ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
2798 Министерство культуры Республики Узбекистан 14/03/2019 29/03/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Республикадаги барча турдаги ахборот-кутубхона муассасаларида, шу жумладан, кўзи ожизлар кутубхоналарида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2798

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИ ҲУЗУРИДАГИ АХБОРОТ ВА ОММАВИЙ КОММУНИКАЦИЯЛАР АГЕНТЛИГИНИНГ

ҚАРОРИ

Республикадаги барча турдаги ахборот-кутубхона муассасаларида, шу жумладан, кўзи ожизлар кутубхоналарида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 739-сон қарори билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурининг 2-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қарор қилади:

1. Республикадаги барча турдаги ахборот-кутубхона муассасаларида,
шу жумладан, кўзи ожизлар кутубхоналарида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом” иловага мувофиқ тасдиқлансин
.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири

 

 

Б. Сайфуллаев

 

 

 

Тошкент ш.,

20__ йил “___” ________,

______-сон

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори

 





К. Алламжонов

 

 

 

Тошкент ш.,

20__ йил “___” ________,

______-сон

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг
2019 йил “___”
___________

 ___-сон қарорига
Илова

 

 

РЕСПУБЛИКАДАГИ БАРЧА ТУРДАГИ АХБОРОТ-КУТУБХОНА МУАССАСАЛАРИДА, ШУ ЖУМЛАДАН, КЎЗИ ОЖИЗЛАР КУТУБХОНАЛАРИДА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРГА АХБОРОТ-КУТУБХОНА ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
 

НИЗОМ

 

Ушбу низом республикадаги барча турдаги ахборот-кутубхона муассасаларида, шу жумладан, кўзи ожизлар кутубхоналарида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишда фойдаланувчиларни рўйхатга олиш, ахборот-кутубхона ресурсларига буюртма бериш, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат кўрсатишда кутубхонанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Кўзи ожизлар кутубхоналари (кейинги ўринларда кутубхона) аҳоли, хусусан кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларга улар ўртасида маданият, фан ва таълимни ривожлантириш манфаатлари асосида замонавий ахборот кутубхона хизматини кўрсатувчи ахборот-кутубхона муассасаси ҳисобланади.

2. Фойдаланувчиларга абонемент, ўқув заллари, компьютерлар зали, кутубхоналараро абонемент, уйга етказиш хизмати ва кўчма кутубхоналар орқали хизмат кўрсатилади.

3. Кутубхонага ташриф буюриш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига тегишли ҳужжатлар тақдим этилганда берилади.

4. Кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат-паспортининг нусхасини, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва вақтинча рўйхатда турувчи фуқароларга ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси тақдим этилганда берилади. 16 ёшга тўлмаган фуқароларга уларнинг ота-онаси паспорти ёки васийларининг қонуний вакиллигини тасдиқловчи ҳужжат асосида берилади.

5. Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тартибида кўзда тутилмаган бошқа масалалар директор ўринбосари ва Хизмат кўрсатиш бўлими мудири томонидан ҳал этилади.

 

2-боб. Фойдаланувчиларни рўйхатга олиш тартиби

 

6. Кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминловчи ҳужжат – фойдаланувчи формуляри хисобланади.

7. Фойдаланувчилар кутубхонага хар йили қайта аъзо қилинади.

8. Кутубхонага аъзо бўлиш учун фойдаланувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат - паспортни (нусхаси), вояга етмаган фойдаланувчилар эса туғилганлик ҳақида гувохнома ва ота-оналар ёки васийларнинг паспортини (нусхасини) тақдим этиши зарур.

9. Фойдаланувчи кутубхонага аъзо бўлиш жараёнида кафолат хати билан танишиб чиқиши зарур.

10. Кутубхонага аъзо бўлмаган фойдаланувчиларга хизмат кўрсатилмайди.

11. Кутубхонага аъзо қилиш бепул амалга оширилади.

 

3-боб. Ахборот-кутубхона ресурсларига буюртма бериш ва олиш тартиби

 

12. Кутубхона фойдаланувчиларга Брайль ёзувидаги адабиётлар, аудио ва видео ресурслар, босма харфли адабиётлар, вақтли матбуот нашрлари, электрон ресурслар ва бошқа манбалар орқали ахборот кутубхона хизматини кўрсатади.

13. Фойдаланувчилар фондларда мавжуд ахборот-кутубхона ресурслари ҳақида маълумотни мустақил равишда электрон ва анъанавий каталогдан ёки хизмат кўрсатиш бўлими мутахассислари орқали олишлари мумкин.

14. Фондлардаги нашрларга буюртма бериш учун фойдаланувчи буюртма бланкини ўрнатилган шаклда (муаллиф фамилияси, нашр номи, нашр йили, даврий нашрлар учун сони) тўлдириши зарур.

15. Буюртма бланки хир бир нашр тури ( Брайль, босма, аудио, даврий нашлар) ва номи учун алохида тўлдирилади ва бунда:

кўп томли нашрларни буюртма қилишда бир буюртма бланкида нашрнинг барча томлари кўрсатилиши мумкин;

вақтли матбуот нашрларини буюртма қилишда бир буюртма бланкида даврий нашрнинг 1 йилдан 3 йилгача бўлган тўпламларини буюртма қилиш мумкин.

16. Фойдаланувчилар очиқ фондларда мавжуд бўлмаган нашрларни буюртма қилишлари мумкин. Фойдаланувчи керакли ахборот-кутубхона ресурсларини умумий фондларга буюртма беришдан олдин уларни очиқ фондлардан ва ёрдамчи фондлардан бор-йўқлигини текшириб чиқиши зарур.

17. Фойдаланувчидан буюртмаларни қабул қилиш, уларга сўралган нашрларни бериш кутубхона иш вақтининг тугашидан 30 дақиқа олдин тўхтатилади.

18. Хар бир фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида 7 номгача бўлган ахборот-кутубхона ресурсига буюртма бериши мумкин.

19. Буюртманинг бажарилиш вақти 15-20 дақиқадан иборат.

20. Нашрлар ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларга ўртача 3-5 номда 30 кун муддат билан, қолган фойдаланувчиларга ўртача 2-3 номда 15 кун муддат билан уйда ўқиш учун берилади. Муддат тугагунга қадар фойдаланувчи томонидан нашрлар ўқиб бўлинмаса, у ҳолда фойдаланувчи хизмат кўрсатиш бўлими мутахассисини бу ҳақда огоҳлантириши (кутубхонага келиб ёки телефон орқали) ва китобни қайтариш муддатини 5 кунгача (икки маротаба) узайтириши мумкин.

21. Ўқув залларидаги нашрлар уйда фойдаланиш учун берилмайди. Брайль ёзувидаги вақтли матбуот нашрлари бундан мустасно.

22. Компьютер залларидаги техника воситаларидан фойдаланиш кутубхонада иш вақтининг тугашидан 30 дақиқа олдин тугатилади.

23. Ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларга бевосита ёки уларни кузатиб келган вакил орқали хизмат кўрсатилади.

24. Ногиронлиги бўлган фойдаланувчи нашрларга буюртма бериш, нашрларни қабул қилиб олиш жараёнларида кузатувчи вакил ёрдамидан фойдаланиши мумкин.

25. Кутубхонага келиш учун жисмоний имконияти чекланган, ёлғиз яшовчи, қўшимча ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларга китобларни уйга етказиш орқали хизмат кўрсатилади. Бу хизматдан фойдаланиш учун фойдаланувчи кутубхона директори номига ёзма ариза билан мурожаат этиши зарур. Уйга етказиш хизматида адабиётлар буюртмаси телефон алоқаси ёки электрон почта орқали амалга оширилиши мумкин.


 

4-боб. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

26. Кутубхонадан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

каталоглар, картотекалар тизими, маълумотлар баъзалари ва ахборот-кутубхона маълумот беришининг бошқа турлари орқали кутубхона фондларидаги ахборот-кутубхона ресурслари ҳақида тўлиқ маълумот олиш;

интернетнинг ахборот-ресурсаларидан фойдаланиш;

компьютер залларидан фойдаланиш;

щқув залларида ишлаш учун кутубхона фондларидан ахборот-кутубхона ресурсларини вақтинча олиш;

кутубхонага киришдан олдин рўйхатдан ўтказган холда ноутбук (нетбук)ни ғилофсиз олиб кириш;

кутубхонада фойдаланувчилар учун ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш;

зарурият бўлганда тиббий пунктда тез тиббий ёрдам олиш;

фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиладиган худуддан ташқарида мобил телефонда гаплашиш (вестюбел, буфет, зинапоялар майдончалари, лифт холли);

фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар бўйича таклифлар, мулохазалар, шикоятлар билан кутубхона рахбариятига мурожаат қилиш.

ногиронлиги бўлган фойдаланувчи махсус тайёргаликдан ўтган етакловчи ит ҳамрохлигида кутубхона биносига кириши мумкин. Бундай холларда етакловчи итнинг юз ва тумшуқ қисмларига махсус боғичлар (намордник) тақилиши зарур.

27. Кутубхона хизматлари фойдаланувчиларга шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларга қуйидаги ижтимоий тенглик тамойиллари асосида кўрсатилади:

фуқаро ва инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш;

кутубхона хизматларини фойдаланувчиннг индивидуал эхтиёжларига мўлжаллаш;

ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларга имтиёзли равишда ахборот олиш имкониятини яратиш.

28. Фойдаланувчи кутубхона хизматларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгилаб қўйилган қуйидаги ҳақ-ҳуқуқларга эга:

ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбурияти ҳамда кўрсатиладиган кутубхона хизматлари тури ҳақида ўз вақтида ва аниқ маълумот олишга эга. Сўралган маълумот кутубхона ходимлари томонидан тақдим этилади. 14 ёшга етмаган болаларга маълумотлар уларнинг қонуний вакилларига берилади.

Кутубхона хизматини кўрсатиш жараёнида кутубхоначига маълум бўлган фойдаланувчи ҳақидаги шахсий характердаги маълумотларнинг маҳфийлиги таъминланади. Бундай маълумотлар профессионал маҳфийликни касб этиб, уни тарқатиш таъқиқланади. Ушбу маҳфийликни ошкор этган кутубхона ходими Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

29. Кутубхонадан фойдаланувчилар қуйидагиларга мажбурдир:

кутубхонанинг иш режимига амал қилиш;

кутубхонадан рўйхатдан ўтишда сўровнома маълумотларини тўғри кўрсатиш ва маълумотлар ўзгарганда бу хақда кутубхонага ўз вақтида маълум қилиш;

кутубхонага олиб киришга рухсат берилган сумкалар, дафтарлар, китоблар ва бошқа ашёларни назорат- ўтказиш пуктида кўздан кечириш учун тақдим этиш;

уст кийимлар, сумкалар, ноутбук сумкаси, мусиқа асбоблари ғилофларини, соябонлар ва бошқа буюмларни гардеробга топшириш;

30. Буюртма қилинган нашрларни олиш жараёнида фойдаланувчи унинг бутлигини текширади. Бирор камчилик ёки нуқсон аниқланганда дарҳол кутубхоначига хабар берилиши зарур. Акс холда нашрдаги нуқсонлар учун жавобгарлик ундан охирги марта фойдаланган фойдаланувчи зиммасига юклатилади.

31. Фойдаланувчилар кутубхонадан олинган нашрларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари зарур, нашр варақларини буклаш, йиртиш, турли белгилар қўйишга йўл қўйилмайди. Фойдаланувчи ўзига берилган нашрларнинг бут сақланишига жавобгар хисобланади.

32. Адабиётни қайтариб олиш жараёнида ҳужжатга фойдаланувчи томонидан зарар етказилганлиги аниқланган холда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими мудири ва кутубхоначиси ҳамда китобларни сақлаш бўлими мудири иштирокида далолатнома тузилади.

33. Фойдаланувчилар томонидан шикастланган ёки йўқотилган ахборот-кутубхона ресурслари, худди шундай ахборот-кутубхона ресурлари, уларнинг нусхалари ёки қиймати ва мазмунига кўра ушбу кутубхона томонидан белгиланган бошқа ахборот-кутубхона ресурслари билан алмаштирилади (фойдаланувчи томонидан). Шикастланган ёки йўқотилган ресурслар бахолари қонун ҳужжатларига мувофиқ (Вазирлар Махкамасининг 18.01.2002 йилдаги 26 сонли қарори) аниқланади ва етказилган зарар фойдаланувчидан 5 баробардан 10 баробаргача ундирилади.

34. Фойдаланувчи зарарни кутубхона бухгалтерияси орқали қоплаши ёки тенг қийматли нашрлар билан алмаштириши мумкин. Ахборот-кутубхона ресурслари вояга етмаган фойдаланувчилар томонидан шикастланганда ота-оналар, фойдаланувчиларни назорат қилувчи васийлар ва хомийлар жавобгар хисобланадилар.

35. Кутубхона фойдаланувчиларига қуйидагилар таъқиқланади:

кутубхонага ёқимсиз ташқи кўринишда келиш;

кутубхонага маст ҳолда, гиёхванд, психотроп ва бошқа заҳарли моддалар таъсири остида келиш;

кутубхонага хайвонларни олиб келиш (кўзи ожиз фойдаланувчиларнинг етакловчи итлар билан келишлари бундан мустасно);

каталог карточкаларига белгилар қўйиш ва уларни каталог қутиларидан олиш;

бошқа фойдаланувчилар олган нашрлардан рухсатсиз фойдаланиш;

кутубхона худудида маъмурият рухсатисиз тадбирлар ташкил этиш;

кутубхонага озиқ-овқат махсулотларини олиб кириш ва ўқув залларида овқатланиш;

мобил телефонлари ва бошқа техник воситаларни кутубхонанинг электр тармоқларига улаш;

кутубхонанинг компьютер тармоғида тизимли операцияларни бажариш, дастурий воситаларни қайта ўрнатиш, техник воситаларни тармоқдан узиб қўйиш, бошқа фойдаланувчилар томонидан яратилган файлларни йўқ қилиш ва тахрир қилиш;

компьютер ўйинлари ўйнаш, фильмлар кўриш, аудио нашрларни, қўшиқларни қулоқчинсиз эшитиш;

кутубхона хоналарида эълонлар, афишалар ва бошқа материалларни ўзбошимчалик билан жойлаштириш;

жамоат тартибини бузиш;

кутубхонада чекиш, спиртли махсулотларни истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.

36. Кутубхона қоидаларини бузган фойдаланувчиларга кутубхона хизматларидан фойдаланиш икки хафтадан бир йилгача таъқиқланади.

37. Кутубхона мол-мулкига зарар етказган фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ зарарни қоплайдилар.

 

5-боб. Кутубхонанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

38. Кутубхона қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ушбу ҳужжатга белгиланган тартибда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;

ахборот-кутубхона фондлари хамда бошқа ахборот ресурсларидан фойдаланиш шартларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фойдаланувчи томонидан етказилган зарар турлари ва миқдорини аниқлаш ва уни ундириш;

ушбу тартибни бузган фойдаланувчиларнинг кутубхона хизматлари ва кутубхона ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини чеклаш муддатини (икки хафта, бир ой, уч ой, олти ой ва бир йил) ва жавобгарлик чораларини белгилаш;

фойдаланувчиларга кўрсатиладиган ахборот-кутубхона хизматларининг пуллик шаклларини жорий этиш ва унинг доирасини кенгайтириш.

39. Кутубхона ходимлари зарурат туғилганда ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларнинг кутубхона бўйлаб, хизмат кўрсатиш ҳудуди доирасида ҳаракатланишида ва кутубхона хизматларидан фойдаланишида уларга ёрдам кўрсатишади.

40. Гигиена ҳарактеридаги индивидуал хизматларни ногиронлиги бўлган фойдаланувчилар ўзлари мустақил равишда ёки кузатувчи вакил ёрдамида бажарадилар. Кутубхона ходимлари бундай хизмат турини кўрсатмайдилар.

41. Кутубхонага кузатув вакилисиз мурожаат қилган ақлий заифлиги мавжуд бўлган фойдаланувчига кутубхона хизмат кўрсатишдан бош тортишга хақли.

42. Ҳар ойнинг охирги иш куни тозалик куни ҳисобланади ва бу кунда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатилмайди.

43. Кутубхона ўз имкониятларидан келиб чиқиб, мустақил ҳолда, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш ҳудудларининг чегараларини аниқлаш ва кенгайтириш ҳуқуқига эга.

44. Кутубхона қуйидагиларга мажбурдир:

Ахборот-кутубхона сохасига доир Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва кутубхона Низомига мувофиқ ахборот-кутубхона ресурсларини шакллантириш ва уларни сақлаш хамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг кутубхона хизматларидан фойдаланишлари учун барча қулай шарт ва шароитларни яратиш;

фойдаланувчиларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш;

фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиш (Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган холлар бундан мустасно);

фойдаланувчиларни ушбу тартибга киритиладиган қўшимча ва ўзгаришлардан, кутубхона иш режимидаги ўзгаришлардан, кутубхона томонидан кўрсатиладиган хизматлар турларидан (пулли ва бепул хизматлардан) хабардор қилиш.

 

6-боб. Хизмат кўрсатиш тартибларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш

 

45. Кўзи ожизлар кутубхоналарида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тартибларига истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг талаб ва таклифлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар тавсиялари ҳамда халқаро стандартлар талаблари асосида тегишли қўшимчалар ва ўзгартиришлар ўрнатилган тартибда киритилиши мумкин.

 

7-Боб. Якуний қоидалар

 

Ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатадиган ахборот-кутубхона муассасаларини замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш меъёрлари бўйича келиб чиқадиган барча низо ва келишмовчиликлар томонларнинг ўзаро келишуви йўли билан амалдаги қонун ҳужжатлари ва ушбу низомга асосан ҳал қилинади. Низо ва келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконияти бўлмаган тақдирда тегишли равишда суд орқали ҳал қилинади.

Общие предложения

861