ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
3916 Министерство народного образования Республики Узбекистан 15/06/2019 30/06/2019 28

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Умумий ўрта таълим муассасаларида немис ва француз тилларини ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3916

Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар билан ҳар томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорлигининг янги босқичга кўтарилиши жараёнида  истиқболли ёшларни тайёрлаш, ёш авлодга хорижий тилларни, хусусан немис ва француз тилларини чуқур ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтиришга қодир бўлган авлодни тарбиялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида немис ва француз тилларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш, немис ва француз тиллари чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари деб аталади) тармоғини кенгайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда немис ва француз тилларининг чуқур ўрганилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг фаоллигини ошириш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иқтидорини ривожлантириш;

таълим жараёнига маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан юқори касб маҳоратига эга бўлган тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш орқали таълим сифатини ошириш;

ўқувчиларнинг иқтидори ва истеъдодини аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича миллий ва халқаро фан олимпиадалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларда муносиб қатнашишга тайёрлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб:

сўнгги 10 йил давомида немис ва француз тиллари ўрганилиши тўхтатилган ёки бошқа хорижий тилларга алмаштирилган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ота-оналар ва ўқувчиларнинг ҳохиш-истакларини инобатга олиб, немис ва француз тилларининг ўрганилишини қайтадан йўлга қўйиш;

ҳар бир ҳудудда биттадан немис ва француз тилини чуқур ўрганишга ихтисослаштирилган таянч умумтаълим муассасасини ташкил этиш чораларини кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

икки ой муддатда таянч ўқув режасига камида 15 фоиз ўзгартириш киритилган ҳолда немис ва француз тили фанларига  ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг ўқув режасини ишлаб чиқсин;

ихтисослаштирилган мактабларнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 5- ва 7-синфларга иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш мақсадида чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностикасини ўтказсин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида  2020–2021 ўқув йилидан бошлаб немис ва француз тили ўқитувчиларини хорижий мамлакатларга малака оширишга юбориш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагогларни жалб этишни ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб немис ва француз тили мутахассисларини тайёрлайдиган олий ўқув юртларида, айниқса  олис ва чекка ҳудудларда немис ва француз тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, қабул квоталари оширилишини таъминласин.    

6. Белгилаб қўйилсинки, 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб:

бошқа хорижий тиллар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларида немис ёки француз тили иккинчи тил сифатида жорий этилади;

ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитиш методикасини сингдириш мақсадида ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади;

ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 11-синф битирувчиларига халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда ўтказилган танловлар натижаларига кўра немис тилини хорижий тил сифатида билиш даражаси бўйича Германиянинг TestDAF (Test deutsch als fremdsprache) ва француз тилидан халқаро имтиҳон натижалари бўйича Франциянинг TestDELF (Diplome d’Études en Langue Française – Француз тилини ўрганганлиги тўғрисида) ва DALF (Diplome Approfondi de Langue Française – Француз тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) дипломларини бериш амалиёти жорий этилади;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб немис ва француз тилларини билиш Европа Иттифоқи талаби CEFR B2 даражаларига эга бўлган умумтаълим муассасалари битирувчилари белгиланган тартибда олий ўқув юртларига киришда чет тили фани бўйича тест синовларидан озод этилади;   

2020-2021 ўқув йилида давомида немис ва француз тиллари бўйича ўқитувчиларни истисно тариқасида бепул қайта тайёрлаш амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Германиянинг Клетт нашриёти томонидан ишлаб чиқилган немис тили дарсликлари мажмуасининг халқ таълими тизимида 2019 йилда тажриба-синовдан ўтказилганлигини инобатга олган ҳолда умумтаълим муассасаларига мазкур дарсликларни харид қилиш учун халқаро грантларни ҳамда чет эл сармоядорларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳасига ажратилган маблағлар доирасида ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари таъминоти учун зарур маблағларни ажратсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва вазифаларини кенг кўламда ёритиш  тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Общие предложения

1183