ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
2844 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 18/03/2019 02/04/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида
ID-2844

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси йиғилиши 3-сонли баёнининг 84-банди талабларидан келиб чиқиб, шунингдек иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, электрон тижоратнинг турли восита ва усулларини кенг жорий этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқлари ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
  2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳудудда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг етакчи университетлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, “Рақамли иқтисодиёт”, “Озиқ-овқат ва ресурслар иқтисодиёти”, “Агробизнес ва маркетинг”, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” шунингдек, вилоятда эҳтиёж юқори бўлган бошқа мутахассисликлар бўйича назарий-амалий кўникмаларни эгаллаган малакали иқтисодчи кадрларни тайёрлаш;

филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;

педагог кадрларни илмий салоҳияти, касбий ва малакавий билим даражасини узлуксиз ривожлантириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг педагогик маҳоратларини ривожлантиришда хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларидан кенг фойдаланиш;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларда истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурада ўқитиш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

вебинар таълим усулларини жорий этиш ва ривожлантириш;

масофавий таълим элементларини ўқув жараёнига жорий этиш.

3. Қуйидагилар:

Филиалининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Филиалининг Васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирига, зарур ҳолларда, Филиалнинг ташкилий тузилмасига олий таълим муассасаси учун белгиланган нормативларга мувофиқ ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Филиалга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрдаги ПФ-5544-сон Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га мувофиқ кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда қабул квоталарини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

5.Белгилансинки, Филиал Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил баланс ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисоб рақамларига эга бўлади.

6.Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Самарқанд шаҳри, Даҳбед кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган Самарқанд Банк коллежининг бино ва иншоотларини Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Самарқанд Банк коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

7. Самарқанд вилояти ҳокимлиги базавий олий таълим муассасаси ва хорижий ҳамкорлардан хизмат сафарига юбориладиган
профессор-ўқитувчиларга яшаш шароитини яратиш учун филиалга 2 та (иккита) арзон уйлардан хизмат квартираларини идоравий уй-жой сифатида ажратсин.

8. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

  давлат бюджети маблағлари;

  тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

  хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушумлар;

  жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

  халқаро грантлар;

  қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Белгилаб қўйилсинки, Филиалнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан:

Филиалнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва Филиални жорий таъминлаш билан боғлиқ харажатлар – Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бюджетдан ташқари, ўқитишнинг контракт шаклидан тушадиган маблағлари ҳисобидан;

Филиалнинг бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа
моддий-техника воситалари) билан боғлиқ харажатлар – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.  

10. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та  енгил ва 1 та махсус енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 – 2022 йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда тасдиқланган  лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Филиал бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳаларини ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мурожаатига асосан бир ой муддатда Филиални онлайн маъруза ва масофавий таълим билан таъминлаш мақсадида юқори тезликдаги Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига ўрнатилган тартибда улаш чораларини кўрсин.

13. Филиалнинг Васийлик кенгаши қуйидаги йўналишлар бўйича филиалнинг ривожланишига кўмаклашувчи жамоатчилик бошқарувининг олий органи этиб белгилансин:

Филиални моддий-техник базасини ривожлантириш ва унинг самарали фаолиятини таъминлаш учун молиявий ёрдам ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

мулкчилик туридан қатъий назар соҳавий корхона ва ташкилот объектларида талабаларнинг амалиётини ташкил этиш;

Филиал биноларини қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар сафарбар этилишини, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминлаш.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. Маджидов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

 

А. Арипов

Общие предложения

1173