ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4235 Министерство культуры Республики Узбекистан 02/07/2019 17/07/2019 5

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
МАДАНИЙ МЕРОС ТЎҒРИСИДА
ID-4235

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида маданий мерос соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ансамбллар — тарихан таркиб топган ҳудудда аниқ кўзга ташланадиган, атроф манзараси билан умумийлиги ёки алоқадорлиги тарихий, археологик, меъморий, эстетик, санъат ёки фан нуқтаи назаридан ёки ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган, ижтимоий, маъмурий, диний, илмий, ўқув-таълим, истеҳком, сарой, тураржой, савдо, ишлаб чиқариш ва бошқа аҳамиятга молик ҳамда рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати, меъморчилик асарлари билан боғлиқликда алоҳида ёки ўзаро биргаликда турган ёдгорликлар, иморатлар ва иншоотлар гуруҳлари, шунингдек тарихий тарҳларнинг ҳамда манзилгоҳлар иморатларининг қолдиқлари, ландшафт архитектураси ва боғ-роғ санъати асарлари (боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар);

диққатга сазовор жойлар – инсон ва табиат ижодининг муштарак маҳсули, шунингдек тарихий, археологик, шаҳарсозлик, эстетик, этнологик ёки антропологик қимматга эга бўлган ҳудудлар, шу жумладан халқ ҳунармандчилиги масканлари, тарихий манзилгоҳлар ёки шаҳарсозлик тарҳи марказлари ва тарихий (шу жумладан ҳарбий) воқеалар, ёдгорликлар, атоқли тарихий шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган иморатлар, хотира жойлари, табиий ландшафтлар, шунингдек кўҳна шаҳарлар, шаҳристонлар, манзилгоҳлар, қароргоҳлар иморатларининг маданий қатламлари, қолдиқлари, маросимлар бажо этиладиган жойлар;

ёдгорликлар – тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган айрим иморатлар, бинолар ва иншоотлар, улар билан боғлиқ бўлган рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати асарлари ҳамда шу иморатлар, бинолар ва иншоотларнинг тарихан таркиб топган ҳудудлари, шунингдек мемориал уйлар, квартиралар, қабристонлар, мақбаралар ва айрим қабрлар, монументал санъат асарлари, фан ва техника (шу жумладан ҳарбий техника) объектлари, антропология, этнография, нумизматика, эпиграфика, картография, фотография материаллари, кинофильмлар, аудио-, видео ёзувлар ҳамда бошқа жисмлардаги ёзувлар, адабиёт ва санъат асарлари, архив, қўлёзма ва чизма ҳужжатлар, қадимги қўлёзма китоблар, ҳарф териш усулида чиқарилган дастлабки китоблар, нодир ва ноёб нашрлар, ноталар, муқаддас буюмлар ва мемориал хусусиятга эга бўлган ашёлар, тош ҳайкаллар, ғордаги яшаш жойлар, қояга ўйиб солинган тасвирлар, археология ёдгорликлари;

маданий мерос объектлари — моддий ва номоддий маданий мерос объектлари;

моддий маданий мерос объектлари — тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ансамбллар, диққатга сазовор жойлар ва ёдгорликлар;

номоддий маданий мерос объектлари — тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа, томоша санъати), шунингдек улар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар, табиат ва коинотга оид урф-одатлар, кўникмалар, асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконлар.

ёдгорлик лавҳаси – бинолар ва иншоотларнинг юза қисмига ўрнатиладиган буюк шахслар ва муҳим воқеалар ҳақида маълумотларни ўзида мужассам этган мармар, гранит, металл ёки бошқа материаллардан ясалган плиталар.

монументал санъат – таниқли шахсларнинг хотирасини абадийлаштириш учун ўрнатилган монументал санъат асарлари (ёдгорликлар, Стеллар, бюстлар), муҳим тарихий воқеалар;

археолог — тегишли олий маълумотга эга бўлган тадқиқотчи;

Археология ашёлари давлат каталоги — ҳар бир археология ашёси тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати;

археология ашёси — археология қидирувлари, археология қазишмалари

ва археология назоратини амалга оширишда ёки хўжалик ва ўзгача фаолият жараёнида аниқланган, шунингдек тасодифан топилган (хазина)

ва идентификациялашдан ўтказилган моддий қолдиқ;

археология ёдгорлиги — Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган археология объекти;

археология мероси объектлари — археология объектлари ва археология ашёлари мажмуи;

археология назорати — археология тадқиқотининг археология объектини сақлаш мақсадида амалга ошириладиган ва археология объекти ҳудудининг чегараларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик, йўлсозлик ишларини ва бошқа ишларни бажаришда маданий мерос объектларини сақлаш талабларига риоя қилиниши устидан назорат ўрнатиладиган тури;

археология объекти — инсон фаолиятининг барча кўринишларига тааллуқли ҳамда сақланиш ҳолатидан қатъи назар археологик, антропологик, этнографик қимматга ёки ўзга тарихий, илмий, бадиий, маданий қимматга эга бўлган жой, иншоот (асар), иморат, мажмуа (ансамбль), уларнинг бўлаклари, улар билан боғлиқ ҳудудлар;

археология тадқиқоти — археология объектлари, археология ёдгорликлари ва археология ашёларини ўрганиш орқали янги билимларни эгаллаш мақсадида амалга ошириладиган фаолият;

археология қазишмалари — археология тадқиқотининг археология объектида қазишма ишларини қўллаган ҳолда маданий қатламлар, меъморий

ва бошқа моддий қолдиқларни ўрганиш мақсадида амалга ошириладиган тури;

археология қидирувлари — археология тадқиқотининг археология объекти маданий қатламининг емирилиши билан боғлиқ бўлмаган (маданий қатлам қалинлигини аниқлаш учун чекланган қазишмадан ташқари) ва археология объектини аниқлаш, хариталаштириш, унинг чегараларини белгилаш, изоҳлаш, текшириш, шунингдек илгари аниқланган археология объекти тўғрисида замонавий маълумотларни олиш мақсадида амалга ошириладиган тури;

илмий ҳисобот — очиқ варақ ва рухсатномага мувофиқ амалга оширилган археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратининг натижалари тўғрисида тўлиқ маълумот берувчи ҳужжат;

очиқ варақ — археологнинг профессионал даражасини тасдиқловчи ва унга археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;

архелогия тадқиқоти учун рухсатнома — очиқ варақ олган археологга археология объектида археология қидирувлари, археология қазишмалари

ва археология назоратини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;

ногирон – жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгаланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахс;

давлат назорати — юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, объектларнинг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланиш ва бошқа зарур ҳолатларни ўрганиш, аниқлаш, таҳлил ва мониторинг қилиш, баҳолаш ҳамда салбий таъсирларнинг олдини олишга қаратилган текширишлар мажмуи;

назорат қилувчи орган — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;

объект — моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган ёки тарихий-маданий қимматга эга эканлиги аниқланган бино, иншоотлар, ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектлари, археология мерос объектлари

ва археология ашёлари, тарихий-маданий қийматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар), алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар;

ариза берувчи — моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектини асрашга доир ишларга рухсатнома олиш учун мурожаат қилган юридик шахс шаклидаги тадбиркорлик субъектлари;

асрашга доир ишлар — моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи;

лойиҳа — тегишли лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан тайёрланган объектларни асрашга доир ишлар ҳажми, тури, режалаштирилган асрашга доир ишларгача ва асрашга доир ишлар бажарилгандан кейинги кўринишини қиёсий таққослаган ҳолда рангли тасвир, ҳажмий-режали, конструктив ва техник ечимларни белгилайдиган, асрашга доир ишларга рухсат бериш учун асос ҳисобланадиган ҳужжатлар;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти.

4-модда. Маданий мерос объектларининг тоифалари ва номоддий маданий мероснинг намоён бўлиш соҳалари

Маданий мерос объектларини ҳисобга олиш ва муҳофаза қилишни самарали ташкил этиш мақсадида маданий мерос объектлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритилган тарихий, илмий, меъморий, археологик бадиий ва мемориал қимматга эга бўлган халқаро аҳамиятга молик маданий мерос объектлари;

бутун мамлакат тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик тарихий, илмий, меъморий, бадиий, археологик ва мемориал қимматга эга бўлган республика аҳамиятидаги маданий мерос объектлари;

вилоят, туман, шаҳар тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган тарихий, илмий, меъморий, бадиий, археологик ва мемориал аҳамиятга эга бўлган маҳаллий аҳамиятдаги маданий мерос объектлари.

Номоддий маданий мерос объектлари қуйидаги соҳаларда намоён бўлади:

ўзликни намоён қилишнинг оғзаки шакл ва анъаналари;

ижрочилик санъати;

жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари;

табиат ва коинот билан боғлиқ билим ва урф-одатлар;

анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар.

5-модда. Маданий мерос объектлари рўйхатини тасдиқлаш тартиби

ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритиш учун таклиф этилаётган маданий мерос объектлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда тақдим этилади.

Республика аҳамиятидаги маданий мерос объектларининг давлат рўйхати ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий аҳамиятдаги маданий мерос объектларининг давлат рўйхати вилоят, туман, шаҳар маҳаллий ижро этувчи органлари томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

6-модда. Ваколатли органнинг махсус комиссиясини ташкил этиш тартиби ва таркиби

Тарих ва маданият ёдгорликларини Маданий мерос объектлари деб эътироф этиш, шунингдек, ваколатли орган томонидан уларнинг мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги хулосани тайёрлаш учун олимлар, мутахассислар, маданият ва санъат намояндалари, ижодий уюшмалар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг вакилларидан ташкил этилган махсус комиссия тузадилар.

II. МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

7-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг маданий мерос соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

маданий мерос соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурларини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданий мерос соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ҳамда ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурларини амалга оширади;

маданий мерос объектларининг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши, тарғиб қилиниши, сақланиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритади;

маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этади ва амалга оширади;

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш фаолияти учун лицензиялар беришни амалга оширади;

Археология ашёлари давлат каталогини юритади;

археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказади;

Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларини тасарруфдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

Археология тадқиқоти учун рухсатнома бериш тартиби ва шартларини белгилайди ва рухсатнома беради;

берилган ҳар бир рухсатнома бўйича илмий ҳисобот қабул қилади;

илмий ҳисоботларни йиғади ва уларнинг идоравий архивда сақланишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармасининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги Ўзбекистон Республикасининг Миллий архив фондида турган маданий мерос ҳужжатли объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилишини амалга оширади.

11-модда. Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли муассаса

Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли муассаса Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ҳисобланади.

Махсус ваколатли муассаса:

фан, маданият ва таълим муассасаларида амалга ошириладиган археология тадқиқотларини мувофиқлаштиради;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш тартибини тасдиқлайди;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш учун махсус рухсатнома беради;

ўзига бириктириб қўйилган археология ашёлари ҳисобга олиниши ва сақланишини таъминлайди;

илмий ҳисоботни тузиш, экспертизадан ўтказиш ва ундан фойдаланиш тартибини тасдиқлайди;

очиқ варақ бериш тартиби ва шартларини, унинг шакллари намуналарини тасдиқлайди;

очиқ варақ беради;

берилган ҳар бир очиқ варақ бўйича илмий ҳисобот қабул қилади;

илмий ҳисоботларни йиғади ва уларнинг идоравий архивда сақланишини таъминлайди;

археология мероси объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ўтказишда қатнашади.

Махсус ваколатли муассаса қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маданий мерос соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларига берилган ваколатлар доирасида ўз ҳудудларида:

маданий мерос объектларини аниқлайдилар ҳамда уларни ҳисобга оладилар, муҳофаза қиладилар, асрайдилар ва улардан фойдаланадилар;

маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайдилар;

очиқ варақ ва рухсатнома олган археологга археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этишда ёрдам беради;

ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик, йўлсозлик ишлари ва бошқа ишлар учун ер участкалари ажратилишини лойиҳалаштиришда маданий мерос объектларини сақлаш талабларига риоя қилинишини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлайди;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқароларни маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тадбирларини ўтказишга ихтиёрий асосда жалб этадилар;

Маҳаллий вакиллик органларига Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш мақсадида комиссиялар тузиш бўйича таклифлар киритадилар;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги жамоатчилик назорати

Ижтимоий хизматлар соҳасидаги жамоатчилик назоратини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотлари жамоатчилик назорати ўтказилишига кўмаклашиши шарт.

Жамоатчилик назорати натижалари ижтимоий хизматлар соҳасидаги тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши шарт.

14-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги иштироки

Нодавлат нотижорат ташкилотлари:

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурлари ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаши ва уларнинг ҳисобини юритиши;

ижтимоий хизматлар кўрсатиши ёки ижтимоий хизматлар кўрсатилишига кўмаклашиши;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказиши;

ижтимоий хизматлар соҳасидаги тегишли органлар ва ташкилотларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат ижтимоий буюртмаларини, субсидияларини, грантларини олиши;

давлат харидлари, корпоратив харидлар ва бошқа харидлар бўйича тендерларда (танловларда) ва биржа савдоларида иштирок этиши, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун давлат томонидан молиялаштиришнинг бошқа шаклларини олиши;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ижтимоий хизматлар соҳасида бошқа ишларни бажариш ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун шартномалар тузиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

15-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг иштироки

Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари:

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурлари ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши;

ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаши ва уларнинг ҳисобини юритиши;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказиши;

давлат харидлари, корпоратив харидлар ва бошқа харидлар бўйича тендерларда (танловларда) ва биржа савдоларида иштирок этиши;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ижтимоий хизматлар соҳасида бошқа ишларни бажариш ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун шартномалар тузиши мумкин.

Ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

16-модда. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини лойиҳалаш ва қуришда ногиронларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш

Ногиронларнинг кириши ва фойдаланиши учун мослаштирилмаган ҳолда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) лойиҳалаш ва қуришга, янги қурилиш учун лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишга, уларнинг комплексларини реконструкция қилишга йўл қўйилмайди.

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини (бинолар ва иншоотлар) ва уларнинг комплексларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш нормалари ва қоидалари ногиронларнинг тегишли жамоат бирлашмалари фикрини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилиши шарт.

17-модда. Ногиронларнинг моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлаш

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ўз тасарруфида бўлган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ногиронларнинг (шу жумладан, ўриндиқли аравача ҳамда етакловчи итлардан фойдаланувчи ногиронларнинг) моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиши шарт.

Ташкилотлар объектларни уларнинг хизматларидан ногиронлар тўсқинликсиз фойдаланиши имконини берувчи махсус мосламалар билан жиҳозлашни таъминлайди.

Мазкур объектларни уларга ногиронларнинг тўсқинликсиз кириши учун мослаштиришнинг имкони бўлмаган ҳолларда, тегишли ташкилотлар ногиронларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришни таъминловчи зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши керак.

18-модда. Ногиронларнинг моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлашга доир вазифаларни бажармаганлик учун жавобгарлик

Ногиронларнинг моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) тўсқинликсиз кириши учун шароитлар яратиш бўйича ушбу Қонунда назарда тутилган талабларни бажармаганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги ташкилотларни ушбу Қонуннинг ногиронлар моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларга (объектларга) тўсқинликсиз кириши учун шароитлар яратишга доир талабларини бажариш мажбуриятидан озод этмайди.

19-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз тасарруфида бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида:

хавфсизлик чораларига риоя этишлари, ишлаб чиқариш ва технология интизоми, экологик хавфсизлик талаблари фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган тарзда бузилишига йўл қўймасликлари;

муҳофазаланишнинг асосий усулларини, жабрланганларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини ўрганишлари ҳамда ўз билим ва амалий кўникмаларини такомиллаштиришлари;

фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган авариялар, офатлар ва ҳалокатлар таҳдидидан дарак берувчи аломатлар борлиги тўғрисида тегишли органларга зудлик билан хабар беришлари;

фавқулодда вазиятлар таҳдид солган ва бошланган шароитларда огоҳлантириш белгиларини, юриш-туриш қоидалари ва ҳаракат қилиш тартибини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан фойдаланиш усулларини билишлари;

фавқулодда вазиятлар шароитида объектлар иши ҳамда ходимлар ҳаёт фаолияти барқарор кечишини таъминлашлари;

белгиланган тартибда эвакуацияга оид тадбирларни ўтказишлари ва одамларни жойлаштириш учун олдиндан базалар тайёрлаб қўйишлари;

зарурат бўлганда авария-қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни ўтказишда ёрдамлашишлари шарт.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз тасарруфидаги объектлар лойиҳаланиши, қурилиши ва реконструкция қилиниши чоғида фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларига оид талабларни тегишли ваколатли органлар билан келишади.

III. МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

20-модда. Маданий мерос объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилинишини таъминлаш

Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш бу маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий, молиявий, ахборотга доир, моддий-техникавий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидир.

Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш:

тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни давлат ҳисобига олиш, ҳамда Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш;

маданий мерос объектларининг илмий ва илмий-техник тадқиқ этилишини ривожлантириш;

маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш;

моддий маданий мерос объектлари муҳофаза теграларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни, моддий маданий мерос объектларини асраш бўйича ишларни амалга ошириш, шунингдек моддий маданий мерос объектларида илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш учун рухсатномалар бериш;

алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ва моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини белгилаш;

моддий маданий мерос объектларида муҳофаза белгиларини ўрнатиш;

маданий мерос объектлари ҳолатининг мониторингини амалга ошириш;

номоддий маданий мероснинг жамиятдаги ролини ошириш ва ушбу меросни муҳофаза қилишга дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

номоддий маданий меросни, хусусан, хавф остида бўлган номоддий маданий меросни самарали муҳофаза қилиш мақсадида илмий, техникавий, санъатшунослик соҳасидаги тадқиқотларга, шунингдек, илмий-тадқиқот методологияларини ишлаб чиқиш;

номоддий маданий меросни бошқариш соҳасида кадрлар тайёрловчи муассасаларни ташкил этиш ёки мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

таълим дастурлари орқали жамоатчиликнинг, хусусан, ёшларнинг номоддий маданий мерос тўғрисидаги билимларини ошириш;

номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида, хусусан, бошқарув ва илмий тадқиқот масалалари билан боғлиқ имкониятларни ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

номоддий маданий меросни намоён этадиган табиий маконлар ва тарихий жойларни муҳофаза қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ҳолатини назорат қилиб туриши ҳамда моддий маданий мерос объектларининг асралиши юзасидан жорий ва истиқбол дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида беш йилда бир марта моддий маданий мерос объектларининг ҳолатини кўрикдан ўтказиши ва уларни қайд этиб қўйиши шарт.

Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар орқали ҳам таъминланиши мумкин.

IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ ДАВЛАТ КАДАСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

21-модда. Маданий мерос объектлари давлат кадастри

Маданий мерос объектлари давлат кадастри (кейинги ўринларда “Давлат кадастри” деб аталади) Давлат кадастрлари ягона тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ҳамда у моддий маданий мерос объектларининг географик жойлашуви, ҳуқуқий мақоми, миқдор, сифат тавсифлари ва баҳоси тўғрисидаги янгиланиб туриладиган маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборат бўлади.

22-модда. Давлат кадастрини юритишнинг асосий принциплари

Қуйидагилар Давлат кадастрини юритишнинг асосий принциплари ҳисобланади:

республиканинг бутун ҳудудида маданий мероснинг барча объектларини Давлат кадастри билан қамраб олиш;

кадастр ахборотини шакллантиришнинг ягона методологияси;

давлат кадастри юритишни марказлаштирилган тарзда бошқариш;

Давлат кадастрлари ягона тизими талабларини таъминлаш;

кадастр ахборотининг ишончлилиги ҳамда уни тўлдириш ва янгилаб боришнинг узлуксизлиги;

кадастр ахборотидан фойдаланиш мумкинлиги.

23-модда. Давлат кадастрини юритиш

Давлат кадастрини юритиш маданий мерос объектларига мулкчилик ҳуқуқини ва бошқа ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни, маданий мерос объектларини миқдорий ва сифат тавсифларини ҳисобга олишни, маданий мерос объектларини сифат ва қиймат жиҳатидан баҳолашни, кадастр ахборотини туркумлаштириш, сақлаш ва янгилашни, маданий мерос объектларининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларни тузишни, Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиш учун тегишли ахборотни тақдим этишни, фойдаланувчиларни кадастр ахбороти билан таъминлашни ўз ичига олади.

24-модда. Давлат кадастри объектлари

Ўзида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган ёдгорликлар, ансамбллар ва диққатга сазовор жойлар Давлат кадастри объектлари ҳисобланади.

25-модда. Давлат кадастрини юритишга ваколатли орган

Давлат кадастри Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) ва унинг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) томонидан юритилади.

Департамент:

маданий мерос объектлари давлат кадастрининг юритилишини мувофиқлаштиради;

норматив-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади;

кадастр юритилишини назорат қилади;

ҳудудий бошқармаларнинг кадастр ҳисоботларини туркумлаштиради;

кадастр хизматларини моддий-техник таъминлайди;

маданий мерос объектларининг давлат кадастри автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқади;

манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар томонидан кадастр материалларидан фойдаланиш тартиби ва шартларини белгилайди;

Давлат кадастрлари ягона тизимига зарур кадастр ахборотини беради.

Ҳудудий бошқармалар:

маданий мерос объектлари, мулкчилик объектлари ва субъектлари, маданий мерос объектларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва улар ижараси, улардан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар ҳисобини ҳамда улардан фойдаланиш режимини юритади;

маданий мерос объектлари тўғрисидаги миқдор ва сифат ахборотини тўплайди;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича маданий мерос объектлари рўйхатини тузади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маданий мерос объектлари бўйича кадастр дафтарини юритади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маданий мерос объектларининг жойлашиши схемасини тузади.

26-модда. Давлат кадастрини юритиш ишларини маблағ билан таъминлаш

Давлат кадастрини юритиш ишлари давлат бюджети ҳисобига маблағ билан таъминланади.

27-модда. Маданий мерос объектлари бўйича кадастр ахбороти

Давлат кадастрида республика ҳудудидаги барча маданий мерос объектлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлади.

Ҳисобга олиш ва баҳолаш ахбороти биргаликда маданий мерос объектлари бўйича кадастр ахборотини ташкил этади, ушбу ахборот алифболи-рақамли (матнли, жадваллар, ведомостлар) ва чизиқли (режалар, схемалар, кесимлар ва ўлчамлар) шаклларда қоғозда, магнит ва бошқа манбаларда тақдим этилади.

28-модда. Давлат кадастри

Давлат кадастри:

маданий мерос объектларининг жуғрофий жойлашиши ҳақидаги маълумотларни;

маданий мерос объектларининг миқдорий ва сифат тавсифлари ҳисобини;

миқдорий ва қиймат жиҳатидан ҳисобини ўз ичига олади.

29-модда. Маданий мерос объектларининг ҳисобга олиш ахбороти

Маданий мерос объектларининг ҳисобга олиш ахбороти:

кадастр тартиб рақамини;

номини;

жойлашган жойини;

типологик тегишлилигини;

сана қўйишни;

мулкдор, эгаси, фойдаланувчи ёки ижарага олувчи –юридик ёки жисмоний шахснинг номини ва унинг манзилини;

маданий мерос объектининг идоравий мансублигини;

маданий мерос объектининг мақсадли вазифасини;

тарихий маълумотларни;

маданий мерос объектининг дастлабки қиёфасини ўзгартирган қайта қуриш ва йўқотишларни;

таъмирлаш ишларини (умумий тавсиф, қиймати, вақти, муаллиф, ҳужжатлар сақланадиган жой);

бинога, иншоотга, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни;

муҳофаза зоналари ва қурилишни тартибга солиш зоналари чегараларини (тасдиқловчи ҳужжатга асосланган ҳолдаги режа, қисқача тавсиф) ўз ичига олади.

Қуйидагилар:

археология ёдгорликлари учун: сана қўйиш, қидириш ва қазиш ишлари ким томонидан ва қачон бажарилганлиги, топилган материалларнинг сақланиш жойи;

тарих ёдгорликлари учун: пайдо бўлиш тарихи, объект ёдгорлик аҳамиятига эга эканлиги билан боғлиқ воқеалар ва шахсларнинг қисқача тавсифи;

архитектура ва монументал санъат ёдгорликлари учун: муаллиф, қурувчи, буюртмачи, қурилган санаси тарихий маълумотлар ҳисобланади.

30-модда. Маданий мерос объекти тавсифи

Маданий мерос объекти тавсифи:

номи;

типологик мансублиги;

манзили;

замонавий фойдаланилиши;

тарихий маълумотлар;

ёдгорликнинг дастлабки қиёфасини ўзгартирган қайта қуришлар ва йўқотишлар;

илмий-тарихий ва бадиий аҳамияти;

асосий библиография, архив манбалари, иконографик материал;

техник ҳолати;

муҳофаза қилиш тизими;

муҳофаза қилиш тоифаси;

муҳофаза қилишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг санаси ва тартиб рақами;

муҳофаза зонаси чегаралари;

баланс бўйича мансублиги;

муҳофаза ҳужжатининг санаси ва тартиб рақами (мажбуриятлар);

археология ёдгорлиги учун: санаси, энг муҳим топилмалар рўйхати ва тавсифи;

тарих ёдгорликлари учун: санаси, мармар лавҳада матнлар мавжудлиги ва ўрнатилган вақти;

архитектура ёдгорликлари учун: санаси, режалаштирилиши, композицион-макон тузилмаси ва конструкцияларнинг ўзига хослиги, фасад ва интерьерлар безаги хусусияти, ранг-тасвир, ҳайкалтарошлик, амалий санъат мавжудлиги, қурилиш материали, асосий ўлчамлари;

монументал санъат ёдгорликлари учун: муаллифи ва санаси, композицион ечими хусусиятлари, матнлар, материал, техника, ҳажми;

маданий мерос объектининг ижтимоий, илмий-тарихий ва бадиий аҳамиятига умумий баҳо беришдан иборат бўлади.

Маданий мероснинг кўчмас объектларига ҳуқуқлар ер участкалари (шу жумладан муҳофаза зоналари)нинг натурада белгиланган ва мустаҳкамланган чегаралари мавжуд бўлган тақдирда бинолар ва иншоотларнинг давлат ер кадастри ва давлат кадастрини олиб борувчи органларда кадастр рўйхатидан ўтказилади. Ер участкаси чегараларининг бурилиш нуқталари қозиқли белгилари йўқолган тақдирда улар ўша жойда ер участкаси чегараларининг бурилиш нуқталари ўрнатилган ҳолда дала геодезия ўлчамлари ўтказилган ёки тегишли кўламдаги фотография маълумотидан фойдаланилган ҳолда ер участкалари ажратиш материаллари бўйича тикланади.

31-модда. Маданий мерос объектларининг ҳисобга олиниши

Маданий мерос объектлари сони уларнинг амалдаги ҳолати ва фойдаланилишига кўра ҳисобга олинади.

32-модда. Маданий мерос объектларининг сифатга доир тавсифини ҳисобга олиш ва техник ҳолатига кўра таснифлаш бўйича баҳолаш

Маданий мерос объектларининг сифатга доир тавсифини ҳисобга олиш:

сана қўйишни;

техник ҳолатни;

архитектура безагини;

бадиий нақшларни ўз ичига олади.

Техник ҳолат қуйидаги таснифлаш бўйича баҳоланади: яхши, ўрта, ёмон, авария ҳолатида.

33-модда. Муҳофаза тизими

Муҳофаза тизими муҳофаза тоифасини (халқаро аҳамиятга, республика аҳамиятига, маҳаллий аҳамиятга эгалиги), муҳофаза учун қабул қилиниши тўғрисидаги ҳужжатнинг санаси ва тартиб рақамини ўз ичига олади.

34-модда. Маданий мерос объектларини баҳолашнинг мақсади

Маданий мерос объектларини баҳолаш, шу жумладан қийматини баҳолаш улардан самарали фойдаланишни белгилаш, етказилган зарар миқдорини аниқлаш, суғурта, ижара тўлови ставкалари, уларни таъмирлаш, консервация қилиш харажатларини қоплаш, жорий тузатишни олиб бориш учун ўтказилади.

Маданий мерос объектлари қийматини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган методика бўйича амалга оширилади.

35-модда. Давлат кадастрининг кадастр ахбороти

Давлат кадастри кадастр ахборотининг узлуксиз янгиланишини таъминловчи асосий ва жорий турларни ўз ичига олади.

Давлат кадастрининг асосий турини юритишда маданий мерос объектлари барча турларининг бирламчи ҳисоби амалга оширилади, уларнинг сони кўрсатилади ва натурада ер участкалари чегаралари белгиланади (ер участкаларини рўйхатдан ўтказиш маълумотлари асосида).

Жорий турда кадастрга кадастрнинг асосий тури ўтказилгандан кейин маданий мерос объекти бўйича рўй берган барча ўзгартиришлар киритилади.

36-модда.Маданий мерос объектига оид кадастр ҳужжатлари

Маданий мерос объектига кадастр ҳужжатлари:

маданий мерос объектига мулкчилик ҳуқуқини ва бошқа ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлардан;

маданий мерос объекти кадастр ишидан;

кадастр харитасидан (режадан);

кадастр дафтаридан;

маданий мерос объектининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботдан иборат бўлади.

Маданий мерос объекти кадастр иши кадастр объектига ҳуқуқларни шакллантириш, ҳисобга олиш ва кейинчалик давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган паспорт, ҳужжатлар, материаллар ва кадастр суратга олиш ҳужжатлари, техник хатлаш ва паспортлаштириш, махсус текшириш ва қидирувлар, кадастр объектининг сифат ва қиймат баҳосидан иборат бўлади.

Маданий мерос объектининг кадастр харитаси (режаси) кадастр объектларининг жойлашган жойини, уларнинг чегараларини, муҳофаза зоналарини, баҳолаш, миқдорий ва сифат тавсифларини акс эттирувчи чизиқли ҳужжат ҳисобланади ҳамда қоғозда, магнит ва бошқа манбаларда тузилади.

Кадастр дафтари маданий мероснинг кадастр объектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишнинг асосий ҳужжати ҳисобланади ҳамда унда уларнинг жуғрофий жойлашиши, ҳуқуқий мақоми, миқдорий ва сифат тавсифлари ва баҳолаш ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлади.

37-модда. Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Давлат кадастрига киритиш

Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Давлат кадастрига киритиш:

давлат мулки бўлган маданий мерос объектларига нисбатан — жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган маданий мерос объектларига нисбатан – юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган кундан эътиборан мазкур объектлар аниқланган маданий мерос объектлари жумласига киритилади.

Археология ёдгорликлари топилган пайтидан эътиборан аниқланган моддий маданий мерос объектлари жумласига киритилади.

Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган янги аниқланган моддий маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши тўғрисидаги масала ҳал қилингунгача ушбу Қонун талабларига мувофиқ муҳофаза қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги аниқланган моддий маданий мерос объектининг мулкдорини мазкур объект Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида хабардор қилиши шарт.

Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Давлат кадастрига киритиш тўғрисидаги таклифларни тегишли равишда объектларнинг эгалари ёхуд жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда ҳудудий бошқармалар ҳам киритишга ҳақлидир.

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг объектларни Давлат кадастрига киритиш тўғрисидаги таклифлари ҳудудий бошқармаларга тақдим этилади. Ҳудудий бошқармалар объектни олдиндан ўрганади, зарур кадастр ҳужжатлари тузади.

Ҳудудий бошқармалар томонидан тайёрланган материаллар Департаментга юборилади.

Департамент объектларни Давлат кадастрига киритиш бўйича тақдим этилган материалларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш (хулосани тасдиқлаш) учун Департамент Илмий-эксперт кенгашининг кўриб чиқиши учун киритади.

Департамент тарихий-маданий экспертиза хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига маданий мероснинг аниқланган объектини Давлат кадастрига киритиш тўғрисида таклиф киритади.

Маданий мерос объектини Давлат кадастрига киритиш Департамент томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг тегишли буйруғи асосида амалга оширилади.

38-модда.Маданий мерос объектининг паспорти

Давлат кадастрига киритилган маданий мероснинг ҳар бир объектига буйруқ қабул қилинган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида маданий мерос объекти паспорти расмийлаштирилади. Паспортда мазкур маданий мерос объектини муҳофаза қилиш ҳисобланадиган маълумотлар, объектнинг тавсифлари ва унинг асосий маълумотлари бўлади.

Маданий мерос объекти паспортининг шакли “Ўзгеодезкадастр” бош бошқармаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

Маданий мерос объектининг паспорти расмийлаштирилган кунидан бошлаб беш кундан кечикмай тегишли ҳудудий бошқармага юборилади.

Ҳудудий бошқармалар беш кун мобайнида тегишли равишда маданий мерос объекти эгасини (юридик ёки жисмоний шахсни) ёхуд жойлардаги давлат ҳокимияти органини маданий мерос объектининг Давлат кадастрига киритилганлиги тўғрисида хабардор қилади ва уларга маданий мерос объекти паспортини беради.

Давлат мулки бўлган маданий мерос объекти паспорти тегишли мулкнинг баланси эгасида сақланади.

39-модда. Маданий мерос объектларини Давлат кадастридан чиқариш

Маданий мерос объектини Маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш, агар объект жисман тўла йўқотилган бўлса ёки моддий маданий мерос объекти сифатидаги ўз қимматини йўқотган бўлса, археология ёдгорлиги унинг узил-кесил археология тадқиқотидан кейингина, тарихий-маданий экспертиза хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Маданий мерос объектларини Давлат кадастридан чиқариш ҳудудий бошқармалар, объектларнинг эгалари (юридик ва жисмоний шахслар), жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг таклифлари бўйича амалга оширилади.

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг маданий мерос объектини Давлат кадастридан чиқариш тўғрисидаги таклифлари тегишли ҳудудий бошқармага юборилади.

Ҳудудий бошқармалар тушган таклифларни ўрганадилар ва уларни ўз таклифлари билан биргаликда Департаментга тақдим этадилар.

Департамент объектларни Давлат кадастридан чиқариш бўйича тақдим этилган материалларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш (хулосани тасдиқлаш) учун Департамент Илмий-эксперт кенгашининг кўриб чиқиши учун киритади.

Департамент тарихий-маданий экспертиза хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига маданий мероснинг аниқланган объектини Давлат кадастридан чиқариш тўғрисида таклиф киритади.

Маданий мерос объектини Давлат кадастридан чиқариш Департамент томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг тегишли буйруғи асосида амалга оширилади.

Давлат кадастридан чиқарилган маданий мероснинг ҳар бир объектига буйруқ қабул қилинган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида маданий мерос объекти паспорти расмийлаштирилади. Паспортда мазкур маданий мерос объектини муҳофаза қилиш ҳисобланадиган маълумотлар ва унинг асосий маълумотлари бўлади.

Маданий мерос объекти паспортининг шакли “Ўзгеодезкадастр” бош бошқармаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

Маданият вазирининг маданий мерос объектини Давлат кадастридан чиқариш тўғрисидаги буйруғи асосида Департамент Давлат кадастрида ёзувни қайд этади. Буйруқнинг нусхаси тегишли ҳудудий бошқармага юборилади.

Ҳудудий бошқармалар маданий мерос объектини Давлат кадастридан чиқариш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини олгач объект эгасини ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органини ёзма равишда хабардор қилади. Маданий мерос объекти паспорти унинг Давлат кадастридан чиқарилганлиги тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин ўн кун муддатда минтақавий инспекцияга қайтарилиши керак.

V. НОМОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИНГ РЎЙХАТИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

40-модда.Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати номоддий маданий мерос объектлари тўғрисидаги янгиланиб туриладиган маълумотлар кўрсатилган ҳисобга олиш ҳужжатидан иборат бўлади.

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритишга қуйидагилар киради:

номоддий маданий мерос объектини идентификация қилиш;

тегишли номоддий маданий мерос объектларининг тармоқлари, йўналишлари, жанрлари ва услубларини таснифлаш;

номоддий маданий мерос объектларини доимий равишда тикловчи шахсларни, гуруҳларни кўрсатиш;

маълумотларни тизимга солиш, сақлаш ва янгилаб бориш;

номоддий маданий мерос объектларининг сифат ҳолатини аниқлаш ва унинг натижалари бўйича ҳисоботлар тузиш.

Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифлари асосида амалга оширилади.

41-модда. Рўйхатга олиш объектлари

Қуйидаги номоддий маданий мерос объектлари рўйхатга олиш объектлари ҳисобланади:

ўзликни намоён қилишнинг оғзаки шакл ва анъаналари (шу жумладан, тил — номоддий маданий меросни ифодалаш фактори сифатида);

ижрочилик санъати;

жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари;

табиат ва коинот билан боғлиқ билим ва урф-одатлар;

анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар;

номоддий маданий меросни намоён этиш билан боғлиқ жиҳозлар, предметлар, артефактлар ва маданий маконлар.

42-модда. Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методика маркази (кейинги ўринларда “Марказ” деб аталади) томонидан юритилади.

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати номоддий маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш мақсадида юритилади.

Объектлар тарихий-маданий экспертиза хулосасига асосан рўйхатга киритилади.

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати доимий равишда тўлдирилиб, янгиланиб борилади.

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати таркибига:

инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига тавсия этилаётган объектлар рўйхати;

зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати;

номоддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхати;

номоддий маданий мерос объектларининг маҳаллий рўйхати киради.

Номоддий маданий мерос объектларининг маҳаллий рўйхати Номоддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхатини, Номоддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхати ўз навбатида, Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига тавсия этилаётган объектлар рўйхатининг тўлдирилиб, янгиланиб бориши учун хизмат қилади.

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига қуйидаги маълумотлар киритилади:

объектнинг рўйхатдаги тартиб рақами;

объектнинг номи;

объектни рўйхатга киритиш бўйича таклиф киритган юридик ва жисмоний шахслар;

объект мавжуд ҳудуд (ёки ҳудудлар)нинг номланиши;

объект намоён этаётган соҳа;

объектни ўзида сақловчиларнинг номи ва манзили;

объектнинг мақсадли вазифаси;

объект юзасидан тарихий маълумотлар;

объектнинг ҳозирги кундаги аҳволи;

объект хусусиятидан келиб чиқиб бошқа маълумотлар.

43-модда. Номоддий маданий мерос объектларини ҳужжатлаштириш

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиладиган номоддий маданий мерос объектини ўрганиш ва ҳужжатлаштириш ишлари, аксарият ҳолларда, объект жойлашган жойда ташкил этилади. Бу ишга давлат органлари, илмий институт ва муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, номоддий маданий меросни асраш ва улардан фойдаланиш йўналишида фаолият юритаётган ва тадқиқот ишларини олиб бораётган алоҳида тадқиқотчилар ва мутахассислар мустақил экспертлар сифатида жалб этилиши мумкин. Бунда, Марказ белгиланган тартибда мустақил экспертлар билан шартномалар тузади.

Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилган объектга тегишли барча ҳужжатлар Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.

Номоддий маданий мерос объектлари тарихий-маданий экспертиза хулосаси асосида номоддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатидан чиқарилади.

VI. МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИНГ МУҲОФАЗА ҚИЛИНИШИ, АСРАЛИШИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

44-модда.Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланиш устидан давлат назорати

Давлат назорати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш шаклида ўтказилганда, ушбу назорат “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Назорат қилувчи орган томонидан давлат назорати тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилганда ушбу давлат назорати — текшириш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт.

Объект юзасидан давлат назорати фойдаланувчи (баланс сақловчиси, мулк эгаси, оператив бошқариш бўйича ҳуқуқ эгаси) билан тузилган ижара, текин фойдаланиш ва муҳофаза қилиш шартномаларига мувофиқ ҳам ўтказилиши мумкин.

45-модда.Давлат назоратининг асосий вазифалари

Давлат назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш;

объект ҳолатини кузатиб бориш, муҳофаза қилиш ва сақланишига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни ҳамда уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиш ва нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш, шунингдек, ушбу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг объектни муҳофаза қилиш ва сақлаш талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

объектдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати ҳамда уни муҳофаза қилиш, сақлаш ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларни хабардор қилиш.

Давлат назоратини амалга оширишда қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланиши шарт.

46-модда. Давлат назорати объектлари

Давлат назорати объектлари қуйидагилардан иборат:

объект, унинг муҳофаза белгилари ва археология ашёлари;

объектнинг муҳофаза тегралари, объектнинг иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари;

объектга таъсир этувчи табиий ва техноген манбалар;

объект муҳофазаси қилиш ва фойдаланишга доир ҳужжат, материал ҳамда ахборотлар;

объектни муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.

47-модда. Давлат назоратининг шакллари

Давлат назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурлар бажарилишини текшириш;

объектнинг ҳолатини кўрикдан ўтказиш ва уларни қайд этиб қўйиш;

сўровномалар йўллаш, зарур бўлган ахборот, ҳужжат ва материалларни олиш ва таҳлил қилиш;

объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид ҳужжат ва материалларни тафтиш қилиш;

объектни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш.

48-модда. Давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари

Давлат назорати назорат қилувчи орган томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органнинг давлат назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслари лавозимларининг рўйхати назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланади.

Давлат назорати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш шаклида ўтказилганда, давлат назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи аттестациядан ўтган бўлиши ҳамда текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномага эга бўлишлари лозим.

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаган ҳолда, давлат мулкида турган объектнинг муҳофаза қилишини ва сақланиши ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш учун назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсларига хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи аттестациядан ўтган бўлиши ҳамда текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномага эга бўлиши талаб этилмайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда давлат назоратини амалга оширишда иштирок этади.

Назорат қилувчи органнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт.

Назорат қилувчи органнинг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатидаги ҳуқуқий нормаларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Назорат қилувчи орган бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.

49-модда. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари

Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

юридик ва жисмоний шахслардан объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид зарур маълумот, ахборот, тушунтириш ва ҳужжатларни сўраш ҳамда текин олиш;

давлат назоратини амалга ошириш давомида ўлчов ўтказиш, намуналар олиш ва уларнинг лаборатория таҳлилини қилиш, кадастр ҳужжатларини ўрганиш, схема ва чизмаларни чизиш, фото, видеотасвирга тушириш;

объект мулкдори, фойдаланувчиси, объектга зарар етказган, қонун ҳужжатларини бузган ва бошқа шахслар билан сўров ўтказиш ва улардан ёзма равишда тушунтириш олиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг (хўжалик юритувчи субъектларнинг) бино ва иншоотларига объектни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш учун мазкур бино ва иншоотларда бўлиш қоидаларига риоя қилган ҳолда кириш ва кўздан кечириш;

объектни муҳофаза қилиш ва сақлашнинг бузилиш сабаблари ҳамда объектдан фойдаланиш шароитларини аниқлаш;

давлат назорати амалга оширилаётганда объектнинг мулкдори, фойдаланувчисини, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили иштирок этишини талаб қилиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлигини бартараф қилиш ҳақида юридик ва жисмоний шахсларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

объектнинг муҳофаза қилиниши ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқот ишлари, фойдаланиш, қурилиш-монтаж ва бошқа ҳаракатларни ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳақида қарорлар қабул қилиш;

объектга етказилган зарарни қоплаш ҳақида юридик ва жисмоний шахсларга талаб қўйиш бўйича судга мурожаат қилиш;

объектга зарарли таъсир кўрсатаётган корхона, ташкилот, иншоот ва бошқа бинолар фаолияти, фойдаланиш ва бошқа ҳаракатларни ўн кундан ортиқ бўлган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш, шунингдек, объектга етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги аризалар билан судларга мурожаат қилиш;

тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда объектда олиб борилаётган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини зудлик билан тўхтатиш бўйича қарор қабул қилиш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда объектда олиб борилаётган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун берилган рухсатноманинг (ва очиқ варақнинг) амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш ҳақида ваколатли органларга таклифлар киритиш;

давлат назорати натижалари бўйича маълумотнома, далолатнома, хулоса, ҳисоботлар тузиш ва тасдиқлаш;

объектни реставрация қилиш, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқот ишларининг якунлари, ҳисоботларни қабул қилиш ва фойдаланишга топширишда қатнашиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юбориш ҳуқуқига эга.

Давлат назорати амалга оширилишига ёки уни амалга оширувчи мансабдор шахсларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилган ва уларнинг қонуний талабларини бажармаган айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

50-модда. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг мажбуриятлари

Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

объектнинг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига давлат назоратини ўтказиш тўғрисидаги назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи нусхаси, хизмат гувоҳномасини, агар давлат назорати тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга тааллуқли бўлса, уларни текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномани кўрсатишга;

объектнинг мулкдори ва фойдаланувчисининг фаолиятига тўсқинлик қилмасликка;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти текширилаётганда текширишларни рўйхатга олиш китобини белгиланган тартибда тўлдиришга;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлашга;

давлат назорати натижасини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштиришга, унинг бир нусхасиунга тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда давлат назорати тамом бўлган кунда тилхат олиниб, давлат назоратидан ўтган объектнинг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки тадбиркорлик субъектига (якка тартибдаги тадбиркорга) назорат қилувчи органнинг юқори ташкилотига тақдим этишга ёки буюртма почта орқали юборишга;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда унга таъсир кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларини кўришга мажбур.

Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиши мумкин эмас.

Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган вазиятларда давлат назоратини амалга ошириши режалаштирилаётган мансабдор шахс тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарига олдиндан ёзма равишда хабар беришга ва ўзини рад этишга мажбур. Ушбу талабнинг бажарилмаслиги давлат назорати натижаларининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга хўжалик юритувчи субъектга хўжалик ва ташкилий-бошқарув хусусиятига эга бўлган топшириқ бериш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва аралашиш тақиқланади, тадбиркорлик субъектининг фаолияти объектнинг муҳофазаси ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказишга олиб келадиган ҳаракатлар бундан мустасно.

Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ўз фаолиятининг қонунийлиги, холислиги, у қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри ташкил қилиниши ва амалга оширилиши учун жавоб беради.

Назорат қилувчи органга бевосита тааллуқли фаолият, унинг вазифа, функция ва мажбуриятига кирадиган масалалар юзасидан давлат назорати назорат қилувчи орган раҳбари буйруғи билан тузилган комиссия томонидан ўтказилади.

51-модда. Давлат назорати амалга оширилиши лозим бўлган фаолият

Назорат қилувчи орган белгиланган тартибда:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини;

объектни муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш, фойдаланиш, илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ҳамда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурлар бажарилишини;

тарихий-маданий қимматга эга бўлган янги объектларни давлат ҳисобига олиниши, объектнинг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши, тарғиб қилиниши ва улардан фойдаланилишини;

объектнинг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этилиши ва амалга оширилишини;

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри ва Археология ашёлари давлат каталоги белгиланган тартибда юритилишини;

объектнинг ўрнатилган тартибда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилишига тавсия этилишини;

тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлардан (объектлардан) ва уларнинг қўриқланадиган теграларидан халқаро умумэътироф этилган нормалар, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси ва Умумжаҳон мероси маркази тавсияларига ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ муҳофаза қилиниши ва фойдаланилишини;

тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) олиб бориладиган йирик реставрация, таъмирлаш-тиклаш, қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва хўжалик фаолияти билан боғлиқ ишларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан ўрнатилган тартибда келишилишини;

тарихий-маданий қийматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда), объект ва уларнинг қўриқланадиган теграларидан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа фаолиятлар ташкил этилишини;

тарихий-маданий қийматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бўйича бошқарув режаларининг тасдиқланиши ва уларнинг бажарилишини;

алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ва объектни муҳофаза қилиш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегаралари белгиланиши ва уларга риоя қилинишини;

объектнинг қўриқланадиган теграларида шаҳарсозлик фаолияти, лойиҳа ҳужжатлари, мўлжалланаётган ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларнинг ҳамда уларни асословчи ҳужжатларнинг объектни асраш талабларига мувофиқлигини;

хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилиши лозим бўлган ер участкаларини (агар уларда объект жойлашган бўлса ёки ер участкалари хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилаётганда янги объект аниқланса);

объектнинг қўриқланадиган тегралари лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, белгилаб қўйилиши ҳамда уларга риоя қилинишини;

объектни асраш бўйича ишлар, шунингдек, объектда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар тегишли рухсатномаларга мувофиқ амалга оширилишини;

объектда муҳофаза белгиларининг ўрнатилиши ва сақланишини;

объект ҳолатининг мониторинги амалга оширилишини;

объектга доир мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини, ўзгартирилиши ва бекор қилинишини;

объектнинг миқдор ва сифат тавсифлари ҳисобга олинишини;

объектнинг сифат ва қиймат жиҳатидан баҳоланишини;

объект кадастр ахборотининг тизимга киритиш, сақлаш ва янгилаб борилишини;

объектнинг ҳолати ҳақида ҳисоботлар тузилишини;

объектнинг паспортини берилиши ва уларнинг юритилишини;

объектнинг тоифаси белгиланишини ва ўзгартирилишини;

объект Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқарилганлиги масаласини;

объектни асраш чора-тадбирлари, консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, фойдаланишга мослаштиришни, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларининг бажарилишини;

йўқотилган объектни таъмирлаш усуллари орқали ўрнатилган тартибда асли ҳолига келтирилишини;

объект жойлашган ер участкаларининг эгалари (мулкдорлари) зиммасига мазкур объектни сақлаб туриш вазифаси, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юкланган бошқа мажбуриятларни бажарилишини;

объект ижара шартномаси асосида ижарага берилишини, унда объектни сақлаш талаблари бажарилишини;

объектнинг ташқи ва ички кўринишини объектнинг паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақланишини;

объектдан фойдаланиш шартларини жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада чекланишини;

хусусий мулкда турган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини қонунда назарда тутилган ҳолларда суд қарори билан чеклаш бўйича таклифларни;

объектдан фойдаланишдаги чеклашни жорий этиш заруратини юзага келтирган ҳолатлар ёки шарт-шароитлар бартараф этилганини ҳамда мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқи тўла ҳажмда тикланишини;

хусусий мулкда турган объектдан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда мулкдордан олиб қўйилишини;

давлат мулкида турган объект қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган шартномага мувофиқ текин фойдаланилишини;

объектдан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинишини;

тарихий-маданий қўриқхона, музей-қўриқхона, тарихий манзилгоҳлар ташкил этилиши, сақланиши ҳамда улардан фойдаланилишини;

тарихий манзилгоҳларда қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида белгилаб қўйилган тартибларига риоя қилинишини;

объектни фойдаланишга беришдан, хизматлар кўрсатишдан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларидан тушган маблағларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ объектни муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилишга ҳамда объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда банд бўлган ходимларни моддий рағбатлантириш учун сарфланишини;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши натижасида кўрилган зарарни қоплаш ҳолатини;

археология ашёларининг Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилишини;

археология ашёларини давлатга топшириш ҳамда уларнинг фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилишини;

фан, таълим ва маданият муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

халқаро археология тадқиқотларини ташкил этишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

археология ашёларининг ҳисобга олиниши ва сақланишини;

рухсатнома бериш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

илмий ҳисоботни тузиш, экспертизадан ўтказиш ва ундан фойдаланишни;

очиқ варақ бериш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

очиқ варақ ва рухсатнома олган археологнинг мажбуриятлари бажарилишини;

фан, таълим ва маданият муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёлари археология тадқиқотининг белгиланган тартибда амалга оширилишини;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назорати амалга оширилаётганда археологда очиқ варақ ва рухсатнома мавжудлигини текширади.

Объект ва унинг қўриқланадиган теграларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш устидан давлат назорати қонун ҳужжатларида белгиланган чеклашлар ва тақиқлар режимини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

52-модда. Давлат назоратини амалга ошириш

Давлат назорати ўн беш кундан кўп бўлмаган муддат давомида амалга оширилади.

Давлат назоратини объектнинг мулкдори, фойдаланувчиси, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки тадбиркорлик субъекти (якка тартибдаги тадбиркор) иштирокида амалга оширишга рухсат берилади, давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахснинг талабига қарамай ушбу шахслар (вакиллар) иштирок этмаса, давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс икки нафар холис иштирокида далолатнома тузади ҳамда давлат назоратини амалга оширишга киришади.

Объект ҳудудига ўрнатилган ишлаб чиқариш участкаларини (цехларини) корхона маъмуриятини хабардор қилмасдан ёки унинг вакилисиз айланиб чиқиш (кўздан кечириш) тақиқланади.

Объектга ўрнатилган ишлаб чиқариш участкаларини (цехларини) айланиб чиқишдан (кўздан кечиришдан) олдин назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига мазкур объектдаги техника хавфсизлиги қоидалари бўйича йўриқнома объектнинг баланс сақловчиси томонидан берилиши шарт.

Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсларига текширишни амалга ошириш учун шарт-шароитлар (хона, телефон ва бошқа алоқа воситалари, зарур ҳолларда, махсус кийим, шунингдек, махсус ҳимоя воситалари) объектнинг баланс сақловчиси томонидан яратиб берилиши лозим.

Назорат функцияларини тез, самарали ва хавфсиз амалга оширишга тўсқинлик қилувчи, қийин ўтиладиган ҳудудлар участкалари билан кесишганда масофа катта бўлган ҳолларда назорат қилувчи орган томонидан транспорт воситаси берилади.

Қуйидаги ҳолларда қисқа муддатли — рейд тартибидаги давлат назорати сутканинг исталган вақтида бир кундан кўп бўлмаган муддат давомида:

объектни ноқонуний эгаллаш, фойдаланиш, нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳолатлар ҳақида ишончли ахборотлар бўлганда;

объект ва унинг қўриқланадиган теграларида ўрнатилган тартибда рухсатнома олмасдан, келишилмасдан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа фаолиятлар ташкил этилаётганда;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва тўхтатиш юзасидан тезкор назорат тадбирларини амалга ошириш зарурати бўлганда амалга оширилиши мумкин.

Назорат қилувчи орган қисқа муддатли — рейд тартибидаги давлат назоратини мустақил ёки мувофиқлаштирилган тадбирлар режаси асосида бошқа давлат органлари билан биргаликда амалга ошириши мумкин.

VII. МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИНГ ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ТЕГРАЛАРИНИ

БЕЛГИЛАШ ВА УЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ

53-модда. Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини аниқлаш

Моддий маданий мерос объектининг ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари белгилаб қўйилади.

Объектнинг ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда қўриқланадиган тегралар ўрнатилади.

Қўриқланадиган тегралар лойиҳада белгиланади. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси матн ва хариталар (чизмалар) шаклида тузилади.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳасида, ушбу теграларда жойлашган объектларнинг қўриқланадиган тегралар чегаралари ҳамда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қайд этилади.

Қўриқланадиган теграларнинг чегаралари ер участкаларининг чегаралари билан мос келмаслиги мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳалари махсус ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, объектларнинг эгалари ёки фойдаланувчилари, ер участкаларининг эгалари, устав (низом) фаолиятларида объектларни муҳофаза қилиш белгиланган юридик шахслар ташаббуси ёки суднинг ҳужжатига мувофиқ ишлаб чиқилиши мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус ваколатли орган ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан мувофиқлаштирилади.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳалари (ушбу теграларда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига бўлган талаблар билан бирга) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли (А гуруҳ, архитектура ёдгорликларини таъмирлаш учун ҳужжатлар) лицензияга эга бўлган ва штатида моддий маданий мерос объектлари соҳаси бўйича камида бир нафар олий ёки ўрта махсус маълумотли ва соҳада камида уч йиллик амалий тажрибага эга мутахассиси бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилади.

Махсус ваколатли орган, унинг ҳудудий органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, объектларнинг эгалари ёки фойдаланувчилари, ер участкаларининг эгалари ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи бўлиши мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишни режалаштириш объектларни муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича мақсадли дастурларга киритилиши мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар объектнинг текин фойдаланувчиси, ҳуқуқ эгаси, бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш тарихий-маданий тадқиқотлар, кадастр маълумотлари ва қўриқланадиган теграларни асослаш бўйича бошқа материаллар асосида амалга оширилади.

Бир нечта объектларнинг тарихий муҳити сақланишини таъминлаш мақсадида ушбу объектлар учун ягона муҳофаза тегралари, ягона қуриш ёки хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ва ягона табиий ландшафт тегралари (ягона қўриқланадиган тегралар) ўрнатилади.

Қўриқланадиган теграларнинг чегараларини лойиҳалаштиришда табиий чегаралар (йўллар, темир йўллар, дарёлар, адирлик, жарлик ва бошқалар) инобатга олинади.

54-модда. Қўриқланадиган тегралар лойиҳасини асослаш бўйича материаллар

Қўриқланадиган тегралар лойиҳасини асослаш бўйича материаллар қуйидагилардан иборат:

объектнинг Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ўтказилган тарихий-маданий тадқиқотлар бўйича ҳисоботлар, шу жумладан археологик тадқиқотлар бўйича илмий ҳисоботлар;

лойиҳалаштирилган тегралар ва ушбу тегралар ҳудудида жойлашган объектлар, бошқа бино ва иншоотлар тўғрисида матн ва хариталар (схемалар, фото тасвирлар) шаклидаги маълумотлар;

объектнинг асосий турдаги кўриниш нуқталаридан ва кўриш майдончаларидан ҳис қилиш бўйича матн ва хариталар (схемалар, фото тасвирлар) кўринишидаги маълумотлар;

лойиҳалаштирилаётган тегралардаги табиий ландшафтнинг объект билан композицион боғлиқлиги, шунингдек, унда жой рельефи, сув иншоотлари, тупроқлар ва ўсимликлар муайян турларининг мослашуви тўғрисидаги маълумотлар;

қўриқланадиган теграларнинг лойиҳасини асослаш ва такомиллаштириш учун зарур бўлган бошқа материаллар.

Тарихий манзилгоҳ ҳудудида жойлашган объектнинг қўриқланадиган теграсининг лойиҳасини асослаш бўйича материаллар тарихий-маданий таянч режа ёки унинг фрагменти кўринишида тақдим этилиши мумкин.

Махсус ваколатли орган тарихий-маданий тадқиқотларни ўтказиш, материалларни тайёрлаш ва улар асосида қўриқланадиган тегралар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича методик тушунтириш беради.

55-модда. Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш

Республика аҳамиятидаги моддий маданий мерос объектларининг, шу жумладан Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектларнинг ҳудудлари ва муҳофаза теграларидан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади:

объектнинг табиий ёки тарихий-шаҳарсозлик муҳитини асраш ва тиклашга йўналтирилган махсус чора-тадбирлардан ташқари бошқа капитал қурилиш ишларини тақиқлаш;

реконструкция қилиш ишларини чеклаш, шу жумладан уларнинг ўлчами, нисбати, параметри, қисмларининг хусусиятлари ва кичик архитектура шаклларини сақлаш, уларда алоҳида қурилиш материалларидан фойдаланиш ва ранг ечимларини қўллаш;

объектнинг сақланишини таъминлаш учун хўжалик фаолиятини чеклаш, шу жумладан рекламани жойлаштириш, белгиларни ўрнатиш, бино ва иншоотларни (автотураргоҳлар, вақтинчалик иншоотлар, киоскалар ва бошқалар) қуришни тақиқлаш ёки чеклаш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича олиб бориладиган ишларни назорат қилиш;

объектнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва уни динамик таъсирлардан ҳимоя қилиш;

объектнинг сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган гидрологик ва экологик шароитларни сақлаб қолиш;

объектни сақлаш, фойдаланиш, тарғиб қилиш ҳамда унинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитининг шаҳарсозлик хусусиятларини сақлаб қолиш ва тиклашга қаратилган ҳудудини ободонлаштириш;

объектнинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитида визуал қабул қилинишини таъминлаш, шу жумладан табиий ландшафтдаги очиқ ва ёпиқ жойлар нисбатини сақлаш ва тиклаш;

тарихдан ташкил топган ер участкалари чегараларини сақлаш, шу жумладан ерларни бошқариш ва ер участкаларини тақсимлашда ўзгаришларни чеклаш;

объект ва унинг тарихий ҳамда ландшафт муҳити сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа талаблар.

Қўриқланадиган табиий ландшафт теграларида ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади:

табиий ландшафтнинг, шу жумладан дарё водийлари ва қирғоқлари, сув ҳавзалари, ўрмон ва очиқ жойларнинг объект билан композицион боғлиқлигини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида капитал қурилишни, бино ва иншоотлар ҳамда уларнинг қисмларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни, хўжалик фаолиятини тақиқлаш ёки чеклаш;

қўриқланадиган табиий ландшафт ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва уни динамик таъсирлардан ҳимоя қилиш;

қўриқланадиган табиий ландшафтни сақлаш ва қайта тиклашни таъминлаш учун зарур бўлган гидрологик ва экологик шароитларни сақлаб қолиш;

объектнинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитида визуал қабул қилишни таъминлаш мақсадида қўриқланадиган табиий ландшафтда очиқ ва ёпиқ жойлар ўртасидаги мутаносибликни сақлаш ва тиклаш;

қўриқланадиган табиий ландшафтни сақлаш ва тиклаш учун зарур бўлган бошқа талаблар.

56-модда. Қўриқланадиган теграларни тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси махсус ваколатли орган томонидан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда тарихий-маданий экспертизадан ўтказилади.

Тарихий-маданий экспертиза хулосаси махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқулланган тақдирда, у бўйича ижобий тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган ҳисобланади.

Тарихий-маданий экспертизанинг ижобий хулосаси объектнинг қўриқланадиган тегралари чегарасини тасдиқлаш, ердан фойдаланиш режими, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини (регламентини) белгилаш ўрнатиш учун асос ҳисобланади.

Ижобий тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган қўриқланадиган теграларнинг чегаралари (лойиҳаси) махсус ваколатли орган раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.

Тасдиқланган қўриқланадиган тегралар лойиҳасининг (чегараларининг) нусхалари, улар аслига тўғри эканлиги тасдиқланган ҳолда қуйидагиларга уч иш куни давомида буюртма почта орқали махсус ваколатли орган томонидан юборилади ёхуд тақдим этилади:

махсус ваколатли органнинг ҳудудий органларига — қўриқланадиган теграларга риоя қилинишини назорат қилиш, объектнинг Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига, Давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни киритиш, архивда доимий (муддатсиз) сақлаш ва қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига — аҳоли пунктининг бош режаси, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш, шаҳарсозлик регламенти ва фаолияти, ердан фойдаланишда қўриқланадиган теграларга риоя қилиш, архивда доимий (муддатсиз) сақлаш ва қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун;

Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхоналарининг тегишли туманлардаги (шаҳарлардаги) филиалларига — ердан фойдаланиш, ер участкаларини ажратиш (таклифлар тайёрлаш), бино ва иншоотлар, ер участкаларининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда қўриқланадиган теграларга риоя қилиш, Давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни киритиш, доимий (муддатсиз) сақлаш ва қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун;

қўриқланадиган тегра лойиҳасини ишлаб чиқувчига — қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун.

Махсус ваколатли орган зарур ҳолларда, қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиши (юбориши) мумкин.

Тасдиқланган қўриқланадиган тегралар лойиҳаларнинг асл нусхаси махсус ваколатли органда доимий (муддатсиз) сақланади ва қатъий ҳисобга олинади.

Ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига зид равишда ишлаб чиқилган ёки улардаги нормаларга мос бўлмаган қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси махсус ваколатли орган томонидан тарихий-маданий экспертизадан ўтказилмасдан, бузилган қонун ҳужжатларини аниқ кўрсатган ҳолда ўн кун муддатда рад этилади. Ушбу ҳолатларда тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тўланган йиғим қайтарилади.

Рад этилган қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси махсус ваколатли органга умумий тартибда киритилади.

Тарихий-маданий экспертиза хулосаси махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқулланмаган тақдирда, илмий-эксперт кенгаш баёнида маъқулламасликнинг (рад этишнинг) асослари илмий-экспертлик нуқтаи назардан баён этилади. Ушбу ҳолатларда тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.

Махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқулланмаган (рад этилган) қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси уни маъқулламаслик (рад этиш) бўйича келтирилган камчиликлар бартараф этилган ҳолда, икки ой муддат ичида қайта киритилиши мумкин. Икки ой муддат ўтганидан кейин қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси умумий тартибда киритилади ва бундай ҳолатларда тўланган йиғим қайтарилмайди.

57-модда. Қўриқланадиган теграларга риоя қилиш

Қўриқланадиган теграларни белгилаш тўғрисидаги қарор асосида юзага келадиган ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг чекланиши Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхоналарининг тегишли туманлардаги (шаҳарлардаги) филиаллари томонидан давлат рўйхатига олиниши керак.

Қўриқланадиган теграларнинг тасдиқланган чегаралар, ушбу теграларда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари тўғрисидаги маълумотлар шаҳарсозлик фаолиятини таъминлаш ахборот тизимларига киритилиши шарт, қонун ҳужжатларида белгиланган чеклашлар бундан мустасно.

Тасдиқланган қўриқланадиган теграларнинг чегаралари, ушбу теграларда жойлашган ер тузиш (фойдаланиш) режимлари ва шаҳарсозлик, ҳудудни режалаштириш ҳужжатлари, ердан фойдаланиш ва қурилиш қоидаларида ҳисобга олиниши ва ифодаланиши лозим, зарурат бўлса, мазкур ҳужжатларга ўзгартириш киритилиши мумкин.

Маҳаллий аҳамиятдаги объектларнинг қўриқланадиган теграларида республика аҳамиятидаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда республика аҳамиятидаги объект учун белгиланган қўриқланадиган теграларида белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.

Республика аҳамиятдаги объектларнинг қўриқланадиган теграларида маҳаллий аҳамиятдаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда республика аҳамиятидаги объект учун белгиланган қўриқланадиган теграларда белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган теграларида маҳаллий ва (ёки) республика аҳамиятидаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган теграларида белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.

Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида маҳаллий ва (ёки) республика аҳамиятидаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.

Янги аниқланган ёки давлат муҳофазасига янги олинган объект бўйича ушбу Низомга мувофиқ қўриқланадиган тегралар белгиланиши ва шу муносабат билан тегишли шаҳарсозлик, ердан фойдаланиш ҳужжатлари ва режими (регламенти) қайта кўриб чиқилиши керак.

Қўриқланадиган тегралар белгиланмаган ҳолларда:

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) режалаштирилаётган чегарасидан 300 метргача;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудуднинг режалаштирилаётган чегарасидан 200 метргача;

республика аҳамиятидаги объект, шу жумладан археология ёдгорликларининг режалаштирилган чегарасидан 100 метргача бўлган ҳудудда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари (капитал қурилиш ҳамда бино ва иншоотларнинг қисмларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш) махсус ваколатли орган билан келишилади.

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган тегралари (тарихий ҳудуд ва буфер зона) ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ёки Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсиялари инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори кучга киргунга қадар ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган тегралари (тарихий ҳудуд ва буфер зона) чегараси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази тавсия этган чегаралар ҳисобланади.

Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар), объект ва унинг қўриқланадиган теграларида ердан фойдаланиш, қурилиш-монтаж ва шаҳарсозлик ишларига ушбу Қонуннинг 58-66-моддаларига асосан берилади.

Қўриқланадиган тегралар, шу жумладан уларнинг чегараларини, унда белгиланган ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ўзгартириш қўриқланадиган теграларнинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш йўли билан амалга оширилади.

Объектнинг маҳаллий ёки республика аҳамияти ўзгарганда, ушбу объект бўйича янги қўриқланадиган тегралар ушбу Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади.

Ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик, хўжалик ва бошқа фаолиятларни амалга оширишда қўриқланадиган тегралардаги қоидаларга риоя қилинади.

Объект Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастридан чиқарилса, ушбу объект бўйича ўрнатилган қўриқланадиган тегралар ўз кучини йўқотади.

Бошқа объектнинг қўриқланадиган теграсида жойлашган объект Моддий маданий мерос объектлари кадастридан чиқарилса, ушбу бошқа объектнинг қўриқланадиган теграсига тегишли ўзгартириш киритилади.

VIII. МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОСНИНГ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИДА АСРАШГА ДОИР ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

УЧУН РУХСАТНОМА БЕРИШ ТАРТИБИ

58-модда. Асрашга доир ишлар учун берилган рухсатнома

Ваколатли орган томонидан ариза берувчига, унинг аризасида кўрсатилган объектда асрашга доир ишларни амалга ошириш учун бериладиган расмий

ҳужжат – рухсатнома ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти рухсатнома бериш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Асрашга доир ишлар ушбу Қонунга мувофиқ берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Асрашга доир ишлар ваколатли орган томонидан маъқулланган лойиҳага мувофиқ амалга оширилиши шарт.

Асрашга доир ишларни амалга ошириш учун ҳар бир объектга алоҳида рухсатнома олинади.

Рухсатнома бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Рухсатнома бланкалари ваколатли органнинг буюртмаси бўйича “Давлат белгиси” давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида матбаа усулида тайёрланади.

Ваколатли орган раҳбари рухсатнома бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда шахсан жавобгар ҳисобланади.

Берилган рухсатномаларнинг тасдиқланган нусхалари ваколатли органда сақланади.

59-модда. Рухсат бериш талаблари ва шартлари

Қуйидагилар асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартлари ҳисобланади:

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

асрашга доир ишларни рухсатномада кўрсатилган жой ва муддатда ўтказиш;

ваколатли органга тақдим этилган ва белгиланган тартибда маъқулланган асрашга доир ишларнинг лойиҳасига қатъий риоя қилиш;

асрашга доир ишларни амалга ошириш муддатига ёки лойиҳасига 10 фоиздан кўп бўлмаган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлганда, бу ҳақда ваколатли органни белгиланган муддатларда олдиндан ёзма равишда хабардор қилиш;

асрашга доир ишларда объектга салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишларни бажариш;

лойиҳа ташкилоти томонидан муаллифлик назорати ва ваколатли орган томонидан шартнома асосида илмий-техник назорат амалга оширилишини ташкил этиш.

60-модда. Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар

Рухсатнома олиш учун ариза берувчи қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органга тақдим этади:

рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

рухсатнома олиш учун белгиланган йиғимнинг ариза берувчи томонидан тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати нусхаси;

ариза берувчида асрашга доир ишлар бўйича камида уч йил амалий иш стажига эга бўлган камида бир нафар олий ёки ўрта махсус маълумотли соҳа мутахассисининг (архитектор, реставратор каби) мавжуд эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (амалий иш стажи бўйича меҳнат дафтарчасидан нусха, олий ёки ўрта махсус маълумотли соҳа мутахассислиги бўйича дипломидан нусха);

ариза берувчида асрашга доир ишлар бўйича камида уч йил амалий иш тажрибага эга эканини тасдиқловчи ҳужжат (объект номи ва унда бажарилган асрашга доир ишлар бўйича маълумот);

амалга оширилиши назарда тутилаётган асрашга доир ишларнинг лойиҳаси, ваколатли орган буюртмачи бўлган ҳолатлар бундан мустасно;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектларда бажариладиган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бўйича ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан тавсия этилган методика бўйича Меросга таъсирни баҳолаш ҳисоботи.

Ариза берувчининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасининг нусхаси ваколатли орган томонидан тегишли давлат органидан олинади.

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиниши тақиқланади.

Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, рухсатнома олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар асрашга доир ишларни молиялаштирувчи шахс томонидан тақдим этилиши (юборилиши) мумкин, бундай ҳолда ушбу ҳужжатлар асрашга доир ишларни молиялаштирувчи шахс кўрсатган ариза берувчи номидан расмийлаштирилади.

Ишончсиз ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун ариза берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.

61-модда. Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим

Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун қуйидаги миқдорда йиғим ундирилади:

маҳаллий аҳамиятга эга бўлган объектлар бўйича асрашга доир ишлар

учун — қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида;

республика аҳамиятига эга бўлган объектлар бўйича асрашга доир ишлар учун — қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектларда бажариладиган йирик асрашга оид ишлар бўйича — қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида.

62-модда. Аризани кўриб чиқиш ва рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш

Рухсатнома бериш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан қабул қилинади.

Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза ваколатли орган томонидан барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган санадан эътиборан ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бундан мустасно.

Агар ваколатли орган ариза берувчининг рухсатнома бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддати мобайнида ариза берувчига рухсатномани бермаса ёки уни беришни рад этмаса, ариза берувчи ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддат ўтганидан кейин бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсатнома олмоқчи бўлган ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, эга бўлади, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бундан мустасно.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолда ваколатли орган ариза берувчининг хабарномасини олганидан кейин беш иш куни ичида унга рухсатномани бериши шарт, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бундан мустасно.

Ваколатли орган қошида рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Илмий-эксперт кенгаш (кейинги ўринларда кенгаш деб аталади) ташкил этилади.

Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза ваколатли орган томонидан барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиниб олинган санадан эътиборан йигирма беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кенгаш томонидан кўриб чиқилиши керак.

Кенгаш рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани қуйидагиларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқади:

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинишига;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилмаслигига, нақш ва бошқа безаклар олдинги ҳолатига уйғун ҳолда амалга оширилишига;

асрашга доир ишларда объектга ҳар қандай салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишлар амалга оширилишига;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларига қаратилган бўлишига;

режалаштирилган асрашга доир ишлар унга туташ объектга қай йўсинда таъсир этиши ҳамда уларнинг умумий ансамблини бузмаслигига, объект ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилишига;

ариза берувчи ёки унда ишлайдиган ходимларнинг асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича олдинги ишларининг сифатига;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишларнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида конвенцияси (Париж, 1972 йил), ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсияларига мувофиқлигига.

Тақдим этилган ҳужжатларни кенгаш томонидан кўриб чиқиш натижалари тегишли баённома билан расмийлаштирилади.

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар кенгаш томонидан маъқулланган тақдирда, ваколатли орган ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан тавсия этилган методикаси бўйича Меросга таъсирни баҳолаш ҳисоботи билан биргаликда кўриб чиқиб, тегишли муносабат билдириш учун ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси марказига юборади.

Рухсатномани бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан кенгаш баённомаси тасдиқлангандан сўнг ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар юзасидан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ёки бошқа турдош органи томонидан ижобий хулоса олинганидан сўнг икки иш куни ичида чиқарилади.

Ариза берувчи томонидан рухсатномани олиш учун ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллар қайтарилмайди.

63-модда. Рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш

Қуйидагилар рухсатномани беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

ушбу Қонуннинг 60-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши ва ҳужжатларда келтирилган маълумотларнинг ҳақиқий эмаслиги, ушбу ҳолатда ариза кенгашга кўриб чиқишга киритилмасдан ваколатли орган томонидан рад этилади;

режалаштирилган асрашга доир ишлар маданий мерос объектини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинишига номувофиқлиги;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилиши, нақш ва бошқа безаклар билан уйғун ҳолда амалга оширилиши назарда тутилмагани;

асрашга доир ишларда объектга ҳар қандай салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишларни амалда бажариш кўзда тутилмагани;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларига қаратилмагани;

режалаштирилган асрашга доир ишлар унга туташ объектга салбий таъсир этиши ҳамда уларнинг умумий ансамблини бузишига олиб келиши, объект ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилмаслиги;

ариза берувчи ёки унда ишлайдиган ходимларнинг асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича олдинги ишларининг сифатсиз (ёки яроқсиз) бажаргани;

рухсатномани беришга асос бўлиб хизмат қилган бир ёки бир нечта ҳужжатларнинг фаолияти тўхташи ёки вақтинчалик тўхтатилиб қўйилиши;

ариза берувчининг фаолияти тўхтатилиши ёки тугатилиши.

Ушбу бандда кўрсатилмаган асослар билан рухсатномани беришни рад этиш тақиқланади.

Рухсатномани беришда рад жавоби берилиши қайта рухсатнома бериш тўғрисидаги мурожаат қилишга тўсқинлик қила олмайди.

Берилган рухсатномага ўзгартиришлар киритилиши ман этилади.

Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аризани кўриб чиқиш муддати давомида рухсатнома беришга асос бўлиб хизмат қилган бир ёки бир нечта ҳужжатлар ўзгарса, ваколатли органларга муқаддам тақдим қилинган ҳужжатларда амалга оширилган ўзгартиришлар тўғрисида ариза орқали хабардор қилади.

Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома ариза берувчига рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда ариза берувчига бу сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисида, тузатиш киритиш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун ўн беш иш куни давомида тақдим этишга ҳақли ҳисобланади.

Ариза такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан ариза берувчига ёзма маълумотномада олдин баён қилинмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, олдин кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.

Ариза берувчи томонидан рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма маълумотномада кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

Ариза берувчи рухсатнома беришни рад этилиши, шунингдек, ваколатли органнинг мансабдор (ваколатли) шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

64-модда. Рухсатномани қайта расмийлаштириш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳамда дубликатлар бериш

Ариза берувчи қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган, юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда, ариза берувчи ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши керак.

Асрашга доир ишларни ўтказиш вақти ёки лойиҳага нисбатан 10 фоиздан кўп бўлмаган ўзгартиришлар киритиш зарурат бўлган тақдирда, ариза берувчи бу ҳақда ваколатли органни камида ўн кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги аризага рухсатноманинг асл нусхаси илова қилинади.

Лойиҳага нисбатан 10 фоиздан кўп бўлган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлган тақдирда, ариза берувчи бу ҳақда ваколатли органга қилган мурожаати янгидан берилган ариза деб ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

Ваколатли орган томонидан рухсатнома қайта расмийлаштирилганда рухсатномалар реестрига тегишли ўзгартириш киритилади. Рухсатномани қайта расмийлаштириш ва бериш ваколатли орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ариза берувчининг аризаси бўйича унинг дубликати берилади.

Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ваколатли орган ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда рухсатнома дубликатини бериши (юбориши) шарт.

65-модда. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш

Рухсатномани амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш ваколатли орган томонидан “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг

22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда амалга оширилади.

Рухсат бериш талаблари ва шартлари бир марта қўпол равишда бузилишининг қуйидаги ҳоллари рухсатноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлиши мумкин:

рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмаслиги аниқлангани;

асрашга доир ишлар маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинмагани;

асрашга доир ишларнинг амалга оширилишини ваколатли орган томонидан маъқулланган эскиз лойиҳасига номувофиқлиги аниқлангани;

асрашга доир ишлар объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилиши, нақш ва бошқа безаклар олдинги ҳолатига уйғун ҳолда амалга оширилмагани;

асрашга доир ишларнинг объектни сақлаш ва муҳофаза қилиш талаблари, унга ҳар қандай салбий таъсирлар ва авария ҳолатига олиб келиши;

асрашга доир ишлар объектни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларига қаратилмагани;

асрашга доир ишлар унга туташ объектга салбий таъсир этиши ҳамда уларнинг умумий ансамблини бузишига олиб келиши, объект ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилмаслиги;

рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада кўрсатилган ишлар рўйхати билан амалга оширилаётган ишларнинг мувофиқ бўлмаслиги;

рухсатномани беришга асос бўлиб хизмат қилган бир ёки бир нечта ҳужжатларнинг тўхтатилиши ёки вақтинча тўхтатиб қўйилиши;

ариза берувчи фаолиятининг тўхтатилиши ёки тугатилиши.

Рухсатномани тўхтатиб қўйишга бўлган асослар ва уни бартараф этиш муддати аниқ баён этилган ҳолда ваколатли орган раҳбари томонидан рухсатномани тўхтатиб қўйиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади ҳамда мазкур буйруқ қабул қилинган куни рухсатнома эгасига (ариза берувчига) юборилади (тақдим этилади).

66-модда. Берилган рухсатномалар реестри

Рухсатнома берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар рухсатномалар реестрига тадбиркорлик субъектига рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан киритилади.

Ҳар бир рухсатномалар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги асосий маълумотлар (тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларнинг номи, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони, тадбиркорлик субъектлари — жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг паспортига оид маълумотлар, почта манзили, телефони, лицензия гувоҳномаси рўйхатдан ўтган рақами);

рухсатнома берилган сана ва у тартиб рақами;

Кенгаш мажлисининг баённомаси ва ваколатли орган раҳбари буйруғининг санаси ва рақами;

рухсатноманинг амал қилиш муддатлари;

рухсатномани қайта расмийлаштиришнинг, амал қилиш муддатини узайтиришнинг асоси ва санаси, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш;

рухсатноманинг амал қилишини тўхтатишнинг асоси ва санаси;

рухсатномани бекор қилишнинг асоси ва санаси;

рухсатнома дубликати берилишининг асоси ва санаси;

йиғим тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг тегишли реквизитлари киритилади ҳамда ваколатли орган томонидан юритилади.

Рухсатноманинг нусхаси, шунингдек, рухсатнома бериш билан боғлиқ ҳужжатлар ваколатли органда уч йил сақланади.

IX. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИГАН ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҲУДУДЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ

67-модда. Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар (кейинги ўринларда “Тарихий-маданий ҳудудлар” деб юритилади) ташкил этилади.

Тарихий-маданий ҳудудлар тарихий-маданий қўриқхоналар, музей-қўриқхоналар, тарихий манзилгоҳлар кўринишида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ташкил этилади.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш мақсадида тарихий-маданий ҳудудларда муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режими (кейинги ўринларда режим деб аталади) ўрнатилади.

68-модда. Тарихий-маданий ҳудудларнинг мулк ҳуқуқи

Тарихий-маданий ҳудудлар давлат мулки, хусусий мулк ва қонунда белгиланган тартибда бошқа мулк шаклларида бўлиши мумкин.

Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

Моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ер участкалари бўлинмайди.

69-модда. Тарихий-маданий ҳудудлардан фойдаланиш

Тарихий-маданий ҳудудлар фуқаролар кириб чиқиши учун очиқдир, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Моддий маданий мерос объектларини, шунингдек, тарихий-маданий қимматга эга бўлган бошқа объектларни сақлаб қолиш мақсадида тарихий-маданий ҳудудларнинг айрим қисмларига фуқароларнинг кириши Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда махсус ваколатли орган деб аталади) ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан чекланиши ёки ман этилиши мумкин.

Тарихий-маданий ҳудудларда яшовчи аҳоли ва унда бўлиб турган шахслар мазкур ҳудудларнинг алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қиммати, тарихий-маданий муҳитини сақлаб қолиш ҳамда ушбу ҳудуднинг муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режимига риоя этадилар.

70-модда. Тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги назорат

Тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги назорат махсус ваколатли орган ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Тарихий-маданий ҳудудларда жойлашган моддий маданий мерос объектларида олиб бориладиган асрашга доир ишлар, шунингдек, мазкур ҳудуддаги қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишлари ушбу Қонуннинг 58-66-моддаларига асосан амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тадбирларини амалга оширишда давлат органларига кўмаклашиши мумкин. Давлат органлари ушбу тадбирларни амалга ошираётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг таклифларини кўриб чиқадилар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар тегишли давлат органларидан тарихий-маданий ҳудудлар тўғрисидаги тегишли ахборотларни талаб қилиш ҳамда олиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар тарихий-маданий ҳудудлар ташкил этилаётган, муҳофаза қилинаётган ҳамда улардан фойдаланилаётганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тарихий-маданий экспертизасини ўтказиш, муҳофаза қилиш, асраш ва улардан фойдаланишда жамоатчилик назоратини амалга оширишлари мумкин.

71-модда. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш

Тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш мақсадида махсус ваколатли органнинг таклифига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ер участкалари захира қилиниши мумкин.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг захира қилинган ер участкаларидаги фаолияти, агар бундай фаолият мазкур участкаларда муҳофаза қилиниши мўлжалланаётган моддий маданий мерос объектлари сақланишига хавф соладиган бўлса, чекланиши ёки тақиқланиши лозим. Ушбу ер участкаларининг юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки ижара учун беришга фақат махсус ваколатли органнинг тарихий-маданий экспертиза ижобий хулосаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.

72-модда. Тарихий-маданий ҳудудни ташкил этиш тартиби

Тарихий-маданий ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.

Тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги тегишли ҳудудлар тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади.

Тарихий-маданий ҳудудларни қайта ташкил этиш, уларнинг шаклларини ўзгартириш зарур бўлганда амалга оширилади. Бунда тарихий-маданий ҳудуднинг қаттиқ режимли шаклдан енгил режимли шаклга ўтказилишига алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.

Тарихий-маданий ҳудудларнинг фаолият юритишини тугатиш табиий офатлар, техноген хусусиятдаги таъсирлар натижасида улардаги моддий маданий мерос объектлари жисман тўла йўқотилган бўлса ёки моддий маданий мерос объекти сифатидаги ўз қимматини йўқотган тақдирда амалга оширилади.

73-модда. Тарихий-маданий ҳудудлар паспорти

Ҳар бир тарихий-маданий ҳудудлар бўйича икки нусхада паспорт тузилади.

Тарихий-маданий ҳудуд паспортига:

тарихий-маданий ҳудудни тузиш тўғрисидаги ҳужжат (қарор);

унда мазкур ҳудудни, унинг тарихий-маданий қиммати, режими ва бошқарувини тавсифловчи маълумотлар;

мазкур ҳудудда жойлашган моддий маданий мерос объектлари ва ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари асосий турларининг фотосуратлари;

тарихий-маданий ҳудудлар ва уларнинг қуриқланадиган тегралари доирасида ер участкаларининг чегаралари чизилган тарихий-маданий ҳудуд ва унинг қуриқланадиган теграси харитаси илова қилинади.

Зарурат бўлганда, тарихий-маданий ҳудуднинг паспортига паспортда кўрсатилган маълумотларни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар (материаллар) илова қилиниши мумкин.

Тарихий-маданий ҳудудлар паспорти:

юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича махсус ваколатли орган томонидан;

юридик шахс сифатида ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича ушбу юридик шахс томонидан юритилади.

Тарихий-маданий ҳудудлар паспортларининг бир нусхаси махсус ваколатли органда сақланади. Паспортнинг нусхаси тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилади.

Тарихий-маданий ҳудуднинг паспорти махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Паспортга киритилган маълумотларнинг тўғрилиги, шунингдек, уни ўз вақтида янгилаб туриш учун жавобгарлик ушбу паспортни юритишга масъул бўлган шахсларга юкланади.

Тарихий-маданий ҳудуднинг паспорти унга киритилган маълумотлар ўзгарган тақдирда янгиланиши керак. Янгиланган паспорт махсус ваколатли орган, тегишли юридик шахс ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилади ва уларда сақланади.

74-модда. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режалари

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режалари моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича барча ташкилий, техника ва бошқа тадбирлардан иборат.

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаларининг лойиҳалари тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда:

юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича махсус ваколатли орган томонидан;

юридик шахс сифатида ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича ушбу юридик шахс томонидан ишлаб чиқилади.

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаларининг лойиҳалари махсус ваколатли орган томонидан тарихий-маданий экспертизадан ўтказилади.

Тарихий-маданий экспертиза хулосаси ижобий бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қўшма қарорлари билан тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режалари тасдиқланади.

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаси қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

кириш қисми;

тарихий-маданий ҳудудларнинг тавсифи;

тарихий-маданий ҳудудларни баҳолаш;

тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш стратегияси;

тезкор режа;

иловалар.

Бошқариш режасини тузишда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

ўтган беш йил давр учун табиий ва ижтимоий-иқтисодий шароитлар ўзгаришининг таҳлили;

ўтган беш йил даврдаги тарихий-маданий ҳудудлар фаолиятини баҳолаш таҳлили;

тарихий-маданий ҳудудларда кейинги беш йиллик давр учун амалга ошириладиган тадбирлар;

бошқариш тузилмаси, норматив-ҳуқуқий базаси, кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро алоқаларни такомиллаштириш йўли билан амалга ошириш бўйича механизмлар.

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бўйича тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси ва Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари инобатга олинади.

Бошқариш режасининг мазмуни тарихий-маданий ҳудудлар шакли, тартиби (режими), мақсади ва вазифаларига боғлиқ бўлади.

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаси янгиланганда тарихий-маданий ҳудудларни аввалги бошқариш режаси йўқ қилинмайди.

Тарихий-маданий ҳудудларнинг фаолият кўрсатиши тўхтатилганда тарихий-маданий ҳудудларнинг барча режалари ва унга тааллуқли материаллар махсус ваколатли органнинг архивига топширилиши лозим.

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаси тегишли равишда ушбу ҳудудларда яшовчи, фаолиятини олиб борувчи, ташриф буюрувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режасига киритилган маълумотларнинг ҳақиқийлигига, шунингдек, унинг ўз вақтида янгиланиши учун жавобгарлик тасарруфида тарихий-маданий ҳудудлар бўлган давлат идоралари, юридик ва жисмоний шахслар зиммасига юкланади.

75-модда. Тарихий-маданий қўриқхоналар ва уларнинг режими

Диққатга сазовор жой ёки унинг бир қисми ҳамда шу теграда жойлашган ёдгорликлар ва ансамбллар биргаликдаги тарихий-маданий ҳудудлар тарихий-маданий қўриқхоналар ҳисобланади.

Тарихий-маданий қўриқхоналар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.

Тарихий-маданий қўриқхона чегараси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тарихий-маданий режа ва (ёки) тарихий-маданий қўриқхона ҳамда музей қўриқхонанинг таклиф қилинаётган чегарасини асослаб берувчи бошқа материаллар асосида аниқланади.

Тарихий-маданий қўриқхона чегараси диққатга сазовор жойнинг чегарасига тўғри келмаслиги мумкин.

Тарихий-маданий қўриқхоналар давлатга қарашли ёки хусусий бўлиши, юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бўлиши мумкин. Хусусий тарихий-маданий қўриқхоналар хусусий моддий маданий мерос объектлар базасида ташкил этилади.

Тарихий-маданий қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектлари теварак атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асралиши, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудининг яхлитлиги, шунингдек, мазкур ҳудуд чегараларида қурилиш ва хўжалик фаолияти тартибга солиниб турилиши таъминланади.

Тарихий-маданий қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият махсус ваколатли орган томонидан давлат назорати шаклида текширилади ва суд томонидан доимий равишда ёки вақтинча чекланади ёки тугатилади.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги тарихий-маданий қўриқхоналар жойлашган ҳудудлар ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, шунингдек, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг хўжалик мақсадидаги фойдаланишидан олиб қўйилмайди.

Тарихий-маданий қўриқхоналар қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларида ташкил этилган бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар тарихий-маданий қўриқхоналарнинг белгиланган режимига риоя этишлари шарт.

76-модда. Музей-қўриқхоналар ва уларнинг режими, илмий-тадқиқот фаолияти

Тарихий-маданий қўриқхона ва у билан боғлиқ табиий ландшафт таркибига кирувчи моддий маданий мерос объектларида музейлар яратилиб, шунингдек, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудида илгари удум бўлган анъанавий хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятларни тиклаш зарурати туғилса, мазкур тарихий-маданий ҳудудлар музей-қўриқхоналар ҳисобланади.

Музей қўриқхоналар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат илмий-тадқиқот муассасаси шаклида ташкил этилади.

Музей-қўриқхона чегараси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тарихий-маданий режа ва (ёки) тарихий-маданий қўриқхона ҳамда музей қўриқхонанинг таклиф қилинаётган чегарасини асослаб берувчи бошқа материаллар асосида аниқланади.

Музей-қўриқхона чегараси диққатга сазовор жойнинг чегарасига тўғри келмаслиги мумкин.

Музей қўриқхоналар, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимига киради, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланадиган музей-қўриқхоналар тўғрисидаги низом асосида фаолият кўрсатади.

Музей-қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектлари теварак атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асралиши, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудининг яхлитлиги, шунингдек, мазкур ҳудуд чегараларида қурилиш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиб турилиши таъминланади.

Музей-қўриқхона ҳудудидаги маданий мерос объектларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият махсус ваколатли орган томонидан давлат назорати шаклида текширилади ва суд томонидан доимий равишда ёки вақтинча чекланади ёки тугатилади.

Музей-қўриқхоналарида илмий тадқиқотлар музей-қўриқхоналар штатидаги илмий ходимлар томонидан ўтказилади. Шартнома асосида бошқа илмий ташкилотлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин.

Музей-қўриқхоналарида олимлар кенгашлари (илмий кенгашлар) тузилади.

Музей-қўриқхоналардаги илмий-тадқиқот фаолияти натижалари, агар улар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобига олинган бўлса ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда давлат мулки ҳисобланади. Музей-қўриқхоналар, махсус ваколатли орган ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари илмий-тадқиқот фаолияти натижаларидан текин фойдаланадилар.

Музей-қўриқхоналарининг маданий мерос объектлари ҳолати тўғрисидаги илмий ахборот эълон қилиниши керак. Музей-қўриқхоналари ўз матбуот нашрларига эга бўлиши мумкин.

Музей-қўриқхоналарининг илмий фондлари муддатсиз сақланиши керак.

Музей-қўриқхоналарининг илмий тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва махсус ваколатли орган томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

77-модда. Тарихий манзилгоҳларни ташкил этиш ва уларнинг режими

Тарихий манзилгоҳ дейилганда унинг ҳудуди доирасида ўтмишда яратилган, тарихий, эстетик, ижтимоий-маданий, археологик, меъморий ёки шаҳарсозлик қимматига эга бўлган ва халқнинг ўзига хослигини, унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектлари жойлашган манзилгоҳлар тушунилади.

Маданий мерос объектлари, улар жойлашган ер участкалари ва уларга туташ ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тарихий манзилгоҳ деб эълон қилинади.

Тарихий манзилгоҳда жойлашган ва шаҳарнинг муайян бўлаги сифатида тарихий қимматга эга бўлган барча объектлар: режавий тарҳ, иморат, композиция, табиий ландшафт, археологик қатлам, шаҳардаги турли (бўш турган, иморатлар қурилган, кўкаламзорлаштирилган) майдонларнинг ўзаро нисбати, катта-кичик ёки узун-қисқа кўринишлари, шаҳар қурилишининг бўлак-бўлак ва хароба ҳолидаги осори атиқалари, саҳни, маҳобати, тузилиши, услуби, материаллари, ранги ва манзарали элементлари билан ажралиб турадиган бинолар, иншоотларнинг шакли ва ташқи қиёфаси муҳофаза қилиниши керак.

Тарихий манзилгоҳдаги табиий таркиб топган ва инсон қўли билан яратилган манзаралар уйғунлиги, тарихий манзилгоҳ тараққиёти даврида унга хос бўлиб қолган турли жиҳатлар, шунингдек, бошқа қимматли элементлар сақлаб қолиниши керак.

Тарихий манзилгоҳ ҳудуди доирасида шаҳарсозлик, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият моддий маданий мерос объектлари ва мазкур манзилгоҳнинг бошқа қимматли хусусиятларини сақлаб қолиш шарти билан амалга оширилиши лозим.

Моддий маданий мерос объектларини, шунингдек, тарихий-маданий ёки табиий қимматга эга бўлган бошқа объектларни сақлаб қолиш мақсадида тарихий манзилгоҳларда қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида тартиби белгилаб қўйилади.

Тарихий манзилгоҳларда шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида тартиби махсус ваколатли органнинг ҳамда архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг назорати остида ўтказиладиган моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича изчил ва ўзаро боғлиқ тадбирлар тизимидан иборат.

Алоҳида тартиб тарихий-меъморий, тарихий-шаҳарсозлик, архив ва археология тадқиқотлари асосида тарихий манзилгоҳ ҳудуди чегараларида тарихий-маданий қимматга эга бўлган ер участкаларида жойлашган, ҳам сақланиб қолган, ҳам йўқотилган мазкур тарихий манзилгоҳнинг ривожланиш босқичларини кўрсатувчи барча шаҳарсозлик элементлари ва иншоотларини асослаган ҳолда тарихий-маданий таянч режасини тузишни, бинолар ҳамда иншоотларнинг ўлчамлари ва нисбатларига, автомобиллар турадиган жойларни, рекламалар ва лавҳаларни жойлаштиришни тақиқлаш ва чеклашларга ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш учун зарур бўлган бошқа чеклашларга тааллуқли шаҳарсозлик регламентини ўз ичига олади.

Тарихий манзилгоҳ қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларида (биргаликдаги ер участкаларида) жойлашган бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар зиммасига бундай манзилгоҳнинг режимини таъминлаш мажбуриятлари юкланади.

78-модда. Давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар

Икки ва ундан ортиқ давлат ҳудудида жойлашган тарихий-маданий ҳудудлар давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади.

Давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ташкил этилиши мумкин.

Давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар режими Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.

79-модда. Муҳофаза тегралари

Тарихий-маданий ҳудуддаги маданий мерос объектларини асрашни таъминлаш мақсадида ҳудуднинг тарихий, шаҳарсозлик ёки табиий атроф-муҳитни асраш ва тиклашга қаратилган махсус тадбирларни қўллашдан ташқари, хўжалик фаолиятини чеклайдиган ва қурилишни тақиқловчи, ердан фойдаланиш учун махсус тартиб ўрнатилган ҳудуд муҳофаза теграларидир.

Муҳофаза теграларнинг ўлчамлари ва режими, шунингдек, ер участкаларини сақлаш вазифаси тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш билан бир вақтда белгиланади.

Тарихий-маданий ҳудудларнинг муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт теграларининг чегараларини белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган тартибига асосан амалга оширилади.

80-модда. Тарихий-маданий ҳудудларни молиялаштириш

Тарихий-маданий ҳудудлар қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

илмий-тадқиқот, реклама-ноширлик ва маърифий фаолиятдан олинган даромадлар;

тарихий-маданий ҳудудларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга қаратилган тушумлар;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;

тарихий-маданий ҳудудларнинг режимини бузганлик учун ундирилган жарима пуллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

X. МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИНГ ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

81-модда. Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертиза

Тарихий-маданий экспертиза:

маданий мерос объекти Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилишини асослаш;

муҳофазага муҳтож номоддий маданий мерос объектларини аниқлаш;

маданий мерос объектларининг тоифасини аниқлаш;

маданий мерос объектлари тоифасининг ўзгартирилишини асослаш;

маданий мерос объектини Маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш;

маданий мерос объектлари муҳофаза теграларини лойиҳаларининг шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига, шунингдек амалга ошириш мўлжалланаётган ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишларининг ва бошқа ишларнинг маданий мерос объектларини сақлаш талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилади ва амалга оширилади.

82-модда. Тарихий-маданий экспертиза объектлари

Қуйидагилар тарихий-маданий экспертиза объектлари ҳисобланади:

хўжалик мақсадларида ўзлаштириладиган ер участкалари, агар уларда маданий мерос объектлари мавжуд бўлса;

Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа, томоша санъати), шунингдек улар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати, табиат ва коинот билан боғлиқ билимлар, кўникмалар, асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконлар;

маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилишини асословчи материаллар;

маданий мерос объектларининг Маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқарилишини асословчи материаллар;

маданий мерос объектлари тоифасининг ўзгартирилишини асословчи материаллар;

шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатлари;

маданий мерос объектларига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ер қазиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишларининг ва бошқа ишларнинг амалга оширилишини асословчи ҳужжатлар.

83-модда. Илмий-эксперт кенгаши

Тарихий-маданий экспертиза Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) Илмий-эксперт кенгаши томонидан амалга оширилади.

Илмий-эксперт кенгаш таркибига (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) давлат органлари, илмий институтлар ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, маданий мерос объектларини ўрганиш, сақлаш ва улардан замонавий фойдаланиш соҳасидаги айрим олимлар ва мутахассислар киритилади.

Кенгаш раис, раис ўринбосарлари, Кенгаш аъзолари ва котибидан иборат бўлади. Кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Кенгаш мажлислари заруратга кўра, лекин ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.

Кенгаш таркибида тегишли йўналишлар бўйича секциялар ташкил этилади.

Кенгаш фаолиятининг моддий-техника таъминоти Департамент томонидан амалга оширилади.

Тарихий-маданий экспертиза хулосасини олиш учун Департамент тегишли маданий мерос объекти бўйича материалларни Кенгашга кўриб чиқиш учун киритади. Материаллар Кенгаш котиби томонидан қабул қилинади.

Тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этиладиган материаллар таркиби ва мазмуни Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

Кенгаш котиби олинган материалларни Кенгаш раисига тақдим этади, раис уларни Кенгашнинг тегишли йўналишлар бўйича секцияларига юборади.

Кенгаш секцияларида тарихий-маданий экспертиза мақсадларини ҳисобга олган ҳолда, маданий мерос объекти бўйича тақдим этилган материаллар ҳар томонлама ўрганиб чиқилади.

Зарурият бўлганда маданий мерос объектининг тарихий-маданий экспертизаси объект жойлашган жойда ўтказилади.

84-модда. Тарихий-маданий экспертизани ўтказиш

Тарихий-маданий экспертизани ўтказиш методикаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишган ҳолда Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

Тарихий-маданий экспертизани ўтказишда Кенгаш мустақил экспертларни жалб қилишга ҳақлидир. Бунинг учун Кенгаш секциялари тегишли асослашлар билан Кенгаш раисига мурожаат қилади, раис ушбу масалани кўриб чиқиш учун Департаментга киритади.

Кенгаш раисининг тақдимномаси асосида Департамент белгиланган тартибда экспертлар билан шартномалар тузади.

Тарихий-маданий экспертиза натижаларига кўра Кенгаш секциялари эксперт хулосаси, шунингдек тарихий-маданий экспертиза хулосаси лойиҳасини тайёрлайди. Эксперт хулосаси ва тарихий-маданий экспертиза хулосаси лойиҳаси барча материаллар илова қилинган ҳолда кўриб чиқиш учун Кенгаш раисига тақдим этилади, раис тарихий-маданий экспертиза натижаларини тасдиқлаш учун Кенгаш мажлисини чақиради.

Кенгаш мажлиси унда Кенгаш барча аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади. Кенгаш қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Кенгаш қарорига рози бўлмаган Кенгаш аъзолари ўзининг алоҳида фикрини баён қилишга ҳақлидирлар.

Кенгаш мажлисида тарихий-маданий экспертиза хулосасининг лойиҳаси тасдиқланади.

Кенгаш мажлиси ўтказилишини ташкил этиш, мажлис протоколини расмийлаштириш Кенгаш котиби томонидан амалга оширилади.

Кенгаш қарори мажлис протоколи билан расмийлаштирилади. Кенгаш протоколи раислик қилувчи ва масъул котиб томонидан имзоланади.

Мажлис протоколи, тарихий-маданий экспертиза хулосаси, шунингдек Кенгаш аъзоларининг алоҳида фикри Кенгаш котиби томонидан Департаментга юборилади.

Тарихий-маданий экспертизани ўтказиш муддати материалларнинг йўналишига, мураккаблигига ва ҳажмига қараб ўттиз кундан ошмаслиги керак.

85-модда. Маданий мерос объектлари тарихий-маданий экспертизаси ўтказилганлиги учун йиғим

Маданий мерос объектлари тарихий-маданий экспертизаси ўтказилганлиги учун махсус йиғим тўланади. Махсус йиғимдан тушган маблағлар Департаментнинг Маданий мерос жамғармаси ҳисоб рақамида жамланади ва улардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.

Маданий мерос объектлари тарихий-маданий экспертизаси ўтказилганлиги учун махсус йиғим миқдори ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маданият вазирлиги томонидан белгиланади

XI. АРХЕОЛОГИЯ АШЁЛАРИ ДАВЛАТ КАТАЛОГИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

86-модда. Археология ашёларини давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш

Археология ашёларини давлат ҳисобига олишга уларни аниқлаш, батафсил тавсифи билан уларнинг рўйхатини тузиш, илмий ва маданий қимматини аниқлаш, илмий ҳисобот тақдим этиш, археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш, фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларини ҳисобга олиш киради.

Археология ашёларини сақлаш уларнинг бут сақланишини таъминлаш учун моддий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилишини назарда тутади.

Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларини ҳисобга олиш ва сақлаш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширилади.

Археология ашёлари Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.

Археология ашёларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш қонунда белгиланган тартибда амалга ошириш ҳоллари бундан мустасно.

87-модда. Археология ашёлари давлат каталоги.

Ҳар бир археология ашёси тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати – Археология ашёлари давлат каталоги ҳисобланади.

Юридик шахсларнинг археология ашёларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари мазкур ҳаракатлар Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.

Барча археология ашёлари қайси давлат муассасининг тасарруфида турганлигидан қатиъй назар, давлат мулки ҳисобланади.

Археология ашёларини давлат тасарруфидан чиқариш мумкин эмас, уларнинг йўқолиши, емирилиши ёки бошқа археология ашёларига айирбошланиши ҳоллар бундан мустасно.

Археология ашёлари давлат каталогига киритилган археология ашёларига айирбошланиши мумкин. Бунда каталогга киритилган малумотларга ўзгартириш киртилади.

Давлат каталоги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти томонидан юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг мазкур функциясини бевосита Маданий мерос департаменти бажаради.

Давлат каталоги электрон ва босма маълумотлар базаси кўринишида шакллантирилади.

Давлат каталогига киритилган археология ашёлари, археология ашёларига эгалик қилаётган ёки улардан фойдаланаётган ёхуд тасарруф қилаётган юридик шахсларнинг асосий ҳисоб ҳужжатларидан олинган маълумотлар асосида шакллантирилади.

88-модда. Давлат каталогига киритилган археология ашёлари ҳақида маълумот

Давлат каталогига киритилган археология ашёлари асосий ҳисоб ҳужжатларидан олинган маълумотлардан ташқари, қуйидаги маълумотлар (электрон ва босма шаклда) киритилади:

юридик шахсларнинг археология ашёларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги битимлар реестри;

археология ашёларини ўғирланиши ёки йўқотилиши тўғрисидаги маълумотлар.

Археология ашёларига эгалик қилувчилар, улардан фойдаланувчилар ва тасарруф этувчилар Давлат каталогига киритиладиган маълумотларни Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментига тақдим этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тақдим этилган маълумотларни археология ашёлари мавжудлигини аниқлаш мақсадида назорат текширувлари ўтказиш ваколатига эга.

Давлат каталогига оид ҳужжатларни сақлаш ва юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

89-модда. Археология ашёларини археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш

Археология ашёларини археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш қуйидаги тартибида амалга оширилади:

Археология ашёларини ашёлари давлат каталогига киритишда уларни тасарруф этиш қилаётган муассасалар томонтдан уларнинг асосий ҳисоб ҳужжатларида қайд этилган археология ашёларининг маълумотдар рўйхати (уларнинг ҳар бири ҳақидаги зарур маълумотлар акс эттирилган ҳолда) электрон ва босма шаклларда икки нусхада тайёрланади;

биринчи нусха –муассасада сақланади;

иккинчи нусха Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилади.

Тақдим этилган рўйхат босма шаклнинг ҳар бир саҳифасида ташкилот раҳбарининг имзоси билан рўйхат расмийлаштирилади сана ва ташкилот муҳри қўйилади.

Рўйхатларнинг босма шакли ташкилотнинг юқори бошқарув органи (мавжуд бўлса) раҳбари томонидан тасдиқланиб, шу орган томонидан археология ашёларини давлат каталогига киритиш тўғрисида расмий сўров билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мурожаат этилади.

Мазкур жараён археология ашёлари миқдор ва ҳолатининг ўзгаришини инобатга олиб доимий равишда бажарилиши жорий қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилган ҳужжатларни Давлат каталоги рўйхатига киритади.

Давлат каталогига киритилган археология ашёлари тўғрисида археология ашёларини тасарруф этувчи юридик шахсларга рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида ҳужжат (маълумот) берилади.

Давлат каталогига киритилган археология ашёларидан фойдаланувчилар ва тасарруф этувчилар тақдим этилган маълумотларга киритилган ҳар қандай ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига бир ой муддатда ҳабар беришлари шарт.

Тасарруфида археология ашёлари бўлган муассасалар археология ашёларини ўғирланиши, йўқотилиши ҳолатлари аниқланганда, бу ҳақда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига, уларнинг жойлардаги бўлинмаларига ҳамда бошқа тегишли ташкилотларга хабар беради.

Юридик шахсларнинг археология ашёларига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари, шу жумладан, мулк ҳуқуқини бошқа юридик шахсга ўтказиш ҳаракатлари археология ашёсининг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амлга оширилади.

90-модда. Археология ашёларини давлат каталоги рўйхатидан чиқариш

Археология ашёларини йўқолиши, емирилиши ёки бошқа археология ашёларига айирбошланиши ҳолларида давлат каталоги рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Археология ашёлари давлат каталоги рўйхатидан чиқариш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи билан чиққан вақтдан бошлаб археология ашёлари Давлат каталоги рўйхатидан чиқарилган ҳисобланади.

Археология ашёлари Давлат каталоги рўйхатидан чиқарилишига асос бўлган тегишли қуйидаги асосномалар Давлат каталогида (рўйхатга киритилади) қайд этилади:

ўз аҳамиятини йўқотиши;

табиий ёки сунъий зарар етказилгандаги қайта тиклаб бўлмайдиган ҳолатда;

келтирилган маълумотлар сохталаштирилганлиги аниқланганда;

айирбошланган археология ашёлари далолатнома (ҳужжатлаштирилиб) тузилиб, Давлат каталоги рўйхатидан чиқарилади. Айирбошланган археология ашёси шу тартибда рўйхатга олинади.

Археология ашёлари Давлат каталоги рўйхатидан чиқариш учун уларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ёзма мурожаат қилади.

Мурожаатга археология ашёсини Давлат каталогидан чиқариш сабаблари (уларни топиш ёки тиклаш бўйича амалга оширилган чоралар) тўғрисида тўлиқ маълумот, археология ашёсининг фотосуратлари илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги зарур ҳолда бошқа қўшимча маълумотларни ҳам талаб қилиши мумкин.

Тасарруфида археология ашёлари бўлган муассасалар, археология ашёларини Давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш учун ашёлар ҳақида тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва талаб даражасида тайёланиши учун маъсулдир.

Юридик ва жисмоний шахслар археология ашёлари ва улар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш ёки улар билан танишиши мумкин.

Археология ашёлари Давлат каталоги рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш жараёнида келиб чиққан низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

XII АРХЕОЛОГИЯ АШЁЛАРИНИ ДАВЛАТГА ТОПШИРИШ ҲАМДА УЛАРНИ ФАН, МАДАНИЯТ ВА ТАЪЛИМ МУАССАЛАРИГА БИРИКТИРИБ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ

91-модда. Археология ашёларини давлатга топшириш

Археология ашёларини давлатга топшириш – археология ашёларини далолатнома асосида фан, маданият ва таълим давлат муассасаларига берилишини ҳамда археология тадқиқодларининг илмий ҳисоботига киритилишини билдиради.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог археология ашёлари давлатга топширилишига қадар уларнинг бут сақланишини таъминлаши лозим.

Археология ашёлари давлатга топширилганидан кейин очиқ варақ ва рухсатнома олган археологга топширилганлик фактини тасдиқловчи ҳужжат берилади.

Археология ашёларини фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинаётганда, мазкур муассасаларда моддий-техника базасининг, шу жумладан, хона ёки хоналар, сақлаш учун зарур асбоб-ускуналар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситаларнинг мавжуд бўлиши мажбурий шарт ҳисобланади.

Археология ашёлари улар аниқланган жойда қолдирилган тақдирда, очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли орган билан биргаликда мазкур ашёларни консервациялаш чора-тадбирларини кўришлари лозим. Бунда мазкур археология ашёлари тавсифланиши, суратга олиниши ва илмий ҳисоботда кўрсатиб ўтилиши керак.

Археология ашёсини топшириш далолатномаси 3 (уч) нусхада тузилади. Далолатноманинг бир нусхаси фан, маданият ва таълим давлат муассаларига, иккинчи нусхаси археология тадқиқотларининг илмий ҳисоботига киритилади ва учинчи нусхаси археология ашёларини топширган шахсга (археологга) берилади.

Ушбу далолатнома археология ашёларини давлатга топширилганлик фактини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Археология ашёсини топшириш далолатномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланиди.

Фан, маданият ва таълим давлат муассасалари томонидан археология ашёларининг паспорти тузилади ва юритилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, археология тадқиқотлари натижасида археология ашёларини топган археолог паспорт тузиш учун таклиф этилиши мумкин.

Археология ашёларининг паспортида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

археология ашёсининг топилган манзили;

археология ашёси топилган археология мероси объекти (ёдгорлиги) номи ва қайси даврга мансублиги;

археология ашёсининг даврини аниқлашда ишлатилган адабиёт ёки манбаа;

археология мероси объекти (ёдгорлиги)нинг қайси жойидан олинганлиги (устидан очиқ ҳолатда, қазишма жараёнида қайси маданий қатламдан эканлиги);

археология ашёсини топган археологнинг, Ўзбекистон Республикаси ёки халқаро экспедицияларнинг бошлиғи ёки аъзоларининг, фуқароларнинг исми шарифи, шунингдек, топилган санаси;

археология ашёси бириктирилган фан, маданият ва таълим давлат муассасалари номи;

фан, маданият ва таълим давлат муассасаларининг киримлар китобидаги қайд этилган санаси ва тартиб рақами;

археология ашёси – топилманинг таркиби ва сифати, топилган пайтдаги ҳолати тўғрисида тўлиқ маълумот;

поспорт тузган шахснинг лавозими, исми ва шарифи;

археология ашёсининг қайси даврга мансублиги, унинг ҳолати ва кўриниши, ҳамда ушбу археология ашёси тўғрисидаги маълумотлар нашр этилганлиги, нашр муаллифининг исми, шарифи.

Археология ашёлари паспортининг шакли Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланди.

92-модда. Археология ашёларини фан, маданият ва таълим давлат муассасаларига бириктириш

Археология ашёларини вазирлик ва идоралар томонидан оператив бошқариш ҳуқуқи асосида фан, маданият ва таълим давлат муассаларига уларнинг фонди сифатида далолатнома асосида бириктириб қўйилади.

Фан, маданият ва таълим давлат муассасаларининг фонди қонун ҳужжатларига мувофиқ шакллантирилади ва юритилади.

Археология ашёлари бириктириб қўйилган фан, маданият ва таълим давлат муассасалари:

ашёлар каталогини юритишни;

моддий-техник базага эга бўлишини;

ашёлар ва сақланадиган хона ёки хоналар мавжуд бўлишини;

сақлаш учун зарур асбоб-ускуналар ва муҳофаза воситалари мавжудлигини; ёнғинга қарши воситалар билан таъминланганлигини;

ашёларни бут сақланиши ва хавфсизлигини;

ашёлар билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;

ашёлар илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланишини таъминлаши шарт.

Фан, маданият ва таълим давлат муассасалари ўзларига бириктириб қўйилган археология ашёларини сақлаш, улардан фойдаланиш, ҳисобга олиш, тамирлаш қоидаларини бузган ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Ашёларга зиён етказган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ етказилган зарарни қоплайди.

93-модда. Фан, маданият ва таълим муассаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланиш тартиби

Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

илмий, маданий, таълим ва маърифий фаолият;

фан ва маданиятни, ватанпарварлик, ғоявий-маънавий камолот ва эстетик тарбияни ривожлантириш;

археология ашёларини эълон қилиш.

Археология ашёсини консервациялаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари мазкур археология ашёси бириктириб қўйилган фан, маданият ва таълим муассасаси маъмуриятининг қарори асосида амалга оширилади.

Фан, маданият ва таълим муассасалари ўзларига бириктириб қўйилган археология ашёларини экспозициялар ва кўргазмаларда қонун хужжатларига мувофиқ фойдаланишга беришлари мумкин.

Фан, маданият ва таълим муассасалари ўз фондларида сақланаётган археология ашёлари бўйича илмий ишлар тўпламлари, монографиялар, қўлланмалар, илмий ахборотлар тайёрлаши ва нашр этиши мумкин.

Фан, маданият ва таълим муассасалари ўз фондларида сақланаётган археология ашёларини чет элларда ўтадиган турли музей-кўргазмаларда ва экспозицияларда намойиш этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинча олиб чиқиш масалалари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Фан, маданият ва таълим муассасалари ўз фондларида сақланаётган археология ашёларини бошқа ташкилот ва муассасаларга ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Археология ашёсини давлатга топширган археолог, шу археология ашёсидан археология ашёси бириктирилган фан, маданият ва таълим давлат муассасалари рухсати билан ўрганиш ва илмий-тадқиқодлар ўтказиш мақсадида фойдаланиши мумкин.

Фан, маданият ва таълим муассасалари ўз фондларига бириктирилган археология ашёлари ҳолати устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги амалга оширади.

Фан, маданият ва таълим муассасалари ўзларига бириктирилган археология ашёларини сақлаш, улардан фойдаланиш, ҳисобга олиш ва таъмирлаш қоидаларини бузган ҳолларда қонун хужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

XIII. ХАЛҚАРО АРХЕОЛОГИЯ ТАДҚИҚОТЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

94-модда. Халқаро археология тадқиқотларини ташкил этиш тартиби

Чет эллик мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро археология тадқиқотларидаги иштироки Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва археология тадқиқотларини ташкил этиши мумкин бўлган бошқа давлат муассасалари билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Чет эллик мутахассислар иштирокида олиб бориладиган халқаро археология тадқиқотлари учун очиқ варақ ва рухсатнома қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган археологларга берилади.

Чет эллик мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига келиши ва чиқиб кетиши билан боғлиқ ишлар қонун хужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет эллик мутахассисларни археология тадқиқотлари ўтказиш учун таклиф этиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва археология тадқиқотларини ташкил этиши мумкин бўлган бошқа давлат муассасалари томонидан амалга оширилади.

95-модда. Халқаро археология тадқиқотлари шартномаси

Археология тадқиқотлари шартномалари тадқиқот ишлари бошланишидан энг камида икки ой олдин тузилади.

Шартномаларда томонларнинг юридик манзили, ҳисоб рақамлари, реквизитлари; шартноманинг амал қилиш муддати; томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; молиялаштириш манбалари; муҳофаза ва консервация ишлари тадбирлари, алоҳида шартлар, шартноманинг муддатидан олдин тугатиш шартлари ва бошқа шартлар кўрсатилади.

Археология тадқиқотларида иштирок этадиган чет эллик мутахассислар билан тузиладиган шартномада тадқиқотлар тугагандан сўнг ўтказиладиган консервация ишларини охирига етказиш мажбуриятлари кўрсатишлари шарт.

Шартномаларни тузиш, ўзгартиришлар кириш ва тугатиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг қонун хужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет эл мутахассислари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро археология тадқиқотларидаги иштирокини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб боришлари шарт.

Халқаро археология тадқиқотларини ташкил этиш юзасидан келиб чиққан низолар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоидалар белгиланган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

XIV. АРХЕОЛОГИЯ ТАДҚИҚОТЛАР УЧУН РУХСАТНОМА БЕРИШ ВА УНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

96-модда. Археология тадқиқотлар учун рухсатнома

Археология тадқиқотларининг хусусиятига қараб “Рухсатнома” қуйидаги шаклларга эга бўлади:

археология қазишмаларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи;

унча катта бўлмаган майдонларни (бир археология объектида 20 кв. метргача) қазиб очган ҳолда археология қидирувларини амалга ошириш ва археология мероси объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ўтказиш ҳамда археология назоратини амалга ошириш доирасида ер участкаларини тадқиқ этиш ҳуқуқини берувчи;

археология объектида бирон-бир ер қазиш ишларини бажармаган ҳолда, археология қидирувларини амалга ошириш (бундан очилиб қолган жойларда чекланган тозалаш ишлари мустасно) ҳуқуқини берувчи;

ер қазиш, қурилиш ишлари чоғида емирилаётган ёки авария ҳолатида бўлган археология объектида унинг емирилиши хавфини бартараф этиш мақсадидаги муҳофаза-қутқарув қазишмаларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи.

Ушбу модданинг биринчи қисм иккинчи ва бешинчи хатбошилари бўйича Рухсатномалар муайян археология объектларида археология қазишмаларини амалга ошириш учун берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисм учинчи ва тўртинчи хатбошилари бўйича Рухсатномалар Ўзбекистон Республикасининг тегишли маъмурий-ҳудудий бирлиги ва зарур бўлган ҳолларда, муайян археология объекти кўрсатилган ҳолда, археология қидирувларини амалга ошириш учун берилади.

Берилган санасидан қатъи назар, Рухсатноманинг амал қилиш муддати календарь йилнинг сўнгги кунида тугайди.

Рухсатнома давлат муассасалари томонидан археология экспедицияси ўрганаётган археология объекти ёки ҳудуд, тадқиқотчи номи кўрсатилган талабнома асосида берилади.

Рухсатнома олиш учун талабнома археология тадқиқотлари бошланмасдан икки ой олдин берилиши керак. Археология ёдгорликларида тадқиқотлар зудлик билан ўтказилиши лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно.

97-модда. Рухсатнома олиш учун бериладиган талабнома

Рухсатнома олиш учун бериладиган талабномада қуйидагилар акс этиши керак:

тадқиқотчининг исми, шарифи, отасининг исми, лавозими, илмий даражаси;

сўралган ҳужжатнинг шакли;

тадқиқот ўтказиладиган ёдгорликнинг номи, унинг ҳозирги маъмурий-ҳудудий жойлашган ўрни, ҳозирги сақланиш ҳолати;

қидирув ишлари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси маъмурий ҳудуд

ва субъектлар;

режалаштирилган ишларни асослаш (аниқ илмий мавзу, муҳофаза мақсадидаги қазишмалар, археология хариталарини тузиш, ёдгорликларни ҳисобга олиш ва паспортини яратиш ва бошқалар);

режалаштирилган қазишма ишларининг илгари амалга оширилган ишлар билан боғлиқ ҳолдаги ҳажми;

қидирувнинг тахминий характери (ҳудудни тўлиқ тадқиқ этиш, белгиланган типдаги ёдгорликларни қидириш);

қала тадқиқотларининг тахминий муддати;

режалаштирилган ишларнинг қиймати ва молиявий манбалари;

археология топилмалари топшириладиган муассаса.

ер қазиш, қурилиш ишлари чоғида емирилаётган ёки авария ҳолатида бўлган археология объектида унинг емирилиши хавфини бартараф этиш мақсадидаги муҳофаза-қутқарув қазишмаларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома бўйича бузилиб кетаётган ёдгорлик ҳолати ва унинг сабаблари, даражаси ва бузилиш жадаллашуви талабномада кўрсатилган ҳолда берилади.

Меъморий ёдгорликлар ҳудудида ўтказиладиган археология тадқиқотлари Маданий мерос Департаменти томонидан консервациялаш ишлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилиши лозим.

Рухсатнома олиш учун берилган талабнома икки ой муддатда кўриб чиқилади. Рухсатнома дала тадқиқот ишлари ҳажмини чеклаши ёки талабномага мувофиқ берилиши мумкин. Рухсатнома бериш рад этилиши ҳам мумкин.

98-модда. Рухсатнома беришни рад этиш ёки дала тадқиқотлари ҳажмини камайтириш

Рухсатнома беришни рад этиш ёки дала тадқиқотлари ҳажмини камайтиришга қуйидагилар асос бўлади:

археология тадқиқотлари умумий вазифалари талабномада кўрсатилган дала тадқиқот ишларига ёки археология меросини муҳофаза қилишга мувофиқ бўлмаганда;

дала тадқиқот ишларига салбий таъсир кўрсатадиган жуда катта ҳажм белгиланганда;

бир ёдгорлик ёки ҳудуд бўйича бошқа тадқиқотчига Рухсатнома берилган бўлса;

тадқиқотчининг профессионал тайёргарлиги етарли бўлмаганда;

Рухсатнома олган тадқиқотчининг кўрсатмасига биноан, замонавий археология тадқиқоти ўтказиш талабига жавоб бермайдиган бўлса ёки ёдгорликнинг йўқотилишига олиб келадиган ҳолларда;

Рухсатномада кўрсатилган ҳудуд, ёдгорлик ва ишнинг ҳажми ошиб кетганда;

Рухсатнома олган тадқиқотчи замонавий талаблар асосида ҳисобот тақдим этмаганда;

Рухсатнома бўйича илмий ҳисобот ўз муддатида тақдим этилмаганда;

археология ашёларининг тегишли муассасаларга топширилганлиги ҳақида маълумотнома тақдим этилмаганда;

тадқиқотчи ушбу тартиб талабларига риоя этмаганда.

Рухсатнома бериш рад этилиши бўйича барча ҳолатларда талабнома берган муассасага қайси ҳолат билан рад этилганлиги ёки чекланганлиги ҳақида ёзма равишда маълумот берилади.

Археология тадқиқотлари ва қидирув ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Рухсатномалар Маданий мерос Департаментининг минтақавий бошқармаларида рўйхатга олинади. Тадқиқот ишлари тугатилгандан кейин Рухсатномалар қаерда рўйхатдан ўтказилган бўлса, ўша ерда қисқа маълумот берилган ҳолда қайта рўйхатдан ўтказилади.

Амал қилинмаган Рухсатномалар унинг муддати ўтмасдан Маданий мерос Департаментига сабаблари кўрсатилган ҳолда қайтарилиши лозим.

Берилган ҳар бир рухсатнома бўйича илмий ҳисобот қабул қилинади ва илмий ҳисоботлар архивини йиғади.

XV. АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИКЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ ТАРТИБИ

99-модда. Археология ёдгорликларини тадқиқ этиш

Археология ёдгорликларини тадқиқ этиш (қазиш ва қидириш)га Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги берадиган рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Археология ёдгорликларини тадқиқ этаётган шахслар уларнинг бошланғич консервация қилиниши ва асралишини таъминлашлари шарт.

Қазиш ва қидириш ишлари тугаганидан кейин, лекин рухсатномаларнинг амал қилиш муддатлари ўтмасидан олдин, археология ёдгорликларини тадқиқ этаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳисобот тақдим этишлари ҳамда қазиш ва қидириш натижасида топилган ҳамда тарихий, илмий, маданий ёки ўзгача қимматга эга бўлган ашёларни белгиланган тартибда давлатга топширишлари шарт.

100-модда. Археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш шартлари

Археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назорати ўз таъсис ҳужжатларида археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш назарда тутилган давлат муассасалари ҳамда ташкилотлари томонидангина махсус ваколатли муассаса белгилаган тартибда амалга оширилади. Улар ишларнинг сифатли бажарилиши, илмий ҳисоботнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва сифати учун жавобгар бўлади.

Археологда очиқ варақ ва рухсатнома мавжуд бўлгандагина археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишга йўл қўйилади. У археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратига бевосита раҳбарлик қилиши шарт.

Археология объектида қазишмаларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш тақиқланади. Бундай ҳаракат давомида қўлга киритилган археология ашёлари давлат мулкига топширилиши керак.

101-модда. Археология қазишмаларини режалаштиришдаги устуворлик

Археология қазишмаларини режалаштиришда устуворликка риоя қилиниши лозим бўлиб, бундай устуворликка мувофиқ археология қазишмалари, аввало, табиий емирилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай бошқа ҳаракатлар ҳамда ҳолатлар хавф туғдираётган археология объектларида ёки археология ёдгорликларида амалга оширилади.

102-модда. Очиқ варақ ва рухсатнома бериш тартиби ҳамда шартлари

Очиқ варақ бериш тартиби ва шартлари, унинг шакллари намуналари махсус ваколатли муассаса томонидан тасдиқланади.

Рухсатнома бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

103-модда. Очиқ варақ ва рухсатнома олган археологнинг ҳуқуқлари

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог:

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини очиқ варақда белгиланган доирада амалга ошириш;

археология объектининг емирилишига олиб келаётган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатиш талаби билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш;

ўзи аниқлаган археология ашёларининг археология тадқиқоти ва илмий экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

104-модда. Очиқ варақ ва рухсатнома олган археологнинг мажбуриятлари

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог:

рухсатномани маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органда рўйхатдан ўтказиши;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини очиқ варақда белгиланган доирада амалга ошириш тартибига риоя қилиши;

археология қидирувлари ва археология назоратини амалга оширишда археология объектида аниқланган емирилишлар тўғрисида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органга бир ҳафталик муддатда ёзма шаклда хабар бериши;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда аниқланган илгари номаълум бўлган археология объектлари ва археология ашёлари тўғрисида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органга ёзма шаклда хабар бериши;

батафсил тавсифи (материали, ўлчамлари, санаси ва бошқалар) билан ҳар бир археология ашёсининг рўйхатини тузиши;

археология объектининг бирламчи консервацияси ва бут сақланишини таъминлаши;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда аниқланган археология ашёларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлатга топшириши;

очиқ варақнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, бироқ келгуси календарь йилнинг биринчи чораги тугашидан кечиктирмасдан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳамда махсус ваколатли муассасага илмий ҳисобот тақдим этиши шарт.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

105-модда. Археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш

Археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланишга махсус ваколатли муассаса томонидан берилган махсус рухсатнома мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

Археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартлари махсус ваколатли муассаса томонидан тасдиқланади

106-модда. Дала тадқиқотлари бўйича ҳисобот

Дала тадқиқотлари натижалари ҳақида тўлиқ илмий ҳисобот келгуси Археология тадқиқотлари учун рухсатнома олинишидан икки ой олдин, лекин келгуси календарь йилининг биринчи чорагидан кечиктирмасдан топширилиши шарт.

Ҳисоботда барча дала тадқиқотлари бўлган қазишмалар, археология қидирув ишларининг илмий натижалари ўз аксини топиши керак. Қандайдир сабабга кўра ўтказилмаган бўлса, сабаблари кўрсатилиши шарт.

Ҳисоботда тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, ҳисобот даврида қандай ишлар бажарилиши, халқаро экспедициялар иштироки, экспедиция иштирокчилари ва уларнинг вазифалари, тадқиқот учун қабул қилинган услуб, ушбу ёдгорликда ёки ҳудудда кейинчалик қилинадиган ишлар режаси тўлиқ акс этиши шарт.

107-модда. Археология қидирувлари ҳисоботи

Археология қидирувлари ҳисоботида қуйидагилар ўз аксини топиши керак:

ҳисоботнинг кириш қисмида ҳудудда илгари ўтказилган барча дала тадқиқот ишлари тўғрисида тарихшунослик маълумотлари;

қидирув ишларининг йўналиши ҳамда унинг харитада аниқ акс этиши, барча археология ёдгорликларининг қандай ўрганилганлиги ёки ўрганилмаганлиги адабиётлар ва архив материаллари асосида кўрсатилиши; Ёдгорликлар харитада рақамланиб, шартли белгиларда номлари тўлиқ кўрсатилиши;

ҳар бир ўрганилаётган объектнинг батафсил таснифи, номининг келиб чиқиши, географик жойлашуви, топографик хусусиятлари, шакли, ўлчамлари, агар аниқлаш имкони бўлса, маданий қатламлар таърифи ва топилган барча археология материаллари, уларнинг тарқалиш ҳудуди кўрсатилади. Ёдгорликнинг сақланиш ҳолати ва илгари маълум бўлган ёки янги аниқланганлиги кўрсатилиши (ким ва қачон ўрганганлиги);

ҳар бир ўрганилган ёдгорликнинг топографик режаси, жойлашув режаси, атрофнинг геоморфология ҳолати кўрсатилади. Иккала режа ҳам сунъий йўлдошдан олинган координаталарга мос келиши; ёдгорликка шурф ташлаш ва тозалаш ишлари режада аниқ ўлчамда акс этиши, шурфлар ва тозаланган жойнинг ўлчами, стратиграфияси кўрсатилиши;

тозаланган жойлар ва шурфларнинг режаси ва кесмаси, маданий қатлам бор ёки йўқлиги кўрсатган ҳолда;

барча ўрганилган ёдгорликларнинг фотосуратлари;

археология қидирувлари пайтида топилган археология ашёларининг чизма ва фотосуратлари;

топилмаларнинг тўлиқ рўйхати;

108-модда. Археология қазишмалари ҳисоботи

Археология қазишмалари ҳисоботида қуйидагилар ўз аксини топиши керак:

Тадқиқ этилаётган ёдгорликнинг тўлиқ таснифи, номининг келиб чиқиши, географик жойлашуви, топографик ўзига хослик, ўрганилганлик даражаси, ўлчами, маданий қатламининг сақланиш ҳолати ва қалинлиги;

ёдгорликнинг асбоблар ёрдамида бажарилган топографик режаси ва унда барча қазишма, шурфлар бир ўлчамда кўрсатилиши, режада репер нуқтаси белгиланиши, барча ўлчамлар нивелир асбоби ёрдамида олинган бўлиши;

танланган қазишма ўтказиш услуби таснифи;

манзилгоҳлар тадқиқоти таснифи қазишманинг қатлам ёки қаватлар бўйича олиб борилиши;

қазишма майдонидаги оммавий археология ашёлари тарқалган бўлса, ашёлар дастлаб типологик таснифланиши;

қазишмаларда учрайдиган тош, ғишт, ёғоч ва бошқа иншоот қолдиқлари батафсил чизмалари олинади, нивелир асбоби ёрдамида белгиланади;

ҳар бир қабр-қўрғонларнинг режаси ва кесмалари ягона ўлчамда берилиши;

Ҳисоботга дала тадқиқотлари олиб бориш учун берилган Рухсатнома тикилиши шарт.

109-модда. Илмий ҳисоботларни расмийлаштириш

Илмий ҳисоботларни расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар:

муқовада муассасанинг тўлиқ номланиши, дала тадқиқотлари олиб борган тадқиқотчи исми, шарифи, отасининг исми кўрсатилиши;

муқованинг ички томонида ҳисоботнинг қисқача мазмуни ва мундарижаси берилади;

Ҳисобот муаллиф томонидан имзоланиши, муассаса раҳбари томонидан имзо ва муҳр билан тасдиқланиши шарт;

баъзи ҳолларда, Рухсатнома олган тадқиқотчидан бошқа тадқиқотчи томонидан тайёрланса, уларнинг археология тадқиқотларидаги иштироки ҳисоботнинг кириш қисмида қайд этилиши шарт;

ҳисоботнинг муқовасига уларнинг исми шарифи ёзилмайди;

ҳисоботнинг бир нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси археологик тадқиқотлар институтига, иккинчиси Маданият вазирлиги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасига босма матн тарзида, харита, чизмалар, расм ва фотосуратлар матн билан биргаликда муқоваланган бўлиши лозим;

ҳисоботнинг электрон шакли илова қилинади;

чизмалар расм чизиладиган ёки миллиметрли қоғозга туш билан чизилган, ксеронусха, фотосурат кўринишида бўлиши, йирик ўлчамдаги чизмалар кичрайтирилмасдан альбом ёки ҳисобот матни ўлчамида букланиши керак. Чизмалар ўрам шаклида тақдим этилишига йўл қўйилмайди;

ҳар бир чизма (объект харитаси, режаси, кесими) чизиқли ўлчам талабларига жавоб бериши керак. Барча режа ва хариталар дунё томонларига мос равишда мўлжалга олинган бўлиши лозим;

альбомдаги барча жадваллар рақамланган ва изоҳи берилган бўлиши лозим.

Илмий ҳисобот нусхаси археология қидирувлари ва қазишмаларини ташкиллаштирган муассасага, археология топилмалари топширилган музей ёки бошқа ташкилотларга, баъзи ҳолларда археология қазишмалари қурилиш ёки хўжалик ташкилотлари талаби билан ўтказилганда, уларга берилиши мумкин.

110-модда. Маданий мерос объектларини ЮНЕСКОнинг тегишли реестр ва рўйхатларига киритиш тартиби

Тарих, санъат, фан, эстетика, этнология ёки антропология нуқтаи назаридан ҳар томонлама беқиёс қимматга эга бўлган маданий мерос объектлари Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция ҳамда Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияда белгиланган тартибда тегишинча Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ёки Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига, Тезкор муҳофазага муҳтож номоддий маданий мерос рўйхатига, Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид энг яхши тажрибалар реестрига киритиш йўли билан жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилиши мумкин.

Маданий мерос объектлари тарихий-маданий экспертизасининг хулосаси асосида маданий мерос объектларини Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ёки Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига, Тезкор муҳофазага муҳтож номоддий маданий мерос рўйхатига, Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид энг яхши тажрибалар реестрига киритиш тўғрисидаги таклифлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ҳужжатлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиясига юборилади.

XVI. МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ АСРАШ

111-модда. Маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари

Моддий маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари уларни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштиришни, шунингдек улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини ўз ичига олади.

Моддий маданий мерос объектини консервациялаш — моддий маданий мерос объектини мавжуд кўринишида асраш ва унинг ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Моддий маданий мерос объектини тузатиш — моддий маданий мерос объектининг муҳофаза мазмунини ташкил этувчи ўзига хос хусусиятларини ўзгартирмаган ҳолда объектни фойдаланиш ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Моддий маданий мерос объектини таъмирлаш — моддий маданий мерос объектининг тарихий ва эстетик қимматини аниқлаш ҳамда сақлаб қолиш ва унинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Моддий маданий мерос объектини реконструкция қилиш — бутунлай ёки қисман шикастланган археология ашёсини тиклаш бўйича унинг сақланиб қолган асл бўлакларини имкон борича аниқлаштириш мақсадида, бироқ киритилган тўлдиришлар яққол билиниб турадиган тарзда амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Моддий маданий мерос объектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш — моддий маданий мерос объектининг тарихий-бадиий қимматини ва асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Номоддий маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, ҳужжатлаштириш, тарғиб қилиш ва рағбатлантириш ишларини ўз ичига олади.

Моддий маданий мерос объектини асрашга доир ишлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш фаолияти учун лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти томонидан амалга оширилади.

112-модда. Йўқотилган маданий мерос объектини асли ҳолига келтириш

Йўқотилган моддий маданий мерос объекти алоҳида тарихий, илмий, бадиий, шаҳарсозлик ёки ўзгача ижтимоий аҳамиятга молик бўлган ҳолларда йўқотилган моддий маданий мерос объекти таъмирлаш усуллари орқали асли ҳолига келтирилади.

Йўқотилган номоддий маданий мерос объекти алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача ижтимоий аҳамиятга молик бўлган ҳолларда йўқотилган номоддий маданий мерос объекти илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, “Устоз-шогирд” усуллари орқали қайта тикланади

Йўқотилган маданий мерос объектини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асли ҳолига келтириш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси хулосаси асосидаги тақдимномасига биноан манфаатдор органлар ва ташкилотларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади.

XVII. МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ, УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ

113-модда. Моддий маданий мерос объектларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишнинг ўзига хос жиҳатлари

Моддий маданий мерос объектининг мулкдори ўзига қарашли бўлган моддий маданий мерос объекти йўқотилса унинг ўрни тўлдириб бўлинмаслигини ҳамда унинг тарихий, маданий ёки илмий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, уни сақлаб туриш вазифасини зиммасига олади.

Моддий маданий мерос объектлари жойлашган ер участкаларининг эгалари (мулкдорлари) зиммасига мазкур объектларни сақлаб туриш вазифаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар юкланиши мумкин.

Археология мероси объектларига бўлган мулк ҳуқуқи давлатга тегишлидир.

Археология ашёлари оператив бошқариш ҳуқуқи асосида фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилиши мумкин.

Археология мероси объектлари моддий маданий мерос объектлари сирасига киради.

Моддий маданий мерос объектининг ижараси ижара шартномаси асосида амалга оширилиб, унда моддий маданий мерос объектини сақлаш талаблари қайд этилган бўлиши керак.

Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

114-модда. Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш

Моддий маданий мерос объектларининг мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар:

моддий маданий мерос объектининг ташқи ва ички кўринишини моддий маданий мерос объектининг паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақлаш;

моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг рухсатномасини олиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни сақлаб туриш тартиботини таъминлаш;

моддий маданий мерос объектининг мулкдори томонидан белгиланадиган шартлардаги моддий маданий мерос объектининг ҳамма учун очиқлиги талабларини албатта бажарган ҳолда уларнинг асралишини таъминлашга мажбурдирлар.

115-модда. Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқларининг чекланиши

Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан мазкур моддий маданий мерос объектининг, унинг теварак атрофидаги табиий муҳитнинг муҳофаза қилиниши, асралиши, тарғиб қилиниши ва ундан фойдаланилиши учун, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада чекланиши мумкин.

Хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқи қонунда назарда тутилган ҳолларда суд қарори билан чекланиши мумкин.

Моддий маданий мерос объектидан фойдаланишда чеклашни жорий этиш заруриятини юзага келтирган ҳолатлар ёки шарт-шароитлар бартараф этилган тақдирда мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқи тўла ҳажмда тикланади.

116-модда. Моддий маданий мерос объектига доир мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши

Моддий маданий мерос объектига доир мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилиниши мумкин.

Хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объекти қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суд қарори билан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин.

Умумий мулкда турган моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ер участкалари бўлинмайди.

117-модда. Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектини текин фойдаланишга бериш

Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объекти текин фойдаланиш шартномаси шартларида қуйидагиларга бериб қўйилиши мумкин:

моддий маданий мерос объектларини сақлаш мақсадида фаолият юритаётган жамоат бирлашмаларига;

болалар жамоат бирлашмаларига;

ногиронлар жамоат бирлашмаларига;

диний ташкилотларга.

Моддий маданий мерос объектидан текин фойдаланиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва у моддий маданий мерос объектини сақлаш бўйича талабларни ўз ичига олган бўлиши керак.

118-модда. Маданий мерос объектларини сақлаш ишларига ўз маблағларини инвестиция қилган жисмоний ёки юридик шахсларга бериладиган имтиёзлар

Маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирларига ўз инвестициясини йўналтирган жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликка мувофиқ ушбу маданий мерос объектларини имтиёзли ижарага олиш ҳуқуқига эга ҳисобланадилар.

Маданий мерос объектларига нисбатан имтиёзли ижара ҳақини ва унинг ҳажмини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирларини амалга оширган жисмоний ва юридик шахслар ижара шартномасида белгиланган тартибда сарфлаган харажатлари ёки уларнинг бир қисми миқдорида белгиланган ижара ҳақи миқдоридан камайтириш ҳуқуқига эга.

Маданий мерос объектларининг Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган республика аҳамиятига эга бўлган маданий мерос объектининг эгаси бўлган ёки бепул фойдаланиш шартномаси асосида фойдаланадиган ва уни асраш чора-тадбирларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликка мувофиқ бундай ишларни бажариш шарти билан сарфлаган харажатларини қоплаш ҳуқуқига эга.

Компенсация миқдори бюджет тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурига киритилади.

Компенсация тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

119-модда. Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилиниши

Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

моддий маданий мерос объектидан текин фойдаланиш шартномаси ёки ижара муддати ўтганидан кейин фойдаланувчи фойдаланиш ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечганда;

фойдаланувчи-жисмоний шахс вафот этганда;

фойдаланувчи-юридик шахс тугатилганда;

моддий маданий мерос объектига фойдаланувчи қасддан зарар етказганда;

моддий маданий мерос объекти жойлашган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда.

Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам бекор қилиниши мумкин.

XVIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

120-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг молиялаштирилиши

Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлардир.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилиши мулкдорлар ва фойдаланувчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Моддий маданий мерос объектларини фойдаланишга беришдан, хизматлар кўрсатишдан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари ҳамда хайрияларидан тушган маблағлар қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий маданий-мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилишга ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда банд бўлган ходимларни моддий рағбатлантириш учун сарфланади.

121-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Халқаро ҳамкорлик, хусусан, маданий меросини аниқлаш, топиш, қазиб олиш, ҳужжатлаштириш, сақлаш, тадқиқотлар ва тақдимот ўтказиш, ҳимоя қилиш, бошқариш, ахборот ва малака алмашиш, тергов ўтказиш, қўшма ташаббуслар билан чиқиш, шунингдек маданий меросни муҳофаза қилиш ва фойдаланишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни кўзда тутади.

Халқаро шартномаларга асосан маданий мероснинг очилиши, мероснинг жойлашган жойи, меросни қазиб олиш ёки халқаро ҳуқуқни бузиш натижасида тикланган мерос тўғрисидаги, илмий методология ва технологияга ҳамда бундай меросга тегишли ҳуқуқий ҳолатларга оид ахборотдан фойдаланиш мумкин.

Маданий меросининг топилиши ёки жойлашган жойига оид ўзаро ҳамкорликда фойдаланилган ахборот миллий қонунчиликка мувофиқ тарзда бундай ахборотнинг берилиши маданий меросини ҳимоя қилиш учун хавф туғдириши ёки бошқача тарзда таваккалчиликка эга бўлиши мумкинлиги боис сир тутилиши ва ваколатли органларда сақланиши лозим.

122-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик шакллари

Халқаро ҳамкорликнинг шакллари Халқаро шартномаларга мувофиқ тартибга солинади ва қуйидаги кўринишларда бўлиши мумкин:

муҳофаза қилишнинг турли жиҳатларига доир тадқиқотлар;

мутахассис ва амалиётчи ходимлар хизматини таклиф этиш;

зарур бўлган барча кадрларни тайёрлаш;

меъёрий ва бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

инфратузилмалар яратиш ва уларнинг ишлашини таъминлаш;

жиҳозлар ва ноу-хау билан таъминлаш;

бошқа молиявий ва техник ёрдам, шу жумладан, муайян ҳолатдан келиб чиққан ҳолда кичик фоизли заёмлар ва беғараз ёрдамларни таклиф этиш.

123-модда. Низоларни ҳал этиш

Маданий мерос масалалари юзасидан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

124-модда Ўзбекистон Республикаси худудидан ташқарига ёдгорликларни ноқонуний олиб чиқиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси худудидан ташқарига ёдгорликларни ноқонуний олиб чиқишда айбдор шахслар белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига ёдгорликларни олиб чиқиш тарзидаги ҳаракатни қуйидаги усуллардан бири орқали содир этишда ифодаланади:

божхона назоратини четлаб ўтиш;

божхона назоратидан яшириш;

божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиш;

декларация қилмасдан ёки бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиш;

чегарани бузиб ўтиш.

125-модда. Маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг Маданий мерос тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий, жиноий ва бошқа қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқий жавобгарлик тортиладилар.

Маданий мерос объектларига ёки унинг қўриқлаш зонасига зарар етказган жисмоний ва юридик шахслар Маданий мерос объектларини ёки унинг қўриқлаш зонасини қайта тиклашлари, бунинг имкони бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига мувофиқ етказилган зарарни қоплашлари шарт.

Маданий мерос объектигаёки унинг қўриқлаш зонасига етказилган зарарниқоплаш, қайта тиклаш маъмурий, жиноий ва бошқа ҳуқуқий жавобгарликлардан озод қилмайди.

Қонун ҳужжатларидан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

126-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

1) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августда қабул қилинган“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги 269-II-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й 17-сон 116-модда).

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги 270-II-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 181-модда).

3) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 13 октябрда қабул қилинган“Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ЎРҚ-229-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 42-сон, 448-модда)

127-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

128-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

129-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти

Ш.Мирзиёев

Общие предложения

567