ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4035 Министерство народного образования Республики Узбекистан 22/06/2019 07/07/2019 9

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Тошкент шаҳар халқ таълими муассасаларини замон талаблари асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-4035

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ умумий ўрта таълим сифатини янада ошириш, Тошкент шаҳрининг ўзига хос хусусиятларини, шаҳар аҳолисининг ва  замонавий шаҳарсозликка қўйилаётган талабларнинг йилдан-йилга ўсиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мактаблардаги ўқувчилар сонини белгиланган меъёрларга мослаштириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш ва меҳнатини рағбатлантириш, ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари ва халқаро талаблар асосида замонавий илм-фан ютуқларини эгаллашларини таъминлаш учун яратилган шароитларни янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармасига Тошкент шаҳрида 12 та янги қурилган маҳаллалар учун мактаблар қуриш, 50 та мактабни реконструкция қилиш, 98 та мактабни мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш мақсадида давлат бюджетидан 2019 йил якунига қадар қўшимча 400 млрд. сўм, 2020 йилда ҳам 400 млрд. сўм (жумладан, ушбу 800 млрд. сўмнинг 520 млрд. сўмини республика бюджетининг қўшимча даромадлари ва Марказий банкнинг фойдаси ҳисобидан, 200 млрд. сўмини Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг прогноздан юқори тушумлари ва 80 млрд. сўмини Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига бюджетдан 2018 йилда ажратилиши белгиланган маблағ ҳисобидан) ажратилишини таъминласин.
  2. 2019 йилда қўшимча ажратиладиган маблағ ҳисобидан Тошкент шаҳрида реконструкция қилинадиган, мукаммал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган умумий ўрта таълим муассасаларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2020 йилда ажратиладиган 400 млрд. маблағ ҳисобидан янги қуриладиган, капитал реконструкция қилинадиган, мукаммал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган умумий ўрта таълим муассасаларининг манзилли рўйхатини тасдиқласин.
  4. Қуйидагилар:

            Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган умумий ўрта таълим мактабларини ўқувчилар сони қувватига нисбатан ортиқ мактабларга 2-иловага мувофиқ тармоқ мактаб сифатида бириктириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин;

            Тошкент шаҳридаги фаолияти тугатилаётган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотлари, тегишли ҳудудидаги ер майдонлари, балансида мавжуд барча моддий қийматга эга жиҳоз ва ускуналари билан биргаликда оператив бошқариш ҳуқуқи билан 3-иловага мувофиқ халқ таълими тизими тасарруфига берилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда ушбу қарорнинг 3-иловаси билан тасдиқланган объектлар ва уларнинг балансида мавжуд барча моддий қийматга эга жиҳоз ва ускуналари билан биргаликда ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар халқ таълими тизими балансига беғараз ўтказилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда халқ таълими тизимига ўтказилган объектларни Тошкент шаҳридаги ўқувчиси икки ва ундан юқори навбатлиликда таълим олаётган умумий ўрта таълим мактабларига бириктириш, зарур ҳолларда мазкур объектларда янги умумий ўрта таълим муассасаларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
  3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда Тошкент шаҳридаги аввал умумий ўрта таълим мактаби сифатида фаолият кўрсатган биноларни аниқласин ва  уларни 2020 йил 1 сентябрга қадар босқичма-босқич равишда бўшатиш ҳамда ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфига беғараз ўтказиш чораларини кўрсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

            икки ой муддатда Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва маласини ошириш ҳудудий марказининг фаолият самарадорлигини, профессор-ўқитувчилари таркибини чуқур таҳлил қилган ҳолда, мазкур марказ томонидан Тошкент шаҳридаги барча бошланғич синф ўқитувчилари учун интерактив ўқитиш методлари бўйича навбатдан ташқари тезкор малака ошириш курсларини ташкил этсин;

            Тошкент шаҳридаги таълим-тарбия сифати нисбатан юқори бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган бошланғич синф ўқитувчиларига бошқа мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчиларини “устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктириш ва уларнинг мунтазам равишда ўзаро тажриба алмашишларини йўлга қўйсин;

            умумий ўрта таълим муассасаларида давлат тилини 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, чуқурроқ ўргатиш йўлга қўйилишини инобатга олган ҳолда ўзбек тили фани ўқитувчилари учун мунтазам равишда қисқа муддатли тренинглар ўтказиб борилишини жорий қилсин;

            2020 йил давомида тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази тузилмасида методик хизмат бўлимини ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳузурида юридик шахс мақомисиз туманлараро умумтаълим муассасаларини методик таъминлаш марказларини ташкил этсин;

            тажриба-синов якунлари бўйича 2021 йил 1 майга қадар умумтаълим муассасаларини методик таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

            бир ой муддатда Тошкент шаҳридаги кам қувватли умумий ўрта таълим мактабларига нуфузли олий таълим муассасаларининг кафедраларини бириктириш жадвалини тасдиқласин;

                 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан ўзлари бириктирилган умумий ўрта таълим мактаблари педагог кадрлари, айниқса STEAM фанлари ўқитувчилари учун замонавий педагогик технологиялар ва илм-фан ютуқларидан дарс жараёнларида самарали фойдаланиш бўйича амалий семинарлар, тренинглар, маҳорат (мастер класс) машғулотларини мунтазам равишда ташкил этиб борилишини таъминласин;

            умумтаълим мактабларидаги иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, қобилиятларини янада ривожлантириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб, ўқувчилар ўртасида ҳар йили “он-лайн” фан олимпиадалари ўтказилишини йўлга қўйсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,  Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб:

            Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларини олий маълумотли кадрлар билан тўлдириш, олий тоифали ўқитувчилар сонини ошириш, бир нафар ўқитувчига тўғри келадиган ўртача ўқувчилар сонини босқичма-босқич халқаро стандартлар асосида 20 нафарга келтириш чораларини кўрсин;

            Тошкент шаҳридаги умумий  ўрта таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган 600 дан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар учун истисно тариқасида Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимида алоҳида мақсадли қабул квоталарини ажратган ҳолда ўқитилишини ташкил этсин;

            педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида “Таълим менежменти” мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлашни йўлга қўйсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар педагогика соҳасида юксак маҳоратли, таълим беришда замонавий услубларни эгаллаган ўқитувчиларни илғор хорижий тажрибалар асосида тайёрловчи, олий таълим муассасаларини педагогика йўналишида 2-босқич битирувчиларидан танлов асосида ўқишга қабул қилувчи педагогика соҳасидаги илғор хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатувчи Халқаро таълим университетини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
  2. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган тажрибали ва маҳоратли ўқитувчиларни таълим сифатини оширишга қўшган шахсий ҳиссалари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

            Белгилаб қўйилсинки, Тошкент шаҳар умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тартиби Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, олий ўқув юртларининг магистратура босқичи ўқув режасига қўшимча равишда педагогика фани киритилишини йўлга қўйсин ва уларга ўз соҳаси бўйича мактабларда таълим бериш ҳуқуқини берувчи диплом тақдим этилишини таъминласин.

Бунда, ўқув режасига педагогика фани киритиладиган магистратура мутахассисликларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги республика ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларини Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказининг халқаро тадқиқот дастурлари (PIRLS, TIMSS, PISA, TALIS) доирасидаги тажриба-таянч мактаблари (кейинги ўринларда тажриба-таянч мактаблари деб юритилади) этиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб:

тажриба-таянч мактабларида Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун халқаро тадқиқот дастурлари, уларнинг мақсадлари, ўқув жараёнини баҳолаш ва ривожлантиришдаги аҳамиятини очиб беришга қаратилган семинарлар ташкил этсин;

тажриба-таянч мактаблари ўқитувчилари орасидан халқаро тадқиқот дастурлари бўйича миллий тренер-ўқитувчилар тайёрласин;

тажриба-таянч мактабларида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўқувчиларнинг саводхонлик даражасини ривожлантиришнинг инновацион методларини ўқув жараёнига жорий қилиш бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий тренинг машғулотларининг мунтазам равишда ўтказиб борилишини йўлга қўйсин;

PISA тадқиқотларини амалга ошириш бўйича электрон дастурларни ишлаб чиқсин ва тажриба-таянч мактабларининг компьютер синф хоналарига ўрнатсин, дастурлардан фойдаланишнинг техник таъминотини амалга оширсин;

тажриба-таянч мактабларида ҳар чоракда халқаро баҳолаш дастурлари асосида ўқувчилар билимларини баҳолаб борилишини таъминласин ва баҳолаш натижалари асосида ўқитувчилар учун методик тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқсин;

Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида халқаро тадқиқотларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида тегишли фан ўқитувчилари учун ўқув семинарлар ташкил этсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2020-2025 йилларда Тошкент шаҳрида жаҳон стандартлари асосида умумий ўрта таълим берувчи халқаро мактабларни ташкил этиш чораларини кўрсин.
  2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йил 1 январга қадар халқаро мактабларни ташкил этиш учун Тошкент шаҳрида 10 гектар ер майдони ажратилишини таъминласин.
  3. Ўзбекистонда ташкил этиладиган халқаро мактабларга уни ташкил этувчи давлатларнинг ўқув дастурлари асосида, Республикамиздаги миллий қадриятларга боғлиқ фанлар (давлат тили, тарих, маданият ва бошқалар) билан биргаликда  таълим берилишига рухсат берилсин.
  4. 2020 йилдан бошлаб халқаро мактабларнинг ўқув режа ва дастурлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилиши ва тасдиқланиши жорий этилсин.
  5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 5 та муҳим ташаббус доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб:

  Тошкент шаҳридаги барча театрларда ҳар ойда бир кунни мактаб ўқитувчилари учун бепул спектакллар намойиш этилишини, таниқли актёр ва санъаткорлар билан учрашувларини ташкил этсин ва уларга мактаб ўқитувчиларининг жадвал асосида ташриф буюришларини жорий этсин;

  болалар мусиқа ва санъат мактабларига болалар қамровини ошириш ва ўқувчиларда мусиқа маданиятини янада ривожлантириш учун болалар мусиқа ва санъат мактаблари ижодий жамоаларининг умумтаълим мактабларида йил давомида мунтазам равишда концерт дастурларини намойиш этиб боришларини ташкил этсин;

  Ёзувчилар уюшмасига аъзо шоир ва ёзувчиларнинг мунтазам равишда Тошкент шаҳар мактабларига ташриф буюрган ҳолда очиқ дарслар, ижодий учрашувлар ва китобхонлик кечалари ўтказиб борилишини йўлга қўйсин;

ўқувчи-ёшларнинг турли таҳдидларга иммунитетини шакллантириш, уларда она ватанга муҳаббатни ошириш ва баркамол авлод шахс сифатида  шакллантириш мақсадида улар ўртасида турли кўрик-танлов, фестивал ва спорт мусобақаларини мунтазам равишда ташкил этсин;

умумтаълим мактабларида жадвал асосида таниқли спортчилар, турли спорт мусобақалари ғолиблари билан учрашувлар, мастер-класс намойишларини ўтказсин;

бир ой муддатда Тошкент шаҳридаги барча умумий ўрта таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернет алоқаси билан имтиёзли асосда таъминласин ва ҳар бир мактабда компьютер клубларини ташкил этсин.

  1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва  Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашларининг фаоллигини ошириш, маҳаллаларда ота-оналар ўртасида фарзанд тарбиясига боғлиқ давра суҳбатларини мунтазам равишда ташкил этиб бориш тавсия этилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик ва хусусий шаклда нодавлат таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш чораларини кўрсин, бунда 2020 йилдан бошлаб 4 йил муддатга тажриба-синов тариқасида таъмирталаб мактабларни хусусий сектор вакилларига бошқарувга бериш амалиётини жорий қилсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мактабларни хусусий сектор вакилларига бошқарувга бериш даврида мазкур таълим муассасасида таълим олаётган ўқувчиларнинг таълим олишлари билан боғлиқ харажатларни бюджетдан молиялаштириш тартибини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда амалиётга жорий қилсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2019 йилнинг якунига қадар умумий ўрта таълим муассасаларини ўқувчи бошига молиялаштириш механизмини тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳрида тажриба-синовдан ўтказсин ва  тажриба-синов натижаларига кўра, ўқувчи бошига молиялаштириш тизимини жорий этиш юзасидан Ҳукуматга асосланган таклифлар киритсин.
  5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг умумтаълим муассасалари томонидан бюджетдан ташқари маблағ топилишини янада рағбатлантириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарларига бюджетдан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан умумий суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдордаги товар ва хизматларни тўғридан-тўғри шартномалар тузиш асосида харид қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда, бюджетдан ташқари жалб этилган маблағлар ҳисобидан харажатларни умумий ўрта таълим муассасаси томонидан Ғазначилик қамровини таъминлаган ҳолда мустақил равишда амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.

Общие предложения

486