ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
466 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 13/09/2018 28/09/2018 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида француз тилига ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида
ID-466

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида француз тилига ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасидаги маданият ва таълим соҳаларидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, француз тили бўйича чуқур билимга эга бўлган ёшларни вояга етказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ҳалқ таълими вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети муассислигида юридик шахс мақомига эга бўлган “Француз тилига ихтисослаштирилган мактаб” (кейинги ўринларда Мактаб деб аталади) давлат умумтаълим мактабини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

2019-2020 ўқув йилида мактабнинг 7-8-9-10 синфларига 40 нафардан ўқувчилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган француз тили ва она тили фанларидан тест синовлари асосида қабул қилинади;

Мактабнинг ўқув режа ва дастурлари Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Мактабга Франция ва бошқа тили ўрганилаётган хорижий мамлакатлардаги мактаблар билан доимий ҳамкорлик ўрнатишга кўмак кўрсатади.

Мактабдаги ўқиш жараёнида юқори билим ва салоҳиятни кўрсата олган ўқувчилар ҳамда мактабнинг етакчи педагог-ўқитувчилари учун хорижий мамлакатларда амалиёт ўташ ва малака ошириш курслари ташкил этилади;

Мактаб ходимлари ва ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларига 25 фоиз миқдорида қўшимча устамалар белгиланади;

Мактаб  битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги ҳужжат берилади;

Мактаб  директори университет ректорининг тақдимномаси асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан лавозимига тайинланади;

Мактабни юқори кўрсаткичлар билан якунлаган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан мактабнинг ўзида ўтказиладиган имтиҳон натижаларига мувофиқ бериладиган француз тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган ўқувчилар олий таълим муассасаларининг хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш, таржима назарияси ва амалиёти йўналишларига (француз тили бўйича) кириш имтиҳонларисиз, квотадан ташқари грант асосида ўқишга қабул қилинади.

3. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

Мактаб Уставини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказсин;

давлат муассасаси Мактабнинг самарали фаолият олиб бориши учун барча зарурий шарт-шароитлар яратсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент Халқаро Вестминстер Университети (келишув асосида) малакали профессор-ўқитувчилари, ЎзДЖТУ ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг иновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази мутахассислари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг тажрибали  ўқитувчиларидан иборат Ишчи гуруҳ тузган ҳолда Мактаб учун махсус ўқув режа ва ўқув дастурлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалиётга жорий этилишини таъминласин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Кох-Ота кўчаси, 49-уйда жойлашган Тошкент давлат техника университети қошидаги  5-сон лицейнинг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Мактабга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Тошкент давлат техника университети қошидаги 5-сон лицейнинг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Мактаб биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мактабга француз тилини ўргатиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириш, жорий этиш ҳамда тил ўқитиш усулларини ривожлантириш юзасидан доимий услубий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйсин.

Мактабда:

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда бошқа олий таълим муассасаларидан камида 2 нафардан тажрибали профессор-ўқитувчиларни ўқув йили давомида педагогик фаолият олиб бориш учун;

олий таълим муассасаларига ташриф буюрган француз тили бўйича  хорижий мутахассис, волонтёрларни келишилган муддатларда педагогик, услубий консультантлик фаолиятини олиб бориш учун;

олий таълим муассасаларининг хорижий тилларни ўқитиш методикаси соҳаси бўйича тадқиқот олиб борувчи магистрант ҳамда докторантларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг йўлланмаси билан тадқиқот олиб бориш учун жалб этиш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Мактабни онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилмаси билан таъминлаш, шунингдек, юқори тезликдаги интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин;

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини
2019 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилишини назарда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мактаб буюртмаси асосида ўқувчилар ва ўқитувчиларни ўқув-методик мажмуалар билан ўрнатилган тартибда таъминлаб бориш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

Мактабга хорижий волонтёрлар ҳамда мутахассисларни қисқа ва узоқ муддатларга жалб этиш чораларини кўрсин;

Мактабга жалб этиладиган хорижий волонтёрлар ҳамда мутахассисларнинг кириш визалари, консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин;

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси билан биргаликда Франциядаги тил ўргатишга ихтисослашган таълим муассасалари ва мактаб ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан мактабга амалий ёрдам кўрсатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мактабга узоқ муддатга жалб этиладиган хорижий волонтёрлар ҳамда мутахассисларни уларнинг яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.

11. Қуйидагилар Мактаб фаолиятини молиялаштириш манбаи этиб белгилансин:

Мактабни сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлардан, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳасига ажратилган маблағлар доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактабни сақлаш ҳамда мактабга жалб этиладиган хорижий волонтёр ва мутахассисларга хақ тўлаш, келиб-кетиш ва вақтинчалик яшаши билан боғлиқ харажатлар таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим  вазири И.У.Маджидов, Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов ва Вазирлар Маҳкамасининг таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-тахлил департаменти зиммасига юклансин.

 

 

           Ўзбекистон Республикаси
                     Бош вазири

 

 

   А. Арипов

 

Общие предложения

931