ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
3972 Министерство народного образования Республики Узбекистан 19/06/2019 04/07/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3972

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 29 майдаги ПҚ-4342-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини (кейинги ўринларда — Республика ўқув-тарбия муассасалари) ташкил этилганлиги инобатга олинсин.

2. Қуйидагилар:

Республика ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Республика ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш меъёрлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

бир ой муддатда Республика ўқув-тарбия муассасаларининг намунавий уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Республика ўқув-тарбия муассасаларининг намунавий штатлар жадвалини тасдиқласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2010 йил 26 ноябрдаги 268-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” __________ даги
___-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

Республика ўқув-тарбия муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Таълим тўғрисида», «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар (ўғил ва қиз) учун Республика ўқув-тарбия муассасаси (кейинги ўринларда ўқув-тарбия муассасаси деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ўқув-тарбия муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўз уставига амал қилади.

3. Ўқув-тарбия муассасаси алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болаларга таълим беришни, уларнинг касб-ҳунар тайёргарлиги ва ижтимоий-педагогик реабилитациясини амалга оширади.

4. Қуйидагилар ўқув-тарбия муассасасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

баркамол, жисмоний ва руҳий соғлом шахсни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, масъулиятлилик, фидоийлик, дунёқараши кенг мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш;

болаларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишларига, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда уларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи психологик, тиббий ва ижтимоий реабилитациясини таъминловчи чора-тадбирларни амалга ошириш;

болаларнинг давлат таълим стандартлари асосида мажбурий умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш;

тарбияланувчилар дуч келадиган муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимини топиш ва тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган “case-study”, гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозаралар, ситуацион ўйинлар, ақлий ҳужум каби илғор интерактив ўқитиш усуллари ўқув-тарбия жараёнига кенг жорий этиш;

тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш 5. Ўқув-тарбия муассасасида тарбияланувчилар қуйидагиларни назарда тутадиган махсус шарт-шароитлар билан таъминланади:

ўқув-тарбия муассасаси ҳудудини қўриқлаш;

тарбияланувчиларнинг шахсий хавфсизлигини ва салбий таъсирлардан юқори даражада ҳимоя қилиш;

ўқув-тарбия муассасаси ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини чеклаш;

ўқув-тарбия муассасасида тарбияланаётганларнинг унинг ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;

тарбияланувчиларни кеча-кундуз, шу жумладан уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;

тарбияланувчиларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш;

тарбияланувчиларини оиласи билан алоқада бўлиши ҳамда улар билан учрашиши учун зарур алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган алоҳида хоналарни ажратиш.

II. Ўқув-тарбия муассасасини ташкил этиш тартиби

 

6. Ўқув-тарбия муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

7. Ўқув-тарбия муассасаси ўғил болалар учун алоҳида, қиз болалар учун алоҳида ташкил этилади.

Вояга етмаганларнинг рухий-физиологик ҳолатини инобатга олган ҳолда, таълим олиш билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ўқув-тарбия муассасалари 14-18 ёшли болалар учун ташкил этилади.

8. Ўқув-тарбия муассасалари давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, шахсий ғазна ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга, шунингдек белгиланган намунадаги пешлавҳасига эга бўлади.

9. Ўқув-тарбия муассасасининг давлат аккредитацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

III. Тарбияланувчиларни ўқув-тарбия муассасаларига

жойлаштириш ва чиқариш тартиби

10. Ўқув-тарбия муассасасига қуйидагилар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;

ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти- ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади

11. Суд ажрими вояга етмаганларни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш учун асос ҳисобланади.

Вояга етмаганларни ўқув-тарбия муассасасига қабул қилиш суд ажрими асосида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган йўлланмалар бўйича амалга оширилади.

12. Ўқув-тарбия муассасаларига йўлланадиган ҳар бир вояга етмаган бола учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси инспектори томонидан ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходими кўмагида шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади.

Вояга етмаганнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлади:

жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг вояга етмаганни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш ҳақидаги ажрими;

туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар (мавжуд бўлса);

ўқиш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;

яшаш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;

вояга етмаганнинг яшаш ва тарбияланиш шароитларини текшириш далолатномаси;

тегишли маълумотномалар билан бирга тиббий карта;

соғлиқни сақлаш муассасасининг вояга етмаган шахснинг соғлиғи ва уни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси.

13. Ўқув-тарбия муассасасига йўлланаётган етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларида юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар ҳам бўлиши лозим:

етим болалар ҳамда ота-она қаровисиз қолган болаларга нисбатан васийлик белгилаш ҳақидаги туман (шаҳар) ҳокими қарорининг нусхаси;

ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар (паспортлар ёки ота-онаси ўлганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, суд ҳукмлари ёки қарорлари, ота-онанинг узоқ вақтдан буён касаллиги тўғрисидаги маълумотнома ва ота-онаси йўқлигини ёки уларнинг ўз болаларини тарбиялашга имкони йўқлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар);

яқин қариндошларининг борлиги ва уларнинг яшаш жойлари тўғрисидаги маълумотнома;

вояга етмаганнинг ота-онасидан қолган мол-мулки (агар мол-мулк мавжуд бўлса) рўйхати, мол-мулкнинг жойлашган жойи, унинг сақланишини таъминлаш учун қандай чора-тадбирлар кўрилгани, унинг сақланиши учун жавобгар шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

турар жойнинг вояга етмаганга биркитиб қўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (ордер, уй дафтари, турар жой тархи, туман (шаҳар) «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан турар жойнинг эгаси ва турар жойни хусусийлаштириш факти тўғрисидаги маълумотнома);

пенсия олаётган вояга етмаганнинг пенсия дафтарчаси, суднинг бола фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги қарори нусхаси, жамғарма дафтарчаси.

14. Тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасига 18 ёшга тўлгунларига қадар бўлади.

Истисно ҳолларда бундай тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасига бўлиш муддати уларнинг 19 ёшга етгунларига қадар узайтирилиши мумкин.

Вояга етмаганлар ўқув-тарбия муассасасида то ахлоқан тузалгунларига қадар бўладилар, лекин бу муддат уч йилдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ўқув-тарбия муассасаси жойлашган ҳудуддаги туман (шаҳар) комиссияси тарбияланувчига кўрсатиб ўтилган муассасада уч йиллик муддат ўтгач жорий ўқув йилида тегишли синфини тугаллагунигача қолишга ҳам рухсат бериши мумкин.

15. Тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасида бундан кейин бўлишларининг мақсадга мувофиқ ё номувофиқлиги масаласи вақти-вақти билан, лекин йилига камида бир марта ушбу муассасалар жойлашган ҳудуддаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) комиссиялари томонидан мазкур комиссияларнинг ўз ташаббуси билан, ўқув-тарбия муассасаси маъмуриятининг тақдимномаси ёки вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки улар ўрнини босувчи шахслар илтимосига биноан кўриб чиқилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатда назарда тутилган, ўқув-тарбия муассасасида сақланиши, тарбияланиши ва таълим олишига тўсқинлик қиладиган жисмоний нуқсонлари ва касалликлари мавжуд вояга етмаганлар ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши мумкин эмас.

17. Тарбияланувчининг ўқув-тарбия муассасасида бўлиши таълим муассаси педагоглар кенгаши томонидан тасдиқланган қарор асосида мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг қарори билан тўхтатилади. Бу ҳақда тарбияланувчи муассасадан чиққунга қадар камида бир ой олдин унинг яшаш жойидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга хабар берилади, комиссия вояга етмаган шахсни ишга жойлаштириш ёки таълим муассасасига юбориш ва унга зарур моддий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўриши шарт.

18. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилганда у тарбияланиши ва таълим олиши даврида фойдаланган кийим-бош ва пойабзал комплекти бепул берилади.

Ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилаётган вақтда, якуний давлат аттестациясини мувоффақиятли топширган тарбияланувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлар (умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестат, касб малакаси дипломи) берилади.

Таълимни якунламаган тарбияланувчиларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.

19. Ўн саккиз ёшгача бўлган тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилаётган вақтда доимий яшаш жойларига ўқув-тарбия муассасаси ходимлари, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида юбориладилар.

IV. Ўқув-тарбия муассасаси фаолиятини ташкил этиш

20. Тарбияланувчиларни ўқув-тарбия муассасасида таъминлаш, тарбиялаш ва ўқитиш тартиби уларнинг индивидуал жиҳатлари, ёши, жинси, руҳий ва жисмоний ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ўқув-тарбия муассасасидаги маиший шарт-шароитлар тарбияланувчиларнинг реабилитация жараёнига кўмаклашиши, улардаги ҳиссий зўриқишни йўқотишга қаратилиши керак.

21. Ўқув-тарбия муассасасида таълим бериш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, умумий ўрта таълим ўқув режаси ва таълим дастурлари асосида олиб борилади.

Ўқув йилининг бошланиши, ўқув машғулотлари ва таътилларнинг муддатлари, шунингдек якуний давлат аттестацияси ва таълим тўғрисидаги ҳужжатларни бериш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

22. Ўқув-тарбия муассасасида ўқув машғулотлари қуйидаги шаклларда олиб борилади: ўқув дарслари, амалий ва лаборатория машғулотлари, факультатив ва консультациялар. Ўқув режа ва таълим дастурларида белгиланадиган мажбурий ўқув машғулотлари тарбияланувчиларнинг мустақил ишлари билан тўлдирилади.

Ўқув-тарбия муассасасида гуруҳлар ва синфларда ўқувчилар билан тўлдирилиш 15-20 нафар этиб белгиланади, истисно тариқасида тегишли молия органлари билан келишилган ҳолда ушбу муассасаларда ўқувчилар сонидан катъий назар синфлар очишга рухсат этилади.

23. Таълим жараёнини ташкил этишда ўқув-тарбия муассасаси соғлиқни сақлаш, маданият, спорт муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

24. Тарбия, таълим, меҳнат ва дам олишнинг асосланган ҳолда уйғунлаштирилишини таъминловчи кун тартиби тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасида бўлиш муддатлари давомийлигини ҳисобга олган ҳолда тузилади.

25. Тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасида бўлган давр мобайнида касбга ўргатиш бўйича амалий меҳнат машғулотлари ўтказилади.

26. Ўқув-тарбия муассасасида тарбияланувчиларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган турли тўгараклар, қизиқишлар бўйича клублар, секциялар (шу жумладан спорт секциялари), студиялар ташкил этилади.

27. Ёзги таътил даврида ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари учун оромгоҳлар ташкил қилиниши, шунингдек оммавий дам олишнинг бошқа турларидан фойдаланиши мумкин.

28. Ўқув-тарбия муассасасида психологик-тиббий-педагогик комиссия ташкил этилади, комиссиянинг фаолияти амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ташкил этилади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия ҳар олти ойда реабилитация жараёнидаги ўзгаришларни кўриб чиқади ва тарбияланувчи билан якка тартибда ишлаш режасига тузатишлар киритади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилинган педагогик кенгаш қарорига кўра ўқув-тарбия муассасаси маъмурияти ушбу муассаса жойлашган ҳудуддаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига қуйидаги масалалар бўйича тақдимотлар киритади:

тарбияланувчини бошқа ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатга ўтказиш;

тарбияланувчининг хулқ-атвори тузалгани сабабли мазкур таъсир кўрсатиш чораси қўлланилишини давом эттириш зарур бўлмаса ёки соғлиғининг ҳолати туфайли мазкур муассасада бўлиши мумкин бўлмаса, унинг бу ерда бўлишининг суд белгилаган муддат тугашидан аввал тўхтатиш;

тарбияланувчининг таълим олишини тугаллаш зарурати бўлган тақдирда унинг мазкур муассасада бўлиш муддатини узайтириш.

V. Ўқув-тарбия муассасасининг ўқув-тарбия жараёни қатнашчилари

29. Тарбияланувчилар ва педагог ходимлар ўқув-тарбия муассасасида таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.

30. Тарбияланувчилар давлат таълим стандартларига мувофиқ бепул умумий ўрта ҳамда касбий таълим олиш, малакали тиббий хизмат кўрсатилиши, интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган тўгараклар, клублар, секциялар ва студияларда қатнашиш ҳуқуқига эга.

31. Ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқлар билан таъминланади:

ота-онасини ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларни ўзининг кўрсатиб ўтилган муассасага олиб келинганлиги ёки жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан юқори органларга, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга, прокуратура органларига ёки судга шикоят қилиш;

инсон шаъни ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муомалада бўлиш;

чекланмаган миқдорда телефонда сўзлашувлар, бошқа алоқа воситалари орқали мулоқотлар ҳамда учрашувлар воситасида оиласи билан алоқада бўлиш, посилкалар, бандероллар, йўқловлар олиш, хат ва телеграммалар олиш ҳамда жўнатиш;

тасдиқланган нормалар бўйича бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиш.

32. Ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчиларининг таъминоти ва уларга таълим бериш давлат таъминоти асосида, қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчиларини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш меъёрлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

33. Тарбияланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш ўқув-тарбия муассасаси жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш муассасаси штатли тиббиёт ходимлари томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланади.

34. Тарбияланувчининг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этган тақдирда ўқув-тарбия муассасаси маъмурияти бу ҳақда унинг ота-онасини ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларни, улар бўлмаган ҳолатларда эса — тарбияланувчининг доимий яшаш жойидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга дарҳол хабар беради.

35. Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вафот этган ҳолатларда тарбияланувчи уларни дафн қилишда иштирок этиш, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар оғир касал бўлиб қолган ҳолатларда эса — улардан хабар олиш ҳуқуқига эга. Йўлкира харажатлари ўқув-тарбия муассасаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

36. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасида бўлган даврда муассаса маъмуриятининг қарорига кўра унга таътил берилиши мумкин.

37. Тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасаси уставига, шунингдек муассаса ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши шарт.

38. Тарбияланувчининг ўқув-тарбия муассасаси ҳудудидан ташқарига чиқиши муассаса раҳбариятининг ёзма рухсатномасига кўра фақат ўқув-тарбия муассасаси ходимлари ёхуд ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида амалга оширилади (35 ва 36-бандларда кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).

39. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасини ўзбошимчалик билан тарк этган тақдирда муассаса маъмурияти бу ҳақда тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги ва тарбияланувчининг яшаш жойидаги ёки турган жойидаги ички ишлар органларини хабардор қилади ҳамда ички ишлар органлари билан биргаликда уни топиш ва ўқув-тарбия муассасасига қайтариш чора-тадбирларини кўради.

40. Ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этган, муассаса устави ёки ички тартиб қоидаларини қўпол равишда ёки бир неча маротаба бузган тарбияланувчиларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

огоҳлантириш;

ҳайфсан эълон қилиш;

тарбияланувчилар мажлисида, ўқув-тарбия муассасаси педагогик кенгашида муҳокама қилиш;

дам олиш ва байрам кунларида, таътил вақтида ўқув-тарбия муассасаси ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;

ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга қоидабузарлик ҳақида хабар қилиш.

Тарбияланувчиларга нисбатан:

жисмоний ва руҳий таъсир кўрсатиш усулларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган таъсир чораларини қўллашга;

тарбияланувчиларни ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар билан алоқаларини чеклаш ёки тақиқлашга;

овқатланиш меъёрларини камайтиришга, тарбияланувчиларни сайр қилишдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди.

41. Таълим олишдаги ютуқлари, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари белгиланади:

ташаккурнома эълон қилиш;

фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға билан тақдирлаш;

илгари қўлланилган жазони бекор қилиш;

ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга намунали хулқ-атвори ва таълим олишдаги ютуқлари ҳақида хабар бериш;

таътил вақтида ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар ҳузурига юбориш;

ўқув-тарбия муассасаси ходимлари ёхуд ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида муассаса ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқини бериш.

42. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ўқув-тарбия муассасаси директори томонидан тегишли буйруқ чиқариш йўли билан қўлланилади.

43. Ўқув-тарбия муассасасини педагог ходимлар билан таъминлаш мазкур муассаса устави билан тартибга солинади.

Педагоглик ишига мутахассислиги бўйича малакавий тавсифнома талабларига мос келадиган зарур касбий ва педагогик малакага эга бўлган ва тегишли ҳужжатлар билан маълумоти тасдиқланган шахслар қабул қилинади.

44. Ўқув-тарбия муассасаси педагог ходимлари, муассасани бошқаришда унинг уставида белгиланадиган тартибда қатнашиш, ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

45. Педагог ходимларга қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:

тарбияланувчиларни давлат таълим стандартлари талаблари даражада ўқитиш ва юксак маънавий-ахлоқий даражада тарбиялаш;

ўз касбий малака ва кўникмаларини ҳамда педагоглик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

педагог ахлоқ-одобига риоя этиш, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

тарбияланувчиларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларни меҳнатга, ота-онага ҳурмат, атроф муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.

46. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳеч бир чекловсиз тарбияланувчилардан хабар олиш, ўқув-тарбия муассасасининг ўқув-тарбиявий фаолияти, болаларининг ижтимоий-педагогик реабилитацияси жараёни билан танишиш ҳуқуқига эга.

VI. Ихтисослаштирилган мактабни бошқариш

47. Ўқув-тарбия муассасасига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган директор бевосита раҳбарлик қилади.

48. Директор ўқув-тарбия муассасаси номидан фаолият кўрсатади, унинг манфаатларини ҳимоя қилади, мол-мулкини тасарруф этади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади.

49. Директор:

ўқув-тарбия муассасаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ўқув-тарбия муассасасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари ва ходимлари учун ижроси мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

педагог ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

50. Ўқув-тарбия муассасасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан фаолияти белгиланадиган педагогик, методик ҳамда кузатув кенгашлари тузилади ва фаолият кўрсатади.

VII. Ўқув-тарбия муассасасининг мулки ва молия-хўжалик фаолияти

51. ўқув-тарбия муассасаси фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

52. Ўқув-тарбия муассасаси тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.

53. Штатлар жадвали муассасанинг ўзига хос хусусиятлари ва спецификасини ҳисобга олган ҳолда, ўқув-тарбия муассасаларининг амалдаги штатларига татбиқан тасдиқланади.

54. Ўқув-тарбия муассасаси ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

55. Ўқув-тарбия муассасаси ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган молиявий ва статистик ҳисоботларни юритади.

56. Ўқув-тарбия муассасасининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.

VIII. Якунловчи қоидалар

57. Ўқув-тарбия муассасаси ўқув-тарбия фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқига эга.

58. Ўқув-тарбия муассасасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

59. Ўқув-тарбия муассасаси тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва унинг уставига мувофиқ фойдаланилади.

Ўқув-тарбия муассасаси тугатилган тақдирда тарбияланувчиларни бошқа таълим муассасаларига ўтказиш таъминланади.

Общие предложения

284