ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4329 Министерство юстиции Республики Узбекистан 08/07/2019 19/07/2019 28

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Бепул юридик ёрдам тўғрисида
ID-4329

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишданг иборат.

2-модда. Бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бепул юридик ёрдам – давлат томонидан кафолатланадиган
ва жисмоний шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган, ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартлар асосида бепул кўрсатиладиган юридик ёрдам;

бирламчи бепул юридик ёрдам – ҳуқуқий маслаҳатлар ва ҳуқуқий ахборот, жумладан ҳуқуқий масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар, ҳуқуқ ва эркинликлар, уларни амалга ошириш ва улар бузилган тақдирда тиклаш тартиби ҳақида маълумот бериш тарзида бепул кўрсатиладиган юридик ёрдам;

иккиламчи бепул юридик ёрдам – ушбу Қонунда кўрсатилган ҳолларда ва асосларда жисмоний шахсларга фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича кўрсатиладиган, бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган юридик ёрдам;

бепул юридик ёрдам олувчи –  ушбу Қонунга асосан бепул юридик ёрдам кўрсатилган жисмоний шахс;

бепул юридик ёрдам етказиб берувчи – ушбу Қонунга асосан юридик ёрдам кўрсатувчи жисмоний ёки юридик шахс;

муҳтож шахс – ёши, жинси, касаллиги, ногиронлиги, миллий, ижтимоий ёки шахсий мақоми сабабли махсус ҳимояга муҳтож шахслар, хусусан болалар, одам савдоси ва жинсий зўравонликдан жабрланганлар, ногиронлар, руҳий касаллиги бўлган шахслар, ОИВ ва бошқа жиддий юқумли касалликларга чалинган шахслар, қамоқда сақланаётган шахслар, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган шахслар;

Бепул юридик ёрдам маркази – иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи;

адвокатни танлаш электрон тизими – иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатни иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестридан (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) автоматик равишда белгиловчи, бир адвокатнинг қайта-қайта жалб этилишига, учинчи шахсларнинг бу жараёнга аралашувига йўл қўймайдиган автоматлаштирилган тизим;

бепул ихтиёрий юридик ёрдам (pro bono) – аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича муҳтож шахсларга бепул ва ихтиёрийлик асосида қонунчиликка зид бўлмаган тартибда ва турларда кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам.

4-модда. Бепул юридик ёрдам соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Бепул юридик ёрдам соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

бепул юридик ёрдамнинг самарали миллий тизимини яратиш ва ривожлантириш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг малакали юридик ёрдам ва ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш;

бепул юридик ёрдам соҳасида фуқароларнинг давлат органларига, шу жумладан одил судловни амалга оширувчи органларга тўсқинликсиз кириши учун шароитлар яратиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари ҳақидаги хабардорликлари даражасини ошириш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

5-модда. Камситишга йўл қўймаслик

Бепул юридик ёрдам ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеи ёки бошқа мақоми жиҳатдан ҳеч қандай камситишларсиз ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомилларга асосан кўрсатилади.

Муҳтож шахсларнинг бепул ҳуқуқий ёрдамга тенг имкониятини таъминлаш учун кўрилган махсус чоралар ва қабул қилинган қоидалар камситувчи деб ҳисобланмайди.

Аёлларнинг бепул ҳуқуқий ёрдамга бўлган ҳуқуқини таъминлаш учун кўрилган махсус чоралар камситувчи деб ҳисобланмайди.

6-модда. Ахборот олиш ҳуқуқи

Жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлиги сабабли ҳибсга олинган, ушлаб турилган ҳар қандай шахс дарҳол ўзининг процессуал ҳуқуқлари, жумладан, бепул юридик ёрдам олиш ва бундай ёрдам олиш тартиби ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.

7-модда. Муҳтож шахсларни ҳимоя қилиш

Муҳтож шахслар муайян эҳтиёжларига мос равишда ўзларининг бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эгалар.

Бепул юридик ёрдам маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) муҳтож шахсларнинг алоҳида эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, уларга хушмуомалалик ва ҳурмат кўрсатган тарзда иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаши керак.

8-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам олувчиларнинг ҳимояга бўлган тенг ҳуқуқлилиги

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи ва олувчи шахслар ҳам адвокат билан ишонч билдирувчи шахс ўртасидаги ҳар қандай муносабатдан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар.

9-модда. Бепул юридик ёрдамнинг асосий принциплари

Бепул юридик ёрдамнинг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:

қонунийлик;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

юридик ёрдам сифатини таъминлаш;

камситилишга йўл қўйилмаслиги;

молиялаштиришнинг давлат томонидан кафолатланганлиги.

2-боб. Бепул юридик ёрдам соҳасини тартибга солиш

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бепул юридик ёрдамни бошқариш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бепул юридик ёрдам соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

бепул юридик ёрдам бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

иккиламчи бепул юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартибини белгилайди;

Бепул юридик ёрдам маркази тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бепул юридик ёрдамни бошқариш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

бепул юридик ёрдам соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

бепул юридик ёрдам бўйича давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

бепул юридик ёрдамни соҳасида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ҳамда тайёрлайди;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича келгуси давр учун бюджет сўровларини Молия вазирлигига тақдим этади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ишини ташкил қилади;

бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли мониторингни ташкил қилади;

бепул юридик ёрдам соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

12-модда. Бепул юридик ёрдам марказининг бепул юридик ёрдамни бошқариш соҳасидаги ваколатлари

Марказ иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш функцияларига эга давлат органи сифатида таъсис этилади.

Марказ иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини бошқаради, юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар билан ушбу ёрдамни кўрсатувчи адвокатларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Марказ:

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва методик раҳбарликни амалга оширади;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини назорат қилади;

ушбу Қонунни ижро этиш амалиётини ўрганади ва уни қўллашнинг ягона амалиёти бўйича тавсиялар тайёрлайди;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар Реестрини тузиш ва унга киритиладиган адвокатларни танлаш мезонлари бўйича қоидаларни ишлаб чиқади;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар Реестрини тасдиқлайди, юритади ва ундаги маълумотларни тизимли равишда янгилаб боради;

иккиламчи бепул юридик ёрдам олишга аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда улар бўйича қарорлар қабул қилади;

ариза берувчини иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасига оид эканини текширади;

адвокатлар билан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида шартномалар тузилишини таъминлайди;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳаражатларни қоплаш чораларини кўради;

иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқи ва бундай ёрдам олиш имконияти юзасидан ахборотни ишлаб чиқади, чоп этиш ва тарқатиш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилишини, шу жумладан юридик ёрдам кўрсатишда очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида юридик ёрдам кўрсатишни тартибга солиш, ҳисобга олиш ва текшириш йўли билан назоратни амалга оширади;

иккиламчи юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар фаолияти тўғрисида ҳисоботлар олади;

сифатли иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқади ва мониторингни, шунингдек юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида илғор тажрибани тўплаш ва алмашишни амалга оширади;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими фаолияти тўғрисида йиллик ҳисоботни тасдиқлайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш учун ажратилаётган бюджет маблағлари ишлатилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

иккиламчи бепул юридик ёрдам соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Марказ қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг бепул юридик ёрдамни бошқариш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси:

Марказ билан биргаликда иккиламчи юридик ёрдам сифатини баҳолаш мезонларини белгилашда иштирок этади;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар фаолиятини мониторинг қилишда иштирок этади;

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш сифати бўйича стандартларни тасдиқлайди

иккиламчи бепул малакали юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бепул юридик ёрдам бўйича ўзаро ҳамкорлиги

Жисмоний шахсларнинг бирламчи бепул юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа юридик ёрдам етказиб берувчилар ижтимоий шериклик асосида ўзаро ҳамкорликни амалга оширадилар.

Давлат органлари бепул юридик ёрдамнинг нодавлат тизими иштирокчилари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларини қонун ҳужжатларида белгиланган шаклларда ва тартибда қўллаб-қувватлаши мумкин.

3-боб. Бепул юридик ёрдам турлари, уни кўрсатиш, молиялаштириш тартиби ва асослари

15-модда. Бепул юридик ёрдам турлари

Қуйидагилар бепул юридик ёрдам турлари ҳисобланади:

ҳуқуқий маслаҳатлар бериш;

ҳуқуқий ахборот бериш;

ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатлар тузиш;

судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда вакилликни амалга ошириш.

16-модда. Бирламчи бепул юридик ёрдам

Бирламчи бепул юридик ёрдам ҳуқуқий маслаҳат ва/ёки ҳуқуқий ахборот кўринишида ёзма ёки оғзаки шаклда кўрсатилади.  

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи жисмоний шахслар бирламчи бепул юридик ёрдам олиш бўйича тенг ҳуқуқларга эгадир.

Бирламчи бепул юридик ёрдамга муҳтож шахслар ушбу Қонунда кўрсатилган ваколатли бирламчи бепул юридик ёрдам етказиб берувчига ёзма ёки оғзаки ёхуд электрон шаклда ариза билан мурожаат қиладилар. 

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги аниқланган тақдирда бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатаётган субъект ариза берувчининг розилиги билан ёрдам кўрсатишни давом эттириши ёки бундай ёрдам олиши мумкин бўлган бирламчи юридик ёрдам кўрсатувчи бошқа субъектга йўналтиришга ҳақли.

Агар бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш зарурати аниқланса, ариза берувчи бундай ёрдам олиш шартлари ҳақида хабардор қилинади.

Бирламчи бепул юридик ёрдам етказиб берувчилар шахсларнинг юридик ёрдам бўйича мурожаатлари ҳисобини юритишлари шарт.

17-модда. Давлат органлари ва муассасалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш

Бирламчи бепул юридик ёрдам давлат органлари ва муассасалари (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади), шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида кўрсатилади.

Давлат органлари ўз ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этишга ҳақли.

Бепул юридик ёрдам турларидан бирини бериш ҳақидаги мурожаат жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳақидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши лозим.

Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзи ўзи бошқариш органларига бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатганлик учун тўлов белгилаш тақиқланади.

Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, зарурат туғилганда, фуқароларни иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш имконияти ҳақида хабардор қилади.

18-модда. Бепул ихтиёрий юридик ёрдам (pro bono)

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича бепул ва ихтиёрийлик асосида қонунчиликка зид бўлмаган тартибда ва турларда малакали юридик ёрдам кўрсатилиши мумкин.

Адвокатлар адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган адвокатлик фаолиятининг исталган тури бўйича ихтиёрий бепул юридик ёрдам кўрсатишга ҳақли.

Кўрсатиладиган бепул ихтиёрий юридик ёрдамнинг ҳажми бундай ёрдам кўрсатадиган шахслар томонидан уларнинг вақти, устуворликлари ва юкламасини инобатга олган ҳолда мустақил белгиланади.

Бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишга бирор-бир сабабга кўра ёки ҳар қандай шаклда мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатганлик адвокатларнинг рейтингини тузиш мақсадида улар фаолиятини баҳолашда, адвокатларга малака даражалари берилишида ва адвокатлар касбий малакасини оширишни ташкил этишда инобатга олинади.

19-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз устав фаолияти, мақсад
ва вазифалари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган ва тақиқланмаган шаклларда бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишга ҳақли.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва хабардорликлари даражасини оширишда иштирок этиш;

ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш;

тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ёзма мурожаатлар тузишда ёрдам кўрсатиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш орқали бепул юридик ёрдам кўрсатади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этишга ҳақли.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишнинг молиявий таъминоти таъсисчиларнинг омонатлари, кириш ва аъзолик бадаллари, ихтиёрий эҳсонлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан кўрсатилган юридик ёрдамнинг салбий оқибатларига бундай ёрдам кўрсатган шахс ва (ёки) бундай ташкилот таъсисчилари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

20-модда. Юридик клиникалар томонидан бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш

Юриспруденция соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари аҳолини ҳуқуқий маърифатли қилиш ва юридик мутахассислик бўйича таълим олувчиларда юридик ёрдам кўрсатиш кўникмасини шакллантириш мақсадида бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатувчи юридик клиникалари тузиши мумкин.

Юридик клиника олий таълим муассасасининг таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилади. Юридик клиникаларни ташкил этиш ва юритиш тартиби олий таълим муассасаларининг низомларига мувофиқ белгиланади.

Юридик клиникалар томонидан бепул юридик ёрдам кўрсатишда олий таълим муассасасида юридик мутахассислик бўйича таълим олаётган шахслар олий юридик маълумотга эга, олий таълим муассасасида юридик клиника фаолияти учун масъул шахслар назорати остида иштирок этади.

Юридик клиникалар бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиши, шунингдек, ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар, илтимосномалар ва бошқа ҳужжатлар тузишда бепул ёрдам кўрсатиши мумкин.

Юридик клиникалар томонидан бирламчи бепул юридик ёрдам бевосита мурожаат қилинган вақтда берилади. Агар юридик ёрдамни дарҳол кўрсатиш имкони бўлмаса, ариза берувчига ана шундай ёрдамни тақдим этиш учун қабул санаси ва вақти ҳақида хабар берилади.

21-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам

Иккиламчи бепул юридик ёрдам Реестрга киритилган адвокатлар томонидан фуқаролик, маъмурий, ва жиноят ишлари бўйича ариза, шикоят, илтимосномалар ва ҳуқуқий характердаги бошқа ҳужжатлар тузиш, шунингдек судларда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жисмоний шахсларнинг манфаатларини ифодалаш тарзида кўрсатилади.

Бундай ёрдам учун ҳақ тўлаш имконига эга бўлмаган ва қуйидаги тоифалардан бирига мансуб бўлган жисмоний шахслар иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўладилар:

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;

ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

қарамоғида вояга етмаган болалари бўлган ёлғиз шахслар;

оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад мурожаат қилинган вақтдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган шахслар ёки ойлик даромади базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган ёлғиз яшовчи фуқаролар;

1941 – 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

қариялар ва ногиронларнинг интернат-уйларида яшовчи қариялар ва ногиронлар;

ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган жиноят ишлари бўйича шахслар;

гендер тенглигининг бузилиши тўғрисидаги ишлар бўйича судларга мурожаат қилган аёллар;

одам савдосидан жабрланганлар.

22-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар

Фуқаролик ишлари бўйича иккиламчи бепул юридик ёрдам қуйидаги ишлар бўйича кўрсатилади:

иш ҳақини ундириб олиш тўғрисида;

алиментлар ундириш тўғрисида;

фуқароларни бинога киритиш ва кўчириш тўғрисида;

меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида;

ноқонуний ҳукм этиш, жиноий жавобгарликка тортиш, маъмурий жазо бериш туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида.

Маъмурий ишлар бўйича иккиламчи бепул юридик ёрдам қамоқ шаклидаги маъмурий жазо қўлланилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича кўрсатилади.

Жиноят ишлари бўйича иккиламчи бепул юридик ёрдам судгача бўлган иш юритуви босқичида ва  жиноят ишлари бўйича судларда кўрсатилади.

23-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш шартлари

Иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш учун уни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари Марказнинг ҳудудий бўлинмасига қуйидагиларни ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади:

бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида ариза;

паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

шахснинг мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч календарь ойдаги даромадлари тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар;

шахснинг белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

шахснинг ушбу Қонуннинг 21-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар тоифаларидан бирига киришини тасдиқловчи ҳужжатлар;

вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатларда адвокат иштирок этган ҳолларда, шунингдек, қонунга мувофиқ жиноят ишларида адвокатнинг иштироки шарт бўлган ҳолларда иккиламчи юридик ёрдам кўрсатиш учун тўлов имконияти шарти қўлланилмайди, шунингдек, шахснинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Зарурат юзага келганда, шахсни ушбу Қонуннинг 21-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар тоифасига киришини тасдиқловчи ҳужжатлар Марказнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан сўраб олиниши мумкин.

Фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ушбу моддада кўрсатилган ҳужжатларни йиғиш ва уларни Марказнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим қилиш мажбурияти бундай ёрдам олувчиларнинг ўзига ёхуд уларнинг ваколатли вакилларига юклатилади.

Жиноят ишлари бўйича ушбу моддада кўрсатилган ҳужжатларни йиғиш ва уларни Марказнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим қилиш мажбурияти суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судга юклатилади. Ҳужжатлар суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судга гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ёки уларнинг қариндошлари томонидан тақдим этилиши мумкин.

Кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ўтказиш зарур бўлган муддатларда жиноят ишлари бўйича ҳужжатларни йиғиш имконияти бўлмаганда суриштирувчи, терговчи, прокурор Марказнинг ҳудудий бўлинмаларига келгусида ушбу ҳужатларни йиғиш шарти билан гумонланувчи ва айбланувчини юридик ёрдамга тўлов қилишдан озод этиш учун мурожаат қилишга ҳақли.

24-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдамни молиялаштириш асослари

Иккиламчи бепул юридик ёрдамни давлат томонидан молиялаштириш учун бундай ёрдам сўраб мурожаат қилган шахс тақдим этган ариза ва ҳужжатлар асосида қабул қилинган Марказнинг ҳудудий бўлинмалари қарори асос ҳисобланади.

Гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатларда адвокат иштирок этган ҳолларда, шунингдек, қонунга мувофиқ жиноят ишларида адвокатнинг иштироки шарт бўлган ҳолларда юридик ёрдам кўрсатиш учун тўловдан озод этиш ҳақидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори, жиноят ишлари бўйича суднинг ажрими асосида Марказнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан қабул қилинган қарор иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни молиялаштириш учун асос ҳисобланади. 

Иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори, жиноят ишлари бўйича суднинг ажримига асосан Марказнинг ҳудудий бўлинмаси қарори билан иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни молиялаштириш ишни кўриш қайта тиклангунга қадар тўхтатиб турилади.

25-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни расмийлаштириш, ҳисобини юритиш ва ҳисобот бериш тартиби

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилингандан сўнг Марказнинг ҳудудий бўлинмаси дарҳол бундай ёрдамни кўрсатиш учун адвокатни танлаш электрон тизимидан фойдаланган ҳолда Реестрга киритилган адвокатни тайинлайди.

Адвокат тайинлашда унинг ихтисослиги, иш тажрибаси ва юкламаси инобатга олинади.

Адвокатнинг ваколати адвокатлик гувоҳномаси ва унинг муайян ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ордер билан тасдиқланади.

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат бундай ёрдамни битимда (шартномада) белгиланган ҳажмда ва муддатда сифатли кўрсатиши шарт.

Иккиламчи бепул юридик ёрдам ҳақиқатда кўрсатилганлиги Марказнинг ҳудудий бўлинмаси ва адвокат томонидан имзоланган далолатнома билан тасдиқланади.

Иккиламчи бепул юридик ёрдамнинг ҳисоби Марказнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан юридик ёрдам кўрсатилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик ёрдам кўрсатган адвокатнинг маълумотлари, Марказнинг ҳудудий бўлинмаси ва адвокат ўртасида тузилган битим (шартнома) рақами ва санаси, юридик ёрдам кўрсатилганлиги ҳақидаги далолатноманинг рақами ва санаси, шунингдек, кўрсатилган юридик ёрдам натижаси киритиладиган махсус регистрда юритилади.

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар амалга оширилган ишлар ҳақида Марказнинг тегишли ҳудудий бўлинмасига ҳисобот тақдим этадилар.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари адвокат томонидан кўрсатилган юридик ёрдамнинг сифати, вақти, ҳажми ва турини тасдиқлаш мақсадида иккиламчи бепул юридик ёрдам олганлар орасида сўров ўтказиши ва ишни юритаётган органдан маълумот сўраб олиш ҳуқуқига эга.

26-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни рад қилиш асослари

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида мурожаат қилган ариза берувчига қуйидаги асослардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлган тақдирда бундай ёрдам бериш рад қилиниши мумкин:

иккиламчи бепул юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахс ушбу Қонуннинг 21-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар тоифаларидан бирортасига мансуб бўлмаса;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар мавжуд бўлганда;

шахс ушбу Қонунда назарда тутилмаган иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида илтимос қилганда;

шахсга илгари худди шу масала бўйича ҳуқуқий ҳимоянинг барча воситалари қўлланилган ҳолда иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилган бўлса.

27-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдамни тугатиш

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш Марказ ҳудудий бўлинмасининг қарорига асосан қуйидаги ҳолларда тугатилади, агар:

иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида ижобий қарор чиқарилгандан сўнг шахс уни иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасига киритилиши мақсадида ёлғон маълумотлар берганлиги факти ҳақида маълум бўлиб қолса;

шахс ушбу Қонуннинг 21-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган шахслар тоифасидан бирига киритилишига асос бўлган ҳолатлар ёки асослар ўз мавжудлигини тўхтатган бўлса;

шахс унга Марказ ҳудудий бўлинмаси томонидан адвокат тақдим этилган иш бўйича бошқа адвокат ҳимоясидан фойдаланаётган бўлса;

иккиламчи бепул юридик ёрдам олаётган шахс бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган, шунингдек вафот этган бўлса.

28-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри

Марказ қуйидагилар кўрсатиладиган иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар Реестрини юритиши, даврий асосда янгилаб ва текшириб бориши лозим:

адвокатнинг фамилияси ва исми;

адвокатнинг ихтисослиги;

юридик ёрдамнинг ҳудудий қамрови.

Реестр оммабоп бўлиб, электрон тарзда юритилади ва Марказнинг сайтида жойлаштирилади.

Реестрга киритилиш учун номзод Марказга Марказнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси орқали ариза беради.

Адвокатни Реестрга киритиш Марказнинг қарори амалга оширилади.

Адвокатни Реестрга киритиш масаласини ҳал этишда унинг малака ошириш курсларидан ўтганлиги инобатга олинади.

Марказ ҳар йили 1 декабрдан кечиктирмай Реестрни шакллантиради. Реестрда адвокатнинг ихтисослиги, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лдицензия рақами ва берилган сана, адвокатлик тузилмаси номи ва адвокатлик фаолияти амалга ошириладиган жой кўрсатилади.

Марказнинг ҳудудий бўлинмаси ҳар йили 15 декабрдан кечиктирмай Реестрга киритилган адвокатлар билан иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битим (шартнома) тузади.

Адвокат қуйидаги ҳолларда Реестрдан чиқариб юборилиши мумкин:

адлия органи ёки суд томонидан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия амал қилишини тўхтатиш ёхуд тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса;

адвокат иккиламчи бепул юридик ёрдамни сифатсиз, малакасиз ва совуққонлик билан берганлиги Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг ҳузуридаги малака комиссияси (бундан буён матнда малака комиссияси деб юритилади) қарори билан тасдиқланса.

29-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдамни молиялаштириш

Иккиламчи бепул юридик ёрдамни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва давлат бюджетида алоҳида сатрда кўрсатилади.

Марказ фаолияти иккиламчи бепул юридик ёрдам учун назарда тутилган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Иккиламчи бепул юридик ёрдам ва уни ривожлантириш билан боғлиқ фаолият Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа манбалардан ҳам молиялаштирилиши мумкин.

Молия вазирлигига тегишли ҳудудий молия органларининг мурожаатлари асосида адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш мақсадли бюджет маблағлари республика бюджетидан тегишли қуйи бюджетига белгиланган тартибда пайдо бўладиган бюджетлараро ўзаро муносабатлар тартибга солинган тақдирда ўтказилади.

30-модда. Иккиламчи юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар ҳақи

Марказ томонидан жалб қилинган адвокатлар ушбу Қонунга асосан кўрсатиладиган юридик ёрдам учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорлар ва муддатларда ҳақ оладилар.

Кўрсатилган иккиламчи бепул юридик ёрдам учун адвокатга ўз вақтида ҳақ тўланиши керак.

Марказ иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатган адвокатга юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ хизмат сафари ва транспорт харажатларини ҳам қоплаб беради.

Иккиламчи бепул юридик ёрдам олишга ҳақли бўлган шахсга адвокат томонидан бундай ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказишга асос бўлиб, Марказ ҳудудий бўлинмаларининг қарори ҳисобланади.

Кўрсатилган иккиламчи бепул юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш Марказ томонидан амалга оширилади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини юридик ёрдам учун тўловдан озод этишга асослар мавжуд эмаслиги фактлари аниқланса, адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам бўйича харажатларини қоплаш ҳукм қилинганга юклатилади.

31-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатаётган адвокатни алмаштириш асослари ва тартиби

Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатаётган адвокат Марказ ҳудудий бўлинмалари қарори билан қуйидаги ҳолларда алмаштирилиши мумкин:

малака комиссияси томонидан адвокат мақомини тўхтатиб туриш
ёки адвокатни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилинганда;

адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда;

адвокат иккиламчи бепул юридик ёрдамни сифатсиз, нотўғри
ва бепарволик билан берганлиги малака комиссияси қарори билан тасдиқланганда;

Марказ томонидан узрли деб топилган бошқа ҳолларда.

Бир адвокатни бошқа адвокат билан алмаштиришда Марказ ҳудудий бўлинмаси иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг узлуксизлигини таъминлайди.

32-модда. Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатларни қайтариш ва уларнинг ўрнини қоплаш асослари ҳамда тартиби

Шахснинг иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахслар тоифасидан бирига кириш мақсадида ёлғон маълумотлар тақдим этганлик факти аниқланган тақдирда кўрсатилган малакали юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча ҳаражатлар бундай ёрдам олувчидан ундирилади.  

Иккиламчи бепул юридик ёрдам олиш мақсадида ёлғон маълумотлар тақдим этган ёрдам олувчи шахс ҳаражатларни ихтиёрий тўлашдан воз кечган тақдирда Марказ бундай ҳаражатларни суд тартибида ундиради.

33-модда. Бепул юридик ёрдам етказиб берувчиларнинг мажбуриятлари

Бепул юридик ёрдам етказиб берувчилари бундай ёрдам кўрсатишда қуйидаги мажбуриятларга эга:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя этиш;

юридик ёрдам олувчи шахсга нисбатан махфийликни сақлаш;

юридик ёрдам олувчи манфаатларини ҳимоя қилиш;

манфаатлар ўртасидаги низоларнинг олдини олиш ва тегишли чоралар кўриш;

муҳтож шахсларга бепул юридик ёрдам кўрсатишда уларнинг алоҳида эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда эътибор ва ҳурмат билан ёндашиш;

юридик ёрдам олувчининг барча ҳужжатларини сақлаш ва у сўраган вақтда тақдим этиш;

юридик ёрдам олувчиларнинг номидан ўз фаолияти ҳисобини юритиш ва ушбу Қонунга кўра ўз фаолияти ҳақида ҳисоботларни тақдим қилиш.

Бепул юридик ёрдам етказиб берувчилар бундай ёрдам олувчилардан ҳеч қандай ҳақ ёки тўловни талаб қилиши, сўраши ёки олиши мумкин эмас.

34-модда. Суд харажатларидан озод қилиш

Иккиламчи бепул юридик ёрдам олувчилар суд чиқимларидан озод қилинадилар.

4-боб. Якуний қоидалар

35-модда. Бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

36-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

37-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

38-модда. Ушбу Қонунинг кучга кириши 

Ушбу Қонун 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Общие предложения

1654