ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4311 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 09/07/2019 24/07/2019 2
Приказ или постановление ведомств
Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-4311

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига

киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 320-сон “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 11 июндаги 2018-52-сон “Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори (рўйхат рақами 3023, 2018 йил 18 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 й., 25-сон, 504-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

                      Раис

      Б. Мусаев

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил “___” ________даги

__________-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 320-сон “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш мақсадида ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган мезонлар асосида аниқланадиган йирик солиқ тўловчи юридик шахслар тоифасига нисбатан татбиқ этилади.

2. Йирик солиқ тўловчилар бўйича мезонлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 22-2-моддасига асосан солиқ тўловчиларга солиқ солиш тартибини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқини бермайди.

3. Йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

2-боб. Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар
тоифасига киритишнинг мезонлари

 

4. Қуйидаги мезонларга жавоб берувчи юридик шахслар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади:

а) акциз ости маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар;

б) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари ва қимматли қоғозлар бўйича биржа фаолиятини амалга оширувчи корхоналар, шунингдек уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ва филиаллар;

в) “Навоий КМК” ДК, “Олмалиқ КМК” АЖ, шунингдек уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;

г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;

д) ўтган календарь йил якуни бўйича маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан олинган соф тушуми 100,0 миллиард сўмдан юқори бўлган юридик шахслар.

5. Йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда, мазкур Низомнинг 4-банди “д” кичик бандида кўрсатиб ўтилган мезонлар, юридик шахсларнинг ўтган календарь йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади.

6. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар календарь йил якуни билан мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган мезонларга жавоб бермаса, ушбу хўжалик юритувчи субъектлар навбатдаги уч йил мобайнида йирик солиқ тўловчилар тоифасида қолади.

7. Мазкур Низом талаблари татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар бир ойдан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган ёки рўйхатидан чиқарилган юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида ёзма равишда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.

3-боб. Якуний қоидалар

8. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

9. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Общие предложения

458