ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
3043 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 06/04/2019 21/04/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш тўғрисида
ID-3043

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 6 мартдаги ПҚ–4229-сон қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом  1-иловага мувофиқ;

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда:

ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан пуллик хизматлар кўрсатиш тарифларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда туристик фаолият субъектлари ҳамда фуқаролар ўртасида мазкур қарорнинг мақсади, моҳияти, амалий аҳамиятини тушунтириш борасида тадбирлар ташкиллаштирсин;

қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П. Бобожонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                               А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” мартдаги
____-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пуллик хизматлар

 кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни (кейинги ўринларда туристлар деб аталади) кузатиб бориш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Туристларни шартнома асосида кузатиб бориш хизмати (кейинги ўринларда кузатув хизмати деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, пиёда ва (ёки) махсус автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

3. Кузатув хизмати туристларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳамда улар транспорт воситаларида ҳаракатланишлари давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

4. Кузатув хизмати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тарифларга мувофиқ, тўлов асосида амалга оширилади.

2-боб. Кузатув хизматини кўрсатишга буюртма бериш
ва уни кўриб чиқиш тартиби

5. Кузатув хизматини кўрсатишга буюртма бериш тегишли ички ишлар органининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига (кейинги ўринларда ХТТБ деб аталади) жисмоний ёки юридик шахс (кейинги ўринларда буюртмачи деб аталади) томонидан оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

6. Мурожаатда буюртмачи тўғрисидаги маълумотлар, туристлар ва транспорт воситаларининг сони, уларни кузатиб бориш вақти ва маршрути кўрсатилиши лозим.

7. Мурожаат ХТТБ томонидан қабул қилинган куннинг ўзида кўриб чиқилади ва натижаси ҳақида буюртмачига оғзаки ёки ёзма равишда маълум қилинади.

8. Мурожаатни кўриб чиқишда:

туристларнинг шахсига оид маълумотлар;

туристик хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектининг мурожаати бўйича унинг бундай фаолиятни олиб бориши учун қонунчиликда назарда тутилган тегишли рухсатномаси мавжудлиги;

транспорт воситалари ва ҳайдовчиларининг ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлиги;

кузатиб бориш маршрути ва ташриф режалаштирилган ҳудудларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши;

кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларнинг мавжудлиги каби масалалар ўрганилади.

Мазкур банднинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар буюртмачи томонидан тақдим этилади.

9. Мурожаатни кўриб чиқиш натижасида кузатув хизматини кўрсатиш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланмаса, ХТТБ томонидан буюртмачи билан туристлар ёки туристик гуруҳларни кузатиб бориш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузилади.

Шартнома шартлари буюртма талабларидан келиб чиққан ҳолда, кузатув хизматини кўрсатишнинг ўрнатилган тарифлари асосида ҳамда қонунчилик талабларига мувофиқ белгиланади.

Кузатув хизмати учун тўлов суммасини ҳисоблашда махсус автотранспорт воситасида кузатиб бориш ва ХТТБга тегишли транспорт воситаларида туристларни ташиш масофаси, хизмат кўрсатиш учун зарур ходимлар сони, уларни жалб қилиш вақти ва бошқа харажатлар инобатга олинади.

Кузатув хизмати шартнома суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг амалга оширилади.

10. Қуйидаги ҳолларда кузатув хизматини кўрсатиш рад этилади:

мазкур Низомнинг 7-банди ҳамда 9-бандининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар буюртмачи томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;

буюртмачи томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланганда;

кузатув хизматини кўрсатиш маршрути ва ташриф режалаштирилган ҳудудлар хавфсизлик талабларига жавоб бермаганда;

кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларни жалб қилиш имкони бўлмаганда;

шартномада назарда тутилган тўлов буюртмачи томонидан тўлиқ амалга оширилмаганда.

11. Мурожаатни кўриб чиқиш якунига кўра, кузатув хизматини кўрсатиш рад этилганда, бу ҳақда сабаблари кўрсатган ҳолда буюртмачига ёзма равишда хабар берилади.

3-боб. Кузатув хизматини кўрсатиш тартиби

12. Кузатув хизматини кўрсатиш давомида ХТТБ ходимлари қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг меъёрий ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.

Кузатув хизматини ташкил этишда туристлар ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилинишига йўл қўйилмайди.

13. Кузатув хизматини кўрсатишдан олдин ХТТБ томонидан:

туристларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик талаблари ва умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя этишлари ҳамда хавфсизлик талаблари бўйича тушунтириш ўтказилади;

кузатуви амалга ошириладиган туристларнинг шахси ва сони шартномага мувофиқлиги текширилади;

кузатиб бориладиган транспорт воситасининг техник созлиги кўздан кечирилади, ҳайдовчида зарур ҳужжатлар мавжудлиги текширилади ҳамда у билан Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш ва кузатиб бориш маршрути бўйича тегишли йўриқнома ўтказилади.

14. Кузатув хизматини кўрсатиш давомида уни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ва бартараф этиш имкони бўлмаган фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) келиб чиққан тақдирда, хизмат кўрсатиш тўхтатилиши мумкин.

4-боб. Якунловчи қоидалар

15. Кузатув хизматини кўрсатиш якунида ХТТБ ва буюртмачи ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича далолатнома тузилади ва унинг асосида шартнома суммаси ўрнатилган тарифлар бўйича қайта ҳисобланиб, ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилади.

16. Кузатув хизматини кўрсатишдан тушган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказилади.

17. Шартномада назарда тутилмаган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонунчиликда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” мартдаги
____-сон қарорига

2-ИЛОВА

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пуллик хизматлар шартномавий-ҳуқуқий асосларда, ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида туристик фаолиятни ташкил этишга ваколатли шахслар (кейинги ўринларда ваколатли шахс деб аталади) билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

3. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тарифлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

2-боб. Моддий маданий мерос объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш тартиби

4. Моддий маданий мерос объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузиш масаласи ваколатли шахснинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига қилган мурожаати асосида кўриб чиқилади.

5. Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда ўрганиб чиқилади ва натижаси ҳақида мурожаат муаллифига ёзма равишда маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан қабул қилинган мурожаатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун тегишли ҳудудий ички ишлар органининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига (кейинги ўринларда ХТТБ деб аталади) юборилади.

6. Мурожаатни кўриб чиқиш давомида ваколатли шахс билан биргаликда моддий маданий мерос объектининг ҳудуди кўздан кечирилади ва бу ҳақда далолатнома тузилади.

Далолатномада объект ҳудудининг чегараси, объектда жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш учун талаб этиладиган ХТТБ ходимлари сони ва хизмат хоналари, хизмат олиб бориш тартиби, ҳудуди ва патруллик йўналишлари белгиланади.

Тузилган далолатнома асосида амалдаги қонунчиликка мувофиқ шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилади ва ваколатли шахс билан келишилади.

Моддий маданий мерос объектининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, далолатнома ва шартнома лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этишнинг алоҳида шартлари кўрсатилиши мумкин.

7. Шартнома тузиш ва унга мувофиқ ХТТБга қўшимча штат бирликлари ажратиш тўғрисида ҳудудий ички ишлар органи томонидан мурожаат келиб тушган кундан бошлаб беш кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тақдимномани келиб тушган кундан бошлаб беш кунлик муддатда кўриб чиқади ва қўшимча штат бирликлари ажратиш ёки ажратмаслик ҳақида қарор қабул қилади.

Қўшимча штат бирликлари ажратилган тақдирда ХТТБ ва ваколатли шахс ўртасида шартнома тузилади.

9. Шартномада белгиланган ХТТБ мажбуриятлари қўшимча штат бирликлари ажратилган ва жамлангандан сўнг бажарилади.

3-боб. Моддий маданий мерос объектларида
жамоат тартибини сақлаш хизматини ташкил этиш

10. Моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш хизмати ХТТБ нарядларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги меъёрий ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида ташкил этиш орқали амалга оширилади.

11. Жамоат тартибини сақлаш хизматини кўрсатиш давомида ХТТБ ходимлари қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг меъёрий ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.

12. Шартнома асосида хизмат олиб бораётган ХТТБ ходимларининг фаолиятини молиялаштириш ва уларни моддий-техник воситалар билан таъминлаш шартномалардан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

13. Моддий маданий мерос объектида ХТТБ ходимларининг хизмат олиб бориш тартиби, ҳудуди ва патруллик йўналишлари ХТТБ бошлиғи томонидан ваколатли шахс билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

14. Шартнома асосида жорий этилган штат бирликлари лавозимларига ХТТБ ходимлари учун қонунчиликда белгиланган кадрларни танлаш, жамлаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

15. ХТТБнинг шартномалар асосида киритилган штат бирликлари белгиланган тартибда қисқартирилиши мумкин.

 

 

4-боб. Якуний қоидалар

16. Шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказилади.

17. Шартномада назарда тутилмаган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонунчиликда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Общие предложения

624