ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
3018 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 04/04/2019 19/04/2019 14

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-3018

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 26 июндаги ПҚ–3802-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 

 

 

     А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил «___» ________
____-сон қарорига

илова

 

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш
тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарорига мувофиқ давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида солиқ тўловчиларда кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш (кейинги ўринларда тадбир деб юритилади) тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомнинг амал қилиши солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга эга бўлган, улардан доимий ёки вақтинчалик фойдаланаётган барча жисмоний шахслар, юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмаларига нисбатан татбиқ этилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

солиқ тўловчилар – Солиқ кодексига мувофиқ зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш (солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлари мавжуд бўлган) мажбурияти юклатилган жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалар;

солиқ тўловчининг вакиллари – қонунга ёки таъсис ҳужжатига мувофиқ солиқ тўловчининг вакили бўлишга ваколатли шахслар;

кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири – давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритиш учун солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш орқали амалга ошириладиган солиқ назорати шакли;

кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири иштирокчилари – давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари, солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари.

3. Тадбир давлат солиқ хизмати органлари томонидан аниқ график асосида барча солиқ тўловчиларда (туман, шаҳар, маҳалла, кўча кесимида) ҳар йили, лекин бир солиқ тўловчида йилига кўпи билан бир марта ўтказилади.

Тадбир ушбу Низомнинг  иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан солиқ тўловчилардан тадбир жараёнига алоқаси бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишга ёхуд уларнинг молия-хўжалик фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.

2-боб. Тадбир ўтказишни тайинлаш тартиби

4. Тадбир ўтказиш тўғрисидаги буйруқ давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари томонидан қабул қилинади.

Буйруқда, тадбир ўтказиладиган жой (шаҳар, туман, маҳалла, қишлоқ, даҳа, мавзе, кўча ва ҳ.к.) ва муддати, шунингдек, тадбирда иштирок этувчи давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

5. Давлат солиқ хизмати органлари тадбирда иштирок этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат идораларидан вакилларни жалб этиши мумкин.

Бунда, давлат аҳамиятига эга бўлган махфий объектларда тадбир ўтказиш учун тегишли органлардан рухсат олиниши лозим.

6. Тадбир самарадорлигини ошириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари тадбир ўтказиш тўғрисида олдиндан солиқ тўловчини хабардор этиши мумкин.

3-боб. Тадбир иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

7. Тадбир ўтказиш жараёнида солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

а) солиқ тўловчининг ҳуқуқлари:

давлат солиқ хизмати органининг солиқ тўловчида тадбир ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиш;

тадбир ўтказиш маълумотномаси билан танишиш ва натижаси бўйича маълумотлардан нусха олиш;

тадбир ўтказишни амалга ошираётган давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг мазкур низом доирасидан ташқари талабларини бажармаслик;

солиқ солиш объектини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш;

тадбир ўтказишни амалга ошираётган давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

тадбирга ўзининг вакилларини таклиф этиш.

б) солиқ тўловчининг мажбуриятлари:

давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан сўралган, тадбир ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжат ва маълумотларни тақдим этиш;

давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини солиқ тўловчида тадбир ўтказиш учун ўзига тегишли савдо ва ишлаб чиқариш объектларига, омборхоналарига, бошқа бино ва иншоотларга, шу жумладан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиққа тортиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларига киритиш;

давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг тадбир ўтказиш билан боғлиқ қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик.

Солиқ тўловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

8. Тадбир ўтказиш жараёнида давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

а) давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари:

тадбир ўтказиш жараёнида солиқ тўловчининг солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларининг барча ҳужжатларини кўздан кечириш ва зарур ҳолларда тегишли ҳужжатлардан нусхалар олиш;

солиқ тўловчига тегишли савдо ва ишлаб чиқариш объектларини, омборхоналарини, бошқа бино ва иншоотларни, шу жумладан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни, солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳамда уларнинг ҳужжатларини кўздан кечириш, зарур ҳолларда ушбу объектларни фото ва видео тасвирга олиш;

мутахассислар, экспертлар ва таржимонларни тадбир жараёнига жалб этиш ва улардан хулоса олиш;

тадбир ўтказилаётган солиқ тўловчининг ходимлари рўйхатини бевосита ходим билан сўров ўтказиш асосида шакллантириб, уларнинг сонига (ёлланма ходимларига) аниқлик киритиш;

тадбир ўтказилаётган объектда ижарада турган бошқа солиқ тўловчилар билан тузилган ижара шартномаларини кўздан кечириш ва нусха олиш;

тадбиркорларнинг амалдаги фаолият турларини давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фаолият турига мувофиқлигини кўздан кечириш;

назорат касса машинаси ҳамда тўлов терминали субъектнинг ўзига тегишли эканлигини ҳамда соз ҳолатдалигини кўздан кечириш;

солиқ тўловчида ўтказилган тадбир жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш хати бериш;

солиқ тўловчи томонидан тадбир ўтказишга тўсқинлик қилинганда ёки сўралган ҳужжатларни тақдим этиш рад этилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органида мавжуд маълумотлар асосида хулоса тайёрлаб, тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш ва маълумотларни Давлат солиқ қўмитасининг “хавфни таҳлил этиш” тизимига киритиш.

б) давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг мажбуриятлари:

солиқ тўловчини давлат солиқ хизмати органининг тадбир ўтказиш тайинланганлиги тўғрисидаги буйруғи билан таништириш ҳамда ўзининг хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;

ўтказилган тадбир натижалари билан солиқ тўловчини таништириш, маълумотнома расмийлаштириш ва нусхасини солиқ тўловчи ёки унинг вакилига топшириш;

солиқ тўловчи ва унинг фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик.

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

4-боб. Тадбирни ўтказиш тартиби

9. Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органининг тадбир ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан таништирилган вақтдан бошлаб, тадбир бошланган ҳисобланади.

10. Тадбир солиқ тўловчи ёки унинг вакили иштирокида солиқ тўловчининг фаолиятида белгиланган иш режимидан келиб чиқиб, ўтказилади.

11. Тадбир жараёни айнан бир солиқ тўловчида бир иш кунидан ошмаслиги лозим. Айрим ҳолларда, солиқ тўловчида кўздан кечириладиган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг ҳажмидан келиб чиқиб ёки солиқ тўловчининг бир нечта бўлинмалари ва объектлари мавжуд бўлганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан тадбир ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда тадбир уч иш кунигача давом эттирилиши мумкин.

12. Тадбир жараёнида холисларнинг иштироки талаб этилмайди.

5-боб. Тадбир жараёнида кўздан кечириладиган ҳужжатлар

13. Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари тадбир ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларни кўздан кечиради:

а) чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида:

давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ва фаолият турининг мувофиқлиги;

кўчмас мулкка ва ер участкаларига эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги кадастр ҳужжатлари ва ижара шартномалари;

табиий ресурслар, жумладан газ, сув ва электр тармоқлари корхоналари билан тузилган шартномалар;

назорат-касса машинасининг давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказиш карточкаси, сертификати, фискал ёки онлайн режимда ишлаши билан боғлиқ ҳужжатлар;

ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари;

якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома;

инкассация шартномаси (нақд пулни олиб бориб топшириш тўғрисидаги шартномаси) ва касса китоби билан боғлиқ ҳужжатлар;

тўлов терминалидан фойдаланиш бўйича тижорат банклари билан тузилган шартномалар;

алкоголь, нефть, дори-дармон ва ҳоказо маҳсулотлар сотиш бўйича рухсат гувоҳномалари;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга тегишли ҳужжатлар;

маркировкаланиши шарт бўлган товарларнинг маркировка қилинганлиги ва уни тасдиқловчи ҳужжатлар.

б) ишлаб чиқариш соҳасида:

давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

кўчмас мулкка ва ер участкаларига эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги кадастр ҳужжатлари ва ижара шартномалари;

табиий ресурслар, жумладан газ, сув ва электр тармоқлари корхоналари билан тузилган шартномалар;

ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари;

ишлаб чиқариш ускуналари (техник воситалар) ҳужжати;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича лицензия ва сертификатлар;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга тегишли ҳужжатлар.

в) бозорлар ва савдо комплексларида:

бозор ва савдо комплексини ташкил этилиши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши тўғрисидаги ҳужжатлар;

кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги кадастр ҳужжатлари, жумладан бозор ҳудуди ва унга туташ бўлган автомобилларни вақтинча сақлаш жойларининг кадастр ҳужжатлари;

ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари;

тижорат банкларининг автоматлаштирилган тўлов тизимини ўрнатилганлиги, назорат-касса машинаси ва тўлов терминали билан жиҳозланганлиги, автомобилларни вақтинча сақлаш жойларининг кириш-чиқиш қисмида турникет, видео камера ўрнатилганлиги;

акциядорлар ва уларнинг улушлари тўғрисидаги маълумотлар;

бозорларда ташкил этилган пуллик хизматлар турлари ва юкларни ташиш хизматини кўрсатувчи аравалар;

савдо ва хизмат кўрсатиш ўринлари;

бозорларда ўрнатилган тарозилар;

бозорларда ташкил этилган бошқа пуллик хизмат кўрсатиш шохобчалари;

бозор ва савдо комплексларидаги турғун шохобчаларнинг мулк эгалиги тўғрисидаги ҳужжатлари ҳамда тузилган ижара шартномалари;

бозорларда ташкил этилган савдо ўринлари ва пуллик хизматлар турлари учун (ҳоким қарори ва бошқа ҳужжатлар) белгиланган тўловлар ва бошқа тушум манбалари тўғрисидаги маълумотлар;

савдо ўринлари (раста, турғун шохобча) сони, шундан бўш турган савдо ўринлари ҳисобига бир кунда (бир ойда) йўқотилаётган тушумлар ҳисоби.

г) жисмоний шахсларнинг солиқ солиш билан боғлиқ объектларида:

кўчмас мулкка ва ер участкаларига эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ва кадастр ҳужжатлари;

кўчмас мулкни ижарага бериш тўғрисидаги ижара шартномалари;

объектда жойлашган савдо, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятларига тегишли ҳужжатлар;

объектда жойлашган омборхоналар ва музлаткичли омборхоналар ҳамда уларда сақланаётган маҳсулотларнинг кимга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

14. Тадбир ўтказиш жараёнида солиқ тўловчига тегишли объектларда фаолият юритаётган бошқа солиқ тўловчилар аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари ушбу солиқ тўловчиларнинг фаолияти ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларида мазкур низом талабларидан келиб чиқиб, тадбир ўтказади.

6-боб. Тадбир ўтказиш натижаларини расмийлаштириш тартиби

15. Тадбир натижаси бўйича давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан қоғоз ёки электрон шаклда маълумотнома расмийлаштирилади.

Бунда, электрон шаклда расмийлаштирилган маълумотнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетига (мавжуд бўлганда) юборилади. Маълумотнома электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилганда имзоланган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчининг шахсий кабинети амал қилиши тўхтатиб турилган бўлса, солиқ тўловчига ушбу ҳужжат уч иш куни ичида қоғоз кўринишида почта хизмати орқали жўнатилади ва юборилганидан эътиборан уч кун ўтгач, топширилган ҳисобланади.

16. Тадбир натижаси қоғоз шаклида расмийлаштирилган тақдирда икки нусхада кўздан кечириш маълумотномаси тузилади ҳамда маълумотномага тадбир ўтказиш жараёни билан боғлиқ ҳужжатлар ва фото лавҳалар илова қилинади. Маълумотнома тадбир иштирокчилари томонидан имзоланиб, бир нусхаси солиқ тўловчига ёки унинг вакилига қолдирилади.

Бунда, солиқ тўловчи маълумотномани имзолашдан ёки бир нусхасини қабул қилиб олишдан бош тортган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари бу ҳақида маълумотномада акс эттиради ва маълумотнома почта хизмати орқали солиқ тўловчига юборилади.

17. Тадбир жараёнида солиқ объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда солиқ тўловчи билан профилактик суҳбат ўтказилади ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан солиқ тўловчига расмий огоҳлантириш хати берилади.

Бундан, кўздан кечириш маълумотномасини олишдан бош тортган субъектларга огоҳлантириш хати, кўздан кечириш маълумотномаси билан бирга юборилади.

18. Тадбир натижалари давлат солиқ хизмати органларининг электрон ахборот тизимида акс эттирилади ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ камерал назорат ёки хронометраж кўздан кечириш ўтказишда фойдаланилади.

19. Тадбир натижасида аниқланган маълумотлардан солиқ тўловчининг солиқ ҳисоботларини камерал назоратдан ўтказиш орқали қўшимча солиқ  ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланилади.

20. Тадбир жараёнида солиқ тўловчи томонидан ер участкалари ва қурилиш объектларидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги ҳолатлари кузатилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари бу ҳақида тегишли ташкилотларни хабардор этишга ҳақли.

7-боб. Якунловчи қоидалар

21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан

боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш

тартиби тўғрисидаги низомига

ИЛОВА

 

Давлат солиқ хизмати органларида мавжуд солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида тадбир ўтказиш

С Х Е М А С И

Босқичлар

 

Масъул

Чора-тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

шахслари

Тадбир ўтказиш тўғрисидаги буйруқ давлат солиқ хизмати органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан қабул қилинади.

График асосида

2-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

шахслари

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари тадбирни бошлашдан олдин солиқ тўловчи ёки унинг вакилига:

ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатади;

давлат солиқ хизмати органининг тадбир ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан таништиради;

солиқ тўловчига тадбир ўтказиш мақсадини тушунтиради.

Тадбир ўтказиш учун объектга ташриф буюрганда

3-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

 шахслари

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахслари тадбир ўтказилаётган объектнинг фото тасвирларини олади ва (планшетда дислокация харитаси орқали) манзилини аниқлайди.

Тадбир ўтказиш жараёнида

4-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

шахслари

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахслари солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга тегишли ҳужжатларни кўздан кечиради.

Тадбир ўтказиш жараёнида

5-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

шахслари

Тадбир ўтказиш натижалари бўйича тақдим қилинган ҳужжатлар асосида қоғоз кўринишида ёки электрон шаклда маълумотнома расмийлаштирилади.

Электрон шаклда расмийлаштирилган кўздан кечириш маълумотномаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига (мавжуд бўлганда) юборилади.

Тадбир ўтказиш жараёнида

6-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

шахслари

Тадбир ўтказиш жараёнида солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар бўйича хато ва камчиликлар аниқланганда профилактик суҳбат ўтказилиб, солиқ тўловчига камчиликларни бартараф этиш юзасидан расмий огоҳлантириш хати берилади.

Тадбир якунида

7-босқич

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор

шахслари

Тадбир ўтказиш якуни билан расмийлаштирилган маълумотномада акс эттирилган ахборотлар Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида шакллантирилади ва қайта ишланади.

Тадбир якунида

8-босқич

Таҳлика-таҳлил ва камерал назорат бўлими

Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида қайта ишланган маълумотлар гуруҳларга ажратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун тегишли тузилмаларга юборилади.

Тадбир якунлангандан сўнг 1 иш куни давомида

 

Общие предложения

786