ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
3781 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 04/06/2019 19/06/2019 3

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламентини тасдиқлаш ҳақида
ID-3781

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламентини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 12 бобининг 76– 765 – моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Давлат солиқ қўмитаси раиси

                                   Б. Мусаев

 

 Тошкент ш.,

2019 йил “___” ________,

  __________ – сон

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил «___» __________ги
__________-сон қарорига
ИЛОВА

Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилари ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш

РЕГЛАМЕНТи

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчи ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

солиқ мониторинги – солиқ назоратининг инсофли солиқ тўловчиларига солиқ солишнинг жорий масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, давлат солиқ хизмати органлари ва инсофли солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашишни назарда тутувчи шакли;

солиқ назорати – солиқ тўловчиларни, солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олишнинг, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилишнинг ягона тизими;

давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикри – солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши масалалари юзасидан давлат солиқ хизмати органининг фикрини акс эттирувчи ҳужжат.

2. Солиқ мониторингининг предмети солиқ мониторингида иштирок этаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланишидан иборатдир.

Бунда солиқ мониторингида иштирок этувчи солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича бепул маслаҳат ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилади.

3. Солиқ мониторинги ўтган йил якунларига кўра, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра энг кам иш ҳақининг етмиш минг баравари миқдоридан ортиқни ташкил этган солиқ тўловчиларга нисбатан амалга оширилиши мумкин.

4. Солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги ариза шакли мазкур Регламент иловасига мувофиқ тасдиқланади.

5. Солиқ мониторинги солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги аризасига асосан мазкур Регламентга мувофиқ амалга оширилади.

6. Солиқ мониторинги солиқ тўловчиларнинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.

2-боб. Солиқ тўловчилар томонидан солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги аризани тақдим этиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби

7. Солиқ тўловчилар томонидан кейинги йилда солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги ариза солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмасдан ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда тақдим этилади.

Солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги аризасига солиқ мониторинги натижалари бўйича солиқ суммаларини тўғри аниқлаш мақсадида унинг ҳисоб-сиёсати ва ўзаро алоқадор шахслар тўғрисидаги маълумотлари ҳам илова қилиниши шарт.

Давлат солиқ хизмати органи мазкур аризани кўриб чиқиш натижаларига асосан солиқ мониторингини амалга ошириш ёки амалга оширишни рад этиш тўғрисида бир ой ичида қарор қабул қилади.

8. Солиқ мониторингини амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга қуйидагилар асос бўлади:

солиқ мониторингини амалга ошириш тўғрисидаги ариза Солиқ кодексининг 761-моддаси бешинчи қисмида белгиланган муддатдан кечиктириб тақдим этилганда;

солиқ мониторингини амалга ошириш тўғрисидаги ариза ушбу Регламент иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилмаганда;

солиқ мониторингини амалга ошириш тўғрисидаги аризага солиқ тўловчининг ҳисоб-сиёсати ва ўзаро алоқадор шахслар тўғрисидаги маълумотлари илова қилинмаганда;

товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушуми жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра энг кам иш ҳақининг етмиш минг бараваридан кам бўлганда.

9. Солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги аризаси давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

10. Солиқ мониторингини амалга ошириш ёки амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарор, у қабул қилинган кунда солиқ тўловчиларга ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.

11. Солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш учун аризаси қаноатлантирилган тақдирда, мониторинг ўтказишга масъул этиб белгиланган давлат солиқ хизмати органининг ходими қарор билан таништирилиши шарт.

12. Солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш учун аризалари бўйича давлат солиқ хизмати органи қарорлари алоҳида рақамланган ва муҳрланган журналда рўйхатга олиб борилади.

3-боб. Давлат солиқ хизмати органларига ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришларни тақдим этиш тартиби

13. Давлат солиқ хизмати органлари солиқ мониторингини амалга оширишда солиқ тўловчилардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Бунда давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчилардан солиқ мониторинги билан боғлиқ бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Талаб қилинган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар давлат солиқ хизмати органига солиқ тўловчилар томонидан ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

14. Солиқ мониторинги жараёнида талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар солиқ тўловчи томонидан тегишли талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этилиши керак.

15. Талаб қилиб олинадиган ҳужжатларни, маълумотларни ва тушунтиришларни талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ тўловчи томонидан бу ҳақда асосли сабабларини кўрсатган ҳолда, талабномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида давлат солиқ хизмати органини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиниши шарт.

16. Солиқ тўловчилар томонидан солиқ мониторингини юритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар давлат солиқ хизмати органларига қуйидаги усуллар орқали тақдим этилиши мумкин:

солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали;

электрон ҳужжат шаклида телекоммуникация каналлари орқали;

буюртма хат билан почта орқали;

давлат солиқ хизмати органига бевосита ташриф буюриш орқали.

4-боб. Давлат солиқ хизмати органининг мониторинг иштирокчисидан талаб қилиб олиши мумкин бўлган ҳужжатлар, маълумотлар

ва тушунтиришлар рўйхати

 

17. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари заруриятига қараб солиқ тўловчи ­ мониторинг иштирокчисидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ қуйидаги қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиши мумкин.

даромадлари ва харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

бухгалтерия ва аналитик ҳисоб маълумотлари;

солиқ  имтиёзларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

мониторинг натижалари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда шубҳали ҳолат деб эътироф этилган ҳолатларга тушунтиришлар.

 

5-боб. Давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчи тақдим этган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар билан танишиб чиқиш тартиби

18. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар билан танишиб чиқишда қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим:

солиқ тўловчининг солиқ ҳисоби, солиқ декларацияларини (ҳисоб-китоблари) бузиб кўрсатилиши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва (ёки) тўлиқ амалга ошириши;

солиқ имтиёзларини тўғри қўлланилиши.

6-боб. Тақдим этилган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришларни ўрганиш натижалари бўйича ўзаро ахборот алмашув тартиби

 

19. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар нотўғри ҳисобланганлиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланмаганлиги аниқланганда асослантирилган фикр давлат солиқ хизмати органининг ташаббуси билан тузилади.

Бунда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши борасида солиқ тўловчида шубҳалар мавжуд бўлганда, у солиқ мониторингини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органига мазкур масалалар юзасидан ўз фикрини баён этган ҳолда, асослантирилган фикрни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли.

20. Асослантирилган фикр сўров олинган кундан эътиборан бир ой ичида ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.

Солиқ тўловчи асослантирилган фикрни олган кундан эътиборан бир ой ичида давлат солиқ хизмати органини ушбу фикрга розилиги тўғрисида унинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, хабардор қилади.

Солиқ тўловчи асослантирилган фикрга рози бўлмаган тақдирда, ўз эътирозларини асослантирилган фикрни олган кундан эътиборан бир ой ичида давлат солиқ хизмати органига тақдим этади.

21. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг эътирозлари олинган кундан эътиборан уч кун ичида уларни биргаликда муҳокама қилиш жараёнини бошлаш ва ўзаро келишув тузиш учун юқори турувчи давлат солиқ хизмати органига юборади.

Ўзаро келишув жараёни асослантирилган фикрни тузган давлат солиқ хизмати органи ходимлари, солиқ тўловчи ва юқори турувчи давлат солиқ хизмати органи вакиллари иштирокида, эътирозлар олинган кундан эътиборан бир ой ичида амалга оширилади.

Ўзаро келишув натижалари бўйича тузилган хабарнома асослантирилган фикрни тузган давлат солиқ хизмати органи томонидан тузилган куннинг ўзида солиқ тўловчига ёзма шаклда, шу жумладан, электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.

22. Давлат солиқ хизмати органи ва солиқ тўловчининг ўзаро ахборот алмашинуви муносабатлари жараёни солиқ тўловчининг ихтиёрига кўра ёзма шаклда ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, шунингдек, интернет бўйича электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

7-боб. Якуний қоидалар

23. Давлат солиқ хизмати органига тақдим этилган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришларнинг тўғрилиги ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши учун солиқ тўловчи жавобгардир.

24. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

25. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

Савдо-саноат палатаси раиси                                                   А. Икрамов

 

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил «___» __________ ги

________-сон қарори билан тасдиқланган Регламентга

ИЛОВА  

         _____________________________ га

                         (Давлат солиқ хизмати органи номи)

Давлат солиқ хизмати органи коди

 

Солиқ тўловчи томонидан бериладиган солиқ мониторингида

иштирок этиш тўғрисидаги

А Р И З А

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-бобининг 761-765-моддаларига мувофиқ,

Сиздан ____ йил ____________ дан бошлаб ________________________________

____________________________________________________________________________.

(солиқ тўловчининг номи (мажбурий тўловларнинг айрим турларини - йиғимлар, суғурта бадалларини тўлайдиган солиқ тўловчи, солиқ агенти)

томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши бўйича ўтказиладиган солиқ мониторингида иштирок этишга рухсат беришингизни сўраймиз.

СТИР:

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Солиқ тўловчининг жойлашган жойи ________________________________________

                                                                                                  (манзил)

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 761-моддасида белгиланган шартларга мувофиқлигини тасдиқлайман, шу жумладан:

__________ йилда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажми ________________ сўм.

Иловалар:

ўзаро ахборот алмашинуви регламенти ____ варақда;

солиқ тўловчининг ички назорат тизимини тартибга солувчи ички ҳужжатлар____ варақда.

 

_____________________________________________________________________________ (солиқ тўловчи-юридик шахс раҳбарининг (вакилининг) Ф.И.Ш., лавозими

_____________________________________________________________________________.

(солиқ тўловчи-юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг

номи ва реквизитлари)

 

_________________     ________________

                 (имзо)                            (сана)

--------------------------------

 

 

 

Общие предложения

733