ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4176 Министерство культуры Республики Узбекистан 28/06/2019 13/07/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Хорижда Алишер Навоий номидаги Маданият марказини ташкил этиш тўғрисида
ID-4176

Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналари, ўзбек тили ва адабиёти, туризм салоҳиятини хорижда тарғиб этиш ва оммалаштириш, шунингдек, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг “Алишер Навоий номидаги Маданият маркази”ни (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон маданияти ва санъати, анъаналари ҳамда ўзбек тили ва адабиёти ҳамда туризм салоҳиятини ўқув курслари ва тўгараклар ташкил этиш, конференция, семинар, фестиваль ва бошқа маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиш орқали хорижда кенг тарғиб этиш;

дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш.

3. Марказни ташкил этиш юзасидан ишлаб чиқилган Концепция 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилади, унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида Бош қароргоҳ фаолият олиб боради;

Чет эл давлатлари билан ўзаро маданият марказларини ташкил этиш тўғрисидаги Битимларга асосан Марказнинг хорижий давлатлардаги шўъбалари ташкил этилади;

Марказ раҳбари лавозимига Маданият вазирлиги тизимида камида 3 йил фаолият олиб борган, Ўзбекистон маданияти ва санъати, тарихи, анъаналари, урф-одати ҳамда ўзбек ва хорижий тилларни билувчи малакали мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишувга кўра Маданият вазири томонидан тайинланади.

Марказ ва унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини молиялаштириш манбааларига давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг моддий кўмаклари ва қонунда таъқиқланмаган бошқа манбаалар киради.

5. Марказга:

ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий ахборотни талаб қилиш ва бепул олиш;

илмий, маданий, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун давлат мулки бўлмиш мажлислар зали ва концерт залларидан (ана шу заллар ўз тасарруфида бўлган субъектлар билан келишилган жадвал бўйича) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.

6. Маданият вазирлиги:

икки ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда уч ой муддатда Марказ низоми ва штатларини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш; 

Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга Марказнинг хорижий давлатлардаги шўъбаларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

7. Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликлари Марказга ўзбек тили ва адабиёти курсларини ташкил этиш, тегишли ўқув китоблари, методологик қўлланмалар ва материаллар, шунингдек малакали мутахассислар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин. 

8. Молия вазирлиги:

2019 йилда Маданият вазирлигига Марказ жойлашадиган бинони мукаммал таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда тегишли Марказ ва унинг хорижий давлатлардаги шўъбаларига 3 та енгил ва 1 та микроавтобус сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрлари доирасида;

Марказга ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ташки ишлар вазирлиги ходимлари учун белгиланган нормативларга мувофиқ зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Марказ учун шаҳар марказидан тегишли бино ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Респубилкасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Респубилкаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Респубилкаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш. Маҳмудов зиммасига юклансин.

 

 

    

Ўзбекистон Республикаси Президенти

                                         Ш. Мирзиёев

 

1-илова 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРДАГИ
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ МАДАНИЯТ МАРКАЗИ

КОНЦЕПЦИЯСИ

 

Сўннги йилларда халқаро майдонда кузатилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар, ҳар бир давлатдан миллий манфатларини ҳимоя қилиш учун пухта ишлаб чиқилган ташқи ва ички сиёсат олиб бориш зарурятини уйғотмоқда. Албатта, бу масалада хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, турли миллат, дин ва маданиятга мансуб халқлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Хорижий давлатлар билан кенгқамровли ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, глобаллашув жараёнида миллий маданиятни сақлаб қолиш, уни хорижда кенг тарғиб қилиш, юртимизнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига ҳолис ахборот етказиш бугунги кун заруратидир.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада таомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3982-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналари, ўзбек тили ва адабиёти, туризм салоҳиятини хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги Алишер Навоий номидаги маданият маркази ташкил этилади.

1-боб. Умумий қоидалар

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги Алишер Навоий номидаги маданият маркази (келгуси ўринларда – Марказ деб аталади) Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилади, хорижий давлатлар билан келишувларга кўра унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолият олиб боради.

Марказнинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида Бош қароргоҳ ташкил этилади.

Марказнинг асосий вазифаси – Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналари, ўзбек тили ва адабиёти, туризм салоҳиятини хорижда тарғиб этиш ва оммалаштириш, шунингдек, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштиришдир.

Марказ маданият, санъат, фан, таълим ва халқ дипломатияси соҳалардаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда маданий алмашинувларни йўлга қўйишда асосий майдон бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Марказ юртимизнинг маданий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотларни хорижий жамоатчиликка доимий етказиб беради ҳамда Ўзбекистон тўғрисида ижобий фикрларни шакиллантириш юзасидан тегишли чоралар кўради.

2-боб. Марказнинг мақсад ва вазифалари

Марказнинг мақсади – турли  конференциялар, семинарлар, фестиваллар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиш ҳамда ўқув курслари ва тўгараклар ташкил этиш орқали Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналари, ўзбек тили ва адабиёти, туризм салоҳиятини хорижда тарғиб этиш ва оммалаштириш, шунингдек, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштиришдир.

Марказ ўз мақсадини амалга оширишда қуйидаги вазифаларни бажаради:

ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш бўйича ўқув курслари ташкил этади, Марказ фаолият олиб бораётган давлат олий ва ўрта таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётидан таълим берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади;

Ўзбекистон тарихи, маданий мероси ва юртимиз аломаларини жаҳон илмига қўшган хиссаси тўғрисида конференция ва семинарлар ташкил этади; 

Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилиш мақсадида, кўргазмалар, танловлар, фестиваллар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказади;

ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этади;

хорижда яшаётган ватандошлар билан яқин алоқалар ўрнатади, уларга
ўз ваколати доирасида амалий ёрдам кўрсатади;

Марказ ўзи фаолият олиб бораётган давлатнинг тегишли муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатади.

3-боб. Марказни молиялаштириш

Марказ ва унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини молиялаштириш манбааларига давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг моддий кўмаклари ва қонунда таъқиқланмаган бошқа манбаалар киради.

4-боб. Марказнинг ҳуқуқий мақоми

Марказ юридик шахс ҳиобланади ва ўзининг мухри ва штампига эга бўлади.

Марказ ўз фаолиятини амалга оширишда:

Қонунчиликда белгиланган тартибда кўчар ва кўчмас мулк сотиб олиш ва сотиш, ижарага бериш;

судларда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этиш;

ўзига тегишли биноларда қурилиш ишларини олиб бориш;

ўз фаолияти доирасида давлат, жамоат, кооператив ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш, молиявий опреациялар амалга ошириш ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга ҳисобланади.

Марказнинг Бош қароргоҳи ва унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари шаҳар марказида жойлашган ўз биноларига эга бўлади. Мазкур биноларда 500 кишилик концерт зали, кўргазма зали, 150 кишилик конференция зали, 80 кишилик кичик зал, ходимлар учун 12 та хона, замонавий кутубхона, музей, 40 кишилик ошхона, ашёларни сақлаш учун омборхона жойлашади.

Шунингдек, Марказ ўз фаолиятини олиб бориш учун Бош қароргоҳи ва унинг хорижий давлатлардаги шўъбаларининг ҳар бири 3 та енгил ва 1 та микроавтобусга эга бўлади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари мазкур концепцияда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун Маданият вазирлиги ва Марказга зарур амалий ёрдам кўрсатадилар.

Марказнинг фаолият олиб бориши, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга, мамлакатнинг миллий манфаатларини минтақада ва жаҳонда илгари суришга, ватандошлар билан мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатиш орқали хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни йўлга қўйишга имкон беради.

 

Общие предложения

295