволани ўз ичига олади.

Харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш таклифини олган иштирокчи давлат буюртмачиси томонидан танланган оферта нархидан пастроқ нарх бўйича таклиф киритишга ҳақли.

Иштирокчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш электрон давлат харидлари тизими томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

Электрон давлат харидлари тизими давлат буюртмачиси ва энг паст нархни таклиф қилган ижрочи ўртасида тузилган битимни рўйхатдан ўтказади.

Иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлардан давлат буюртмачиси ёки иштирокчилар якунлар сарҳисоб қилингунига қадар фойдалана олмайди. Ижрочининг номи ғолиб аниқланган пайтда электрон давлат харидлари тизимида акс эттирилади.

Электрон давлат харидлари тизими шартномани давлат буюртмачиси томонидан танланган иштирокчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантиради.

Агар харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра танлаб олинган офертани таклиф қилган иштирокчининг фақат ўзи иштирок этган бўлса, электрон давлат харидлари тизими давлат буюртмачисига электрон тарзда савдолашиш имконини берувчи сўровни юборади. Бунда давлат буюртмачиси томонидан танлаб олинган офертани таклиф қилган иштирокчига у таклиф қилган нархдан пастроқ асосланган нарх сўровини юбориш имконияти мавжуд бўлади. Танлаб олинган офертани таклиф қилган иштирокчи бундай сўровни бир иш куни мобайнида қабул қилиши ёки рад этиши мумкин.

Танлаб олинган офертани таклиф қилган иштирокчи нарх сўровини қабул қилганда давлат буюртмачиси юборган сўровидаги нарх асосида электрон давлат харидлари тизими давлат буюртмачиси ва ижрочи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.

Танлаб олинган офертани таклиф қилган иштирокчи нарх сўровини қабул қилмаганда ёки рад этганда давлат буюртмачиси хоҳишига кўра ушбу иштирокчи билан шартномани расмийлаштириши ёки харид қилиш тартиб-таомилларнинг бошқа турлари орқали харидларини амалга ошириши мумкин. Бунда жавобгарлик давлат буюртмачилари зиммасида бўлади.

Давлат буюртмачиси томонидан нархларни ўрганиш электрон давлат харидлари тизимидаги маълумотлардан ёки бошқа очиқ манбалардан фойдаланган холда амалга оширилиши мумкин.

Агар харид қилиш тартиб-таомили якунидан сўнг бир иш куни мобайнида давлат буюртмачиси томонидан нарх сўрови юборилмаса, электрон давлат харидлари тизими давлат буюртмачиси ва ижрочи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.

6-боб. Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион

47-модда. Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион тушунчаси

Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион (бундан буён матнда аукцион деб юритилади) давлат харидларининг рақобатли усули бўлиб, уни ташкил этишда нарх иштирокчини танлашнинг ягона мезони бўлади ва бунда мазкур норма товарларни белгиланган сифат стандартларига мувофиқ ҳолда етказиб бериш талабини бекор қилмайди.

Товарни эълонда баён этилган шартлар асосида энг паст нарх бўйича етказиб беришни таклиф қилган иштирокчи аукционнинг ғолиби бўлади.

48-модда. Аукционни ўтказиш мезонлари

Аукцион воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг стандарт хусусиятларга эга бўлиши;

товарнинг техник, эксплуатация қилиниш хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини баҳолаш ҳамда таққослаш заруратининг мавжуд эмаслиги;

хизматларнинг, ишларнинг давлат хариди объекти бўлмаслиги;

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлиши. Бюджет буюртмачилари учун аукциондаги давлат харидлари бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача бўлиши керак.

49-модда. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон

Аукцион фақат электрон шаклда ўтказилади.

Аукционда иштирок этиш учун давлат буюртмачиси электрон давлат харидлари тизимида эълон жойлаштиради.

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон аукцион амалга оширилишидан камида беш кун аввал жойлаштирилиши керак.

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

давлат буюртмачисининг номи ва манзили;

аукционнинг биринчи ва охирги куни (аукцион ўтказиладиган давр);

аукцион предметининг бошланғич нархи;

аукцион предмети ва унинг хусусиятлари (аукцион предметининг таснифи);

товарнинг миқдори;

товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари;

товарлар етказиб бериладиган жой (манзил);

товар (иш, хизмат) мажбурий сертификациялаш талаб этилган ҳолларда мувофиқлик ва гигиена сертификати мавжудлиги ҳақидаги талаб;

зарур бўлганда, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат мавжудлиги ҳақида талаб;

товарнинг ўзига хос хусусий параметрларини ифодаловчи алоҳида шартлар.

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълоннинг ва давлат буюртмачиси буюртманомасининг матнига аукцион предметига тааллуқли бўлмаган ва иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларни киритиш тақиқланади.

Электрон давлат харидлари тизимида жойлаштирилган аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон автоматик равишда буюртмачининг буюртманомаси этиб ўзгартирилади.

50-модда. Аукционни ўтказиш тартиби

Аукцион электрон давлат харидлари тизимида бошланғич нархни қадам-бақадам пасайтириш йўли билан ўтказилади.

Аукционни ўтказиш, киритилган таъминот суммасига мувофиқ ҳар бир лот бўйича аукциондан фойдаланиш, аукцион ғолибларини аниқлаш, битимни рўйхатдан ўтказиш ва шартномани шакллантириш электрон давлат харидлари тизими томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

Аукционни ўтказиш чоғида иштирокчилар аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон чоп этилган кундан эътиборан ва у тамом бўладиган пайтга қадар бутун муддат ичида нарх бўйича таклифларни чекланмаган миқдорда беришга ҳақли.

Иштирокчиларнинг номи ва улар билан боғланишга доир маълумотлар аукцион ғолиби аниқланмагунига қадар электрон давлат харидлари тизимида акс эттирилмайди.

Аукцион чоғида электрон давлат харидлари тизими иштирокчилар томонидан берилган таклифлар орасидан энг паст нарх кўрсатилган таклифни автоматик равишда танлаб олади, бу нарх электрон давлат харидлари тизимида акс эттирилади ва аукционнинг барча иштирокчилари – давлат буюртмачилари ва ижрочилар учун очиқ бўлади.

Аукцион тугайдиган вақт келганда электрон давлат харидлари тизими аукцион ўтказилган вақт давомида берилган таклифлар орасида энг паст нархни таклиф қилган таклифни автоматик равишда аниқлаб олади. Энг паст нарх кўрсатилган таклифни берган иштирокчи аукцион ғолиби сифатида электрон давлат харидлари тизими томонидан саралаб олинади. Ижрочининг номи электрон давлат харидлари тизимида акс эттирилиб, ушбу тизим тузилган битимни автоматик равишда қайд этади ва давлат буюртмачисининг буюртманомасида баён этилган шартларга мувофиқ шартномани шакллантиради.

Агар аукционда бир нафар иштирокчи иштирок этган бўлса ёки ҳеч ким иштирок этмаган бўлса, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ғолиб аниқланмайди, давлат буюртмачиси аукционни уч кунга узайтиради. Аукционни узайтириш аввалги аукцион тамом бўлган пайтдан эътиборан уч кун ичида давлат буюртмачиси томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолда, агар харид қилиш тартиб-таомили якунларига кўра аукцион ўтказилмаган деб топилган бўлса, давлат буюртмачиси аукционни узайтирмай, харид қилиш тартиб-таомилларининг бошқа турилари орқали давлат харидини амалга ошириши мумкин.

7-боб. Энг яхши таклифларни танлаш

51-модда. Энг яхши таклифларни танлаш тушунчаси

Энг яхши таклифларни танлаш (бундан буён матнда танлаш деб юритилади) деганда қатъий таклифи буюртмачининг товарга (ишга, хизматга) шартларини энг яхши жавоб берадиган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга оширишнинг рақобатлашув тури тушунилади.

Танлаш электрон шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин.

52-модда. Танлаш ўтказиш мезонлари

Танлаш воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил ва аниқ таърифини таърифлаш имконияти мавжуд;

ғолибни аниқлаш мезонлари товар (иш, хизмат) давлат харидининг нафақат пул ифодасига, балки миқдорий ва сифат баҳосига ҳам эга бўлади;

товар (иш, хизмат) қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этади;

бюджет буюртмачилари учун танлашдаги давлат харидлари товар (иш, хизмат) қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этиши керак.

Агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари билан давлат буюртмачиларига тендерни ўтказмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш ҳуқуқи берилган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомили давлат харидининг суммасидан қатъи назар танлаш ўтказиш орқали амалга оширилади.

53-модда. Танлашни ўтказишда харид комиссияси

Танлаш йўли билан давлат харидини амалга ошириш учун буюртмачининг ходимлари орасидан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси ташкил қилинади.

Буюртмачи харид комиссияси таркибига ташқаридан экспертлар ва мутахассисларни таклиф қилишга ҳақли.

Танлашни ўтказишда харид комиссияси барча аъзолари тўлиқ бўлиши ва барча мажлислари ҳамда барча қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилиши керак.

54-модда. Танлаш ўтказиш тўғрисидаги эълон

Танлаш очиқ шаклда ўтказилаётганда, буюртмачи танлаш ўтказилиши тўғрисидаги эълонни электрон давлат харидлари тизимида, шунингдек хохишига кўра – оммавий ахборот воситаларида ва/ёки ўзининг электрон сайтида, талабгорлар буюртмачи томонидан белгиланган малака талабларига мос келишини тасдиқлаш учун тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлар рўйхатини эълон қилиши ва барча маълумотларни бир вақтда жойлаштириши шарт.

Ёпиқ танлаш фақат қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларига кўра ўтказилади.

Танлаш ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва танлаш ҳужжатлари давлат буюртмачиси томонидан таклифларни қабул қилиш муддати тугашидан камида беш кун олдин электрон давлат харидлари тизимида жойлаштирилади.

Танлаш тартиб-таомилларининг мураккаблигига қараб, буюртмачи танлашни ўтказиш тўғрисидаги эълонни узоқ муддатга жойлаштиришга ҳақлидир.

Танлаш ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва танлаш ҳужжатлари электрон давлат харидлари тизимида жойлаштирилган ёки юборилган пайтдан эътиборан буюртмачи таклифлар сўрови ўтказилишини бекор қилиш ёки таклифлар сўрови ўтказилиши тўғрисидаги билдиришномага, таклифлар сўрови ўтказилиши тўғрисидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишга ҳақли эмас.

Танлашни эълон қилиниши ва/ёки танлашда иштирок этиш учун таклиф қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

маҳсулот (иш, хизмат) нинг батафсил тавсифи;

танлаш ўтказиладиган жой манзили;

иштирокчиларга қўйиладиган талаблар;

иштирокчилар билан боғланиш учун боғланувчи шахс сифатида белгиланган буюртмачининг бир ёки бир нечта мансабдор шахслари ёки бошқа ходимларининг тўлиқ исми, лавозими ва манзили;

танлаш ҳужжатлари қоидаларини тушунтириш учун сўров бериш шакли;

таклифларни тақдим этиш муддати тугайдиган сана ва вақт;

таклифларни расмийлаштиришга доир талаблар.

Танлашда иштирок этиш учун эълон ва (ёки) таклиф қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) тавсифига аниқ товар белгисига ёки номига, патентга, конструкцияга ёки моделга, у мансуб бўлган муайян манбага ёки ишлаб чиқарувчига доир талаблар ёки ҳаволалар киритилмаслиги керак, бундан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хариди хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно ва бунда товарларни (ишларни, хизматларни) бошқа бир ишлаб чиқарувчининг эквивалент товарлари (ишлари, хизматлари) билан алмаштириш имконияти тўғрисидаги эслатма киритилиши керак.

Буюртмачи иштирокчиларга шартнома тузиш ва/ёки шартнома мажбуриятларини бажариш бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайдиган депозитлар ёки банк кафолатларини киритишни талаб қилишга ҳақлидир.

55-модда. Танлаш хужжатлари

Танлаш ҳужжатлари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

танлаш эълонида кўрсатилган ахборот;

шартнома нархини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта, тўлов тартиби ва етказиб бериш шартлари тўғрисидаги ахборот;

танлашда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тайёрланиши кераклиги талаби;

иштирокчиларига танлаш ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

техник топшириқ;

баҳолаш мезонлари ва иштирокчиларнинг таклифларини Қонунга мувофиқ кўриб чиқиш тартиби.

Танлаш ҳужжатларига унинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.

56-модда. Танлаш иштирокчиларининг таклифларини бериш тартиби

Электрон давлат харидлари тизимида эълон қилинган танлаш иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартибда танлаш ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича белгиланган тартибда тақдим этилади.

Таклифда давлат хариди объекти бўлган товарнинг эскизи, расми, чизмаси, фотосурати ва бошқа тасвири, нусхаси, намунаси бўлиши мумкин.

Танлаш иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

Танлаш иштирокчиси фақат битта таклиф беришга ҳақли.

Танлашга таклифларни қабул қилиш электрон давлат харидлари тизимида чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.

57-модда. Энг яхши таклифни танлаш

Танлашда иштирок этиш учун танлаш ўтказиш тўғрисидаги эълонда ва танлаш ҳужжатларида белгиланган муддатда ҳамда ёзма шаклда танлашда иштирок этиш учун таклиф тақдим этади. Таклифлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилади.

Агар танлашда иштирок этиш учун таклифлар тақдим этиш муддати тугаган вақтда фақат битта таклиф тақдим этилган ёки бундай таклиф тақдим этилмаган бўлса, танлаш амалга ошмаган деб ҳисобланади.

Танлаш харид комиссияси томонидан таклифлар тақдим этиш муддати тугаган вақтда танлаш иштирокчиларидан танлаш ҳужжатларида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган камида икки таклиф олинган бўлса, ўтказилган деб ҳисобланади.

Келиб тушган таклифлар харид комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Танлаш иштирокчилари танлаш ҳужжатлари билан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган, шу жумладан ўртача ҳисоб-китоб нархидан юқори бўлган ёки нотўғри маълумот берган нарх бўйича таклифлар бекор қилинади ва уларнинг таклифлари баҳоланмайди.

Иштирокчиларнинг барча таклифлари танлаш ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида баҳоланиб, танлаш ўтказиш баённомасида қайд этилади.

Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш муддати таклифни кўриб чиқиш санасидан бошлаб беш кундан ошмаслиги керак.

Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш икки босқичда амалга оширилиши мумкин. Бунда, биринчи босқичда техник қисми, иккинчи босқичда эса нарх қисми баҳоланади.

58-модда. Танлаш ғолибини аниқлаш

Таклифларни таққослаш натижаларига кўра харид комиссияси танлаш ғолибини, шунингдек захира ғолибини аниқлаб, танлаш ўтказиш баённомасида қайд этади.

Мазкур баённома буюртмачи томонидан у расмийлаштирилган кунда электрон давлат харидлари тизимида муҳокама учун икки кунга жойлаштирилиши шарт.

Агар икки кун мобайнида танлаш иштирокчилари томонидан харид комиссияси баённомасига нисбатан эътирозлар келиб тушмаса, буюртмачи ва харид комиссияси томонидан ғолиб деб топилган иштирокчи ўртасида шартнома тузилади.

Танлаш иштирокчилари томонидан харид комиссияси баённомасига нисбатан эътирозлар келиб тушган тақдирда, харид комиссияси томонидан эътирозлар кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

Буюртмачи томонидан харид комиссиясига тақдим этилган муҳокама натижаси бўйича маълумотларга асосан харид комиссиясининг тегишли мажлис баёни расмийлаштирилиши лозим.

Агар ғолиб шартнома тузишдан ёки шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришдан воз кечса ёки бошқача йўл билан бош тортса, шартнома тузиш ва унга доир мажбуриятларни бажариш ҳуқуқи захирадаги ғолибга ўтади. Бунда захирадаги ғолиб ғолиб томонидан таклиф этилган нархда шартнома тузади ёки шартнома тузишдан бош тортиши мумкин.

Танлаш амалга ошмаган деб топилган тақдирда буюртмачи қонунчиликка мувофиқ янги танлаш ўтказиши ёки харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг бошқа турларидан фойдаланиши мумкин.

59-модда. Танлаш натижаларини расмийлаштириш

Танлаш натижалари бўйича шартнома танлаш ҳужжатларида ва ўзи билан шартнома тузилаётган танлаш иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида тузилади.

Буюртмачи томонидан танлаш ҳужжатларида ғолиб шартнома шартларини бажарилишини таъминлагандан сўнг шартнома тузилишини назарда тутувчи шарт кўрсатилиши мумкин.

8-боб. Тендер

60-модда. Тендер тушунчаси

Тендер деганда давлат харидини икки босқичда амалга оширишнинг рақобатли тартиб-таомили орқали ижрочини аниқлаш усули тушунилади. Бунда шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган тендер иштирокчиси ушбу тартиб-таомил натижалари бўйича ғолиб деб топилади.

Давлат хариди ҳақидаги ахборотни давлат буюртмачиси тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонни ва тендер ҳужжатларини электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириш орқали шахсларнинг чекланмаган доирасига маълум қилади.

61-модда. Тендер ўтказиш мезонлари

Тендер воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

ғолибни аниқлаш мезонлари товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) нафақат пул билан баҳоланишини, балки миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олади;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваридан ортиқ миқдорни ташкил этади.

Бюджет буюртмачилари учун тендердаги давлат харидлари бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ суммани ташкил этиши керак.

62-модда. Тендерни ўтказишдахарид комиссияси

Шартномани бажаришнинг энг яхши шартлари тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш бўйича эълон қилинган мезонлар асосида харид комиссияси томонидан аниқланади.

Давлат харидини тендер ўтказиш орқали амалга ошириш учун камида етти нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси тузилади.

Тендер ўтказишда харид комиссияси таркибининг кворум камида 80 фоизни ташкил этиши ва барча мажлислари ҳамда барча қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилиши керак.

63-модда. Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон

Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон тендер иштирокчиларидан таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўн беш иш кун олдин ва кўпи билан қирқ беш иш кун олдин электрон давлат харидлари тизимида давлат буюртмачиси томонидан жойлаштирилади.

Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

тендер ўтказиладиган жой манзили;

тендер иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

давлат буюртмачисининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг номи, лавозими ва манзили;

таклифлар бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

тендер таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.

64-модда. Тендер ҳужжатлари

Тендер ҳужжатлари электрон давлат харидлари тизимида тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон билан бир вақтда давлат буюртмачиси томонидан жойлаштирилади.

Тендер ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

тендерда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тақдим этилиши кераклиги бўйича талаб;

тендер иштирокчиси таклифининг техник ва нархга оид қисми, уларни баҳолаш тартиби тўғрисидаги ахборот;

тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

техник топшириқ;

ушбу Қонунга мувофиқ тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.

Тендер ҳужжатларида давлат буюртмачиси ҳар бир товар (иш, хизмат)нинг харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилишини эълон қилиши мумкин. Бундай ҳолда давлат буюртмачиси турли товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун тендернинг бир нечта иштирокчиси билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир товар (иш, хизмат) учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин. Ҳар бир товар (иш, хизмат) учун ғолиб харид қилиш тартиб-таомили шартларига кўра алоҳида-алоҳида аниқланади.

Тендер ҳужжатларига унинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.

Харид комиссияси тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) номини ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Бунда ушбу тендерда таклифлар бериш тугайдиган муддат тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган санадан эътиборан камида ўн кунга узайтирилиши керак. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартиришлар киритилади.

Тендер иштирокчиси тендер ўтказиш учун эълонда белгиланган шаклда давлат буюртмачисига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришлар бериш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Мазкур сўров келиб тушган санадан эътиборан икки иш куни ичида давлат буюртмачиси, агар ушбу сўров давлат буюртмачисига таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин келиб тушган бўлса, тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни белгиланган шаклда юбориши шарт. Тендер ҳужжатларининг қоидаларига доир тушунтиришлар уларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмаслиги керак.

Товарлар (ишлар, хизматлар)ни давлат харидига техник топшириқлар, уларни нарх параметрларининг ўртача бозор даражасини ўрганишнинг якунлари бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар асосида шакллантириладиган энг юқори қийматини белгилаган ҳолда белгиланган тартибда экспертиза учун киритилади.

Давлат буюртмачилар билан тузиладиган эквиваленти 50 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган миқдордаги барча шартномалар, импорт шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар белгиланган тартибда мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Тузилган шартномалар ва импорт шартномалар техник топшириққа мослиги учун, шунингдек улар бажарилиши учун жавобгарлик давлат буюртмачисига юклатилади.

65-модда. Тендер иштирокчиларининг таклифларини бериш тартиби

Электрон давлат харидлари тизимида эълон қилинган тендер иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартибда, тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда иштирокчилар билан алоқа учун боғланувчи этиб белгиланган шахсга тақдим этилади.

Таклифда давлат хариди объекти бўлган товарнинг эскизи, расми, чизмаси, фотосурати ва бошқа тасвири, нусхаси, намунаси бўлиши мумкин.

Тендер иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

Тендер иштирокчиси фақат битта таклиф беришга ҳақли.

Тендерга таклифларни қабул қилиш электрон давлат харидлари тизимида чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.

Агар таклифлар бериш муддати тугаган вақтда харид комиссияси тендер иштирокчиларидан камида иккита таклиф олган бўлса, тендер иштирокчиларининг таклифлари харид комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Тендерда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда тендер ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт. Товарга (ишга, хизматга) нисбатан баҳолаш шартлари, мезонлари ва талабларни ўзгартириш зарурати пайдо бўлганда харид комиссияси асосларни келтирган ҳолда тегишли қарорни қабул қилади.

Тендер иштирокчиси бундай таклифларни бериш муддати тугагунига қадар берилган таклифни қайтариб олишга ёки унга ўзгартиришлар киритишга ҳақли.

66-модда. Тендер иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш

Тендер иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан олтмиш кундан кўп бўлиши мумкин эмас.

Агар таклиф ушбу Қонуннинг ва тендер ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади.

Агар таклифни киритган тендер иштирокчиси ушбу Қонунда белгиланган талабларга мос келмаса ёки тендер иштирокчисининг таклифи тендер ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмаса, харид комиссияси таклифни рад этади. 

Тендер иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги ахборотнинг ишончсиз эканлиги аниқланган тақдирда, харид комиссияси бундай иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилининг исталган босқичида тендерда иштирок этишдан четлатишга ҳақли.

Тендер ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида тендер ғолибини аниқлаш учун харид комиссияси рад этилмаган таклифларни баҳолашни амалга оширади.

Эълонда тендерни ўтказиш вақти сифатида кўрсатилган вақтда харид комиссияси тендер иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертларни таклифларни баҳолаш учун навбатма-навбат очади.

Биринчи босқичда малакавий саралаш ва тендер иштирокчиси таклифининг техник қисмини баҳолаш амалга оширилади. Харид комиссиясининг малакавий саралаш ва тендер таклифининг техник қисмини баҳолаш бўйича қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённомада тендернинг биринчи босқичини баҳолаш якунлари кўрсатилади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида ҳозир бўлишга ҳақли.

Тендернинг иккинчи босқичи тендернинг биринчи босқичидан ўтган камида икки нафар иштирокчисининг таклифлари мавжуд бўлганда ўтказилади.

Тендернинг иккинчи босқичида таклифнинг нархга оид қисми очилади ва баҳоланади. Харид комиссиясининг тендер таклифининг нархга оид қисмини баҳолаш бўйича қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённомада тендернинг иккинчи босқичи ғолиби аниқланади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида иштирок этишга ҳақли.

Таклифларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги ҳолатларда тендер салбий натижага эга деб топилади:

биринчи босқичда – харид комиссияси барча таклифларни рад этган бўлса ёки фақат битта таклиф тендер ҳужжатлари талабларига мувофиқ келса;

иккинчи босқичда – харид комиссияси барча таклифларни рад этган бўлса.

Тендер ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонлар асосида шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган тендер иштирокчиси ғолиб деб топилади.

Агар тендер ҳужжатларида тендернинг ҳар бир товари (иши, хизмати) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилиши назарда тутилган бўлса, харид комиссияси ғолибни тендернинг ҳар бир предмети бўйича аниқлайди.

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш баённомасида қайд этилади.

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

тендер таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт тўғрисидаги;

ҳозир бўлган харид комиссияси аъзоларининг ва тендер иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби ҳақидаги;

таклифлари кўриб чиқилган тендер иштирокчилари тўғрисидаги;

таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган тендер иштирокчилари ҳақидаги;

тендер ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги;

тендер ғолибининг номи (юридик шахс учун), фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахс учун), турган жойи (почта манзили).

Тендернинг биринчи ва иккинчи босқичларида таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси харид комиссиясининг барча иштирок этаётган аъзолари томонидан имзоланади ҳамда ундан олинган кўчирма у имзоланган кундан эътиборан уч иш куни ичида электрон давлат харидлари тизимида эълон қилинади.

Тендернинг исталган иштирокчиси таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг давлат буюртмачисига тендер натижалари бўйича тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Давлат буюртмачиси бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида тендер иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.

Давлат буюртмачиси, харид комиссияси берилган таклифларни қабул қилиш тугайдиган пайтга қадар уларни муҳокама қилишга ҳақли эмас.

67-модда. Тендер натижалари бўйича шартнома тузиш

Тендер натижалари бўйича шартнома тендер ҳужжатларида ва шартнома тузилаётган тендер иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида тузилади.

9-боб. Тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириладиган давлат харидлари

68-модда. Тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириладиган давлат харидлари мезонлари

Тўғридан-тўғри шартномалар асосида қуйидаги ҳолларда давлат харидлари амалга оширилиши мумкин:

бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан) ошмайдиган, бироқ бир йилда бир давлат буюртмачиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз (бюджет буюртмачилар учун икки юз эллик) баравари миқдордаги суммадан кўп бўлмаган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари (бироқ рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини сунъий равишда қисмларга бўлиш таъқиқланади, бунда давлат буюртмачисининг раҳбари ва масъул ходими жавобгар ҳисобланади);

ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари асосида давлат харидлари;

давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун амалга ошириладиган, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат харидлари;

фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари;

агар донор мамлакатларнинг, тегишли халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган чет эл ташкилотларининг тартиб-таомилларида ёки Ўзбекистон Республикасига тақдим этиладиган чет эл кредитларини ва чет эл грантларини тақдим этиш шартларида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Халқ депутатларининг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумларини тайёрлаш ва ўтказиш учун амалга ошириладиган давлат харидлари;

суд муҳокамасида иштирок этиш учун адвокатни (вакилни) тайинлаш билан боғлиқ бўлган давлат харидлари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий нарх белгиланган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари.

Давлат буюртмачилар тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни электрон давлат харидлари тизимида шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида жойлаштириши шарт (қонун хужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).

Давлат буюртмачиси мазкур моддада назарда тутилган давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг бошқа турларидан фойдаланиши мумкин.

69-модда. Ягона етказиб берувчи тушунчаси

Табиий монополия субъекти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонларида, қарорларида ва фармойишларида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар, шунингдек давлат томонидан харид қилинаётган, ички бозорда муқобиллари мавжуд бўлмаган ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ягона етказиб берувчидир.

70-модда. Ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат хариди

Ягона етказиб берувчидан товар (иш, хизмат) олиш зарур бўлган тақдирда, у ва давлат буюртмачиси ўртасида электрон давлат харидлари тизими рўйхатга олиниши лозим бўлган тўғридан-тўғри шартнома тузилади.

Ягона етказиб берувчи билан давлат харидлари қуйидаги алоҳида ҳолларда амалга оширилади:

ички бозорда муқобиллари бўлмаган ва фақат ягона етказиб берувчидан харид қилиш мумкин бўлган техник жиҳатдан мураккаб товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;

маданий қимматликларни олиш;

табиий монополия субъекти товарларининг (ишларининг, хизматларининг) давлат хариди;

ўз ваколатларига мувофиқ фақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ёки уларнинг тасарруфидаги давлат муассасалари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мумкин бўлган ишларга ёки кўрсатилиши мумкин бўлган хизматларга эҳтиёж пайдо бўлиши;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича давлат хариди.

Қонунчиликка зид бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам ягона етказиб берувчилар билан давлат харидларини амалга ошириш белгиланиши мумкин.

71-модда. Ягона етказиб берувчилар реестри

Ягона етказиб берувчилар реестри ваколатли орган билан келишилган ҳолда электрон давлат харидлари тизими оператори томонидан юритиладиган ахборот ресурсидир.

Ягона етказиб берувчилар реестри ягона етказиб берувчи билан давлат харидини амалга ошириш учун рухсат этилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатидан ва ягона етказиб берувчилар рўйхатидан иборат бўлади.

10-боб. Харид қилиш тартиб-таомилларини мониторинг ва назорат қилиш

72-модда. Давлат харидлари соҳасидаги мониторинг ва назорат

Давлат харидлари соҳасидаги мониторинг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, давлат харидларининг ушбу Қонунда белгиланган мақсадлари, принциплари ва чекловлари амалга оширилишини давлат харидларининг ўтказилиши ҳақидаги ахборотни тўплаш, умумлаштириш, тизимлаштириш ва баҳолаш воситасида доимий асосда амалга ошириладиган кузатиш тизимидан иборат бўлади.

Давлат харидлари соҳасидаги назорат мазкур соҳада қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар тизимидан иборат бўлади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда статистик ва бошқа ахборотни таққослаш ва таҳлил қилиш орқали амалга ошириладиган текширувлар давлат органларининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назорат қилишнинг асосий шаклидир.

Давлат харидлари соҳасидаги мониторинг ва назорат тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат харидларини амалга оширувчи давлат органлари тасарруфидаги давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари бўйича назорат ва мониторинг олиб боришга хақлидир.

Давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган текширувлар ўтказилишига ва ҳисобот бериш шаклларини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

73-модда. Харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назорати

Ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини қуйидагилар ўз ваколатлари доирасида амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги.

Ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатли давлат органлари ҳам ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

74-модда. Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати

Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати, давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларининг олдини олиш ва уларни аниқлаш ҳамда давлат буюртмачиларини, ваколатли давлат органларини аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида амалга оширилади.

Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик принципларини рўёбга чиқариш воситасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.

Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлашга;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш ва шартномаларни бажаришнинг бориши тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровларни давлат буюртмачиларига юборишга;

харид қилиш тартиб-таомиллари юзасидан мустақил мониторингни ва давлат харидлари самарадорлигини баҳолашни, шу жумладан уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини баҳолашни амалга оширишга;

текширув тадбирларини ўтказиш ташаббуси билан давлат органларига мурожаат қилишга;

давлат буюртмачиси, ваколатли орган, харид комиссиялари ва уларнинг аъзолари ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ судга мурожаат қилишга ҳақли.

Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

75-модда. Лойиҳага доир фаолият бўйича давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили

Лойиҳага доир фаолият бўйича амалга оширилган давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили тегишли ваколатли орган томонидан ўтказилади.

Ўтказилган таҳлил натижалари билан давлат буюртмачисининг раҳбари ёки лойиҳани бошқариш бўйича давлат буюртмачиси томонидан тайинланган вакил имзо қўйган ҳолда танишиб чиқади.

Давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан лойиҳадан кейинги мониторинг лойиҳа бўйича давлат хариди тугалланганидан кейин уч йил ичида тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

11-боб. Шикоятларни кўриб чиқиш

76-модда. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия

Ваколатли давлат органи томонидан шикоятларни адолатли, тезкор ва самарали кўриб чиқиш мақсадида доимий равишда фаолият кўрсатадиган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳар бир иштирокчи, шунингдек назоратни амалга ошираётган шахслар давлат буюртмачисининг, ваколатли органнинг, харид комиссиясининг, унинг аъзоларининг, электрон давлат харидлари тизими операторининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) иштирокчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган бўлса, суд тартибида ёки ушбу бобда белгиланган тартибда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

77-модда. Шикоятларни бериш ва кўриб чиқиш тартиби

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоятни қабул қилиб олганда шикоят келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида у ҳақда давлат буюртмачисини хабардор қилади ҳамда зарурат бўлган ҳолда, харид қилиш тартиб-таомилини ўн кунгача бўлган умумий муддатга тўхтатиб туради.

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоятни давлат буюртмачиси ва иштирокчининг иштирокида кўриб чиқади. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоят олинганидан кейин етти иш куни ичида қарор чиқариши ва ахборотни электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириши керак.

Қабул қилинган қарорда ошкор этилиши иштирокчининг (ижрочининг) тижорат манфаати бузилишига олиб келадиган ёки инсофли рақобатга хавф соладиган ахборот бўлмаслиги керак, бундан Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ушбу ахборотни эълон қилиш тўғрисида қарор чиқарган ҳоллар мустасно.

Иштирокчининг шикояти асосли деб топилган тақдирда, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қуйидаги чораларни кўриши мумкин:

давлат буюртмачисининг қонунга хилоф ҳаракатларига, қарорларига ёки у томонидан қонунга хилоф тартиб-таомиллар бажарилишига доир тақиқ белгилаш;

давлат буюртмачисининг қонунга хилоф қарорларини, шу жумладан давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатлар шартларини бузадиган қарорларини қисман ёки тўлиқ бекор қилиш;

харид қилиш тартиб-таомилларини тугатиш ҳақида қарор чиқариш;

ижрочини Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чоралар кўриш.

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шартнома тузилганидан кейин шартноманинг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текшириш учун шикоятларни кўриб чиқиши мумкин. Бундай ҳолда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия унинг ижро этилишини етти иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туради.

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари давлат харидларининг барча субъектлари томонидан ижро этилиши шарт.

Ижрочи Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарори устидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

12-боб. Якунловчи қоидалар

78-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат харидлари соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

79-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахслари ушбу Қонун, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ва шартнома бўйича мажбуриятлар талаб даражасида бажарилиши учун жавобгардир.

80-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ваколатли орган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

81-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

82-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Общие предложения

1718