ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
4028 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 21/06/2019 06/07/2019 75

Обсуждение завершено

Указ Президента Республика Узбекистан
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш ҳамда пул тушумлари устидан жамоат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-4028

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

 

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш ҳамда пул тушумлари устидан жамоат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда ахборот технологиялари воситасида истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, унинг ҳажмини кескин ошириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу соҳадаги пул айланмаси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали бюджет даромадларига қўшимча манбаларни жалб этилишига эришиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3300-сон қарорига мувофиқ аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган назорат-касса машиналарини (кейинги ўринларда – онлайн НКМ) босқичма-босқич жорий этиш белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 февралдаги “Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 150-сонли қарорига мувофиқ тажриба лойиҳа сифатида онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида йўлга қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатасининг савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни (кейинги ўринларда – виртуал касса) онлайн НКМ қаторида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3.  Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтган тақдирда:

уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш мажбурияти бекор қилинади;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш, хизматлар кўрсатиш ва ходимлар иш ҳақини (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) бериш мақсадлари учун кунлик нақд пул тушумини тўлиқ ўз ихтиёрида қолдириш ҳуқуқига эга бўлади;

кейинчалик сотиш мақсадида чекланмаган миқдорда нақд пулда товарлар сотиб олишга ҳамда нақд пулга сотиб олинган товарларнинг (бензин, дори-дармон ва бошқа акциз ости товарлар бундан мустасно) суммасидан қатъий назар ҳисобварақ-фактура ва харид чеки ёки аҳолидан харид қилинган ҳолларда маҳсулот сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида кирим қилиш ҳуқуқига эга бўлади;

кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбурияти бекор қилинади;

2020 йил 31 декабрга қадар ҳар бир касса учун онлайн НКМ харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлари тадбиркорлик субъектларининг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ёки қатъий белгиланган солиқ тўлови ҳисобидан, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг (базавий ҳисоблаш миқдорининг) 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқиладиган виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми бепул берилади;

алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш жойларида сотиш ҳуқуқи соддалаштирилган шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида рўйхатга қўйиш орқали қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ойлик йиғимларни мунтазам тўлаш ҳамда онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилиш шарти билан Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилади.

б) жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди;

в) уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишда реализация қилинган маҳсулот унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш тартиби бекор қилинади.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази” Давлат унитар корхонаси онлайн режимида қабул қилинган фискал маълумотларни мустақил ва доимий равишда қабул қилиш, қайта ишлаш, криптографик ҳимоя қилиш ва сақлаш ишларини бажарувчи фискал маълумотлар оператори (кейинги ўринларда – Оператор деб юритилади) этиб белгилансин.

5. Белгилансинки, онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлар томонидан:

тақдим қилинган харид чекда (кейинги ўринларда – чек) товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати, суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек QR код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди;

маълумотларни Операторга реал вақт режимида етказиб беришнинг техник имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда чеклар офлайн режимда берилиши мумкин. Бунда маълумотлар Операторга 24 соат вақт мобайнида узатилиши шарт;

тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.

6. Белгилаб қўйилсинки:

жамоатчилик назоратини кучайтириш ва харидорларни рағбатлантириб бориш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан чеклардаги QR код ёки фискал белгилар асосида ютуқли ўйинлар ташкил қилинади;

жисмоний шахслар чеклардаги QR код ёки фискал белгиларни Давлат солиқ қўмитасининг мобиль иловаси ёки расмий сайтида рўйхатдан ўтказиш орқали ташкил этиладиган ютуқли ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади;

2019 йил 1 октябрдан ютуқли ўйин жамғармасини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади ҳамда унга савдо ва хизмат кўрсатиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналаридан ундириладиган солиқ тўловлари (қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, ягона солиқ тўлови) суммасининг 0,1 фоизи йўналтирилади;

давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган чекларнинг жами суммаси йиллик даромадининг 50 фоизидан юқори бўлган жисмоний шахсларга, даромад солиғининг 20 фоизигача, лекин бир календарь йили давомида меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг 10 бараваридан ошмаган қисми қайтариб берилади.

7. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

уюшма таркибига кирувчи корхоналар негизида онлайн НКМ, маълумотларни онлайн режимда давлат солиқ хизмати органларига узатиш функциясига эга бўлган махсус қурилмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

онлайн НКМ ва виртуал кассаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун барча ҳудудларда техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда чекларни рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар орасида ютуқли ўйинларни ўтказиш бўйича тартибни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин. Унда қуйидагилар инобатга олинсин:

Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида ютуқли ўйин жамғармаси миқдорини эълон қилиб бориш;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг махсус кўрсатувида ютуқли ўйинларни онлайн трансляция қилиш орқали кенг оммага ёритилишини таъминлаш.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда:

тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилган маҳсулотлар (ишлар ва хизматлар) бўйича маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатишни таъминловчи виртуал касса ҳамда фискал модул учун махсус дастурий таъминотни ишлаб чиқсин ва жорий қилсин;

харидорлар томонидан чеклардаги QR код ёки фискал белгиларни мобиль илова ва расмий сайт орқали рўйхатга олиш тизимини жорий қилсин;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талабларни, уларнинг ягона реестрини ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестрини юритишни, шунингдек давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқини соддалаштирилган шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали бериш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

аҳолидан нақд пулга харид қилинган маҳсулотларни кирим қилиш учун махсус ҳужжат бланкасини;

жисмоний шахс томонидан рўйхатдан ўтказилган чеклар бўйича жисмоний шахснинг декларациясига мувофиқ тўлаган даромад солиғи суммасининг бир қисмини солиқ тўловчига қайтариш тартибини ишлаб чиқсин.

11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифалари, мазмун-моҳияти ва уларнинг амалга ошириш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Бош вазир ўринбосари – молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси  Президенти                                                       Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил “___”
_______даги ПФ–_____-сон

Фармонига илова

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-1504-сон Фармонининг 3-бандида:

бешинчи хатбошидан “барча” сўзи чиқариб ташлансин;

қуйидагича мазмундаги олтинчи хатбоши қўшилсин:

“тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтган тақдирда, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш, хизматлар кўрсатиш ва ходимлар иш ҳақини (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) бериш мақсадлари учун кунлик нақд пул тушумини тўлиқ ўз ихтиёрида қолдириш ҳуқуқига эга;”

олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564-сон Фармонининг 1- банди “в” кичик бандида:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:

“тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтган тақдирда, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш, хизматлар кўрсатиш ва ходимлар иш ҳақини (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) бериш мақсадлари учун кунлик нақд пул тушумини тўлиқ ўз ихтиёрида қолдириш имконияти”;

тўртинчи - бешинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи - олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

 

Общие предложения

3757