ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4239 Министерство по чрезвычайным ситуациям Республики Узбекистан 02/07/2019 17/07/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
“Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”
ID-4239

Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни, Республика Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ-5706-сон Фармони ҳамда “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4276-сон Қарори талабларига мувофиқ Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларининг ёнғин хавфсизлиги мустаҳкамлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш, ёнғин-қутқарув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, ушбу қарорни бажариш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари, шунингдек, тегишли ташкилотлар билан тузилган шартномалар бўйича олинадиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлигига мазкур қарордан келиб чиқадиган ҳаражатлар учун маблағлар ажратишни назарда тутсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолиятини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 566-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири О.Ж.Раматов ва Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Т.А.Худойбергенов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

         Бош вазири                                                               А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

____ даги ____-сон қарорига ___-ИЛОВА

 

Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисида

Низом

 

I. Умумий қоидалар.

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни, Республика Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ-5706-сон Фармони ҳамда “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4276-сон Қарори талабларига мувофиқ Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги мустаҳкамлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш, авария-қутқарув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва ишчи-хизматчилар билан жамланган бўлинмаларни ўз ичига олади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ёнғин-қутқарув бўлинмалари – фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларни профилактика қилиш ва бартараф этиш, шунингдек қутқарув ишларини бажариш мақсадида ташкил қилинган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмаларидир;

ёнғин-қутқарув пости – 1 та ёнғин ўчириш, қутқарув автомобили билан жамланган ҳамда ёнғин ўчириш ва айрим қутқарув ишларини бажаришга мўлжалланган бўлинма;

ёнғин-қутқарув қисми – 2 та ва ундан ортиқ ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобиллар билан жамланган ҳамда ёнғин ўчириш ва айрим қутқарув ишларини бажаришга мўлжалланган бўлинма;

ёнғин-қутқарув отряди - кенг қамровли (радиацион-кимёвий, тиббий-биологик, тоғда ва сувда қутқарув, ёнғин ўчириш ва бошка турдаги) қутқарув ишларини бажаришга мўлжалланган ҳамда ушбу ишларни бажариш учун махсус ва бошқа турдаги автомобиллар ҳамда асбоб-анжомлар билан жамланган бўлинма;

ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари – оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидан иборат бўлган, контракт асосида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтайдиган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари;

қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари – ҳарбий унвонга эга бўлмаган хизматчилар, меҳнат шартномаси асосида меҳнат муносабатларини олиб борадиган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари.

ёнғин-қутқарув депоси (ёки ёнғин ўчириш депоси) – ёнғин ўчириш ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун ёнғин-қутқарув техникаларини сақлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш, шахсий таркибни жойлашуви учун хизмат хоналар, фавқулодда ҳолатлар бўйича келиб тушган ҳабарларни қабул қилиш хонаси, техник ва ёрдамчи хоналардан ташкил топган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли объект;

 

II. Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда, шунингдек, аҳолиси 50 минг ва ундан зиёд бўлган шаҳарлар ҳамда туманларнинг марказларида ташкил этилади.

Ташкил этилаётган ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг ташкилий-штат бирликлари, уларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари қолган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилади.

6. Ёнғин-қутқарув бўлинма (отряд, қисм ва пост)лари ва уларнинг штатлари сони муҳофаза қилинаётган худуднинг ҳусусиятидан келиб чиқиб, ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларнинг сонини ва турини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида белгиланади.

7. Қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари ташкил этилиши лозим бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг рўйҳати ва ходимлари (хизматчилари) сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади (йилига бир марта 1 июлгача).

8. Туманлар ва шаҳарлар рўйҳати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари сони ва штатдаги ходимлар сони, амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади ва ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

9. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган ёнғин-қутқарув бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг штатлар сонини белгилайдиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда, манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари вакилларидан иборат таркибдаги идоралараро комиссияларининг далолатномалари ҳамда ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади.

Асосланган ҳолатларда айрим ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ёнғин хавфсизлиги бошқарма (марказ)лари ташкил этилиши мумкин.

 

10. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги бўлимлари объектда иккита ва ундан зиёд ёнғин-қутқарув қисмлари ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика бўлинмалари мавжуд бўлган ҳолатларда ташкил этилади.

Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари объектда битта ёнғин-қутқарув қисми ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика гуруҳи мавжуд бўлган ҳолатларда ташкил этилади.

 

III. Ёнғин ўчириш деполарини жойлаштириш.

11. Ёнғин ўчириш деполарининг жойлашуви туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда шаҳарсозлик сохасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.

12. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда қуриладиган ёнғин ўчириш деполарининг жойлашуви амалдаги стандарт, норма ва қоидалар асосида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда лойиха ташкилотлари ёки манфаатдор ташкилот (буюртмачи)лар томонидан белгиланади.

 

IV. Ёнғин ўчириш ва қутқарув автомобиллари сонини белгилаш.

13. Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларининг сони, тури ҳамда йиллик моторесурс лимитлари стандарт, меъёр, қоида ҳамда вазирликнинг идоравий меъёрий ҳужжатлари асосида белгиланади.

14. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин ўчириш, қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларининг сони, турини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда лойиха ташкилотлари ёки манфаатдор ташкилот (буюртмачи)лар томонидан белгиланади.

 

V. Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини молиявий ва моддий-техник таъминлаш.

15. Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини сақлаш харажатлари:

Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ёнғин хафсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига;

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – тузилган шартномаларга мувофиқ ушбу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, шартномага мувофиқ сақланадиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган бўлинмалар учун белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида таъминланади (икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ бериладиган қўшимча имтиёзлар бундан мустасно).

16. Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун бинолар ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳаражатлари, ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар бундан мустасно, тегишли йилга Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурида назарда тутилган марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ушбу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

17. Ёнғин ўчирувчи деполарнинг бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш ва уларни жиҳозлаш, Ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин техникаси, автотранспорт ва ёқилғи-мойлаш материаллари, махсус кийим-бош, алоқа воситалари, диагностика аппаратлари, инвентарь ва ёнғин-техник мол-мулк, ташкилий техника, эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари сотиб олиш:

Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ёнғин хафсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига;

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган Ёнғин-қутқарув бўлинмалари – тузилган шартномаларга мувофиқ ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

18. Бошқарув органларининг тасдиқланган штатларига давлат ёнғин назоратини амалга ошириш ҳамда ёнғин-қутқарув қисмларига раҳбарлик қилиш учун қўшимча лавозимларни киритиш тегишли равишда, ёнғин-қутқарув қисмларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида, бироқ ушбу бўлинмалар штатларининг тасдиқланган умумий сонининг тўрт фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

 

VI. Якунловчи қоидалар.

19. Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Общие предложения

607